АБУ НАСР ФОРОБИЙ
(873-950)
Арис дарёсининг Сирдарёга қуйилиш жойида Ўтрор қишлоғида туғилган. Форобда ўқиган, Шошда бўлган, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган. Араб мамлакатларида яшаган, Боғдодда фозиллар билан учрашган, Дамашқда вафот этган.
Форобий ўз даврининг мавжуд илм соҳаларига оид 160 дан ортиқ илмий рисолалар яратган. "Иҳсо ал-улум ва-т-таъриф" ("Илмлар санъати ва таърифлари") номли рисоласида ўттиздан ортиқ фан соҳасининг таснифи берилган. Тадқиқотчилар Форобий шуғулланган фан тизимлари фалсафанинг умумий масалалари, инсон билиш фаолиятининг фалсафа ва аниқ фанларга муносабати, материянинг миқдори ва ҳажми, материяни ўрганувчи, яъни табиий фанлар, ижтимоият, сиёсат ҳамда филология (илми адаб)каби йўналишларини аниқлаганлар.
Форобийнинг филологик тадқиқотлари "Каламу-ш-шеър ва-л-қавофи" ("Шеър ва қофиялари ҳақида сўз"), "Китобу-л- хитоба" ("Риторика ҳақида китоб"), "Китобу-л-луғат" ("Луғатлар ҳақида китоб"), "Китобун фи-с-саноъату-л-китоби" ("Хаттотлик ҳақида китоб") ва бошқалардан иборат. Булардан ташқари санъат соҳасида "Мусиқа китоби", "Мусиқа ҳақида сўз", "Катта мусиқа китоби", "Ритмлар ҳақида китоб", "Ритмлар таснифи ҳақида китоб" асарлари ҳам маълум.
Абу Наср Форобий Афлотун ва Арасту асарларининг шарҳловчиси сифатида ҳам машҳурдир. Айниқса, Арастунинг ўндан ортиқ илмий асарларига шарҳлар ёзгани маълум. Мана шундай шарҳлар орасида Арастунинг "Фи синоъати-ш-шеър" ("Поэтика") асарига ёзилган шарҳи нафақат юнон олимининг поэтикага доир таълимотини тушунтиришда, балки санъат ва адабиёт хусусидаги назарий билимлар соҳасида ҳам олдинга ташланган қадамдир.
«ШОИРЛАРНИНГ ШЕЪР ЁЗИШ САНЪАТИ ҚОНУНЛАРИ ҲАҚИДА»
Бу ерда (келтираётган) мулоҳазалардан мақсадимиз ҳаким Арастунинг "Фи синоъати-ш-шеър" ("Шеър санъати") асарида1 айтган фикр-мулоҳазаларни исботлаб кўрсатишдан, унинг маъноларига ишора қилишдан иборатдир. Зеро, бу орқали шеърий санъат билан ишқибозларнинг барчасини таништириш ниятидамиз. Шуниси ҳам борки, Ҳаким Арасту ўзининг шеър санъати у ёқда турсин ҳатто муғолата (софистика)2 ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам мукаммал баён қилиб улгурмаган эди. Шунинг учун бу борадаги гапларнинг ҳаммасини ипидан-игнасигача муфассал қилиб, тартиби билан битмоқчи ҳам эмасмиз. Чунки "Софистика санъати"3 асарининг охирги жумлаларида Арасту айтиб ўтган мулоҳазага қараганда, у бунинг сабабини аҳоли чинакамига ифодалаб бериши учун ўзидан олдин ўтганларнинг асарларига қабул қиладиган тартибга туширадиган ҳолда улар асосида янгиларини пайдо қиладиган бирор усул ва қонун-қоидалар топа олмаганига йўйган.
Ҳаким Арасту ўзининг шундай фазилати ва даҳоси билан тугатиб қўйишга жазм қила олмаган бир ишни биз ниҳоясига етказишга интилишимиздан кўра, бу санъатда фойда берадиган ва ҳозирги замонда учрайдиган қонун-қоидалар, мисол ва мулоҳазалар келтириш билан чеклансак яхшироқ бўлар эди. Модомики шундай экан, биз деймизки, лафз-сўзлар ё бирор маънони билдириши ҳам, билдирмаслиги ҳам мумкин; улар шу икки ҳолатнинг бирида бўлишдан ҳоли эмас. Маънони билдирадиган сўзлар бирор мулоҳазани ё англатади, ё англатмайди. Мулоҳазани англатадиганларининг қатъий жазмлилиги ва жазмсизи бўлади. Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади. Ёлғонларидан баъзилари эшитувчилар зеҳнига уни англатадиган маъно билан бирга ўрнашиб қолади, ваҳоланки, бошқалари унинг онгида нарсаларнинг ўхшаши-акси билан ўрнашиб қолади. Мана шу нарса тақлидлар4 - шеърий мулоҳазалар саналади. Мана шу акс ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли эканини аниқлаш шоирлар, турли-туман тил ва луғатлардаги шеъриятни ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради. Лекин бундан ҳеч ким софистика билан акс тақлид икковини бир сўз деб ўйламасин. Булар иккови ҳам баъзи сабабларга кўра бир-биридан бутунлай фарқ қилади.
Софистнинг5 мақсади билан тақлидчининг6 мақсади бир-биридан фарқ қилади. Софист эшитувчини ғалатга ундаб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган нуқсонли нарсаларни кўз олдига келтириб қўяди. Ҳатто у мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни эса мавжуд деб тасаввур қилдиради. Тақлидчи бўлса нарса тасаввурининг тескарисини эмас, балки унга ўхшашини тасаввур қилдиради. Бу шундайки, ўз жойида жим турган киши шундай ҳолатга тушса, гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади. Масалан, кемага минган киши кемадан тушиб қирғоқда қолганларга қараса, ёки ёз чоғида осмондаги ой ва юлдузларга тез юраётган булутлар остидан қаралса, шундай бўлади. Бундай ҳол одамларнинг ҳисларини чалғитади. Аммо кўзимизга ёки ялтироқ силлиқ жисмга қараган кишининг ҳоли худди шундай бўлади, унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсани кўраётгандай туюлади, мулоҳазалар бошқа қисмларга ҳам бўлиниши мумкин. Хулласи калом, бу шулардан иборат: мулоҳаза ё қатъий, ё қатъий эмасликдан ҳоли бўлмайди. Бордию, агар у қиёсий бўлса, у ҳолда билқувват унинг табиатидан бўлади, ё бўлмаса билфеъл-ҳаракатидан бўлади. Бордию, агар унинг табиатидан бўлса у ҳолда ё истиқро (индуктив)7 бўлади, ё бўлмаса мулоҳаза тамсилий (аналогия)8 бўлади. Тамсил эса, кўпинча, шеър санъатида ишлатилади. Бундан аён бўлишича, шеърий мулоҳаза тамсил аналогияга киради.
Қиёслар ҳам, умуман олганда, мулоҳазалар ҳам бошқа турларга бўлиниши мумкин. Айтишларича, мулоҳазалар ё бутунлай рост, ё бўлмаса бутунлай ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Ё бунинг тескариси ёки тўғри ва ёлғон меъёрида баб-баравар бўлиши мумкин. Буткул рост мулоҳаза, ҳар сўз, бурҳоний-исботли9 деб аталади. Борди-ю, унинг бутунлай рост томони кўпроқ бўлса, у ҳолда жадалли - диалектик10 бўлади. Борди-ю рост ва ёлғон иккови тенг келиб қолгудай бўлиб қолса, у ҳолда хитобий - риторик11 бўлади. Рост бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий - софистик бўлади, бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни ҳеч шубҳасиз, шеърий12 деб аталади. Ушбу қисмларга бўлинишидан кўринишича, шеърий мулоҳаза на исботли, на диалектик, на хитобий-риторик ва на софистикдир. Шу билан бирга, у сулужисмус-силлогизмга13 ёки унга қарам бўлган навларнинг бирига бориб тақалади, яъни "қарам бўлган навълар" дейишимдан кўзланган мақсадим истиқро-индукция, мисол-аналогия, фаросат-интуиция14 ва шунга ўхшаш нарсалар бўлиб, уларнинг мантиғи қувватида ўша қиёс - силлогизмнинг куч-қуввати бўлади...
Энди биз сенга айтсак, шоирлар чиндан туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади ва уларда ташбиҳ ва тамсилга лаёқатли яхши ишлайдиган бўлади. Бу хил шоирлар ё шеър навъининг кўп турида15, ё бир турида ижод қилишга лаёқатли бўладилар. Лекин бу хил шоирлар шеър санъатидан керак бўлганича хабардор бўлишавермайди, балки улар туғма қобилиятларининг яхшилиги билангина қаноат ҳосил қиладилар, уларнинг ўзлари мўлжалланган ҳозирликларига кўра иш тутадилар. Бундай шоирлар чинакам мусалжис-мулоҳазакор шоирлардан саналмайдилар. Чунки уларда шеър санъатини ўзлаштириб олиш учун камолот етишмайди ва бу санъатда турғунлик бўлмайди. Кимки, ундай одамнинг шеърини кўриб, у қобилиятли одам экан деб ўйлаган бўлса, бу шунинг учунки, унинг феъл-атрофида шоирларга хос бўлган турқ - кўриниш мавжудлигидангина шундай мулоҳазага келинган. Ё бўлмаса, бу хил одамлар чинакамига шоирлар санъатини эгаллаган бўлишади, ҳатто шеър ижодига хос бўлган хусусиятлардан бирортаси ҳам у қайси шеър турига алоқадор бўлмасин, барибир, бу қонун - қоидалар ундан қочиб қутулолмайди. Улар шеърият санъатида қўлланиладиган ташбиҳ ва тамсилларни жудаям маҳорат билан ишлатадилар. Бу хил шоирлар чиндан ҳам қобилиятли шоирлар дейишга сазовордирлар. Ёки бўлажак шоирлар ўша юқорида айтиб ўтилган аввалги икки табақа шоирлар ва улар феълларига тақлид қилувчилар бўладилар. Булар ўша аввалги иккала табақа шоирлар йўли-ижодини ёқлайдилар. Бу турдагиларнинг ўзларида туғма шеърий табиат бўлмагани ҳолда, шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлмай туриб, ташбиҳ-ўхшатиш ва тамсил кабилар кетидан борадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги16 худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади.
Энди биз сенга айтсак, ўша юқорида айтиб ўтганмиз уч тоифа шоирларнинг ҳар бири ижодда ё табиийлик, ё мажбурийликдан ҳоли бўлмайди. Бундай дейишдан кўзланган мақсадим шуки, бир шоир, кўпинча, мадҳияга ва ё бир яхши сўз айтишга табиатли бўлса, баъзан вазият ундан ҳажвий ва бошқа турда шеър айтишга ҳам мажбур қилиб қолади. Айтайлик, бир шоир шеърият навъларининг маълум бир навъида ижод қилиш санъатини танлаб олган ва ўзини шу хилдагина шеър ёзишга одатлантирган бўлса, баъзи ҳолларда, танлаб олмаган турларда ҳам шеър ижод қилишга тўғри келади, бу эса унинг учун ўзи ижод қилишга одатланган шеър турида нисбатан бошқа бир навда мажбурий битилган шеър бўлади. Бу мажбурият ё ички, ё ташқи сабаблар билан боғлиқ бўлади. Аммо шоирнинг энг яхшиси туғма шоир бўлгани саналади.
Сўнгра шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади. Бу эса ё ғоя жиҳатидан, ё бўлмаса, мавзу жиҳатидан шундай бўлади. Аммо ғоя жиҳатидан олган тақдиримизда улар шеърга баъзан ёрдам берса ҳам, баъзида унга ёрдам беролмай қолади. Бунга баъзан руҳий (нафсоний) кайфиятлар сабаб бўлади. Шунда ё руҳий кайфиятлар устун келади, ё бўлмаса, баъзан ўзи унга муҳтожлигидан тушкунликка учраб, пасайиб кетади. Аммо бу бобдаги текширишларимиздан мақсад бу масаланинг ипидан-игнасигача синчиклаб аниқлашдан иборат эмас, чунки буларнинг ҳаммаси ахлоқ ва руҳий кайфиятлар тавсифлари ҳамда улардан ҳар бирининг инсон руҳига алоҳида таъсири ҳақида битилган китобларда керагича баён қилинган. Аммо мавзу жиҳатидан олган тақдиримизда, кўпинча, бири иккинчисига ўхшайдиган икки нарса ўртасида ўхшашлиги мавжуд бўлади. Бунда аксар одамларга уларнинг яқинлиги кўриниб туради. Буларда шоирнинг етук ва етук эмаслиги ҳақидаги мулоҳаза ўша ўхшатишнинг ҳақиқатга яқин ё узоқлигига боғлиқ бўлади. Баъзан шунақаси ҳам бўладики, шеър санъатида энг орқада қолган шоир ҳам юқори даражада ажойиб шеър яратиши мумкин, ҳатто бу соҳада билағонлар ҳам унга тенг келадиган нарса (шеър) яратолмаслиги ҳам мумкин. Лекин шуниси ҳам борки, бунга сабаб бахт ва тасодифнинг тўғри келишидан бўлади. Лекин ундай одам (қанчалик ажойиб шеър ёзган бўлмасин) бу ёзган шеъри билан у мулоҳазакор шоир деган номга сазовор бўлолмайди. Ташбиҳ даражалари ўзининг ўхшатишларига кўра турлича бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан қараганимизда, ўхшатишнинг яқин ва муносиб бўлмоғи мавзуига ҳам боғлиқ; ё бўлмаса, шоирнинг бу санъатдаги маҳоратига ҳам боғлиқ. Ҳатто шу уста шоир бир-биридан узоқ бўлган икки нарсани, мулоҳазаларни орттириш билан бир-бирига мувофиқдек қилиб кўрсата олади. Бу эса шоирлардан яширин бўлмаган ҳоллардандир. Шу жумладан, шоирлар А билан Б ни ва Б билан Ж17 ни бир-бирига ўхшатадилар. Чунки бунда А билан Б ни ўртасида яқин ва муносиб ҳамда маълум бўлган ўхшашлик бор. Улар сўз маъносини шунга буриб, ҳатто сомиъ-эшитувчи, муншид-ўқиб берувчиларнинг фикр-зикрини, гарчи улар ораси узоқ бўлса ҳам А билан Б ва Б билан Ж ўртасида бўлган ўхшашликдан огоҳлантирмоқчи бўладилар.
Бу санъатда шоирликнинг танланиши одамда жуда ҳам улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи бир шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Улар шундайки, агар бир сўзни шеърдаги байтга қофиядош қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни бита олса, у ҳолда одамда жуда ажойиб ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади.
Биз яна шундай деймиз: бу санъат аҳли билан (уйга) нақш берувчи рассом санъати ўртасида қандайдир муносабат бор. Булар иккаласининг санъатидаги моддаси турли-туман бўлса ҳам, аммо шаклда, яратилиш ва мақсадларда бир-бирига мос келади. Ёки айтайлик, ўша иккала яратилган нарсада, улар шаклларида ва мақсадларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик бор. Бу шундайки, шеър санъатини безайдиган нарса-бўёқлар саналади. Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор, аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга - тақлид қилишга йўналган бўлади.
Шоирлар санъати илмини ўрганувчилар фойдаланадиган умумий қонун-қоидалар мана шулардан иборат. Бу қонунларнинг кўпини (илмий нуқтаи назардан) текшириб чиқиб, мулоҳазалар билдириш ҳам мумкин эди, лекин бундай санъат соҳасида илмий текшириш беришдек нарса инсонни санъатнинг бир навъида бир томонлама мулоҳаза олиб боришга элтиши ҳамда бошқа навълар ва қарашлардан юз ўгиришга олиб келиши мумкин.