“Туйғулар - абадий, қолгани бекор”

Ватан деган муқаддас туйғуни шеъриятда ифодалаш жуда нозик ва масъулиятли. Туйғулар ифодаси учун  сўзнинг ўзи кифоя қилмайди, сўз ортидаги англанадиган муҳаббат ҳам бўлиши лозим. Дарвоқе, Фузулий муҳаббатдан – ёрнинг кўйидан туғилган соғинчни “Ватанимдур, ватанимдур, ватанимдур, ватаним”, дея ифодалади. Ватан тушунчаси кенг. Энг муҳими, муҳаббатдан туғилган Ватан азиз, ардоқли. Ватан севгисига ташналикни Хумоюн шундай ифодалабди:
Юртим, ҳар не гиёҳинг азиз,
Оллоҳ иссиқ этмиш бағрингни.
Сен дунёда биргина ёлғиз,
Англагувчи менинг қалбимни!
Ватан ягона, инсон фақат ана шу ягона юртда камол топади. Унинг қувончини ҳам, ҳасратини ҳам юрт тушунади. 
Дарвоқе, Хумоюн ҳақида. Таржимаи ҳолини билмадиму ижоди орқали халқимизга яхши таниш. Зотан, шоирнинг таржимаи ҳоли - шеърлари. Ижод шоирнинг шахсиятини аниқроқ ифодалайди. Хумоюннинг таржимаи ҳоли  оддий: катта ҳарфлар билан ёзиш мумкин бўлган ШОИР. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов  Ҳумоюннинг «Интиҳосиз наволар» тўпламига ёзган сўз бошисида у ҳақда шундай сатрларни битади: «Энг муҳими, у шеър ишқида ёнишни, инсон кўнглига сўзлари билан гўзаллик, меҳр, яхшилик уруғи сепишни билади, унинг илоҳий масъулиятини ҳис қилади». Ёниқ шеър ҳар доим шоирни ҳам, шеърхонни ҳам тетиклантиради. Хумоюннинг мазкур тўпламига кирган шеърлар мудроқ қалбларни уйғотади, лоқайд кўнгилларни ҳушёр торттиради.
Хумоюннинг ўзига хос жарангдор образлари, тимсоллари бор (тимсоллар ҳам индивидуал бўлиши мумкинлигини Хумоюнинг шеърлари яна бир бор тасдиқлайди). Хумоюн халқ оғзаки ижодининг бой, жарангдорлигидан фойланиб, мазкур тўпламига кирган бир туркум шеърларини «Юртим эртаклари» деб номлабди. Шоирга юрт ҳақидаги эртаклар, афсоналар эмас,  балки афсоналар ортидаги  гўзал мамлакатларга монанд она юрт Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчи, ҳар бир қарич тупроғи суюкли. Юртининг ҳар бир дақиқаси ҳақида афсонаю эртаклар тўқишга арзигулик воқеалар борлигидан ғурур туяди, «Афсоналар ичра кезмоқлик на соз, Эртаклар юртида ўзгача сурур» дея юртга муҳаббатини ифода этади. Агар шу туркумдаги шеърларига чуқурроқ эътибор берсак, достонга арзигулик воқеалар силсиласи бор, бир шеърга тарихнинг энг кўҳна даврларидан бошлаб бугунгача босиб ўтган шонли йўлининг гўзал  тасвири бор.  Унинг тасвирлаш усули тарихни баён қилишдан иборат эмас, балки тарихнинг моҳиятини, манзарасини ташбеҳларга сингдириш, Ўзбекистоннинг азалдан муқаддас ўлка эканиши кўрсатишдир.
Хумоюннинг мазкур тўпламида «Тупроқ» шеъри бор. Шеър, бир қарашда,  она заминнинг бир парчасини улуғлашга ўхшаб кўринади. Шеърда тупроқнинг «муборак», «мушфиқ», «сеҳргар», «она» каби эпитетлари тупроқнинг биз тушунгандан кўра кенг маънога эгалигига ишора қилади. Инсон ҳаётининггина эмас, инсоний фазилатларнинг замири ҳам шу тупроқда. Тупроқ ҳамма нарса – гоҳ бир боғ бўлиб гавдаланади, гоҳида олтину кумушдан ҳам ноёб, сувдан ҳам муқаддас ошиён сифатида тасвирланади, баъзан қасрларни бошига кўтарган хокисор кулба, баъзан оламнинг пойдевори, инсоният илдизи, сирли ва табаррук хилқат. Бу сингари таъриф тупроққа ва она заминга муҳаббатнинг анъанавий бир ифодаси бўлиб қолмайди. Шоир сўзга маъно юклаб, анъанавийлик заминида шеърни бойитади ва янгилашнинг имкониятларини кўрсатади. Шеърдаги янгиланиш тафаккурдаги янгиланишдир. Тўпламдаги шеърлар мундарижасига назар ташлаган ўқувчи, шоир юртимиз шаҳарлар тарихини шеърга солибди-да, деб ўйлайди. Шеърларни ўқиганимизда эса фикримиз тамомила ўзгаради: Хумоюн бутун юртнинг гўзаллигини чизганига, юрт тарихининг жаҳоншумул мавқеини дарду андуҳлари, турфа товланишлари, бугунги қиёфаси билан тасвирлаганига амин бўлади. “Насаф қалъаси”, “Афросиёб тепаликлари”, “Тошкент оқшомлари”, “Олтин водий” каби қатор шеърларида ана шу манзарани кўриш мумкин.
Хумоюн ўзбек шеъриятида кимгадир ёки қайсидир оқимга - анъанавий ёки модернга мутлақо эргашиб қолмайди, балки халқ хаётининг ахлоқий асосларига, тафаккурига, китобхоннинг нозик дидига таянади. Унинг учун мезон ана шулардир. “Бешгул шеърлари” туркумига кирган шеърларида айни шу ҳақиқатни кўриш мумкин. Болаликнинг ширин хотиралари, туғилган юрт манзараси ва қалбга муҳрланган соғинч наволари бир лаҳза тиним билмайди. Шоир юрагида   она юртга бўлган муҳаббатини ифодалашнинг образларини топади, севаман, деб ҳайқирмайди, балки кундалик турмушга оид кичик бир деталга катта маъно юклаб, оддий ҳаётий ҳақиқатнинг гўзал манзарасини яратади. Турмушнинг кундалик ташвишларидан катта маънони тақдим қилади. Инсоннинг мақсади - орзуларини амалга ошириш учун тинимсиз ҳаракатдан иборатдир, демоқчи бўлади қуйидаги шеърида.
Сўнгра тараддудга айланар умринг,
Тирикчилик, холос,
Бор натижаси.
Ажаб,
бу оламда сен нени кўрдинг –
Турфа тараддудлар мундарижасин.
Шеърдаги “тараддуд” шунчаки кундалик ташвишлар учун куйиб-пишиш эмас, балки инсон умрини маънили ўтказиш учун ўз олдига қўйган мақсадининг тимсоли деб аташни маъқул кўрган бўлардим.
Хумоюннинг ҳар бир шеърида халқона оҳанг бор. Қийналмай ўқийсиз, халқ қўшиқлари шаклини танлаб, кўз олдингизда манзарани аниқ гавдалантиради. Халқ қўшиқларининг оҳанги  ва мазмунини, халқимизнинг удумларини шеърга сингдириб юборади. Бир мисол: “Эртак” шеърида оталаримиз, бувиларимизнинг кечаси ёки узоқ йўлга чиққанда нон ҳамроҳ бўлади, жину ажиналар узоқлашади, деган удумини, инонч- эътиқодларини мавзу қилиб олади. Мақсад – удумни ёдимизга солиш ёки удумларни йўқотмайлик, деган шиорни тарғиб қилиш эмас, балки “ҳамон ёдга тушар ўша ўгитлар, Бурда нон дилимга далда солади, Жину ажиналар ўтади четдан, катта-кичик итлар ҳуриб қолади. Ажаб, бу ҳаётми, эртак, афсона” дея бировларнинг ризқ-насибасига кўз олайтирадиган “жин-ажиналар”, “итлар” баъзан ҳақиқатга айланиб қолишига ишора қилади.  
Хумоюн ўз олдига катта талаблар қўяди, шунчаки қофиясини келиштириб, сўзлар тизишдан, сохталикдан қочади. Унинг учун шеърнинг моҳияти муҳим. Ҳар қандай ижодкор ўз олдига талаб қўйганда, сўз жозибаси билан бирга, маънога ҳам эътибор беради. Шу ўринда шарқ адабиётшунослигининг машҳур намояндаларидан бири Жоҳизнинг қуйидаги гапини эслаш жуда ўринли: “Агар мазмун ғоят гўзал бўлса ва сўз тушунарли бўлса, сўз ҳақиқатан истеъдод билан ишлатилган бўлса, агар маъно ва шаклда мувофиқлик бузилмаса, сохталик бўлмаса, сўз, худди ҳосилдор ерга ёмғир ёққанда келтирган самара сингари, инсон қалбига таъсир кўрсатади... юракдан айтилган сўз юракка етиб боради, фақат тилдан чиққан сўз қулоқдан нарига етиб бормайди”. Хумоюн анъанавий шеърни – халқ оҳангларида ёзилган шеърни мазмунан бойитиш ва янгилаш имкониятлари ҳар доим бор эканини исботлади. “Бешгул шеърлари” туркумидан ташқари, “Самарқанд йўлларида”, “Эски дафтар”, “Талабалар шаҳарчасида” каби туркум шеърлари фикримизга яна бир далилдир.
Хотира изсиз йўқолиб кетмайди. Хотира қатида гоҳ юракларни жунбушга келтирадиган ҳаяжонли, гоҳ дардли, ғамли-аламли кечинмалар ётади. “Эски дафтар янгилар дардим” деб бошлабди Хумоюн бир туркум шеърларини. Бу шеърларида шеърхонни ўйлантирадиган ташбеҳлар, ўзига хос рамзлар яратади. Кимдир, шоир худди математик ёки физик сингари, ўзлигини ёшлик йиллари топади, деб айтган экан. Хумоюннинг эски дафтардаги шеърлари, талабалик пайтидаги ижоди намуналари айни “ўзлигини топган” йиллари ёзилгани аён бўлиб турибди.  Бу туркумдаги шеърлари - унинг таржима ҳоли. Ҳиссиётларини намоён қилишда энг асосийси - куйиб-ёниш, “ўн саккиз минг олам аро бўзлаб”, кўнгил султонининг ҳуснига асрлар давомида асир бўлиб ўтиш, армоннинг ширин шаробларидан, қайғу лаззатидан баҳраманд бўлиш. Қолган ҳаммаси беҳуда эрмакдай туюлади шоирга. Хумоюннинг шеърларидаги дард рамзий маъно касб этади. Унинг шеърларидаги дарднинг рамзий маъноси “шафқатсизлик”, “ҳижрон”, “айрилиқ”, “йироқ”,  “безовталик” каби образлар воситасида юзага келади. Шоирнинг шеърларидаги бу индивидуал рамзлар шеърларнинг таъсир кучини оширади, ўқувчининг қалбига ўз-ўзидан шоирнинг дарди кўчади, дард поэтик тафаккурнинг бир аъзоси сифатида кўз олдимизда ранглари ва оҳанглари билан намоён бўлади. Шоирнинг “Мусаввирга” шеъридан олинган қуйидаги сатрлари гўё ўзининг шеърларидаги дарднинг жамики рамзий образларини ифода этгандай:
Узун кеча кечар лаҳзадай,
Чизаркансан дарднинг сувратин,
Ранглар чалиб турар сирли най,
Мўйқаламнинг сўйлар ҳайратин.
Шоир ҳаётда гўзалликни излайди, турмушимизни ва инсонни ахлоқий томондан безайдиган фазилатлар шоир учун қимматли.  Унингча, ажойиб фазилатларни кўра олиш, китобхонга кўрсатиш, китобхон оддий тил ва юксак санъат билан ҳис қилишига ўргатишдир. Шоир ҳаётдаги гўзалликка мафтун бўлган ва ўқувчини ҳам шунга етаклайди. Шоир бунда дидактикадан қочади. Ўзининг қарашларига, хулосаларига китобхонни ишонтиришга мажбур қилмайди, аксинча шеърни тушуниш, англаш учун ўқувчининг руҳий сезгирлиги кифоя деб билади.
Хумоюннинг шеърларига хос яна бир алоҳида хусусият - унинг кузатувчанлигидир. Бу дегани – шоир шеърларининг оғирлик марказида кузатувчанлик туради, деганидир. Бу билан, Хумоюннинг шеърларида фақат ташқи қиёфа ва ташқи олам унинг маҳоратини белгиловчи омиллар экан-да, деган хулоса келиб чиқмайди. Қолаверса, ҳар қандай шеър ҳам кузатувчанликсиз яратилмайди. Хумоюн кузатувчанлик маҳсули бўлган ташқи қиёфа ва ташқи оламни инсоннинг ички оламига – яширин оламга бўйсундиради, унинг асосий эътибори ана шу яширин оламга қаратилган. Оғирлик маркази – шоир қаҳрамонининг яширин оламида. “Тожмаҳал”,  “Қадимий бозор”, “Куз туйғулари”, “Ҳолат” каби бир қатор шеърларида айни шу хусусиятни кўрамиз.  Жумладан, “Қадимий бозор” шеърига мурожаат этайлик: шеърда ўзига хос манзара яратилган. Ҳар доим мавжуд ҳасадгўйлик, ташвишу ғамлар, такаббурлик, қўйингки, нимаики иллатлар бор бўлса, ҳаммаси  ҳаёт деб аталмиш “бозор”да бор. “Бозор” – шу шеърнинг оғирлик маркази. Бу иллатларнинг ҳаммасини ўша “бозор”дан бепул олиш мумкин. Оддий ҳаётий ҳодиса, лекин аччиқ ҳақиқат. Аммо
Бунда савдонг бўлур бесамар –
На бир вафо, фидо бўлмаса.
Шод бўл, харид қилмасанг агар,
Шод бўл агар кўнглинг тўлмаса.
Иллатлар, фосиқлар бозори шунақа.
Хумоюннинг ўзига хос жаннатбахш жафолар, заҳил куз, бахил куз, олов хаёл, оқ либосга чўмган муҳаббат, рангин гуллар қучоқлаган бахт, бепоён дард, уйғоқ тоғлар, вафо шароби каби эпитетлари,  боғларнинг ҳайкали, тун изи, хотирамнинг боғлари каби қатор индивидуал метафоралари албатта ўқувчини бефарқ қолдирмайди. У индивидуал эпитетлар ва метафораларга кўпам ружу қўймайди, меъёрни сақлайди. Бу тасвир воситалари, шубҳасиз, шоирнинг кашфиёти деб қарашга лойиқ. Эҳтимол, бу кашфиётларни Хумоюнда ўрни-ўрни билан модерн шеъриятга мойиллик борлиги билан изоҳланса тўғри бўлар. Бу кашфиётлар, қолаверса ҳамма шоирнинг шеърларидаги ўзига хос тасвир воситалари машаққатли изланишлар, меъёрни сақлаш самарасидир. Шеърдаги меъёр ҳақида апокрифик адабиёт бўйича машҳур профессор Хуана де Майренанинг қуйидаги гапини келтириш ўринлидир: «Шуни билингки, шеъриятда, биринчи навбатда шеъриятда, қисқа йўл, тўғри ифодалар, нутқ оборотлари ёки образлари йўқки, машаққатлар билан  изланмаган бўлсин. Поэтик кўчимлар ортиқча бўлганда, шеърни тиниқлаштирмайди ва безамайди, балки уни мураккаблаштиради ва қоронғулаштиради. Инсон нутқини жуда аниқлик билан етказадиган қочиримлар ҳар доим ҳаммага тушунарли тилда яратилади». Бу гапни Хумою ижодига бемалол татбиқ қилиш мумкин. Сўзни ҳис қилиш, сўз танлаш, сўзга масъулият, ортиқча дабдабага берилмаслик унинг ҳар бир шеърида ўзини кўрсатиб туради.
Хумоюнда айрим  ҳолларда сентиментал кайфиятлар (“Тошкент сари учса ўйларим”), ҳаммага маълум дидактика (“Авлоний орзуси”), биро оз жўнлик (“Бедил”) учрайди. Албатта, турли даврларда ёзилган шеърларда бундай жўнроқ шеърлар учраши табиий. Тўплам истеъдодли шоир Хумоюннинг ижоди ҳақида тўлақонли тасаввур берибгина қолмасдан, адабиётда етук бир шоир ҳақида тасаввурларни тиниқлаштиради.

Насимхон Раҳмон