Муболаға

Муболаға араб тилида «катталаштириш», «кучайтириш» маъносини билдириб, адабий асарда тасвирланаётган бадиий тимсол ҳолати ёки ҳаракатини бўрттириб, кучайтириб ифодалаш санъати демакдир. Бу хил тасвирда бадиий тимсол хусусиятлари яққолроқ намоён бўлади, ўқувчи кўзи олдида ёрқинроқ гавдаланади. Алишер Навоийнинг

Меҳр эмас, оҳим ўтидин кўкка етмиш бир шарар
Айб эмастур гар десам: «Дам урсам афлок ўртанур»

байтида ошиқнинг севгилиси ҳажрида чеккан изтироблари ғоятда кучайтириб тасвирланган: кўқдаги қуёш ошиқ ерда
чеккан оҳ ўтининг бир учқуни эмиш. Бу хил бўрттирилган тасвир туфайли ошиқ қиёфаси, руҳий ҳолати, ички олами, қалбида мавж урган эҳтирослари таъсирчан, жозибали ифодаланган. Ўқувчи албатта бу хил тасвирнинг шартли эканини ҳис этади, унинг воситасида ёридан айрилган инсон кечинмаларининг энг юқори даражасини ақлан англайди ҳамда ошиқ қалбининг изтироблари ҳақиқатан ҳам ниҳоят даражада кучли эканига ишонч ҳосил қилади.

Муболаға таблиғ, иғроқ, ғулувв деб аталган уч турга бўлинади.
Таблиғ ақлан ишониш мумкин бўлган, ҳаётда ҳам юз бериши мумкин бўлган муболағадир. Алишер Навоийнинг «Келмади» радифли ғазалидаги

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади

байтининг иккинчи мисрасида шу хиқдаги муболаға қўлланган. Зеро, висол ваъдасини берган гўзалнинг келмагани оқибатида ошиқнинг кечаси билан ухламай чиқиши оддий ҳаётий воқеа бўлмай, муболағали тасвирдир, чунки шундай ҳолларда ҳамма ошиқлар ҳам ухламай чиқадилар, дейиш хато бўлурди. Лекин бу муболағали тасвирни, яъни ошиқнинг туни билан ухламай чиқишини аклан тасаввур ҳам қилиш мумкин, бундай ҳодисалар оз бўлса-да, ҳаётда юз бериб туради. Ҳаёт воқелигини шу тарзда бироз бўрттириб тасвирлаш муболағанинг таблиғ деб аталмиш биринчи даражаси ҳисобланади.

Муболағанинг иккинчи даражаси иғроқ деб аталади. Иғрок белги ёки ҳаракатни ақлан ишониш мумкин бўлса ҳам, ҳаётда юз бериши мумкин бўлмаган тарзда кучайтириб тас-вирлаш демакдир. «Фарҳод ва Ширин» достонида Шириннинг оти оёқлари чирмашиб йиқилай деганда, Фарҳод бориб отни кўтариб олиши воқеаси тасвирланади. Шоир ёзишича:

Чу ошиқ онглади қилғоч тааммул,
Ки елдин тушкудекдур ер уза гул.
Ер ўпмакликка мажнундек хам ўлди,
Қуёш остида гардундек хам ўлди.
Кўтарди орқасига бодпони,
Нечукким бодпо ул дилрабони.
...Чу икки-уч йиғоч гом урди шайдо,
Бўлуб олинда қасру ҳавз пайдо,
Қадамни қўйди қаср айвони сори,
Саломат рахши бирла шаҳсувори.

Фарҳоднинг 1,5—2 км йўлни от ва Ширинни кўтарган ҳолда босиб ўтишини аклан қабул қилиш мумкин бўлса ҳам, бундай воқеанинг ҳаётда юз бериши мумкин эмаслиги кўзга ташланиб турибди. Бинобарин, Навоий бу ўринда муболағанинг иғроқ деб аталган иккинчи даражасига мурожаат килган экан.
Муболағанинг учинчи даражаси ғулувв деб аталади. Акл ҳам бовар қилмайдиган, ҳаётда ҳам юз бериши мумкин бўлмайдиган тарзда тасвирлаш шундай санъат саналади.
Шоир муайян белги, ҳолат ёки ҳаракатларни шу хил тасвирлар экан, уларга ишонтириш мақсадини кўзламайди, албатта. Аммо бу хил бадиий манзаралар тасвирланаётган белги, ҳолат ёки ҳаракатнинг энг юкори даражаси ҳақида тасаввур ҳосил кила олади, тасвирнинг ноёблиги эса ўқувчига эстетик завқ бағишлайди. Шунинг учун шоирлар бу хил муболағадан кенг фойдаланганлар.
Алишер Навоийнинг

Ҳар қизил гулким, юзунг шавқида олиб исладим,
Еткач оҳим шуъласи они сариғ гул айладим

байтига диққат этсак, унда ғулувв қўлланганига ишонч ҳосил киламиз. Зеро, шоир тасвирича, ошиқ ўз севгилисининг қизил юзини соғиниб кизил гулни олиб хидлар экан, оҳи шуъласидан у сариғ гулга аиланибди. Тасвирланаётган ушбу ҳодисани ақлан ҳам қабул қилолмаймиз, яъни қизил гул-нинг инсон охи билан сариғ гулга айланишига ақлимиз бовар қилмайди ҳам, бу хил ҳодиса ҳаётда юз бериши мумкин ҳам эмас. Аммо лирик қаҳрамон ҳолатини шу тарзда бўрттириб тасвирлаган шоир ўқувчини ошиқ кечинмаларининг на-қадар кучли эканига ишонтира олади, ҳаётий бўлмаган ҳо-диса ҳам унинг тасаввурида ҳакиқатга айлангандек бўлади.

"Шеър санъатини биласизми?" китобидан