04:38 / 04.11.2010 · Ўзбек тили
Фонетика

Тарихий фонетика ўзбек тили унли ва ундош товушларининг турли даврлардаги тараққиёти,ҳар бир тараққиёт даври учун хос бўлган фонетик система, айрим унли ва ундош товушларнинг шаклланиши ва тадрижий тараққиёти, асосий фонетик қонуниятлар, бўғин тузилишидаги тарихий ўзгаришлар каби қатор масалаларни ўрганади ва ўргатади.
Фонетик система тилнинг қурилиш бирликлари орасида ўзининг ўзгарувчанлиги билан лексикадан кейин иккинчи ўринда туради.Бунинг сабаби шундаки, тилнинг ички ривожланиш қонуниятлари, ташқи муҳит-қўшни тиллар, жамият ва фан-техниканинг ривожи, янги-янги сўзларнинг кириб келиши тилнинг фонетик қурилишига тез таъсир қилади.
Тилдаги ўзгаришлар бирданига – бир- икки йил орасида эмас, балки аста- секинлик билан узоқ давр давомида содир бўлади. Дастлаб онда- сонда учрайдиган ҳодисалар, фонетик вариантлар, ёнма- ён қўлланишлар аста-секин қонуниятга айланади. Шунинг учун ҳар бир даврдаги тил шу тилда сўзловчилар учун ўзгармасдай, барқарордай туюлади. Ваҳоланки, тилда тараққиёт ва ўзгариш жараёни ҳеч қачон тўхтамайди. Ўзбек тили эса бир неча тараққиёт даврини бошидан кечирди ва ҳар бир даврнинг ўзига хос қонуниятлари, фонетик системаси бор. Ҳар бир тараққиёт даври учун хос бўлган фонетик системани тиклаш, тасвирлаш каби масалалар ҳам ўзбек тилининг тарихий фонетикасида ўрганилади.
Ўзбек тилининг турли даврларида яратилган ёзма ёдгорликлар, илмий ва бадиий асарлар тарихий-фонетик тадқиқот учун энг асосий манба вазифасини ўтайди, чунки ҳар бир ёзма ёдгорликда шу ёдгорлик яратилган давр тили ўз аксини топади. Ҳар бир ёзма ёзма ёдгорликни атрофлича ўрганиш асосида шу ёдгорлик яратилган даврдаги ўзбек тилининг хусусиятлари, жумладан, фонетик қонуниятларини аниқлаш мумкин.
Ўзбек классик адабиётида шеърий жанрнинг кенг ривожланганлиги, қофияда ўзаро ўхшаш сўзларнинг ишлатилиши, шаклдошликка асосланиб ёзиладиган туюқ жанрининг мавжудлиги фонетик тадқиқотларга маълум даражада имкон беради.Турли тараққиёт даврларида ёзилган асарлар тилининг фонетик хусусиятларини қиёслаш асосида эса ўзбек тили фонетик системасининг тараққиёт йўлини аниқлаш мумкин. Лекин биз ўтмиш даврлар талаффузини бевосита кузатиш имкониятидан маҳруммиз.Ўз навбатида, ёзув ҳам талаффузни тўла-тўкис акс эттирмаган, шу сабабли тарихий фонетикани ўрганиш катта тўсиқларга учрайди. Таъкидлаш лозимки, ўзбек тили тарихий фонетикасини ўрганиш жараёнида ёзма ёдгорликлар орасида филологик-тилшунослик ва адабиётшунослик асарлари беқиёс аҳамиятга эга. Чунки бундай асарларда тадқиқотчи ўзи билган ва тасвирлаётган тилнинг фонетик хусусиятлари, у ёки бу сўзнинг талаффуз шаклини маълум даражада тасвирлаб беради. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит-турк», Абу Хайённинг «Китобул-идрок лил-лисонул-атрок», Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул-луғатайн», «Мезонул-авзон», Заҳириддин Бобурнинг «Мухтасар», Толеъ Хиравийнинг «Бадоеул-луғат», Мирза Маҳдийхоннинг «Мабониул-луғат» грамматикаси ва «Санглоҳ» луғати, Фатҳали Кожарийнинг «Луғати атрокия» каби асарларидаги ноёб фонетик маълумот ва изоҳлар ўзбек тили тарихий фонетикасини ўрганиш учун энг муҳим манбалар саналади.
Ёзма ёдгорликлардан ташқари, ўзбек тили тарихий фонетикасини ўрганиш учун ҳозирги ўзбек шевалари, ўзбек тилига қариндош бўлган бошқа туркий тиллар, айниқса, қўшни уйғур, қозоқ, қорақалпоқ, туркман тилларининг ҳодисалари ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбек тили фонетик системасидан чиқиб кетган қатор ҳодисалар (олд ва орқа қатор унлиларнинг фонологик фарқи, чўзиқ ва қисқа унлилар, уйғунлик (сингармонизм) ҳодисаси, товуш алмашинувлари) ўзбек шеваларида ҳамда бошқа туркий тилларда сақланган ва ривожланган. Ўзбек шевалари ва бошқа туркий тилларда сақланган қонуниятлар эса ўзбек тилининг тарихида амалда бўлган деб тахмин қилиш мумкин.
Ўзбек тили тарихий фонетикаси ва грамматикасини билиш она тили ва адабиёт мутахассислари учун катта назарий ва амалий  аҳамиятга эга, чунки тарихий фонетика ҳозирги ўзбек тилидаги қатор фонетик хусусиятлар ( сон- сана, тўла- тўлов каби товуш алмашинувлари), бир қўшимчанинг турли фонетик вариантларда учраши (чиққан, эккан, келган ва ҳ.к), стилистик мақсадда қўшимчаларнинг эскирган фонетик кўринишлари ишлатилиш  сабаби, фонетик ўзгаришлар заминида сўзларнинг янги маъно касб этиш имконияти (қуйи ва қудуқ, тизгин ва тийгин, қишлоқ ва қишлов ) ва бошқа шу каби ҳодисаларни тушунтириб беради.
Тарихий фонетика ҳозирги ўзбек шевалари хусусиятларини тўғри изоҳлаш ва диалектал хатоларни бартараф этишнинг қулай усулларини ишлаб чиқишда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Эски туркий тилни амалий равишда ўрганишни бошлаб берган ва асари бизгача етиб келган олим Маҳмуд ибн Ҳусайн Кошғарийдир. У ўзининг «Девону луғатит турк» асарида туркий адабий тилни тасвирлаш  билан чекланиб қолмай, ўзи яшаган даврдаги кўпгина шевалар ва улардаги талаффуз хусусиятлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот беради.
Шунингдек, туркий тилларни ўрганишга бағишлаб ёзилган Махмуд Замахшарийнинг «Муқаддиматул- адаб», Абу Хайённинг «Китобул-идрок лил- лисонул-атрок», Муҳаннанинг «Таржумон туркий ва мўғулий ва форсий» каби луғат ва грамматикаларда ҳам туркий тиллар фонетикасига оид қимматли маълумотлар бор.
XV асрдаги эски ўзбек тили унли товушларининг батфсил тавсифини, бу тилдаги унлилар, уларнинг фонетик кўринишлари ҳақидаги муҳим маълумотларни Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул- луғатайн» асаридан топамиз. Алишер Навоий ижодидан кейин эски ўзбек тилига қизиқиш кучаяди. XVI асрда Ҳусайн Бойқаро буйруғи билан Толеъ Ҳиравий томонидан, асосан, форсий тилда ёзилган «Бадоеул- луғат», Мирза Маҳдийхоннинг «Мабоинул- луғат» грамматикаси ва «Санглоҳ» луғати, Фатҳали Кожарийнинг «Луғати атрокия», усмонли турк тилида XV асрда ёзилган «Абушқа» луғати, Шайх Сулаймоннинг «Луғати чиғатоий ва туркий усмоний» асарларидаги эски ўзбек тили сўзларининг талаффуз хусусиятлари ҳақида берилган изоҳлардан ҳам ўзбек тили тарихий фонетикаси бўйича муҳим маълумотларни олиш мумкин.
Ўзбек тили тарихий фонетикасини ўрганишда рус ва ўзбек тилшуносларининг ҳам хизмати катта. В. В. Радловнинг эски ўзбек тили ёдгорликлари фонетикаси бўйича ишлари, К. К. Юдахиннинг «Чиғатой тилининг фонетик состави ҳақида материаллар», А. К. Боровковнинг «Алишер Навоий- эски ўзбек тилининг асосчиси», Толеъ Ҳиравийнинг Навоий асарларига луғати, А. М. Шчербакнинг «Навоий тили», «Эски ўзбек тили грамматикаси» каби асарларини қайд этиш лозим.
Ўзбек тилшуносларининг ўзбек тили тарихий фонетикаси билан қизиқишлари 60- йиллардан кейин кучайди. Профессорлар Ф. Абдуллаев, Ғ. Абдураҳмонов, А. Рустамов, Х. Дониёров эски ўзбек тили унли ва ундошлари системаси, айрим фонетик ҳодисалар бўйича қатор илмий ишларни нашр эттирдилар ва Алишер Навоий асарлари маълумотлари асосида эски ўзбек тили унлилари системаси устида тадқиқот ишлари олиб бордилар. Э. Умаров Толеъ Ҳиравий, Мирза Маҳдийхон ва Кожарий луғатлари асосида XV, XVII ва XIX асрларда ўзбек тили унлиларига оид муҳим кузатишларни умумлаштириб эълон қилди. Ғ. Абдураҳмонов ва А. Рустамовларнинг ўзбек тилида биринчи марта нашр этилган олий юртлари талабалари учун «Қадимги туркий тил» дарслигида туркий тиллар учун муштарак бўлган Ўрхун- Енисей ёдгорликларининг фонетик хусусиятлари атрофлича баён этилди.
Ўзбек халқи минг йилдан ортиқроқ давр мобайнида араб алифбоси асосидаги ёзувдан фойдаланиб келди. Ўзбек халқининг 1920 йилгача яратган тарихий, илмий ва бадиий ёзма ёдгорликлари, асосан , мана шу ёзувда етиб келган. Ёзув ва тил, айниқса, фонетика бир- бири билан алоқадор бўлганлиги сабабли эски ўбек ёзувидан хабарсиз бўлган шахс ўзбек тилининг тарихий фонетикасини ўзлаштириши мумкин эмас.
Туркий халқлар ўз тарихи мобайнида қўллаган бир неча ёзув- руний, қадимги уйғур, сўғд ва бошқа ёзувлар ичида кенг ва узоқ қўлланилгани араб алифбоси асосидаги ёзув бўлди. Маълумки, араб алифбоси кам унлили ва кўп ундошли семит тилларига мўлжалланган. Бу тилларда чўзиқ ва қисқалиги билан фарқланувчи учта унли фонема бор: а, и, у. Ёзувда , асосан, чўзиқ унлилар ифодаланади, қисқа унлилар ҳаракатлар: ост, уст белгилари билан берилади ва ёзувда ифодаланмайди. Таъкидлаш жоизки, туркий(ўзбек) матнларида қандай бўғин бўлишидан қатъи назар унли ҳарфларнинг ёзилиши араб, форс тилларига нисбатан турғунроқдир.
Айрим ундошлар учун икки хил т ва ҳ ,уч хил с, тўрт хил з белги бор. Шунингдек, араб тилига хос бўлган чуқур бўғиз портловчиси ва саёз бўғиз портловчисини ифодаловчи айн ва ҳамза ҳарфлари бор. Бундан ташқари, араб алифбосида туркий тилларда кенг тарқалган п, ч, г  ундошлари учун махсус ҳарфлар йўқ. Кейинчалик пе, чим, гоф ҳарфлари туркий тил алифбосига киритилган бўлса-да, улар жуда кам ишлатилган ва қўл ёзма асарларда деярли ёзилмаган.
Эски ўзбек тили ҳақида гапирганимизда, ундаги қатъий қоидани таъкидлаш жоиз: арабча ва форсча сўзлар манба тили ёзувида қандай ёзилса, туркий матнларда ҳам шундай ёзилган. Уларнинг тўғри ёзилишига жуда катта эътибор берилган,арабча сўзлар ёзилишини бузиш қўпол хато, маданиятсизлик ва саводсизлик ҳисобланган.

Савол ва топшириқлар:
1.    Тарихий фонетика нимани ўрганади?
2.    Тарихий фонетикани ўрганишда қандай манбаларга таянилади?
3.    Улуғ мутафаккирларимизнинг  филологияга оид қандай асарларини биласиз?
4.    Араб ёзувининг ўзига хос хусусиятларини сананг.

Таянч тушунчалар:

Тарихий фонетика- ўзбек тили фонетик тизимининг тараққиёт тарихини ўрганадиган ўзбек тили тарихий грамматикасининг бир бўлимидир.
Эски ўзбек ёуви- араб алифбоси асосидаги ўзбек ёзувининг номларидан бири.
Фонетик тизим (система)- ўзбек тили ва унинг тараққиёти давридаги унли ва ундошлар, фонетик қонуниятлар, урғу ҳамда интонация каби барча фонетик ҳодисаларнинг жамланмаси.