Кейинги йилларда миллий адбиётимиз бадиий-эстетик жиҳатдан бирмунча тараққиёт босқичига кўтарилди. Бу, албатда, истиқлол туфайли жамиятимизнинг миллий тафаккури ривожланиши билан бевосита боғлиқ ҳодисадир. Жамиятнинг ижтимоий-маьнавий тараққиёти кўп жиҳатдан ундаги зиёлиларнинг жамиятда тутган мақоми ва ўша жамият аъзоларининг унга бўлган муносабати билан белгиланади.
XX аср миллий тарихимизга назар солинса, унда зиёлиларнинг тутган ўрни ҳам, уларга муносабат ҳам муттасил ўзгаришда бўлганини кўриш мумкин. Табиийки, бу нарса ижтимоий ҳаёт ойнаси бўлмиш бадиий адибиётда ўз аксини топади. Агар жадид адиблари зиёли образини марказга қўйиб, унинг нигоҳи-ла мавжуд ижтимоий ҳаётни таҳлил қилишга интилган бўлсалар, шўро даврида зиёли образи узоқ вақт “меҳнат кишиси” соясида қолиб келди. Жадид адабиётидаги зиёли ижтимоий ҳаётни танқидий назар-ла кузатиб, ундаги иллатлар сабаби ва улардан қутулиб тараққий қилиш имкониятлари ҳақида ўйлаётган – изланаётган инсон эди. Шўро адабиёти эса зиёлини орқа планга сурдигина эмас, балки уни энг муҳим атрибути – ўйлашдан маҳрум этди. Зеро, эркинликдан мосуво бўлган тайёр ғоявий қолиплар доирасига тортилган ўйлов – ўйлашнинг суррогати, холос.
70-80-йилларда эълон қилинган насрий асарларнинг аксариятида характерлар ўзгариши, қаҳрамонлардаги кескин маънавий-руҳий янгиланишнинг гувоҳи бўламиз. Бу ҳолат, аввало, 60-70-йиллар насридаги зиёли образлари билан 70-йиллар охири 80-йиллар насридаги зиёли образларининг қиёсий таҳлилида аниқ кўзга ташланади. Бу икки давр насридаги зиёли қаҳрамонларнинг қиёсий таҳлили икки адабий авлод бадиий-эстетик тамойилларидаги фарқларни аниқлаш имконини беради.
Маълумки, 60-70-йиллар жамиятда социалистик ғояларга ишонч “қайта тирилтирилган”давр бўлди. Яъни, жамият ҳаётидаги барча муаммоларни шахсга сиғиниш оқибатларига йўйилиб, энди кўпчиликда “партия ҳукуматимиз сиёсати тўғри йўлга тушди, яқин келажакда коммунистик жамият қурилади”деган ишонч туғдирилган эди. 60-70-йилларда ижод қилган Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев каби аксар носирларимиз адабиётга 50-йилларнинг охирларидан кириб келгани эътиборга олинса, уларнинг ижтимоий қарашлари асосини ана шу ишонч ташкил этади. Шу боис бу авлод яратган асарларнинг қаҳрамонлари – курашчан кишилар, уларнинг талқинида ташқи хатти-ҳаракат етакчи. Зеро, бу қаҳрамонлар (муаллифлари каби) ўша ғоя, ўша мақсад билан яшайди, курашади. Бу даврдаги асарларда ўша мақсад учун яшаётган ва унга етишга ҳалал бераётганлар орасидаги кураш ётади. Асарлардаги зиёли қаҳрамонлар эса ёзувчиларнинг мақсадига кўра, “мавжуд фаровон ҳаёт ва ундаги иллатлар ҳақида” фикрлайдиларки, бу иллатлар жамият интилаётган “ердаги жаннат” – коммунизмга етишга тўсқинлик қилаётир. Бу иллатлар илдизини кишилардаги маънавий-ахлоқий етишмовчилик ёки “адолат мезони”га амал қилмасликда деб тушунадилар. Бундай талқин ўз даврида бадиий адабиётдаги асосий проблемалар сифатида баҳоланди, реалистик адабиёт намуналари дея эътироф қилинди. Шунингдек, “оқ олтинни олтин қўллар яратади” деган рағбатомуз гаплардан илҳомланиб, адабиётда ҳам “олтин қўлли” меҳнат кишисининг образлари қаторасига яратила бошланди. Бу хил асарлар сирасига “Синчалак”, “Мерос”, “Эрк”, “Қанот жуфт бўлади”, “Биллур қандиллар”, “Дамир Усмоновнинг икки баҳори”, “Ёз ёмғири”, “Афросиёб гўзали” каби ўнлаб асарларни киритиш мумкин. “Адабиётнинг кучи, аввало, ҳақиқатни айтишдадир. Социалистик жамиятнинг манфаати, табиати унинг фаол курашчиси бўлган ёзувчидан фақат ростгўйликни талаб этади. Қанчалик шафқатсиз бўлмасин, бор гапни айтиш бизда нормал ҳодиса тусини олиши лозим. Шоир Э. Воҳидов сўзлари билан айтганда, агар ёзувчи, шоир ўз виждон сўзини, ҳақ гапни айтолмаса, фожиа юз беради: “замонлар бўлганки, унда рост сўзни айтиш жасорат ҳисобланган, – дейди шоир. – Биз эса шунадай жамиятда яшаётирмизки, давлат, мамлакат манфаатлари билан халқ манфаатлари ўртасида зиддият йўқ. Бутун жамият ва шу жамиятнинг интилишлари орзу-мақсадларининг ифодачиси бўлмиш ёзувчиларнинг нияти битта: халққа хизмат. Бинобарин, шундай бир даврда рост гапни айтиш жасорат саналиши жўяли ҳодиса эмас...” (1) Чунончи, айни мана шу даврда кечаётган ижтимоий ўзгаришлар моҳиятини тубдан англаш ва унинг охир-оқибатлари ҳақида мантиқий хулосалар чиқариш зиёлилар олдидаги энг асосий муаммолардан бири эди. Халқ миллат тақдири учун қайғуриш унинг истиқболини кўриш учун интилишларни “ошкоралик даври”да ошкора ифодалашга тўла имкон бор эди, деб бўлмайди.
70-йиллар охири 80-йиллар боши адабиётида эса бу жараён ўзгача талқинини топди. Бу даврда яратилган асарларда зиёли образининг янги типи майдонга келди. Мазкур янги типлар, албатта, уларнинг яратувчиси бўлган ижодкорларнинг ижтимоий-эстетик қарашлари, ҳаёт қонунларини теран мушоҳада этишлари билан боғлиқ эди. “Агар ёзувчилик турмушдан нусха кўчиришдан иборат бўлса, бундан осон иш бўлмас эди. Ҳаётдан айнан кўчириш китобдан кўчиришдай гап. Копия копия бўлиб қолаверади. Бундай нарсалардан оригиналлик кутиш беҳуда. Оригиналлик ҳаёт ҳақиқатини дилдан ўтказиш, унга кўнгилдаги гапларни сингдириш, тилагингни қўшиб ифодалаш билан юзага келади.” (2) Шундай экан, ҳаётдаги ижтимоий типлар, шубҳасиз, бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топади.
Адабиётимизга кириб келган бу янги авлод ўзгача бир шароитда шаклланган эди. Бу даврга келиб, партиянинг 60-йиллардаги даъволари чўпчак эканлиги аён бўлиб қолганди. Бу авлод ўзидан олдинги авлоддан фарқ қилароқ, ана шу мақсадга, ғояга энди ишонмас эди. Ижтимоий-сиёсий, бадиий-эстетик қарашлари билан кишилар онгида маълум ўзгаришларни ҳаракатлантира олган М.М.Дўст, Т.Мурод, Х.Султонов, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Н.Отахонов каби ёзувчиларимиз асарларида олдинги давр асарларидан фарқли ўлароқ, янги типдаги зиёли образлари яратилдики, бу бевосита ижтимоий воқеликдаги ўзгаришлар, ҳукмрон мафкура талабларини ҳар томонлама чуқурроқ мушоҳада қилиш, кишилар онгидаги эврилишларни теран англаб етиш натижасида юзага келди. Энди бу қаҳрамонлар белгиланган мақсад сари оғишмай кетаверадиган, ғоя учун жонини жабборга бериб курашадиган эмас. Бу давр асарларида яратилган зиёлилар олдингиларга нисбатан бошқачароқ ҳаракат қиладилар. Улар ҳаёт камчиликларини манавий-ахлоқий принциплардаги камчиликлардагина деб билмайдилар, балки ижтимоий воқеликнинг қандайлиги ва ўша воқеликда ҳаракат қилаётган ўзи ҳақида, ўзининг кимлиги, ички мақсади, ташқи ҳаракат-қиёфаси, ижтимоий онгидаги тебранишлар, эврилишлар ҳақида ўйлай бошлайдилар. Бошқача айтсак, бу даврга келиб жадид адабиётида бошлаб берилган анъана – жамиятнинг мавжуд ҳолати, унинг қай томон бораётгани ҳақида теран ўй-мушоҳада юритаётган зиёли образларини яратиш давом эттирилди. Айни пайтда, бу анъана янги ижтимоий-тарихий шароитда давом эттирилгани учун ҳам янгича мазмуний йўналишга эга бўлди. Бу давр зиёлиси энди жамият ҳақидагина эмас, жамиятдаги ўзи ҳақида ҳам ўйлайди.
Аслида, 70-йиллар охиригача яратилган асарлардаги зиёлиларда аниқ, англашилган ва ишонилган мақсад, ягона ғоя мавжуд эди. Мана шу ғоя учун курашиб яшаш бош вазифа ҳисобланарди. 70-йиллар охири 80-йиллар зиёлиларида мана шу ғояга ишончсизлик туғилди, унинг охир-оқибати ҳақида ҳар томонлама фикрлаш, ўйлаш зарурати юзага келди. Мана шу ишончсизлик, мақсадсизлик натижасида адабиётимизда “кичкина одам”, “ортиқча одам”, “мақсадсиз одам”, “мослашаётган одам”, “исёнкор (ўзлигининг таназзули билан боғлиқ) одам” типидаги характерлар намоён бўлди. Бу эса адабиётимизда реалистик тенденцияларнинг кучаяётгани, аниқроғи, реалистик адабиёт тўғри йўлга тушаётганидан далолат эди. Чунки ҳаётни мафкуравий қолиплар асосида тасвирлаган “социалистик реализм” адабиётини чин маънода реалистик адабиёт ҳисоблаб бўлмайди. Айтмоқчимизки, 70-йиллар охири 80-йиллар адабиётида ёш авлод “социалистик реализм” принципларидан ростмона чекиниб, ҳаётни ҳаққоний бадиий тадқиқ этиш йўлидан боришга интилди.
Маълумки, ХIХ аср рус адабиётшунослиги илмида “ортиқча одам”(лишний человек), “кичкина одам”(маленький человек) каби иборараларни учратамиз. Бу ҳолатлар бежиз эмас эди, албатта. Чунки бу даврда рус адабиётида реализм тўла шаклланган ва ёзувчилар ҳам ижтимоий ҳаётни танқидий реализм нуқтаи назаридан тасвирлаган эдилар. Адабиёт билан чинакам ҳаёт яқинлашиши натижасида ижтимоий ҳаётдаги типлар бевосита бадиий адабиётда ўз аксини топган бўлиб, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, В.Гоголь сингари етук истеъдод соҳиблари яратган қаҳрамонлар ана шу давр кишилари қиёфасини ўзларида мужассам этган эдилар.
Ўзбек адабиётида эса реализмнинг бошланиши ХХ асрнинг бошларига тўғри келди. Чунончи, аср бошларида реалист саналган А.Қодирий, А.Фитрат, А.С. Чўлпон каби адиблар яратган асарлар моҳиятан маърифатпарварлик йўналишини ташкил этди. Улардан кейинги авлод вакиллари (А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Ойбек, О.Ёқубов, П.Қодиров ва бошқалар) нинг асарларида шўровий мафкура учун хизмат қилувчи, ҳали реал ҳаётда мавжуд бўлмаган, “идеалдаги” кишилар характери ифодаланган. Бу давр ўзбек адабиётида, очиқ айтганда, реал ҳаёт картиналарини кўра олмаймиз, ижтимоий воқеликда “умргузаронлик қилаётган” кишилар билан, уларнинг орзу-мақсадлари билан таниша олмаймиз. Аксинча, ишониш қийин бўлган воқеа-ҳодисалар тафсилотининг бўрттирилган, сайқалланган, “андозага солинган” ҳолатига гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга, асримизнинг 70-йилларигача ҳукм сурган, чинакам адабиёт учун хос бўлмаган шиору даъватлар, фармону қонунлар кўплаб ёзувчиларни “бир чизиқдан чиқмай” юришга мажбур этган, балки ўргатган эди.
Танқидий реализмга хос хусусиятлар ўзбек адабиётида 70-80-йиллардагина кўрина бошлади. Энди адабиёт реал ҳаёт билан яқинлашиб, чинакам инсон руҳиятини таҳлил қилиб, инсон идеалини англай ва уни ифодалай бошлади. Бу давр ёзувчилари энди орзу қилинган нарсаларни ёки кишиларни эмас, кўз билан кўриб, ҳис этиб турган, ўзи билан бирга ҳаракатланаётган кўз олдидаги кишилар ва ижтимоий воқеликни тасвирлай бошладилар. Худди шу ўринда рус адабиётшуноси В.Г.Белинскийнинг В.Гоголь ҳақидаги фикрларини келтириб ўтиш жоиз: “Жаноб Гоголь повестларидаги ҳаётнинг мукаммал ҳаққонийлиги бадиий тўқиманинг оддийлиги билан узвий боғланган. У ҳаётга хушомад қилмайди, аммо унга туҳмат ҳам қилмайди; у ҳаётда нимаики гўзал, инсоний бўлса, ҳаммасини юзага чиқариб кўрсатаётганига қувонади ва айни вақтда ундаги хунукликларни ҳам заррача яширмайди. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам шоир ҳаёт ҳақиқатига ниҳоятда содиқ қолади. У ҳаётнинг чинакам портретини – суратини тасвирлайди, бу суратда ҳамма нарса ҳайратланарли даражада ҳаётдагига ўхшаш, унда асл нусхадаги экспрессия – ғаройиблик билан бирга ундаги бўжамаларгача аниқ кўринади”. (3)
Масалан, биргина М.Ю.Лермонтовнинг 1840 йилда ёзилган “Замонамиз қаҳрамони” асаридаги Печорин характери ўз даври ижтимоий муҳитига сиғмаган, мавжуд тузум талабларидан қониқмаган, биқиқ , норасо жамиятда ўз ўрнини топа олмаган “ортиқча одам” (“лишний человек”) қиёфасини тўла-тўкис очиб беради. Печорин ўша ижтимоий жамият қонунлари яроқсиз, ноқобил эканлигидан, ҳақиқатни гапиргани билан атрофдагилар ишонмаганидан руҳан изтироб чекади, нима учун яшагани-ю, нима мақсадда дунёга келганини ўйлайди, ўзининг “ортиқча” эканлигини ҳис этади: “ Зачем я жил? Для какой цели я родился ?” (4) Бу эса Печориннинг ўзига ўзи берган ҳаққоний жавоби эди. Лермонтов 1830-40-йиллардаги “ортиқча одамлар” фожиасини Печорин тимсолида умумлашма образ сифатида ярата олди ва бу образ йиллар давомида адабиётдаги баҳсу мунозараларга туртки бўлди. Бу билан ёзувчи реалистик адабиётда инсон руҳий оламини яратишнинг янгича йўлини бошлаб берди.
Теранроқ ўйлаб қараганда, салкам бир ярим аср илгари рус адабиётида кузатилган бу ҳолатлар ўзбек адабиётида ХХ асрнинг 80-йилларига келиб юзага чиқиши турли сабабларга кўра адабиётимизнинг ривожланиш жараёни анча ортда эканлигини кўрсатади. Лекин шунга қарамай, 70-йиллар охири 80-йилларда яратилган “Истеъфо”, “Галатепага қайтиш ёҳуд саодатманд Ғайбаров қиссаси”, “Кўнгул озодадур”, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори”, “Жавоб”, “Отойининг туғилган йили”, “Асқартоғ томонларда”, “Бу куннинг давоми”, “Ўзим билан ўзим” каби ўнлаб асарларни миллий адабиётимизнинг ютуғи деб ҳисоблаш мумкин. Бу давр насридаги зиёлилар руҳиятида кузатиладиган ҳолатлар, шубҳасиз, 60-70-йиллар насридаги зиёли образлари билан қиёсий таҳлил этилишни талаб этади.
Масалан, “Жавоб”даги “кичкина одам” – Нуриддин Элчиев, “Отойининг туғилган йили”даги муҳитга кўника олмаётган шарттаки Асқар Шодибеков, “Асқартоғ томонларда” қиссасидаги “мақсадсиз умргузаронлик қилаётган” доцент Маҳди Ашрапов, “Бу куннинг давоми”даги ижтимоий ҳаётдан норози, ўзининг кимлигини англаб бораётган аспирант – У (исми берилмаган), “Кўнгул озодадур” қиссасидаги ортиқчалигини сезаётган “исёнкор одам” – Ғулом каби янгича типдаги характерларнинг яратилиши бу икки адабий авлод бадиий-эстетик қарашларида ҳам, характер яратишдаги маҳорат, имконият ва изланиш масаласида ҳам сезиларли фарқ мавжуд эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади. Икки адабий авлод адабий-эстетик қарашларидаги фарқларни ўрганиш миллий бадиий тафаккуримиз ривожидаги ўзгариш, ўсишни очиб бериш имконини яратади. Қолаверса, адабиётшуросликнинг бош вазифаларидан бири ҳам мана шундай ўзгаришларни кузатиш, аниқлаш ва уни назарий-амалий жиҳатдан асослашдир.
1. Умарали Норматов. Давр туйғуси. “Шарқ юлдузи” журнали, 1986, 11-сон, 179-б.
2. А. Қаҳҳор. Асарлар. Олти томлик. VI том. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1971, 323 – 324-бет.
3. В.Г.Белинский. Адабий орзулар. Адабий-танқидий мақолалар. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1997, 246-247-б.
4. Григорян К.Н. “Лермонтов и его роман “Герой нашего времени”, “Наука”, Ленинград, 1975.
Бегали Мўминов, АДУ аспиранти