(Майда ҳикоялар ёзганда сўзни қандай тежаш керак)
Майда ҳикоялар устаси Чехов сўз тўғрисига келганда ҳаддан ташқари хасис, ортиқча сўзлар сарф қилиш у ёқда турсин, керакликларидан ҳам мумкин қадар юлишга ҳаракат қилади. Ўзи айтади: Майда ҳикоялар ёзганда сўзни ортиқча исроф қилгандан кўра керакликларини ҳам мумкин қадар озроқ ишлатиш керак». Унинг ҳикояларида сўз исрофгарчилигига сабаб бўладиган ортиқча деталлар ҳам бўлмайди. У бутун деталларни ўзи айтган асосда ишлатади. «Биринчи кўринишда милтиқ бўлса, шу милтиқ учинчи ёки тўртинчи кўринишда албатта отилиши керак, йўқса милтиқ тўғрисида сўзлашнинг ҳожати йўқдир».
Унинг «Буқаламун» ҳикояси ҳам бошқа ҳикояларидай ғоят сиқиқ, қуюқ ёзилгандир.
Унинг сўзга хасислиги ўқувчига малол келмайди. Яьни, айтмоқчи бўлган фикрининг тушунилишини оғирлаштирмайди. «Буқаламун»да воқеа йилнинг қайси фаслида бўлаётгани айтилмайди, аммо бундаги сўзлардан фаслни аниқлаш мумкин (Албатта, бу сўзлар йилнинг фаслини билдириш учунгина келтирилмайди). «Пальтомни еч-чи, Елдирин... Кун жуда исиб кетди... ёмғир ёғса ҳам ажаб эмас».
Қуйидаги сўзлардан воқеа тушки овқатдан кейин бўлаётганини ҳам билиб бўлади:
«Теварак жим. Майдончада ҳеч ким кўринмайди. Дўкон ва қовоқхоналарнинг эшиклари очиқ. Ҳувиллаб турадилар. Бу эшиклар ёнида гадой у ёқда турсин, бир зоғ ҳам кўринмайди».
Мана булар икки мақсад кўзда тутилиб айтилган сўзлар бўлиб, иккинчи мақсад мантиқий равишда биринчисидан келиб чиқади.
Деталлар (воқеани ташкил этган воқеачалар) ҳам ёлғиз қолиб, кераксиз сўз бўлиб қолмайди. Масалан, ҳикоянинг бошида «Очумелов янги шинель кийган», дейилган экан, бу нарироққа бориб, шинелнинг ечилиши, яна кийилиши билан боғланади.
Хрюкиннинг ўнг қўлини юқорига кўтариб, халойиққа қонаган бармоғини кўрсатиши, унинг: «Энди, шу мажруҳ бармоғим билан эҳтимолки бир ҳафта ишга ярамасман», деган арзи Очумеловнинг: «Сен аҳмоқ, қўлингни тушир! Айб ўзингда!», деб қичқириши билан боғланган.
Ҳикояни «серсув» (кўп сувли) қиладиган нарсалардан бири кўрсатиш ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумеловнинг «Буқаламун» эканини унинг сўзлари орқали кўрсатилмаса, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумеловнинг ўз сўзи билан кўрсатади.
Очумеловнинг дастлабки фикри:
— «Итни ўлдириш керак, қутурган бўлса ҳам ажаб эмас».
Ит генералга қарашли, дейилгандан кейин:
— «Ит нозик, сен ҳўкиздай, бўйингга қара!» Яна, ит генералники эмас, дейилгандан кейин:
— «Генералнинг итлари қимматбаҳо нарсалар эди. Бу бўлса, эгасиз дайди итга ўхшайди. Эпақалик юнги ҳам йўқ. Шундай бемаъни итни ҳам сақлайдими киши!»
Яна, ит генералники, дейилгандан кейин:
— «Балки қимматбаҳо зотли итдир».
Ошпаз, ит генералники эмас, дегандан кейин:
— «Бу эгасиз дайди ит».
Ит генералнинг укасига қарашли экани маълум бўлганда:
— «Яхшигина ит кўринади. Улгунча югурдак кўринади».
Мана бу диалогларга авторнинг ҳеч қандай изоҳи керак эмас. Бу диалоглар ҳам воқеани силжитади, ҳам ҳикоя қаҳрамони Очумеловни характерлайди.
Чехов услубидаги айрим хусусиятни сезган Л. Толстой бундай дегаи эди: «Чеховнинг импрессионистларга ўхшаган ўзига хос формаси бор... Яқиндан қарасак, худди ҳар бир тўғри келган ва бир-бирига алоқаси бўлмаган бўёқларни фарқ қилмасдан ишлатганга ўхшайди, аммо узоқроқдан қарасанг, бу бўёқлардан ажейиб бир манзара вужудга келганини кўрасан».
Толстойиинг бу сўзи Чеховнинг ўз сўзига жуда мос келади. У дейди: «Табиатни тасвир қилишда майда бўлаклар олиш ва буларга шундай тартиб бериш керакки. ўқиб кўзингни юмганингда кўз олдингга бир манзара келсин».
«Буқаламун» ҳикоясининг бирон сўзини чиқариб ташлаш ёки бирон сўзни қўшиш мумкин бўлмаганлиги, сўзга нақадар диққат қилинганлигини кўрсатади.