«Қатағон қурбонлари хотираси» музейини зиёрат қилган кишилар 1916 йил қўзғалонига бағишланган экспозиция олдида узоқ вақт тўхтаб қоладилар. Бунинг сабаби, шу бўлимнинг сенсор-киоскидан Россиянинг совуқ ўлкаларига юборилган мардикорлар ашуласининг янграб, ота-боболаримиз бошига тушган мушкул савдоларни эслатишидир.
1916 йил қўзғалони Тавалло, Сидқий Хондайлиқий, Тошқин (Мўминжон Муҳаммаджонов), Ҳамза сингари шоирларнинг ёзувларидагина эмас, балки халқ оғзаки ижодида ҳам ёрқин ифодасини топган. Шундай асарлардан бири узоқ йиллардан бери халқнинг тарихий хотирасидан ўчмай келаётган ”Николай қон жаллоб” қўшиғидир. “Поездингни жилдирган...” сатрлари билан бошланувчи бу қўшиқ матни билан танишган киши унинг 1916 йил қўзғалонига сабаб бўлган “қон жаллоб” – Николай II нинг фармони асосида мардикорликка олинган ва Россия ўрмонларида мушкул бир шароитда дарахт кесган йигитлардан бирининг пажмурда қалбидан отилиб чиққанини сезмай иложи йўқ. Эҳтимол, унинг дилини ўртаган, она юртига, ота-онасига соғинч ҳисси балқиб турган бу қўшиқ оғиздан-оғизга ўтиш жараёнида, яна янги-янги сатрлар ва бандлар билан бойиган, айрим мисралари эса ўзгаргандир. Ҳар ҳолда, бу қўшиқнинг узоқ вақт давомида халқ ижоди намунаси сифатида яшаб келиши бежиз эмас.
Лекин ўтган асрнинг етмишинчи йилларида намангонлик айрим ижодкорлар ушбу қўшиқ матни Худойберди Қорабоев исмли ҳамшаҳарлари қаламига мансуб, деган даъво билан чиққанлар. Худойберди Қорабоевнинг Одилжон Эгамбердиев деган қариндоши эса, унинг “Мен қушимни ғозга солсам...” деган шеърлар тўпламини нашрга тайёрлаган. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти мазкур тўпламдан жой олган шеърларнинг Худойберди Қорабоев қаламига мансублигидан шубҳаланиб, Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига тақриз учун юборган. Аммо таниқли фольклоршунос Тўра Мирзаевнинг институт номидан берилган тақризи ўта салбий бўлишига қарамай, нашриёт тўпламни 1980 йили нашр қилади. Бунинг устига Тўра Мирзаев худди ижобий тақриз бергандек, унинг номини тақризчи сифатида қайд ҳам этади. Ваҳоланки, тақризчи тўпламдан жой олган аксар шеърларнинг халқ оғзаки ижодига мансублигини аниқ мисоллар билан исботлаган эди. (Тақризнинг қисқартирилган нусхаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг 1981 йил 24 апрель сонида босилган).
Худди ўша йилларда, бошқа бир фольклоршунос Малик Муродов телевидение орқали чиқишларида Худойберди Қорабоевнинг намангонлик замондошлари хотирасида қолган “Оқмас Карасконнинг суви” достони ва айрим шеърлари тўғрисида гапириб, унинг миллатпарвар ва ватанпарвар шоир сифатидаги жиҳатларни жўшиб таърифлаган. Фольклоршуноснинг жўшқин нутқини эшитганлар орасида Худойберди Қорабоевни яхши билган махфий хизмат ходими бўлиб, унинг “босмачилар”га ҳам, чекистларга ҳам баравар хизмат қилганини айтиб, шундай “мунофиқ киши”нинг асоссиз улуғланаётгани ҳақида тегишли идораларга хат ёзган. Худойберди Қорабоевнинг айрим шеърлари киритилган “Тирик сатрлар” тўплами нашри ўша заҳоти тўхтатилиб, табиийки, Худойберди шоирнинг шеърлари ундан олиб ташланган.
Аммо, орадан бир неча йил ўтиб, мазкур воқеа “унутилгач”, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти Худойберди шоирнинг шеърларини юқорида қайд этганимиз “Мен қушимни ғозга солсам...” деган ном билан тўплам шаклида чоп этган.
Худойберди Қорабоев, чиндан ҳам, 1916 йилда мардикорликка олиниб, Россиянинг ғарбий ҳудудларига юборилган. У шоиртабиат, бадиҳагўй киши бўлибгина қолмай, мусиқага ҳам ҳавасманд бўлган. Эҳтимол, у мусофирликда кўрган-билган ва ўз бошидан кечирган воқеаларни назмга тизгандир. Аммо, афсуски, унинг бирорта шеъри ҳаётлик пайтида чоп этилмаган. Босмачилар уни 1919 йилда ваҳшиёна қатл этганлар ва шу қилмишлари билангина қаноатланиб қолмай, асарларини куйдириб ташлаганлар. Шу тарзда, ундан бирор ёзма асар бизгача етиб келмаган.
Одилжон Эгамбердиев ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида нафақат Фарғона водийси, балки Қирғизистон ва Тожикистоннинг шаҳар ва қишлоқларида, шунингдек, Сурхондарёнинг Вахшивор, Хонжизза каби гўшаларида яшаган саксонга яқин кишилардан ёзиб олинган шеърларни Худойберди шоирнинг асарлари сифатида мазкур тўпламга киритган. Қизиғи шундаки, манба сифатида тилга олинган саксондан зиёд кишилар орасида Сайфиддин Жалилов, Набижон Қобилов, Саида Зуннунова, Эътибор Охунова, Назиржон Саидов, Исмоил Тўлак, Фарид Усмон, Усмон Шукур, Қобилжон Усмонов, Баҳром Жалилов сингари ўтган асрнинг йигирманчи-эллигинчи йиллари оралиғида туғилган, бинобарин, Худойберди шоирни кўришидан олган “маълумот”га таянган ҳолда, тўпламга шундай шеърларни киритганки, агар вақт топиб ахтарсангиз, уларнинг аксари халқ қўшиқлари ёки уларнинг бузилган нусхалари бўлиб чиқади.
Бу, масаланинг бир томони.
Одилжон Эгамбердиев Худойберди Қорабоевнинг Февраль тўнтаришидан сўнг, она юртига қайтишини тасвирлаб, унинг дунёқарашида рўй берган кескин ўзгариш тўғрисида бундай маълумотни берган: “Худойберди билан бирга гражданлар урушининг қаҳрамони, Андижон округ сиёсий идорасининг бошлиғи Терехов, Н.А. Резников (Х.Девоновнинг дўсти, темир йўл ишчиси – Н.К.) билан бирга Андижонга соғ-саломат қайтишган. Улардан аввалроқ партия топшириғи билан Андижонда иш бошлаган ревком раиси Бильдин (дўмликда нутқ сўзлаган йигит) мардикордан қайтганларни илиқ қарши олди. Энди шоир милтиқ ва қалам билан чекистлик қила бошлади”. (Таъкид бизники – Н.К., юқорида номи қайд қилинган тўплам, 13-бет).
Дарвоқе, Худойберди Қорабоев 1917 йилда она заминга қайтганидан сўнг, айни пайтда, ҳар икки томоннинг топшириқларини бажаради. Агар Худойберди Қорабоевнинг чекистлик фаолияти бир “қонжаллоб“ (қон сотиб олувчи) дан қутулиб, иккинчисига гирифтор бўлган эрксевар кишиларга ёқмаган бўлса, унинг “босмачилар” билан махфий алоқада бўлиши чекистларда унга бўлган ишончнинг йўқолишига сабаб бўлади. Хуллас, Худойберди Қорабоевнинг большевиклар манфаатига хизмат қилаётганини кечирмаган “босмачилар” уни ваҳшиёна равишда маҳв этадилар. Чекистлар эса, унинг ўлимидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, одамларда “босмачилар”га қарши ғазаб-нафрат кайфиятини уйғотадилар ва собиқ чекистнинг маълум даражада идеаллашишига йўл очиб берадилар.
Бу, масаланинг иккинчи томони.
Масаланинг яна бир томони шундаки, ҳар қандай илмий ва ғайриилмий баҳслар ўқтин-ўқтин такрорланиб турганидек, “Мардикорлар ашуласи”нинг муаллифлиги масаласи ҳам шу кунларда айрим тарихчи олимларни қизиқтириб қолган кўринади. Яқинда андижонлик таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Р.Шамсутдинов шогирди Қ.Бозоров билан бирга “Андижондаги 1916 йил қўзғолони тарихидан лавҳалар” сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Андижон Давлат университети “Илмий хабарнома”сининг 2010 йилдаги биринчи сонида чоп этилган мазкур мақолада, жумладан, шундай сўзлар ёзилган: “Мардикорликка ўнбоши қилиб тайинланган Худойберди Қорабоев мардикорлик мавзусида ёзилган ва халқимиз орасида машҳур қўшиқ бўлиб кетган “Дўнгалагим” шеърининг муаллифидир...”
Мақола муаллифлари ушбу сўзлардан сўнг шеър матнини тўла келтириб, яна давом этганлар: “Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кейинги вақтларда эълон қилинган айрим тарихий асарларда... бу шеърни халқ оғзаки ижоди маҳсули деб, ҳатто, матни бир оз ўзгартирилган тарзда берилмоқда. Жумладан, Ҳ.Зиёевнинг асарида: “Поезднинг жилдираги, Устахонаси билан дўнгалаги, Двинскага кетишди Мард йигитнинг бир бўлаги”, шаклида, “Ватан тарихи” китобида эса: “Поездингни жилдирган, Ўтхонаси билан дўнгалаги, Двинискага кетишди Мард йигитнинг бир бўлаги”, деб берилган. Ҳолбуки, ҳозирда пойтахтдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи залларида янграб турувчи “Дўнгалагим” ашуласининг матни ҳам Х.Қорабоев матни билан бир хил”.
Муаллифлар “Х.Қорабоев матни”дан олинган бир бандни келтириб, “шеърнинг муаллифи Х.Қорабоев дейишга асос етарли”, деб масалага нуқта қўйгандек бўлсалар-да, илмий этикага риоя қилиб, яна ёзганлар: “Албатта, ҳали бу баҳсли масалани узил-кесил, ҳужжатли асосда ҳал қилиш вазифаси олдинда турибди, насиб қилса, буни уддалармиз ҳам”.
Маълумки, йигирманчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб, ўзбек фольклорчиларининг янги авлоди Тошкент, Жиззах, Фарғона, Андижон сингари шаҳарларга бориб, халқ ўртасида тарқалган тарихий мавзудаги қўшиқларни ёзиб олишга алоҳида аҳамият берган. Шундай қўшиқларнинг бир қисми Ҳоди Зариф томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбек фольклори” (1939) мажмуасида илк бор эълон қилинган. Баҳс боиси бўлган “Мардикорлар ашуласи” ҳам шу мажмуада “Николай қон жаллоб” номи билан чоп этилган. Бошқа аксар халқ қўшиқларининг кимдан ёзиб олинганлиги қайд этилган бўлса-да, мазкур қўшиқнинг манбаи негадир тузувчи томонидан кўрсатилмаган. Тахмин қилиш мумкинки, Ҳоди Зариф бу қўшиқни турли шаҳарларда турли кишилар ижросида эшитган ва ёзиб олган. Шунинг учун ҳам қўшиқ матнини диққат-эътибор билан ўқиган китобхон унинг бир эмас, бир неча кишилар ижодининг маҳсули эканлигини сезмай қолмайди. Ҳоди Зариф мазкур қўшиқ матнини унинг бир неча версия нусхалари асосида тиклаган бўлиши мумкин, балки шунинг учун ҳам ижрочи исмини қайд этмагандир.
1916 йил қўзғолонининг йигирма йиллиги муносабати билан ўзбек адабиёти ва санъати асарларида чоризмнинг “халқлар турмаси” сифатидаги образини ёритишга алоҳида эътибор берилди. Шу муносабат билан “Николай қон жаллоб” шеъри “Дўнгалагим” номи билан қўшиқ қилиниб, радио орқали ижро этилди. Мазкур қўшиқ марғилонлик машҳур ҳофиз Акбар Ҳайдаров ижросидаги лаппаги эса халқ ўртасида катта шуҳрат қозониб, ўз даврининг мусиқий “хит”ларидан бирига айланди. Одилжон Эгамбердиев “Дўнгалагим” шеърини шу пластинкадан кўчириб олган. Буни Одилжон Эгамбердиевнинг “Худойберди шоирнинг “Мен қушимни ғозга солсам...” тўпламига кирган қўшиқ ва шеърлар ...ёзиб олинган, топилган қўлёзмалар, қўшиқлар ёзилган нодир пластинка ва турли хотиралар асосида тикланди”, деган сўзлари тасдиқлаб турибди.
Агар эътибор берсангиз, тўпламдаги “Дўнгалагим”дан бошқа бирор шеърда “Двинска” топоними учрамайди, аксинча, бир неча шеърда “Сизрань” шаҳрию Волга дарёси тилга олинади, холос. Агар Сизрань Волга дарёси тармоқлари ўтган ерда жойлашган бўлса, Двинска, аксинча, 1893-1917 йилларда шундай деб юритилган, аммо Латвиянинг Даугава дарёси ёқасида жойлашган, ҳозирда Даугавписл деб аталган пристань-шаҳардир. “Николай қон жаллоб” қўшиғининг ижодкори мардикорлик йилларини ўша ерда ўтказган.
Энди, мазкур қўшиқнинг Ҳоди Зариф нусхаси билан танишиб кўрайлик:
Поездингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги.
Двинска кетишди
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинска кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинска кеткизган
Николай золим замбараги.
Двинска йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин,
Йигитларни қийнаган
Николайинг йўқ бўлсин.
Тошкентингиздан миниб,
Тўп остидан чиқдилар.
Оналари: “Вой, болам!” деб,
Кафан тўнин бичдилар.
Ўтхонасини қичқиртиб
Истансага юргизди.
Кўктеракка етмасдан
Соз дуторимни синдирди.
Сув ошини ичмайман,
Этигимни ечмайман.
Қорда қарағай кесганман,
Ҳеч ҳақимдан кечмайман.
Олиб ўтиб Одесга,
Иморатига яратди.
Тиззамиздан қон сўриб,
Ўз фойдасига қаратди.
Ўнг қўлинда бир қассоб
Чўчқани сўяди беҳисоб.
Бизни тўққиз ой ишлатди
Николай деган қон жаллоб.
Мазкур қўшиқ матнининг лаппакдан ёзиб олинган нусхасида баъзи бир сўзлар ва сатрлар ўзгартирилган ёки тушириб қолдирилган. Бундан ташқари, матнга “Сизрань” ва “Андижон” сўзлари киритилган. Масалан:
Бизни тўққиз ой ишлатди
Сизрань деган ўрмонда.
Кетолмаймиз Андижон,
Бир чақа йўқ кармонда.
Агар қўшиқнинг Ҳоди Зариф нусхасида Николайнинг тахтдан ағдарилгани ва мардикорларнинг энди ўз ватанларига қайтиши мумкинлиги тўғрисида бирор имо-ишора бўлмаса, “Андижон нусхаси”да худди шу мотив етакчилик қилади:
Тахта кўприк битдими,
Поезд келиб ўтдими?
Мардикор олган Николай
Ўз тахтидан кетдими?
Бу ҳар икки матнни ўзаро қиёслаш қўшиқнинг муайян бир муаллифга мансуб эмаслигини, унга ҳатто фольклорчи олимлар ёки қўшиқ санъатидан озми-кўпми хабардор кишилар ҳам қўл урганларини кўрсатади. Бинобарин, бундан қарийб юз йил аввал яратилган халқ қўшиқларининг муаллифлиги масаласига оид баҳслар самарасиз эканлиги, шубҳасиздир.
Наим КАРИМОВ, профессор (Шарқ юлдузи)