Масал

Масал эпик поэзиянинг энг қадимий жанрларидан бири. У милоддан аввал Юнонистон, Ҳиндистон, Миср сингари қадимий мамлакатларда туғилган. Айниқса, юнон масалчиси Эзоп асарлари катта шуҳрат қозонди ва бу жанрнинг кейинги тараққиётига кучли таъсир кўрсатди. Кейинчалик масал жанри ривожига Францияда Лафонтен, Россияда И.А.Крилов ва ўзбек адабиётида Гулханий катта ҳисса қўшдилар.

Асрлар давомида масал жанрига хос хусусиятлар деярли бир хил бўлиб келган. Бу ҳол унинг тасвир манбаи ва олдига қўйиладиган вазифалар билан изоҳланади.
Масал ахлоқий-таълимий мақсадларни кўзловчи кичик аллегорик шеърий ҳикоядир. Масалда инсонга хос турли салбий хусусиятларни кулги остига олиш йўли билан ахлоқий-таълимий, насиҳатомуз фикрлар олға сурилади.
Кўпчилик масалларда одамга хос кусур ва иллатлар ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар образи орқали кўрсатилади; аллегория эртаклардаги каби масалларда ҳам ҳайвонларга хос бўлган кўпчиликка маълум хусусиятлар (тулкининг айёрлиги, бўрининг очкўзлиги, эшакнинг аҳмоклиги, қуённинг қўрқоклиги, шернинг қудратлилиги, булбулнинг хушовозлиги) тарзида майдонга келади. Масал мазмуни кўпинча сиқиқ, ўткир ва кичик воқеа орқали ифодаланади.

Масалга хос бундай сюжет унда ифодаланаётган мазмун руҳиятини аниқ-равшан юзага чиқариш, аллегорик шакл эса асардаги персонажлар характерини қиёсий йўл билан ёрқин кўрсатишга олиб келади. Кўпчилик масаллар икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмда, одатда, ҳажв остига олинаётган нарса, ҳодиса ёки персонаж, яъни қисса берилади. Иккинчи қисмда эса, тасвирланган вокеадан келиб чиқадиган ахлокий-таълимий, насиҳатомуз фикр дашном, хулоса тасвир этилади, яъни қиссадан ҳисса чиқарилади. Ҳамзанинг «Тошбақа ва чаён» номли масалининг биринчи қисмида тошбақа билан чаённинг дўст бўлиб сафарга чиқишгани, анҳорга етишганда, тошбақа дўстини устига миндириб олгани, лекин сувда чаён хиёнат қилиб, унга нишини санчигани, кейин эса тошбақа сувга шўнғиганида, хиёнаткорнинг оқиб кетганлиги ҳикоя қилинади. Масал охирида қиссадан қуйидагича ҳисса чиқарилади:

Ҳисса: кими ғайри улфат этар,
Ўз-ўзича бошига кулфат этар.



Бироқ масалларнинг ҳаммаси ҳам бу тарзда икки қисмга бўлинавермайди. Баъзан биринчи қисмнинг ўзи келтирилиб, асарда ифодаланмоқчи бўлган фикр ун-дан жуда яққол келиб чиққанлиги сабабли иккинчи қисмта эҳтиёж қолмайди.
Масал насрда ҳам, назмда ҳам ёзилаверади ва ҳаётдаги иллатларни кулги остига олинишига кўра сатирага киради, комизмга мансуб, комизм эса пафоснинг драматизм, юмор, героизм, (қаҳрамонлик), кўтаринкилик, романтика ва бошқа турларидан биридир.
Масал ўзбек мумтоз адабиётида даставвал фольк-лорда, шунингдек, Навоий, Гулханий, Ҳамза каби шоирлар ижодида ҳам муайян ўрин тутган. Бу жанр XX аср ўзбек адабиётида Сами Абдуқахдор, Ямин Курбон, Олим Қўчқорбеков, Мухтор Худойкулов сингари адиблар ижодида муайян даражада ривож топди.
Ҳаёт очерк, ҳикоя, повесть, роман тарихини алоҳида-алоҳида ва яхлит ҳолда илмий текширишни, бу соҳаларда капитал илмий асарлар яратишни тақозо этаётир.

Эркин Худойбердиев