Жаҳон сўз санъати дунёсида “саргузашт адабиёти” деб аталган ажабтовур яратиқ – хилқат бор. Саргузашт адабиётига таъриф берганда, бу соҳа мутахассислари ҳаётда юз берган ёки тўқиб чиқарилган ғаройиб воқеа-саргузаштларни қизиқарли ҳикоя қилувчи асарларни назарда тутадилар; уларга хос хусусиятлар: сюжет воқеаларининг фавқулодда сирли-сеҳрли тус олиши, ўткир интригаларга бойлиги, воқеалар ривожида кутилмаган кескин ўзгаришлар, персонажлар қисматида терс бурилишлар юз бериши, асар қаҳрамонларининг турли синовларга дуч келишию ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиб, турли-туман бало-қазолардан омон чиқиши каби жиҳатлар тилга олинади. Сўз санъатининг барча тур, шакл – жанрларида бўлганидек, саргузашт адабиёт намуналари орасида ҳам юки йўқ, енгил-елпи, шунчаки олди-қочди воқеалар баёнидан иборат “асарлар” билан баробар, “саргузашт”ни чинакам санъат мақомига кўтарган нодир адабий дурдоналари ва ҳар бир миллий адабиётда унинг етук дарғалари ҳам бор. Сервантеснинг “Дон Кихот”, Ф.Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэль”, Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари”, А.Дюма, Ф.Купер, М.Рид, Р.Стивенсон, Р. Хаггард каби адибларнинг каттаю кичик баравар севиб ўқиладиган дунёга машҳур асарлари шулар жумласидан.
Ўзбек адабиётида бу турнинг илк замонавий намуналарини Абдулла Қодирий яратди, “Жинлар базми”, “Калвак махзум”, “Тошпўлат тажанг” бу йўналишдаги дастлабки тажрибалар эди; ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари миёнасида дунё юзини кўрган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си миллий саргузашт адабиётимизнинг чўққиси бўлди.
Шундан кейин мазкур жанрнинг ҳам мазмунини, ҳам бадииятини юқори кўтарган ижодкорлардан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев бўлди. У бадиий ижодни ҳам катталар, ҳам болалар учун ҳикоялар ёзишдан бошлади, катталар учун ёзганларидан бири “Фельетондан сўнг” ҳикояси конкурс мукофоти билан тақдирланди, болаларга ёзганлари “Шошқалоқ” тўплами ҳам ижобий баҳо олди, лекин у катталар ҳаётидан олинган “Жонгинам, шартинги айт” ва болаларга аталган “Сеҳрли қалпоқча” номли илк саргузашт қиссалари билан элга танилди. Айни шу икки асарида унинг асл бисоти, чин истеъдод майллари яққол намоён бўлди. Омадни қарангки, ҳар икки асарни китобхонлар ҳам, адабий танқид ҳам бирдек хуш қабул қилди. Бундан руҳланган ёш адиб “Сеҳрли қалпоқча” қиссасини кенгайтириб, 1969 йили “Сариқ девни миниб” номи остида романга айлантирди. 1973 йили бу асарнинг мантиқий давоми тарзида “Сариқ девнинг ўлими” дунё юзини кўрди. Сўнг бирин-кетин “Беш болали йигитча” (1976), “Қасоскорнинг олтин боши” (1980), “Йиллар ва йўллар” (1983), “Ширин қовунлар мамлакати” (1986), “Жаннати одамлар” (1986) майдонга келди. Бу романларнинг аксарияти ўзимизда ҳам, хорижда ҳам довруғ қозонди, хилма-хил мукофоту совринларга сазовор бўлди. Шу тариқа, миллий саргузашт адабиётимиз сардорига айланган адибнинг, айниқса, “Сариқ девни миниб” билан “Сариқ девнинг ўлими” романлари жаҳон кезишда рекорд қозонди, жаҳоннинг ўттизга яқин мамлакатларида чоп этилди, жаҳондаги шу турнинг етук асарлари қаторидан муқим ўрин олди.
Бу асарлар халқимиз маънавий ҳаётида чуқур из қолдирди. Кейинги ярим аср давомида мактабда таълим олган миллат фарзандларининг деярли барчаси учун Худойберди Тўхтабоев романлари қаҳрамонлари, хусусан, Ҳошимжон билан Акрамжон ўз жигарларидек таниш, қадрдон бўлиб кетган. Хўш, Худойберди Тўхтабоев саргузашт романларига шуҳрат келтирган омиллар нималардан иборат? Менимча, биринчидан, бу романлардаги саргузаштлар ифодаси жанр тақозосига кўра тасаввур, тахаюл маҳсули бўлмиш кутилмаган фавқулодда ҳодисалар силсиласидан иборат бўлса-да, улар миллий заминга, муаллифнинг ҳаётий тажрибалари асосига қурилгани билан қимматлидир. Худойберди Тўхтабоев ҳатто ўзи бевосита шоҳид бўлмаган воқеа-ҳодисалар, чунончи, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Йиллар ва йўллар” романларида ҳам қаҳрамонлар саргузаштлари тасвири, талқинида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб қалам сургани яққол сезилиб туради. Иккинчидан, адиб романларининг қаҳрамонлари болалар бўладими, катталар бўладими, ким бўлишидан қатъи назар, улар тасвири, талқини ҳамиша болаларга хос нигоҳ, самимият билан йўғрилган. Ёзувчи Шукур Холмирзаев топиб айтган: “Худойберди аканинг табиатида ўзи қандайдир мўъжаз, яхши маънода болалик бор”. Айни мана шу хислат – болаларча беғубор соддалик асарларига кўчиб ўтиб уларга ажиб руҳ, самимият бахш этади. Учинчидан, адиб асарлари поэтикаси, ифода тарзи, усуллари жиҳатидан ранг-баранг; улар орасида соф ҳаётий, реалистик йўналишдаги романларни ҳам, миллий халқ оғзаки ижоди анъаналари билан йўғрилган хаёлий фантастика, замонавий жаҳон тажрибаларига хос шиддаткор детектив намуналарини ҳам, тарихий-биографик саргузашт турларини ҳам учратиш мумкин. Муаллифнинг шундай романлари ҳам борки, уларда бир эмас, бир неча ифода тарзи синтезига дуч келамиз. Тўртинчидан, асарлари қандай шакл, кўриниш, руҳда бўлишидан қатъи назар, ҳатто кескин драматик, фожиавий вазиятлар ифодасида ҳам ҳазил-мутойиба, юмор ёндош ҳолда келади. Ниҳоят, бешинчидан, олтмишинчи-етмишинчи йиллар адабиётида етакчи тамойилга айланган асарда “гап айтиш”, ҳаётнинг жиддий муаммоларига муносабат билдириш, муаллифга тинчлик бермаган, қалбини ўртаган, қўлига қалам олишга ундаган ҳаёт ва шахс жумбоқлари борасидаги дил сўзларини, кўнгил дардларини, армон-ўкинчларини тўкиб солиш ҳодисаси Худойберди Тўхтабоевнинг болалар учун мўлжалланган саргузашт асарларига ҳам хос етакчи хусусиятлардандир. Адибнинг “Сариқ девни миниб” номли романининг қаҳрамони – Ҳошимжон табиатан кулдирувчан, қизиқчироқ. У топиб гапиради, жўн гапларга ҳам тўн кийдириб юборади. Унинг нутқи ҳазил-мутойиба, киноя-кесатиқларга ниҳоятда бой. У ўзгаларни кулдиради, ўзи эса сира кулмайди. Асарни худди шу хил бола тилидан ҳикоя қилиш юморист ёзувчи учун жуда-жуда қўл келган.
Ҳошимжон кўринишдан ниҳоятда содда, гўл, ширинсухан, майин- мулойим бола, ойиси чақирганда “Лаббай, ойижон”, иш буюрганда “Хўп бўлади, ойижон”, деб туради. Аслида, у хийла муғомбир, қув, шўх бола. У укаларига кун бермайди, ўзига топширилган ишларни укаларига буюради, борди-ю, улар бажармаса ҳоли чатоқ – оч биқинига мушт келиб тушади. Мактабда ҳам шундай. Топшириқларни бажаришга уринади. Унинг дўсти ҳар қандай масалани кўз очиб-юмгунча ишлаб ташлайди. Ҳошимжон ҳам бўш келмайди, кўз очиб юмгунча ундан кўчириб олади. Фақат бу билан кифояланмайди, ҳатто мактаб директори номига қийин дарсларни жадвалдан чиқариб ташлаш ҳақида ариза ёзади. Хуллас, унинг меҳнатга сира тоби йўқ, ҳар соҳада ҳар доим осон йўл қидиради. Бироқ, бу йўл уни яхшиликка элтмайди, ўқитувчиларнинг дашномига, ойисининг таъқибига учрайди.
Ҳошимжон отдан тушса ҳам, эгардан тушган эмас. Соддадил бола ўз “эътиқоди”дан қайтган эмас. У ҳамон ўқимасдан, меҳнат қилмасдан шуҳрат ва мартабага эришиш йўлини қидиради. Шу орада бирдан унинг иши юришиб кетади. Хоҳлаган нарсасини муҳайё этадиган афсонавий сеҳрли қалпоқчани топиб олади ва у билан сайрга чиқади.
Шу ўринга келиб, саргузашт асар ярим фантастик тус олади, бири-биридан қизиқ, бири-биридан кулгили ғаройиб саргузаштлар бошланиб кетади. Ҳошимжоннииг кўнгли ниҳоятда чоғ. Мана, энди, у ўз ўқитувчилари қўлида ўқимасдан туриб ҳам ҳар қандай касб эгаси бўлаолиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи, кўкси тўла орден, катта шон-шуҳратлар билан қишлоғига қайтмоқчи. Афсус, минг афсус, ҳатто аф¬сонавий сеҳрли қалпоқча ҳам бу борада Ҳошимжонга кўмак беролмайди. Сеҳрли қалпоқча муҳайё этган имкониятлар ҳар сафар кутилмаган кўнгилсиз оқибатларга олиб келаверади, қаҳрамоннинг бахти энди кулай деб турганда, ишнинг пачаваси чиқиб қолаверади. У агроном ҳам бўлади, шоир ҳам, артист ҳам, инженер ҳам бўлади, бироқ, ҳар сафар билимининг, тажрибанинг йўқлиги ишнинг белига тепаверади. Зотан, асардаги кулгининг ҳақиқий манбаи худди ана шунда.
Муаллиф ёш қаҳрамон характери ва саргузашти тасвирида бир ёқламаликдан қочади, қаҳрамонни олабўжига айлантириб юбормайди, қаҳрамон ҳали бола эканини доимо назарда тутади; Ҳошимжон табиатида ўзига ярашадиган қандайдир эркатойлик, одамни ўзига тортадиган самимият, жозиба бор; аслида, унда ҳеч қанақа ёвуз ният йўқ, у муайян даражада романтик, орзу-ҳаваслар эгаси. Бироқ, у орзу-ҳавасларга элтадиган катта йўлдан бир муддат четга чиқиб сарсон-саргардон бўлади, кулгили вазиятларга тушиб қолади. Қаҳрамон қанчалик хатоларга йўл қўймасин, у, аслида, самимият эгаси бўлгани учун асардаги кулги самимий, қувноқлигича қолаверади. Асар қаҳрамони нуқул бемаънигарчиликлар билан шуғулланавермасдан, хайрли ишлар ҳам қилади: у сеҳрли қалпоқча ёрдами билан фолбиннинг кирдикорларини фош этади, олғир, порахўр меҳмонхона ходимларини саросимага солиб қўяди; хусусан, қиссанинг иккинчи қисмида қаҳрамон катта иш кўрсатади, сохта, фирибгар дин ҳомийларининг асл башарасини очиб ташлайди. Учинчи қисмда Ҳошимжоннинг мактабдаги саргузаштлари ҳикоя қилинади. Кўп ҳангомаларни бошидан кечирган қаҳрамонимиз асар охирида бошқача қиёфага киради, орзу-ҳавасларга элтадиган чинакам йўл одоб ва қунт билан ўқишда, меҳнатда эканига тўла ишонч ҳосил қилади. Қисқаси, охир-оқибат қаҳрамон бисотидаги самимият, эзгу хислатлар ғолиб келади.
Дадил айтиш мумкинки, бу роман ёзувчининг ижодий тақдирида бурилиш ясади, шу пайтга қадар катталар ва болалар дунёси оралиғида иккиланиб турган ёзувчимиз “Сариқ девни миниб” асаридан сўнг, бутунлай болалар адабиёти майдонига ўтиб олди.
“Сариқ девни миниб” эълон этилиб, қўлма-қўл ўқилаётган кезлари муаллиф номига мактублар ёғилиб кетди. Аксар ўқувчилар: “Сариқ дев”нинг давоми борми?” “Сеҳрли қалпоқча” омонми?” деб сўрашади, Ҳошимжоннинг галдаги саргузаштлари билан танишиш истагида эканликларини айтишади. Бир чеккаси, китобхон истагини, қолаверса, ёзувчи кўпдан бери кўнглида йиғилиб ётган дарду дунёсини тўкиб солиш ниятида, унинг мантиқий давоми – “Сариқ девнинг ўлими” устида ишга киришди. Муаллиф янги асар устида иш олиб бориш жараёнида, жаҳон детектив адабиёти намуналари, унинг назарияси билан яқиндан танишади, бу тур адабиёт хусусида ўзининг муайян қарашлари – концепцияси шаклланади. Унингча, детективнинг муҳим шартлари шулардан иборат: 1. Асарда, албатта, ижтимоий мотив биринчи ўринда туриши керак. 2. Асарнинг бошланишидаёқ жиноят ёки қотиллик юз бериши лозим. 3. Изқувар ўз атрофидагиларга қараганда ақллироқ, идроклироқ, топқирроқ бўлиши шарт. 4. Китобхон билан изқуварнинг жиноят ҳақидаги хабардорлиги бир хилда бўлиши керак. 5. Муҳаббат, оила мотиви биринчи планга чиқмаслиги керак. 6. Изқуварнинг ўзи жиноятчи бўлмаслиги керак. 7. Изқувар жиноятчи ёки қотилни тасодифан эмас, балки майда икир-чикирларни таҳлил қилиб, индуктив мулоҳазалар билан топиши керак. 8. Изқувар кроссворд жумбоғини ечгандек ҳаракат қилиши шарт. 9. Кроссворд жумбоғини ечиш реалистик асосга қурилиши керак. 10. Детектив асарда жиноят битта бўлиши талаб қилинади. 11. Жиноятчининг жиноятни беркитишдаги усталиги изқуварнинг усталигидан кам бўлмаслиги керак – изқувар ақлли душман билан юзма-юз бўлиши керак ва ҳакозо.
Адиб янги романини ана шу шартлар асосида қуришга ҳаракат қилади. Ўқувчи бу асарда аввалги китобдан таниш қаҳрамон – Ҳошимжон билан қайта учрашади, унинг ўзга бир жиддий вазиятдаги янги саргузаштлари билан танишади, ўта қалтис вазиятларда сеҳрли қалпоқча мададга келади, ажойиб-ғаройиб кароматлар кўрсатади.
Дарвоқе, аввалдан таниш бу қаҳрамон аввалги ўйинқароқ Ҳошимжон эмас, саккиз йилликни битириб, улғайиб, оқ-қорани таниб қолган. Энди у ўз ҳаёти, тақдири устида жиддийроқ ўйлайди, ўзига касб танлайди, дастлаб сартарош бўлади, аввалги китобда қаллобликларга қарши кураш жабҳасида шаклланган иштиёқ, иш тажрибалари энди уни каттароқ майдон сари етаклайди, милиция мактабида ўқиб, милиционерликка ишга ўтади; янги китобдаги таажжуб ҳангомалар айни шу нуқтадан бошланади, ўзгача шиддатли детектив саргузаштлар қаҳрамоннинг айни шу янги касб-кори билан боғлиқ ҳолда давом этади.
Худойберди Тўхтабоев кўпдан бери милиция ходимларининг машаққатли ҳаётидан ҳикоя қилувчи, қаллоб, юлғич, порахўрлар қилмишини фош этувчи йирик асар яратишни орзу қилиб келарди. Асарнинг халқ милицияси сафида қирқ йилдан ортиқ хизмат қилган, пок, саховатли қалб эгаси марҳум полковник Раҳимжон ака Отажонов хотирасига бағишлангани бежиз эмас. Китоб муаллифи жиноятчи – қаллоб, юлғич, порахўрлар афти-ангорини, кирдикорларини яхши билади, газеталар таҳририятида фельетончи бўлиб ишлаган кезлари кўп марта бундай жиноятчилар изига тушган, улар билан юзма-юз тўқнашган, уларнинг сиру асрорини фош этувчи ўткир фельетонлар ёзган. Ўша йиллари тўпланган тажриба, бой ҳаётий материал, ундан кейинги кузатишлар ушбу асарга асос бўлган.
Аввалги асаридаги каби “Сариқ девнинг ўлими”да ҳам воқеалар “ярим ёлғон, ярим чин” тарзида, яна ҳам ҳаётий-реалистик, ҳам хаёлий-фантастик тарзда давом этади, муаллиф фантастика тақозо этадиган шартли-хаёлий усуллардан кенг фойдаланади, рамзий деталь, образларга, кутилмаган фавқулодда вазиятларга дадил мурожаат этади; асар сюжетига сирли-детектив тус беради, конфликтни айни шу тур асарга хос яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан қабоҳат орасидаги зиддиятларга қуради.
Романда яхшилик, эзгулик рамзи сифатида изқувар Салимжон ва унинг мададкори Ҳошимжон, ёвузлик, разолат, қабоҳат рамзи тарзида эса Одил баттол тимсоли гавдаланади, улар орасида гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона бетиним, шиддатли жанг кетади. Салимжон билан Одил баттол умр бўйи олишиб келган. Одил ниҳоятда маккор. У Салимжон бошига жуда кўп оғир савдолар солган, уйига ўт қўйган, норасидаларни оловда ёндирган, унинг яккаю ёлғиз фарзандини йўлдан оздириб, қўлига тўппонча тутқазиб жиноятга етаклаган; у ҳамон тинчимайди, эл-юрт олдида Салимжонни шарманда қилмоқ, кўксига пичоқ урмоқ пайида юради. Ўз навбатида, Салимжон ҳам бўш келмайди, бошига тушган мусибатлар туфайли ҳар қанча куйиб-ёнмасин, қалби ўртанмасин курашдан асло толмайди, бўйи-басти букилмайди, иродаси сўнмайди. Ниҳоят, орада кечган аёвсиз кураш – жанг эзгулик тантанаси билан якунланади. Муаллиф ўқувчини хаёл қанотида нурли келажакка – жиноятлар, жиноятчилар барҳам топган, Одил баттоллар музей экспонатига айланган замонларга етаклайди; агар халқ ўз эркини қўлга олиб, қаллобларга курашда бир ёқадан бош чиқариб оёққа турса, бу эзгу – орзулар, албатта, рўёбга чиқажагига сизу бизни ишонтиради…
Аввалги романда бўлганидек, мана шу детектив-саргузашт тарзидаги воқеалар Ҳошимжон тилидан ҳикоя қилинади. Гарчи, бу романда қаҳрамонимиз улғайиб қолган, масъулиятли лавозимни эгаллаб турган, муҳим ижтимоий вазифани адо этаётган бўлса-да, болаликда теккан одатлари – ўша шўх-шаддодлик, андак қувлик, қувноқлик табиатида сақланиб қолган; ҳатто баъзи ҳолларда у ҳозирги ҳолатини унутиб бутунлай болакайга айланиб қолади, болаларча гўлликка боради. Бу ҳол қаҳрамонимизга, қолаверса, асарга ўзгача самимият, қувноқ руҳ, юмористик оҳанг бахш этади. Ўн саккизга кирмаган ким бор, севги ҳиссин туймаган ким бор, деганларидек, Ҳошимжон ҳам бу ёшда севги кўчасини четлаб ўтиши мумкин эмас эди. Ёзувчи йигитчанинг севги саргузаштларини ҳам, албатта, саргузашт-детектив асар тақозоси доирасида қаламга олади; романнинг умумий руҳига мос тарзда севги саргузаштларини ҳам қувноқ кулги билан йўғрилган ҳолда беради.
Қабоҳату жиноятларга қарши муросасиз кураш-жанг мотиви кейинроқ, 1986 йили чоп этилган “Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги” романида ўзгача тарзда давом эттирилди. Бу асарда аёвсиз кураш энди бошдан-оёқ тахаюл-хаёлотда фантастик тарзда кечади. Бу романни “Сариқ девни миниб” ва “Сариқ девнинг ўлими” билан боғлайдиган жиҳати шундаки, ҳар икки романда иштирок этган Ҳошимжоннинг дўсти – бироз хаёлпараст, бироз ўйинқароқ Акрамжон бу асарда бош қаҳрамонга айланади, унинг ширин қовунлар мамлакатидаги хаёлий саргузаштлари – мамлакатни ҳар хил иллатлардан тозалаш ниятида сеҳргар иблис билан олиб борган аёвсиз жанглари роман асосини ташкил этади. Бу курашда унга устози профессор Дар Даража яқиндан ёрдам беради ва яна ўша сизу бизга таниш сеҳрли қалпоқча бу борада қўл келади. Шу тариқа, ҳар бири ўзича бир дунё, мустақил хилқат саналмиш бу уч роман, айни пайтда, асосий мотиви, етакчи персонажлари орқали бир-бирлари билан туташади, шунга кўра уларни ўзига хос миллий адабиётимизда ҳозирча ягона саргузашт трилогия деб аташ мумкин.
Ёзувчининг соф ҳаётий-реалистик саргузашт йўлида ёзилган “Беш болали йигитча”, “Жаннати одамлар” каби асарлари, тарихий саргузашт романнинг биздаги илк намуналари дея баҳо олган “Қасоскорнинг олтин боши”, “Йиллар ва йўллар”нинг ҳам – ҳар бирининг миллий адабиётимиз, хусусан, болалар адабиёти равнақида алоҳида ўрни бор. Автобиографик характердаги “Беш болали йигитча” иккинчи жаҳон уруши йилларида норасидалар бошига тушган ададсиз кулфат, мусибатларни теран, таъсирчан бетакрор ифодаси жиҳатидан Ғафур Ғуломнинг машҳур “Сен етим эмассан” шеъри, Раҳмат Файзий киносценарийси асосида яратилган айни шу номдаги фильм қаторида туради. Бу роман ҳақида озми-кўпми ёзилди, илиқ гаплар айтилди, аммо ҳали айтилмаган, айтилиши лозим бўлган гаплар кўп. “Қасоскорнинг олтин боши” асарининг муаллиф қаламига мансуб олдинги романлари билан талай муштарак жиҳатлари бор. Аввало, бу асар ҳам саргузашт йўлида битилган, аввалги романларга хос қувноқ юмор бу асарда ҳам унга алоҳида зеб бериб турибди. Шу билан баробар, бу романнинг аввалгиларидан ажратиб турадиган айрим ўзига хос томонлари ҳам мавжуд. Биринчидан, аввалги романлар муаллифга замондош болакайлар, ўсмирлар ҳаётидан олинган бўлса, “Қасоскорнинг олтин боши” тарихий ўтмишдан баҳс этади, болалар, ўсмирлар эмас, катталар ҳаётидан ҳикоя қилади. Иккинчидан, аввалги романларда муаллиф бола ёки ўсмир қаҳрамоннинг ғаройиб, хаёлий-фантастик саргузаштлари орқали ҳаётнинг хилма-хил қатламларини, турли-туман шахслар қиёфасини кўрсатиш йўлидан борган бўлса, бу асар марказида тарихий шахс, халқ қасоскори – Намоз тақдири туради. Ёзувчи халқ орасида афсонага айланиб кетган бу одамнинг кескин драмаларга тўла қаҳрамонона ҳаёт лавҳаларини ҳаётий-тарихий далилларга таянган ҳолда бадиий гавдалантиради.
Намоз шахси ва у бош бўлган қасоскорлик кўринишидаги, аслида эса, миллий озодлик ҳаракати моҳияти устида ёзувчи кўп бош қотирди. Тўғри, ўша пайтларга қадар Намоз ҳаракати илмий жиҳатдан бирмунча ўрганилган, бу ҳаракатни баҳолашда ижобий томонга юз ўгириш бошланган бўлса-да, ҳали бу хусусда, узил-кесил ҳукм чиқарилган эмасди. Ёзувчи Пиримқул Қодиров романга ёзган сўзбошисида таъкидлаб ўтганидек, Намоз сиймосини бадиий адабиётда гавдалантиришга айрим уринишлар бўлган. Ўз даврида Нурмон бахши у ҳақда достон куйлаган, афсуски, достондан айрим парчаларгина сақланиб қолган, холос; улкан адиб Абдулла Қодирий Намоз ҳақида йирик асар ёзиш ниятида ҳужжатлар йиққан, афсус, унинг бу ниятини рўёбга чиқариш имкони бўлмаган; рус адибаси Анна Алматинскаянинг “Зулм” трилогиясида Намозга оид бир ярим саҳифалик кичик эпизод бор; Иззат Султон “Номаълум киши” драмасидаги Ниёз образига Намозни прототип қилиб олган бўлса-да, у тарихий шахс Намоздан бирмунча йироқлашиб кетган… Қисқаси, “Қасоскорнинг олтин боши”дагина илк бор тарихий сиймо – Намоз ҳаёти, кураши батафсил ҳикоя қилиб берилди. Намоз сиймоси изчил, мукаммал гавдалантирилди.
Намоз саргузашти ифодасида ёзувчи, манбаларга таянади, айрим ўринларда манбалардаги тафсилотларни айнан келтиради; қолаверса, халқ орасида юрган ҳикоя, ривоят, нақллардан ҳам фойдаланади. Шу икки жиҳатдан келиб чиқиб, муаллиф ҳам реалистик саргузашт, ҳам халқ оғзаки ижоди ифода усул-услубини қўшиб олиб боради, хаёл-тасаввурга ҳам андак эрк беради; асар қаҳрамони Намоз гўё эртак, афсона билан реал ҳаёт, тарих ҳақиқати орасида турувчи ўзига хос бетакрор сиймога айланади.
Намоз меҳнаткаш халқ орасидан чиққан, шу меҳнаткаш халқ манфаати, шаъни, эрки деб курашга отланган оддий бир деҳқон йигит. Шу билан баробар, у дунё кўрган, оқ-қорани таниган, ўз даври учун фавқулодда бир шахс; ўтган аср бошларида Туркистон ўлкасида вужудга келган тўлғанишлардан илҳомланиб, жабрдийда, икки томонлама эзилган, эркка ташна меҳнаткаш халқнинг ҳимоячиси сифатида бош кўтаради. Айни пайтда, Намоз халқимизнинг, халқ даҳоларининг эрк, озодлик, адолат ҳақидаги анъаналари вориси сифатида кўринади. У ҳазрат Навоийнинг: “Илгимдин келгунча золим тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интиқом малҳамин қўйдим”, деган дил сўзларини қасамёд тарзида тумор қилиб бўйнига осиб юради. Сафдошларини ҳам шунга даъват этади. Шуниси муҳимки, бу одам доимо ўз хатти-ҳаракатларини тафтиш этиб боради, ўзи бош бўлган тўда ҳаракатининг ожиз томонларини ҳам сезади, тан олади; кичик бир тўдани отлантириб бою мансабдорлардан қасд олиш, улар мол-мулкини тортиб олиб, қашшоқ бева-бечораларга бўлиб бериш йўли билан асл муддаога эришиб бўлмаслигини, кенг оммани атрофига уюштириб, халқни қўзғатиш кераклигини тушуниб етади; ана шу дақиқаларда унинг руҳий қийноқлари бошланади, бошқача йўлдан боришга хоҳиш ва янгича кураш йўлига ўтишда ўзидаги ожизликни англаш, ҳис этиш жараёни рўй беради. Саргузашт имкониятлари доирасида шундай руҳий драматик ҳолатларнинг берилиши катта гап. Айни пайтда, ёзувчи Намоз шахсиятининг бошқа қирралари – унинг оддий инсоний хислатларини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади. Намоз мард, танти, жасур паҳлавон, шу билан баробар, ўта кўнгилчан, раҳмдил инсон, ўзгаларнинг кўзёшларига асло тоқат қилолмайди, у дунёю бу дунёси қоронғу бўлиб кетади; аламидан ҳаммаёқни зир титратган, золимлар додини бериб юрган бу баҳодир йигит унаштирилган қиз хонадонига ёлғиз киришга ийманади; Намоз меҳнаткаш халқ манфаати йўлига жони-жаҳонини тиккан одам, бироқ, у ўзининг оила, қариндош-уруғлар олдидаги бурчини ҳам асло унутмайди; шахсий турмуш лаззатлари, оила қувончи ва ташвишлари унинг учун бегона эмас. Опаси Ўғилойга инилик меҳри, Насиба билан севги, оилавий интим мулоқотлари, қайнисингилларига кўрсатган қалб саховатларини муаллиф ўзгача бир самимият билан ифода этади. Безовта, серташвиш кунларда барпо бўлган оила, унинг қувончли дамлари, орзу-умидлари, дарбадарликдан зада бўлган аёл қалбининг изтироблари, баъзида эр-хотин орасида бўлиб ўтган паст-баланд гаплар – ора-сира қаламга олинган шундай ҳолат-ҳодисалар тасвири асарга алоҳида файз бахш этган, ўшандай ўринларда қаҳрамон чеҳраси, қалб бисоти яна ҳам очилиб кетади. Чунончи, қочқин пайти Насибани тўлғоқ тутиб қолиши, дунёга келаётган чақалоқ ҳаёти деб Намознинг рақиблар олдида таслим бўлиши манзараси – ўша дамлардаги қаҳрамоннинг руҳий ҳолати зўр маҳорат билан тасвирланган. Бу лавҳа ўқувчини ларзага солади, ўта тиғиз дамлардаги қаҳрамон ҳолати китобхон хотирасига мустаҳкам ўрнашиб қолади.
Муаллиф талқинича, Намоз қасоскор, лекин у террорчиликка, инсон зотини жисмоний азоблашга, қотилликка қарши. Аммо шафқатсиз замон, золимлар зулми, у тушиб қолган мураккаб вазиятлар қаҳрамонимизни гоҳо шафқатсиз бўлишга мажбур этади: кези келганда, интиқом оловида ўртанган бу йигит бир вақтлар ўзини асоссиз қамчилаган золимни боплаб савалайди, имконсизликдан бегуноҳ отга қарата ўқ узади, неча бор рақиблар додини беради, қасамидан тонган йигитларни жазолайди, хоинни ўз қўли билан бўғиб ўлдиради… Такрор айтаман, бундай шафқатсизликлар фақат вазият тақозоси, ўша дамларда қаҳрамон учун ўзгача йўл йўқ.
Ниҳоят, қаҳрамоннинг ҳалокати ифодасида аламли, афсус-надоматлар оғушида одамни қийноққа соладиган ҳолат бор. Ҳукмрон маккор кимсалар юзма-юз тўқнашувларда Намозга бас келолмагач, сотқин кимсалар қўли билан уни орадан кўтарадилар, ўз ичидан чиққан хоинлар қаҳрамоннинг олтин бошини танидан жудо этадилар…
Асар ўзбек халқи миллий озодлик ҳаракати силсиласида муносиб ўрин олган ёрқин тарихий шахс сиймосини жонли гавдалантириб бергани, адабиётимизга чин маънодаги курашчи-қаҳрамон образини олиб киргани билан қимматлидир. Эҳтимол, тарихий шахс Намоз ҳаётидан яна бошқача йўналишда, ўзгача услуб, усул, жанрда янги асарлар битилар, аммо, “Қасоскорнинг олтин боши” Намоз ҳақидаги роман, миллий адабиётимиздаги илк тарихий-саргузашт роман тарзида қимматини асло йўқотмайди.
Хулоса шуки, миллий маданиятимиз, адабиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшиб келаётган, аллақачон саргузашт сардори даражасига кўтарилган Худойберди Тўхтабоевнинг ижоди янаям сермаҳсул, бардавом бўлаверсин.