«Мушоира» сўзи шоирларнинг айтишувини ва айтишув давомида мусобақалашувини англатади. Шеър айтиш ва мусобақалашиш жараёнида ўзбек мумтоз адабиётида мушоира жанри шаклланган. Бу жанрдаги асарларда аввал бир шоир бир байт шеър айтса, иккинчи шоир унинг фикрларини давом эттириб ва ривожлантириб, навбатдаги байтни тўқийди. Одатда, биринчи байтдаги қофия ва радифни сақлаган ҳолда навбатма-навбат байтлар айтилаверади. Натижада, ғазал шаклидаги яхлит асар вужудга келади. Бундай асарнинг намунаси сифатида шоир Фазлий билан Маҳзунанинг мушоирасини кўрсатиш мумкин:
Фазлий:
Юз офарин сўзингга лубби лубоб кўрмай,
Арзи жамол этарму ойина об кўрмай.
Маҳзуна:
Кимдан чиқар бу сўзлар баҳри кабоб кўрмай,
Ганж ўлмагай муяссар ҳолин хароб кўрмай.
Фазлий:
Мастураи суханға пўшидалиғ муносиб,
Маъни арусини бас, мен бениқоб кўрмай.
Маҳзуна:
Йўқ айб сўзларимни, гар бўлмаса муаддаб,
Андоқки ўт кўкаргай ҳеч офтоб кўрмай.
Фазлий:
Майгун лабинг ҳадиси маст этти гойибона.
Кайфият ўлди зоҳир жоми шароб кўрмай.
Маҳзуна:
Бир важҳ буки таъбим хом асрамиш замона,
Чархи сипеҳрдин ул ҳеч печу тоб кўрмай.
Фазлий:
Мундоқки нуқтадонсен, ким эрди устодинг,
Ой каби нур қилмас, то офтоб кўрмай.
Маҳзуна:
Кўп нархлар йиғилса дарёйи нур дур ўлгай,
Илм аҳлидин бу мискин бир шайҳу шоб кўрмай.
Фазлий:
Бир нукта айла зоҳир, Фазлийни қўйма маҳзун,
То кетмайин Наманган сендин жавоб кўрмай.
Маҳзуна:
Байтул-хазан ичинда узлат тутуб бу Маҳзун,
Фазли илоҳидур бу, йўқса китоб кўрмай.
Мушоира жанри, фикр-туйғуларда изчилликни сақлаб бориш, байтларни муайян қофия ва радиф заминига қуриш зарур бўлганлиги сабабли, шоирлардан катта маҳоратни, билимни, ҳозиржавобликни талаб қилган.
Мумтоз адабиётда икки ё ундан ортиқ тилда ёзилган асарлар ҳам учрайди. Ўзида икки тил унсурларини бирлаштирган лирик шеър ширу шакар, деб аталган. Бундай асар намуналари халқлар ўртасидаги иқтисодий-маданий алоқалар заминида вужудга келган. Ширу шакар мумтоз адабиётимизда кўпроқ ўзбек ва тожик тилларида битилган. Тожикча «шир» сўзи «сут», деган маънони англатади. Демак, «ширу шакар» дейилганда, сут билан шакарнинг қўшилиши кўзда тутилади. XV асрдан икки ё ундан ортиқ тил унсурлари қўшиб ёзилган асарларни «ширу шакар», деб атай бошлаганлар. Ўша давр шоири Юсуф Амирий «Чоғир ва Банг мунозараси»ни тасвирлар экан, улар ўртасидаги яқинлик, ҳамжиҳатликни таърифлаш учун сут билан шакарнинг қўшилишидаги ёқимлилик фазилатидан фойдаланади:
Ширу шакартек бири бирлан қарин,
Ҳамсабақу, ҳамнафаси, ҳамнишин.
Ширу шакарда, одатда, бир мисра тожик тилида берилса, иккинчиси ўзбек тилида ёзилган. Мисол сифатида Абдураҳмон Жомийдан бошқа шундай тахаллусли шоирники деб тахмин қилинаётган қуйидаги шеърни келтириш мумкин:
Эй лабат пурхандау чашми саёҳат маст хоб,
Икки зулфинг орасида ой юзингдур офтоб.
Масти май меқунанд рўйи туро ғарқи арақ,
Бода ичсанг, тўкилур икки қизил юздин гулоб.
Бул ҳавас дар базми васлат маҳраму, ман номумид.
Толеим шулдир менинг бахтим забун, ҳолим хароб...
(Форс-тожик тилидаги мисралар мазмуни: эй лаби кулгудан доим очиқ, қора кўзларинг уйқу билан маст, майнинг мастлиги сенинг юзингни терга ғарқ қилди, беқарорлар васлинг базмига яқину мен эса ноумидман).
Бир мисранинг ўзида ҳам тожикча, ҳам ўзбекча сўзлар ишлатиб ёзилган ширу шакар ҳам бўлган:
Фурқатинг чўлинда ҳар бир йўл уза ўтруб кўзўм,
Айтти тожиклар тилинча кимни кўрса: «Хожа об»
(Лутфий)
Арабча-ўзбекча сўзлар қўшилиб ёзилган ширу шакарлар ҳам кўп бўлган. Мисол сифатида Навоий ғазалларидан бирининг биринчи ва охирги байтларини эслаш мумкин:
Ашрақат минг акси шамсил-қаъси анворул-худо,
Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо.
Ташна лаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин,
«Ишрабу ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.
(Матлаъдаги арабча мисранинг мазмуни: коса қуёшнинг аксидан ҳидоят нурлари чиқиб таралди. Мақтанинг иккинчи мисрасидаги арабча сўзлар маъноси: «Эй ташналар, ичинглар»).
Ширу шакарда фақат мисралар эмас, балки турли тилда ёзилган бутун-бутун бандлар ҳам ўрин алмашиниб туриши ҳоллари учрайди. Гоҳида ширу шакарлар уч хил унсурлар, хусусан, арабча, тожикча, ўзбекча сўзлар орқали ёзилган. Улар «шаҳду ширу шакар», деб аталган. Бунга мисол сифатида халқ ўртасида машҳур бўлиб кетган бир ашуланинг мисраларини келтириш керак:
Аробий гуфтаам арар, ба форсий гуфтаам қаддат,
Ба туркий сўзласам, бўюнг чаманда сабзазор ўлсун.
Аробий гуфтаам важҳат, ба форсий гуфтаам рўят,
Ба туркий сўзласам, юзинг халойиқ интизор ўлсун.
Аробий гуфтаам ҳожиб ва форсий гуфтаам абрў,
Ба туркий сўзласам қошинг, камони халқадор ўлсун...
Ширу шакардаги мисраларнинг бири иккинчисининг таржимаси сифатида келмайди.
XVIII ва XIX асрларда жиддий ширу шакарлар қаторига анчагина ҳажвий типдагилар ҳам қўшилади. Хусусан, Махмур ва Муқимий сингари шоирлар ижодида ҳажвий ширу шакарлар катта ўрин тутади. Махмур ўз даврининг иллатларини фош этувчи ҳажвий ширу шакарларидан бирида Хўжа Мир Асад деган бир шахс ҳақида фикр юритади. Мир Асад шундай ғалати хўжаки, гапирганда, одамларнинг болалари ва хотинларини ҳақорат қилмасдан сўзини тугатолмайди. «Манбаи жаҳлу, макони ғазабу, хилвати жавр», «вужуди ситаму, жисми жафо»дан иборат бўлган бу бадном шахс-нинг уйига шоир яқинлашаётиб «вовайло» овозини эшитади. «Наърау, гулгулау, оҳ Асад, вой дариғ»ларнинг боиси нимада эканини сўраганда, оҳ урувчилардан бири дейди:
Гуфт: эй шоири Махмур туро нест хабар,
Хўжам Амир Асад шуд зи фано сўйи бақо.
Деди: эй ҳайрати гўё сенга етмади хабар,
Хўжамиз қилди фано мулкидин оҳанги бақо...
Махмур бу ҳажвияда ишлатган ширу шакар санъати учун хос белги ҳар мисрада янги фикрни ифодалаш баробарида тожикча мисраларни ўзбек тилида такрорлашдир. Лекин у сўзма-сўз такрор бўлмай, бошқача услубда, бошқа хил таъбирлар ёрдамида эришилган мазмуний такрордир.
Муқимий бошқача сиёсий-тарихий шароитда яша-ди. Муқимий поэзиясининг халқчиллик руҳи илғор рус ижтимоий тафаккурининг таъсирида, зулмга қарши норозиликнинг кучайиб бориши билан боғлиқ ҳолда теранлашди. Рус сўзлари унинг шеърларига рус мада-нияти ва тилининг таъсирида кириб келди. Шоир «Масковчи бой таърифида» номли ҳажвияда савдогарчилик билан шуғулланиб, Москвага қатнаган, кейин синиб шарманда бўлган Ҳодихўжа эшон устидан кулади. Ҳодихўжа ўз заводидаги ишчилар қочиб кета бергач, корхонасини рус савдогарига ижарага қўяди. У ҳам жонидан тўйган ишчиларни ишлатолмайди:
Чиқиб қочти бир-бир ҳамма мардикор,
Купес қолди бу сирга ҳайрону зор.
Топиб мардикорни «сейчас юринг»,
«Пожалиста, — дер эди, — эмди туринг».
Ду бора яна борди бир ишга шул,
Сўкиб: «Нет, — деди, — келма, дуррак, пошёл».
Русча-ўзбекча аралаш ширу шакарлар Ҳамза Ҳакимзода ва бошқа шоирлар ижодида ҳам учрайди. Ҳамзанинг «Тўқинди йўлда» шеъри шу жанрда ёзилган.
Ширу шакар ёзиш анъанаси ўзбек шеъриятида маълум даражада давом эттирилди. Янги ширу шакарларнинг муаллифлари қардош халқлардан бирининг тилидаги сўз ва ибораларни жалб этиш йўли билан ўша халққа бўлган дўстлик, биродарлик ҳисларини, фикрий яқинликни, самимиятни ифодалайдилар. Шоир Амин Умарий 1935 йили Садриддин Айний юбилейи муносабати билан «Санъаткор» деб аталган ширу шакар ёзиб, қардошлик туйғуларини ифодалашда тожикча ва ўзбекча сўзларни қуйидагича ишлатган эди:
Субҳу шом доим шунидам «Дохунда», «Қуллар» оҳини,
Сад азоб, саллак ситам тўсган уларнинг руҳини.
Ҳурмати бисёр ила мақтай улар ҳамроҳини,
Зиндабод устод, сенга бўлсин юрак шеърияти.