1. Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси тил тарихи фанларидан бири сифатида.
2. Ўзбек тили тарихий грамматикасининг манбалари.
3. Ўзбек тили тарихий грамматикасининг ўрганилиш тарихи.
Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси ўзбек тили тарихи фанининг бир тармоғидир. Маълумки, тил тарихи ўзбек тили фонетик системасининг, грамматик қурилиши ва лексикасининг тарихидир. Ўзбек тили тарихи ўзаро боғлиқ бўлган икки мустақил предметни ўз ичига олади. Бу предметлар – ўзбек тилининг тарихий грамматикаси ва адабий тил тарихидир. Бу икки предмет ички бир-бирига боғлиқ бўлишига қарамасдан, уларнинг ўрганиш усуллари, текшириш объектлари бир-биридан фарқ қилади. Тарихий грамматика тилнинг фонетик системаси тараққиётини, грамматик структурасининг ривожланишини ўрганади. Лекин тил ҳодисаларининг ижтимоий ҳодисалар билан бўлган муносабатини, услублар тараққиётини ва уларнинг турли кўринишларини, тилнинг нормаси каби масалалар унинг текшириш объектидан четда қолади. Буларни эса адабий тил тарихи текширади.
Тил тарихини ўрганиш ҳозирги замон ўзбек тилини тарихий тушуниш, яъни бу тил узоқ асрлар мобайнида давом этган мураккаб тарихий жараёнлар самараси эканини англаш имконини туғдиради. Ўзбек тили узоқ давр ва асрларнинг тарихий маҳсулидир. Ўзбек тили тарихда маълум бўлган бошқа тиллар каби узоқ тараққиёт босқичини бошидан кечирди. У жамият ва халқ тарихи билан узвий боғлиқ ҳолда уруғ тилидан қабила, қабила тилидан халқ ва халқ тилидан миллий тилга қараб тараққий этиб келди. Узоқ давом этган бу жараёнда ўтмиш асрлардаги тил ҳодисалари кейинги асрлардаги тил ҳодисаларидан фарқланиб қолди. Ҳар бир ўтмиш давр, тарихий ҳодисалар тилда ўз изларини сақлаб қолди. Натижада ҳозирги замон ўзбек тили унинг ўтмишидан узоқлашиб кетди. Ижтимоий-тарихий тараққиётнинг талабларига жавоб беролмаган тил ҳодисалари аста-секин умумтил алоқасидан чиқиб кетди. Уларнинг ўрнини замона талаби билан пайдо бўлиб келган янги ҳодисалар ишғол этди. Шунинг натижасида юқорида айтилганидек, ҳозирги ўзбек тили ўзининг ўтмишидан узоқлашиб қолди. Бу ҳодисаларни ёзув ёдгорликларида акс этилган ҳодисалар билан чоғиштирилганда кўриш мумкин.
Тарихдан маълумки, тилнинг структура элементлари узоқ ўтмиш давр ичида бир хилда ўзгариб келмади. Ижтимоий-тарихий тараққиёт даставвал тилнинг лексикасига ўз таъсирини ўтказади ва шунга кўра тилнинг бошқа таркибий қисмларига қараганда унинг луғат таркиби жуда ўзгарувчан қисмдир. Ҳақиқатан ҳам, ижтимоий тараққиётнинг йўналиши ва хусусиятларига қараб ўзбек тилининг луғат таркиби тез-тез ўзгариб, янгиланиб турди. Унинг таркибида замона ва тараққиёт талабларига жавоб беролмайдиган сўз ва иборалар чиқиб кетди. Уларнинг ўрнини янги луғат ва иборалар эгаллади. Қатор сўзлар эса актив луғатдан пассив луғатга айланиб кетди.
XII аср бошларида Хоразм давлатининг мавқеи кўтарилиб, бутун Мовароуннаҳрни ўз ичига олади. Бу ер фан ва маданият ўчоғига айланади. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида ҳам бу анъана давом этади. Бу даврда Хоразм Олтин Ўрда хонлигига кирар эди. Олтин Ўрдада XIII-XIV асрлар мобайнида адабий марказ вужудга келди. Бу ерда ёзилган асарлар тил жиҳатдан кўпроқ қипчоқ-ўғуз қабила тиллари хусусиятини ўзида ифодалайди. Ўғуз уруғлари сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этиб, улар Сирдарёнинг қуйи оқими ва Хоразмда жойлашган эди. Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си, Қутбнинг «Хисрав ва Ширин» асари, диний характердаги «Роҳатул- қулуб», «Нажҳул фародис», Алининг «Қиссаи Юсуф», асарлари Олтин Ўрда адабий тилини ташкил этади. Олтин Ўрда адабий тилига оид асарларнинг айримлари Мисрда ва Сурияда мамлюклар даврида яратилди.
Олтин Ўрда адабий тили Қорахонийлар давридаги адабий тил билан боғланган эди. Олтин Ўрда адабий тили шу тилнинг бевосита давоми эди. Бу тилларнинг фарқи Олтин Ўрда кўпроқ ўғуз, қисман қипчоқ уруғ тиллари хусусиятларининг бўлиши билан ўлчанади. Бу ерда ёзилган асарлар тил жиҳатдан кўпроқ қипчоқ-ўғуз уруғ тиллари хусусиятини ўзида ифодалайди. Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си, Қутбнинг «Хусрав ва Ширин» достони, диний характердаги «Роҳатул қулуб», «Нажҳул фародис», Алининг «Қиссаи Юсуф» асари, Тўхтамиш ва Темур Қутлуқ ёрлиқлари Олтин Ўрда адабий тилини ташкил этади.
XIV асрга келиб эски ўзбек адабий тили шакллана бошлади. Бунинг вужудга келишига сабаб фақатгина ички факторлар: ўзбек халқи шаклланиш жараёнининг кучайиши, Фарғона ва Мовароуннаҳр туркий аҳолиси бирлигининг яратилишигина эмас, балки Кошғарда ва Орол денгизигача бўлган ерни ишғол қилган Олтин Ўрда адабий тилларининг шаклланиши ҳам таъсир қилди. Бу эса, ўз навбатида, эски ўзбек адабий тилининг диалектал хусусиятларини кўпайтирар эди. Фарғона ва Мовароуннаҳрда адабий асарлар тилидан Хоразмда ёзилган адабий асарлар тили маълум диалектал фарқлар билан ажралиб туради. Эски ўзбек тилининг шакллана бошлаш даврида қабила ва уруғ тилларининг хусусиятлари адабий асарларда яққол кўринади. Мовароуннаҳр, Фарғона ва Хоразмда қарлуқ, уйғур-ўғуз ва қипчоқ диалект группаларининг хусусиятлари сақланиши билан, айни замонда, улар аралашиб кетган эдилар ҳам. «Муҳаббатнома» ва «Таашшуқнома»да ўғуз диалекти хусусияти ўз аксини топади. Демак, мавжуд диалект хусусиятларини ўз ичига қамраб олган умумий адабий тилни шакллантириш тенденцияси кучая боради ва шу тариқа ўзбек адабий тили вужудга келди.
XV-XVI асрларда Мовароуннаҳрда Дурбек, Саккокий, Лутфий ва Навоий каби буюк шоирлар етишиб чиқдики, улар яратган ёдгорликларда диалектал фарқлар йўқола бориб, ягона ўзбек адабий тили шаклланди.
Шуниси характерлики, Навоийгача бўлган шоирларнинг асарларида эски туркий тил анъаналари давом эттирилиши билан бирга, уларда жонли тил хусусиятлари кўпроқ ўрин эгаллайди.
XV асрнинг биринчи ярмида диний мазмундаги бир қанча прозаик асарлар ҳам яратилди. Булар «Сиражул қулуб»(1432 йил Йазд шаҳрида Мансур бахши томонидан тузилган), «Тазкираи авлиё»(1436 йилда Мансур бахши томонидан тузилган), «Меърожнома», «Бахтиёрнома» в.б. Бу асарлар содда ва жонли тилга яқиндир. Улар эски ўзбек тилининг ривожланишида катта роль ўйнади. Эски ўзбек адабий тили аввал қорахонийлар даврида, кейинроқ Олтин Ўрда ва Мовароуннаҳрда қўлланган адабий тилнинг давоми, унинг янги тараққиёт босқичи эди. Эски ўзбек адабий тили маҳаллий туркий ва қисман эрон уруғлари тилига қипчоқ ва ўғуз тилларининг таъсири ва аралашиши натижасида шаклланди. Эски ўзбек адабий тили бутун Ўрта Осиёга, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон, Қашқар, Ҳирот ва бошқа ерларгача ёйилади. Эски ўзбек адабий тили нормалари асосида ёзувчи шоир ва ёзувчилар XIX асрларгача ижод қилиб келдилар. Бу адабий тил анъаналари айниқса шеъриятда узоқ асрларгача давом этди.
Алишер Навоий асарларида эски ўзбек адабий тили ўз ривлжининг юқори нуқтасига кўтарилди. Алишер Навоий жуда катта адабий ва илмий мерос қолдирди. Унинг «Чор девон» ва «Хамса» номли поэтик асарлари, «Маҳбубул қулуб», «Хамсатул мутаҳаййирин», «Мажолисун нафоис», «Мезонул авзон», «Вақфия», «Муҳокаматул луғатайн», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» каби ўнлаб прозаик асарлари бизга маълум.
Алишер Навоийдан кейин яратилган прозаик асарлар ва баъзи достонларда эски ўзбек тилининг традицион нормаларидан узоқлашиш, халқ тилига яқинлаштириш тенденциясини кўрамиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари, Муҳаммд Солиҳнинг «Шайбонийнома», Мажлисийнинг «Қиссаи Сайфулмулк» достони, Абдулваҳобхўжа ўғли Пошшохожанинг «Гулзор» ва «Мифтоҳул адл» асарлари, Нишотийнинг «Ҳусну дил» достони, Гулханийнинг «Зарбулмасал» асари, Фазлийнинг «Мажмуатуш шуаро» асари шундай хусусиятга эгадир.
Туркий тиллар ва уларнинг тилини ўрганишга қизиқиш XI асрларданоқ бошланган. Маҳмуд Кошғарий ўзининг «Девону луғатит турк» асарида Ўрта Осиёдаги турли туркий уруғ-қабилалар тилини чуқур таҳлил қилади. Кейинги даврларда туркий тилларнинг луғатлари тузилади, баъзи луғатларда шу тилларнинг грамматик, фонетик, лексик таҳлили ҳам берилади. Замахшарийнинг «Муқаддиматул адаб»,Абу Ҳайённинг «Китабул идрак лиллисанул атрак», Жамолиддин Абу Муҳаммаднинг «Китаб булғатул муштароқи луғатит турк вал қифчақ», Толеъ Хиравийнинг «Бадоеул луғат», Мирза Маҳдийхоннинг «Санглоҳ» ва бошқа асарларда ана шундай таҳлиллар мавжуд. Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул луғатайн» асарида туркий тиллар грамматикасига оид қимматли фикрлар бор.
Россияда туркий халқлар ва уларнинг тиллари билан шуғулланиш Россия Фанлар Академияси ташкил этилган даврларданоқ бошланган. XIX аср бошларида Москва, Қозон, Петербург университетларида шарқ тиллари кафедралари ташкил этилди. Қадимги ёдномаларни нашр қилиш ва туркий тиллар тарихини ўрганишда рус олимларидан В.В.Радлов, П.М.Мелиоранский, С.Е.Малов, А.К.Боровков, А.М.Шчербак, Н.Ф.Катановларнинг хизмати каттадир.
Ўзбек тили тарихий грамматикасини тадқиқ этиш, бу фан бўйича дарслик, ўқув қўлланмалари яратишда Ғ.Абдураҳмонов, А.Рустамов, Ш.Шукуров, Ф.Абдуллаев, Э.Умаров, С. Аширбоев, Ҳ.Дадабоев, Б.Тўйчибоев ва бошқа кўплаб олимларнинг хизмати беқиёсдир. Улар томонидан эски ўзбек тили ёдномалари тилининг фонетик, морфологик ва синтактик хусусиятлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилди.Тил тарихи бўйича илмий тадқиқотлар то ҳозирги кунгача давом этмоқда.
Савол ва топшириқлар:
1. Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси фани нимани ўрганади?
2. Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси қайси фанлар билан яқин алоқада бўлади?
3. Ўзбек тили тарихига оид қандай асарларни биласиз?
Таянч тушунчалар:
Ўзбек тили тарихи- ўзбек тилининг туркий тиллардан ажралиб, мустақил тараққий этишини ёритадиган фан.
Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси- ўзбек тилининг фонетик, морфологик, синтактик ва лексик-семантик тизимини ўрганувчи ўзбек тили тарихининг узвий қисмидир.
Ўзбек тили тарихий грамматикасининг манбалари- тарихий грамматикада таҳлили қилиш, хулоса чиқариш учун асос бўладиган тил фактларини ташувчи ўзбек тилида яратилган ёзма ёдгорликлар.
Ўзбек адабий тили тарихи- ўзбек адабий тилининг тарихий тараққиётини, нормалари тарихини ўрганадиган ўзбек тили тарихининг узвий қисмидир.
Эски ўзбек адабий тили- XIV асрларда шакллана бошлаган ва XV асрда ривожланган ҳамда то XX асрнинг бошларигача қўлланган адабий тил номларидан биридир.