ХX аср ўзбек маърифий шеъриятининг ёмби ижодкори, девон адабиётининг камтар вакили, аллома ва шайх, Нақшбандия тариқати муршиди комили, Пайғамбар авлоди, зокир, шокир ва собир сўз санъаткори, Фақирий-Шаҳрисабзий ҳазратлари нурли табассумлари билан адабиётимизга янгитдан кириб келмоқдалар.
Фақирий ижоди адабиётда чинакам кашфиётдир. У зотнинг мероси орифона мазмуни, ошиқона руҳи билан мустамлака даври ўзбек адабиётидаги мудҳиш бўшлиқни тўлдириб туради.
Фақирий ҳазратлари ўтган асрда яшаб ижод этган бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг инояти ила, истиқлол даврида у зотнинг номи ва ижоди юзага чиқди. Шўро сиёсатдонлари мумтоз шоирни халқдан яшира олмадилар.
Шоир номи давлат миқёсида илк марта Шаҳрисабзнинг 2700 йиллигига бағишланган анжуманда Ўзбекистон Президенти томонидан тилга олинди. Дарҳақиқат, доктор, профессор Шодмон Воҳидов ҳамда ёш олим, адибнинг набираси Масъудхон Исмоилийнинг сайъу ғайратлари билан Фақирий номи жаҳон қомусларига кирган эди. Бу маънода Фақирий уларнинг кашфиётидир.
Дунёнинг ҳамма жойида давлат раҳбари бирор ижодкор–алломага эътибор кўрсатса, бу унинг халқ орасида иззат-эътибор топишига сабаб бўлади. Бу ҳолатдан кейин Фақирий ворисларининг кўнгли кўтарилди ва адибнинг бой ижоди фаолроқ ўрганила бошланди.
Фақирий ҳазратлари биз ўрганган Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Ҳабибий каби адибларга замондош эсалар-да, шайхлиги, исломий ҳаёти, ижодининг илоҳий маърифатга асослангани боис номлари ҳам, ижодлари ҳам асло юзага чиқмаган, адиб ҳам бунга зинҳор парво қилмасдан: «Бизнинг ҳазфпорага ҳам бир харидор топилар-да», деб сабри жамил кўрсатган эдилар. Мана, Аллоҳнинг лутфу карами билан, адиб ижодига харидор топилди. Истиқлол замони у зотнинг меросига талабгор чиқди. Кўзлар кўниккан тоғлар орасида ям-яшил, покиза бир чўққи пайдо бўлди.
Тўлиқ исмлари – Исмоилхон ибн Иброҳим Хожа ибн Ҳидоятуллоҳ ибн Мирзо Калон Абдулазиз Хожаи Шаҳрисабзий.
Тахаллуслари – Фақирий-Шаҳрисабзий; шеърларида Фақрий, Фақир шаклларида ҳам келади. Халили Ихвон тахаллуслари ҳам бўлиб, бу номни тоғалари – шоир Қонеъ Шукруллоҳ Хожа қўйганлар ва ундан шоирнинг таваллуд тарихларини чиқарганлар. Абжад ҳисобида бу тахаллус рақамларидан ҳижрий 1328 йил чиқади.
Тошкентда шоир Ҳабибий билан кўришганларида, «Фақирий» тахаллуси замон мафкурасига тўғри келмаслигини ўйлаб, у зотга Халилий деган тахаллус танлаб берадилар. Фақирий эса ҳурмат юзасидан, бу тахаллусда бир шеър ёзиб, уни Ҳабибийга бағишлайдилар. Шундан сўнг яна «Фақирий» тахаллусларига содиқ қоладилар.
Исмоилхон Фақирий айни рус босқини даврида – милодий 1910 йил, ҳижрий 1328 йилда Шаҳрисабзда таваллуд топдилар. Уч ёшда оталаридан, тўрт ёшда устоз боболаридан жудо бўлиб, аввал оналари, кейин тоғалари тарбиятларида камол топиб, илм–маърифат соҳиби бўладилар. Қуръони каримни тўлиқ ёд оладилар. Адиб 1980 йилда ҳозирги Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Сариосиё қишлоғида вафот этдилар. Авлодлари ҳозирги вақтда мазкур манзилда яшайдилар.
Шаҳрисабз Русия босқинидан кейин ҳам то 1917 йилларгача ўз маърифий мавқеини сақлаб келган. Ундан сўнг мактаб-мадрасалар расман йўқотилган бўлса-да, саййидлар ва тариқат мансублари юрти сифатида шу кунгача ўз эътиборини йўқотмаган. Мустамлака даврида Фақирий, Равнақий, Махдум Ҳамидий, шоир Қонеъ сингари шайх ва аллома–ижодкорларнинг яшагани бунга далилдир.
Шаҳрисабзда неча-неча улуғ зотлар ўтган, аммо у тарихда Соҳибқирон Амир Темур туғилиб ўсган юрт сифатида ҳам машҳурдир. Унда темурийлар даҳмаси, азиз-авлиёлар марқади, Амир Темурнинг жасадсиз мақбараси мавжуд. Шу боис шоир Шаҳрисабз хусусидаги туркий ва форсий шеърларида ўз юртларини Соҳибқирон номи билан улуғлайдилар.
Бизни(нг) Ватан – жойи сурур, айш ила халқи барча ҳур,
Илму маъориф конидур, йўқ дилда армон ўзгача, -
дея шоир орзу-армонлари ватанда илму маориф эканини изҳор этадилар.
Номларидаги «Шаҳрисабзий» деган илова махсус шоирона тахаллус эмас, балки мазкур Ватанга мансублик гувоҳномасидир.
«Девони Фақирий»
Фақирий баёзлари 1950-1965 йилларда тузилган бўлиб, ўзлари танлаб, саралаб киритган шеърлардан иборат. Девон мумтоз назм санъатининг деярли барча турларидан: ғазал, мухаммас, мусаддас, мусаббаъ, мусамман, мустаҳзод, маснавий, рубоийёт ва қитъалардан таркиб топган. Китобда татаббуъ ва тазминлар бирмунча бўлиб, мувашшах ва мутойиботдан - ҳазил шеърлардан ҳам холи эмас. Шеърларнинг кўпи асл санъат намуналаридир.
Девон анъанасига мувофиқ, худди Навоий, Фузулий ва Нодиралар каби, Фақирий ҳам ўз девонларига дебоча битганлар. Дебоча меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ исми билан бошланиб, Ҳақ таолога ҳамду сано айтиш ва ҳазрати Расулуллоҳга саловот келтириш билан давом этади. Унда шоирнинг қисқа ҳасби ҳоллари ва дунёда бир ёдгор қолдириш иштиёқлари юксак одоб ва валийларга хос хоксорлик билан баён этилган. Аммо шоирнинг камтарликларида ҳам кучли жасорат, ёрқин истеъдод ва юксак маърифат нури балқиб туради. Чунончи, адиб ёзадилар:
«Токи ўн беш ва ўн олти ёшларимдан бошлаб, шоирлар зумрасига қўшулишга жиддий ҳаракат кўргузган бўлсам-да, бу ишга, биринчидан, билимсизлик, ва иккинчидан, замонамизни(нг) кундалик ўзгаришлари натижасида шеър ёзолмасдан, ва ёзганларим ҳам ҳар жойларда бепарволик билан қолиб, ва баъзилари эса биродарони киромийлар талабларига мувофиқ уларга юборилиб, қўлимда бори ҳам жуздонга дарида ва жарида бўлуб ётар эди...»
Бу қисқа сўзда кўп маъно ва қисмат манзаралари бор. Чунончи, «замонанинг кундалик ўзгаришлари», муаллифнинг ўз таъбирлари билан айтганда, «шўролар ҳукумати ташкил топиб, бутун Ўзбекистон ва Тожикистон ва Бухоро туфроғларида ҳам ҳукмронлик шевасини юргизгани»дир. Яъни, қадимий мадрасалар беркитилган, халқнинг тарихини йўқотишга уринилган, даҳрийлик салтанати ўрнатилган, мумтоз адабиёт таҳқирланган, маърифатли истеъдод соҳиблари мувозанатини йўқотиб, шеър ёзолмай қолган.
Йиллар ўтиб, шоир айтадилар: «Аммо кўнглимдан гоҳо шундоғ кечар эрдики, «Эй тан, сан дунёга келиб, нима бўлдунг ва нима иш қилдинг?! Бори, сан дунёдан гузар қилсанг, сандан нима ёдгор қолади?! Ва бир иш қилғилки, ўзунгдан кейин сандан бир нишонаи ёдгор қолсун», дея шоир ижодга киришиб, девон тузадилар.
Шоир ўз асарларини нолойиқ ва номуносиб санаб, Фузулий ва Навоийдан гўзал далдалар топадилар. Фузулий таъбирларича, «Дунё бир бозордир. Бозорга ҳар ким ўз матоҳини олиб чиқади. Аҳли дунё сийму зар-олтин кумушларини савдога қўйса, санъат аҳли ўз фазлу камолини ўртага қўяди». Навоий таъбирларига кўра: «Дунёда сарву гулу лоланинг харидори бор, лекин тиканнинг ҳам ўз бозори бор. Тиканни ҳам биров олиб, ўчоққа қалайди, нон пиширади, уйни иситади».
ШОИР ЁЗАДИЛАР: «АЛҲАҚ, МАНИ(НГ) ЁЗГАНЛАРИМ ҲАР ЧАНД БИР ҲАРЗА ВА НОМУНОСИБДУР, АММО ХАР КИМ БОЗОРГА ўЗ БИСОТИГА БОР МАТОИНИ ОЛИБ КИРАДИ. МАСАЛАН, БИРОВ БўЗ СОТАДИ ВА БИРОВ ШОҳИЙ. ВА ҲАР КИМ қОЗОНГА ҲАР НА ТОПГАНИНИ СОЛАДИ: БИРОВ ПАЛОВ, БИРОВ АТАЛА».