Туйғу ифодаси бўлмиш шеърда яратилган давр кишисининг ҳиссиёти акс этади. Ҳозирги шеърларни туймоқ ва англамоқ учун миллатнинг айни дамдаги етакчи туйғуси нималигини билмоқ лозим бўлади. Синчиклаб қаралса, ҳозир миллат миқёсида шиддат билан индивидуаллашиш, шахслашиш жараёни кечаётгани кўринади. Одамларда бошқаларга ўхшашдан кўра ўхшамасликка интилиш майли кучли. Жамиятдаги ҳар бир шахс ўзини излай бошлаганда шундай бўлади. Демак, бугунги шеъриятни ҳар бири – шахслашиб, алоҳидалашиб бораётган миллат кишиси руҳиятининг ифодаси дейиш мумкин.
Олам ҳодисалари каби одам туйғулари ҳам тинимсиз ўзгаришлар оғушида. Интим туйғуларни яширмай ифодаласа-да, ижодий кредосини очиқ айтавермайдиган шоир Абдулла Шер бир шеърида “Тўрт-беш сўзга бериб атай зеб, Гап тополмай, сизга айтарлик, “Шеър ёзаман ўзим учун”, – деб, Мен қилмайман сохта камтарлик!” – дейди.
Шоир шеърхонни шунчаки бир истеъмолчи эмас, балки жонкуяр қисматдош, ижодкор шерик бўлишга чорлайди: “Сиз ҳам дадил Шеърга қўл беринг, Деразангиз чорласин ойни. Хаёлингиз билан тўлдиринг, Варағимда қолган оқ жойни”. Шеърият билан ороланган учқур хаёл кишини юксалтиради. Сохта кўтаринкиликдан холи, самимий бу сатрлар салмоқли ижтимоий юк ташийди.
Чоғдош ўзбек шеърияти ялтироқ ғоябозлик ва қуруқ чақириқдан қутулиб бормоқда. Бу ҳол катта авлодга мансуб шоирлар ижодини ҳам яшартиб, ингичкалаштираётир. Ойдин Ҳожиеванинг ўтган йилги шеърларида ташқи дунёнинг ҳолати эмас, балки шоира ички оламининг нозик ва ўзгарувчан манзаралари чизилади. Шоира теран мазмун билан биргаликда ифодалар инжалигига алоҳида эътибор қаратмоқда. “Манзара” шеъридаги: “Ковушчалар тўла кенг айвон Тунни ҳайдаб, туради ушлаб. Тун хонага киролмай ҳайрон, Саҳаргача чалади ҳуштак”. Бу тўртликдаги ҳар бир сўз ўзига хос мажозий вазифа ташийди. Айвоннинг “ковушчалар тўла”лиги тасвири кўп болали ўзбек оиласини, айвоннинг тунни уйга киритмай, ҳайдаши хона ичидаги чироқдан бошқа ёруғлиги бўлмаган қишлоқ шароитини, туннинг саҳаргача уйга киролмай, ҳуштак чалиши изиллаган қиш изғиринини туйдиради. Айтмай билдириш усули шеърнинг таъсир кучини ошириб, унга самимият бағишлаган.
Мавжуд поэтик анъаналар соясида қолиб кетмасликка уриниш замонавий шеъриятнинг етакчи хусусиятидир. Ҳозирги шоирлар биров у ёқда турсин, ҳатто, ўзинида такрорлаб қўймасликка интилади. Усмон Қўчқор ўз шеърларида эскидан эскироқ бўлган ишқ туйғусини оҳорли ифодалайди:
Мен ишқ деган қисматнинг оғир
Кипригида ёшга айландим.
Томчи-томчи томдиму охир,
Охир, гулим, тошга айландим.
Мен тош эдим, ўтлар – шарорлар
Ушатмади, ушатолмади.
Кузлар, қишлар, ёзлар, баҳорлар
Юмшатмади, юмшатолмади.
Севгининг тошдай қаттиқ юракнида юмшата оладиган қудрати шеърда: “Сен келдингу эврилди дунё” тарзида ифода этилади. Усмон шеърларидаги “Зориқар, зўриқар, чингиллар ёдим” ёхуд “Қаҳқаҳа борлигин англади булут, Қуёш борлигини англади олам. Кўнгиллар англади дарднинг дардлигин… Оғочлар англади гуллаш шартлигин, Қайтиш лозимлигин англади қушлар” каби жонўртар сатрлар ўқирман туйғуларини тозалайди.
Эшқобил Шукур шеърларида ҳаёт чигаллигини англашга, кирланган дунёда кўнгилга доғ туширмай яшашга интилиш туйғулари тасвирланади. “Қамишзорда кечган тун” шеърида табиатни юрагига кўчирган шоир руҳиятининг товланишлари жонли акс этган. Дастлабки банднинг илк икки қаторида ўқирман эътиборини тортиши зарур бўлган сўзлар алоҳида мисрада қайтарилиши орқали табиатнинг жозибали тасвири берилади:
Қамишзорда кечаётир тун,
Тун.
Ой нурида ярқирайди кўл,
Кўл.
Банднинг кейинги старларида тасвир одамга кўчирилиб, табиат шахслантирилади:
Уватларга тўкилган шудринг –
Сен.
Қамишзорни кесиб ўтган йўл –
Мен.
Ушбу шеър фидойи ошиқ ҳолатининг самимий ифодаси эканидан ташқари, ички ва ташқи, бирламчи ва иккиламчи қофияга эгалиги билан ёдда қолади.
Қўчқор Норқобилнинг кўнгил ҳолатларини табиат манзараларига сингдириб юборган шеърлари тобора ёлғизланиб бораётган замондошимиз руҳиятининг бадиий ифодаси ўлароқ ижтимоий қимматга эга: “Сўнмаса бас қалбинг шафқати, Гоҳо маъюс, гоҳо эркаман. Ёлғизликка йўқдир тоқатим, Ёлғизликдан, жоним, қўрқаман” мисраларида шоир чоғдошимизнинг ана шу туйғуларини акс эттирган.
Инсон руҳиятидаги инжа ҳолатларнинг ингичка тасвирини беришга моҳир шоира Хосият Рустамова шеърларида кўнгил манзаралари воситали манзаралаштирилади. Унинг “Ҳар тун кунларингни ёяман ювиб, Гуноҳкор бандадай эгилар симдор. Ҳеч кимса кўрмасдан қолсайди қуриб, Ҳеч кимса кўрмасдан кетсайди ғубор” сатрларида тўкис бахтни яқинлар ўртасидаги муносабатлар ғуборсизлигида кўрган аёл руҳияти ифодаланади. Ёрнинг кунлари доғли экани боис симдор эгилади. Энг яқин кишисида доғлар бўлмаслигини орзулаган шоира ўзбекнинг қизи сифатида бу доғлар ўзгалар кўзига ташланмаслигини истайди.
Салим Ашур маснавий йўлидаги “Титроқ” шеърида табиат ва руҳиятдаги инжа титрамаларни акс эттиради: “Новдалар учида титрайди баҳор, Ҳавода титрайди энг охирги қор. Оғочларда балққан рангларда титроқ, Қайдадир капалак титроққа муштоқ. Сўқмоқлар титрайди жон кирган каби, Титрайди сойларнинг сеҳрли лаби. Эй аёл, не учун жонинингда титроқ, Наҳот, шундай дамда сайр этасан тоқ?” Бу мисраларда тақдир томонидан титроққа йўлиқтирилган аёл ва бундан ҳайратга тушган шоир туйғулари акс этади.
Бу оламда тасаввур ва кайфиятгина ҳақиқатдир. Кўнгли юксалган одамнинг кўзини чўл ҳам қувонтиради, ғамга ботган кишининг кўзига чаман саҳродай туюлади. Ибодат Ражабова онасидан айрилган оиладаги музтар кайфиятни шундай ифодалайди:
Дастурхоннинг бир чеккаси бўш
Бўм-бўш уйда ҳайрон туттароқ.
Она, сизсиз отам ҳовлиси –
Ўртасидан йиртилган байроқ.
Онасизлик ўрни тўлмас мусибатдир. Шоира шундай ҳолатга тушган шахс руҳиятини дастурхоннинг бўш чети, кераксизлигидан ҳайрон туттароқ ҳолати, қиммати бутунлигида бўлган байроқнинг йиртилгани тасвири орқали нозик ифодалайди. Айтишдан кўра ишора қилиш маъқул кўрилган “Қумбостида ўрик гуллади, Томлар ўсиб кетди бир қулоч” сатрлари кўкламда ўрик гуллаб, томлар устидаги майсалар авжланиб, қизғалдоқ гуркираши ҳолатини тасаввурда жонлантиришга хизмат қилади.
Шоира Жумагул Сувонова моҳият кўнгилда экани, оламни обод кўрмоқчи бўлган одам дилни тозалаши зарурлигини:
Ноиложлик ичра илож қидириб,
Қайта тўлдирмоқчи бўламан дилни.
Бунинг учун аввал ювиб, тозалаб,
Офтобда қуритиш керак кўнгилни
тарзида акс эттиради. Моддийлашаётган руҳият ифодаси бўлмиш бу сатрлар ўқирманни сергак торттиради.
Йўлдош Эшбек табиат ҳодисаларини жонлантирар экан, уларга шокир инсонга хос хусусиятлар бахш этади:
Ялпизлар пичири таралар,
тоғлар бир қайрилиб қўяди.
Ҳавони оҳангдор арилар
муаттар излар-ла бўяди.
Шоир шеърларидаги “Тоғлар кўк қоғозга ўхшаб кўринар, лолалар эриган алвон бўёқдир. Арча тушаман деб, пастга уринар, дўпписин туширган момоқаймоқдир” ёки “Шамол соясига ўхшаган хаёл, тебратиб туради мудраган чолни. Анҳор аста туртиб ўтади, хиёл ўзин тутиб кулган дол мажнунтолни” сатрларида табиат зиммасига одамга хос вазифа юкланади. Одамнинг табиатдай табиий бўлишини орзу қилган Йўлдошнинг: “Осмон сиғар кўнгилга кўнгилли бўлиб кетар” сингари кутилмаган ифодалари инсонни тоза ва кўнгилли кўриш иштиёқи маҳсули сифатида ёдда қолади.
Улкан шоиримиз Усмон Азим бир шеърида:
Чопар шамол товонлари ҳўл,
Чопар шамол минг оёқ, минг қўл.
Силкинади ҳар дарахт, ҳар ўт,
Бу тулпорга барибир ўнг-сўл.
Йўлсизлик ҳам унга йўлдир йўл,
Йўқолмаса басдир ҳаракат.
тарзида шамолнинг ғоят жонли тимсолини чизади. Лекин шоир учун шамолнинг ҳолатини кўрсатишнинг ўзи мақсад эмас, балки барча эзгуликларнинг асоси ҳаракатда эканини билдириш воситасидир.
Истаса, том интим туйғуларгада теран ижтимоий маънолар юклашга моҳир Усмон Азим “Дунё тушунсин деб такрору такрор Ўзимнинг ролимни этаман ижро” тарзида ўзини жамият бағрида кўришга маҳкум шахс сезимларини ифодалайди.
Икром Отамуроднинг шеърларида дунё моҳиятини англашга интилаётган шахс кўнгил кенгликларидаги зиддиятлар акс этади: “Дарёдай оқар ичимда дард, Дард ичимда қурир дарёдай”. Дарднинг оқиши билан қуриши ҳолати маъно нуқтаи назаридан бир-бирига қанчалик зид бўлса, шу жараён туфайли туғилган оғриқларни ифодалашда шунчалик уйғундир. Байтнинг биринчи сатрида дарднинг кўлами, иккинчи сатрида шу дард берган азобнинг даражаси акс этади. Сўзнинг маъно товланишларини теран ҳис қилган шоир зўриққан туйғуларнинг динамик ҳаракатдаги жонли манзарасини чизади: “Қоядай ўсар ичимда дард, Дард ичимда чўкар қоядай”. Шоир юракдаги дард ҳақида ўқирманга қуруқ ахборот бериб қолмай, “Дарахтдай яшнар ичимда дард, Дард ичимда чирир дарахтдай” шаклида дард чекаётган қалб ҳолатини кўрсатгани учун шеърхон муаллифнинг эмоционал шеригига айланади. Шеърдаги “ўсар”, “чўкар”, “яшнар”, “чирир” сўзлари ўзаро зидлаш маъносидан ташқари дардманд кўнгилнинг турли ҳолатларини англатади.
Турсун Али шеърларига азалдан кўнгилда портлаш даражасида кечаётган экстремал ҳолатларни кўрсатиш хос. Лекин унинг битикларидаги руҳий портлашлар тасвири ўзга шоирларникига сира ўхшамайди. Унинг битикларидаги портлашда ҳодиса бору шовқин йўқ. Турсун Алининг кўнгли товушсиз, хўрсиниб портлайди. Бу ҳол “Автопортретга чизгилар” шеърида: “Ҳали уйғонмасдан янгроқ товушим, ичимда уйғонар хўрсиниқ. Уйғонар ичимда момақалдироқ” тарзида ифодаланади. Турсун Али шеърларининг лирик қаҳрамони йўқни йўндиргувчи фаол шахс эмас. У − кўпроқ бардошли ўйлар сурувчи хаёл кишиси. Шоирнинг кўнгил ҳолати “Ёмғир соясида кутяпман сени, бўшанган булутлар устимдан юзар. Теграмда саболар гирди капалак. …Юрагимда бардош қўшиқлар куйлар” сингари сатрларда ёрқин намоён бўлади.
Ўзига хос шоир Азиз Саид кўп йиллик танаффусдан сўнг “Сувдаги излар” деб аталган шеърлар туркумини эълон қилди. Туркумни композицион жиҳатдан миллий шеъриятимиздаги янгилик дейиш мумкин. Негаки, қофиясиз, фақат тескари маъно ва ички мантиқий оҳангга таянилган уч ёки тўрт қаторлик шеърнинг илк икки ёхуд уч сатрида муайян бир ҳолат ифодаланади, орадан бир сатр ташлаб битилган учинчи ёинки тўртинчи озод мисрада ўша ҳолатни келтириб чиқарган ҳаётий асос акс этади.
Сўзга айлана олмай қийналар
Рангли шарлар ичидаги
Нафасим
ёхуд
Туёқ тозалаётган шаҳарлик аёл
Қўлларига ёпишиб қолар
Олис яйловдаги майсалар саси.
Борликдан кўра йўқликка ёвуқроқ юрак титроқлари ва кўнгил товланишлари қолипга сиғмайди. Ўзини тинимсиз текшириб, руҳиятидаги эврилишлар моҳиятини англашга уринаётган давр кишиси, айниқса, ижодкор ўзи ва замондошларининг сувдаги мавж, қумдаги ёзув сингари нотурғун ва ўзгарувчан кўнгил ҳолатларини кутилмаган йўсинда ифодалашга уринадилар. Гўзал Бегим тўрт мактубдан иборат бир шеърини “Қуммактублар” деб атабди. Гарчи, ўзгачаликнинг ўзи ҳам баъзан санъат даражасига кўтарилсада, бу шунчаки ўзгачароқ кўриниш истаги эмас. Қумдаги иморат омонатлиги, ундаги тасвир лаҳзалик бўлгани каби қуммактубларда ҳам одамнинг сония сайин ўзгариб турадиган, ўзга тугул, ўзи ҳам англаб етиши мушкул туйғулари акс этади. Шоира на бош ҳарф ва на тиниш белгилари бор шеърида ўз сезимларини шундай ифодалайди:
югуриб югурар бўғзимда ҳовур
санчилиб оғрийди бармоғимда бахт
ипак гулкосада ёвқур табассум
оғир ҳисларимга тўкилар
бош чайқайди тасвирим
соғинч
Бу шеърни шунчаки ўқиган киши чигал руҳий ҳолат ифодасини туя олмайди. Муаллифга туйғудош бўлиб, эстетик истеъмолчидан ижодкор мақомига юксала билган ўқирмангина бу мавҳум тасвирлар замиридаги конкрет ҳолат ифодасини илғаши мумкин.
Ҳабиб Абдуназар одамнинг хаёл илғамас сезимларини тасвирлашга интилади. Унинг шеърлари хаёл ва кечинмаларнинг ўзи каби тинимсиз ўзгариб туради. Шоир бир шеърида тонг отиб, хаёлкаш тундан кундузга ўтиш ҳолатини “Билдирмайин кирди тунга, Кундуз шомларга ботиб. Овчимиди тун кўзи-ла Қўйди хаёлни отиб?” тарзида ифодалайди. Шоир назарида, хаёлдан айрилиш, ҳаётдан айрилишдай… Сезимлари чигал лирик қаҳрамон руҳий ҳолатини Ҳабиб “Энди юрак юмшоқ ҳаво, Толиқтирар юрак ҳам. Дилни эса тарк этмади Чеҳралари очиқ ғам” шаклида ифодалайди. Ғамнинг очиқ чеҳрали экани ўқирманда унга некбин қараш, ғамсизликнинг ўзи ғам деган туйғу пайдо қилади.
Беҳзод Фазлиддин қуш каби эркин, нур сингари ёғдули ва кўланкасиз ҳаётни “Узун орзу” қилиб: “Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан, Учсам, ҳаммасини унутсам, кетсам. Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан, Армон етолмаган манзилга етсам”,- дейди. Шоир кирланган дунёнинг кўланкаси ҳам тегмайдиган покиза маъволарни орзулайди. Лекин у ломаконда эмас, эзгулашган, ўзганинг ўзгачалигидан малолланмайдиганлар орасида яшашни истаганидан: “Учишим ҳеч кимга келмаса малол”,- дейди. Бугунги шоирларни улкан ижтимоий муаммолардан кўра алоҳида бир одамнинг кечинмалари кўпроқ ўйлантиради. Замондош шоир ўқирманга ўгит бермайди, у инсонни яхшироқ тушуниш, туйиш йўлини излайди. Ўзгани ва оламни билиш ўзини танишдан бошлангани учун ҳам бугунги шоир учун Мусалламбону айтмоқчи: “Энг катта муаммо – бу менинг ЎЗИМ!” Ўзини текшираётган, кўнгил ҳолатларини илғамоқчи бўлаётган ижодкорга ўзини кавлаштириш билан овора деб қарамаслик, унинг ўзлиги пучмоқларида ҳамиша бошқалар ҳам борлигини ҳисобга олиш лозим.
Зебо Раҳимова сўзга қўшимча маъно юклаб, мисраларда уни ўзгача товлантира билади. У: “Шодлик нуқтасида учрашамиз биз, Ғурбат кўчалари кимсасиз, ғариб. Ҳаёт – кун кетидан кун тилаган қиз, Бу умр узайиб борар қисқариб” сатрларида ўтаётган умрнинг узайиши қолаётган умрнинг қисқариши эканини кутилмаган йўсинда акс эттиради.
Меҳриноз Аббосова Яратганга астойдил интилиш одамга чексиз имкониятлар бериши, унга бўлган муҳаббат олдида бошқа ҳар қандай туйғу ҳечлигини “Одимласам фақат Сенинг ёдинг-ла, Тикон ҳам янчилди гул каби юмшоқ” дейди. Бошқа бир шеъридаги “Ҳузурлар беҳузур қилади мени, Ноқулай бўламан қулайликлардан” сингари мисралар Меҳринознинг олам ҳодисалари ва одам сезимларига ўзгача назарда қарай олишини кўрсатади.
Тароватли шеър юқумли ҳамдир. Шу сабаб соғинч туйғуси теран ифодаланган шеър ўқирман юрагини соғинчдан орзиқтиради: “Соғиндим, онажон, соғиндим бирам, Димоққа урилган оққурай тотин. Кўзимнинг олдидан кетмас сираям, Похол чайла, бола, ўроқчи хотин”. Акмал Саййиднинг “Соғинч” шеърида акс этган бу манзара ёдга муҳрланиб қолган, бири эсланганда иккинчиси “чақириладиган” хотиралардир. Шоирнинг: “Кампирнинг қўлида заранг таёғи, Қочиб томга чиқиб олар болалик!” сатрлари ўқирманга ўтмишдаги шўх болалигини эслатади.
Умумлаштириб айтганда, бултурги ўзбек шеърларига хос асосий хусусиятлар қуйидагилардан иборат дейиш мумкин:
1. 2012 йилдаги шеърлар шахслашаётган ва шу сабаб ўзини танишга интилган замондош руҳияти товланишларини кўрсатишга бағишланган.
2. Бугунги ўзбек шеъриятида ўзидан қониқмаганидан тафаккури ва руҳияти пучмоқларини тинимсиз тафтиш қилаётган кўнгил кишиси ҳолатларини тасвирлаш устуворлик қилади.
3. Замонавий шеъриятда ватан ва миллат тушунчаларига моддийдан кўра, кўпроқ маънавиятга доир руҳоний туйғу сифатида ёндашиш етакчи.
4. Ҳозирги шеърларда йирик ижтимоий муаммолардан кўра алоҳида бир шахс тафаккури ва руҳиятидаги муаммоларни тасвирлашга эътибор кучайган.
5. Бу шеъриятда чоғдошларимиз тафаккури, руҳияти ва амалларидаги умумий жиҳатлардан кўра, улардаги қайтарилмас ўзига хосликни кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратилган.