Улуғбек ҲАМДАМ, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари Бош муҳаррири в.б:
Устоз, негадир кейинги пайтларда адабиётнинг вазифаси тўғрисида кўп ўйлайман. Бундоқ қарасак, бундан бир-бир ярим аср муқаддам адабиётнинг ижтимоий функцияси ҳақида бугунгидек гапирилмаган экан. (Зеро, бунга асоснинг ўзи бўлмаган). ХIХ аср охири ва, айниқса, ХХ аср аввалига келиб эса, унинг зиммасида ғоят салмоқдор ижтимоий вазифа пайдо бўлдики, натижада, мазкур жиҳат бир неча ўн йил мобайнида адабиётнинг ажралмас узвига айланди. Вақтлар бўлдики, адабиёт одамларнинг дунёқарашларини, ҳаётга ёндашувларини, кайфиятларини белгилади, уларни йўналтирди. Бугун эса ундай эмас. Демак, давр ва унинг кайфиятига қараб адабиётнинг инсон (ўқувчи) олдидаги вазифалари ўзгариб турар экан-да?..
Наим КАРИМОВ, филология фанлари доктори, профессор:
Тарих ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида дунёга келган жадид адабиётининг зиммасига муҳим масалаларни юклади. Жадид маърифатпарварлари ХVII-XIX асрлардаги ижтимоий-иқтисодий таназзул ҳамда Кауфман, Скобелев, Черняев, Мочаловларнинг ваҳшийлиги ва зулми остида эзилган, қадди букилган, ўз Ватанида эркин яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган халқни уйғотиш вазифасини қўйди. Жадидлар ўз зиммаларига қўйилган шу тарихий вазифани шараф билан бажардилар. Шунинг ўзиёқ биздан уларга, уларнинг ижтимоий-маърифий ва ижодий фаолиятига катта ҳурмат билан муносабатда бўлишимизни тақозо этади. Менинг бу масалага тўхталишимнинг боиси шундаки, жадидлар адабиётнинг ижтимоий функциясини ошириб юбордилар, бадиий адабиёт елкасига катта ижтимоий вазифани юкладилар. Халқнинг тарихий тақдирини ўзгартириш учун адабиёт, энди, кураш қуролига ҳам айланиши зарур эди. Жадидлар шу масалага жуда нозик ёндашиб, дастлаб, маърифатпарварлик ғоялари билан тўйинган асарларни яратдилар. Кейин эса: “Онам, сени қутқармоқ учун жонми керакдур? Номусми, виждон била иймонми керакдур?” деб ўзларининг эрк ва ҳуррият йўлида жонларини фидо қилишга ҳам тайёр эканликларини айтдилар. Мазкур сатрлар ёшларнинг илғор қисмида ҳуррият учун кураш истаги ва мақсадини уйғотди.
Шундай “ижтимоийлашган” жадид адиблари қаламкаш биродарлари ижодига ҳаёт ҳақиқатини ҳаққоний акс эттириш нуқтаи назаридан ёндашдилар. Чўлпон “Фарғона фожиалари” пьесасида шу масалада чекинган Ҳамзани қаттиқ койиди. Аммо, жадид танқидчилигининг бундай “ижтимоийлашиш”и замирида халқ ва мамлакат тақдири билан боғлиқ мақсад ётган эди.
1917 йилдан кейин, бошқа қўшни миллий адабиётларда бўлганидек, ўзбек адабиётида ҳам жадид адабиёти эришган марралардан ва миллий адабий илдизлардан узоқлашиш, рус йўқсил адибларининг, кейинчалик, рус мумтоз адибларининг шўро мафкурасига зид бўлмаган асарларини таржима қилиш, адабиётни шўро даври ғояларини тарғиб қилувчи минбарга айлантириш жараёни кечди.
Мободо, жоиз бўлса, шу ерда бир лирик чекиниш қилсам. 1921-1923 йилларда Самарқандда нашр этилган “Меҳнаткашлар товуши” газетасига дастлаб Мирсалимов, кейин З. Бурнашева деган татар зиёлилари муҳаррирлик қилишган. Агар биринчи муҳаррир газетадан маҳаллий ходимлар ва мухбирларни четлатган бўлса, иккинчиси муҳаррирлик курсисини эгаллаши билан газетада Беҳбудий номининг тилга олинишига йўл қўймаган. У ҳатто: “Яхши бўлган эканким, Беҳбудий ўлдирилган экан. Агар Беҳбудий бу кунда тирик бўлса эди, Туркистоннинг устига иккинчи Анвар пошшони келтириб, ўзи бирор мансабга эга бўлур эди”, деб ўз хатти-ҳаракатининг тўғрилигини асосламоқчи бўлган. Куни кеча маҳаллий раҳбарлар ва ижодкорлар ёрдамида адабиёт ва журналистикага кириб келган кимсалар тирик ва марҳум ўзбек ёзувчиларини миллатчиликда, совет давлатига қарши кайфиятда айблаб, ишдан ҳайдалиш ёки қамалиш хавфи остида қолган миллий адабиёт намояндаларининг шўро позициясига ўтишларига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Партия турли миллатга мансуб шундай ҳайбаракачилар ёрдамида адабиётнинг советлашиш жараёнини амалга оширган.
Сиз айтганингиздек, бугун адабиётнинг халқ олдидаги вазифаси ўзгарди. Ўзбекистоннинг миллий давлат байроғи ҳилпираб турган ҳозирги даврда адабиёт ҳам ўз олдига халқ ва мамлакатнинг янги тарихи билан уйғун вазифаларни қўймоқда. Бу вазифалар биринчи навбатда, ёш авлодларнинг илғор дунёқарашини шакллантиришга, маънавий оламини бойитишга, фидойи аждодларнинг ватанпарварлик ва халқпарварлик анъаналарини давом эттиришга қаратилса, айни муддао бўлурди.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Устоз, авлодлар алмашинуви – ҳаёт қонуни. Лекин, авлодлар алмашинуви баробарида, дунёқарашлар ҳам ўзгаради. Бунга ҳам бағрикенглик билан қарашимиз керак, албатта. Айни чоғда, юқоридаги гапдан “ҳар қандай янги авлод аввалгисидан яхшироқ (тўғрироқ) бўлади”, деган маъно чиқмайди. Чунки ҳар бир авлоднинг ўзига яраша кучли ва ожиз тарафлари мавжуд. Шу маънода, сиз мансуб бўлган адабиётшунослар авлодининг ютуқлари ва камчиликлари нималарда кўзга ташланади?
Менинг назаримда, адабиёт ва санъат ғоят мафкуралашган бир даврда яшаганликлари бу авлод вакилларининг ижодларига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Натижада, улар қолдирган қимматли меросда айрим мафкуравий чекланишлар сезилади. Адабиёт, аввало, эстетик ҳодиса, санъат эканлиги баъзан унутиб қўйилди.Шунга қарамай, катта авлод вакиллари ҳаётларини ягона ишга бағишлай олдилар. Яъни, сизлар учун адабиёт иши муқаддас иш эди. Сизлар адабиётнинг инсон турмушидаги, маънавий оламидаги мислсиз ўрнига қатъий ишониб келган авлодсизлар. Алалхусус, мазкур ишонч ўзбек адабиётшунослигининг Беҳбудию Фитрат, Чўлпону Ойбек тамал тошини қўйиб кетган пойдеворини янада мустаҳкамлаш йўлидаги фундаментал тадқиқотларингизнинг яратилишига замин ҳозирлади. Назаримда, сизнинг авлод ана шундай шарафли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўша билди, тўғрими?
Ана шу айтилганлардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилсак, ХХ аср ўзбек танқидий тафаккур тадрижи сизнингча, қандай қиёфага эга.
Наим КАРИМОВ:
Камина мансуб бўлган адабиётшунослар авлодининг ютуқ ва камчиликлардан аввал, ўзбек адабиётшунослик фанининг илдизларига мухтасар бир йўсинда назар ташласак. Ўзбек ёзма адабиёти пайдо бўлибдики, унинг йўлдоши сифатида адабиётшунослик фанининг ҳам куртаклари кўрина бошлаган. Ёзувчилар ўзларининг ёки қаламкаш биродарларининг ҳаёт ва ижодлари тўғрисида турли йўллар билан фикр баён қилишган. Тазкиралар тузила бошлаган. Илми аруз, илми қофия, илми бадеа сингари ўзбек адабиётининг назарий масалаларини ўрганувчи “фан тармоқлари” пайдо бўлган. Навоийхонлик, бедилхонлик, фузулийхонлик тўгараклари вужудга келган. Бу фан тармоқлари ва тўгаракларнинг диққат марказида бадиий ижоднинг ўзига хос специфик масалалари турган. Ижодкорларни ҳам, китобхонларни ҳам тасвир маҳорати, бадиий образнинг гўзаллиги ва сермаънолиги, сўз жилолари, поэтик фикр ва шеърий шаклнинг уйғунлиги сингари масалалар қизиқтирган.
Ўтган асрнинг ўрталарига келиб, ўзбек адабиётшунослиги фан сифатида шаклланиб, янги-янги жанрлар билан бойиди. Ўзбек адабиётшунослигида бадиий ижод табиатини, ижодий жараённи, ёзувчининг ижодий йўлини, бадиий маҳорат масалаларини тадқиқ этувчи асарлар майдонга келди. Камина мансуб бўлган адабиётшунослар авлоди бунга маълум маънода ўзларининг ҳиссаларини қўшдилар. Агар мазкур авлодга Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Бегали Қосимов, Салоҳиддин Мамажонов, Нуриддин Шукуров, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Бахтиёр Назаров, Нўъмон Раҳимжонов сингари замонавий адабиёт масалалари билан, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Ботир Валихўжаев, Абдурашид Абдуғафуров, Суйима Ғаниева сингари мумтоз ўзбек адабиёти билан шуғулланувчи адабиётшуносларни мансуб, деб билсак, кўп жилдлик мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти тарихининг, йирик шоир ва ёзувчиларга бағишланган, шеърият, наср ва драматургия турлари, роман, қисса, достон сингари жанрлар тадқиқ этилган монографияларнинг яратилиши шу авлод номи билан боғлиқ. Қолаверса, мустақиллик арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти тарихини тарихий ҳақиқат мезонлари асосида ўрганилишида ҳам шу авлод муҳим роль ўйнади. Бинобарин, мазкур авлодга хос хусусиятлар, менимча, фаоллик, кенг ва чуқур билим, нина билан қудуқ қазиш машаққатидан қочмасликдир.
Энди, камчиликларга келсак, бу ҳам етарли. Аввало, бизнинг авлод адабиётнинг ижтимоий вазифасига катта эътибор бериб, ёзувчи ҳам, унинг асари ҳам ноёб бадиий-эстетик ҳодиса эканини унутиб қўйган вақтлар оз бўлмади. Адабиётшунослар баъзан юқоридан туширилган мезонлар асосида, баъзан эса ўзларининг субъектив қарашлари асосида бадиий ижодга ёндашишга мажбур бўлдилар. Қодирий ва Чўлпон адабиёт оламидан бадарға қилинган даврда Ҳамза ҳаддан зиёд илоҳийлаштириб юборилди. 60-70 йилларда бадиий заиф асарларни юқори баҳолаш оддий ҳодиса бўлиб қолди. Мавзунинг долзарблиги ва замонавийлиги бадиий ижоднинг асосий мезони сифатида идрок этилди. Шундай мезон тақозоси билан “Ўтган кунлар”га эмас, “Ғолиблар”га, “Наврўз”га, “Ҳамза”га ўхшаш асарлар хирмони кўпайди. Адабиётшунос адабиётнинг гуллаб-яшнашига, танқидчи эса ёзувчининг ижодий ўсишига ёрдам берувчи ижодкор бўлиши лозимлиги унутилиб, бадиий бўш асарларнинг бўшлигини айтишда журъатсизлик авж олди.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Нисбатан ёш авлодлар хусусида нималарни ўйлайсиз? Мазкур авлодлар фикран эркин, ҳар турли информацияга имкондор бўлиши баробарида, нега ўз ишини сизлар қадар яхши кўрмайди? Улар руҳиятидаги тараддуд яна қанчагача давом этиши мумкин? Нега уларнинг кўпчилиги муқаддас иш – адабиёт ишини осонликча бошқа ишга, масалан, тужжорликка алмаша ол(а)дилар? Нима учун уларда адабиёт иши эътиқод даражасига кўтарилмаган? Нега бизнинг ва биздан кейинги авлоднинг адабиётшунослик соҳасида фундаментал тадқиқотларга ҳоли йўқ: бу ердаги асосий сабаб илмнинг етишмаслигими ё хоҳишнинг? (Ва, ёки бошқа нарсанинг, масалан, рағбатнинг?) Ёхуд фундаментал тадқиқотлар, аввало, ўзгариб кетган оламнинг янгидан фалсафий идрок этилиши билан юзага чиқадими? Ундай бўлса, файласуфларимиз қаерда?
Наим КАРИМОВ:
СССРдек ер юзини титратган қудратли давлатнинг тарих саҳнасидан йўқолиши асносида, жаҳон халқлари тарихида янги давр бошланди. Европа халқлари бозор иқтисоди шароитида яшаганликлари, шунингдек, мафкуралашган адабиёт ва санъат булоқларидан сув ичмаганликлари учун уларда маънавий-маданий қадриятлардан узоқлашиш жараёни кўзга ташланмади. Улар ҳаёти бир маромда давом этди ва давом этмоқда. Улар “яшил иблис” қудратига шак келтирмаган ҳолда, зикр этилган қадриятларнинг қадрсизланишига йўл қўймадилар. Бизда эса жараён анча кескин кечди.
Ҳозир ижод қилишда давом этаётган ёзувчилар орасида ниманингдир илинжида қалам тебратишаётганлари талайгина. Агар шу илинж – ё шуҳрат қозониш, ё мукофот олиш, ё асар ёзиб пул топиш илинжи бўлмаса, ижодкорлар сафи анча сийраклашиб қолади. Айтмоқчиманки, Чўлпон, Ойбек, Шукур Холмирзаевга ўхшаб ўз тақдирини бир умрга адабиёт билан боғлаган ва бундан бирор манфаатни кўзламаган ёзувчилар ҳам, адабиётшунослар ҳам бундан кейин анқонинг уруғи бўлиб қоладигандек. Бунинг асосий сабабларидан бири, моддий бойликнинг фетишлаштирилиши, маънавий-маданий бойликнинг, бир замонлар фаровон яшаш омилларидан бири бўлган ақлий ва ижодий меҳнатнинг қадрсизланиши бўлса, иккинчиси эса, “Ўтган кунлар”ни мижжа қоқмай ўқиган китобхонларнинг бугун йўқлигидир.
Ана шундай китоб ўқимаслик касали ҳозирги адабиётшунослар авлодини ҳам четлаб ўтмаган. Уларнинг бир қисми Фрейдни, Камюни ҳижжалаб ўқиган бўлса ҳам, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз тарихини яхши билади, дейиш қийин.
Улар адабиёт тарихини ҳам, адабий жараённи ҳам яхлит ҳодиса сифатида илғаб олганларича йўқ. Акс ҳолда, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Шайхзода, Усмон Носирлар ижод қилган адабиёт майдонида мардикор ёллаб ёзилган ёки пулнинг кучи билан чоп этилган асарлар оқимига бефарқ қараб турмаган, ўтган-кетганни ушлаб олиб, ўзлари тўғрисида мақтовдан иборат мақолаларни ёздириб олган ва уларни ёстиқдек-ёстиқдек тўплам шаклида чоп эттирмаган бўлардилар. Шубҳасиз, бу таънам умумий жараёнга тегишли. Бугунги авлод орасида виждон амри билан қалам тебратаётган адабиётшунослар йўқ эмас. Лекин, уларнинг аксари, афсуски, диссертациялар ёзишдан нарига ўтмаяптилар. Адабий жараён, Пушкин ифодаси билан айтсам, “соқчилар”сиз қолмоқда.
Мен уруш даврининг фарзандиман. Ўз отамнинг уруш даврида қандай қийинчиликларни бошдан кечирганларини яхши билмайман. (Отам бу ҳақда сўзлашни хуш кўрмаганлар). Аммо, амаким баъзан-баъзан уруш йилларини эслаб, аудиторияга гўё ҳеч нарса бўлмагандек, доим оқ кўйлак устига костюм кийиб, галстук тақиб кирганлари ва дарс берганларини, лекин бу кўйлакнинг фақат ёқасию олд томони ҳамда бошқа кўйлакнинг калта енги – манжети бўлганини айтар эдилар. Улар мансуб бўлган авлод зиёли номини баланд ушлар, шунинг учун ҳам халқ зиёлиларни астойдил ҳурмат қиларди. Ҳозир-чи, фан доктори дипломи билан бозорда чодир тикиб ўтирган кишилар йўқми? Шеърият ва матбуот оламини тарк этиб, бозордан макон топган кишилар йўқми? Тўғри, уларнинг баъзилари турмуш тақозоси билан шундай йўлни танлашган. Лекин агар улар юрагида ҳам ҳақиқий зиёлининг қони жўш уриб турганида, балки шундай йўлни танламаган бўлармидилар? Ҳар ҳолда, шу нарса аниқки, моддий қадриятларнинг жамият ҳаётидаги мавқеи дафъатан ошиб кетганида, қалам аҳлининг фаровон ва ҳашаматли ҳаётга мойил қисми ўзга йўлни танлади. Бунинг учун уларни қоралаш эмас, балки тушуниш лозим.
Масаланинг жиддий томони шундаки, масалан, адабиётшунослик соҳасида қалам тебратаётган аксар ёшларни ҳам ўз соҳаларига содиқ, нина билан қудуқ қазишга тайёр кишилар, деб бўлмайди. Улар билим заҳираларини бойитишдан, адабиётшуносликнинг жиддий муаммоларини ҳал қилишга чоғланишдан кўра, тезроқ фан номзоди, сўнгра фан доктори бўлишни ўйлайдилар, холос. Фан орқали моддий ёки маънавий имтиёзга эришиш аксар ёшларнинг бош мақсадлари бўлиб қолмоқда.
Улуғбек ҲАМДАМ:
ХХ аср ўзбек адабиётига алоҳида меҳрингиз борлигини яхши биламан. Чунки, айнан шу даврга келиб, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, тарихий-маданий, руҳий-маънавий тақдирида улкан бурилишлар юз берди. Диний-эътиқодий эврилишларни айтмай қўя қолай. Демак, буларни бошидан ўтказган, юрагидан кечирган ижодкор оламни ўзгача кўра бошлади. Унинг атроф-муҳитни бадиий эстетик жиҳатдан қабул қилиш принципида туб истилоҳлар юз берди. Роман, драма, бармоқ вазнидаги шеър – булар ана шу азим ўзгаришларнинг қонуний меваси эди. Улар кўп асрлик ўзбек адабиётида янги ҳодиса бўлиб майдонга тушди. (Албатта, қадим-қадимдан сочма ва бармоқ ўлчовидаги назм, яна роман ва театрнинг бошқачароқ кўринишлари мавжуд бўлгани ёдимизда).
Ана шундай моҳиятга эга янги ўзбек адабиёти, сизнингча, яна нималари билан Навоий ва Бобур даври адабиётидан фарқ қилади? Ва, бу давр (ХХ аср) адабиёти ёнида ХХI аср адабиёти қандай тахминий кўринишга эга бўлиши мумкин?
ХХ аср ўзбек адабиёти мумтоз ва келажак адабиётимиз ўртасида бир кўприк вазифасини ҳам ўтади, ўтамоқда, дейишимиз мумкинми?
Наим КАРИМОВ:
Кўп асрлик ўзбек адабиёти тарихида икки асрни “олтин аср” дейиш мумкин. Бири – ХV аср бўлса, иккинчиси – ХХ аср. Агар Навоий форс тили ҳукмрон даврда ўз асарлари билан ўзбек адабий тили ва мумтоз ўзбек адабиётининг майдонга келишига тамал тошини қўйган бўлса (бу – Навоий ва Бобур даври адабиёти), ХХ асрда Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон, Фитрат янги ўзбек адабий тили ва адабиётини яратишда, устозлари анъаналарини давом эттириб, жаҳон адабиёти ютуқларини ўзлаштирган ҳолда, ўзбек адабиётида реализм методининг қарор топишига, адабиётнинг реал ҳаёт билан яқинлашишига, бадиий сўзнинг жамият ҳаётига таъсир кўрсата олувчи куч бўлишига, янги замонавий адабий тур ва жанрлар билан бойишига жиддий ҳисса қўшдилар. Сўнгги бир аср давомида дунёга келган авлодларнинг маънавий олами ва дунёқараши уларнинг асарлари асосида шаклланди. Агар Навоий ва Бобур даври адабиёти бизнинг буюк адабий меросимиз бўлса, ХХ аср адабиёти ҳали узоқ вақт халққа йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади, деб умид қиламан. Энди, ХХI аср адабиётига келсак, бирор башоратнамо гапни айтиш қийин. Детектив-саргузашт ва ҳажвий адабиёт китоб бозорларини бундан кейин ҳам забт этишда давом этса керак. Бу эса, китобхонлар оммасининг шунга мослашган диди (яъни, бозор) адабиётни идора этиб туради, деган сўздир.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Менимча, ўзбек насри яқин ўтмишни идрок эта бошлади. Чунки бирин-сирин дилни қувнатувчи асарлар пайдо бўляпти. Улар бир-бирига ўхшамайди, лекин орасида катта истеъдод билан ёзилаётганлари бор. Аҳмад Аъзамнинг “Рўё”, Наби Жалолиддиннинг “Қурб”, Раҳимжон Раҳматнинг “Аросат” каби романлари қўлёзмасини ўқидим – таассуротим бир олам. Энг муҳими, уларнинг барида воқелик кутилмаган, ҳали юрилмаган томондан туриб таҳлил ва тасвир этилган. Эркин Аъзамнинг “Ступка”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қичқириқ”, Нуруллоҳ Рауфхоннинг “Чилла”, “Этакдаги кулба”, Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити”, “Қултой”, Исажон Султоннинг “Қисмат” каби ҳикоялари ўзбек насри жиддий эврилишлар палласига кирганини кўрсатади. Назаримда, энди, юқоридаги каби асарларни адабиётшуносликнинг аввалги мезонларидан туриб таҳлил қилиб бўлмайди. Бу асарлар адабиётшунослик фанининг ўзида жиддий янгиланишларни тақозо қилмоқда. Мана шу маънода эскича ёндашув ва критерийлар билан бугунги катта истеъдодларни аниқлаш мушкул, деб ўйлайман. Яна шуни ҳеч бир муболағасиз айта оламанки, бугун ҳам сиз номини санаган улуғ ижодкорларимиз даражасидаги истеъдодлар бор. Бор, фақат бугун давр бошқа. Бу давр одамлари бир хил иқтисодий-маънавий кайфиятда эмас. Жамиятда ўзининг ҳам моддий, ҳам маънавий даражасига кўра, кўпдан-кўп турли-туман қатламлар юзага келди. ХХ аср одамларининг психологик кайфияти эса якрангда бўлгани боис, ўша вақтдаги яхши асарнинг таъсир кўлами катта миқёсларда кечган. Бугунги шоир Навоий ҳазратларидек исътедодга эга бўлса ҳам (қани энди), ана ўша қатламларнинг барчасига бирдек маъқул ва манзур ашъор битолмайди. У энг баланд пардаларда куйлаши мумкин. Лекин унга ҳамдардлар ўнлаб қатламларнинг бир ёки нари борса, икки-учтасида топилади. (Бугун Навоийни қанча одам тушуниб, ҳис қилади?) Ҳазрати Румийда: “Қарға ва лайлак дўстлигининг сабаби”, деган ҳикоят бор. Ақли расо бир киши қарға ва лайлакнинг бирга учиб юрганини кўриб, тоза ҳайрон бўпти. Кейин бу жўрачиликнинг тагига етиб қараса, иккала қуш ҳам оқсоқ экан. Қаранг, дардларнинг муштараклиги таналарнинг ҳамкору ҳамнафаслигига олиб келмоқда.
Ўйлашимча, истеъдодлар, даҳолар вақти-вақти билан туғилиб туради. Фақат уларни муҳит етилтиради, кўтаради ёки, аксинча. Даҳонинг майдонга чиқиши учун қулай муҳит лозим. (Албатта, муҳит деганимиз ҳаётининг комфортдан иборатлиги бўлмай, аксинча, турли хил машаққатларга тўла чиғириқлардир). Пешонасида даҳолик сифатлари мавжуд зотнинг агар омади чопган бўлса, у ўз даврида, уни юксакка олиб чиқадиган чигал муҳитда вояга етади. Бўлмаса, у ҳам бир истеъдод даражасида, истеъдод эса оддий қаламкашдек яшаб ўтади. Шунинг учун ҳам Волков улуғ Пушкин истеъдоди ва муҳит бир-бирига тўғри келиб қолди, дейди. Йўқса, Лермонтовнинг истеъдод даражаси Пушкинникидан асло кам эмас эди. Адабий омад Пушкинга кулиб боқди. Мен шу гапларга ишонаман. Аксинча бўлганда эди, яратганнинг қудрати Навоий ёки Шекспирда тўхтаб қолишига иймон келтиришимга тўғри келарди. Бунинг эса мутлақо иложи йўқ. Оққан дарё оқаверади, деган халқимизнинг доно ҳикматига жўр бўлгим келади, устоз...
Наим КАРИМОВ:
Бир замонлар ўзбек адабиётининг том маънодаги кўзгуси бўлган, ютуғини ҳам, камчилигини ҳам ўзида акс эттириб турган “Шарқ юлдузи” журнали оғир аҳволга тушиб қолган эди. Кейинги йилларда адабиётга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор севимли журналимизни ҳам четлаб ўтмади. Сиз журнални бугунги адабиётнинг минбарига айлантириш учун ҳали сиёҳи қуримаган асарларни ўқиб чиқдингиз. Афсуски, менда бундай имконият йўқ. Қолаверса, кўз нури хиралашиб қолган бизнинг авлод, жумладан, мен ҳам ҳозирги адабий жараённи сизчалик изчиллик билан кузата олмайман. Шу сабабли мен адабиётимизнинг бугунги даражасидан сизчалик ҳайратда эмасман.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Мени яна бир бошқа масала кўпдан бери қизиқтириб-ўйлатиб келади. Миллатнинг қандайлиги унинг адабиётига боғлиқми? Ёки адабиётнинг даражаси миллатнинг ҳолига вобастами? Дунёда ҳамма нарсани пул, бойлик ҳал қилади, деган тутумнинг борар жойи қаергача бўлиши мумкин? Техника асрини ортига ташлаб, ахборот даврини бошидан кечираётган замондош зоҳиран нақадар мағрур, нақадар мустақил ва ишбилармон кўринади. ХIХ аср кишиларига сув ва ҳаводек зарур бўлган адабиёт мазкур Хабародам учун ортиқча юкка айланиб қолмадими? Бутун онгли ҳаётини адабиёт илмига бағишлаган зиёли сифатида сизнингча, Хабародамнинг ҳоли нима кечади? Адабиётсиз, демоқчиман.
Наим КАРИМОВ:
Агар ҳар бир миллатнинг ўз Навоийси, ўз Гётеси, ўз Пушкини бўлмаса, бу миллатни шаклланган миллат, дейиш қийин. Зеро, миллатнинг миллат бўлиши учун унинг миллий адабиёти ҳам бўлиши зарур. Адабиёт – миллатнинг кўзгуси. Шу кўзгуда миллатнинг тарихи ҳам, бугуни ҳам, машъал сиймолари ҳам, фазилатлари ҳам, қусурлари ҳам ўз аксини топади. Бинобарин, миллатнинг қандайлиги унинг адабиётига боғлиқ. Миллат ва адабиёт бир-бири билан узвий алоқадаги ҳодисалардир.
Ҳозирги вақтда пулнинг, бойликнинг фетишлашгани миллатларнинг тараққий этаётганини англатмаса керак. Негаки, пул ва бойлик, худди ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Ғарбда рўй берган “олтин талвасаси”дек, инсонларни довдиратиб қўйди. Айрим аёллар ҳаё деган улуғ фазилатни унутиб қўйдилар. Меҳнатсиз ёки осон йўл билан пул топиш, бойлик орттириш касаллик тусини олди. Жамият бу касаликка қарши самарали чора ва тадбирларни топиши зарур. Шахсан мен бунинг чораларидан бири сифатида ақлий меҳнат кишиларига ва меҳнат фахрийларига бўлган муносабатни ўзгартириш, уларни қадрлаш, уларни осон йўл билан давлат орттирган, аммо, маънавий пуч кишилар олдидаги мавқеини, иззатини жойига қўйиш лозим, деб биламан. Фарзанд бутун умри давомида ҳалол меҳнат қилиб, на машина ололмаган, на дала ҳовли қуролмаган ота-онасини ҳурмат қила бошласагина ва бошқа ота-оналарга ҳам шундай муносабатда бўлсагина, халқнинг маънавий оламида ўзгариш содир бўлади. Шубҳасиз, жамият бояги касалликдан нажот топиши учун бошқа “ричаг”лардан ҳам фойдаланмоғи лозим.
Ҳозирги воқеликдаги энг катта қусур бу – одамлардаги ўзбекона тантилик, олийжаноблик, фидойилик, катталарга ҳам, бир-бирларига ҳам ҳурмат сингари эзгу туйғу ва фазилатларнинг хиралашиб, одамзоднинг тобора худбинлашиб, ўз қолипига ўралашиб бораётгани. Хабародам бундайлар олдида ҳеч гап эмас. У жамият учун зарарсиз.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Ҳозирча зарарсиздек туюлиши мумкин. Чунки ахборот даврига энди-энди кириб келдик. Ўйлашимча, биз бугундан эртамиз учун замин ҳозирлашимиз лозим. Шундоқ кўз ўнгимизда фақат телевизор, компьютер, интернет фарзандлари вояга етишиб келяпти. Мулоқотда бўлар экансиз, англайсизки, улар гўё ўзга оламлардан ташриф буюргандек. Сиз боғдан келсангиз, улар тоғдан келади. Гапларингиз қовушмайди. Бу нарса Тургенов ёзганидек, Гассет таъкидлаганидек, фақат оталар ва болалар ўртасидаги тафовут эмас, асло. Бу нарса тамомила бир-биридан фарқ қилувчи икки дунёқараш, икки маданият ва икки олам ўртасидаги фарққа ўхшайди. Яъни, сиз билан биз реал дунёнинг болалари бўлсак, улар виртуал оламнинг жужуқларидек. Шу маънода, Хабародам билан ҳақиқий тўқнашув ҳали олдинда тургандек туюлади…
Наим КАРИМОВ:
Мен бир неча кишиларни кўрганман. Уларнинг қизиқиш доиралари, хоббилари кимнинг ишдан олингани, кимнинг қаерга ва ким бўлиб ишга тайинланганини билиш ва шундай билимлари билан турли давраларда мақтаниш, ўзларини гўё шу масалалар ҳал бўлаётган юқорига яқинликларини кўрсатиш бўлган. Улар билимлари эскириб, янги билим ололмаган пайтларида дами чиққан пуфакдек пучайиб, шумшайиб юришган. Улар, нафақат, маҳалла-кўй, балки ўз оилаларида ҳам бирор мавқега эга бўлишмаган.
Хабародам ҳам шундай кишиларни эслатади. Бугунми ё эртами унинг ахборот гирдобидан чиқолмай, телбанамо кишига айланиб қолиши ёки сиҳат-саломатлигини йўқотиб, кўздан айрилиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, ҳали “разгон” олмаган ХХI аср яна қандай техник мўъжизаларни кашф этиб, Хабародамларни дарёнинг бу қирғоғидан бошқа қирғоғига отиб ташламайди, деб ким айта олади?.
Уларнинг бадиий адабиётдан узоқлашиши, шеърият дурдоналарию “Ўтган кунлар”нинг уларга ортиқча юк бўлиб қолиши эса бор гап.
Бундан кейин ҳақиқий адабиёт шинавандаларининг сони камайиб боради. Ҳозир ҳам, кейин ҳам, асосан, катта ёшдаги кишиларгина китоб ўқисалар, ажаб эмас.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Ўтмишда бирон юртни босиб олган мустамлакачилар негадир ўша халқнинг адабиётини биринчи бўлиб йўқ қилишга ёки хаспўшлашга ҳаракат қилар экан.
Бу сиёсатнинг илдизлари жудаям чуқур сатҳларга бориб тақаладигандек туюлади менга. Ҳаммамизга аёнки, бугун биз жиддий адабиётдан узоқлашиб бораяпмиз. Дўконлар, асосан, олди-қочдию ур-сур муҳрланган китоблар билан лиқ тўлиб кетди. Буни бошқача ном билан атаб бўлмайди. Аслида, ташқаридан мафкуравий зуғум йўқ: чоризм, большевизм, социализм йўқ, лекин шунга қарамай, биз миллий маънавиятимизнинг асоси бўлмиш жиддий адабиётга етарли даражада эътибор қилмаяпмиз. Сизнингча, адабиётга эътиборсизлик хавфининг даражаси қандай? Илгари чоризм ва шўро ўз қўл остидаги миллатларни зўрлик ила ўз миллий маънавияти ва адабиётидан маҳрум қилишга чоғланган бўлса, энди, ўзимиз, ўз адабиётимизга беписандмиз. Моҳиятан буларнинг оқибатлари бир эмасми? Эҳтимол, мана шу каби хавф-хатарни олдиндан кўра билгани учун ҳам Президентимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” мурожати билан чиққандир.
Наим КАРИМОВ:
Албатта, Юртбошимиз Ислом Каримов ана шу муаммони олдиндан сезиб, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деган рисоласини эълон қилгани, шубҳасиз. Унда адабиётга эътиборсизликнинг кучайиб бораётганини айтиб, жамият эътиборини шу ўта жиддий масалага қаратди. Модомики, баҳс эътиборсизлик ҳақида борар экан, бунинг баъзи бир илдизларига ҳам назар ташлаш зарур. Сир эмас, адабиётга муҳаббат туйғуси оила билан мактабда тарбияланади. Агар бугун туғилаётган фарзандларнинг ота-оналари нафақат Ойбекнинг “Навоий”сини, балки Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини ўқимаган бўлса, фарзандида ҳам китобга муҳаббат туйғусини уйғотолмайди. Адабиёт дарсликлари масаласига келсак, муаллифлар кўпинча ўз таниш-билишларини аввал дастурга, сўнг дарсликка киритганлари туфайли ва яна шунга ўхшаш кўплаб сабаблар билан улар йил сайин ўзгартирилиб, нашр этилмоқда. Камида тўрт-беш йил ҳалол хизмат қиладиган барқарор дарсликлар ҳамон яратилмаяпти. Бу ҳол шундай давом этаверса, айтингчи, ўқувчиларда китобга муҳаббат туйғуси қандай пайдо бўлади?
Масаланинг шунга ўхшаш томонлари адабиёт тарози паллаларининг вазнсизланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Сиз айтганингиздек, адабиётнинг заифлашиши, “енгил адабиёт” доирасида қолиши учун ташқаридан кўрсатманинг бўлиши шарт эмас. Ўз ичимиздаги беписандлик қайси кўрсатмадан кам?
Улуғбек ҲАМДАМ:
Ўз вақтида, руснинг улуғ ёзувчиси Достоевский: “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деб хитоб қилган эди. Аён бўлаяптики, дунёни муқаррар ҳалокатдан фақат гўзалликнинг бир ўзигина қутқаролмас экан. Агар сизу биз гўзал деб тарғиб этаётган “матоҳ”имиз гўзаллигини англаб, нозик ҳис қилгувчи, пировардида, қабул айлаб, ўз маънавий мулкига айлантириб, шу руҳ ила ҳаётга ёндашгувчи куч бўлмас экан, гўзалликнинг таъсири нолга тенг бўлаверади. Худди шундай, адабиётнинг қисмати ҳам, асосан, уни тушуна оладиган ўқувчиларга боғлиқ экан.
Устоз, ҳар қандай баландпарвоз гапларни бир четга суриб, дангалига кўчсак, адабиётнинг дунёни қутқариб қолишига умид қилса бўладими? Майли, қутқармасин, ҳеч қурса, унинг равишига таъсири борми? Чархипалакнинг бугунги ҳолидан андак яхшироқ, мурувватлироқ бўлишига ҳисса қўша биладими? Ва, умуман, дунёни қутқариб қолиш мумкинми ва ўзи керакми бу иш? Агар буларнинг бари мумкин бўлса, асрлар оша, йиллар оша эмас, кун сайин, соат сайин ўзгариб турган дунёда адабиётнинг ўрни қаерларда кўринади? Балки, бу ўринда, бутун иш яна жадидлар айтгани ва йўлида ширин жонларини тиккани ўша МАЪРИФАТнинг зиммасига тушмаяптимикан? Негаки, гўзалликка олиб боргувчи йўл ҳам маърифатнинг қароргоҳидан ўтадигандек. Фақат ва фақат маърифатли кишигина гўзалликни, адабиётни нозик ҳис қилиб тушунадигандек.
Наим КАРИМОВ:
Рус жамиятидаги хунрезликларни, қаллобликларни, тубанликларни кўравериб, рус халқининг келажаги учун куйинган Достоевский нажот йўлини тополмай, сархуш бир ҳолатда шундай деган бўлса, ажаб эмас. Акс ҳолда, у чоризмни, рус генералларини Ўрта Осиёни босиб олиб, Ҳинд денгизида этикларини ювишга илҳомлантирмаган бўларди.
Шўро мафкураси бизни “адабиёт – дунёни ўзгартирувчи куч”, деб ўргатган, шу фикрни кўнглимизга қуйган.
Агар ёдингизда бўлса, грузинларнинг “Солдат отаси” фильмида ота рус танкчисининг узумзорни пайҳон этаётганини кўриб, ғазабга тўлиб, ёқасидан олади. Димоғи уруш ва қон ҳиди билан тўлган жангчи эса, отанинг бу хатти-ҳаракатидан қаттиқ ранжийди. Унинг учун уруш шароитида, бир-икки ток кўчатининггина эмас, бутун-бутун узумзорларнинг мажақланиб ташланиши оддий ҳодиса.
Бугунги одамзоднинг димоғи пул ҳиди билан тўлган. Унинг кўзлари гўзалликнинг камалак нурларини кўришга ожиз. У узумзорнинг баҳорда, қизлар янглиғ, майин кокилларини ёйиб, бир ишком бўлиб савлат тўкиб туришидан баҳра олмайди. У узумзордан қанча даромад келишини ўйлайди ва даромад пилигини кўтариш йўлларини ахтаради. Ҳали пишиш ҳолига келмаган узум бошларини олтингугурт билан қизартиради. Биз дориланган, яъни, заҳарланган узумни витаминга бой, деб қиммат пайтида сотиб оламиз.
Дунё тугул, биргина одамзодни ўзгартиришга ҳам адабиётнинг кучи етмаяпти.
Жамиятнинг ҳаётий жараёнга таъсир ўтказувчи бошқа институтлари ўз вазифаларини ҳалол бажарсагина, адабиёт, адабий тарбия самара бериши мумкин.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Замон эврилиб, одамларнинг дунёқарашида ўзгаришлар рўй берди. Атрофимиздаги кишиларга Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби ватанпарвар зотларнинг миллат ва юрт қайғусида жон кечиб яшаб ўтганликлари, шу муқаддас йўлда ҳатто қурбон бўлганликлари бир қадар баландпарвоз, ҳавойи, тушуниксиз бўлиб қолмаяптими? Ўша улуғ боболаримиз амалга оширган қутлуғ ишларни ўз қурсоғи атрофидагина айланиб-ўргилиб ўтиб бораётган айрим замондошларимизнинг тутумларига солиштирганингизда, хаёлингизга нималар келади? Худди шундай, “Адабиётнинг даври ўтди, китоб ўтмишда қолди”, деган ёзғириқлар нимани англатади? Бу хитоб, айниқса, сизнинг, қисман, бизнинг авлод вакиллари учун оғир айбномадек янграмаяптими? Сер солсангиз, бутун ер юзида ёш авлодлар китобсиз, адабиётсиз яшаш қаноати билан ўсиб, шундай яшашга бел боғлагандек кўринади. Аслида, китобсиз ҳаёт йўлига чиқмоқчи бўлган мазкур авлодларга масъуллар, айнан, сиз ва биз эмасми? Чунки улар осмондан тушгани ҳам, ердан чиққани ҳам йўқ, улар сизу бизнинг фарзандларимиз, невараларимиз. Бас, шундай экан, хўш, қаерда хатога йўл қўйдик? Ахир, ворисийлик деган гаплар бор эди! Авлодлар қаршисида аждодларнинг бурчлари бўларди! Ижтимоий, сиёсий, тарихий силсиланинг қайси бурилишида тойиб кетдикки, натижада, бизнинг жисмимиздан пайдо бўлиб, ўз руҳимиз таълим-тарбиясини олган авлод ўзимизга бегона бўлиб бораётгандек? Бундан чиқадики, инсоният шунча аччиқ тажрибасига қарамай, адабиётнику қўя турайлик, ўз келажагини ҳам бошқара олмайдиганга ўхшайди?
Наим КАРИМОВ:
Бизнинг институтда Машҳура Султонова (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) деган жуда маърифатли, китоб кўрса жонини берадиган олима бор эди. Унинг уйига тез-тез бориб турардик. Бир куни бораётганимизда, кўп қаватли уйлардан бирининг олдида бир тўп китоблар уйилиб ётган эди. Чамаси, бу китоблар эгаси ё ҳаётдан ўтган, ё бирор жойга кўчгану китоблар эгасиз қолгани учун кўчага, аниқроғи, ахлатхонага олиб бориб ташланган эди. Орадан анча вақт ўтгандан сўнг Машҳура опа вафот этди. Бир қанча вақтдан сўнг кимдир Машҳура опанинг китоблари эски китоблар дўконида сув пулига сотилаётганини айтди. Ҳолбуки, Машҳура опанинг уйида унинг тарбиясини кўрган ва ўз қизидек бўлиб қолган жияни яшарди. У рус мактабида таълим олгани туфайли, ўзбек адабиётининг сара асарлари унга ортиқча юк бўлиб қолган эди.
Афсуски, ҳозирги шароитда, ҳатто, “китобхўр” ота-оналар ҳам фарзандлари учун ўрнак бўлмай қолдилар. Ҳаёт дарёси айрим фарзандларни ўз гирдобига тортиб, ҳатто, ота-оналаридан, улар ўсган маърифат боғларидан ҳам узоқлаштириб бормоқда.
Бу муҳим масалада қаерда хато қилдик ва бунга ким айбдор? Шу хатони тузатиб бўладими? Афсуски, бундай саволларга жавоб бериш осон эмас. Хатони қилиш осону уни тузатиш қийин. Айниқса, ҳаёт карвони ўз йўловчиларини узоқ-узоқларга олиб кетганидан кейин.
Менинг ёшлигим ўтган маҳаллага яқин жойда тўртта кутубхона бўларди. Бу кутубхоналарнинг биридан иккинчисига ўтиб, қайси бири бойроқ бўлса, ўша кутубхонага лангар ташлардик.
Ҳозирги айрим ёшлар томдаги ликоп орқали келаётган видео-ахборотдан на руҳга, на ақлга озиқ берадиган кўрсатувларни ёки компьютерга жойланган ўйинларни кўришга азиз умрларининг азиз соатларини бағишлайдилару бадиий асарни ўқишга тоқатлари етмайди. Аввалги авлодлар юрагида жўш урган ворисийлик қони ўз кучини йўқотган кўринади. Энг даҳшатлиси шундаки, шундай яшаш йўсинига кўниккан кишилар фикрсизланиб, бошқалар иродасининг оддий ижрочисига, роботларга айланиб қолиши мумкин. Балки шундай жараён оқибатларини олдиндан сезаётганлари учунми, айрим олимлар ер юзини келажакда роботлар бошқаради, деган илмий тахминларни олға сурмоқдалар.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Кунимизга қайтсак. Адабиётга энди-энди қадам қўйиб келаётган, бошловчи ижодкорлар мавзу ва кайфият манзилини қай тарзда белгиламоғи лозим? Яъни, унинг навқадди давр шамолидан эгилиб кетмаслиги, айни дамда, шу шамол суронларигагина ҳамоҳанг асарлар битиб қолмаслиги учун нималарга эътибор қилмоғи даркор? “ХХ аср адабиёти манзаралари” деган китобингизда улкан шоир Ғафур Ғулом билан боғлиқ бир аччиқ ҳақиқатдан сўз очасизки, у ҳамма замонларнинг ижодкорлари учун давомли сабоқдек жаранглайди: “Ғафур Ғуломнинг гражданлик руҳи балқиб турган шеърларида бошқа бир қусур бор. Бу совет даври “қадриятлар”и тасвирига катта ўрин ажратилганлигидир. Худди шундай қусур туфайли шоирнинг ҳатто айрим илиги тўқ шеърлари ҳам, сир эмас, дами чиқиб кетган ҳаво шарларидек бўшашиб қолган” (257 бет). Айни дамда, масаланинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Менинг назаримда, ҳақиқий ижодкор ўз даврининг юрак уришига ташхис бармоғини қўйиб турган табибдир. У ҳамма нарсадан олдин ўз даври кайфиятининг самимий таржимони бўлмоғи шарт! Хўш, сизнингча, ўрта, мўътадил йўл қайда экан?
Наим КАРИМОВ:
Абдулла Қаҳҳор бир гапни айтган эди: мен умримда икки буюк истеъдод эгасини кўрдим. Булардан бири Чўлпон, иккинчиси Ғафур Ғулом эди. Улардан бирини замон жувонмарг қилди, иккинчиси ўзини-ўзи, деб.
Истеъдоднинг харидори кўп бўлади. Қанчадан-қанча истеъдод эгаларини замон темир кишанлари орасига олиб мажақлаб ташлаган. Энди, қалам тебратаётган истеъдодли ёшлар ўз салафлари тақдири қандай кечганидан сабоқ олишлари лозим. Ҳаёт мавзу билан тўла. Агар ёш ижодкор шуҳрат қозониш, мукофот олиш, фаровон ҳаёт кечириш илинжи билан қўлига қалам олса ва ўз мақсади йўлида изчил ҳаракат қилса, орзусига, албатта, эришади. Лекин унинг ўсиб-унишига, яхши асарлар ёзишига, миллий адабиётимизнинг юксалишига муҳим ҳисса қўшишига умид қилган кишилар доғда қоладилар. Адабиёт шуҳрат қозониш, кўкракларини турли-туман нишонларга тўлдириб олиш ёки кекириб яшаш учун бино бўлган майдон эмас. Ҳар бир яхши асар юрак қони билан ёзилади. Йўлчининг вафот этганини ёзаётган пайтида, Ойбек беҳуш бўлиб қолган. Абдулла Қодирий Кумушнинг қабртоши учун марсия сўзларини ёзаётганда, кўзларидан оққан ёшини тўхтата олмаган. Бальзак Горио отанинг ўлимини ишонарли тасвирлайман, деб қарийб клиник ўлимни бошидан кечирган. Ёзувчи асарни юрак қони ва дил сўзи билан ёзган тақдирдагина, асар умри билан туғилган бўлади. Ҳозир ёзилиб ташланаётган детектив асарларни тўрт-беш йилдан кейин ҳеч ким ўқимаслиги мумкин. Аммо, китобхон зоти озайиб кетган бўлса ҳам ўзида “Ўтган кунлар”га ўхшаш асарларга ташналик сезади.
Ўз даврининг юрак уришларини ҳис этиб туриш – ёзувчининг бурчи. У илҳомни, энг аввало, ўзи гувоҳ бўлиб турган воқеалардан, учрашувлардан олади. Халқ ёзувчидан мамлакат ҳаётида рўй бераётган улуғвор ишларга ҳам, жамият равнақига ғов бўлаётган ҳодисаларга ҳам муносабат билдиришини кутади. Лекин, у бу вазифасини суистеъмол қилиб, календар-шоир даражасига тушиб қолмаслиги керак. Ёзувчи бугун севиб ўқиладиган, эртага қадр-қиммати янада ошадиган асарлар ёзишга интилса, айни муддао бўлур.
Улуғбек ҲАМДАМ:
Устоз, адабиётимизнинг умидбахш тамойиллари ҳақида гапирсангиз. Ўзбек адабиёти Шарқ адабиёти бўлиши баробарида, умумжаҳон адабиётнинг ҳам бир бўғини ҳисобланади. Шундай экан, унинг ўз миллий хусусиятларини сақлаб қолмоғи, айни чоғда, ўзининггина қобиғида қолиб кетмаслиги учун қандай манзилларни кўзлаб, қандай жасоратларга қўл урмоғи лозим кўринади?
Ўтган қарийб йигирма йил мобайнида ўзбек адабиёти модернизм билан “оғриб” олди. Энди эса, ҳавода постмодернизмнинг элчилари учиб юрибди. Бу хил тамойиллар миллий адабиётимизнинг бойиб, кенгайиб ва чуқурлашиб боришига хизмат қиладими ёки, аксинча. Ва, умуман, мана шу жараёнларда адабиётшунос ва танқидчи олимларнинг ўрни ва роли қандай бўлмоғи керак?
Наим КАРИМОВ:
Афсуски, адабиётимизнинг яқин тарихини яхши биладиган баъзи дўстларимиз ҳам модернизмни мутлақо нотўғри талқин қилиб, ҳатто Беҳбудию Қодирийни ҳам модернизм адабиётининг намояндалари дейишгача бормоқдалар. Ҳурматли Пиримқул Қодиров шу масалада уларни жиндек койиган эди, кўплашиб уни тавбасига таянадиган қилишди.
Модернизм Шарқ адабиётининг маҳсули эмас. Модернизм бизга Ғарбдан кириб келган. Аслида, Ғарб модернизм адабиёти деганда, янги давр адабиётини назарда тутади. Аммо, тасвирий санъатдаги модернизм кўринишларига назар ташласак, уларда кўзи белидан қараб турган ёки боши Билан орти алмашиб қолган одамларни кўрамиз. Бу, одамнинг модернизм оқимига мансуб рассом нигоҳидаги образи. Ғарб тасвирий санъатининг мазкур оқимга мансуб асарларида ҳам шунга ўхшаш воқеликнинг бетакрор ўзига хос кўринишлари каммас. Ғарб шундай санъатни ҳам ёқтиради. Аммо, Ғарб рассоми қулоғини шартта кесиб ташлаган бўлса, Шарқ рассоми ҳам янгилик деб ундан ибрат олиши нодонликдан бошқа нарса эмас. Шарқ адабиёти доим доно фикр ва заррин ифодалар адабиёти бўлган. Шарқ адабиёти – кишиларнинг бадиий диди ва дилини тарбияловчи нафосат мактаби. Ўзбек адабиёти Шарқ адабиётининг ана шу анъаналарини давом эттириб келади. Бу Ғарб учун ҳам ёт ёки эскирган ҳодиса эмас. Акс ҳолда, Коэлонинг Шарқ адабиёти руҳида яратилган асарлари бугун бутун дунёда машҳур бўлмаган бўларди. Биз ўз маънавиятимизни Ғарб андозалари асосида бузиб келганимиз етмай, энди фикрсизлик адабиёти бўлган модернизмни ҳадеб пеш қилаверсак ножоиз бўлар. Лекин, бу сўзларим адабиётимиздаги ҳозирги модернистик оқимдан кечиш керак, деган маънони мутлақо англатмайди.
Биз ўзимизни улуғ устозларимиздан ақлли, деб ўйламаслигимиз лозим. Улар Ғарб адабиётидан ўзимизда йўқ адабий тасвир усуллари ва жанрларини олишган: реализмни, драмани, романни. Аслида, ёзма адабиётимизда реализмнинг ҳам, романнинг ҳам унсурлари оз бўлмаган, оғзаки адабиётимизда эса драманинг ҳам унсурлари сероб. Лекин, устозлар Ғарб адабиётидаги йиллар давомида шаклланган ва синовдан ўтган тасвир имкониятларидан баҳраманд бўлганлар.
Ҳар ҳолда, юрагимизда аждодларимиз қони оққанидек, адабиётимиздан ҳам Шарқ адабиётининг ўзига хос гўзал, нафис ва ҳаётбахш таровати эсиб турганига нима етсин?..
Шарқ юлдузи