Ғарбда вафот этган кишининг қабрида ёзиб қолдирилган шеърий матнлар эпитафия, деб аталган. Шарқда ҳам марҳумларнинг қабрига шеърий матн ёзиш ва шу йўл билан унинг хотирасини абадийлаштиришга интилиш ҳоллари кўп учрайди. Бунинг мисоли сифатида адабиётнинг обида жанрига кирувчи Ўрхун-Энасой ёдгорликлари, Билка-Қоон ва Култегин қабр тошларидаги ёзувларни кўрсатиш мумкин.
Эпитафияларда кўпинча марҳумнинг яшаган вақти, яхши фазилатлари ва кишиларнинг, хусусан, шоирнинг унга бўлган муносабати кўрсатилган.
Эпитафияга ўзбек мумтоз адабиётидаги тарих жанри маълум даражада яқин туради. Шеърий тарихлар, одатда, муайян ҳодиса ёки бирон кишининг ўлими муносабати билан ёзилган. Улар фақатгина қабр тошларига ёзилиши шарт бўлмаган. Тарихда муайян воқеа юз берган ёки бирон кишининг вафоти содир бўлган йил ифодаланган. Воқеанинг йили кўпинча очиқ айтилмай, абжад усули бидан муаммо тарзида берилган. Араб алфавитидаги ҳар бир ҳарф бирон сонни ҳам биддиради. Ҳарфларнинг сони абжад ҳисоби деб юритиладиган жадвалда ифодаланган бўлиб, унинг ёрдамида ҳар бир сўз қандай миқдордаги сонга тенглигини аниқлаш мумкин.
Ўзбек тилида ёзилган тарихнинг мисолини биз Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарида учратамиз. Шоир асарнинг ёзилган йилини қуйидаги тарихда маълум қилади:
Бу номағаким лисоним ўлди қойил,
Қилким тили ҳар навъ эл ишига ноқил.
Тарихи чу хуш лафзидин ўлди ҳосил,
Ҳар ким ўкуса, илоҳи, ўлғай хушдил.
Демак, шоир асарнинг ёзилиш йилини араб ёзувидаги «хуш» сўзининг ҳарфлари рақамларининг йиғиндиси воситасида ифодалаган. Жадвалга кўра, «х» ҳарфи 600 га, «вов» ҳарфи 6 га, «ш» ҳарфи эса 300 га тенг. Буларни бир-бирига қўшсак, йиғинди 906 га баробар бўлади. Демак, «Маҳбуб ул-қулуб» асари 906 ҳижрий йидда ёзилган. Муайян ҳижрий йилнинг қайси милодий йилга тўғри келишини аникдаш учун унинг рақами аввал 33 га бўлинади, кейин бўлинма бўлинувчидан айрилади ва ҳосил бўлган айирмага 622 қўшилади. Агар 906 ни 33 га бўлсак, 28 чиқади, 906 дан 28 ни айирсак, 878 қолади. 878 га 622 ни қўшганимизда эса йиғинди 1500 га тенг бўлади. Демак, «Маҳбуб ул-қулуб» асари милодий 1500 йилда ёзилган.