Барча пайғамбарларнинг саййиди — Муҳаммад Мустафодирлар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюкликлари Аллоҳ ҳали инсониятнй яратмай туриб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нурини яратиши, у зотни ҳабибим деб аташи, тақволари, энг гўзая инсоний фазилатлари, бошқа пайғамбарларга берилмаган мўъжизаларнинг берилиши, охирги замон пайғамбари қилиб юборилишлари билан изоҳланади.
Пайғамбаримиз ҳаётлари Куръони карим таьлимоти асосида яшашнинг олий намунасидир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт тарзларини ўрганиш, ибрат олиш, ўз ҳаёт тарзини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт тарзларидек бўлишига ҳаракат қилиш инсонни икки дунё саодатига етаклаши шубҳасиздир.
Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюкликларини у зотга умматман дегувчиларгина эмас, балки ғайридин бўлган, ғарб алломалари ҳам тан олганлар. Инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди», деб айтган.
Олмон шоири Гёте бундай деб ёзган: «Мен дунё тарихини ўқиб, шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ямоқ яхтакларига ҳам арзимас экан... Виз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқ, бирон кимса, у зотдан юқорироққа ўта олмайди».
Диний қадриятларнинг душмани бўлган совет тузуми бизни Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) англаш саодатидан бебаҳра қилди. Истиқлол туфайли ўзлигимизни англаш, диний қадриятларни ўрганиш, инсонларни комилликка етаклашда улардан фойдаланиш имконига эга бўлдик.
Истиқлолдан сўнг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларига оид илмий-бадиий адабиётлар ўзбек тилида нашр этила бошланди.
Бу адабиётларни ўрганиш, улар воситасида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёти билан яқиндан танишиш мумкин.
Қуръонда Мусо, Исо, Юсуф (алайҳимуссалом) ҳаёти ҳақида алоҳида суралар мавжуд бўлса-да, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёти ҳақида алоҳида ҳикоя қилувчи сура мавжуд эмас. Қуръони карим ва бошқа манбаларга таяниб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёти ҳақида бадиий асар яратиш Рабғўзийга насиб этди.
Рабғўзий XIV аср адиби бўлиб, хоразмлик ижодкордир. Носириддин Бурҳонддин ўғли Рабғўзий Работ, Ўғиз деган жойларда қозилик қилган. Тахаллусини ана шу жойлар номидан олган.
«Қиссаси Рабғўзий», «Қиссаси анбиё» номлари билан машҳур бўлган бу асар 1309 йили Ислом динини қабул қилган мўғул ҳукмдори Тўқбуқанинг топшириғига кўра ёзилган.
Китобда дастлаб Пайғамбаримиз ҳақидаги қисса шеърий йўлда баён қилинган. Бу шеърий дебоча Пайғамбар ҳақидаги қиссанинг (сюжетнинг) фабуласидир. Шундан сўнг Пайғамбаримиз ҳаёти насрий йўлда ифода қилинган. Рабғўзий дастлаб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шажарасини беради: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абди Манноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мура ибн Каъб ибн Дубай ибн Адий ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Ҳузайма ибн Мудрика Ва умму Зубайр Сафиййа бинт Абдил Муталлиб. Ва умму Алийй ибн Аби Толиб Фотима ал-Кубро бинт Асад ибн Ҳошим. Ва умму Саъид Ҳамия бинт Суфён ибн Абди Шамс ибн Абди Манноф»
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобида Пайғамбаримиз насаби қуйидагича берилган: «У Зот — Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуталлиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мура ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн ан-Назр ибн Киноно ибн Хузаймо ибн Мудрико ибн Ильяс ибн Музар ибн Низар ибн Маъдд ибн Аднан».
Рабғўзий асари бошида пайғамбаримиз шажарасини, отаси, онаси, бобоси исмларини берса-да, Пайғамбаримиз исмларига тўхталмаган. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак исмлари кўп бўлиб, улардан айримларини келтирамиз: Муҳаммад — мадҳга, мақтовга лойиқ инсон; Маҳмуд — дунё ва охиратда мақтадувчи; Аҳмад — Аллоҳга кўп ҳамда айтувчи; Абул Қосим, Содиқ, Амин ва ҳоказо.
Қиссада ёзилишича, Пайғамбаримиз отасининг исми Абдуллоҳ бўлиб, онаси Омина эди. Абдуллоҳ Пайғамбаримиз она қорнида олти ойлигида вафот этади. Онаси эса Пайғамбаримиз 6 ёшга тўлганда дунёдан ўтади. Гўдакни бобоси Абдулмутталиб тарбия қилади.
Бани Саъд қабиласидан Ҳалима исмли аёл уни эмизиш учун олиб кетади. Ҳалиманинг ўнг кўкрагидан сут келмас эди. Чап кўкрагини тутади. Гўдак бу кўкракни эммайди. ўнг кўкракдан шариллаб сут кела бошлайди. Бунинг устига уларнинг қўтир туяси бўлиб, озгина сут берар, шунинг ҳисобига яшар эдилар. Гўдак туяга чиққач, қўтирлари йўқ бўлиб, кўп сут бера бошлайди.
Ҳалима болани тўрт йил тарбия қилади. Бир куни у болалар билан қўй-қўзи боққани борганида, осмондан икки фаришта тушиб, уни ерга ётқизиб, юрагини чиқариб, олтин идишда ювишади, олтин игна билан яна тикиб қўйишади. Бу воқеадан хабар топган Ҳалима болани Абдулмутталибга келтириб беради.
Абдуллоҳнинг ўғлини Абдулмутталиб бобоси ардоқлаб тарбия қилди. Қазоси яқинлашгач, тўрт ўғилларидан бири Абу Толибга топширди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йигит ёшигача унинг қўлида тарбия топди. Абу Толиб Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича исмли бой аёл хизматига беради. Хадича савдо иши билан шуғулланиб, у йилига икки марта Шом вилоятига, савдо сафари уюштирар эди.
Хадичанинг эри ўлиб, тул қолган эди. Унга кўп бой одамлар совчи қўйишди, аммо у турмуш қилмади. Бир куни туш кўради: ой унинг қўйнига кириб, сўнг бутун ер юзига нур таратади. Хадича тушини таъбир қилишни роҳибдан сўрайди. Роҳиб Таврот китобида битилган маълумотларни туш таъбири сифатида айтиб беради: «Бу ой охирги пайғамбар Муҳаммад Мустафо бўлиб, у сенга уйланади, пайғамбар бўлиб, бутун оламни нурга тўлдиради».
Хадича Муҳаммад мустафони ҳузурига чорлаб, уни кузатади. Бу ҳолатни Рабғўзий шундай тасвирлайди: «Хадича парда ичида ўлтуруб, бир Муҳаммад юзига боқар, бир Тавротга боқар эрди. Тавротда кўргани бир. Сочи қоралиқи, кўзи, қоши қамуғ нуроний. Андоғким қайда юруса ё ўлтурса қирқ кунга теги ул ердан йипор иси келур эрди».
Рабғўзий бу ерда Пайғамбаримизнинг қиёфаларини тасвирламоқда. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қиёфалари Аҳмад Лутфийнинг «Саодат асри қиссалари» китобида ҳам берилган. Жумладан, бу китобда бундай фикрларни ўқиймиз. «Ҳазрати Юсуфнинг ҳам, бошқа барча пайғамбарларнинг ҳам султони бўлган Расули акрамнинг чеҳраларига маҳлиё Зиёда у зотнинг қучоқдарида жон таслим этса, не бахт?»
«Зайд Муҳаммаднинг ҳузурига чиққанда ҳаяжондан титраб кетди. Қаршисида юзидан нур ёғилиб турган инсон турарди. Дунёда ҳеч ким бу инсончалик гўзал бўла олмаслигига -қасам ичишга тайёр эди. Аллоҳ барча гўзалликни ушбу одамда мужассамлаштирган экан, деган киши сира ҳам муболаға қилмаган бўларди».
Абдулмутталиб: «Ҳеч бир кўз бундан ҳам гўзал гўдакни кўрмаган. Ҳеч бир она бундан ҳам гўзал бола туғмаган. Қасам ичаманки, ҳеч кимнинг невараси менинг неварамдан гўзал эмас».
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Ҳадис ва ҳаёт» китобида Пайғамбаримиз киёфаларини ҳадислар мисолида очиб беради. Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмнинг ичида ўрта бўйли: новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли: ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар... У зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».
Бародан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб, елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди».
Жобир ибн Самура (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонлари гўшти оз эди».
Али (розийаллоҳу анҳу) қачон Набийни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васф қилса: «...Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У пайғамбарларнинг муҳридир», дер эди.
Рабғўзийга қайтамиз. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадичага уйланади. Хадича Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн беш ёш катта бўлганлар. Улар 25 йил бирга яшадилар. Хадичадан 3 ўғил, 4 қиз кўрганлар. ўғиллари: Қосим, Тоҳир, Таййиб. ўғиллари кичиклигида вафот этганлар. Қизлари: Фотима, Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузъида Пайғамбаримизнинг фарзандлари ҳақида қуйидаги маълумотлар бор: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарзандлари, асосан, Хадича онамиздан бўлган.
Қизлари: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум, Фотима.
Ўғиллари: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим.
Пайғамбаримизнинг ўғиллари гўдаклик чоғлари вафот этганлар. Уламоларимиз Абдуллоҳ, Тоййиб, Тоҳир бир шахс эканини айтадилар. Тоййиб, Тоҳир Абдуллоҳнинг лақаби бўлганини кўрсатганлар. Иброҳим эса Расулуллоҳнинг чўрилари Мория Қибтия онамиздан кўрган фарзандидир.
Пайғамбаримизнинг набиралари:
1. Али, 2. Амома, 3. Абдуллоҳ, 4. Ҳасан, 5. Ҳусайн, 6. Зайнаб, 7. Умму Кулсум.
Хадича онамиз вафотидан сўнг Пайғамбаримиз бир неча аёлларга уйланганлар. Манбаларда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотинларининг исмлари қуйидагича келтирилган:
1. Хадича, Савда, Ойша, Ҳафса, Умму Ҳабиба, Умму Сақала, Зайнаб, Жувайрия, Сафийа, Зайнаб, Маймуна, Мория, Райҳона».
«Қиссаси Рабғўзий» асари сюжетини кузатишда давом этамиз. Пайғамбаримиз 40 ёшга етганида Ҳиро тоғида ҳазрати Жаброил (алайҳиссалом) кўриниб, «Иқро» — “Ўқи”, деб ваҳий келтиради. Маълумки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савод чиқармаган эдилар. Ота-онасидан эрта айрилган, бобоси, қариндошлари қўлида тарбия кўрган инсонни Аллоҳ сўнгги пайғамбар қилиб танлаган эди. Ҳа, Аллоҳ нимани хоҳласа — бўлади!
Қуръони карим Раъд сураси 39-оятида бундай дейилган: «Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур». Шўро сурасининг 32-оятида эса бундай дейилган: «У ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва танг қилур».
Шу воқеадан бошлаб, Жаброил Муҳаммад Мустафога Қуръони карим оятларини етказа бошлайди, пайғамбар бўлганини уқтиради, одамларни Ислом динига чиқариш унинг вазифаси эканини айтади. Шу даврдан бошлаб Пайғамбаримиз одамларни Ислом динига тарғиб этишни бошлайди. Аёллардан хотини Хадича, эркаклардан Абу Бакр биринчи бўлиб, Исломни қабул қилади.
Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарларга берилмаган кўплаб мўъжиза, фазилатларни Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берган. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун инсу жин оламининг пайғамбаридир. Ёки қиёмат куни умматларига шафоат қилиш ҳуқуқи фақат Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берилган.
Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарши турган кишилар ичида энг катталари Умар ва Абу Жаҳл эдилар. Абу Жаҳл Умарга Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдириш учун 100 та туя ваъда қилади. Аммо Умар имон келтириб, Ислом динини қабул қилади. Асарда Усмон, Абу Бакр, Абу Толиб ҳақида маълумотлар берилган. Шундан сўнг Пайғамбаримизнинг Макка мушрикларидан кўрган зулм-заҳматлари келтирилади.
Абу Жаҳл бошлиқ мушриклар Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўьжиза кўрсатишни талаб қиладилар. Ойни ёриб беришини сўрайдилар. Пайғамбаримиз ишорати билан ой ёрилади. Шунда ҳам улар имон келтирмасдан, Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сеҳргар деб атайдилар.
Шундан сўнг, Меърож кечаси воқеалари берилади. Бу кечада Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўксини фаришталар ёриб, юрагини имон ва ҳикмат тўла олтин идишда ювиб, жойига қўядилар. Буроққа миндириб, Маккадан Байтул Мақдисга олиб чиқадилар. Ҳазрати Жаброил билан биринчи осмонда Одамни (алайҳиссалом), иккинчи осмонда Исо ва Яҳёни (алайҳимуссалом), учинчи осмонда Юсуфни (алайҳиссалом), тўртинчи осмонда Идрисни (алайҳиссалом), бешинчи осмонда Ҳорунни (алайҳиссалом), олтинчи осмонда Мусони (алайҳиссалом), еттинчи осмонда Иброҳимни (алайҳиссалом) кўрадилар.
Аллоҳ Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари учун бир кунда 50 марта намоз ўқишни буюрди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рози бўлиб тушаётганда, Мусо (алайҳиссалом): «Умматларинг бир кунда 50 марта намоз ўқишни уддалай олмайдилар, қайтиб чиқиб, уни камайтиргин», деб маслаҳат беради. Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайта-қайта сўровидан сўнг умматларга бир кунда беш вақт намоз фарз қилинган. Яна уқтирилдики, икки ракат намоздан сўнг «Аттаҳийёт...»ни ўқиш савоби етти қават осмондаги барча фаришталарнинг бир кунги ибодати савобига тенг бўлур.
Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаннатга олиб кирдилар. Жаннат ажойиботларини кўради. Жаннатда Идрис (алайҳиссалом) билан учрашдилар. Идрис (алайҳиссалом): «Эй Муҳаммад, қани энди мен сенинг умматинг бўлсам эди», деб орзу қилади.
Азиз китобхон! Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммат бўлиш нақадар буюк иш эканини тушуниб етдингизми?!
Аллоҳга холис тоат-ибодат этган, намознни адо қилганларга жаннат эшиклари очиқ бўлишини англаш нақадар ҳузурбахш туйғу!
Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дўзахни, у ердаги азобларни кўрсатадилар. Пайғамбар ерга тушса, ўрни ҳали совумаган экан.
Абу Толиб вафотидан сўнг Абу Жаҳл бошлиқ мушриклар Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зулмни янада кучайтирдилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳ амри билан Абу Бакр йўлдошлигида Маккадан Мадинага кўчадилар.
Ҳижратнинг учинчи йили Бадр жанги, тўртинчи йили Уҳуд жанги, бешинчи йили яна Бадр жанги бўлиб ўтди.
Қиссада Макка забт этилгач, Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа жойларни қандай қилиб ислом динига даъват қилгани ҳақидаги маълумотлар берилади.
Қисса сўнгида Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотлари берилган. Бу ўриндаги Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги сўзлари ҳар бир мусулмоннинг қалбини ларзага солиши шубҳасиздир: «Эй Азроил, бу кундин қиёматга теги манинг умматларимга жон бермак қаттиқлики бор эрса, ул қаттиғлиютарни манга юклагил. Ул қаттиғликлар манга бўлсун, умматларимқа бўлмасин».
Рабғўзийнинг ушбу асари XIV асрга хос тилда ёзилгани учун бугунги кун китобхонига тушунишда анча қийинчиликлар туғдиради. Шундай бўлса-да, бу асар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт йўлларини одамларга тушунтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилди.
Рабғўзий асари Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилишидан бошланса, Аҳмад Лутфий асари Фил воқеаси тасвири билан бошланади. Абраҳа исмли ҳукмдор одамларнинг Маккага талпинаётганини кўриб, Маккани бузиб юборишга аҳд қилади. У Яман ҳукмдори бўлиб, 60 минг лашкар билан келган эди. Лашкар сафида «Маҳмуд» лақабли улкан фил ҳам бор эди.
Маккага яқинлашгач, фил Макка томон бир қадам ҳам юрмайди. Шу пайт осмонда Абобил қушлари пайдо бўлиб, улар Абраҳа аскарларига тош отиб, уларни қириб юборади.
Шу воқеадан сўнг Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилиш воқеалари тасвири берилади. Рабғўзий воқеаларни холис тасвирласа, Аҳмад, Лутфий Пайғамбаримизга оташин муҳаббатини яширмайди. Қиёс қилинг: Рабғўзий асарида Муҳаммад, Расул, Мустафо, Набий номларинигина қўлланса, Аҳмад Лутфий Пайғамбаримиз номларини олтмишдан ортиқ сифатловчи билан келтиради.
Аҳмад Лутфий қўллаган сифатловчиларни келтираман: Расулуллоҳ, Аллоҳнинг севимлиси, Набиййи Акрам, Фахрул Мурсалин, Сарвари анбиё, Афзали анбиё, Расули акрам, Сарвари олам, Ҳазрати пайғамбар, Набиюллоҳ, Фахри коинот, Набиййи муҳтарам, Жаноби пайғамбар, Расули Кибриё, Набиййи акмал, Зоти Шариф, Саййидул анбиё, Расули муҳтарам, Пайғамбарлар султони, Ҳабиби акмал, Акмали анбиё, Сарвари коинот, Султони зишон, Набийлар султони, Жанобимиз, Ҳидоят имоми, Буюк пайғамбар, Ҳазрати Муҳаммад, Султонул анбиё, Пайғамбари замон, Ҳабиби Худо, Набийлар сарвари, Пайғамбари зишон, Пайғамбар ҳазратлари, Сайидул мурсалин, Пайғамбарлар имоми, Имомул анбиё, Саййидул башар, Фахри олам, Ҳабиби акрам, Расули зишон, Расули муштабо, Аллоҳнинг расули, Коинот саййиди, Имомул анбиё, Элчиларнинг энг фахрлиси, Саййидул анбиё вал мурсалин, Расули муҳтарам, Маҳбуби Раббул оламийн, Хотамул анбиё, Раҳмат пайғамбари, Расулларнинг охиргиси, Пайғамбарлар азизи, Пайғамбарлар саййиди, Муттақийлар имоми, Ҳазрати Расулуллоҳ.
Рабғўзий асарида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат пайғамбар сифатида берилса, Аҳмад Лутфий қиссаларида эса ҳам пайғамбар, ҳам оддий инсон сифатида берилади. Ҳазрати пайғамбаримизнинг ибратли инсоний фазилатлари хотинларига, фарзандларига, ёр-биродарларига, дусту душманларига бўлган муносабатларида, уларга айтган гапларида ёрқин кўринади.
Улуғ инсонлар, хусусан, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) характерини тасвирлаш, унинг индивидуал хусусиятларини бера олиш, нутқидаги индивидуал томонларни акс эттириш ёзувчидан катта масъулият, маҳорат талаб этади. Дадил айтиш мумкинки, Аҳмад Лутфий бу ишнинг уддасидан чиққан.
Улуғ Пайғамбаримизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида, сўзи ва гапида эзгу ғоялар ёрқин кўриниб туради. Биргина мисол. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётининг сўнгги дамларида атрофидаги кишиларга қарата бундай дейди: «Сизлар Парвардигорингизга қовушасизлар. У эса сизлардан қилган ишларингиздан Ҳисоб олади. Эҳтиёт бўлинглар, мендан кейин бир-бирларингизни ўлдирадиган бўлманглар ва бу йўлларингдан озмангларки, адашган кофирларга ўхшаб қоласизлар. Диққат қилинглар, бу ерда ҳозир бўлганлар, ҳозир бўлмаганларга сўзларимни етказинг. Умид қиламан, бу сўзлар етказилганда, бир қисми мендан эшитганлардан кўра яхшироқанглаб етишар... Сизларга бурни тиртиқ, қора танли бир қулда бўлсин, агар амир қилиб тайинланса, Аллоҳнинг китоби билан сизларни бошқарса, унга қулоқ солинглар, бўйсунинглар. Мана бу тўрт муҳим буйруққа риоя қилинглар: Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик тутманглар; Аллоҳ ҳақсиз ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманглар; зино қилманглар; ўғирлик қилманглар».
Аҳмад Лутфий қиссаларида бундай ибратли томонлар кўп, ҳаёт ҳақиқати ва бадиий тўқима муносабатида меъёр бузилмаган.
Истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, ўзбек тилида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақидаги илмий манбаларга таянган ҳолда жаноби Пайғамбаримизнинг феъл-атворларини ҳаққоний ифодаловчи бадиий асарлар яратиш, Пайғамбаримизнинг ибратли ҳаётлари асосида инсонларда инсоф, адолат, ватанпарварлик каби хислатларни тарбиялаш ўзбек адиблари олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
Баҳром Жалилов