Ўзига тегишли бўлган улкан воқеаларни хоҳ у ижобий бўлсин, хоҳ салбий, аксарият ҳолда, инсон сукут билан қабул қила олмайди. Чунки унинг ботини - руҳиятида ана шу зарбага қарши жавоб қилиш эҳтиёжи яшайди. Бу эҳтиёж сукутни бузади. Бусиз мумкин эмас. (Чинакам адабиёт худди шу эҳтиёждан туғилади).
Дейлик, тоғда юрган овчи фалокат юз бериб, ногоҳ жарга қулади. У пастга етиб келиб тошларга урилгунча оғзига талқон солгандай жим учмайди. Балки атрофда унга ёрдам берадиган ҳеч қандай куч бўлмаса-да, ўлим муқаррар эса-да, барибир, овози борича бақиради. Бу - фойдасиз нидо, лекин асло мантиқсиз эмас! (Фойдасиз нарсаларнинг ҳаммаси мантиқсиз бўлади деб, ким айтди сизга?..) Бу ҳайқириқ улкан фожиа - воқелик зарбасига тутилган заиф қалқон. У қанчалик заиф бўлмасин, барибир тутилади ва тутилиши шарт! Бу ҳол тоғ кўчкиси остида қолиб, ўлимга маҳкум бўлган ожиз кимсанинг ҳимояланиш учун баҳай-бат тошларга қарши нозик қўлларини кўтаришига ўхшайди. Буда нафсиз, бироқ мазмунсиз бўлолмайди. Зеро, бусиз мумкин ҳам эмас. Чунки бу - ички бир эҳтиёж, зарурият. Қалбларни ларзага солиб яралувчи чинакам шеърият, ас-лида, мазкур эҳтиёжнинг фарзандидир. Ҳақиқий санъат пировард натижада инсоннинг руҳий-маънавий дунёсига гўзаллик бахш этади. Ахир тоғдан учиб тушаётган уйдек харсангни заиф қўллари билан тутиб қолишга уринган инсоннинг ана шу лаҳзадаги сурати даҳшат муҳрланган ҳайрат эмасми! Энди унга шундай суратни бағишлаган сийрат - руҳнинг гўзаллиги ҳақида мушоҳада юритсак -
чи, у қандай экан?..
Руҳ гўзаллиги ҳақида мушоҳада юрита олиш бахти насиб бўлган мутафаккирлардан бири юксак шеърият борасида тахминан бундай дейди: Юксак шеърият юқоридаги ўз чўққисидан пастга тушиб, одамлар билан қолиб кетди. Аслида, у шоирни ўзи билан олиб кетиши керак эди. Бироқ бунинг уддасидан чиқолмади. Энди шеърият замоннинг инжикдикларига бўйсиниб яшаяпти. Натижада у ўз тилсимини йўқотиб қўйди. Бугунги шеърият ана шундай тилсимдан жудо бўлган шеъриятдир...
Юксак шеърият ва унинг бугунги аҳволи ҳақида гўзал тарзда айтилган фикр. Бироқ бир қадар субъектив ҳамдир. Чунки "бугунги дунё шеърияти ўша тилсимдан жудо бўлган шеъриятдир" деган фикр ҳали ҳар бир шоир юрагида ўзининг тўла ҳуқуқи билан жаранглай олгани йўқ. Чунончи, омма назарида бугунги узбек шеъриятининг энг юксак чўққилари бир канча. Аммо шуни ҳам мардлик билан тан олиш керакки, қанча ва нечоғли жозибадор бўлмасин, ундан қониқмаслик ҳам бор ran, ундан юксакроқ жозибага эга бўлган санъатга эҳтиёж мавжуд. Эҳтиёж бор экан, албатта бундай шеърият яратилади ва ҳатто бундай ҳаракат аллақачон бошланган. Агар юксак шеъриятнинг ижодкори битта ва унинг ўқувчиси камсонли бўлса-да, бундай санъатнинг борлигининг ўзи улкан бахт! Жалолиддин Румийнинг юзмингларча ҳеч қандай қиммати бўлмаган одамлардан илоҳий борлиққа ғарқ бўлган битта авлиёни устун қўйиши ғайриинсоний ёндашув бўлмай, айни инсонийдир. Чунки авлиё "ўша тилсимдан" бохабар ва уни фақат сонлардангина ташкил топган авомдан афзал қилган жиҳат ҳам шудир. Шундай экан, санъат, жумладан, шеърият ҳамиша ана шу тилсимга интилиб яшайди. Баъзан ундан узоқлашгандай, ҳатто тилсимотдан маҳрум бўлгандай туюлса-да, у яна қайтадан туғилади ва ўзининг абадий орзуси сари йўлга чиқаверади. Чунки мавжуд муваффақиятлардан қониқмайди, қониққанда эди, туркийлар шеърияти Навоийда, инглизлар назми Байронда, русларники эса Пушкинда тўхтаган бўларди. Қониқмаслик ҳамма вақт янги ва янги сафарларни келтириб чиқаради. Натижада янги улуғ шоирлар туғилади, намоён бўлади. Йўқса, сиз Яратганнинг кудратини Навоий ёхуд Шекспир, Достоевский ёки Камю даҳолари билангина чегараланишига кўнасизми?..
Қониқмаслик ҳақида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад шундай ёзади: "...Мен "Ўтган кунлар" ёки "Қутлуғ қон" ёки "Сароб" нинг кам-кўстсиз романлигига шубҳа билдирсам, мазкур асар муаллифларига ёки ўзбек адабиётига душман бўлиб қолмайман... Ҳаёт фалсафаси Афлотун ёки Маркс фалсафасидан бойроқ ва мукамалроқ бўлганидек, адабиёт ҳақиқати Толстой ё Айтматов, Қодирий ё Қаҳҳор ҳақиқатидан мукаммалроқ ва муқаддасроқ. Бордию, китобхонлару мутахассислар олқишлаётган муайян оммабоп асар (адабиётимизнинг энг катта касалликларидан бири -оммабопликнинг асарни баҳолашдаги мезон қилиб олиш) ҳақиқатида бирон кемтикликни пайқаган ёш ҳаваскор қаламкаш чиқиб қолса, бу ҳам қадрланишга арзирли катта ҳодиса... Ахир, адабиёт ва санъатни қониқиш эмас, қониқ-маслик юксалтиради. Қониқишпарастлик адабиётни занг янглиғ кемирувчиси!...
...Адабиётнинг парвозини таъминловчи иммунитетни ана шундай мардларча тан олиш - қониқмаслик, изланишга ташналик, талабчанлик бойитади, юксалтиради..."
Қониқмаслик туғиб бераётган адабиёт бизда мавжуд ва у инсон қалбига очилган мўъжаз дарчага ухшайди. Унга боқа олган киши ўз-ўзини, демакки, инсонни томоша қилади, билади, ҳайратланади... Дунёда англашдек, тушунишдек, ниҳоят, ҳис этиб яшашдек катта қувончлар кам. Ҳар қандай қонун-қоида инсоннинг хатти-ҳаракатларини ўз қолипига солиб баҳолашга ҳаракат қилса, адабиёт, ҳа-ҳа, айнан адабиётнинг ўзи инсоннинг бағрига сиғишга интилади. Дунёдаги жамики фанлар йиғилиб қотилни ўлимга ҳукм этса, адабиёт уни озод этилишини ёқлаб чиқиши мумкин! Чунки устқурма соҳалари ичра ҳақиқатга энг яқин бора оладигани адабиёт, адабиёт бўлгандаям Рост адабиёт - КЎНГИЛ АДАБИЁТИдир! У кашф этади. Бироқ қандайдир тоғу тошлар қаърида беркиниб ёттан маъдан-ларни эмас, балки инсон бағрида яширинган оламларни очади. Дарҳақиқат, тушунган одам учун энг қимматли бор-лиқ - унинг ўз олами. Зеро, "инсонни ҳайвондан жудо қилган нарса - сўз" эмас, аввало ўша олам - КЎНГИЛ! Сўз кўнгилнинг ноқис тилмочи, холос. Ҳақиқий адабиётнинг баркамол бадиий асари эса бизнинг ҳар биримизнинг кўнглимиз осмонида пайдо бўлажак рангин камалак! Уни кўриш учун ҳазрат Румий айтганидек, кўзни кўр қилмоқ (кўз қорачиғини ичкарига қаратмоқ, ичкарини кўрмоқ -Гассет) керак, зора қалбимиз кўзи уни курса... Кўнгил -бу одамзотнинг бор - йўғи, инсонлиги. Агар инсондан кўнгилни айириб ташласак, қоладигани - ақлли ҳайвон. Бинобарин, кўнгил ҳаёт экан, инсон бор, кўнгал ҳаёт экан, адабиёт яшайди. "Адабиёт ўладими?" деган саволга жавоб ҳам кўнгилдир, унинг қисматидир.
Қайд этишга лойиқ яна бир жиҳат шуки, адабиёт ўзининг биз кўниккан шаклидан зерикиб, қисман бошқа кўринишларга ўтиши мумкин ва ўтмоқда ҳам. Масалан, XX асрга келиб ойнаи жаҳон кенг тус олганига кўра кино санъати вужудга келди. Тўғри, у эрамиздан аввалги қатор асрларда - Юнонистон ва Римда, кейинроқ бутун дунёга ёйилган театр санъатидан ўсиб чиқди. Шунга қарамай, кино ўзининг сажиясига кўра санъатнинг янги, омухта тури. Тезкор замоннинг таъсири остида одамлар руҳияти ҳам маълум даражада ўзгармоқда. Буни санъат соҳасида ҳам пайқаш мумкин. Хусусан, бугунги одамнинг завқла-ниши учун китоб титишта хуши йўқдек. (Ҳеч бўлмаганда, кечагига нисбатан). Лекин унинг ҳам юраги бор ва у ҳам худди кечаги одамдек ҳаяжонга тушмоқ истайди. Юрак эртага ҳам буни истайди, ундан кейин ҳам. Шунга кўра, у ўз эстетик завқини камроқ меҳнат сарф қилган ҳолда, масалан, телевидениедан олади. Зукколик билан кузатиб бораётган киши шуни илғайдики, кино санъати маълум маънода адабиёт ишини ўтамоқда. Албатта, бунда нимадир йўқотилади, нимадир топилади. Лекин муҳими кўнгилни кашф этиш, инсоннинг фикру зикрини кўнгилга номаълум саёҳатлар дунёсига етаклаш. Агар фильм битгандан сўнг ҳам у берган ҳаяжон, таъсир бизда, кўнглимизда давом этар экан, демак, бу ерда адабиёт мавжуд. Қўйнидан тушгани қўнжисига деганидек, адабиёт, барибир, жамият ичра яшашда давом қилмоқда, деймиз. Бошқа кййим кийиб олгани учун танимаганимиз - бизнинг нуқсонимиз, холос. (Албатта, китоб шаклидаги адабиёт ўрнини ҳеч қандай бошқа восита боса олмайди).
Оламдаги жамики ҳодисалар замирида ҳақиқатга интилиш ётади. Жумладан, адабиётнинг ҳам. Бироқ у ҳақиқатга физика ёки тиббиёт фани сингари қўл билан ушлаш мумкин бўлган сабаблару шунга яраша услублар воситасида эмас, балки кўнгилда туғилиб ўсиб, қаёққадир шиддат билан талпинаётган табиий қудрат - буюк эҳтироснинг бағрида, у орқали интилади. Интилишнинг сурати, тахминан камалакнинг сурати каби гўзал ва мазмуни ҳам яна ўша камалакнинг кўнгилда акс этган титроқ ёди маъноси янглиғ ҳамиша барҳаёт. Бу адабиёт кўпчиликнинг тили учидаги гапни айтиб ҳозиржавоблик қилмай-ди. У улкан муаммоларни кун тартибига қўйишдан ўзини тияди. Бу адабиёт масхарабоз эмаски, одамларни кулдир-са, у ҳатто бировни йиғлатишдан ор қилади. Бу адабиёт мисоли бир уммон ва унинг сирти қанчалик сокин эса, ичи шунчалик долғали. У ҳам ўз бағрига чорлайди, бироқ тубига тушиб марвариду жавоҳирлар шодасини чангаллаб чиқишни маслаҳат бермайди. Зотан, уммон тубсиз. Шунга кўра у ўзининг теран бағрига шўнғиб шиддатли тўлқин-лари қанотида қудратни - ҳаётни идрок ва ҳис этиб яшаш-ни таклиф этади, холос. Бундай адабиёт бизда бор ва уни илғаб, тушуниб таҳлил қилиш учун мунаққидга Озод Ша-рофиддиновдаги журъату Умарали Норматовдаги ҳайрат, Наим Каримовдаги фидоийлигу Матёқуб Қўшжоновдаги тани соғлик, Иброҳим Ғафуровдаги хаёлу Иброҳим Ҳаққулдаги одамий дард, Талъат Солиҳовдаги савқитабиий идро-ку Нўъмонжон Раҳимжонов ва Ҳамидулло Болтабоевдаги теранлик, Қозоқбой Йўлдошевдаги бағрикенглику Сувон Мелиевдаги инкор, Абдуғофур Расулов ва Дилмурод Қуроновдаги илмийлигу Раҳимжон Раҳматдаги психологизм, Баҳодир Саримсоқов ва Узоқ Жўрақуловдаги назариявийлигу Жаббор Эшонқулдаги мифологик тафаккур, Илҳом Ғаниевдаги ғайрату Баҳодир Каримдаги изчиллик, ниҳоят, Ортиқбой Абдуллаевдаги хокисорлигу Абдулла Улуғовдаги майинлик... зарур бўлар. Ҳа, бу шундай адабиётки, уни тушуниб, таҳлил қилиш учун муҳтарам олимларимиз ўзларидаги энг яхши сифатларга суянмоғи ва Яратган-нинг марҳаматига умид қилмоғи керак бўлди. Чунки бу адабиёт аллақандай ғоянинг эмас, балки чинакам санъатнинг - инсон қисматининг, кўнгилнинг асаридир.
Улуғбек Ҳамдам