Рустам Мусурмон. Ўринли сўз

Таниқли шоир Икром Отамуроднинг “Ўрин” деб номланган достонида ўрин тушунчаси фалсафий мазмун касб этган.
Ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Айни пайтда ҳар ким ҳам ўринга эга бўла олмайди. Бу дунёда ҳамма ўрин топишга ва уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Ўрин топмаган кишининг одамлар орасида обрў-эътибори, ҳурмат-иззати бўлмайди. Бу ўринда иш, амал, лавозим, касб-ҳунар, жой маъноларидан ташқари шахснинг жамиятдаги роли, одамлар орасидаги нуфузи, вазифаси, масъулияти, ижтимоий хизмати каби тушунчаларни ҳам назарда тутмоқ лозим.
“Инсон жонини сақлаб қолишга, умрнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилиш эзгуликдир, ҳаётга қасд қилиш ёки яшашга халақит бериш эса ёвузликдир”, деган эди. Альберт Швейцер (1875-1965).
Инсоннинг ўрни ҳаётдаги ана шу мезонга қараб белгиланган. Бугун замон инсоният олдига бошқача талаб қўймоқда. Маънавиятни, соғлом руҳиятни сақлаб қолиш ва уни ривожлантиришга хизмат қилиш эзгулик, маънавиятни ўлдириш, инсон онгини заҳарлаш, ахлоқни бузиш ёвузликдир. Ўрин сўзи англатган турфа маънолар шеърхонни ўйлатади. Одамнинг ўрнидан ташқари юлдузларнинг, сайёраларнинг осмондаги ўрни, жойлашиши, фалак гардишининг айланиши, ўткинчи дунёнинг галма-галлик синоати, вақт ва макон ҳақида фикр юритишга ундайди бу достон.
Бир киши ҳаётдан кетса ёки баъзи сабабларга кўра муҳим бир жараёнда иштирок эта олмаса, унинг ўрни билинди, йўқлиги жуда сезилди, дейишади. Демак керакли одамнинг йўқлиги ҳам бор бўлиб, ўрни билиниб тураверади. Баъзи бировларнинг эса борлиги ҳам сезилмайди, гўё мутлақо йўқдай.
Икром Отамурод инсон кўнглидаги оғриқли жойлар ҳақида ёзади. Юракнинг оғриган ўринларини тасвирлайди.

…Нимадир…
…Қачондир…
…Кимдир…

– деб бошланган достон, –

…Кимдир…
…Қачондир…
…Нимадир…

– деб якунланади.

Сатрларнинг бошидаги ва охиридаги учнуқталар, сўроқ ва гумон олмошлари ўқувчи олдига савол қўяди. Бу гапнинг учини сал чиқариб қўйиб, жим бўлиб, сукут сақлаб қолган одамнинг ҳолатини эсга солади. Салгина қув, бироқ доно кишининг бошқаларга берган топишмоғига ўхшайди.
Ниҳоятда қисқа сўзлар ва ишоралар ортида кўп маънолар, дардлар, туйғулар яширинган.
Шоир мавҳум нарсани ёзмайди. Кўзга кўриниб турган дунёни, одамларни изтиробга солаётган муаммоларни ифодалашга ҳаракат қилади.
Учнуқталар – чексизлик, олмошлар – олам ва одамнинг яралишини англатади. “Нима?” сўроғи жонсиз нарсаларга, “Ким?” эса жонли одамларга нисбатан ишлатилишини ҳисобга олсак, топишмоқнинг ечимига калит топилади. Ўз-ўзимизга савол берайлик:

– Нима?
– Дунё.
– Нима?
– Ҳаёт.
– Ким?
– Одам.
– Қачон?
– Худо билади…

Савол-жавоб шу тарзда узлуксиз давом этиши мумкин. Чексиз ва бепоён оламни тўлиқ билиш мумкин эмас. “Ким? Нима? Қачон?” саволларига одамзод яратилганидан буён жавоб излаган. Ва бундан кейин ҳам жавоб излайверади. Икром Отамурод ана шунга ишора қилади.
Аввал нимадир эдик, қачондир кимдир бўлдик. Сўнг кимдир қачондир нимадирга айланиб кетади. Бу “Одамлар туғиладилар, яшайдилар ва вафот этадилар” деган машҳур ҳикматга ўхшайди. Дунё чархпалаги шу тарзда узлуксиз айланаверади. Нимадир ўзгаради, кимдир ўзгаради. Бироқ қачондир ўзгармай тураверади. “Қачондир” сўзи вақт маъносини ифодалайди. Вақт тўхтамайди. Вақт аниқ, ўлчамли. Дейлик, бир дақиқа олтмиш сония, бир соат олтмиш дақиқадан иборат дейилгандек. Одамнинг умри ҳам ўлчовли. Кимнинг қанча яшашини худо билади. Бироқ одам бу дунёга омонат, бу дунё одамга омонат. Шу боис дунё – “ёлғончи” деган сифат мавжуд. Бу умрнинг ўткинчи эканига ишора. Достонда “ёлғон”, “ўтрук” сўзлари тимсолга, метафорага айланган. Унинг замирида дарз кетган кўнгил, шишадек чил-чил синган дил, панд еган ишонч ётади.
Достоннинг яна бир хусусияти ифода, композиция зиддият, қарама қаршилик асосига қурилганида кўринади. Шоир тазод санъатидан моҳирона фойдаланган. Ботин ва зоҳир, кун ва тун, диёнат ва хиёнат, эътиқод ва эътиқодсизлик, ибтидо ва интиҳо, бор ва йўқ, совуқ ва иссиқ, кенглик ва торлик, кекса одам ва ёш бола – достонда ишлатилган қарама-қарши маъноли ушбу тушунчалар инсоннинг, ҳаётнинг драматик ҳолатларини тасвирлашга хизмат қилади.
Шоир достон мазмунини ҳаётий ва таъсирчан воқеалар билан бойитади.
Достонда қизиқарли бир эпизод бор. Одамлар билан лиқ тўла, тиқилинч автобус. Хоксоргина кекса бир одам тик оёқда кетаяпти. Ёшгина, новқирон бола эса қўл телефонида ким биландир бемалол гаплашиб ўриндиқда ўтирибди. Кекса ёшли киши: “Болам, оёғим жудаям оғриб кетди, илтимос, малол келмаса, ўрнингизга ўтирсам, девдим…” дейди. Бола эса, сиз мендек ёш пайтингизда кекса ёшлиларга ўз ўрнингизни берганингиз учун, мана, энди оёқларингиз шундай оғрияпти, мен ҳам ҳозир сизга ўрин бериб, сиздек қариган чоғимда оёқларим оғришини истамайман, дейди.

…Хоксоргина кекса бир одам
тиқилинч аҳволин унутди.
Манзилига муштоқ хос чидам
ўйловининг оғриғин ютди,

– деб ёзади шоир. Сўнгра “Автобус – ҳаракат. Автобус – ҳолат. Автобус – ўрин” сифатларини келтиради. Автобусдаги ҳолат фақат биргина автобусда, маиший ҳаётда эмас, балки ижтимоий ҳаётда, дунёда ҳам рўй бераётганини оғриқ билан таъкидлайди. Аждодлар ортидан авлодлар келади. Авлодлар аждодларнинг ўринбосарлари, издошларидир. Ёшларнинг автобусдаги сингари ҳаракатлари ҳаётнинг барча соҳаларида юз берса, бу маънавий таназзулга олиб келиши мумкин. Шоир “Ўрин” достони орқали одамларни ана шундан огоҳ этади. Янги давр одамининг маънавияти, руҳияти ўзгариб кетаётганидан ташвишга тушади.
Оҳорли ташбеҳлар, теран метафоралар, ёрқин тимсоллар ва рамзлар ўқувчи тасаввурини бойитади.
Ушбу достон шаклан ва мазмунан янги асар. Бир эмас, бир неча марта ўқиладиган, мазмуни чақилиб, обдон уқиладиган асар, ўз вақтида айтилган ўринли сўз.