АБСУРД ДРАМА — драматургия оқимининг шартли номи. XX асрнинг 50—60-йилларида пайдо бўлган ушбу оқим тарафдорлари инсон хаёти маъносиз, мавхум деган нуқтаи назарни илгари суришади. Уларнинг фикрича, инсон хатто нима учун яшаётганлигини хам англаб етолмайди. У доимо ёлғон бурч, ёлғон ахлоқ, ёлғон муносабатларнинг қурбони бўлаверади.
Узоқ вақтлар давомида абсурд драма намояндалари асарларига қуруқ сафсата деб қараб келинди. 70-йилларга келибгина улар давр олдига қўйган муаммолар долзарб эканлиги аён бўлди. Абсурд драматургия вакиллари сахна асарларини назм ва насрдаги илғор анъаналар билан бойитишди, театр ва сахна хақидаги тасаввурларни бир қадар янгилади, унга замонавийлик бахш этишди.