АДАБИЙ ТАНҚИД — (арабча — накд) адабиётшуносликнинг мустақил бир соҳаси бўлиб, у адабий жараённи, шу жараёнда яратилаётган асарларнинг бадиий-эстетик қимматини, адабиёт майдонидаги ўрнини, муваффақият ва чекланишларини, адабий жараённинг йўналишини аниқлаб, бахолаб боради. Адабий танқидчилик ўз вазифасига кўра жуда масъулиятли фаолият бўлиб, танқидчидан адабиёт назарияси, адабий жараённинг бугуни, тарихи, ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий хаётни чуқур билишни талаб қилади. Гарчи ўзбек адабий танқидчилигига доир илк тушунчалар тарихи ёзма адабиётнинг пайдо бўлиши даврига мансуб бўлса хам, профессионал адабий танқиднинг фан сифатида шаклланиши XX асрнинг биринчи ярмига тўғри келади.