Бугун биз ижтимоий соҳаларга, айниқса санъатга, адабиётга эътибор сусайганидан афсусланиб гапирамиз. Унчалик кўзимиз етмасада, яна қачонлардир адабиётнинг гуллаб яшнашига болаларча умид боғлаймиз. Лекин айни чоғда, яна шу нарсани англаб бормоқдамизки, адабиёт "гуллаб яшнаган" собиқ иттифоқнинг 60-90- йиллар орасидаги турғунлик даврининг фароғати сунъий яратилган бўлиб, дунёнинг нормал ҳоли фақат ва фақат серташвиш ҳаракатга суянар экан. Бас, шундай экан, инсон яшаш учун ҳамиша ҳаёт-мамот жангига киришга маҳкум, демакки, инсон ўз моддий манфаатига қаратилган эҳтиёжига банди. Бошқача айтсак, одамзод ўз қорнига қул! Жиғилдони атрофида гирди капалак бўлишга тақдири томонидан ҳукм этилган. Ҳамда буларнинг ҳаммаси XX асрга келганда замон ва тараққиёт суръатига боғлиқ равишда янада кескинлашди.
Бир вақтлар "адабиётчи" бўлган, кейинроқ соҳа алмаштирган ўртоқларимдан бири "мен Қуръонни ўқиганимдан кейин адабиётга қарагим ҳам келмай қолди" деди. У яна давом этди: "Билсам, шу чоққача бекорчи ва мутлақо кераксиз нарса билан шуғулланиб юрган эканман. Адабиёт нимага керак ўзи? У на бу дунёмга ярайди, на унисига! Қуръоннинг йўриғи бошқа. Қуръонга амал қилишнинг сўнггида жаннат бор. Адабиётнинг-чи? У менга нима ваъда қила олади?.."
- Адабиёт фақат қоғозга тушган ва нашр этилган асарлардангина иборат эмас, йўқ. Сенинг ботинингда рўй берган мана шу ўзгариш ҳам, агар билсанг, азим бир адабиёт!..- дедим жавобан мен.
Дарҳақиқат, ўқий олган кишига лаҳзада битта нигоҳ -кўнгил дарчасида қандай шеър, қандай драма, қандай романлар намойиш этилмайди, дейсиз. Аслида, ҳар биримизнинг кўнглимиз - биттадан китоб, ҳар биримизнинг қисматимиз ўзимиз учун энг катта адабиёт! Аслида биз уларнинг тинимсиз ўқиймиз. Ўнгда ҳам, тушда ҳам мутолаадан бош кўтармаймиз. Бироқ аксарият ҳолларда ўқиганимизни уқмаймиз, унга парво қилмаймиз, чунки замоннинг юқорида эслаганимиз шиддатли қуюни бизни чирпирак қилиб учириб бормокда, ўқиганимизни сингдиришга, тушунишга ва у ҳақда ўйлашга имкон қолдирмаяпти. Агар имкон қолдирганда эди, бу асрда ҳам, келгусида ҳам адабиёт, яъни китоб шаклидаги адабиёт оммавий тарзда ўқилишда давом этарди!..
Айни имконсизликнинг зуғуми XX асрга келганда янада ошди дедик: натижада рўёбга чиқмаган орзу истаклар "ҳазм қилинмаган" мулоҳазалар билан бирга инсонни иккига бўлиб ташлади. Назаримда психоанализм отаси Зигмунд Фрейдни, аниқроғи, унинг назарияларини шу нарса етилтирган. Дарҳақиқат, цивилизация баъзан инсонни боши берк кўчаларга ҳайдаб киритмоқда. Инсон тамаддуннинг қуйи босқичларида эга бўлгани руҳий ҳаловатни энди тараққиётнинг юқори поғонасида тобора қўлдан бой бериб бормокда. Лекин унинг ўша ҳаловатга бўлган эҳтиёжи ҳануз мавжуд. Худди шундай, бугунги инсоннинг илгаригидек кўп ва хўп адабиёт ўқимаётгани адабиётга эҳтиёжининг ўлиб кетганидан эмас, балки унинг парва-риш этилмаганидан, унга рағбатнинг йўкдигидандир. Эҳтиёж эса мавжуд. Лекин у қондирилмаётир. Натижада қон-дирилмаган эҳтиёжлар устига кундалик турмушнинг доимий муаммоларию ташвишлари келиб тушмоқда. Натижада инсон ботинида эҳтиёжлар қавати пайдо бўлмоқда. Биринчи қат инсонни мағрибга бошласа, иккинчиси машриққа судрайди. Бинобарин, кишилик жамияти тараққий этган сари инсон руҳан изтиробларга кўпроқ дучор бўлмоқда. Бугунги замондошнинг адабиётга бўлган эҳтиёжи ана шу тагқатламда қолиб кетаётган эҳтиёжлар сирасига киради. Фикру ожизимча, худди шу ердан келажакда инсоният қаршисига чиқажак улкан муаммолар чегараси бошланади. Юқорида мен адабиёт фақат қоғозга тушгал асар эмас, у бундан тасаввур қилиб бўлмас даражада кечг ва теран олам, деган фикрчи айтгандим. Энди фурсат келганга ухшайди, адабиётнинг моҳиятига ишора қилувчи бир-икки мулоҳазамизни ўртага ташласак.
Адабиёт, ёзилиш-ёзилмаслигидан қатъи назар, инсоннинг кўнгил ҳоли, кайфияти. Унинг қароргоҳи, албатта, эзгулик ва ёвузлик бир-бирига қилич солаётган майдонда эмас, адабиёт улардан баландда бўлиши ҳам мумкин, бироқ, муҳими, адабиёт Эзгуликнинг ғолиб чиқишига ҳайрихоҳдир. Шунга кўра адабиёт алоҳида-алоҳида инсон руҳини ўзида жамлаган Башариятнинг Азим Руҳлар Уммони тўлқинларидан эсган шабада, одамзод моҳияти жо бўлган оламдан, ғайб оламидан ўзига хос хабар. Адабиёт ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи шундай бир кўприк-ки, ҳеч бир бошқа восита унинг қадар ишончли бўлол-майди, унингчалик инсонга яқин келолмайди. Ҳа, адабиёт мозийга таянади, ҳозирнинг ҳавосидан симириб, келажакка кўз ташлайди, кези келганда уни башорат этади. Яна ҳам муҳими, адабиёт менинг "мен"лигимини, сенинг "сен"лигингни, унинг "у"лигини ўзимизга кўрсатувчи ойна, инсон деб аталмиш мамлакат чегараларини чизиб беришга даъво этувчи энг кучли Қудрат! - энг қудратли Куч! Чунки адабиёт инсон ўзаги бўлмиш Руҳнинг овози. Унинг Эзгуликнинг музаффар бўлишига хайрихоҳлиги ҳам шундан...
Инсон эса ана шу ўзакдан - Руҳдан бохабар бўлишга, шу янглиғ ўзининг Руҳга алоқадорлигини ҳис қилиб яшашга эҳтиёжманд. Агар ушбу эҳтиёж қондирилмас экан, инсон руҳан касалликка чалинади. Бундай бетобларнинг кўпайиши эса жамиятни муқаррар ҳалокат сари етаклайди.
Бас, шундай экан, адабиётнинг тобора инсон ҳаётидан сиқиб чиқарилаётганига бепарво боқиш, демакки, жисмнинг руҳ устидан, ёвузликнинг эзгулик устидан ғалаба қозонилишига ҳайрихоҳликдир!.. Ҳа, адабиётга беписанлик кишини ташвишга солади, адоқсиз қайғули ўйлар гир-добига аёвсиз отади. Ахир, цивилизация ўзининг шунча дабдабасига қарамай, инсоннинг маънавий-руҳий эҳтиё-жини қондира оладиган бошқа шакл таклиф этгани йўқ-да! Кетиши шу бўлса, этмайди ҳам. Қайтага у ботинлардаги ўша эҳтиёжни тобора ўзининг шовқин-суронига ўраб-чирмаб ташламокда. Муаммо шу ерда, муаммо-шу! Чунки темир-терсаклар билан кўмиб ташланаётган эҳтиёж одамнинг инсонлик тарафига оид. Усиз инсон ҳай-вонга монанд бўлади. Усиз биз фақат жисм амрига бўйсиниб, унинг хоҳишларини бажо келтирибгина яшаётган бўламиз. Демак, ҳайвонга монанд эмас, баайни ҳайвон бўламиз. Унда яна ўша қадим муаммо - ҳаёт учун аёвсиз жанг бошланади, кучли ожизни ейди, ожиз ўзидан-да ожизни қидиради... Албатта, бир қарашда бунақа эмасдек, чунки ҳаммасига тамаддуннинг ялтироқ либослари кийдирилган. Моҳият эса шу либослар ичра қолиб, кўздан йўқолгандек. Лекин у мавжуд - у ўша-ўша! Демак, одамзод шу ҳолига келгунгача босиб ўтгани милионлаб йил-лар, аччиқ тажрибалар, қурбонлар... бекор кетгандек. У айланиб-айланиб, яна илк қўзғалган жойига - нолга келиб қолгандек. Бироқ эндигиси аввалгисидан фарқ қилади: қадим аждодларимизнинг қўллари бўм-бўш эди, энди-чи? Энди инсоннинг қўлида ядровий қурол. Лекин жойи - ҳоли нолнинг устида...
Мана, адабиёт яна нима учун керак? Адабиёт ана шу қуролнинг ҳеч қачон отилмаслигини таъминловчи Ҳолни кўнгилда парвариш айлашга қодир энг таъсирли Куч! Бинобарин, хоҳ у ёзув шаклида бўлсин, хоҳ тасвир, хоҳ жамиятнинг нормал ҳоли, кайфияти... буларнинг унчалик катта аҳамияти йўқ, муҳими, адабиёт бўлиши зарур. Миллатию ирқи, урф-одатию эътиқодидан қатъи назар ер курасининг ҳар бир аъзоси ана шу руҳдан - катта маънодаги Адабиётдан баҳра олиб яшаши жудаям керак. Акс ҳолда... акс ҳолда инсон ўз руҳий илдизидан мосуво бўла-ди, секин- аста эса дунёнинг ҳам шу ҳолга келишига шароит яратади. Ва... на ухлаб ётган девни туртиб юборганини ўзи ҳам билмай қолади...
Улуғбек Ҳамдам