1. Бир бош бўлакли гаплар бўйича назарий маълумот.
2. Эски ўзбек тилида бир бош бўлакли гапларнинг қўлланилиши.
Бир бош бўлакли гаплар икки бош бўлакли гаплардан кўра нутқий тежамли синтактик тузилмадир. Бундай гаплар бирон ҳодиса ёки ўта аҳамиятли бўлган ахборот (ҳаракат, ҳолат, белги, предмет ва ҳодисалар)ни актуаллаштиради. Бу эса икки бош бўлакли гаплар сингари таркибий ва маъно хусусиятларни ифода қилишда тилда тенг хизмат қила олишини кўрсатади.
Туркий тилшуносликда ҳам бир бош бўлакли гаплар тил тараққиётининг барча даврларига хос бўлган синтактик ҳодисадир. Бунга туркий халқларнинг энг қадимги ёдгорлиги бўлган «Кул тигин» битигтошидан кўплаб мисол келтириш мумкин: «... илгЎрµ кµн тоғсиққа, биргЎрµ кµн ортусынғару, қурығару кµн батысы¦а, йырғару тун ортусынғару, анта ичрЎки будуны қоп м(анча кЎрµр, анч)а будун қон этдим». Бундай гаплар ёдгорликларда кўп учрайди.
Бир бош бўлакли гаплар туркий тилшуносликда анча мукаммал тадқиқ қилинган, лекин уларнинг ички таснифида ҳар хилликлар учрайди. В.Н.Хангельдин бир бош бўлакли гапларни эгали гап, эгасиз гап, инфинитив гап, предикативли гап, атов гап, сўз–гап каби турларга ажратса (Хангельдин В.Н., 1959), М.З.Закиев бир бош бўлакли гаплар бош бўлагининг қайси сўз туркуми билан ифодаланишига қараб феълли, отли ва сўз – гапларга ажратади (Закиев М.З., 1963, 39-52). И.Жакипов эса эгасиз гап, эгасиз шахсли гап, шахси ноаниқ эгасиз гап, шахси умумлашган эгасиз гап каби турларга ажратади (Жакыпов И, 1959, 246), лекин қозоқ тилшунослари бир бош бўлакли гаплар сирасида шахси аниқ гапни санаб ўтмайдилар ва шахси ноаниқ гап ҳамда шахссиз гапларнигина қайд қиладилар, шунингдек, атов гап, ундов гап типларини бир бош бўлакли гап сифатида қарамайдилар (Қаранг: Қозоқ тилининг грамматикаси, 1967, 126).
Ўзбек тилшунослигида ҳам Ғ.Абдураҳмонов, А.Ғуломов, Асқарова М, А.Сафоев, А.Х.Сулаймонов, С.Усмонов, Э.Шодмонов, Б.Ўринбоев, Х.Ғофуров, И.Расуловларнинг тадқиқотларида бир бош бўлакли гаплар ва уларнинг назарий асослари ёритиб берилган. Айниқса, И.Расулов бир бош бўлакли гапларни шаклий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиб берган.
Эски ўзбек тилида ҳам бир бош бўлакли гапларнинг қуйидаги турлари қўлланган:
Шахси аниқ гаплар. Маълумки, шахси аниқ гапларнинг кесими орқали унинг грамматик эгасини тиклаш мумкин. Кесим орқали эганинг қайси шахс ва сонда эканлиги аниқ кўринади. Баъзи адабиётларда бундай гаплар кесим орқали эга англашилиб турганлиги учун икки составли гапларга, баъзи адабиётларда эса тўлиқсиз гапларга ҳам киритилади. Лекин аксарият адабиётларда шахси аниқ гаплар сифатида эътироф этилади. Ғ.Абдураҳмонов ҳам бу тип гапларни бир бош бўлакли гапларнинг бир тури сифатида қарамайди (Абдураҳмонов Ғ., 1996).
Аксарият адабиётларда шахси аниқ гапларнинг кесими биринчи ва иккинчи шахс шаклида бўлади, учинчи шахс шаклидаги кесимлар эса шахси номаълум гапларга хос дейилади. А.Ғуломов шундай ёзади: «шахси аниқ бир составли гап учун кесимнинг биринчи ва иккинчи шахс формасида келиши кўп учрайди» (Ғуломов А., Асқарова М., 1987, 135).
Маълумки, биринчи, иккинчи ва учинчи шахс олмошлари ўз маъноси билан бир-биридан фарқ қилади. Биринчи ва иккинчи шахс олмошлари инсонни кўзда тутади, учинчи шахс олмоши эса конкрет учинчи шахсдан ташқари, ҳар қандай шахс ёки предметни ифода қилиши маълум. Шундай экан, учинчи шахс олмоши конкрет шахсни ифодалаганда, биринчи, иккинчи шахс олмошлари билан умумийликка эга бўлади. Бу вазифада у олмоши мен, сен олмошлари сирасида қаралиши лозим. Шу маънода у олмошининг гапда қўлланмаслиги мен, сен олмошларининг қўлланмаслиги каби синтактик норма бўлади. Шунинг учун бу тип гаплар эски ўзбек тилида:
I шахсда ҳам: Икки кµндин со¦ра йана алар хизматыға йеттим (Навоий, ҲМ 57). Ул ҳазрат қашыда астағына оқудум (Навоий, ҲМ 18). Барур кишидин ул ғазалға татаббуъ қылыб, нāма йибЎриб эрдим (Навоий, ҲМ 32).
II шахсда ҳам: Хабар болғунча салāматлығ билЎ азимат қылыб эрмиш-сиз (Навоий, МШ 114). Аҳбāб, йигитликни ғанимат туту¦уз (Навоий, МҚ 81).
III шахсда ҳам: Ва султāни саҳибқирāн астāнасыда болур эрди (Навоий, МН 26). ҲҲЎжжи мубāрак сафарыға барыб, сайр расми билЎ Ҳинд сары мутаважжиҳ болды (Навоий, МН 12) кенг қўлланган.
Шахси номаълум гаплар. Бундай гапларнинг кесими учинчи шахс кўпликда ифодаланади. Бу жиҳатдан улар кўплик шаклидаги шахси аниқ гаплар билан синонимияни ҳосил қилади. Мисоллар: Ва пāдшāҳāна жашн тµзµб, азим ашлар бериб, хатм қāидасын бажā келтµрдилЎр (Навоий, ҲПМ 87). Йана бир қатла ушбу навъ мадрасада ҳам бу қитъани айтыб эрдилЎр (КМ 21). Бу гап шахси аниқ гап, чунки матнда аниқ шахс (Паҳлавон Маҳмуд) ҳақида сўз кетмоқда. Шунга қарамай, шакл ва мазмун жиҳатдан шахси аниқ гаплар билан айнан хусусиятга эга бўлган шахси номаълум гаплар учрайди: Бу жиҳаттин аны Зул-Актāф дедилЎр (ТМА 214). Ғāйат йумшағ сЈзлигидин аны Йаздижурди Нарм дедилЎр (ТМА 221).
Шахси номаълум гапларнинг кесими феълнинг –р(-ар,-Ўр,-ур,-µр) қўшимчали сифатдош шаклидан ҳосил қилинган ва аксарият гапларда кесим вазифасида дерлЎр, айтурлар феъллари қатнашган: Ва қымызны вЎ сµзмЎни вЎ бозаны туркчЎ айтурлар (МЛ 16). ВЎ кЈкЎлтЎшни туркчЎ тил билЎ дерлЎр (МЛ 15).
Шахси умумлашган гаплар. Бундай гаплар мазмунан ҳар учала шахсга тааллуқли бўлиши барча адабиётларда айтилади. Бундай гаплар иккинчи шахс бирликда қўлланилиши билан характерланади: МувЎшшиҳ хабарны чиндур деб достға йеткµрмЎ вЎ биравны¦ айбы вақеъ болса, йµзигЎ (Навоий, МҚ). Қыла алғанча таъзим вЎ адаб бинасын йықма, вЎ ҳурмат хилватыдын чықма (Навоий,МҚ).
Шахссиз гаплар. Бундай гапларда ифодаланган иш-ҳаракат ёки бирор ҳолат бажарувчининг фаол иштирокисиз юзага чиқади. Бундай гапларда эга грамматик жиҳатдан ифодаланмайди; шахси номаълум ёки шахси умумлашган гаплардан фарқланган ҳолда бундай гапларнинг эгаларини тиклаб ҳам бўлмайди. Бундай гапларнинг кесимлари мажҳул феъллар, мажҳул феъл маъносида қўлланган аниқ феъллар воситасида ифодаланади (Абдураҳмонов Ғ., кўрсатилган асар, 24-бет). Мисоллар: ВЎ шавқ йµзидин баштын қадам қылыб, Каъбаи мақсуд азмыға қадам урулды (МШ 97). Барча салāҳийатын ушбу муаммāсыдын иҳсāс қылса болур (МН 95).
Шахссиз гапларнинг кесими –мақ/-мЎк формали ҳаракат номи билан ҳам ифодаланиши мумкин: Ул кишини қутлуқ эвдин ташқары сµрмЎк керЎк (МҚ).
Атов гаплар. Эски ўзбек тилида атов гапларнинг қўлланиш доираси чекланган. Улар, асосан, бадиий ва дидактик асарлар тилида қўлланиб, асар сарлавҳаларини ташкил этган: Муҳаммад ХоҐа бег сифаты (Муҳаббатнома). Ҳикāйат. Шэър.(ҚР).
Ҳозирги ўзбек тилида атов гапларнинг турли типлари келиб чиқди ва қўлланиш доираси кенгайди.
Савол ва топшириқлар:
1. Шахси аниқ гапларни мисоллар асосида тушунтириб беринг.
2. Шахси аниқ гаплар билан шахси номаълум гапларнинг қандай фарқли томонлари бор?
3. Шахссиз гапларга хос бўлган хусусиятлар нима?