Фридрих Дюрренматт ХХ аср мумтоз сиймолари қаторидан муносиб ўрин олган швейцариялик адиб. ХХ асрнинг катта адабиётининг детектив хусусияти ҳақида фикр юритиб немис адиби Бертольд Брехт шундай ёзган эди: “Биз фалокатлар шароитида ўз ҳаётий тажрибаларимизни орттирамиз. Фалокатлар асосида ўзимизнинг биргаликдаги ижтимоий ҳаётимиз амалга ошадиган қиладиган усулни англашимизга тўғри келади. Фикрлаш орқали биз инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак. Газеталарни ўқиётгандаёқ биз фалокат содир бўлиши учун кимдир нимадир қилганини ҳис этамиз. Хўш, нимани ва ким содир қилди? Бизни хабардор қилишган ходисалар ортида биз бошқа, бизга хабар қилинмаган ҳодисалар рўй берганини фараз қиламиз. Айни шулар ҳақиқий ходисалардир”.
Дюрренматтнинг асарларида, унинг кулгуси ва аччиқ истеҳзоси, алам ва дардлари, тилак ва ниятлари, изланиш ва кашфиётлари ортида, айни ХХ аср фожеа ва фалокатлари, ёзувчининг дардчил қалби ва тафаккурида уларнинг қолдирган чуқур из ва жароҳатлари бўй-басти билан намоён бўлади. “Мен христиан эътимоди муҳитида ўсиб улғайдим, - ёзади у ўзининг ёшлик ва ўспиринлик йиллари ҳақида. Албатта, унинг атрофидаги одамларнинг бари ҳам идеал эмасди, ҳар бир кишининг ўз нуқсони, иллати, яширин гуноҳи бор. Аммо ҳар ҳолда ҳали тажрибасиз, ҳаётнинг пасту-баландини кўрмаган навқирон болага дунёнинг асосини ташкил этган ва инсон ҳаётини белгилаб берадиган умумий тартиб мустаҳкам бўлиб туюларди. Дин, ахлоқ, ватанпарварлик, сиёсат ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, гўё. Олам ажойиботларга тўла. У туғилган қишлоқда ҳатто театр ҳам бор эди. Вокзалда эса узоқ-яқин шаҳарлардан келаётган поездлар югуришдан чарчагандек, “уф” торта-торта тўхтаб ўтишарди. ªишлоқда болалар учун кўнгил очар жойлар йўқлиги туфайли ҳар қандай ходиса томошага айланарди. Атрофда эса, кўзларни қувнатгувчи, дилларни яйратгувчи ям-яшил тоғлар, кўкда яқинлигидан ерга кулай-қулай деб тургандек туюлган юлдузлар. Онасидан эшитган инжилдаги мўжизаларга тўла ривоятлар дунёсига ўхшарди борлиқ.
Ана шу тинч ва осуда, қадимдан ўзгаришсиз сақланиб келаётган одат ва удумлар билан яшайдиган оламни уруш остин-устун қилиб юборди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Дунё ҳақидаги илк тасаввурларга мутлақо ёт, тамомила бегона - алғов-далғовларга, даҳшатли воқеаларга тўла, аччиқ дуд иси-ю, ўлим ва қон таъми келиб турган воқелик уни ўз исканжасига олди. Шу дамгача гўзалликка муҳтож кўзлар илғаган, эзгуликка чанқоқ дил туйган ҳаёт энди зулм, адоват, ғайр, шаҳват аксланган бадбуруш қиёфасини намойиш этди. Энди бутун борлиқ чирик ва ёлғон бўлиб туюла бошлади унга.
Айни шундай бир шароитда, Дюрренматт қўлига қалам олди. Унинг илк асарларига норозилик ва дилҳасталик доялик қилди. Дюрренматтнинг дастлабки ҳикояларида унинг назаридаги таянгчини йўқотган дунё сингари мудҳиш, ғалати, фантастик оламнинг сурати намоён бўлади.
Вақт ўтиши билан Фридрих Дюрренматтнинг услубида муайян ўзгариш содир бўлди, хусусан беҳад, давосиз дард ўрнини юмор эгаллади. Юмор, кулгу ёзувчи учун ҳаётнинг у англаган даҳшатли ҳақиқатидан йироқлашиш ҳамда бу ҳақиқатнинг оғир юки остида руҳий эврилишдан ўзини асраш воситасига айланди. Кулгуда у инсон руҳий-маънавий эркинлигининг ифодасини кўрди. Дюрренматт асарларидаги юмор ҳалос этувчи кучга айланди, ҳимояланиш воситаси вазифасини бажариб келди.
Бироқ у ҳар бир асарида тилга олинган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун моҳиятини очишга ҳаракат қилар экан, ҳаётдаги аллақандай парчаланишга, эврилишларга эътиборни қаратади. Масалан, “Шаҳар” ҳикояси қаҳрамонига қамоқхона қўриқчиси ишини таклиф этишади. Иш жойига, қоронғу ертўлага келганда, у ўзини шаҳар бошқарувига даҳлдор, қудратли кишидек ҳис қилади. Бироқ, аста-секин ўзи ва гўё у қўриқлаётган маҳбуслар ўртасидаги фарқ йўқолиб боради, ўзининг ҳам маҳбусга айланганлиги ҳақидаги ҳавотир ўй-ҳаёлини банд этади, бошлиқларнинг унинг эркинлиги ҳақидаги гаплари ҳам ёлғон бўлиб туюлади. Маҳбус ва қўриқчиларни ажратиб турган чегара ҳаёлий бўлиб чиқади.
Дюрренматт ижодида “лабиринт” мотиви етакчилик қилади. Лабиринт мотиви ўз ибтидосини қадим юнон мифларидан олган. Уларда ҳикоя қилинишича, лабиринтни афсонавий меъмор Дедал шоҳ Миноснинг амри билан афсонавий Минотаврни қамаш учун қурган. Швейцариянинг пойтахти Берндаги бинолар, бир-бири билан кесишиб, чалкашиб кетган кўчалар, уларни ўз исканжасига олган сон-саноқсиз аркалар, Швейцария тоғларининг бағрини ёриб тилка-пора қилган ва йўловчиларни ўз оғушига олиб, ёруғ оламдан айирадиган туннеллар ёзувчи ҳаёлотида лабиринт образининг пайдо бўлишига туртки берган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳар қандай ижодкор яратган образда унинг ўй-ташвишлари, ҳаётининг у илғаган қонуниятлари аксланади. Аксланади, ривожланади, шаклга киради, ўзгача мазмун касб этади. Лабиринт унинг асарларида инсонни ўз домига тортиб, маҳбусга айлантирган, ҳалос бўлишнинг асло иложи бўлмаган мудҳиш воқеликнинг рамзига айланди. Ва яна ёзувчи учун лабиринт ҳаёт ва инсон ҳақида чиқарган хулосаси - инсон қалбининг зоҳирий дунёсидаги нотурғунлик, унинг хатти-ҳаракатларидаги сабаб-оқибат муносабатларининг ноаниқлиги, ботин ва зоҳирнинг айрилиги, ёлғон ва ҳақиқат, эзгулик ва разолат ўртасидаги чегаранинг ўта мавҳумлиги, сурат ва сийрат маконсизлигининг ифодасидир. Унинг асарларида маънолар осонлик билан ўзгаришга учрайди, ўзининг зиддига айланади, кетма-кет яна ва яна ўгирилиб, аниқ хулоса чиқаришга, баҳолашга, бир тўхтамга келишга йўл қўймайди. Шу тариқа “ªўриқчи хотиралари” ҳикояси қаҳрамони бошпана деб билган ғор унинг учун қамоққа айланади, “Шаҳар” ҳикоясида ташқаридаги – шаҳардаги алғов-далғовлардан қутулиш ва хатто Шаҳарни бошқарувига даҳлдорлик туйғусини берган ертўла, айни пайтда қаҳрамон учун қамоққа, қайтиб чиқишнинг имкони бўлмаган лабиринтга айланади. Лабиринт ичида одам – қўриқчи, маъмурият, ҳокимият вакили, айни пайтда у – маҳбус, қурбон. Инсон ҳолатидаги бу ноаниқлик фақат унинг ҳаёлидагина бўлмай, реалликка айланади. “ªўриқчи хотиралари” ҳикоясининг сўнгида асар қаҳрамони арқонга осилган кишини кўради. Уни маҳбус, жиноятчи деб ўйлайди. Командир унинг қўриқчи эканлигини айтади. “Нима учун уни остирганимни биласанми? Чунки, бу қўланса ит ўзини қўриқчи эмас деб ўйлай бошлади. – Ўзини ким деб ҳисоблайди бўлмаса? – Маҳбус деб – жавоб берди командир”.
1976 йили Дюрренматтнинг “Мувофиқликлар” китоби чоп этилди. Кейинчалик матни қайта-қайта ишланган мазкур китобда муаллифнинг ҳозирги замон дунёси ҳақидаги тасаввурларини ифода этувчи фикрлар баён этилган.
Китоб гарчи “Мувофиқликлар” деб номланган бўлса-да, аслида унда номувофиқликлар ҳақида, ҳаётнинг мунофиқона ўзгарувчи қиёфаси ҳақида гап боради. Дюрренматт ҳаёт ва у ҳақидаги тасаввурларнинг ўзаро номувофиқлиги, реал воқелик ва одамлар онгида ўрнашиб қолган тушунчалар ўртасидаги ажралиш ҳақида ёзади.
Дюрренматт турли муносабат билан айрим давлатлар ва жаҳон сиёсати ҳақида кўп фикр билдирган. Замонавий сиёсий муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақидаги ўз ғоялари билан ўртоқлашган. Бир-биридан беҳад узоқлашиб кетган давлат сиёсати билан халқ манфаатларини яқинлаштириш ҳақида қайғурган. Аммо уни, санъаткор сифатида, сиёсий муаммолар эмас, аввало инсон қизиқтиради. Инсон, унинг табиати ёзувчи наздида барча нарсанинг, хусусан, ўша сиёсий муаммоларнинг асосини, ўзак томирини ташкил этади. ²озирги замон дунёсининг мунофиқ қиёфаси, аслини олганда, инсоннинг англанган ёки англанмаган мунофиқлигининг инъикосидир. Ёзувчи учун истеҳзо - бироз бўлса-да, ана шу қиёфасини тинимсиз ўзгартириб борадиган дунё ва инсонни англашнинг ягона воситасига айланади.
Истеҳзоли кулгу Дюрренматт ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У бир қатор комедия жанрида ёзилган асарларнинг муаллифи. Айнан комедия, унинг фикрича, ҳозирги замон дунёсининг гротескона қиёфасини очишга қодир, айнан комедия ҳақиқатни бироз бўлса-да, аён қилишга ёрдам беради.
Аслини олганда, комедия Дюрренматт ижодининг мазмун-моҳиятини ташкил этади - “Грек йигит грек қизни излайди” қиссасига иккинчи сарлавҳа сифатида “Насрий комедия” деган сўзлар танлангани бежиз эмас.
Бир қарашда Дюрренматт асарларида интрига одатий - икки қарама-қарши кучни зидлантириш асосида қурилгандек. Ахлоқ ахлоқсизликка, эзгулик разолатга қарши қўйилган. Шунга мувофиқ қаҳрамонлар танланган ва жойлаштирилган. Аммо Дюрренматтнинг мумтоз драматургия қоидаларига риоя этишининг ўзи ҳам истеҳзо кўринишини касб этади - эзгулик ва разолат ўртасидаги кураш тарзида талқин этилган дунё мантиғи унинг асарларида парчаланади. Унинг ўрнини ёзувчининг ўзгача, хушёр торттирувчи мантиғи эгаллайди. ²аёт, воқелик унсурлари ўша-ўша, лекин худди болаларнинг “калейдоскоп” ўйинчоғини озгина силжитса, озгина бурилса, унинг ичидаги рангли шишачалардан бутунлай бошқа безак пайдо бўлганидек, бу унсурлардан ёзувчининг бир ҳаракати билан буткул ўзгача манзара ҳосил бўлади. Дюрренматт қалами остида дунё бошқа маъно-мазмун касб этади. Аниқроғи, ёзувчи ўз ўқувчисини икки ва ундан ҳам ортиқ талқин томон етаклайди. Бу талқинлар бир пайтнинг ўзида ҳам бир-бирини инкор этади, ҳам қўшилиб кетиб, ажабтовур яхлитликни намойиш этади. ²икоянинг ривожи воқеалар алмашинуви асносида эмас, муаллифнинг аллақандай фантастик мантиғи асосида кечади. Фантастик эврилиш мантиғи истеҳзо воситасида ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборади ва реал воқеликка айланади. Масалан, “Мистер Ш таътилда” ҳикоясида шайтон эзгу ишлар қилиш учун ерга тушади. У иштиёқ билан эзгулик уруғларини сочади. Аммо оҳир-оқибат маълум бўлиб қоладики, дунё разолатсиз бўлиши мумкин эмас экан: иллатлар ҳаётни илгари силжитади, коррупция камайган сари эса иқтисодиёт инқирози кучайиб боради.
Биринчи қарашда бу ҳикоя ХVIII аср инглиз файласуфи ва ёзувчиси Бернард Мандевилнинг инсон ва жамият борасидаги қарашларини эслатгандек бўлади. Ўзининг машҳур “Асаларилар ҳақидаги масал ёҳуд алоҳида шахсларнинг иллатлари – жамият учун фойда” асарида у жамиятдаги гармонияни эзгу ишлар эмас, айни иллатлар сақлашга ёрдам беришини асослашга ҳаракат қилади. Асалари уяси тимсолида ўз даври жамиятини тасвирлаган адиб уни идеаллаштирмайди, хусусан, унинг наздида, одамларнинг хатти-ҳаракатларини шахсий манфаат ва даромадга интилиш белгилайди. Аммо бундай ҳол унинг учун табиийгина бўлиб қолмай, ақлга ҳам мувофиқдир, зеро унинг наздида жамият иллатларсиз барбот бўлади.
Мендевилдан фарқли ўлароқ, Дюрренматтнинг мақсади, иллатларни оқлаш эмас, балки нафақат ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар, ҳаётнинг ўзи ҳам омонатлигини кўрсатиш. Бу омонатлик ҳақида у ҳар бир асарида ўзгача ёзади, лекин хулоса ўзгаришсиз қолади: бизга мустаҳкам замин бўлиб туюлган исталган жойда ҳар дақиқа тубсиз жарлик пайдо бўлиши, шаклланган тасаввурлар чил-чил бўлиши ва тартиб ўрнида тартибсизлик намоён бўлиши мумкин.
Дюрренматтнинг ижодий меросида ғалати бир асар бор. Унинг тўлиқ номи: “Топшириқ ёҳуд назоратчининг назоратчилар устидан назорати. 24 жумладан иборат новелла”. Уни ташкил этган бу 24 жумланинг ҳар бири– битта боб. Бир неча саҳифага чўзилган боб–жумлаларда биронта нуқта йўқ. Улкан жумлаларнинг бўлаклари бир-бирига маҳорат билан боғланган ва Дюрренматтнинг Дунё ва инсон ҳақидаги тасаввурлари сингари, бири биридан келиб чиқади, бир-бири билан боғлиқ, бир-бирини тақазо этади. Унинг бошқа асарларида ҳам бир воқеа-ҳодисанинг турланган талқинлари узлуксиз бир жумлага бирлашиб кетади, зиддиятли яхлитликни ташкил этади. Бу яхлитлик чарчоқ ва чорасизлик омиҳтасидан дунёга келган. Аммо ўзи яратган оламдаги турланишлар сингари Дюрренматт ўқувчисини оҳиста, шошилмай, эҳтиросга берилмай, чарчоқ ва чорасизлик уммонидан охир-оқибат умид қирғоғига олиб чиқади. “²ақиқий ёзувчилик юмуши ҳар доим инсон имкониятларини англаш ва амалда синаб кўриш ишида иштирок этишдан иборат”, - деган эди бир ерда Дюрренматт.
Дюрренматт кўпинча яхши маълум бўлган тарихий ёки афсонавий сюжетларга мурожаат этади ва уларни бутунлай бошқача талқин этиш, улардан ўзгача хулосалар чиқариш мумкинлиги кўрсатади. “Пифиянинг ўлими” ҳикояси ҳам ана шундай асарлардан бири. ªадимий юнон афсонаси ва ундаги воқеа-ҳодисалар ёзувчининг истеҳзоли қалами остида турланиб, ўзгача мазмун касб этади. Дюрренматт қаҳрамонларининг ички оламига ғаввос каби шўнғийди, инсон руҳиятининг энг чуқур, қоронғу бурчакларини ёритади, гўё уларнинг вужудини ағдариб, ботиний қатламларни зоҳирга олиб чиқади. Дюрренматтнинг психологизми қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларида намоён бўлгувчи яширин, баъзан сир тутилган, баъзан англанмаган ниятларни юзага чиқаради.
Китобхон Дюрренматт талқинидаги дунёни қабул қиладими, йўқми, бундан қатъий назар, бир нарсани тан олиши тайин – ҳаёт баъзан ўзининг даҳшатла иршайган, бадбуруш томони билан инсон томон юзланади. Айни шундай дамлар синов дамларига айланади. Ана шундай дамларда бир елкасида раҳмон, бир елкасида шайтон ўтирган инсон уларнинг қай бирига қулоқ тутиши, умид ёки ноумидлик, эзгулик ёки жоҳиллик йўлини танлаши, ўзлигини сақлаб қолиши, ўзини ким деб идрок этиши ўзига боғлиқ. “Шаҳар” ҳикояси сўнгида айнан шунга ишоратни кўрамиз: “... ªўриқчи эмас, маҳбус бўлиб чиқишнинг ҳақиқатга айланиши мумкинлиги мен учун ҳаётимни чинакам дўзахга айлантирди. Зеро, билинтирмай ер қаърида чуқурлашган, деворларидаги даҳшатли башараларни ёритиб турувчи кўкиш нурга тўлган бу йўлакда ким ҳам яшай оларди? Бу мен учун дош бериб бўлмас бир ўйга айланган эди... Аммо чеки йўқ ўйларим ана шу ерга келганда, калламга ҳал қилувчи бир ғоя келди, Коперникнинг эътирофига ўхшаш: қўриқчиларнинг жойлашишини бошқача тасаввур қилиб кўриш керак...”
Улуғбек Саидов