Осмонингдан узилма эй дил

Таржимон Алоуддин Мансур билан мулоқот

“Олим ёки толиби илм, олимларни тингловчи ёки илмни суювчи бўлинг. Илмнинг душмани бўлишдан сақланинг, акс ҳолда ҳалок бўласиз, - дегандилар пайғамбаримиз Муҳаммад Саллоллоҳи алайҳи вассалом. Худди шунингдек инсон ҳар қанча шаккок бўлмасин, вужудида яратганга иймон келтириш ҳисси борлигини доимо сезади. Бу туйғусиз у ҳалок бўлишини ҳам билади. Энг муҳими бу туйғуни йўқота олиш инсоннинг қўлидан келмайди. Пайғамбаримиз самога боқиб, ”шундай анвар юлдузларни яратиб қўйган оллоҳга нега одамлар иймон келтирмайдилар-а, - дея йиғлаган эканлар. Юлдузларни одамлар йўқотолмаганларидек, қалбларидаги оллоҳга бўлган иймонни ҳам йўқотаолмайдилар. Фақат, бугунги куннинг фожеаси биз ўз кўнглимиздаги иймонга эътиборсиз бўлиб қолган эдик.
Лекин, мана XX аср сўнггида хаётимизда буюк воқеа юз берди. Қуръони Карим исломшунос олим Алоуддин Мансур томонидан ўзбек тилига ўгирилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги бадиий таржима ва адабий алоқалар Марказига домла билан таништиришларини илтимос қилиб мурожаат этган дўстларимиз истаги баҳонасида сиз азиз муштарийларимизга домла Алоуддин Мансур билан қурган суҳбатимизни тақдим қилмоқдамиз.
-    Алоуддин ака, мана “Шарқ юлдузи” журналида Қуръони Карим илк марта ҳозирги ўзбек тилида сизнинг таржимангизда эълон қилина бошлади. Суҳбатимиз аввалида журналхонларимизга шу муқаддас китоб ва унинг таржимаси ҳақида маълумот берсангиз.
-    Бисмиллоҳирраҳмонирраҳим. Аввало Қуръонни фақат бир адабий асар деб қараш тўғри эмас. Бу илоҳий Китоб Тангрининг борлигига иймон келтирган кишига биринчидан Яратганнинг қандай зот эканини танитади, сўнгра инсонга инсоннинг ким эканини, бу дунёга нима учун келганини, зиммасида қандай вазифалар борлигини ва яратган билан қандай алоқа боғлаши кераклиги, ўзи каби яралганлар, яъни атрофидаги олам билан қандай  муомала қилиши лозимлиги... қисқа қилиб айтганда қандай қилиб, инсон ўзининг нисбатан қисқа умрини ҳақиқий инсондай яшаши зарурлигини ўргатади. Шунинг учун ҳам бу Китоб мана 1400 йилдирки, дунёнинг ҳамма томонларида тиловат қилиниб келмоқда. Жаҳонда уни ўқимаган миллат, У таржима қилинмаган тил йўқ ҳисоби. Бизнинг аждодларимиз ҳам уни яхши билишган, ўқиб амал қилишган. Лекин афсуски неча ўн йилардан буён халқимиз бу илоҳий асардан бебаҳра яшади. Унинг на ўзини, на таржима тафсирларини ўқиш имкониятига эга бўлди.
Ҳайрит бугунга келиб шоир айтмоқчи:

Шукрким, ўтди жаҳолат даври, уйғонди жаҳон.
Эл эшитгай нени билсанг айт, ҳақиқатдан гапир.

Мана энди бу азиз Китоб билан ўз она тилимизда учрашиш имкони туғилди. Шу боисдан мен Қуръонни ўзбек тилига таржима қилиш тўғрисидаги таклифни бажонидил қабул қилиб, баҳоли қудрат бу муборак ишга киришдим. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб кўнглимдаги бир гапни айтмоқчиман: Қуръонни ким томонидан қайси тилга таржима қилинмасин унинг аслидек бўлмаслиги аниқдир. Чунки ундаги ҳар бир оят, ҳар бир калима, балки ҳар бир ҳарф шу қадар топиб айтилиб, ўз ўрнига қўйилганки, бундай айтиш фақат Яратганнинг қўлидан келади, холос. Бу даъвойимизга Қуръон нозил бўлган даврда юз берган бир воқеа далил бўлса керак: Муҳаммад алайҳиссалом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турилар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига илиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳоба (яъни, пайғамбаримиз билан ҳамсуҳбат бўлган мусулмон)лардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган “Кавсар” сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан “Бу башар сўзи эмас”, деб гувоҳлик берадилар. Шунинг учун уламолар Қуръонни аслидек қилиб таржима қилиш мумкин деб ҳисоблайдилар. Мен ҳам Қуръоннинг ўзбекча таржимаси фақат Қуръон томонга бир қадам деб баҳоланиши лозим деб биламан.
-    Домла, боя “... неча ўн йилардан буён халқимиз бу илоҳий асардан бебаҳра яшади” дедингиз. Менимча халқимиз ХVШ –ХIХ асрларда ҳам бу Китобга тўлиқ амал қилмаганлиги туфайли зулм остида қолди. Энди эса жабр чека-чека бу Китобнинг қадрини англамоқда. “Биз Қуръонни туширдик ва уни сақлагаймиз” ояти худди ушбу вазиятга мос эмасми?
Дарҳақиқат Қуръонда “Бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз туширганмиз ва уни ўзимиз сақлагувчимиз” мазмунидаги оят мавжуд. Асрлар оша мазкур оят Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу охирги асрда бу азиз Китобга қарши қанчадан-қанча ҳуружлар бўлмади? Уни ўтга ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас. Яна Қуръонни ёд олган, ёки ҳаётини шу илоҳий китоб асосида ўтказмоқни истаган миллионлаб кишиларни йўқотиб юборишди. Кейинчи? Кейин бошқа миллионлар қўлларида, тилларида ва дилларида бир ҳарфи ҳам заҳаланмаган шу азиз Китоб билан пайдо бўлдилар. Ислом таълимотига кўра Қуръон илоҳий китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин уни то қиёматгача йўқотмай, бузмай сақлашни Тангри ўз зиммасига олган. Шу боисдан бошқа илоҳий китобларга ўзгаришлар кириб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг 78 дан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас) Қуръон пайғамбар алайҳиссаломга қандай нозил қилинган бўлса шундай сақланмоқда. Бу тўғрида япон олимлари жуда қизиқ тажриба ўтказдилар:
ХХ – аср мўъжизаси бўлган компьютер воситасида Қуръондаги ҳарфлар, калималар, оятлар ва суралар ўртасидаги юксак мутаносибликни ва теран изчилликни, ҳамда унда қамраб олинган мавзулар ва амри-фармонларнинг ўлмас-ўчмас эканини кўриб улар бу китобни бир киши эмас, бутун бир академия ҳам ёзиши амри-маҳол деган хулосага келганлар ва бу тажриба ҳақида битилган рисолаларида адолатли бир фаразни ўртага ташлаганлар: “Бизнинг асримизнинг одамлари шу қадар тошбағир бўлиб кетганларки, ҳатто темир машина текшириб, исботлаб, иймон келтириб турган китобни ҳам инкор қиладилар”.
-    Домла, менимча техника бизнинг маънавий инқирозимиз ҳосиласи сифатида юзага келди. Техника аста-секин ҳаммани ўзига жалб этиб, характерларимизни, қалбимизни темирлаштира борди. Биз иймон-эътиқоддан биринчи бор чекинганимиздан сўнг, чекинишга журъат топаолмаганимиздан сўнг унинг аҳамиятини унута бордик. Оқибатда, ҳатто ўша техниканинг ўзи иймон келтириб турган нарсага ҳам ишонмаяпмиз. Модомики гап иймон-эътиқодга келиб тўхтаётган экан, келинг шу ҳақда батафсилроқ гаплашайлик.
-    Эътиқод кўнгил ободлиги, балки ҳар икки дунёнинг ободлигидир. Зотан илму-фан равнақининг ўзи инсониятни бахтли қилаолмайди. Билъакс эътиқоддан айру тушган илм одамзодни бахтсизлик – ҳалокат ёқасига олиб бориб қўйиши тайиндир. Дунёдаги бор илму-фалсафалар ақлни тўлдиради, аммо кўнгилга озуқа беришга қодир эмас. Дилни фақат пок эътиқод обод қилади. Яъни эътиқодсиз дил-хароб бўлган дилдир. Инсоннинг зиммасида ақлидан кўра қалбининг ҳаққи кўпроқдир. Инсоннинг тириклигини билдириб турадиган нарса ҳам унинг қалбидир. Зеро сиз дам олганингизда миянгиз ҳам дам олади. Уни баъзан қаттиқроқ, баъзан эса секинроқ ишлатишингиз мумкин. Аммо бу беором қалб дунёга келганингиздан кетгунингизча билсангиз-билмасангиз, истасангиз-истамасангиз тинмасдан уриб-ишлаб туради. Демак ИНСОН деган оламнинг маркази - пойтахти қалб бўлиб, уни пок эътиқод билан обод қилмоқ бурчдир. Ажабки, эътиқод нопок дилларга сиғмайди – худди шўр ерда гул унмагандек! Ажабки кўпинча ўша шўр диллар тоза кўнгиллар устидан, уларнинг эътиқодлари устидан куладилар – эътиқодсизлик эътиқоддан устун бўлиб олади. Лекин шундай қора кунларда ҳам юксак эътиқод эгалари иймон-эътиқодсиз яшагандан кўра ўз эътиқодлари йўлида қурбон бўлишни шараф деб биладилар. Бунга тарихдан истаганча мисол топиш мумкин. Мана масалан Октябрь инқилобидан кейинги сургун ва қирғинларда қанчадан-қанча улуғ зотлар ўз эътиқодлари сабабли шаҳид бўлдилар. Қўқонлик бир фозил мўйсафиднинг ҳикояси орадан ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам кечагидек қулоғим остида эшитилаверади: 20-йилларда солдатлар кунда-кунора уламо ва фузалоларни шаҳар четидаги бир жарлик ёқасига олиб-келиб отишар, улар кетганидан кейин, одамлар қўрқа-писа келишиб шаҳидларни чуқурдан тортиб чиқиб қабристонга олиб бориб кўмишар эди. Биз болалар пана-пастқам жойларга яшириниб бу даҳшатни томоша қилардик. Бир куни уч-тўрт кишини олиб келишиб, комадир энди отишга буйруқ бермоқчи бўлиб турганида узоқдан бир киши кўринди ва шошиб шу тарафга қараб кела бошлади. Афтидан қўқонликка ўхшамас эди. Яқин келгач жар ёқасига тизиб қўйилган кишиларни кўрсатиб солдатлардан “Булар кимлар”? – деб сўради. Командир “Булар руҳоний, диндор унсурлар бўлгани учун отувга ҳукм қилинганлар. Агар жонингдан умидинг бўлса йўлингдан қолма” деб дўқ-пўписа билан жавоб қилди. Шунда ҳалиги киши, ”Ундан бўлса шошмай туринглар” – деб ўзи ҳам жар ёқасига, маҳбуслар ёнига бориб турди ва деди, - Мана энди отинглар. Сал кечиксам мен ҳам булар билан бирга кетмай, сенлар билан қоларканман”.
Муҳаммаджон, мана шу ҳикояни эшитганимдан буён буюк туркигўй адиблар – Абдуллоҳ Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонларнинг ўлими ҳақида ўйлайман, уларнинг ночор, ноилож ўлиб кетганлар деган фкрни ҳеч қабул қила олмайман. Назаримда улар ўзгалар тирик қолиш учун ҳар қандай разолатдан қайтмаётганларини кўриб турсаларда эътиқоддан кечиб яшайдиган ҳаётни ўз ихтиёрлари билан ташлаб, пок эътиқод билан шаҳид бўлишни ўз ихтиёрлари билан танлаб олганлар. Ва адашмаганлар. Зотан бу хаёт нақадар ширин, нақадар тотли бўлмасин эътиқоддан кечиб яшашга арзийдиган даражада қийматбаҳо эмас.
-    Демак инсоннинг жасади ердан-тупроқдан бўлиб, жони осмондан-руҳлар оламидан тушиб жасадга кирганэкан-да?
-    Ҳа, ҳа шунинг учун ҳам оёғи ердан узилган одам жисман ҳалок бўлса, қалби осмондан узилган одам – эътиқодан кечган одам руҳан ҳалок бўлади. Ҳақиқий осмондан ажраб қолган одам назаримда иссиқхонада – сохта осмон остида ўстирилган ўсимликка ўхшайди – на мазаси бор, на ҳиди. Чунки жон инсоннинг ҳеч қачон ўлмайдиган асли-моҳияти, жасад эса бир муддат кийиб юрилиб, эскириб, яроқсиз ҳолга тушгач ечиб қўйиладиган кийим каби нарсадир. Шунинг учун ҳам баданингизнинг бирон аъзоси касалланса, кесилса ё шилинса ўша аъзо эмас, балки жонингиз оғрийди. Мана шу аён ҳақиқатдан кўз юмган киши адашади.
Менимча кейинги пайтларда хусусан аёллар ўртасида кўпайган арзир-арзимас баҳоналар илан ўз-ўзини халок қилиш каби бемаъни одатлар ҳам мана шу ҳақиқатни – жон абадийлигини англамасликдан келиб чиқмоқда. Ҳақсизлик азобидан, айрим ҳолларда эса шармандаликдан қутулиш учун ўзини ўлдириш, ёндириш васвасасига тушиб қолган иродаси заиф опа-сингилларимиз шу қилмишлари билан ҳаммасидан қутуламан деб ўйласалар қаттиқ адашадилар. Чунки жасадлари куйиб кул бўлиши билан улар ҳеч нарсадан қутилмайдилар – жонлари куймайдиям, ёнмайдиям. Жонлари, мана шу қилмишлари туфайли баттар азобга қолади холос.
Хаёт нақадар оғир, нақадар аччиқ бўлмасин арзир-арзимас сабаб-баҳоналар билан кечиб юборилаверадиган даражада арзон матоҳ эмас!
Қиссадан хисса шуки, пок эътиқод кишини диёнатсиз яшашдан сақлагани каби, арзимас сабаблар билан ўзини халок қилишдан – ўз жонига жабр қилишдан ҳам сақлайди.
-    Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда ўз жонига суиқасд қилиши энг катта гуноҳ экан, инсон ҳур бўлиши, фақат оллоҳдангина қўрқиши ва унгагина сажда қилиши лозим экан, унда сўфийларимизнинг “Ўнг юзингга урсалар чап юзинг тут” деган жумласининг маъноси нима?
-    Бу гап аслида Ийсо пайғамбарнинг гапларидирю Зотан христиан дини асосан тарки дунё қилишга, яъни зоҳидлик ва роҳибликка даъват қилади. Буга Ийсонинг шахсий хаётлари – уй-жой, бола-чақа қилмай ўтганлари ҳам яхши далилдир. Сиз юқорида келтирган жумладан ҳам шу мақсад кўзда тутилган: Агар дунё аҳли сени уриб, озор берсалар сен уларга қаршилик кўрсатиб қимматли вақтингни кеткизмасдан ибодатингга машғул бўлавер. Чунки бу дунё адолат истайдиган жой эмас.
Яна у зот томонидан шундай ривоят ҳам бор:
Ийсо ҳаворийларга “мол-дунё топиш ҳаром” дедилар. Улардан бири «Нима сабабдан”, - деб сўради. “Чунки мол-дунё одатда ҳаром йўл билан топилади” деди Ийсо. – “Агар ҳалол йўл билан топилса-чи?” – деб сўралди.
-    У ҳолда харом ишларга сарф қилинади”.
-    “Агар халолдан топиб, халолга сарфланса-чи?”
-  “Барибир харом – деди Ийсо – чунки ўша халолдан топиб, халолга сарфлаб юрган вақтингда Тангрига ибодат қилишдан қоласан”.
Ислом динида эса бу масалага кенгроқ қаралади.  Масалан пайғамбаримиз Муҳамад алайҳиссалом саҳобаларга шундай деганлар: ”Бу дунё деб охиратидан кечган киши ҳам, охират деб дунёсидан кечган киши ҳам сизларнинг яхшингиз эмас. Балки ҳар иккисидан баҳрманд бўлган киши яхши кишидир”. Ислом ўша ҳалол меҳнат билан дунё топиш ва уни халол ишларга сарф қилишни муҳим ибодатлардан деб ҳисоблайди. Бу динда одам Тангрининг ердаги халифаси саналиб, дунёни обод, фаровон қилиш ҳамманинг зиммасидаги бурч деб қаралади. Ислом ”Дунё топиш харом эмас, балки дунёга қул бўлиб қолиш харом”, дейди. Шунингдек ислом бировнинг ҳаққидан хазар қилишга буюради. Бунинг ибратли мисолларидан бири пайғамбар алайҳиссалом вафот қилганларида биз кўйлакларини бола-чақаларининг нафақаси учун бир яҳудийга ярим қоп арпага қўйиб кетганларидир. Ҳолбуки ислом давлатининг хазинаси у пайтда олтин кумуш билан тўла эди. Аммо у зот бу хазина фуқаронинг хаққи деб қўл теккизмаганлар.
Лекин дунёнинг ободлиги фақат молу-давлат билан бўлмайди, балки бунинг учун хаётда адолат барқарор бўлиши энг муҳим шартлардан биридир.

МУҲАММАД ИСМОИЛ