1. Боғловчисиз қўшма гаплар бўйича назарий маълумот.
2. Пайт муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар.
3. Қиёслаш муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар.
4. Изоҳлаш муносабатини ифодаловчи боғовчисиз қўшма гаплар.
Боғловчи воситаларсиз бириккан қўшма гапларга мавжуд адабиётларда бир хил таъриф берилади: икки ёки ундан ортиқ содда гапларнинг ўзаро грамматик боғловчилар ёрдамисиз бирикувидан тузилган қўшма гаплар боғловчисиз қўшма гаплар бўлади (Ўзбек тили грамматикаси, 1976, 300). Яна бундай гапларнинг табиати тўғрисида шундай дейилади: «... бундай содда гапларнинг структураси лексик, морфологик, синтактик параллеллик бўлади. Бу ҳол гапда эга ва кесимларнинг бир хил шаклда бўлишида, антоним эгаларнинг ва бир хил шаклдаги кесимларнинг келишида, антоним аниқловчилар ва бир хил бўлакларнинг такрорланишида кўринади» (Ўзбек тили грамматикаси, 1976, 300).
Шуни таъкидлаш лозимки, икки бош бўлакли қўшма гап сатҳида ёки бир бош бўлакли қўшма гап сатҳида бўлмасин, улар компонентларининг боғловчисиз ҳам ўзаро алоқада бўлиши боғловчиларнинг қўшма гаплардаги роли масаласини қайта кўриб чиқиш муаммосини келтириб чиқаради. Ҳақиқатан ҳам, қўшма гаплар боғловчисиз қўллана олиш имкониятига эга экан ва шундай ҳолатда ҳам мураккаб денотатив воқеаларни акс эттира олар экан, унда боғловчи ва боғловчи воситаларнинг қўшма гапдаги ўрни масаласида тайинли фикрлар билдириш лозимлиги маълум бўлади.
Қадимги туркий тилда ва эски ўзбек тилининг дастлабки тараққиётида қўшма гаплар, асосан, ҳеч қандай боғловчиларсиз ўзаро бириккан (Абдураҳмонов Ғ., 1974, 12). Бунга сабаб у пайтларда ҳали боғловчилар жуда кам бўлган. Бу ҳақда Ғ.Абдураҳмонов шундай ёзади: «Ҳали тенг ва тобе боғловчилар бўлмаган ёки жуда кам бўлган даврларга оид бўлган ўрхун ёзувлари ва XI аср ёдномаларида мураккаб фикр содда гапларни ёнма-ён келтириш ҳамда маълум интонация ва бошқа воситалар орқали ифодаланган» (Абдураҳмонов Ғ., 1974, 12). Боғловчисиз қўшма гапларнинг баъзилари ҳозирги замон боғланган қўшма гаплари учун, баъзилари ҳозирги замон эргаш гапли қўшма гаплари учун асос бўлади, айримлари эса, маълум ўзгаришлар билан ҳозир ҳам қўлланади (Абдураҳмонов Ғ., 1974, 12).
Демак, илк даврларда боғловчилар қўлланилмаган экан, шаклий воситаларсиз ҳам содда гаплар ўзаро боғланган экан, кейинги даврларда уларнинг қўшма гап таркибида келиши шаклий равонликни, турли модалликни ифодалаш учун, дейишга асос бор. Ғ.Абдураҳмонов тўғри таъкидлаганидек, боғловчисиз қўшма гапларни ташкил этган қисмлар орасидаги семантик муносабатлар қуйидаги йўллар билан ифодаланган:
1. Турли интонация; пауза;
2. Гап бўлаклари ва гапларнинг ўринлашиши;
3. Айрим гап бўлаклари (асосан, олмош ва феъл билан ифодаланувчи) нинг семантикаси;
4. Айрим гап бўлакларининг такрори. Бунда олмошларнинг роли каттадир (такрорланган бўлак гапларни семантик жиҳатдан боғлайди);
5. Қўшма гап қисмлари орасидаги семантик муносабатни конкретлаштириш учун айрим лексик элементлар (анда, ани, ул фурсатда, ул жиҳатдин) қўлланади (Абдураҳмонов Ғ., 1974, 13). Бу фикрлар боғловчилар воситасида боғланган қўшма гапларга ҳам тааллуқли эканини юқорида кўриб ўтган эдик. Бундай фикр-мулоҳазаларнинг туғилиши эса «Боғланган қўшма гаплар», «Боғловчисиз қўшма гаплар», «Бириктирув боғловчили қўшма гаплар» каби тушунчаларни, аввал айтганимиздек, қайта кўриб чиқиш лозимлигини яна бир бор тасдиқлайди. Чунки бу атамалар бу хил гапларнинг табиатини тўла очиб беролмайди. Шунинг учун уларни соддагина қилиб, А.Нурмонов таклиф қилганидек, «Тенгланишли қўшма гап», «Тобеланишли қўшма гап» деб аташ мақсадга мувофиқ (Нурмонов А., Маҳмудов Н., Аҳмедов А., Солихўжаева С., 1992, 21).
Қуйида боғловчисиз қўшма гапларнинг маъно муносабатига кўра турларини тавсиф қилишга ўтамиз.
Айни бир пайт муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар. Бундай қўшма гапларда денотатив воқеалар бир пайтда ёки кетма-кет содир бўлади. Мисолларга мурожаат қилайлик: Бу тЈрт деван авазасын рубъи мЎскµнгЎ йеткµрµб-мен, «Хамса» панжасыға панжа уруб-мен (МЛ 120). Мазкур мисолдаги денотатлар бирин-кетин содир бўлмоқда. Биринчи денотат (бу тЈрт деван авазасыны рубъи мЎскµнгЎ йеткµрµб-мен)нинг тугаши билан иккинчи денотат («Хамса» панжасыға панжа уруб-мен) содир бўлмоқда. Бу гаплар орасида мустаҳкам ички боғланиш мавжуд. Иккинчи денотатнинг юзага келиши биринчи денотатнинг бажарилиши билан боғлиқ. Гапларнинг позицион жойлашиши ҳам қатъий: биринчи денотатни иккинчи ўринга ўтказиб бўлмайди. Демак, семантик жиҳатдан иккинчи денотат биринчи денотатни ўзига тобелаштириб келмоқда. Биринчи денотат иккинчи денотатнинг бажарилиш пайтини билдирган. Юқорида таъкидланганидек, предикатлар оҳангдошлиги содда гапларнинг боғланишида муҳим восита бўлмоқда.
Яна бир мисол: Булбул билЎ Гул ва Шамъ билЎ Парвана арасыда муназара битибдур, анда кЈб диққат кЈргµзµбтµр (МН 18). Ушбу мисолда денотатлар ўзаро пайт муносабатидан ташқари, изоҳлаш муносабати орқали ҳам боғланган. Иккинчи денотат биринчи денотатни изоҳлаб ҳам келмоқда, яъни мисолда «Булбул билЎ Гул» ва «Шам билЎ Парвана» номли сермазмун, мукаммал асарлар ёзди деган тагбилим мавжуд. Денотатларнинг ўзаро семантик боғланишида баъзи лексик элементларнинг (мунозара – анда) ҳам муҳим аҳамияти бор. Биринчи денотат таркибидаги мунозара лексик элементи иккинчи денотат таркибидаги анда лексик элементи орқали ифодаланган. Уларнинг жойлашиш тартиби ҳам қатъий, ўзаро ўрин алмаштириб бўлмайди, чунки иккинчи денотатнинг юзага келишига биринчи денотат сабаб бўлмоқда.
Зидланиш муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар. Денотатлар ўзаро пайт муносабати билан бирга, зидланиш муносабати орқали ҳам боғланиши мумкин. Мисол: Ҳар кимгЎ ким, бир вафа кЈргµздµм, йуз бевафалығ кЈрмЎгµнчЎ қутулмадым (МҚ 85). Мисолдаги зидланиш икки хил шакл – ҳам лексик, ҳам морфологик шакл орқали ифодаланган. Биринчи денотатдаги бир вафо лексик элементи иккинчи денотатдаги юз бевафолиғ лексик элементи билан, предикатлар бўлишли-бўлишсизлик (кўргуздум – қутулмадим) муносабати билан оппозицияга киришган. Денотатларнинг жойлашиши ҳам қатъий, иккинчи денотатнинг бажарилиши биринчи денотатни тақозо этмоқда. Яна бир мисол: Бавужудким, Самарқандны¦ аълами уламасы эрди, шеър вЎ муаммаға дағы майыл эрди (МН 32).
Ҳар иккала гапнинг предикати шаклан от кесим орқали ифодаланган. Иккала денотатда ҳам субъектга хос бўлган хусусиятлар ифодаланмоқда, яъни биринчи денотатда субъектнинг мансаби ифодаланаётган бўлса, иккинчи денотатда субъект фаолияти изоҳланмоқда. Денотатларнинг жойлашиши эркин, уларнинг ўрнини алмаштириш мумкин. Уларнинг семантик боғланишида дағи лексик элементи муҳим роль ўйнамоқда. Дағи лексемаси иккинчи денотат билан биринчи денотатнинг семантик алоқасини таъмин этмоқда.
Дағи лексемаси «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «такроран, қайтадан, янгидан, яна, бундан ташқари, бунинг устига» каби маъноларни англатиши айтилади (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 1981, 482). Демак, дағи – яна фикрнинг ҳали тугалланмаганлигини, иккинчи денотат биринчи денотатнинг мантиқий давоми эканлигини англатган.
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, дағи лексемаси иштирок этган боғловчисиз қўшма гапларда мустаҳкам семантик боғланиш мавжуд бўлади.
Навоий асарларида равишдош шакли мустақил предикат бўлиб кела олган: Намус дастарын башыдын алыб, бир журъа учун майфуруш айағыга салыб (МҚ 35). Ушбу мисолда ҳам пайт мазмуни билан бир қаторда, сабаб-натижа мазмуни ҳам ифодаланган. Биринчи денотат (Намус дастарын башыдын алыб) сабаб воқеани, иккинчи денотат (Бир журъа учун майфуруш айағыға салыб) натижа воқеани ифодалаган. Мантиқан олиб қаралганда, ор-номус, ҳаёни унутган инсон ҳар қандай пасткашликларга, тубанликларга бориб етиши мумкин. Демак, бундай иллатларнинг сабабчиси номуссизлик. Денотатларнинг жойлашиш позицияси ҳам турғун, уларнинг ўрнини алмаштириб бўлмайди.
Қиёслаш муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар. Бундай қўшма гаплар таркибидаги денотатив воқеалар бир-бирига қиёсланади. Бу қиёсланиш орқали икки денотат ўртасидаги ўхшаш, фарқли томонларни кўрсатиш ёки қўшимча маъно ифодалашдир. Мисол: Тилаб бергЎнни ҳам сахадын йирақ бил, ибрам билЎ бергЎндин бермЎгЎнни йахшырақ бил (МҚ 112). Мисолдаги икки лексема (тилаб беришлик ва ибром била беришлик) семантикаси ўзаро қиёсланмоқда, яъни сўрагандан сўнг беришлик ҳам «ибром» (қистаб туриб олиш билан беришлик) ҳам сахийликдан йироқ бўлган нарсалар. Иккала тушунча ўзаро қиёсланган ҳолда инсон мана шундай хислатлардан йироқ бўлиши лозимлиги уқтирилади. Бировдан бирор нарса сўраб олинганда ёки қисташ орқали олинганда, турли норозилик, келишмовчилик келиб чиқади. Аввало, сўрагунча бировга бир нарса бермаслик, хасислик мардлар иши эмас. Демак, ушбу мисол асосида «Доно ҳеч қачон нодон саҳоватига муҳтож бўлмасин» деган тагтаълим мавжуд. Яна бир мисол: БиртЎ ЈтмЎкни икки бЈлµб йармини бир ачға бергЎнни сахий де, Јзи йемЎй барини муҳтажға бергЎнни ахий де (МҚ 162). Мазкур мисолда ҳам икки денотатив воқеа ўзаро қиёсланмоқда. Гапларнинг семантик боғланишида ярмини - барини, оч – муҳтожға, сахий – ахий лексемалари муҳим роль ўйнаган. Бир майизни икки бўлиб, ярмини оч қолган кишига берган инсон сахий, саҳоватли ҳисобланса, ўзи емасдан ҳаммасини муҳтож одамга берган янада сахийроқ, саҳоватли инсон экан. Асосий семантик муносабат ярмини беришлик – барини беришлик оппозицияси орқали реаллашган. Демак, мисолда ярмини беришлик лексик бирикмаси билан барини беришлик лексик бирикмаси ўзаро қиёсланмоқда.
Энди қуйидаги мисолни кўрайлик: Фасықдын ҳайа тилама, залимдын вафа тилама (МҚ 80). Ушбу гаплар фасиқ – золим, ҳайа – вафа лексемалари муносабати орқали боғланган. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Маълумки, фосиқ (ёлғон сўзлар айтувчи, фисқ-фасод гаплар қўзғовчи), золим (ўзгаларга зулм ўтказувчи) шахслар салбий характерли тоифага киритилади. Бу лексемалар ҳаё, вафо лексемалари билан семантик жиҳатдан боғлана олмайди. Чунки фосиқ одамдан шарм-ҳаё, уят, ибо, золим инсондан меҳр-вафо кутиб бўлмайди. Уларда бу каби хусусиятлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур гапларнинг предикати инкор шаклда ифодаланган.
Қуйидаги мисолда ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин: Тамеъдин кЎрЎм тилама, гададин дирЎм тилама (МҚ 70). Ушбу мисолда ҳам «Томеъ – таъма қилувчи - гадо» лексемалари ўзаро қиёсланмоқда. Томеъ – тамагирлар бировга озгина ёрдами, фойдаси тегса, бирор нарса талаб қиладилар, ҳар бир хатти-ҳаракатини пул, мол-дунё билан ўлчайдилар. Бундай шахслар савоб, одамийлик нуқтаи назаридан яхшилик, саҳоват қилиш керак, деган хаёлни қилмайдилар, шунинг учун улардан саховат кутиб бўлмайди. Гадо эса тиланчилик билан, бировларнинг садақаси эвазига ҳаёт кечиради. Садақа сўровчидан бирор нарса сўраб бўлмайди. Таъмагир шахслар қанчалик бой-бадавлат бўлмасин, инсонларга ёрдам кўрсатмас экан, улар гадодан ҳам баттароқдир. Лекин томеъ ва гадо лексемалари унчалик бир-бирига яқин тушунчалар эмас. Чунки томеъ лексемаси салбий тоифадаги кишиларга нисбатан қўлланади, гадо лексемасида эса салбийлик семаси йўқ. Демак, аввалги мисолда бир-бирига яқин тушунчалар (фосиқ – золим) муносабатга киришган бўлса, мазкур мисолда семантик жиҳатдан турлича лексемалар (томеъ - гадо) муносабати ифодаланган.
Қуйидаги мисол шу жиҳатдан характерлидир: Маҳаллыда айтур сЈзни асрама, айтмас сЈз тегрЎсигЎ йЈлЎмЎ (МҚ 83). Мазкур мисолда бир-бирига зид лексик бирикмалар (айтур сўз – айтмас сўз) ўзаро қиёсланмоқда. Демак, вақти келганда айтадиган сўзни айтиш керак, айтиш керак бўлмаган сўзни умуман айтмаслик лозим.
Изоҳлаш муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гаплар.Бундай қўшма гаплар ҳақида фикр юритар экан, Ғ.Абдураҳмонов шундай ёзади: Боғловчисиз қўшма гапларнинг айрим турларида қўшма гапларнинг таркибидаги бир қисмдан англашилган воқеа, ҳодиса иккинчи гапдан англашилган воқеа, ҳодисага боғлиқ бўлади, бир қисм иккинчисини ёки унинг таркибидаги айрим бўлакларни изоҳлаб, тўлдириб келади. Бундай боғловчисиз қўшма гапнинг таркибидаги қисмлар бир-бирига мазмунан боғлиқ бўлиб, ораларидаги мазмун муносабати яқин бўлади. Боғловчисиз қўшма гапларни ташкил этган қисмлар орасидаги мураккаб мазмун муносабати айниқса изоҳлаш муносабатида яққол кўринади (Абдураҳмонов Ғ., 1996, 143). Бу фикрлар жуда ўринли, албатта. Лекин мураккаб мазмун муносабати фақат бундай тип гапларда эмас, умуман, ҳар қандай қўшма гапларда ифодаланиши юқорида мисоллар асосида айтиб ўтилди.
Изоҳлаш муносабатини ифодаловчи боғловчисиз қўшма гапларда қуйидаги мазмун муносабатлари ифодаланган:
1. Шарт-натижа муносабати: Ҳар кимгЎки бир хизмат қылды¦ – он шиддатға муҳаййа турмақ керЎк (МҚ 49). Ушбу мисолда биринчи денотатив шарт воқеани ифодалаган, иккинчи денотатга семантик жиҳатдан тобе ҳисобланади. Бу гап –са шаклий воситали шарт эргаш гапли қўшма гапга синоним бўла олади. Ҳар кимгЎки бир хизмат қылды¦ – он шиддатға муҳаййа турмақ керЎк – ҳар кимгЎки бир хизмат қылса¦, он шиддатға муҳаййа турмақ керЎк. Худди шу ҳолат ҳам содда гапларни боғловчи шаклий воситалар иккиламчи эканлигини кўрсатади. Бундай гаплар ҳақида айтилган қуйидаги фикрлар ҳам мазкур мулоҳазамизни тасдиқлайди: «Биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қўшма гап таркибидаги содда гаплар бирикиш муносабатини; олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қўшма гап таркибидаги содда гаплар зидлов муносабатини ифодаловчи воқеа-ҳодисани билдирган. Шунинг учун олдинги тўртта қўшма гап таркибидаги содда гаплар орасига бириктирув боғловчисини, кейинги учта қўшма гап орасига зидлов боғловчисини қўйиб ишлатиш мумкин» (Асқарова М., Абдуллаев Й., Омилхонова М., 1997, 151). Эргашган қўшма гаплар хусусида ҳам шундай фикрлар айтилади: «Келтирилган мисолларнинг биринчи, учинчи ва бешинчисида сабаб мазмуни ифодалангани учун чунки, шунинг учун боғовчиларини қўллаб, сабаб эргаш гапли қўшма гап ҳосил қилиш мумкин. Иккинчи ва еттинчи гапда эса ўхшатиш мазмуни ифодаланганидан гўё ёрдамчисини қўллаб, ўхшатиш эргаш гапли қўшма гапни ҳосил қилиш мумкин» (Асқарова М., Абдуллаев Й., Омилхонова М., 1997, 172).
Демак, боғловчи воситаларини ишлатиб ҳам, олиб ташлаб ҳам боғловчисиз қўшма гапларни қўллаш мумкин экан, уларнинг гапдаги тутган ўрни унчалик муҳим эмас.
2. Сабаб-натижа муносабати: Тили¦ билЎ кЈ¦µлни бир тут, кЈ¦ли вЎ тили бир киши айтқан сЈзгЎ бут (МҚ 163). Ушбу мисолда биринчи денотат сабаб воқеани иккинчи денотат натижа воқеани ифодаламоқда. Гапларнинг ўзаро мазмуний боғланишини тил, кЈ¦µл, бир лексик элементлари таъминламоқда. Мазкур содда гаплар орасига ҳам чунки шаклий воситасини қўйиш мумкин.
3. Ўхшатиш муносабати: Нафсни тақва рийазаты билЎ зеридаст қылдылар – шайтанны залыллық билЎ йергЎ паст қылдылар (МҚ 81). Мисолда «Нафсни тақво риёзати била зеридаст қилишлик» «Шайтонни залиллиқ била ерга паст қилиш»га ўхшатилмоқда. Денотатлар таркибидаги лексик элементлар оппозицияси (нафсни – шайтонни, тақво риёзат била – залиллиқ била, зеридаст қилдилар – ерга паст қилдилар) зич мазмуний боғланишни таъминлаган.