АДАБИИ ЖАРАЁН — миллат, мамлакат, минтақа ва дунёнинг бутун тарихида ёхуд муайян давридаги бадиий адабиётнинг шаклланиши, такомили ёки инқирози билан боғлиқ ходисаларни ўз таркибига олган тарихий жараён. Адабий жараён муайян даврда яратилган бадиий мероснинг энг сара намуналаридан тортиб, ёзиб қолдирилган ижодий машқ кўринишидаги асарлар, ижодкорлар орасидаги ёзишмаларгача ўз қамровига олади. Адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, адабий танқид каби адабиётшуносликнинг таркибий қисмлари, адабий алоқалар (турли кўринишлари билан бирга), адабиётга ижтимоий-сиёсий, мафкуравий қарашлар мажмуи, сўз санъатининг бошқа санъат ва фан сохалари билан муносабатлари хам адабий жараён тасарруфидаги тафаккур жузвларидир.