1. Эски ўзбек тилида унлилар тизими.
2. Эски ўзбек тилида унлилар чўзиқлиги.
3. Ундошлар тизими.
4. Товушлар уйғунлиги.
Эски ўзбек тилидаги, умуман, ўзбек тили тарихида қўлланган унлиларнинг миқдорини белгилаш масаласи мунозаралидир. Тадқиқотчиларнинг унлиларни аниқлаш борасида турли тамойилларни- унлиларнинг олд қатор-орқа қатор, чўзиқ-қисқалик хусусиятларини асос қилиб олиши натижасида уларнинг миқдорини айни бир хил белгилаш учун қийинчилик туғдириб келди. Тил тарихига оид илмий ишларда эски ўзбек тилида 6та, 8та, 9та унлининг мавжуд бўлганлиги ҳақида фикрлар учрайди.
Эски ўзбек тилидаги туркий сўзларда сингармонизм қонунининг амал қилиши, ҳозирги ўзбек шеваларида контраст жуфт унлиларнинг сақланиб қолиши эски ўзбек тилида 9та унли, арабча, форсча сўзлардаги ā унлисининг эски ўзбек тилидаги ўрни қатъийлигини ҳисобга олганда 10та унли мавжуд бўлган деган хулосага келиш мумкин.
Шундай қилиб,эски ўзбек тилида 10та унли фонема бўлиб, улар қуйидагилар: а,Ў,о,Ј,у,µ,и,ы,э,ā.
Унлилар характеристикаси:
а- умумтуркий, орқа қатор, қуйи-кенг, лабланмаган. Манбаларда алиф билан берилади, айрим қисқа бўғинларда ҳарфий ифодага эга бўлмайди.
ā- араб, форс тилидан ўзлашган сўзларда қўлланади, орқа қатор, қуйи-кенг, лабланган. Ёзувда ҳар доим ҳарфий ифодага эга ва алиф билан берилган.
Ў- аксарият туркий тилларда мавжуд, олд қатор, қуйи-кенг, лабланмаган. Манбаларда алиф билан берилади, қисқа бўғинларда алиф ифодаланмаслиги ҳам мумкин.
э- туркий тилларда кейин пайдо бўлган ва и олд қатор унлисининг варианти сифатида вужудга келган. Эски ўзбек тилида мустақил унли сифатида қатнашади, контраст жуфтлиги йўқ, олд қатор, ўрта-кенг, лабланмаган унли, ёзувда сўз бошида алифу ёй билан, сўз ўртаси ва охирида ёй билан ёзилади. Айрим ёдгорликлардаги қисқа бўғинда ҳарфий ифодага эга бўлмаслиги мумкин.
и- умумтуркий, олд қатор, юқор-тор, лабланмаган. Ҳарфий ифодаси э унлисига айнандир.
ы- умумтуркий, орқа қатор, юқори-тор, лабланмаган, ҳарфий ифодаси и унлиси билан айнандир.
о- умумтуркий, орқа қатор, ўрта-кенг, лабланган. Сўз бошида алифу вов, сўз ўртаси ва охирида вов билан берилган.
Ј- умумтуркий, олд қатор, ўрта-кенг, лабланган. Ҳарфий ифодаси о билан айнандир.
у- умумтуркий, орқа қатор, юқори-тор, лабланган, ҳарфий ифодаси о унлиси сингаридир.
µ- умумтуркий, олд қатор, юқори-тор, лабланган, ҳарфий ифодаси о,Ј,у унлилари билан ўхшаш.
Бу унлилар ўрни билан бирламчи ва иккиламчи чўзиқликларга эга бўлади. Улар худди ҳозирги ўзбек тилидагидек, уч хил хусусиятига кўра тасниф қилинади:
I. Тилнинг горизонтал ҳаракатига кўра:
1.Олд қатор(тил олди, юмшоқ) унлилар: Ў,и,µ,Ј,э.
2. Орқа қатор(тил орқа, қаттиқ) унлилар: а,ы,у,о,ā.
II. Тилнинг вертикал ҳолатига кўра:
1. Юқори(тор): µ,у,и,ы.
2. Ўрта(кенг): Ј,о,э.
3. Қуйи(кенг): а,Ў,ā.
III. Лабларнинг иштирокига кўра:
1. Лабланган: у,µ,о,Ј,ā.
2. Лабланмаган: а,Ў,и,ы,э.
Араб ёзуви асосидаги эски ўзбек ёзувида бу унлиларнинг ҳар бири учун алоҳида белги бўлмаса-да, сўзнинг ўзак ва қўшимчаси таркибидаги қ,ғ ўзакдаги унлининг қаттиқлигига, к,г эса юмшоқлигига ишора қилиб келади: атқа-отга; эткЎ-гўштга; тЈргЎ-тўрга, (юқорига).
Ҳозирги ўзбек адабий тили талаффузи ва ёзувида олд қатор(юмшоқ) ва орқа қатор(қаттиқ) унлилар кескин фарқланмайди. Лекин эски ўзбек тилида бу фарқ катта аҳамиятга эга. Унлиларнинг қатори олд, орқа эканлиги тилнинг горизонтал-тишлар ёки бўғиз томонга ҳаракати билан белгиланади. Тилнинг тишларга яқинлашган ҳолатида талаффуз этилганда, олд қатор унлилар ҳосил бўлади. Орқа қатор унлилар талаффуз этилганда, тилнинг учи милкдан анча узоқлашади.
Унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлиги ҳозирги ўзбек тилидан бошқа барча туркий тилларда, шунингдек, эски ўзбек тилида ҳам жуда катта аҳамиятга эга, унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлиги сўз маъноларини фарқлашга хизмат қилади: олтурды-ўтирди,Јлтурди-ўлдирди;тЈр-уйнинг тўри, тор-тўр,тузоқ.
Ўзбек тили тарихида чўзиқ унлилар ҳақида сўз юритилганда, уч масалани фарқлаш лозим:
1.Араб ва форс тилларидан эски ўзбек тилига кириб келган сўзларда чўзиқ ва қисқа унлиларнинг ўзаро муносабати.
2. Туркий сўзлардаги унлиларда бирламчи чўзиқлик.
3. Туркий сўзлардаги иккиламчи чўзиқлик.
Араб ва форс тилларида унлилар икки хил- қисқа ва чўзиқ бўлади. Бу тиллардаги чўзиқ-қисқаликнинг фарқи мустақил фонологик фарқ бўлиб, чўзиқ ва қисқа унлиар алоҳида фонемаларни ташкил этади. Лекин бу тилларда унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлиги фарқланмайди.
Ўзбек тилига арабча ва форсча сўзлар кириб кела бошлаши билан бу сўзларда чўзиқ ва қисқа унлиларнинг маъно фарқлаш вазифаси ҳам кириб келди: āдāм- одам; адам-йўқлик; а ва ā билан эски ўзбек тилида мавҳум отларнинг бирлик ва кўплик формалари фарқланади: адаб-адаб, āдāб-одоблар.
Туркий сўзлардаги бирламчи чўзиқлик масаласи жуда мураккабдир. Олимлар тахминига кўра жуда қадимги ёзма ёдгорликлари бизгача етиб келмаган даврларда (умумтуркий тилда)- туркий сўзларда чўзиқ ва қисқа унлилар фарқланган. Эски туркий ҳамда эски ўзбек тилида чўзиқ ва қисқа унлиларнинг фарқланиши, уларнинг фонологик аҳамияти ҳақида қарама-қарши маълумотга эгамиз. Маҳмуд Қошғарий, Толеъ Ҳиравий, Мирза Маҳдийхон ва бошқа тилшунослар чўзиқ а, баъзан чўзиқ и унлиси ҳақида ёзадилар. Маҳмуд Кошғарий а унлили сўзларни икки алиф билан келтирган.
Маҳмуд Кошғарий туркий сўзларнинг унли товушларини тавсифлаб шундай ёзади: «Унлиларни чўзиқ ёки қисқартириб талаффуз қилиш сўзга зарар бермайди» (МҚ,I,385). «Девон»нинг бошқа бир жойида яна ҳам аниқроқ қилиб ёзади: йығāч дейиш ҳам мумкин, йығач дейиш ҳам мумкин, тāнуқ дейиш ҳам, тануқ дейиш ҳам мумкин. (МҚ,II,45). Маҳмуд Қошғарийнинг бу сўзларидан битта хулоса чиқариш мумкин: XI аср адабий тилида чўзиқ унлилар шу давр уруғ-қабила тилларида бир хил бўлмаган, яъни у айрим уруғ-қабила тиллари (шевалари)да мавжуд бўлган ва айримларида эса қўлланмаган. Маълумки, бу ҳолат ҳозирги ўзбек тилида ҳам шундай ҳолатдадир. Бирламчи чўзиқ унлилар ҳозирги ўзбек тилининг Иқон, Қорбулоқ, Фориш каби шеваларида сақланиб қолган, бошқа шеваларда эса қўлланмайди. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, қадимги туркий тилнинг барча шеваларида бирламчи чўзиқлик умумтил характерига эга бўлмаган.
Алишер Навоий эски ўзбек тилининг фонетик имкониятлари, шеър тузиш ва қофиялашдаги қулайликлари ҳақида тўхталиб, бу тилдаги унлиларнинг қисқа ҳам, чўзиқ ҳам талаффуз этилиши шеърият учун қулай эканини таъкидлайди.Буюк мутафаккир, жумладан, ара сўзини ара сифатида талаффуз этиб, форсча сара, дара сўзлари билан ҳам, арā сифатида талаффуз қилиб, чўзиқ унлили форсча сарā, дарā сўзлари билан ҳам қофиялаш мумкинлигини уқтиради (МЛ,114). Алишер Навоийнинг берган маълумотларидан ҳам қатъий хулоса чиқариш мумкин: туркий сўзларда чўзиқ-қисқалик фонологик вазифани бажармаган.
Эски ўзбек тилидаги кейинги чўзиқлик сўзнинг ўртаси ва охирида г,ғ, й, ҳ товушларининг тушиб қолиши натижасида ҳосил бўлган: би:з-бигиз; ки:з-кигиз; қы:н-қийин. Алишер Навоий биз-биз(кишилик олмоши) ва би:з-бигиз сўзларини зид қўяр экан, мана шу кейинги чўзиқлик ҳақида маълумот беради(МЛ,114).
Унлилар уйғунлиги (сингармонизм- грекча син-ўхшаш, ҳармони- оҳанг) туркий тилларнинг муҳим фонетик хусусиятларидандир. Унлилар уйғунлиги деб, сўзнинг ўзак ва қўшимчаларидаги товушларнинг ўзаро мослашиши, уйғунлашиши, бир-бирига ўхшаш бўлишига айтилади.
Унлилар уйғунлиги танглай(палатал-веляр) ва лаб(лабиал) каби икки турга бўлинади.
Танглай уйғунлиги. Сўзнинг ўзагида орқа қатор (а,ы,о,у,а) унли бўлса, қўшимчада ҳам орқа қатор унли, сўзнинг ўзагида олд қатор унли (Ў,э,и,µ,Ј,) келса, қўшимчада ҳам олд қатор унли келиши танглай уйғунлиги дейилади.Мисоллар: атны¦, келгЎн,барған,ишлЎр.
Эски туркий ва эски ўзбек тилларидаги танглай уйғунлигининг ўрта аср тилшунослари томонидан талқини ҳам диққатга сазовордир. Маҳмуд Кошғарий туркий сўзларни икки гуруҳга қ,ғ ли қаттиқ ўзакли сўзлар, к,г ли юмшоқ ўзакли сўзларга бўлади.
Лаб уйғунлиги. Сўзнинг ўзагида лабланган о,Ј,у,µ унлилардан бири келса, қўшимчадаги унли товушнинг ҳам ўзакдаги унли товушга мослашиб лабланишига лаб уйғунлиги дейилади. Танглай уйғунлигидан фарқли ўлароқ, лаб уйғунлиги кенг тарқалмаган.Мисоллар: қолум, кЈзµм, йµзµм, туштум.
Сингармонизм қисман ундошларга ҳам алоқадордир. Олд ва орқа қатор унлиларнингуйғунлашиб келиши сўзлардаги ундошлар вариантини танлашга олиб келади. Масалан, бошлаған, келгЎн сўзларидаги сифатдош қўшимчасининг ғ ва г ундошларда қатнашиши унлилар уйғунлиги туфайлидир. Бу,айни замонда, аффиксларнингвариантларини кўпайтиришга хизмат қилади (Бу ҳақда морфология қисмида баҳс қилинади).
Ундошлар тараққиёти. Эски ўзбек тилидаги ундошлар тавсифи Маҳмуд Кошғарий томонидан берилган. Лекин бу тилшунос олим кўрсатган ундошлар тўла эмас. Чунки у эски ўзбек тилига араб ва форс тиллар таъсири остида ўзлашган ф, х, ҳ, ж товушларини ва айрим бошқа товушларни ўз сирасига қўшмаган. Эски ўзбек тили ундошлари қадимги туркий тил ундошлари билан солиштирилганда, эски ўзбек тилида янги ундошлар- лаб-тиш в ва ф, лаб-лаб в, лаб-тиш з, сирғалувчи ж, чуқур тил орқа сирғалувчи х, бўғиз ундоши ҳ пайдо бўлганини кўриш мумкин. Демак, эски ўзбек тилида қуйидаги ундошлар амалда бўлган: б, п, ф, в, м, т, д, с, з, н, р, л, ш, ¥, ж, ч, к, г, қ, ғ, ¦, й, х, ҳ, ъ()
Эски ўзбек тили ундошларини ҳозирги ўзбек тили ундошлари билан солиштириш шуни кўрсатадики, ўзбек тили тарихида ундошлар кескин сифат ўзгаришларига учрамаган. Ундошларга оид ўзгаришлар, асосан, янги ундошларни ўзлаштириш ва товуш алмашинишлари билан чегараланади, бу эса ўзбек тили тарихида ундошлар унлилардан кўра барқарор бўлган, деб хулоса чиқариш мумкин.
Савол ва топшириқлар:
1. Олд қатор ва орқа қатор унлиларни сананг.
2. Лабларнинг иштирокига кўра унлилар қандай тасниф қилинади?
3. Чўзиқ унлилар ҳақида гапиринг.
4. Қадимги туркий тилга хос бўлмаган ундошларни сананг.
5. Манбалардаги араб ва форс тилидан ўзлашган ундошлар қатнашган сўзларни топиб, луғат тайёрлашга киришинг.
Таянч тушунчалар:
Унлилар таснифи - оғиз бўшлиғида тилнинг ҳаракати ҳамда оғизнинг очилиш даражаси, лабларнинг иштирокига кўра унлиларни гуруҳларга ажратиш.
Юмшоқ унли - олд қатор унли.
Қаттиқ унли - орқа қатор унли.
Сингармонизм – унлилар уйғунлиги қонуни.
Палатал сингармонизм – унлиларнинг танглай (олд қатор-орқа қатор) уйғунлигига асосланган сингармонизмнинг тури.
Унлиларнинг бирламчи чўзиқлиги – туркий сўзларнинг биринчи бўғинида қайд қилинадиган унлиларнинг табиий чўзиқлиги.
Унлиларнинг иккиламчи чўзиқлиги – сўздаги бирор ундош товушнинг кучсизланиши ва тушиб қолиши ҳисобига юз берадиган чўзиқлик.