Руҳ ва маъно сарбони

Файзи гадову шоҳ аро мунташир,

Хизматиға шоҳу гадо муфтахир.

Алишер Навоий

1

Шарқ мумтоз шеърияти дунё бадиий тафаккурининг ўз жозибасига соҳиб, қудратли марказларидан бири. Жаҳонга шуҳрат таратган улуғ шоир-санъаткорларнинг аксарияти Шарқ шеърияти намояндалари эди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий улар даврасида алоҳида мавқе ва эътиборга эга.

Жомий – шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф, мутасаввиф. Ҳазрат Жомий кенг қамровли ижодиётида Рудакийдан бошлаб то Ҳофиз ва Камол Хўжандийгача бўлган сўз санъаткорлари анъаналарини ижодий давом эттириб, форс-тожик шеъриятини янги поғонага кўтарган эди. Жомийдан кейин бадиий ижод тажрибасини теран илм ва ирфон, қоядай сарбаланд бутун шахсиятдан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолганди.

“Султон Ҳусайн Мирзонинг замони, - дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур, - ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин батахсис Ҳири шаҳри мамлу эрди. Ҳар кишининг ким бир ишға машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай.

Бу жумладин бир Мавлоно Абдураҳмон Жомий эдиким, зоҳир ва ботин улумида ул замонда ул миқдор киши йўқ эди. Шеъри худ маълумдир”.

Асрдош ва издошларнинг Абдураҳмон Жомийга берган таъриф, тавсиф ва баҳолари бир жойга жамланса, наинки ўз замонида, ундан кейинги даврларда ҳам Жомийга тенг, Жомийнинг жойини эгаллашга муносиб Шахс таваллуд топмаган, деган хулосага келиш шубҳасиздир. Жомий шу қадар беназир, шу даражада ноёб шахсият. Алишер Навоий устозининг шаъни-шавкатини улуғловчи мана бундай сўзларни айтганда тўла ҳақ эди:

Ё раб, бу маоний дуррининг уммони,

Бу донишу фазл гавҳарининг кони.

Ким айладинг они олам аҳли жони,

Олам элиға бу жонни тут арзоний.

Кўп шоиру адиблар ижодга ўзларича қизиқиб кетиб, нафсни таниш, ранж ва машаққат оташида тобланиб шахсият яратишни умуман хаёлга ҳам келтиришмайди. Кўплаб майда “менча”лар хархашасидан қутулмаган “Мен” синиб, албатта парчаланади. Ҳолбуки, ижодкорнинг биринчи вазифаси ёзишни ўйлаш эмас, ёзадиган одамнинг (ўзининг) бутунлиги, ҳақиқий ҳурлигини тўғри аниқлашдир. “Жамиятбоп” ёзувчи бошданоқ мағлубиятга маҳкум. Маҳдудликдан у эрк ахтаради, ожизликни куч, фанони бақо дея тасаввур этади. Ҳурлик мақомига юксалиш беҳад оғир, ғоятда мураккаб иш. Бу хусусда кенг мушоҳада юритган Азизиддин Насафий шундай дейди: “Барча инсонлар бу оламда зиндондадирлар. Пайғамбар, вали, султон, малик – ҳамма-ҳаммаси боғланган. Баъзисининг бир, айримининг икки, бошқа бировининг ўн, яна бирларининг юз, баъзисининг эса минг занжири бордир. Бу жаҳонда занжир-тузоқсиз одамнинг ўзи йўқ. Аммо бир занжирли минг занжирлига нисбатан эркин, азоб ва изтирби ҳам унинг озроқдир”.

Дарҳақиқат, ўтар дунёда ҳар ким ўзича бир нимага мубтало: кимдир мавқе ва мансаб учун роҳат-фароғатини фидо айлайди, кимдир обрў ва амалдан ажралгани учун изтироб чекади; биров бой-бадавлат экан, қашшоқликка йўлиққач, ўзини-ўзи қийнайди. Кимлардир шон-шуҳрат шавқида бошқаларни ер билан яксон айлашга уринади. Ҳирс, тама домига илинганлар қанча. Ҳосидлар фитна ва ғавғо қўзғаб ниятга эришиш ҳаракатидан қайтмайди. Кимдир ҳамма нарсага қўл силтаб риндлик қадаҳини қўлдан қўймайди... Хуллас, кўпчилик аҳамияти паст турфа-турфа эҳтирос асири, яъни кўзга кўринмас занжирга боғлиқ. Демак, яхшилик билан ёмонлик, тўғрилик билан эгриликни фарқлаш ҳам нисбийдир. Нега шундай? Бунинг туб сабаби нимада ва нимадан бошланиб, нима билан тугайди? Мусулмон шоирлари орасида бадиий ва илмий асарлари, шахсий ҳаёт тажрибалари орқали ушбу саволларга тўлақонли жавоб бера билган мутафаккирлардан бири Абдураҳмон Жомий эди.

Умрест, ки ба ҳазор ман ҳастии ман,

Ман мегўям, вале надонам “ман” чист?

Мазмуни: Бир умрки, менинг мавжудлигим минг манда кечади. Ман дейман, аммо “ман” нима? Билмайман.

Содда қилиб айтганда, Жомий ижодиётининг ўзак ғояси Ишқ. Ҳақиқий ишқ нури, завқ-шавқи ила басиратни очиш. Кўнгил назарини маъно, моҳият оламига қаратиш.

Ўз жамолига назар ташлаб, тамошо қилди ишқ,

Ном бериб, ошиқ ила маъшуқни пайдо қилди ишқ.

Эрди ошиқ ботину маъшуқ зоҳир, этди акс,

Сирри ботинни зуҳур айлаб, ҳувайдо қилди ишқ.

Ўзида ул ўзни кўрди, жилвалар кўрсин дебон,

Сену менга бир ажиб миръоти дунё қилди ишқ...

Чинакам софлик – Дилдаги софлик. Руҳда, кўнгилда гўзаллик бўлмаса, зоҳирий гўзалликлар шуурга кенг йўл очиб беролмайди. Ҳазрат Жомийнинг “гул жамоли”дан “дил жамоли”ни устун қўйиб, мунаввар кўнгил ҳусни билан дунёни ҳайрон қолдир, дейишида олам-олам маъно яширинган:

Жамоли дил талаб кун, не жамоли гул, ки гар чун ҳур –

Жамоли дил шавад тобон, шаванд офоқ ҳайронаш.

Абдураҳмон Жомий руҳониятида гўё замин ва само, ғайб ва шаҳодат олами бирлашиб, ажралмас бир уйғунлик касб этган. Жомий тасвирларида руҳ бир шуъла, бир нур ва бир зиёдир. Руҳ, шаклан гоҳ қирмизи, гоҳ қора, гоҳ оқ ё сариқ ўлароқ турли-турли рангларда кўринади. Бундай вақтларда у моддани тамсил этади. Зеро, руҳга ранг бергувчи моддадир. Руҳ учун вақт, замон деган чегара йўқ. Хаёл, тафаккур сингари парвози кўп осон ва енгил. Тафаккур қаерда бўлса, руҳ ҳам ўша ерда. Англайдиган, хатосиз тушунадиган руҳ бўлиб, тафаккур унга эргашувчи. Модда руҳга тўсиқ бўлолмайди. Руҳ ҳамма жойга бора олади, ҳаводан, сувдан, олов ва тупроқдан бемалол ошиб ўтади. Руҳ бўлиниб парчаланмайди, лекин қуёш ҳар томондан кўринганидек, руҳ ҳам айни бир пайтда турли жойларга парвоз айлашга қодир. Жомий нуқтаи назарида маъно эътибори ила инсон улуғ олам бўлгани боис Оллоҳ уни ҳаёт, илм, ирода, қудрат, ҳис этиш, кўриш, калом каби ўзининг сўнгсиз сифатларидан бир қанчасига шерик этган ва ўзини инсонда шу сифатлар ила билган, билдирган. Комил инсон, бу оламнинг руҳи ва олам унинг жасади янглиғдирки, доимо руҳни ахтаради, излайди, орзу қилади. Шунинг учун инсоннинг биринчи ва асосий вазифаси, маънавий-ахлоқий бурчи нафсу шаҳват офатларидан қутулмоқдир. Ҳар қаердаки нафс ва шаҳват сели тўфон қилса, бахту иқбол хонаси ҳам барбод бўлур, дейди шоир:

Сели шаҳват ҳар кужо тўфон кунад,

Хонаи иқболро вайрон кунад.

Жомий оламини билган – Ҳақни ҳам, халқни ҳам билади. Жомийни ўқиган ва тушунган – ҳақиқатнинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам тушунади. Кўнгил заволини ҳам, камолини ҳам ҳис қилади.

2

Нуриддин Абдураҳмон Жомий 1414 йил 7 ноябрда Жом вилоятининг Харжард қасабасида туғилган. Жомийнинг бобо-бобокалонлари насл-насаби тоза, обрў-эътибори юксак зотлар бўлишган. Алишер Навоий Жомий вафотидан сўнг устозига бағишлаб ёзилган “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида бу ҳақда, “Аларнинг олий насаблари имом ул-мужтаҳидин Муҳаммад бинни Ҳасан бинни Абдуллоҳ бинни Товус бинни Ҳурмуз Шайбонийға борурким, Ҳурмуз бани шайбон қабиласининг малики эрмишким, Бағдодда салтанат қилибдур...”, деб ёзади. Шоирнинг отаси Низомиддин Аҳмад эса дин ва шариат илмининг пешволаридан эди. Илк таҳсилни Жомий отасидан олган, гўдакликдаёқ ўқишни ўрганган. Навоийнинг қайд қилишича, у “тўрт ё беш ёшларида” мактабга қатнай бошлаган. Лекин кўп ўтмай Жомийнинг оиласи Жомдан Ҳиротга кўчиб келишади. Бунинг сабабини Навоий шундай изоҳлайди: “Бори кичик ёшидин шабоб аҳдининг авойилиғачаким (йигитлик даврининг бошланишигача), Жом вилоятида эрмишлар – аларға фойда еткурур киши оз топилғон жиҳатидин:

Қуёш ул навъки мағриб сори,

Ё Наби уйлаки Ясриб сори,

шаҳрга азимат қилибдурлар...”. Ҳар бир иш ва ҳунарни камолга етказиш, талантни тўла рўёбга чиқаришга рағбатлантирувчи, илм ва ижодни қўллаб-қувватлаш билан танилган Ҳирот Жомийни қучоқ очиб қаршилайди. Илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт бешикларидан бўлган бу муаззам шаҳардаги номдор мадрасаларда Жомий илм ўрганишга киришиб кетади. Қисқа муддатда наинки зоҳир илми, ботин илмида, хусусан, тасаввуф жабҳасида кўп билим эгаллашга эришади. Аммо шеърдан йироқлашмайди. Илм ва ирфонни шеърият хизматига сафарбар этишнинг энг таъсирчан йўллари, табиий, кўркам усулларини излайди. Фикр ҳаёти, руҳ завқи, кўнгил зиёсини Жомий ҳар нарсадан – ҳаттоки, маърифатдан ҳам афзалроқ кўради:

Маориф гар чу мў борик бошад,

Чй ҳосил з-он чу дил торик бошад?

Мамуни: Маърифат сочдай нозик бўлса-да, юрак агар қорайган эрса, ундан нима натижа чиқади?

Жомий рубоийларидан бирида, қаердаки хона эшигидан даъво кириб келса, маъни шитоб билан туйнукдан чиқиб қочади дейди:

Ҳар жо зи дари хона даромад даъвй,

Маъни ба шитоб аз раҳи равзан бигурехт.

Шоирнинг ўзи эса бутун умри мобайнида даъво, иддао, шахсий ғараздан фориғ яшаган. Тафаккур, амал, муносабат, меҳр-муҳаббат холислигида Мавлоно Жомий само кишисидай таассурот қолдиради. У одам ва одамиятга нисбатан душманлик, беписандлик, золимликни умуман қабул қилолмайди. Унингча, бошқаларга ҳақсизлик ўтказиб, уларга паст назарда қараш итлик ва йиртқичлик. Бу итлик ва йиртқичликка сабаб ақлсизлик:

Ҳашм бо дигарон сагиву додйист,

В-ин сагиву додй зи бехирадйист.

Агар одамийлик кўз, оғиз, эшитиш ва кўриш билан белгиланса, девор нақшлари билан инсонийлик ўртасида ҳеч фарқ қолмайди. Чунки еб, ичиб, ётиб, ғазаб ва нафсга қул бўлиш инсонийлик оламидан бехабар, жаҳл зулматидан ҳеч қутулолмайдиган ҳайвонга ҳам хосдир:

Агар одамий ба чашм асту даҳону гўшу бини,

Чи миёни нақши девору миёни одамият.

Хўру хобу ҳашму шаҳват шағабасту жаҳлу зулмат,

Ҳайвон хабар надорад зи жаҳони одамият.

Улкан ижодий шахсият ҳар қанақа шароит, жон эзувчи ҳар қандай вазиятда ҳам катта орзу-умид, ёруғ хаёллар билан яшайди. Бу ҳолат уни баъзан хилват ё узлатга ундаса, гоҳо сафар ва саёҳатларга чорлайди. Жомий Туркистонни “каъбаи мақсуд” (бунда албатта Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор каби тариқат пирлари ҳам назарга олинган) деб таърифлаган эди:

Жомй, аз хоки Хуросон чй кунй азми Ҳижоз,

Чун туро каъбаи мақсуд ба Туркистон аст.

Хуллас, Жомий билимини такомиллаштириш учун Самарқандга йўл олади. Улуғбек мадрасасида ўқишни давом эттиради. Умумий маълумотларга кўра, машҳур қонуншунос олим хожа Фазлуллоҳ Абулайс, буюк мунажжим Қозизода Румий ёш толиби илмнинг қобилияти ва заковатига юқори баҳо берадилар. Султон Улуғбек ҳузуридаги бир йиғинда Қозизода Румий “Жомий каби баланд истеъдодли йигит ҳанузгача Амунинг нари ёғидан келмаган эди”, деган экан. Самарқанд ҳаёти, Самарқанд илмий-адабий муҳити Жомийнинг дилида ўчмас из қолдирганди. Самарқанд унинг илмига илм қўшиб, инсоний фазилатларининг бойиши ва теранлашувига эркинлик берганди. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш керакка ўхшайди. Самарқандда ҳам, кейинроқ Ҳиротда ҳам бир неча маротаба Жомийни сарой хизматига таклиф қилишади. Шоир эса бу таклиф ва илтифотларни қатъиян рад этади. Чунки у ўзининг тарихий вазифаси ва бурчини беками кўст адо айлаш, виждон хотиржамлиги, қалб ҳуррияти, фикр эркинлигини сақлаб қолиш учун илмдан, адабиётдан ўзга бир “майдон”ни тасаввур қила олмасди. Бу эса илм, ижод, санъат одами учун энг асосийси. Зеро, эркинлик кетса, дардисар ташвишлар, эътиқодни бузиб, иродани емирувчи ҳар турли бало-қазолар ўз-ўзидан бостириб келаверади. Шуни эътиборга олиб бўлса керакки, мутафаккир шоир “Юсуф ва Зулайхо” достонида ўғлига қаратилган насиҳатларида, мансаб эшигига асло яқин йўлама, “ки аз ҳар мансабе бемансаби беҳ” – “ҳар қанақа мансабдан мансабсизлик яхши” деб ёзади.

Навоийнинг вазирлик мансабини тарк қилиб, саройдан кетишга қарор айлаганлигини билган Жомий ундан бунинг сабабини сўрайди. “Инсон жинси суҳбат ва ихтилотидин мамул бўлиб эрдим, бу ишга ул боис бўлди”, дейди Навоий. Шунда Жомий “Инсон кимни хаёл қилиб эрдинг, бизга дағи кўргуз?” – деб сўроқ ташлайди. Ушбу саволнинг ўзиёқ инсонпарвар шоирнинг, халқ моли ва жонини зулукдай сўрган мансаб аҳлига муносабатини ниҳоятда аниқ акс эттиради. Жомий мансабни эмас, мансабпарастликдан туғилажак бедодлик, ноинсофлик, разолаткорликларни қоралаган. Мартабада кўтарилиб, одамийликда буткул тубанлашган эрксиз-ихтиёрсиз гумашталар қиёфасида у миллат, салтанат таназзулини кўрган - деҳқон, ҳунарманд меҳнатини ўйлаб эса дилига ёруғ ҳислар оқиб келган.

Қуввати жону тан зи деҳқон аст,

Қути руҳу бадан зи деҳқон аст.

Гар наёбад жаҳон зи деҳқон баҳр,

Қаҳт хезад зи корхонаи даҳр.

Мазмуни: Жону таннинг куч-қуввати деҳқон эрур. Руҳ ва вужуднинг хайр-баракаси деҳқондир. Агар дунё деҳқон меҳнатидан баҳра топмаса, корхонасида унинг қаҳатчилик қўпади.

Жомий тасаввуф илмининг чинакам билимдони, нақшбандийлик тариқига мансуб шайх, мутасаввиф шоир. Лекин у жаҳолат, риё йўлига кирган сўфийлар билан ҳеч муроса қилмаган. Ҳақ висолига эришиш иддаоси ила ҳамма нарсани йиғиштириб, сафсата сотишни касб этиб олган сўфий ва дарвешларни шоир деҳқоннинг бир томчи терига ҳам арзитмайди:

Ҳазар аз сўфиёни шаҳру диёр,

Ҳама номардумону мардумхор.

Корашон ғайри хобу хўрдан не,

Ҳечашон фикри рўзи мурдан не.

Мазмуни: Шаҳру диёрдаги бу сўфийлардан ҳазар қил. Уларнинг барчаси одамлик қиёфасини унутган, одамлик шаънини хорлаган кимсалардир. Ейиш-ичиш ва ухлашдан бошқа ташвишлари йўқ. Ҳатто ўлимни одамдай қаршилашни ҳам ўйлаб кўролмайдилар.

Халқни унутиб Ҳақ дегувчи, бу дунёга нафрат ила боқиб охират саодатига кўз тикувчилар Жомий маслагидан йироқ кимсалар эди. Бадбинлик, текинхўрлик, суратпарастлик, ортиқча шикасталик, маънавий мутеликларга у асло ён беролмасди. Оллоҳ ва пайғамбар, ишқ ва соф виждон ҳукми ила яшаш тарафдори эди.

Замондошларининг ишоратлари, хусусан “Рашаҳот айнул ҳаёт” муаллифининг хабарларидан англашилишича, Жомий расмий таҳсилини ниҳоясига етказиб, камолотга эришгач оила қуришни ихтиёр этиб, пири Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг қизига уйланиб, тўрт фарзанд кўрган. Тўнғич ўғли бор-йўғи бир кунгина умр кечирган. Иккинчи ўғли Сафиуддин Муҳаммад 1475 йилда таваллуд топган. Тўнғич чақалоқнинг ҳаётдан тез кўз юмиши Жомийни бу ўғилга қаттиқ боғлайди. Аммо бир йил ўтар-ўтмас у ҳам вафот қилади. Албатта, бу мусибат шоир қалбига фавқулодда ёмон таъсир ўтказади. Сафиуддин ўлимига бағишлаб у етти байтлик марсия ёзади. Унда шундай мисралар бор:

Рехтй хуни дил аз дидаи гирёни падар,

Раҳи бар жони падар н-омадат, эй жони падар!

Мазмуни: отангнинг гирён кўзларидан юрак қонларини оқиздинг. Отанг жонидан жой олгандинг нечун келмадинг, эй отангнинг жони!

Алишер Навоий устози кўнглига тасалли бериш ва айрилиқ оташини пасайтириш мақсадида Сафиуддин вафотига бир таърих ёзади. Орадан икки йил ўтади. Жомийнинг ёши 63 га тўлгач, 1477 йил оилада учинчи фарзанд дунёга келади. Икки ўғилдан жудо бўлган ота-онанинг ҳасратдан кейинги шодлигини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Янги туғилган ўғилга Зиёуддин Юсуф деб ном қўйишади. 1486 йил Абдураҳмон Жомий хонадонида тўртинчи ўғил туғилади. Унга Заҳириддин Исо деб ном берилади. Қарангки, у ҳам узоқ яшолмайди. Шоир биргина ўғил – Зиёуддин Юсуф билан қолади.

Зиёуддин Юсуф тўрт ёшда экан, шоир унга атаб 1481 йилда бир панднома ёзиб, уни “Туҳфат ул-асрор” асарига киритади. Сўнг фарзандига мурожаат тарзида яна икки панднома яратади. Улар бугун ҳам таълим-тарбиявий аҳамиятини айтарли бой бергани йўқ.

3

Абдураҳмон Жомий серқирра ва сермаҳсул истеъдод соҳиби. Илмда унинг асарлари сони элликдан ортиқлиги қайд этилган. Жомий мумтоз шеъриятнинг ғазал, рубоий, қитъа ва бошқа жанрларида илҳом билан ижод қилган. Ишқ, ирфон, комиллик ғояларини у янгича муносабат, янгича оҳанг ва бўёқларда тасвирлаб берган. “Менинг шеърим, - дейди у, - ишқ азоби ва қон ютишнинг баёнидир. Ғазал девони эмас улар, менинг қилган ишларим, чеккан ғам-ғуссаларим”.

Шеъри ман Жомй, баёни ишқу хун хўрдан бувад,

Ин на девони ғазал, девони аъмоли ман аст.

Шоирнинг қалб ҳолати, изтироб ҳарорати, шахсий фазилатлари шеърда нечоғлик ёрқинроқ аксини топса, самимият ўшанча ортади. Шоир ҳамма нарсага инонтирса-ю, самимиятга, хусусан, дард ва изтироб самимийлигига инонтириб билмаса, қилган меҳнати бесамар. Анъанавий йўлда ижод қилишнинг қалтис жиҳатларидан бири ана шу. Қайси лирик жанрда қалам юритмасин, Жомий буни ҳисобга олган. Шунинг учун форс-тожик шеърияти Жомий тажрибалари тимсолида соддалик ва самимиятнинг янги марраларини ишғол айлаган эди дейиш мумкин.

Ҳаёт файзи, умрнинг сир-асрори, ишқ ҳикмати, ошиқлик ғам-азоби, маъшуқанинг нозу итоби, орифнинг сукути, ғарибнинг ҳасрати, фақирнинг шавқи, юлдузларнинг чарақлаши, ғурубнинг маҳзунлиги, туннинг шукуҳи, самовотнинг чексизлиги – буларнинг бариси шеър. Турфа кўзли булоқларнинг шилдираши, денгизларнинг сокин шовуллаши, шамолларнинг қўшиғи, япроқлар ва гулларнинг ўпишиши, булбулларнинг ноласи – бу мусиқа. Ваҳдати вужуд таълимотига таяниб Жомий ана шу ҳақиқат, манзара ва мусиқаларни инсон руҳи, қалби, тафаккур сирларини очишга хизмат қилдиради. Авомга мақбул, оломон савиясига мувофиқ тушадиган шеърни у суст ва хом шеър деб ҳисоблаган:

Шеър, к-афтод қабули хотири ом,

Хос донад, ки суст бошаду хом.

Ғазал, рубоий, қитъа, таржиъбанд, таркиббанд жанридаги шеърлари Жомийнинг лирик салоҳиятини намойиш этган бўлса, достонлари эпик маҳоратини кўрсатган. “Туҳфат ул-аҳрор” (“Хайрли кишилар туҳфаси”), “Сибҳат ул-аброр” (“Яхшилар тасбиҳи”), “Юсуф ва Зулайхо”, “Лайли ва Мажнун”, “Хирадномаи Искандар”, “Соломон ва Абсол”, “Силсилат уз-заҳаб” сингари асарларида фалсафа, ахлоқ, ишқ, ирфон ва тасаввуф, жамият ва сиёсат, шахс эрки ва салтанат сингари масалалардан баҳс юритилган. Кейинчалик улар “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) номи остида бирлаштирилиб шуҳрат тутган.

Жомийнинг насрда ёзилган асарлари орасида “Баҳористон” ва “Нафаҳот ул-унс” китоблари доимо кучли иштиёқ билан ўқиб-ўрганилганини таъкидлаш лозим. Жомий “Рисолаи аруз”, “Рисолаи қофия”, “Рисолаи мусиқа”, “Шарҳи рубоиёт” каби бир неча илмий рисолаларнинг ҳам муаллифи. Буларнинг ҳар бири учун Жомий заҳмат чеккан, кўз нурини сарфлаган. Табиийки, ҳар бирида бир ихтирони кўзлаган.

4

Башарият қадим Шарқдан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Шарқ барча буюк динларга бешик. Жаҳондаги энг муҳташам маданият, илм-фан кошоналари дастлаб Шарқда бино этилган. Адабиёт, санъат, мусиқа орқали ўзни танишни инсон илк бора машриқзаминда амалга оширган.

Хуллас, айтса-айтгулик ҳақиқат ва ҳодисотлар кўп. Уларга эришиш қандай кечган? Деярли бирортаси ҳам енгил ва осон бўлмаган. Ҳаммасининг ортида машаққат, фидоийлик, азоб-уқубат ва шижоат яшириндир.

Маълумки, Шарқ оламида тожу тахт, ижтимоий-сиёсий жангу жадаллардан ташқари, мазҳаб, тариқат олишувлари ҳам қулоч ёзган. Булар ҳам етмаганидек, олиму уламолар ўзаро масала талашишган: баъзан якка ҳолда, кўпинча гуруҳ-гуруҳ бўлиб найзабозлик қилинган.

Имом Ғаззолий ҳазратлари ислом оламининг фахру ифтихори мақомига юксалиб, жаҳонга довруғ таратган аллома. Бироқ ул зотнинг ғоятда кескинлик ва муросасизлик билан Форобий ва Ибн Синони қоралашларини англаш барибир қийин. Худди шунингдек, Ибн Рушднинг Ғаззолий танқидига қаратилган сўзларидан таажжубланмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Фикр-қарашлари дин, шариат, сиёсат “тарозу”сига тўғри келмай қолган мутасаввиф, шоир, олимларни куфр ва исёнда айблаш Шарқнинг айтарли барча ўлкаларида бир урф тусини олган. Боязид Бистомий, Ибн Сино, Ибн Арабий, Насимий... Булар каби юзлаб буюк сиймоларнинг исми шарифига “кофир” тамғаси босилган. Ҳолбуки, уларнинг ҳар бири инсониятнинг билимдон, ҳурфикрли фарзандлари эди. Қилич ва милтиққа очиқ қўлни қурол ўлароқ қарши кўтариб бўлмаганидек, жаҳолат, гумроҳлик ва ёвузлик бало-қазоларини фақат илм ё маърифат билан енгмоқ душвордир. Ҳайвон гулшанни босиб, янчиб топтагани сингари илмсизлик, нодонлик ирфон бўстонини пайҳон этади. Аҳмад Яссавий бежиз:

Нодонлардан қочиб ер остига кирдим мано,

демаган. Ёмонлик ва жаҳолатга қарши туришда Абдураҳмон Жомий нисбатан ўзгача йўл танлаган. Аввало шуни қайд этмоқ жоизки, Жомий биров тўғрисида ноҳақ сўз айтмаган, душманлик, хусумат кайфиятини умрида кўнглига йўлатмаган. Боз устига, юқорида эслатилганидек, ғанимлик, адоват ўчоғи бўлмиш амалдорлик муҳитига умуман қадам қўймаган. Аслида бундай одамда душман ва душманлик бўлмаслиги керак. Эл-юрт тақдирига куйинган, дину диёнат, илму маърифат деган ҳар бир киши у шоҳми, гадоми, олим ё ижодкорми – барча-барчаси Жомий қаршисида таъзимга бош эгган. Ва буни ўзи учун зўр шараф билган. Жомий оддий, беғараз, самимий, меҳнаткаш ва иқтидорли одамларни кўнглига нечоғлик яқин олса, ҳирсу ҳавога қул мансабдор, онг ва идроки қуриб-қақшаган диндор, риёкор сўфий, талантсиз, бироқ ашаддий худбин ва шуҳратпараст шоиру уламолардан ўзини ўшанча йироқ тутарди. Навоий учун Жомийни, Жомий учун Навоийни ёмон кўриб, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона иғво, фитна, туҳмат тўқийдиганлар эса қанчадан-қанча эди. Улардан баъзиларининг “табаррук” номлари ҳатто ихчам шаклдаги шеърларда ҳам очиқ тилга олинган. Эски баёзлардан бирига киритилган мана бу рубоийни ўқинг:

Коҳию Ғизолй он ду лояъқили маст,

Дар ғайбати Жомию Навой зада даст,

Дар даҳр касе ба мисли эшон нагузашт,

Коҳй, чу хас асту ҳам Ғизолй чу саг аст.

Мазмуни: Коҳию Ғизолий Жомий ва Навоийга ғайбат қўлини чўзган икки ақлсиз мастдир. Дунёда уларга ўхшайдиган бирор кимса ўтган эмас. Коҳий бамисоли бир хас бўлса, Ғизолий бир итдир. Навоий ва Жомийга тиш қайраган, ташланишга қулай вазият пойлайдиган бундай кимсалар шоир, олим, давлат одамлари орасида оз эмасди.

Жомий Самарқанддалиги пайтида бир неча уламолар уни кофир деб эълон қилиш талабини ўртага ташлашган. Асарларидаги баъзи тушунчаларни илиб олиб, Жомийни кимлардир шиа мазҳабига ён беришда, шиалик вакиллари уни ўз мазҳабларининг душмани дея танитишга уринишган. Лекин Жомийнинг панжасига панжа уриш, Жомийни таслим айлаш – бу ҳазилакам иш бўлмаган. Иғво ташаббускорларига шоирнинг шеърий жавоби мана бундай эди:

Эй муғбачаи даҳр, бидеҳ жоми маям,

К-омад зи низои шеаву сунй қаям.

Гуянд, ки Жомиё, чи мазҳаб дори?

Сад шукр, ки саги суннию хари шеи наям.

Мазмуни: Эй даҳр муғбачаси, жоми майимни узатгил. Шиаву сунний жанжалидан безор бўлдим. Агар “Жомий, сен қайси мазҳабдасан?” деб сўрасалар, айтурман: “Юз шукрки, сунний ити, шианинг эшаги эмасман”.

Шоир 1472 йилда Ҳижозга сафар қилганида “Силсилат уз-заҳаб” достонидаги баъзи байтларни дастак қилиб, Бағдоддаги муҳташам бир мадрасада ўтказилган йиғинда уни савол-сўроққа тутадилар. Бироқ ҳеч нима натижага эришолмайдилар. “Ногаҳон мени рафзга (шиага) нисбат бермасинлар дея Хуросон суннийларидан қўрқардим. Лекин Бағдодда равофизнинг жафосига йўлиқишни қаёндан билибмиз”, деган экан ўшанда Жомий. Лекин бундан-да қабиҳ ва даҳшатли ҳодисалар бўлиши мавлононинг тушига ҳам кирмагандир.

Жомий 1492 йил ноябрь ойида 78 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Бундай улуғ ва бетимсол зотларнинг вафоти – ҳаётдаги энг оғир айрилиқ, улкан йўқотишдир. Жомий сингари шахсларнинг қабрига жасад билан бирга бошқа ҳеч қачон топиб, ҳеч вақт қайтариб бўлмас маъно ва тафаккур махзани ҳам дафн этилади. Уларнинг ҳаётдаги ўрни ҳам, маънавий мавқеи ҳам ўлган кунидан бошлаб ғоятда аниқ билинади. Чунки улар етган тафаккур юксаклигига ўзга биров етолмайди, улар қилган ишни айни тарзда бошқа биров эплолмайди. Ҳирот-Ҳирот бўлиб Жомийникидай буюк ҳижрон маъракасини кам кўрган бўлса керак. Алишер Навоийнинг ёзишича, Хуросону Ҳирот аҳли бутун йил мобайнида мотам тутади. Сўнг йил оши берилади. Бу маъракага ҳам Ҳусайн Бойқаро бош бўлиб, уни эъзозу эҳтиром ила ўтказади. Қабр бошида ҳашаматли мақбара қурилиб, махсус ходимлар тайинланади. 1510 йил Исмоил Сафавий қўшинлари Ҳиротга бостириб киришади. Босқин нишонларидан бири Ҳазрати Жомий қабри эди.

“Исмоил Сафавийнинг улуғ шоир Мавлоно Абдураҳмон Жомийга нисбатан кўрсатган беҳурматлигини, - деб ёзади академик шоир Ғафур Ғулом, - адабиёт тарихи ҳали ҳам унутмайди... Шоҳ Исмоил: “Агар Ҳирот менинг қўлимга кирса, Жомийни тириклайин тутолсам, ўтда куйдираман, ўлган бўлса гўридан чиқариб, устухонларини куйдираман”, - деган эди. Исмоилнинг бу қасамидан ҳиротликлар хабардор эди. Сафавий Ҳиротни эгалламасдан бурун Жомийнинг ўғли Зиёвуддин Юсуф бошлиқ бир неча мухлислари Жомийни ва устози Саъдиддин Кошғарийнинг сўнгакларини гўрдан қазиб чиқариб, душман қўли етмайдиган холироқ бир жойга элтиб, яширинча, вақтинча кўмган эдилар”.

Жасад топилмаса ҳам шоир мақбарасига барибир ўт қўйилганди. Бу воқеага шоҳид Зайниддин Восифийнинг ёзишича, Сафавий аскарлари бошчилигидаги қарийб ўн минг киши мозор томон юришади. Ўша атрофдан қанча тахта, эшик, курси, ўтин топган бўлсалар, барини Жомий қабри устига ташлаб, сўнг ёқиб юборадилар. Бу ваҳшийликни изоҳлашга ҳожат йўқ, албатта. Бироқ бир қатор оғриқли саволларга жавоб топгинг келади. Бу дунёда ўзи қандай яшаш керак? Нега буюк Шахсларнинг қисмати кулфат, ғам-ғусса билан лиммо-лим тўла? Одам Атодан бошлаб пайғамбарлар ва дин улуғларининг бошларига келган фалокатларни хотирланг: Ҳазрати Одам жаннат неъматларидан маҳрум этилган; Иброҳим Халилуллоҳга ўғлининг бошини кесиш амр қилинган; Яъқуб алайҳиссалом ўғлидан ажралиб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўккан; Ҳазрати Юсуф қудуқ ичида балоларга гирифтор бўлган; Муаммад алайҳиссаломнинг оёқлари Тоифда қонга беланиб, Уҳуд куни тишлари синдирилган; Абу Бакр заҳарлаб ўлдирилган; Умар шаҳид этилган; Қуръони каримни жамлаган Усмон толеи ҳам шундай бўлган; Ҳазрати Али қилич зарбидан ўлган; Ҳасан заҳарланиб, Ҳусайннинг боши кесилган... Нечун бундай? Оллоҳ ҳақиқатда ҳам севган бандаларига қайғу ва жафони раво кўрадими? Мутасаввифларга кўра, “Оллоҳ сўнгсиз лутф соҳиби бўлганлиги боис, ёмонлик ундан эмас, ашёдан юзага келади. Иноят Оллоҳнинг инсонларни ёмонликдан муҳофаза этишдаги лутфидир. Бизни яхшилик ва мукамалликка йўналтирадиган – бу ёмонликнинг мувжудлиги.

Мавлоно Жалолиддин Румий муаммони янада ойдинлаштириб, бутун масъулиятни инсон зиммасига юклайди:

Олам аз мо ҳаст шуд н-е мо аз ў

Бода аз мо маст шуд н-е мо аз ў.

Мазмуни: Олам биздан пайдо бўлди, биз ундан эмас. Бода биздан маст бўлди, биз ундан эмас.

Дарҳақиқат, инсон ҳар нарса учун ўлчов ва мезондир. У ўзгартиради, таҳлил қилади, ҳукм юритади, ҳакамлик этади, нигоҳдан ўтказади, муҳофаза айлайди. Бир-бировини эъзозлаб, мадҳ қилган ҳам удир, таҳқирлаб, қийнаган ҳам у. Ранг, оҳанг, шодлик, таназзул ва тараққиёт, фикр ва хаёл, умид ва умидсизлик – ҳаммаси инсон олами. Инсон маъно ва моҳиятдир. Жомий ижодиётида ранг-баранг шаклларда теран ёритилган бош ҳақиқат ҳам худди шу.

Пайи он рав, ки орифи маънист,

Марди ориф ба дўстй авлист.

Абдураҳмон Жомий ҳаёти ва ижодиёти дунёнинг қатор мамлакатларида кўплаб олимлар томонидан ўрганилган, асарларидан намуналар ғарб ва шарқнинг турли тилларига таржима қилинган. Жомийшунослик айниқса ХХ асрда Россия, Эрон, Тожикистон, Озарбойжонда анча тараққий топган. Бу ўринда Е.Э.Бертельс, А.Ҳикмат, А.Мирзаев, А.Насриддинов, А.Афсаҳзод, М.Ражабов, А.Сатторов, А.Гулиев каби рус, эрон, тожик ва озар олимларининг тадқиқотларини эслатиб ўтиш мумкин. Жомийшунослик бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган. Абдураҳмон Жомий ижодиёти муҳиблари таниқли олимлар П.Шамсиев, Ш.Шомуҳамедов, А.Ҳайитметов, А.Қаюмов, Н.Маллаев, Б.Валихўжаев, Р.Воҳидов, С.Ғаниева, Ҳ.Ҳомидий ва бошқаларнинг мақола, рисолаларидан, шунингдек, алоҳида илмий тўпламлардан яхши хабардордирлар, деб ўйлаймиз. Ўзбек китобхони неча ўн йиллардан буён Жомий адабий меросидан сараланган лирик шеърлар, айрим достон (баъзилари парча ҳолида) ва насрий асарларни она тилида ўқишга муваффақ бўлишган.

Ҳазрат Жомийнинг маъно дуру гавҳарлари билан тўлиб-тошган ижод хазинаси бизга нечоғлик қадрли бўлса, унинг Алишер Навоий билан дўстлиги, устоз-шогирдлиги шу даражада эътиборли ва эҳтиромлидир. Бу – халқлар, адабиётлар, илм-фан, маданиятлар тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган ҳодиса. Жомий ва Навоийга ўхшаб дунёқараши – дунёқарашига, шахсияти – шахсиятига, маслаги – маслагига боғланиб, ижодиёти ва маҳорати ўзаро уйғунлик касб этган икки миллат, икки адабиёт вакилини тасаввурга келтириш қийин. Асарларида Навоий Жомий таърифида, Жомий Навоий мадҳида сўз юритар экан, уларнинг ҳар иккаласи ҳам гўё бир тафаккур иқлимида нафас олиб, бир дард ва шодлик гулшанида кезиб улуғ истеъдод, мислсиз бадиий ихтироларни шарафлаётганга ўхшайди. Навоийнинг Жомийга, Жомийнинг Навоийга қалб яқинлиги, меҳр-муҳаббати, ишончи қандай бўлган бўлса, дахл этмасдан уларга худди ўшандоқ ўрганиш, бир ёқлама, майда ёки ҳавойи фикр-қарашлардан қутулиб, ҳақиқатни сўзлаш лозим. Жомий ижодиётини ўқиб-ўрганмай, Навоий шаънига мадҳия тўқиш тарихий, ҳаётий, бадиий ҳақиқатга қанчалик зид бўлса, Навоий даҳосининг куч-қуввтини ҳис қилмай, ижодиётининг моҳият оламига кириб бормай Жомийнинг Навоийга таъсири хусусида мубоҳаса бошлаш шунчалик бемаъниликдир. Биз истаймизми, истамаймизми, Навоий Жомийга, Жомий Навоийга беҳад яқин – шахсиятда ҳам, ижодиётда ҳам. Бунга иқрор бўлиш учун фаҳм-фаросати жойида кишига биргина китоб – “Хамсат ул-мутаҳаййирин”ни ўқиб, мағзини англашга эришмоқ кифоя.

Илм-маърифатли халқ кимни севиш, кимларга ишониш, нимани ардоқлаш, нимага интилишни билишда унчалик хато қилмайди. Абдураҳмон Жомийнинг илмий-адабий мероси қадим-қадимдан ўзбек халқини қизиқтирган, ўқиб-ўрганишга иштиёқ уйғотиб келган. Ўн бешинчи ва ундан кейинги асрларда адабиётда ном қозонган бирор бир шоиримиз йўқки, Жомий шеърият мактабидан сабоқ олмаган бўлсин. Бу – тўхтаб қолмайдиган жараён. Бу – маҳдудлик, якравлик, ҳар турли товламачиликдан ҳамиша ғолиб чиқадиган интилиш. Азиз ўқувчи! Қўлингиздаги ушбу китоб бунинг ёрқин бир далили ва исботидир. Улуғ шоир девонларидан сараланган шеърлардан таркиб топган бу мажмуа адабиётсевар бир тадбиркор ташаббуси ва ҳомийлигида нашр этилди. Ғазалларни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол, бошқа жанрдаги шеърларни филология фанлари номзоди, малакали таржимон Эргаш Очил ўзбекчага ағдарди. Мен таржималарга алоҳида тўхталмадим. Чунки бунга зарурат сезилмади. Ўйлайманки, ўқувчилар ҳам, мутахассислар ҳам таржимонлар меҳнатига холис, демакки юқори баҳо беришади.

Хуллас, Ҳазрат Жомийнинг “Жаҳонда китобдин яхши ёр бўлмас”, деган гаплари яна бир карра тасдиғини топар, деб умид қиламиз.