Орзудан маҳрум қолган инсон тубанлик сари қулашга маҳкум бўлгани сингари идеалдан бебаҳра жамият ҳам таназзул гирдобига тушиши муқаррардир. Инсон орзуси, жамият идеали эса адабиётда акс этади. Адабиёт миллий шаклда намоён бўлар экан, нафақат алоҳида шахсларнинг, миллатнинг орзу-идеалларини ифодалайди. Бу ҳол, адабиётнинг энг фаол тури саналган шеъриятда, айниқса, яққолроқ кўринади. Миллий шеъриятимизнинг такомиллашув тенденцияларини аниқлаш, унинг хос хусусиятларини таҳлил этиш, шеършуносликнинг замонавий мезонлари асосида баҳолаш ана шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
Таҳлил объектимиз – ўтган 2012 йили чоп этилган шеърий тўпламлардир. Бу йил жами 100 дан ортиқ катта-кичик шеърий тўпламлар чоп этилгани халқимизнинг назмга бўлган ихлосидан, муҳаббатидан дарак беради.
Дастлаб шеърий тўпламларга кирган достонлар хусусида. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламига кирган “Истиқлол манзаралари” асари ўзбек достончилигида янги ҳодиса бўлганини таъкидлаш керак. Бу янгилик нималарда кўринади? Биринчидан, достон лиро-эпик поэзияда бир оз унутила бошлаган халқона қиссагўйлик усулида ижод этилган. Иккинчидан, “Йигирма йил”, “Тоғлар ҳикояси”, “Ўзбек иши”, “Мурунтов”, “Элобод”, “Қамчиқ довони”, “Имом Бухорий”, “Женева” сарлавҳалари билан берилган саккиз манзара орқали халқимиз ҳаётида истиқлолгача ва мустақиллик йилларида кечган бутун мураккабликлар: зиддиятлару юксалишлар, алоҳида шахслар ва миллат руҳиятидаги эврилишлар қиёсий аспектда бетакрор поэтик талқин этилган. Ҳайратга лойиқ жиҳати шундаки, бу саккиз манзара алоҳида-алоҳида олганда ҳам ўзига хос тугал бадиий кашфиёт бўлгани сингари, яхлит ҳолда ҳам оригинал лироэпик ҳодиса мавқеига кўтарилган. Учинчидан, достон, шеъриятга устоз шоирнинг ўзи қўйган талаб – бетакрор мазмун, гўзал ташбиҳ, сирли руҳ уйғунлигида яратилган. Булар бари “Истиқлол манзаралари”нинг достончилигимиздаги чинакам янгилик эканига далил бўла олади.
Устоз Мақсуд Шайхзода “Тошкентнома”сининг бадиий қимматини истисно қилмаган ҳолда мамлакатимиз бошкенти ҳақида янги достонлар яратилиши бадиий эҳтиёж эканини таъкидлаш зарурати бор. Халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Янги Тошкентнома”си ана шу жиҳатдан аҳамиятлидир.
Шоир Амир Темур хиёбони, ҳазрат Навоий номидаги Миллий боғ, Мустақиллик майдони, Эзгулик аркаси, Хотира хиёбони, Маърифат қасри таърифида назмий мисралар битади. Ўзбекни мавжи барҳаёт улуғ дарёга қиёслаган достон муаллифи миллат ифтихори бўлган Тошкент шаънида ўзига хос бадиият обидаси бунёд эта олган. Фақат биргина мулоҳаза. Достонда Тошкент кечмишида алоҳида ўрин тутган бир-икки сиймо, масалан, Шайх Хованди Тоҳур, Мунавварқори ёки Абдулла Авлоний сийрати тўлақонлироқ очилса, асарнинг таъсир кучи янада ошган бўлар эди.
Одам фарзандлари аксар ҳолларда суратни кўради-ю моҳиятдан бебаҳра қолади. Чинакам бадиий асар ботинни – моҳиятни инкишоф этмоққа хизмат қилади. Адабиётнинг асл миссияси ана шу ҳақиқатни образли талқин этмоқдир. Нафас Шодмоновнинг “Махзан” асари шу йўлдаги ўзига хос ютуқ сифатида баҳоланишга лойиқ.
Муаллиф “Ривоят” деб атаган бўлса ҳам, асарни жанр хусусиятларига кўра драматик достон дейиш мумкин. Асар ҳажман катта эмас. Иштирокчилар сони ҳам бор-йўғи тўрт киши: рассом йигит, кўзи ожиз чол, ёрдамчи йигит ва ёрдамчи қиз. Умрнинг бебақолиги, уни қадрлаш, муносиб яшаш инсонийликнинг асосий шарти экани асарнинг ўқ чизиғини – бадиий концепциясини ташкил этади. Композиция, сюжет, бадиий тасвир воситалари, монолог, диалог, ремарка – барчаси ижодкорнинг ана шу поэтик концепциясига хизмат қилдирилган. Биргина мулоҳаза: бизнингча, асар сўнгида йигитнинг ўз кўзларини ситиб олиши воқеаси кучлироқ мантиқий далилланиши, кўнгилнинг кўзга айланиш жараёни муаллифнинг хоҳишига кўра эмас, воқеаларнинг табиий мантиғидан келиб чиқмоғи зарур эди. Токи, ўқувчи бошқача бўлиши мумкин эмаслигига ишонсин.
Шоир Ҳумоюннинг “Интиҳосиз наволар” тўпламига кирган “Етти устоз сабоқлари”, “Қалб қалъаси” достонлари поэтик рамзлар, бадиий тимсоллар ўринли қўллангани билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, “Қалб қалъаси” достонида Юрак, Соғинч, Шубҳа, Хавотир, Нафрат, Сўз, Тасвир, Хаёл, Ақл, Муқаддас туйғу сингари тимсоллар воситасида инсон, унга хос олижаноб туйғулар ўзига хос усулда тасвирланади. Ижодкорнинг бу жанр имкониятларидан самарали фодаланишга интилаётганини таъкидлаш керак.
Энди 2012 йилги шеърий тўпламларнинг хос хусусиятларини кўрсатувчи тенденциялар ҳақида. Бизнингча, улар қуйидагилардир:
1. Замонавий мавзуларни кўҳна арузда ифодалашга интилиш. Ўтган асрнинг 20-30-йиллари шеъриятида аруздан бармоққа ўтиш тенденцияси кузатилгани маълум. Кейинчалик бутунлай бармоққа ўтилди. Бугун эса арузга эҳтиёж бироз кучаяётгандек. Айни кезда бу кўҳна вазнга янгича руҳ бераётганлар ичида энг фаоли устоз Абдулла Ориповдир. Шоирнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламига кирган ғазаллари ушбу жанрнинг мумтоз намуналаридир.
Сочларинг ёймай туриб
Тушган қоронғу тун эмас,
Тишларингни кўрмайин
Тонг ҳам оқарган кун эмас.
Мумтоз шеъриятимизга хос ҳусни матлаънинг нақадар гўзал намунаси. Бунда ташбеҳ ҳам, тазод ҳам фикрнинг санъаткорона ифодасига хизмат қилган.
Шоир Ҳол Муҳаммад Ҳасаннинг мумтоз шоирларимиз ғазалларига боғлаган мухаммаслари унинг бу борада муайян ютуқларга эришаётгани исботидир. Мана, ҳазрат Навоийнинг машҳур ғазали матлаъсига унинг тахмиси:
Бўй баҳосинму дейин, басти расосинму дейин,
Хоки посинму дейин, сочи сиёсинму дейин,
Лаб гилосинму дейин, инжу жилосинму дейин,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглима ҳар бирининг дарду балосинму дейин.
Шоира Муҳтарама Улуғнинг “Эй дилим” тўпламига кирган бир неча ғазаллари унинг арузда ижод қилиш салоҳияти етарли эканидан далолат беради. Масалан,
Кимни суйди жон тикиб, кимни отарга ўқи йўқ,
Мунчаям оқ бўлмаса, мунча қаро кўнглим менинг.
Шоиранинг ғазаллари дарду изтиробнинг, руҳий ғалаёнларнинг ўзига хос поэтик тасвирига бағишлангани билан алоҳида ажралиб туради.
2. Шеъриятда халқона оҳангларга эҳтиёжнинг ортиши. Мумтоз шеъриятда саҳлу мумтаниъ деб аталгувчи усул бор. Бир қарашда бу усулда ёзишдан осони йўқдай, бироқ буни уддалаш маҳол. Унда фикрни оҳорли айтиш, маромига етказиб ижод қилиш ҳар кимнинг ҳам ҳадди эмас. Маҳмуд Тоир ижодида ана шундай мисралар бор:
Кўклам қабоғи
Бунча уюлди.
Осмон кўзидан
Ёши қуюлди.
Жисму жонимда
Ғалат титроқлар.
Шабнамдан шароб
Ичар япроқлар.
Туйғунинг образли тасвирини бу тарзда бериш қийин. Чинакам илҳом келгандагина туғилади бундай мисралар.
Қутлибеканинг “Қоракўзларим” тўпламидаги шеърлар метафораларга бой. Шу боис улар бадиий жиҳатдан талаб даражасида, таъсирчан:
Ойнинг ҳуққасидан кумуш келтирсам,
Юлдуз токчасидан идиш келтирсам,
Найсон булутидан ёғиш келтирсам,
Дармон бўларманми дардларингизга.
“Ойнинг ҳуққаси (қутичаси)”, “юлдуз токчаси” метафоралари, биринчидан, шеърнинг бадииятини таъминлаган бўлса, иккинчидан, қутичадан кумуш, токчадан идиш келтириш бирикмаларида хос назокат, уларгагина тегишли нафосат сезилиб туради. Мазкур шеърдаги “Дармон бўларманми дардларингизга” мисраси юракка яқин, халқона ибора экани билан фикрнинг таъсир кучини оширган.
Гавҳар Ибодуллаеванинг руҳий ғалаёнлар, кўнгил изтироблари ўзига хос талқин этилган шеърларидан таркиб топган “Юрагимда яшаётган сир” тўпламидаги халқона оҳангга йўғрилган мисралари қуйма экани алоҳида ажралиб туради. Муҳаммад Исмоилнинг “Мени кучлироқ сев” тўпламидаги аксарият шеърларидан самимият уфуриб туради. “Бошимда офтобу пойимда қорлар” мисрасидаги тазод ва ўзига хос оҳанг шеър бадииятини таъминлашда, айниқса, алоҳида ўрин тутган.
Бобомурод Эрали шеърларидаги халқона ифода тарзи ҳам, образли тасвир ҳам ҳеч кимни такрорламайди. Шоирнинг “Сукунат сибизғаси” тўпламидаги “Арғамчи йўл” шеърида мана бундай сатрлар бор:
Арғамчи, ё арғамчи,
Дунё айёр дўкончи.
Шарбат узатар, унда
Илон заҳри – бир томчи.
Шоир тўрт сатр шеърда бениҳоя таъсирли ва оҳорли образни шундоққина ўқувчи кўз ўнгига муҳрлаб қўяяпти. Қолаверса, ҳали бирорта ижодкор дунёга нисбатан илон заҳридан тайёрланган шарбатни узатаётган айёр дўкончи ташбеҳини қўллаган эмас.
Умуман, халқона усулдаги назм намуналари шеъриятимизнинг илдизлари миллатимизнинг қадим кечмишига бориб туташадиган асл ўзанларидан мудом қувват олаётгани далилидир.
3. Поэтик шаклдаги янгиланиш. Бугунги шеъриятимизда кузатилаётган ана шундай шаклий янгиланишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Устоз Абдулла Ориповнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламидаги учликлар бунга ёрқин мисол бўла олади.
Абдулла Орипов – мутафаккир шоир. Шунинг учун ҳам у бошқаларнинг етти ухлаб тушига кириши маҳол бўлган оригинал бадиий умумлашмаларга кела олади:
Кўрганин етказгай Қалб деган жойга,
Тафаккурга айтгай эшитганларин,
Бундай издиҳомда ухлаб бўлурми?!
Чинакам ижодкорнинг қалби мудом титраб туради. Негаки, ҳеч ким кўрмаган синоатни мушоҳада этар экан, бу унинг қалбида акс садо беради. Негаки, бошқалар эшита олмайдиган оҳангларни тинглар экан, бу унинг тафаккурини муттасил равишда безовта қилади. “Бундай издиҳомда ухлаб бўлурми?!” – Дарҳақиқат, ижод ва ғафлат бир-бирига тамомила зид тушунчалардир. Ижодкорнинг огоҳлиги сири шунда. Бинобарин, ана шу фазилатларга эга бўлмаган одам ўзини ижодкор санашга ҳақли эмас – мана мутафаккир шоир концепцияси.
Турсун Алининг ўтган йили чоп этилган “Сайланма”сида ҳам янгича шаклий изланишларга анчагина мисоллар бор. Шоирнинг “Излар” деб номланган шеъри иккилик шаклида битилган. Бироқ бу иккиликлар мумтоз адабиётимиздаги фардлардан фарқ қилади. Масалан, мазкур шеър ўнта иккиликдан таркиб топган бўлиб, ҳар бири ўзича якунлангандек тасаввур уйғотади. Ҳатто зоҳиран улар бир-бирига боғланмагандек кўринади. Уларда мантиқий уйғунлик борлигини чуқурроқ мушоҳада этилсагина пайқаш мумкин…
Салим Ашурнинг “Муҳаббат китоби” тўплами моҳият эътибори билан ҳам ишқ-муҳаббатнинг оҳорли талқини бўлган, дейиш мумкин. Тўпламдаги учлик шаклидаги мўъжаз шеърлар поэтик жиҳатдан ҳам, теран мазмуни ва ўзига хос услубига кўра ҳам бошқа ижодкорларни такрорламайди.
Кўҳна арузда, кейинчалик бармоқдаги шеърларда ҳар бир ижодкор бетакрор талқин этишга уринган ишқ мавзуи янгича шаклдаги назмий асарларда ўзгача ифодаланаётгани ёшларнинг изланишлари самарали бўлаётгани исботидир. Мана, Шермурод Субҳон “Сокин сўз суврати” тўпламидаги тиниш белгилардан холи, шунга кўра бош ҳарфлардан мустасно машқларида ватан, ишқ ва ҳаёт ҳақидаги тасаввури ўзгача ва буни у бўлакча бадиий талқин этишга уринади. Бироқ унинг ишқсиз яшамоқ гуноҳ эканига оид хулосаси буюк салафлари қарашларига мутаносиб.
Беҳзод Фазлиддиннинг “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги учликлари маънонинг чуқурлиги, истиоранинг оригиналлиги билан алоҳида ажралиб туради. Чинакам ижодкор бўлиш учун ўзини тафтиш қила билмоқ талаб этилади. Беҳзоднинг шеърларини нурлантириб турган хусусиятлардан бири ҳам худди шу. Учликларида шоир ўз-ўзини тафтиш қилади, руҳият тасвирини оз сўз воситасида бор кўлами, бор зиддиятлари билан ифодалай олади.
Умуман, поэтик шаклдаги янгиланиш ва изланишлар миллий шеъриятимизда, назмий тафаккурда, бадиий-эстетик дунёқарашда муайян даражада ўсишга олиб келаётгани таҳсинга лойиқдир.
4. Поэтик образлардаги янгиланиш. Образда янгилик қилиш шаклдагига қараганда анча мураккаб. Лекин шеъриятнинг чин маънода юксалиши ана шу поэтик ҳодисага кўпроқ боғлиқ. Устоз Абдулла Орипов ёзади:
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Ойнинг ўроғига юлдуз қўнганин.
Ойнинг ўроғига юлдуз қўниши – табиатда камдан кам кузатиладиган ҳодиса. Шеърият мухлисининг кўз ўнгида ёрқин муҳрланадиган бундай образни қўллаш шоирдан инжа эстетик дидни, юксак бадиий маҳоратни талаб этади.
Абдулла Шернинг “Гул йиллар, булбул йиллар” сайланмасида “ёмғир” образига шу пайтгача кузатилганидан ўзгача маъно юкланган:
Ёмғирлар оралаб ўтади умрим,
Ҳар томчи – бир умр, ўзи бир дунё.
Ёмғирлар оралаб кузатаман жим:
Ювиниб боради аста кир дунё, -
Ёмғирлар оралаб…
Шоир ёмғирнинг ҳар томчисини бир умрга, ўзига хос алоҳида бир дунёга ташбеҳ этади. Натижада, бизнингча, ҳеч бир бошқа шоир ижодида кузатилмаган оҳорли умумлашмага – кир дунёнинг ёмғирда ювиниб бораётгани ҳақидаги поэтик хулосага келади.
Ўтган йили нашр этилган “Зарафшон мавжлари” альманахи Самарқандда бугунги кунда ҳам муайян ижодий анъаналарга эга адабий муҳит мавжуд экани далилидир. Альманах ижодкорларнинг ёшига кўра тартиб билан тузилган. Уни мутолаа қилиш жараёнида воҳада тоза бир ижодий руҳ шаклланганини сезиш мумкин. Айниқса, А.Қодиров, Р.Ахтамова, Н.Яҳёев, Ҳ.Норбоев, Н.Дўсанов, Э.Султонов, Н.Тошмуродова, Ҳ.Мўминова, М.Расулова, К.Ибрагимова каби ёш ижодкорларнинг машқлари шеъриятимиз эртанги кунига катта умидлар билан қараш мумкинлигини кўрсатади.
Шунингдек, ўтган йили “Оила – менинг қутлуғ боғим” деб номланган ёшлар баёзи ҳам нашр қилинди. Халқ шоири Иқбол Мирзо сўзбошиси билан чоп этилиб, 30 дан ортиқ ёш ижодкорларнинг шеърлари кирган баёз шеъриятимизнинг навқирон авлоди адабий-эстетик тафаккури, поэтик салоҳияти ҳақида муайян хулосаларга келиш имконини бериши жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир. Шеъриятда энг кўп куйланган Ватан мавзусини ўзига хос талқин этишга бўлган уриниш ёшлар назмининг истиқболига умид уйғотади. Нозиккина елкаларимда Кўтараман Ватан юкини, – деб ёзади Зулфизар Муҳаммадисоқова. Ватанни васф этар экан, Кумуш Ўсарова “ҳатто тикони ҳам оғритмас жонни” деган оҳорли ифодани қўллайди.
Жумладан, Ж.Матназаров, Р.Ўтарбоев, Ю.Зоирова, Д.Норқулова, П.Ашурова, М.Аббосова, С.Мусатдинова, Б.Баҳром сингари ёшларнинг шеърлари кишида умид уйғотади. Лекин уларнинг барча машқлари ҳам тўкис эмас. Ёшлар ижодида ёрқин мисралар учрайди, бироқ чинакам тугал шеърларни топиш қийинроқ. Шунинг ўзиёқ бу навқирон авлодларимизнинг ҳали мутолаа меҳнати, шеър заҳмати, ижод машаққати сингари довонлардан ўтмоғи зарурлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган йили чоп этилган шеърий тўпламлар таҳлили, биринчидан, шеъриятимизда мумтоз бадиият сарчашмаларидан баҳрамандлик, хусусан кўҳна арузга мурожаат сезиларли даражада кучайганини кўрсатади. Иккинчидан, миллий руҳиятни халқона оҳанглар орқали тасвирлашга интилиш ортиб бораётир. Учинчидан, поэтик шакл ва поэтик образда муттасил равишда янгиланиш жараёни кечмоқдаки, бу ҳол янгиланаётган адабий-эстетик тафаккур ҳосиласи экани билан алоҳида аҳамиятга эга. Тўртинчидан, ижодий жараёнда муайян адабий муҳитларнинг ўрни ва мавқеи бир қадар кучаймоқда. Бешинчидан, ёшлар шеъриятида устоз шоирлар ижодий лабораториясини ўрганиш, назмда улар яратган мактаб анъаналарини давом эттириш, шунинг баробарида ўз овозига эга бўлиш йўлида мунтазам изланиш олиб бориш тенденцияси кузатилмоқда. Шунинг ўзиёқ миллий шеъриятимизнинг, адабиётимизнинг эртанги кунига катта умидлар билан қарашга асос беради.