АДАБИЁТ ТАРИХИ — адабиётшунослик фанининг мустақил таркибий қисми бўлиб, унда бирор халқнинг адабиёти, унинг юзага келиши, тараққиёт босқичлари, хар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари тадқиқ этилади. Адабиёт тарихи тарих, тилшунослик, халқшунослик, тарихий география фанлари билан яқин муносабатда бўлади. Адабиёт тарихи шунингдек, адабиёт назарияси ва фольклоршунослик билан хам узвий алоқадордир. Чунки хар бир халқ адабиёти замирида оғзаки ижод манбалари мухим омил саналади. Адабиёт тарихи айни вақтда жанрлар ва услублар, ижодий методлар тарихи хамдир. Бу холат унинг адабиёт назарияси билан хам муштарак соха эканлигини исботлайди.