«ЧАҲОР МАҚОЛА» («Нодир ҳикоятлар")дан

НИЗОМИЙ  АРУЗИЙ САМАРҚАНДИЙ
(ХI аср охири - 1160)

Улуғ шоир ва адабиётшунос олимнинг исми Аҳмад ибн Умар, Низомий - шоирлик  тахаллуси,  аруз илмининг  етук мутахассиси бўлгани учун қалам аҳли уни Арузий деб атаган. Асли Самарқанддан бўлиб, 45 йил Гур ва Бомиён (Афғонистоннинг шимолий ғарби) вилоятлари ҳукмдорларининг  хизматида  бўлган. Гур вилоятининг молики Аловуддин Ҳусайн Жаҳонсуд билан кўп  ҳарбий  сафарларда ҳам қатнашган, номи Низомий Ганжавий асарларида тилга олинади.
Низомийга шуҳрат келтирган асосий асар "Чаҳор мақола" ("Тўрт мақола") бўлиб, 1157 йилда Бомиёнда ёзилган. Ушбу  асар ўзбек тилига "Нодир ҳикоятлар" номи билан ўгирилган. Китоб ҳамд, наът, муқаддима қисмларидан  ташқари тўрт мақолани ўз ичига  олгандир:
1.    Дабирлик  (котиблик) илмининг моҳияти ва етук дабир сифатлари.
2.    Шеър илмининг моҳияти ва шоир салоҳияти.
3.    Юлдузлар  илмининг моҳияти ва мунажжимлар салоҳияти. 
4.    Тиб илмининг моҳияти ва табиблар зарурияти.
Низомий талқинича, мамлакат ишларининг мустаҳкамлиги шоҳга,  унинг номини  (қасабаси,  мулки,  вилояти,  лашкари,  хазинаси)  қолдириш даврига, унга шуҳрат бахш этиши шоирга, турмуш тадбирларининг ўнгидан келиши мунажжимга, бадан сиҳати табибга боғлиқ. Шунингдек, агар илмдан баҳра топмаган, ҳар бир нуқтани ёд олмаган,  ҳар ҳакимдан бир ҳикмат эшитмаган ва ҳар адибдан бир санъат ўрганмаган дабирнинг сўзлари аъло даражага етмайди.
Асарнинг ҳозирга қадар сақланган 12 та  қўлёзма  нусхаси мавжуд бўлиб, шулардан иккитаси XIV асрга оид. Эрон олими Мирзо Муҳаммад Қазвиний асарнинг танқидий матнини 1909 йили нашр эттирган. Жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Бу китобнинг Шарқ филологияси тараққиёти учун ҳам хизмати улуғдир.

«ЧАҲОР МАҚОЛА» («Нодир ҳикоятлар")дан

Шеър илмининг моҳияти ва
шоирнинг салоҳияти ҳақида

Шоирлик шундай санъатки, (шоир) бу санъат орқали ҳаяжонлантирувчи  тушунчаларни ҳосил  қилади  ва  таъсирчан қиёсларни1 бир-бирига улайди. У шундай йўл билан, масалан,  кичик маънони каттага, катта маънони эса кичикка  айлантиради,  чиройликни хунук либосда кўрсатади, хунукни эса чиройли суратда жилвагар этади. Илҳом санъати билан ғазаб ҳамда ҳиссий қувватларни қўзғатади, натижада кишилар  табиатида  қайғу ёки хуррамлик пайдо бўлади. Бу эса улуғ кишилар фаолиятида оламни  тартибга солиб туриш учун хизмат қилади.

Шоир ва шеърнинг қандай
бўлиши ҳақида фасл

Шоирнинг руҳи тоза, фикри кенг, табъи латиф, кўнгли тўғри ва зеҳни ўткир бўлмоғи лозим. У яна турли фанлардан хабардор бўлиши, ҳар хил одатлар билан таниш бўлмоғи керак.  Чунки шеър ҳар бир илмда қўл келиши ва ҳар хил илм шеърда ифодаланиши мумкин2.
Шоир мажлисларда ширинкалом ва  дўстлар  даврасида  очиқ чеҳра бўлиши лозим. Шеърлари эса ҳаёт саҳифасида боқий қоладиган, покиза табиатли кишилар тилидан тушмайдиган, баёзларга ёзиб олинадиган ва шаҳарларда ўқиладиган даражага етган бўлиши керак. Шеърдан  кўзланиладиган катта мақсад ва улкан  ният бу номни боқийлаштиришдир. Шеър ўқилмаса ва кўчирилмаса, бу мақсад ҳосил бўлмайди.  Бу даражага  етмаган  шеърнинг таъсир қуввати бўлмайди.  Агар шеър ўз боқийлигига эга бўлмаса, у қандай қилиб ўзга кишиларнинг номини адабийлаштириши мумкин!
Агар шоир ёшлик айёмида ва йигитлик давронида ўтмиш шоирларининг шеърларидан йигирма минг байтни  хотирасида  тутмаса, замондошларининг асарларидан ўн минг байтни ёд билмаса, устодлар  девонини пайваста ўқимаса, сўзнинг нозик томонлари ва қийин жойларини қандай йўл билан ҳал этганликларини ўрганмаса бундай юксак даражага етолмайди ҳамда шеър навлари3 ва йўллари унинг табиатида ўз ифодасини топмайди, шеърнинг соз ёки нуқсонли томонлари ақлининг саҳифасида  ўз  аксини  кўрсатмайди, сўзлари буюклик томон, табъи эса юксаклик сари майл этмайди.
Ҳар кимнинг шеър табъи мустаҳкам, сўзлари эса равон бўлса, шеър илмини ўрганишга, аруз ўқишга киришади.  Устод  Абулҳасан Сараҳсий  Баҳромийнинг "Ғояту-л-арузайн"  асарини  ҳамда "Қанзу-л-қофия",  "Нақди маоний",  "Нақди алфоз", "Сариқот" ва "Тарожим" китобларини4 мутолаа қилади. У мазкур фаннинг ҳар бир турларини шу  фанни  яхши  билувчи  устод  қўлида ўзи устодлик даражасига етмагунча, юқорида биз санаб ўтган  устодлар  каби унинг номи ҳам ҳаёт саҳифасида пайдо бўлмагунча  таълим олади. У ўз ҳомийси ва мамдуҳидан5 нимани олган бўлса, уларнинг номини адабийлаштириш  билан  ҳақини  узади.  Подшо  ҳам шоирлар унинг хизматида рўёбга чиқиши ва ўзи шоирнинг мақтовидан шуҳрат топиши учун улар тарбиясидан қўл тортмаслиги лозим.  Агар шоир бу даражадан кам бўлса, унинг учун пул сарфлашга ва шеърларига илтифот  қилишга ҳам арзимайди, хусусан, агар у кекса бўлса! Мен буни кўп текшириб кўрганман, бу оламда қари шоирдан кўра бадтарроғини кўрмаганман, унга  берилган  пулдан кўра зое кетган пул бўлмайди. Эллик йил ичида ҳам мен айтган гапларнинг ростлигини билиб, шу даражага етолмаган нўноқ киши қайси пайтда ета олади?!
Шоир ёш бўлса-ю, шеърлари  яхши бўлмаса, аммо қобилиятли бўлса, унинг яхши шоир бўлишига умид қилса бўлади. Олийжаноблик қоидаси бўйича, бундай шоирнинг тарбиясига киришиш вожиб, у ҳақда қайғуриш фарз, меҳрибонлик кўрсатиш шартдир! Подшоҳнинг олдида  бадиҳа  айтишдан кўра яхшироқ нарса йўқ! Бадиҳа билан подшоҳнинг кўнгли шод бўлади, мажлислари қизийди, шоир эса мақсадига етади.  Бадиҳа айтиш ва тез шеър тўқиш  билан  сомонийлар сулоласи даврида Рудакий эришган бахтга6 ҳали ҳеч ким эришган эмас!