Бугун ўзбек адабиётшунослиги авжи янгиланиш палласини бошидан кечираяпти. Кимдир билағон шогирдларни етиштирайин дея, бу хайрли ишга бош қўшаётган бўлса, кимдир ўз тадқиқотлари билан бевосита жараёнда иштирок этмоқда. Хуллас, биров адабиёт тарихию матншуносликда, бошқа биров эса назария ё танқид соҳасида қўлидан келганича уринаётир. Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин яна шундай адабиётшуносларимиз борки, уларнинг ўзлари орқа планда – парда ортида қолиб, саҳнага фикрларинигина қўйиб юборишган. Мен бу ўринда, устоз Талъат Солиҳовни назарда тутаяпман. Унинг жаҳон адабиёти ва, умуман, санъати борасидаги мушоҳадалари дарс ва суҳбат чоғларида хайрихоҳ шогирдлар томонидан ёзиб олинган. (Ёзиб олинмаганининг уволи нима бўлади, дейман гоҳида ўзимга-ўзим…) Бори – шу. Лекин ана шу “бори”га қараб, унинг салмоғини чамалаб кўргандаёқ аён бўлаётирки, истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг чинакам янгиланиши, айни, Талъат Солиҳовдек заҳматкашу хокисор олимларнинг адабиётга қарашлари зимнида яшириниб ётибди экан. Чунки Талъат Солиҳов ўқиган маърузалар қатида, наинки, ўзбек, балки жаҳон адабиёти ва санъатига сўзнинг том маъносида Янгича Қараш мужассам эди. Бу Қараш ўз вақтидаёқ муайян титроқлару кайфиятни жонимизга солган эди, лекин, барибир, унинг мевалари ларзон-ларзон даври ҳали олдинда, деб ўйлайман. Чунки Талъат Солиҳовдан қолган адабиётшуносликка доир ҳажман кичик, лекин мазмунан ғоят салмоқдор мерос ҳалигача асосан сарғайган дафтарлардагина “кун кўраётир”. Уларни зудлик билан топиш, тўплаш, саралаш, тизимга солиб чоп этиш ва йўсин адабиётшунослигимиз “дастурхонига” тортиқ этиш замони аллақачон келган. (Албатта, домланинг барча қарашларини “мутлақ ҳақиқат” дея таърифлашдан тамоман йироқман. Адабиётшуносликнинг бугунги даражасидан туриб, унинг айрим мулоҳазалари билан тортишиш мумкин. Ҳатто менинг ўзим Белинский, Толстой ҳақидаги қарашларию шакл ва мазмун борасидаги кескин мулоҳазалари туфайли, хаёлимда устоз билан доимо баҳслашиб юраман. Лекин гап бунда эмас. Гап домла қолдирган мерос зимнида яширинган тафаккур жасоратида, жасоратнинг мазмун-моҳиятида. Устознинг ана шу сиймосида дарсликлару китобларда эътиборимизга тортиқ этилаётган “ҳамма гаплар”ни ягона ва охирги ҳақиқат эмаслигига ишора, уларни ақл ва мантиқ тарозусида тортиб юришга, янада муҳими, инсон ва санъат ҳақидаги катта ва фундаментал илмга таянган ҳолда янги ва мустаҳкам қарашларга эга бўлишга чорлов бор. Яъни, мавжуд ҳақиқатларга бошқача қарашнинг мумкин ва, ҳатто, зарурлиги акс этган унинг адабий нигоҳида.) Шу маънода, мен, аввало, унинг шогирдларига, адабиётимизнинг, адабиёт илмимизнинг чинакам ихлосмандларига, янгиланишу янги фикрнинг толмас ҳимоячиларига, инсофу иймонини энг азиз неъмат янглиғ асраб келаётган издошиларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, агар сизда ҳам ҳассос олим Талъат Солиҳовнинг оғзидан чиқиб, хотирангизда муҳрланган ва ё қаердадир китоблар орасида чанг босиб ётган эски дафтарингизда қолиб кетган “сўзлари” бўлса, жамики савобу, эзгу амал ҳақи ҳурмати – таҳририятимизга етказсангиз. Вақти келиб, журнал саҳифаларида жамланиб-тартибланиб эълон қилинган мерос яхлит бир китоб ҳолида нашр қилинади, деган умид билан биз ҳам ҳаракат қилаверайлик.
Қуйида, эътиборингизга ҳавола этилаётган маъруза парчалари менинг конспект дафтаримда қолган ёзувлардир. Домла шошилмай гапирар эди, шунга кўра нафақат фикрлар, балки жумлаларнинг қурилиши ҳам асосан маърузачининг ўзига тегишли бўлса ажабмас, деб ўйлайман. Фақат айрим фикрларни ё қисқартириб ва ёхуд ихчамлаштириб ёзиб олган бўлишим мумкин. Баъзан фикрни ўз сўзларим билан ёзган ўринлар ҳам мавжуддир, эҳтимол. Ҳаммасини аниқ-тиниқ эслашнинг иложи йўқ. Орадан йигирма икки – йигирма уч йилдан мўлроқ вақт ўтибди, ахир! Шунга кўра, фикр ва жумла ғализликлари бўлса, йигирма бир-йигирма икки ёшли ғўр талабаники, яъни, каминаники, дея билгайсиз. Яна саралаш ҳам бизга тегишли. Яъни, маъруза тўлиқ қоғозга туширилмаган, балки ундаги айрим фикрларгина ёзиб олинган. Қолган ҳаммаси устозники! Албатта, домла айтган кўпгина мулоҳазаларни кейинчалик биз бошқа китоблардан ҳам ўқидик, лекин, барибир, устоз шу фикрларни битта мавзу байроғи остида тўплаб, уларга умумий контекстда ўзгача мазмун, шукуҳ бағишлаган эди. Энг муҳими, Талъат Солиҳов бутун бошли адабий йўналиш ёки ёзувчи ижодидан бир-иккита шундай фикрларни суғуриб олардики, кейинча чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, ўша йўналиш ё якка ижодкор асарларининг моҳияти айни ўша “бир-икки фикр”га суяниб турганига амин бўласиз. Бу энди катта масштабдаги тафаккур эгасининг, ҳақиқий адабиётшуноснинггина қўлидан келадиган Буюк Ишдир! У ёғини суриштирсангиз, илмдаги чинакам янгиликлар тўртта терминни бир-бирига уриштириб, чиққан садосига маҳлиё бўлган олимларнинг жилд-жилд китобларидан эмас, йўқ, балки, кўпинча, ана шундай тафаккур эгалари қолдирган жажжигина мерослардан ибтидо олиши мумкин. Ҳа, бугун ҳеч бир муболағасиз таъкидлаб айтиш жоизки, Талъат Солиҳов янги ўзбек адабиётшунослиги таъмал тошини қўйганлар сафида муносиб ўрин тутади.