АДАБИЁТ НАЗАРИЯСИ — адибиётшунослик фанининг асосий таркибий қисмларидан биридир. Бадиий адабиёт, унинг жамият хаётида тутган ўрни ва ахамияти, яратилиш қонуниятлари, тараққиёт босқичлари,бадиий асарнинг тасвирий хамда ифода воситалари, таркибий тузилиши, адабий тур ва жанрларни, адабий жараён хусусиятларини ўрганади. Адабиёт назарияси сўз санъатининг ижодий тажрибаларига таянган холда иш кўради, ўз назарий хулосаларини турли даврларда яратилган энг сара бадиий жавохирлар тахлилидан, тарихий-адабий жараённи ўрганишдан келтириб чиқаради. Адабиёт назарияси узоқ тарихга эга фанлардан биридир. Мазкур фан Шарқда асосан уч йўналишда ривожланган. Булар — аруз илми, қофия илми ва балоға илми, яъни шеърий санъатлар хақидаги йўналишлардир. Мухаммад бин Умар ар-Родуёнийнинг «Таржумон ул-балоға», Рашидиддин Ватвотнинг «Ҳадойиқ ус-сехр фи дақойиқ уш-шеър», Шайх Аҳмад ибн Xудойдод Тарозийнинг «Фунун ул-балоға», Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон», Бобурнинг «Мухтасар», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Бадоеъ ул афкор фи саноеъ ул-ашъор», Атоуллох Ҳусайнийнинг «Бадоиъ ус-саноиъ», Вохид Табризийнинг «Жамъи мухтасар» каби асарларида аруз шеърий тизими, қофия хамда унинг турлари ва шеърий санъатлар алохида-алохида ўрганилган. Узбек адабиётшунослигида том маънодаги адабиёт назарияси XX асрнинг 20-йилларида шаклланди. Бу даврда Фитрат томонидан яратилган «Адабиёт қоидалари» китобида бадиий адабиётнинг ўзига хослиги, ижтимоий табиати, адабий тур ва жанрлар, сюжет, композиция, бадиий нутқ ва махорат масалалари бўйича яхлит маълумотлар берилди. Кейинчалик Абдурахмон Саъдий, Иззат Султон, Ҳ.Ёқубов, М.Юнусов, М.Қўшжонов каби олимлар томонидан олиб борилган назарий изланишлар ушбу фан тараққиётига катта хисса бўлиб қўшилди.