Жаҳон модерн адабиётининг бадиий-эстетик тажрибалари асосида ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб, ўзбек модерн поэмаларининг ўзига хос тизими вужудга келди. Уларда жаҳон модерн адабиётининг кўпгина белгилари мавжудлиги кўзга ташланади. Зеро, ХХ аср бошларида Европада юзага келган модерн адабиёт ўзбек поэмалари табиатига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Унинг таъсирида ўзбек поэмалари мазмунан ва шаклан янгилана бошлади. Ўзбек поэмачилигидаги модернистик янгиланишлар кўпроқ шоирларнинг янгича, ноанъанавий изланишлари мисолида намоён бўлаётир. Буни, асосан, қуйидагиларда ўз аксини топган дейиш мумкин:
1) Қаҳрамон талқинида ва асарнинг ғоявий-услубий йўналишида;
2) Асар композициясида;
3) Асарнинг поэтик синтаксисида.
Кўринадики, жаҳон поэмачилиги бадиий-эстетик тажрибалари икки йўналишда: жаҳон поэмачилиги намуналарининг ўзбек тилига ўгирилиши ва жаҳон модерн адабиёти ютуқларидан ўрганиш натижасида намоён бўлганлиги кузатилади.
Давр поэмачилигида модерн поэмаларнинг ўзига хос намуналари яратилди. Уларда шоирлар жамият, турмуш воқеликларидан кўра кўпроқ инсон ички оламининг руҳий тўлғамларини, кўнгил сирларини ифодалашга берила бошладилар. (Масалан, Икром Отамуроднинг “Ичкари, ташқари” поэмасида шоир ўз нигоҳини ташқаридаги муаммолардан олиб, ичкарига – ботинга қаратади.) Айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярми ҳамда ХХI аср бошларида яратилган поэмаларда аста-секин субъективизм – кўнгил рози ошиб бораётганлиги кўзга ташланади. Таниқли адабиётшунос Умарали Норматов бунинг сабабини: “Бизда модерн адабиётнинг оқим тусини олиш жараёни миллий ўзликни англаш, миллий-диний қадриятларни тиклаш, жумладан, тасаввуф фалсафаси, адабиётига қизиқиш ғоят кучайган бир даврга тўғри келди”, дея изоҳлайди. Бундай поэмаларда, кўпинча, “адашган, алданган, беҳуда, самарасиз меҳнат-фаолиятга, маънисиз қисматга мубтало этилган шахснинг фожиасини очиб бериш, кутилмаган томонлардан ўзига хос тарзда бадиий таҳлил этишга интилиш кузатилади. Натижада, поэмаларда ҳам абсурд ғояси ва абсурд қаҳрамонни эслатадиган персонажлар” пайдо бўла бошлади. Жумладан, Икром Отамуроднинг “Ёбондаги ёлғиз дарахт” поэмасида дарахтга эрмак учун бесабаб ўт қўйиб ўтган Йўловчи, Наби Жалолиддиннинг “Чиптасиз одамлар” асарида кун бўйи оғир меҳнат қилиб топган чойчақасига фақат гул сотиб оладиган Фаррош образлари бунга мисол бўла олади. Қолаверса, бу асарларда ёлғизликка, жамиятдан, одамлардан қочишга интилиш ғояси ифода этилиши янгича бир тарзда давом эттирилган.
Модерн поэмаларда адабиётнинг оғзаки, мумтоз, жаҳон тажрибаларидан янгича услубий шаклларда фойдаланила бошланди. Масалан, Салим Ашурнинг “Атиргул” поэмасида анъанавий, халқона руҳ – оҳангга йўғрилган сатрларда қад ростлаб турган лирик қаҳрамон гавдаланади. Бироқ унинг табиат ҳодисаларини кўриш, кузатиш ва идрок этиш тарзи ўзига хос янгича эканлиги кузатилади. Жумладан:
Хазон-яфроқлардан ўчоқ ясадим,
Шеърларим ёзилган дафтардан ўтин…
“Сунбула” халқ қўшиғидаги мажозга кўра, лирик қаҳрамон “қоғоздан ўчоқ ясаб, гулдан ўтин қилишга” чоғланган бўлса, Салим Ашурнинг “Атиргул” поэмаси қаҳрамони “хазон-яфроқлардан ўчоқ ясаб, унга шеър ёзилган дафтарини ўтин қилишга” чоғланаётир. Ҳар иккала шеърий асарни бирлаштириб турган жиҳат эса, улардаги мазмуний яқинликдир. Чунки иккала шеърий асарда ҳам ўз ёрига етолмаган ошиқ дарди куйланмоқда.
Салим Ашурнинг “Атиргул” поэмасида, айниқса, ноанъанавий ташбеҳлар кўп учрайди:
Тишларингдан ўқ яса,
Холларингдан тош-тош.
Маълумки, мумтоз шеъриятда киприкни ўққа, холни эса “қора қуш” ёки “қора ҳинду бачча”га менгзаш муайян анъана сифатида кўзга ташланиб келган. Салим Ашур шу анъана руҳини сақлаган ҳолда, уни янгича (модерн) идрок билан ифода этишга уринган. У асарида киприкни эмас, балки тишни ўққа, холни тошга ўхшатаётир. Бу билан унинг янада чуқурроқ ва кенгроқ фикр юритаётганлигини англаш мумкин. Чунки у бу орқали ёрнинг ўзига ярашиб турган қадрли қора холини муқаддас қора тош каби суюкли ва ардоқли дейишга чоғланганлигига шубҳа йўқ.
Мумтоз шеъриятда ёрнинг лаби, асосан, ёқут ва инжуга ўхшатилган бўлса, Салим Ашурнинг “Атиргул” достонида унинг тўлқинга ўхшатилганлиги кузатилади:
Кўзлари оҳуники,
Лаблари – икки тўлқин.
Шу қиз насиб бўлмаса,
Жон нимта-нимта бўлсин.
Салим Ашур ушбу поэмасида анъанавий образларни баъзан ана шундай ўзгаришлар билан, баъзан эса айнан сақлашга ҳаракат қилади:
Симлар қоқишимни тақиқлаб қўйдинг,
Хатлар ёзишимни ман этдинг мутлоқ.
Мен эса ит каби атрофингдаман,
Яқин боролмайман, кетолмай узоқ.
Ошиқ ўз ҳолатини итга менгзаши мумтоз шеърият учун анъанавий эди. Кўриняптики, бу анъана ҳозиргача сақланиб келаётир.
Хуллас, шоирнинг анъана доирасида, анъана заминида туриб, модернистик ташбеҳларга интилаётганлигини кузатиш мумкин.
Маълумки, мумтоз шеъриятда инсон қалби кўпинча кўза рамзида берилади. Икром Отамуроднинг “Сопол синиқлари” поэмасида шу рамзнинг ўз мантиқий параллели билан ёнма-ён келтирилганлигини кўриш мумкин:
Синиқ кўза…
Синиқ кўнгил…
Дўппайган қабр…
Нимжон ниҳол…
Бу мисраларда мантиқан параллел образлар қаршилантириш асосида ёнма-ён келтирилмоқда. Чунки модерн поэмаларнинг муҳим белгиси шуки, уларда шоир дунёни янгича нигоҳ билан тафтиш қилади. Уни бутун мураккабликларию фожиалари, яхши ва ёмон томонлари билан тасвирлашга интилади. Шунинг учун уларда қаршилантириш санъати кўпинча композицион асос бўлиб кўринади. Шу майл билан шоир ўз асов туйғуларини шеърий нутққа жойлаштирмоқчи бўлади.
“Сопол синиқлари”да кўп таркибли, мураккаб, уюшган ҳамда янгича мазмундаги сифатлашлар учрайди:
Ўртаб кетди суйгули,
бир гули,
юз гули,
минг гули,
азиз гули,
эрка гули,
чин гули
Бу каби мазмунан оддийдан мураккабга, пастдан юқорига ривожланиб борган уюшиқ эпитетлар орқали ижодкор тасвирийликни орттиришга уринади. Модерн поэмаларда бир ҳодиса бошқа бир ҳодиса номи билан (метафора, истиора, метонимия, рамз кабилар воситасида) ифода этилади. Уларда шоир кўпинча ўз фикр-туйғусини рамзлар воситасида баён этади. Шунинг учун бундай поэмалар, одатда, мураккаб баён услубига эга бўлади. Улардаги рамзлар туфайли, асар тилини бирдан тушуниш қийинчилик туғдиради. Уни тушуниш учун баъзида ўқувчи ақлий зўриқишга дуч келади. Шундай ҳолатда поэмаларда ички нутқ (монолог)нинг икки хил кўриниши қўлланади:
1) Ўз-ўзига қаратилган нутқ: сўзловчининг ўзига, бошқа кишига, ҳар хил ҳодисаларга қаратилган ички нутқи ёки нутқий муносабати.
2) Ўқувчига қаратилган очиқ нутқ. Бундай нутқ кўринишлари ифода этилган синтактик қурилмалар кўпинча мурожаат қилиш, маслаҳат бериш, даъватлантириш, ундаш, огоҳлантириш, лаънатлаш ва ҳоказо сингари мазмунда келиши билан эътиборни тортади.
Ички нутқда илм излаш, хулоса чиқаришга интилиш характерлидир:
Билдим, аъзои баданим ҳаёт ширасидан.
Ҳамширам – турна,
Қондошим – жайрон,
Жигарим – арғувон.
Хоку туробданман, иним – қумурсқа, оғам – от,
Билдим – одамийзодман,
Одамийзод.
Абдували Қутбиддиннинг “Изоҳсиз луғат” достонидан олинган бу мисралар орқали инсоннинг ҳамиша ўз-ўзини англаш учун илм излашга интилганлиги очиб берилаётир.
Модерн поэмаларда лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолати тасвирига кенг ўрин ажратилиши сабаб, уларнинг бадиий қурилмасида ички монолог, ички руҳий таҳлил, руҳ билан ёки сурат билан суҳбат каби усуллардан кўпроқ фойдаланилади. Уларда муаллифнинг ўз-ўзи, бошқа киши ёки ташқи олам, табиат ҳодисалари билан суҳбатида фикрнинг иккинчи шахсга қаратилган бўлиши, мурожаат, ишонтириш, даъват, савол-жавоб мазмуни етакчилик қилади. Бунда ўз-ўзига мурожаатнинг баъзан иккинчи шахсга ёки, аксинча, иккинчи шахсдан бирданига учинчи шахсга ё учинчи шахсдан иккинчи шахсга кўчирилиши мумкин. Бунга “Сопол синиқлари” поэмасидаги мисралар мисол бўла олади:
Мен – муайян шакл…
Сен – кутувчи….
Мен – кутувчи…
Сен – кутилувчи…
Мазкур поэманинг кейинги мисраларида бирданига “у” ҳақда фикр юритила бошланади, яъни нутқ қаратилган шахс ўзгаради. Энди бу нутқ ўзга(лар)га қаратилаётганлиги сезилади:
Сен унга интил, йўлида илҳақ,
у – фурсат,
у – лаҳза,
у – бир он.
Сўзловчининг ҳис-ҳаяжони, хоҳиш-истаги, воқеликка баҳоси, ижобий ёки салбий муносабати талқин этилади. Шунга кўра, бу ҳолатни ифода этувчи синтактик қурилмалар таркибида бош ва иккинчи даражали гап бўлаклари билан грамматик жиҳатдан боғлана олмаса-да, гапнинг мазмунини кучайтиришга хизмат қилувчи ҳис-ҳаяжон ундовлари, ижобий ёки салбий оттенкага эга услубий бирликлар учраши табиий ҳол саналади.
Модерн поэмаларда кўпинча кўрсатиш олмоши ва ўрин ёки пайт ҳолларининг анафора қилиб келтирилиши кузатилади. Албатта, бу ҳам тасодифий эмас. Бу билан, аслида, талқин қилинаётган ёки тасвирланаётган воқеликнинг ҳақиқат эканлигига ўқувчини ишонтириш, уни таъкидлаш мақсадига эришиш кўзда тутилади:
шунчаки ўткинчи ҳодислар,
шунчаки югурик гаплар,
шунчаки кун ўтиши,
шунчаки маишат, хушлик…
“Сопол синиқлари” поэмасидан олинган бу мисраларда “шунчаки” кўрсатиш олмоши анафора вазифасида майдонга чиқиб, матннинг тугал поэтик нутқ сифатида бирлашиб туришини таъминловчи муҳим воситага айланган. Шу билан бирга, у шоирнинг кузатувчанлик позициясини, воқеликка эмоционал муносабатини билиб олишда ҳам восита вазифасини ўтаётир.
Наби Жалолиддиннинг “Чиптасиз одамлар” поэмасидан келтирилган қуйидаги парчани тез тушуниш учун ўқувчи, аввало, адабиётда асрлардан буён рамзий моҳият касб этиб келаётган “ой”, “шох”, “ҳой”, “оҳ”, “ошиқ”, “ўқлов”, “ишқ”, “ов” рамзларини билиши зарур. Акс ҳолда, у мисралар моҳиятини тўлиқ англай олмайди. Натижада, поэма мазмуни ҳам унга тўла-тўкис тушунарли бўлмайди.
Шарқнинг пешонасида ойи бор,
Ғарбнинг бошида шохи.
Ғарбнинг бир буюк ҳойи бор,
Шарқнинг бўғизида оҳи.
Ҳойи ойига ошиқ,
Шохи оҳига ўқлов.
Бу буюк ишқ,
Ёвуз ишқ,
Мудом тугамаган ов.
Агар ўқувчи шоир қўллаган рамзларнинг моҳиятини тўлиқ англаб етса, ҳатто у шоир айтмоқчи бўлган фикрдан кўра ҳам кўпроқ фикрни идрок этади. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу асарда аллитерациянинг янгича кўринишидан фойдаланилган:
Яна ким билади?..
Биладир…
Бир чимдим умрга ишонган.
Ёки яна:
Кўзларинг йўқ,
Йўқ эди сенинг,
Йигирманчи аср.
Кўриняптики, бу шеърий парчаларда аллитерацияни ҳосил қилаётган “б” ҳамда “й” ҳарфлари биринчи мисрани якунловчи ва иккинчию учинчи мисрани бошловчи сўзларнинг илк ҳарфи сифатида келяпти.
Модерн поэмаларда нафақат қофия ва вазндан, балки тиниш белгиларидан ҳам воз кечишга уриниш пайдо бўлди. Тиниш белгиларидан воз кечилган шеърий сатрларда асов руҳ ҳукмронлиги сезилади. Масалан, Асқар Маҳкамнинг “Ишқ” поэмасида учрайдиган қуйидаги сатрлар бу жиҳатдан эътиборни тортади:
(Эй дил менга оғир қилдинг диллик қилдинг
Эй дил мени сағир қиб бедиллик қилдинг
Эй дил нима сўрдинг бердим бердим тамом
Эй дил охир кимга бандачилик қилдинг
Эй дил мен “тан тахтаси”дан кечай девдим
Эй дил танни тахта бирла тилик қилдинг)
Бунда “Эй дил” такрори бир пайтнинг ўзида ҳам риторик мурожаат, ҳам анафора вазифасини адо этмоқда. Бироқ шоир деярли зарур тиниш белгиларини қўлламаган. Шунга қарамай, ундан мурожаат мазмунини англаш мумкин. Қолаверса, юқоридаги сатрлар қавс ичида берилган. Демак, шоир асосий поэтик фикрга изоҳ сифатида киритмадан, аниқроғи, кириш гапдан фойдаланган.
Модерн поэмаларда бир сўзни такрор келтириш (кўпинча уч марта) кўп кўзга ташланади. Маълумки, сўзлар такрори ўзига хос ритмни, оҳангни пайдо қилади. Улар кўмагида эса шеърни вужудга келтирган кечинмани чуқурроқ ҳис қилиш, унинг мазмунини етарлича тушуниш имкони туғилади. Бу ҳолат, айниқса, Икром Отамуроднинг “Сопол синиқлари” поэмасида ёрқин акс этган:
…макондан-маконга кўчиш…
ондан-онга кўчиш…
руҳдан-руҳга кўчиш…
кўчиш…
кўчиш…
кўчиш…
Шоир ўз танасига сиғмаган кучли руҳ соҳиби. Шунинг учун унинг поэмаларида руҳий исён, руҳий хўрсиниқ ички чизги ва ранг ўзаро мужассамлашиб, туйғулар драматизмини вужудга келтирган.
Хуллас, модернизм воқеликни бадиий акс эттиришнинг ўзига хос усули бўлиб, унга мувофиқ муҳим жиҳатлар ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХI аср бошларида яратилган поэмаларда қаҳрамонларни, фикрни маълум бир белгилар орқали ифода этишда ёрқин кузатилади. Айни жараён миллий поэмаларимизнинг мазмунан ва шаклан ҳамда услубий жиҳатдан янгиланишига хизмат қилган.