Ҳамид Олимжон ва Усмон Носир: туҳмат ва ҳақиқат

Ёш адабиёт шинавандаларининг бундай қизғин баҳсларига сабаб бўлган миш-миш Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидова томонидан узоқ йиллардан бери мамлакатимиз бўйлаб тарқатилиб келинмоқда. Бу куракда турмайдиган гаплар тарқала бошлаганда Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси Зулфияхоним барҳаёт бўлиб, шоир ҳаёти ва ижоди билан шуғулланиб келаётганим учун каминани Н.Рашидовага жавоб беришга ундаган, ҳатто мени лоқайдликда айблаб ранжиган, аммо мен бу туҳмат сўзлари матбуотда бўй кўрсатмагани туфайли уларга жавоб беришни ўринсиз, деб ҳисоблаб келаётган эдим. Афсуски, Ҳамид Олимжон ижодини билган бирор киши шу вақтгача “кишт” демагани учун Рашидова тинимсиз равишда марҳум шоир хотирасига маломат тошларини отиб келди ва ҳозир ҳам отишда давом этмоқда.

 

Рашидова бундан бир неча йил илгари Ҳамид Олимжоннинг гўё Усмон Носирдан “ўғирлаб олган” шеърлари қаторида “Ўрик гуллаганда”ни ҳам тилга олар эди. Камина бу машҳур шеърнинг 1937 йил 30 март куни ёзилгани, унда Қозоғистон Советларининг I қурултойига меҳмон бўлиб борган шоирнинг қалин қор гилами билан қопланган Олма-отадан ватанига қайтгач, ҳовлисидаги чаман бўлиб очилган ўрик гулларидан олган ҳис-туйғулари ифодаланганини қаердадир айтган ва ёзган эдим. Мазкур шеърнинг ўша йили 6 апрель куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида илк бор чоп этилганини ҳам маълум қилган эдим. “Ўрик гуллаганда” шеъри шундан кейингина Рашидованинг рўйхатидан тушиб қолган.

Энди “Ўзбекистон” ва “Россия” шеърларига келсак.
Бу шеърлардан бири Ўзбекистон шўро республикасининг 15 йиллиги муносабати билан 1939 йилда ёзилган ва илк бор Ҳамид Олимжон вафотидан кейин унинг “Танланган асарлар” тўпламида (1944) эълон қилинган. Бу шеърнинг ўз вақтида чоп этилмагани сабаблари бизга маълум эмас. Аммо уни шу йили Ҳамид Олимжон раҳбарлигида ва фаол иштирокида ёзилган машҳур шеърий хатлар, шунингдек, шу муаллифнинг “Ойгул билан Бахтиёр” ҳамда “Семурғ ёки Паризод ва Бунёд” достонлари билан қиёслаб кўрсак, бу асарлар ўртасида шеърий-услубий муштараклик мавжудлиги ойдек равшан бўлади. “Ўзбекистон” шеърида ёрқин ифодасини топган Ҳамид Олимжонга хос шеърий тафаккур парвозини, мусиқий равонликни, жўшқинликни, қуймаликни бошқа бирор шоирда учратиш маҳол.
“Россия” шеъри эса 1943 йил 3-6 март кунларида ёзиб тугалланган. Бу шеърнинг араб имлосида қора қалам билан ёзилган автографи Ҳамид Олимжоннинг Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейидаги Ўзбек ёзувчилари арзивида сақланади. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумат делегацияси 1943 йил февраль-март ойларида Москва бўсағаларида душман билан жон олиб, жон бераётган ўзбек жангчиларига совға-салом олиб борган. Ҳамид Олимжон делегация аъзоси сифатида урушнинг даҳшатли манзараларини ўз кўзи билан кўрибгина қолмай, Россиянинг бепоён мамлакат эканига ҳам ишонч ҳосил қилган. Мазкур шеър шу машаққатли сафар чоғида, бомба ва снарядлар ёмғири остида туғилган. Буни 90-йилларга қадар ўзбек мактабларида таълим олган ўқувчилар яхши билишади. (Рашидова рус мактабида ўқигани учун бу оддий ҳақиқатдан бехабар бўлса, Ҳамид Олимжон ҳам, биз ҳам айбдор эмасмиз.)
Усмон Носир ўзбек ёзувчилари орасида шўро давлати қаҳрига учраган энг ёш ижодкор эди. Балки шу туфайлидир Сталин ва унинг ҳеш-аҳраболари имзолаган Қатл этилувчилар рўйхати (Расстрельные списки) да шоир исм-шарифи 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши назарда тутилган 2-тоифадаги маҳкумлар сирасига киритилган. Усмон Носир жазо муддатини ўташ учун ажал тегирмони – Колимага юборилган. У Магадандаги лагерлардан бирида жазо муддатини ўташ вақтида (шароит берган имконият доирасида) ижод билан ҳам шуғулланган. Маҳбус 1940 йил 20 август куни Магадан шаҳридаги 261/5 почта қутиси (2-саноат комбинати) дан Сталинга йўллаган хатида қайд этишича, “маҳбусликда кечирган уч йил ичида ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, битта шеърий роман, учта пьеса, қатор шеърлар тайёрла”ган. Бу хат турли чиғириқлардан ўтиб, 1940 йил 28 декабрда (яъни тўрт ою саккиз кун деганда) ВКП(б) Марказий Комитетига келиб тушган. Марказий Комитет девони хатни Сталин котибиятига эмас, балки СССР прокуратурасига жўнатган. СССР прокуратураси эса ўз навбатида мазкур хатни СССР Бош ҳарбий прокуратурасига ўрганиш учун юборган. Орадан бир йил ўтгач, 1942 йил 8 январда СССР Бош ҳарбий прокуратураси Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокуратурасига мурожаат этиб, маҳбуснинг айбдор ёки айбсиз эканлигини аниқлаш учун “адабиётчи мутахассислардан иборат” экспертлар гуруҳини ташкил этишни тавсия қилади. Табиийки, Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси Усмон Носир “иши”ни қайта кўришни НКВД ихтиёридаги маҳбуснинг ижтимоий ва ижодий қиёфасига оид ҳужжат ва маълумотларни ўрганишдан бошлайди. Айни вақтда унинг “меҳнат-тузатув лагерлари”даги хулқ-атворига доир маълумотлар билан ҳам танишиш мақсадида Магадандаги тегишли идораларга мурожаат этади... Хуллас, “адабиётчи мутахассислардан иборат гуруҳ” 1944 йилнинг май ойидагина Усмон Носир “иши”ни қайта кўриш масаласига жалб этилади.

Усмон Носир “иши”ни қайта ўрганиш ҳақидаги кўрсатма Тошкентга 1942 йил январида келган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Ҳамид Олимжон ҳам, “адабиётчи мутахассислардан иборат гуруҳ” ҳам бу ишга 1944 йилдагина жалб этилганлар. Аммо Ёзувчилар уюшмаси ҳайъати аъзоларининг Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокуратурасига йўллаган 1944 йил 6-8 май санали хатидан ҳам, экспертлар гуруҳининг 1944 йил 30 ноябрь санали хулосасидан ҳам шу нарса равшан бўладики, Усмон Носирнинг Сталин номига йўллаган асарлари уларга берилмаган. Экспертлар гуруҳи маҳбус шоирнинг фақат “Меҳрим” шеърлар тўплами ҳамда “Боғчасарой фонтани” ва “Демон” асарларининг таржималари таҳлили асосидагина хулоса берган. Ўйлайманки, агар шоирнинг Магаданда ёзган асарлари Тошкентга етиб келганида, улар, албатта, “адабиётчилардан иборат гуруҳ”га берилган ва улар томонидан тақриз қилинган бўларди.
Бу, масаланинг бир томони.
Масаланинг иккинчи томони шундаки, Усмон Носир ҳали озодлик ҳавоси билан нафас олиб яшаган йилларида Ленин тўғрисида шеърий роман, Тошкент қамоқхонасида ётган кезларида эса Сталин тўғрисида достон ёза бошлаган. Усмон Носир хатида тилга олинган шеърий роман ана шу икки тугалланмаган асардан униб чиққан бўлса ажаб эмас.
Масаланинг учинчи томони шундаки, Усмон Носир қанчалик истеъдодли ва кенг билимли шоир бўлмасин, унинг лагерь шароитида тарихий мавзудаги “Муқанна” ва реал ҳаётий воқеага асосланган “Жиноят” драмаларини ёзиши асло мумкин эмас. Ҳамид Олимжон ижоди билимдонларининг маълумот беришларича, бўлажак шоир Педакадемияда таҳсил кўрган йилларидаёқ Муқанна қўзғолони билан қизиқиб, ўзбек халқи тарихининг бу қаҳрамонона саҳифасини қунт билан ўрганган. 1937 йилда эса Муқанна бошчилигидаги халқ қўзғолонига бағишланган трагедия ёзишга аҳд қилиб, ҳатто унинг биринчи пардасини ёзиб тугатган. Лекин ҳали адабий тажрибанинг етишмаслиги боис у ижодий ниятини бадиий мужассамлантириш имконига эга бўлмаган. Орадан беш йил ўтиб, Ҳамид Олимжон муайян ижодий малака ҳосил қилгач, яна Муқанна мавзуига қайтади. 1941 йил бошларида трагедия ёзишга қайта киришиб, 12 февралда унинг биринчи пардасини қўлдан чиқаради. Шундан кейин у 5 майга қадар асар устида узлуксиз ишлайди. Сўнг, маълум сабабларга кўра, бир йил “танаффус қилади” ва, ниҳоят, 1942 йил 31 майда асарга сўнгги нуқта қўяди.
Ҳамид Олимжон ўз асарини ёзишдан аввал тарихий адабиётни синчковлик билан ўрганган. У тўплаган ва ўрганган материаллар орасида М. Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асари таржимаси, Г.А. Иброҳимовнинг «Исломнинг келиб чиқиши ва синфий моҳияти» китоби, «Қуръон» сураларининг русча таржималари, шунингдек, ўзбек халқининг келиб чиқиши, оловга сиғиниш, буддизм ва ҳоказоларга оид манбалардан кўчирма ва конспектлар бор. Бу материаллар Ҳамид Олимжоннинг 10 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”да эълон қилинган.
“Муқанна” драмасининг ҳозирги Ўзбекистон Миллий театридаги премьераси 1943 йил 24 сентябрда бўлиб ўтган. Шу воқеадан аввал Ҳамид Олимжон мазкур асарнинг мусиқали драма вариантини яратган. Бу асарда ”Куйгай”, “На бўлғай” сингари ўнлаб ария, дуэт ва хорлар бўлиб, уларга Юнус Ражабий мусиқа басталаган. “Муқанна” мусиқали драмаси ўша йиллардаёқ Янгийўлдаги вилоят мусиқали драма театрида саҳна юзини кўрган.

Бизга яна шу нарса маълумки, Ҳамид Олимжон Уйғун билан Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасини биринчи бўлиб ўқиб, муаллифларни катта ижодий ғалаба билан табриклаган. “Бир мунча вақтдан сўнг, - деб ёзган эди Уйғун “Ҳамиша кўз олдимда” деган мақоласида, - Ҳамид Олимжон “Муқанна” драмасини ёзди. Мени олдига чақириб (ўша вақтда у Ёзувчилар союзида ишларди) столга бир папка қўйди ва мулойиб кулимсираб:
- Мен ҳам бир нарса қораладим, - деди. - Ҳали ҳеч кимга кўрсатганим йўқ, ҳеч ким ўқимаган. Биринчи бўлиб сизга ўқитишни лозим топдим. Сизга маъқул бўлса, сўнг бошқаларга кўрсатаман. Агар маъқул бўлмаса, маслаҳат берасиз, қайта ишлайман. Ҳар ҳолда “Алишер Навоий” драмаси билан бу соҳада анча тажриба орттиргансиз.
Драмани дарҳол ўқиб чиқиб, бу ажойиб асар билан авторни қутладим. Сўнг асарни расмий равишда бошқаларга ўқишга бердик...” (“Гулистон” журнали, 1979 йил, 5-бет).
Энди ўйлаб кўринг. Усмон Носир Магадандаги азоб-уқубат лагерида, бутунлай ўзга руҳий муҳитда яшаб туриб, тарихий манбалар асосида Муқанна қўзғолони тарихини ўрганиши ва оташин сатрлар жавлон уриб турган патетик трагедияни яратиши мумкинмиди?!.
“Жиноят” драмасига келсак, бу асар замирида келинига кўз олайтирган қайнота билан боғлиқ маънавий-ахлоқий масала ётади. Ҳамид Олимжон 30-йилларда Фарғона водийсига қилган сафарида шу воқеадан хабар топган ва қаттиқ мутаассир бўлган эди. Балки уруш йилларида ҳам разолатнинг қўланса ҳиди уфуриб турган шундай воқеани эшитиб, мазкур драмани ёзишга аҳд қилгандир. Магаданда, жабрдийда маҳбуслару шафқатсиз назоратчилар муҳитида яшаган Усмон Носир наҳотки ўзида шундай асар ёзишга зарурат сезган бўлса?!
Кўрамизки, Рашидованинг Ҳамид Олимжон шаънига айтиб келаётган сўзлари на эркинликда қайноқ ижодий ва ижтимоий фаолият билан шуғулланган Ҳамид Олимжонни, на тутқунликда азоб-уқубат чеккан Усмон Носирни яхши билмасликнинг, очиқроқ айтсак, нодонлик ва жоҳилликнинг натижасидир.
Кези келганда шуни айтиш керакки, СССР парчаланиши арафасида мен Рашидова билан бирга Усмон Носирнинг Магадандан Сталин номига жўнатган ва бошқа қамоқхоналарда ёзиши мумкин бўлган асарларни излаб Москвадаги турли махфий идораларга учрадик. Ниҳоят, КГБ тизимидаги идораларнинг бирида хизмат қилаётган офицер бизга бу асарларни топишга ёрдам беражагини айтди. Фақат биз бу олижаноб офицерга маҳбус шоирнинг қачон ва қайси қамоқхона-ю лагерларда бўлгани ҳақида аниқ маълумот беришимиз лозим эди. Рашидова шоирга жигар бўлгани учун бундай маълумотни шахсан ўзи Тошкентдан юборажакка ваъда берди. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, у ҳафсаласизлик қилибми ёки бошқа бирор сабаб биланми КГБ офицери сўраган маълумотни юбормаган экан.
Шу воқеадан кейин кўп ўтмай, СССР парчаланиб, бояги офицер билан алоқа йўли узилиб қолди.
Рашидова “Усмон Носирни излаб” деган мақоласида (“Шарқ юлдузи”, 1987 йил, 12-сон) бундай сўзларни ёзган эди: “1944 йилда Усмоннинг онаси, отаси, сингилларига узоқ Магадандан шоир Ўзбекистон Ёзувчилар союзига ўзининг қўлёзмаларини юборибди, деган хабар келди. Бу 13 минг мисралик (7) “В.И.Ленин” ва “Шаҳло” (?) номли достонлар эди. Усмоннинг онаси дарҳол Ёзувчилар союзининг раҳбарларига мурожаат қилди, лекин қўлёзмаларни ололмади”.
Муаллиф “Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари” деганда, шубҳасиз, “Ҳамид Олимжон” назарда тутади.

1937-1938 йилларда «халқ душмани» сифатида айбланиб, борса-келмас жойларга бадарға қилинган маҳбуслар хат ёзиш ва хат олиш ҳуқуқидан тамоман маҳрум этилган эдилар. Бинобарин, Усмон Носирнинг Магадандан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қўлёзмаларини юборгани ҳақидаги сўзлар уйдирмадан бошқа нарса эмас. Шу ўринда айтиш жоизки, кимнингдир гўё Усмон Носирдан хат олиб келгани ва бу хатда: “Синглим Роҳатхон! Сенинг Ўткир Рашидга турмушга чиққанингни эшитиб кўп хурсанд бўлдим”, деган сўзлар ёзилганига ҳам ишониш гўллик бўлади. Маҳбус шоирнинг Магаданда туриб синглисининг турмушга чиққанидан хабар топиши ва унга ўз қувончини баён қилиб хат йўллаши асло мумкин эмас.
Усмон Носирнинг Сталинга ёзган хати тўғридан-тўғри Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига келмаган. Бу хат Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси ихтиёрида бўлган, бинобарин, Ҳамид Олимжон ҳам, Ёзувчилар уюшмаси ҳайъати аъзолари ҳам бу хат билан фақат танишган бўлишлари мумкин, холос. Агар маҳбус шоирнинг Магаданда ёзган асарлари мазкур хат билан бирга ҳарбий прокуратурага юборилганида, улар бу асарларни экспертлар гуруҳига тақриз қилиш учун, албатта, берган бўлардилар. Бинобарин, бу асарлар Москвада, ВКП(б) Марказий Комитетининг девонида қилган.
1937 йил қурбонларининг минглаб хатлари сингари, Усмон Носир хати ҳам шахсан Сталиннинг қўлига етиб бормаган. Шунинг учун “адабиётчилардан иборат гуруҳ”ни Сталиннинг буйруғи билан тузилган комиссия, дейиш ҳақиқатни сохталаштириш билан баравар. Лекин масаланинг бу томони Рашидовани мутлақо қизиқтирмайди. У “Усмон Носир ҳақида”ги рисоласида (2001) бундай сўзларни ёзади:
“...Сталиннинг буйруғи билан (?) тузилган комиссия шоирни оқлаганига (?) қарамай, илтимосларга (?) ҳамиша рад жавоби келаверган (?)”(46-бет).
Яна: “Сталиннинг буйруғи билан (?) Ўзбекистоннинг раҳбари Усмон Юсупов профессор Боровков, Сиддиқ Ражабов ва Мақсуд Шайхзодадан иборат текширув комиссиясини туздириб (?), шоир Усмон Носир ижодини ўрганиш ва хулоса чиқаришни талаб қилади (?). Батафсил ўрганиш натижасида комиссия Усмон Носир ижодида “ҳеч қандай айб йўқ”лигини эътироф этади (?)” (44-бет).
Шўро давлатининг қатағон сиёсатидан хабардор кишилар шуни яхши биладиларки, шу даврда республиканинг биринчи раҳбари “учлик” аъзоси бўлгани ҳолда ҳибсга олиш, қамаш, отиш ва оқлаш масаласида мустақил овозга эга бўлмаган. Комиссия тузиш ва унга йўлланма бериш ҳуқуқи НКВД раҳбарларидагина бўлган.
“Аммо шоирнинг айрим ҳамкасблари (Ҳамид Олимжон назарда тутилмоқда. – Н.К.), - давом этади Рашидова, - яна ўз кирдикорларини давом эттирадилар (?), унинг республика Ёзувчилар уюшмасига юборган янги асарларини сир тутиб (?), 1944 йилнинг 5 май куни тезкорлик билан чақирилган (?) мажлисда уни бошқатдан қоралайдилар” (44-бет).
Рашидованинг масъулиятсизлик билан айтган бу сўзлари қора туҳматдан бошқа нарса эмас. Зеро, ҳарбий прокуратура Усмон Носир “иши”ни қайта кўришни, юқорида айтиб ўтганимиздек, уч йўналишда олиб борди. Биринчидан, 1937 йилдаги қатағон жараёнида Усмон Носир номи тилга олинган сўроқномаларни ўрганиб чиқди. Иккинчидан, НКВДнинг Магадан бўлимига хат йўллаб, маҳбус шоирни бадном этувчи лагерь материалларини юборишни сўради. Учинчидан, Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатидан Усмон Носир ижоди ҳақида тавсифнома беришни талаб қилди. 1944 йил 6-8 май кунлари уюшма ҳайъатининг 6 аъзоси Усмон Носир ҳақида умуман ижобий тавсифномага қўл қўйиб, ўша давр учун жасоратли ишни амалга оширди. Прокуратура уюшма номидан берилган тавсифнома билан ҳам кифояланмай, ўша йилнинг 18 майида Ҳамид Олимжонни, 19 майда Ғафур Ғулом ва Ғайратийни, 22 майда Холида Сулаймоновани сўроққа чақириб, уларнинг Усмон Носир ҳақидаги фикрлари билан танишди. Шундан сўнггина прокуратура 18 июль куни 3 кишидан иборат экспертлар гуруҳини ташкил этишга қарор қилди. Бу гуруҳ шоир ижодини 4 ой давомида ўрганиб, 30 ноябрда ўз хулосасини берди. Прокуратура маҳбус шоир “иши”ни қайта кўришда давом этиб, ниҳоят, 1944 йил 15 декабрда “Носиров Усмон хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани учун” унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни тўхтатиш ва маҳбусни меҳнат-тузатув лагеридан озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Аммо афсуслар бўлсинки, Усмон Носир бундан 9 ой илгари, 1944 йил 9 мартда вафот этган эди..
Кўрамизки, шоирнинг кечикиб оқланишида на уюшма раҳбариятининг, на бирор ёзувчининг айби йўқ. Шунинг учун Рашидованинг юқорида келтирилган барча сўзлари туҳмат сифатида баҳоланиши мумкин.

Модомики, Рашидованинг қаҳрли нигоҳи аввало Ҳамид Олимжонга тушган экан, келинг, ҳарбий прокуратура ходими билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ўртасида бўлиб ўтган сўроқ қайдномасига бир назар ташлайлик:
“САВОЛ. Ўзбекистоннинг собиқ шоири Носиров Усмоннинг аксилинқилобий миллатчилик хулқ-атвори туғрисида 1937 йилда комиссия томонидан берилган хулосаларни тасдиқлайсизми? (Комиссия хулосалари ўқиб берилади.)
ЖАВОБ. Мен аъзоси бўлган комиссиянинг 1937 йилда Усмон Носировнинг аксилинқилобий миллатчилик хулқ-атвори тўғрисидаги хулосаларини тасдиқлайман. Кўрсатилган хулосалар айрим шахслардан тушган материаллар ва комиссия аъзоларининг улар билан қилган суҳбатлари асосида тузилган.
САВОЛ. Собиқ шоир Усмон Носировнинг аксилинқилобий миллатчилик хулқ-атвори нималарда аниқ ифодаланган?
ЖАВОБ. Шахсан мен Усмон Носировнинг аксилинқилобий миллатчилик хулқ-атворига доир бирор фактни билмайман. Усмон Носировнинг аксилинқилобий миллатчилик руҳидаги фикрларини эшитмаганман.
САВОЛ. Комиссиянинг 1937 йилдаги хулосаларида қайд этилишича, Носиров шеърият ҳақида сўзлаб: “Фақат пессимистик дунёқарашгина юксак бадиий шеъриятнинг мазмуни бўлиши мумкин”, деган.
ЖАВОБ. Мен бундай фикрларни шахсан Носировдан эшитмаганман. Бу сўзни қуйидагича тушуниш мумкин: Шеъриятда ҳаётнинг ҳозирги ҳолатидан норозилик бўлиши лозим. Носировнинг “Меҳрим” шеърлар тўпламида пессимистик кайфият билан йўғрилган шеърлар бўлган. Мен ҳозир Носировнинг “Меҳрим” тўпламидаги шундай кайфият ва мазмун билан йўғрилган шеърларини аниқ кўрсатиб бера олмайман. Ҳозир “Меҳрим” тўплами йўқ, муомаладан йиғиштириб олинган.
САВОЛ. Комиссиянинг 1937 йилдаги хулосаларида қайд этилишича, Носиров шоир Лаврентьев билан суҳбати чоғида аксилинқилобий миллатчилик фикрларини баён қилган. (Комиссия хулосаларидан парча ўқиб берилади.)
ЖАВОБ. Мен шахсан бундай фактни билмайман. Лаврентьев билан суҳбатлашган эмасман. Бу масаланинг қандай ва ким томонидан ўртага ташлангани ёдимда қолмаган.
САВОЛ. Комиссиянинг 1937 йилдаги хулосаларининг 6-бандида қайд этилишича, Носиров Ўздавнашрнинг бадиий бўлимида Холида Сулаймонова, Наим Саидов (қамалган) ва Ғайратий (ҳозирги вақтда ёзувчи ва ўқитувчи) ҳузурида миллатчи Абдулла Алавийга бағишланган шеърини ўқиган. Шу ҳақда сиз нималарни биласиз?
ЖАВОБ. Бу модда шахсан ёзувчи Ғайратийнинг: “Алавий миллатчи ёзувчилар гуруҳига яқин шоир эди”, деган сўзлари асосида комиссия хулосаларига киритилган. (Абдулла Авлавй) 1930 йили Самарқандда вафот этган, жавобгарликка тортилмаган.
САВОЛ. Носировнинг миллатчи Чўлпон билан алоқаси қай даражада бўлган?
ЖАВОБ. Носировнинг бу алоқаси менга маълум эмас. Унинг қайси маълумот асосида комиссия хулосаларида ёзилганидан хабардор эмасман.
САВОЛ. Пушкин асарларининг ўзбек тилига бузиб таржима қилингани нималарда аниқ кўринади?
ЖАВОБ. Носиров тажрибали таржимон бўлмагани учун Пушкин асарларини ўзбек тилига таржима қилишда йўл қўйилган хатоларни атайин қилинган, деб ҳисобламайман, бундай хатоларнинг бўлиши табиий, чунки улар дастлабки таржималар эди. Бу таржималарни қониқарли деб ҳисоблаш мумкин. Шуни тан олиш керакки, классиклар - Пушкин, Лермонтов асарларининг ўзбек тилига таржимаси Носировнинг катта хизматидир.
САВОЛ. Носировнинг аксилинқилобчилик ва миллатчилик мазмуни билан суғорилган қандай асарларини биласиз?
ЖАВОБ. Носировнинг аксилинқилобчилик ва миллатчилик мазмунидаги асарларини билмайман. Мен Носировниннг “Меҳрим” шеърлар тўпламидаги пессимистик мундарижали асарларини биламан, (ундаги) баъзи бир шеърлар воқеликдан узилган эди.
Бошқа бирор гапни айта олмайман”.

Шўро давлатининг 30-50-йиллардаги қатағон сиёсати қораланмаган, аксинча, ҳамон давом этаётган мураккаб, ҳатто хавфли даврда Ҳамид Олимжоннинг қаламкаш биродари тўғрисида шундай сўзларни дадил айтиши жасорат эди. Агар экспертлар гуруҳининг Усмон Носирга бундай ён босиб хулоса бера олмаганини назарда тутсак, Ҳамид Олимжоннинг бу сўзлари унинг чин маънода катта қалб эгаси бўлганидан шаҳодат беради.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳамид Олимжон билан Усмон Носир ўртасида бирор низо ёки кўнгилсизлик бўлмаган. 1937 йилнинг май ойида Москвада ўзбек санъати ўн кунлиги ўтказилган кунларда бу икки шоир ҳатто ҳамкорликда “Пушкин на узбекском языке” деган мақола ёзиб, уни “Литературная газета”нинг шу йилдаги 26 май сонида эълон қилишга муваффақ бўлганлар.

Наим Каримов