Мақола сарлавҳасининг савол кўринишида қўйилишига қуйидаги ҳолатлар асосли сабаб бўлди:
Биринчидан, курраи заминдаги барча тиллар қаторида ўзбек тилининг ҳам қадимдан мисқоллаб тўплаган, ўзига хос шаклланган махсус диний лексик-семантик қатлами мавжудлиги. Ушбу қатламнинг асосини диний тушунчалар, диний атамалар, уларнинг қонун-қоидалари ташкил қилади ва улар лексик-семантик системанинг барча хусусиятларига эга бўлган ҳолда умумтил системасини ташкил қилувчи ажралмас қисмдир. Бундай ноёб тизимнинг жамият тараққиёти, ахлоқий-одобий нормаларни шакллантириш, ҳаёт, турмуш тарзини тартибга солишдаги аҳамияти, шу билан бирга миллат маданий ва маънавий дунёсининг ажралмас қисми эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Дарвоқе, ушбу қатлам лексикаси жамиятнинг алоҳида чегараланган бир гуруҳи учун хизмат қиладиган ҳодиса бўлмасдан, балки ушбу тилда гапирувчиларнинг умум мулкидир, яъни умумхалқ мулкидир.
Шу ўринда қадимги дунё тилшунослик илмининг куртаклари, бошланғич босқичлари диний адабиётлар таҳлили ва тафсири орқали юзага келгани ва ривожлаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ёрқин мисол сифатида қадимги ҳинд тилшунослигининг қадимий ҳинд «Веда»лари – диний гимнлари таҳлилидан бошланганини кўрсатиш мумкин. Араб тилшунослигининг юзага келиши эса муқаддас Қуръони карим тафсири билан боғлиқлигини ёдга олишнинг ўзи кифоя.
Иккинчидан, ўзбек тилшунослигида ушбу ноёб лексик қатламнинг қай даражада илмий ҳамда амалий мақсадда ўрганилгани даражаси, тарихи ва хозирги ҳолати масаласи. Албатта, бу хусусда махсус илмий-тарихий тадқиқотлар олиб бориш тақозо этилади, чунки бу соҳада маълумотлар жуда ҳам кам.
Бизнинг фикримизча, бу борада ўзбек тилининг уч асосий даври алоҳида-алоҳида ўрганилмоғи лозим.
Биринчи давр – собиқ шўролар даврига қадар бўлган давр;
Иккинчи давр – шўролар даври;
Учинчи давр – мустақиллик йиллари.
Юқорида таъкидлаганимиздек, биринчи давр алоҳида илмий изланишларга муҳтож, иккинчи ва учинчи даврлар ҳақида холисона фикр юритиш учун баъзи бир асосларимиз бор. Авваламбор, шу икки давр оралиғидаги барча воқеликлар, ўзгаришларнинг жонли гувоҳимиз. Қолаверса, ХХ асрнинг иккинчи ярми ҳамда ХХI асрнинг бошида чоп этилаётган ушбу соҳага дахлдор барча ёзма манбалардан баҳолиқудрат хабардормиз. Собиқ шўролар даврида динларга бўлган муносабат қай даражада бешафқат, муросасиз душманлик руҳида бўлганини катта авлод вакиллари жуда яхши биладилар. Диний эркинликнинг йўқлиги, диний маросимларнинг таъқиб қилиниши, диний адабиётларнинг чекланган ҳолда чоп этилиши, сиёсий адабиёт ва маърузалардагина эмас, балки бадиий адабиётда ҳам диний тушунча ва атамаларга беписандлик, киноя билан қараш, нотўғри талқин қилишлар шу даражага етдики, ушбу лексик қатлам нафақат илмий ўрганилмади, балки бир чеккага суриб қўйилди. Диний мавзуларга тил текизишнинг ўзи кутилмаган фожеаларга олиб келиши мумкин эди. Диний мавзуларга бағишланган мақола ва рисолаларда холислик йўқ, бир ёқлама қарашлар ҳукмрон бўлган даврда баъзи бир оз миқдорда «хўжа кўрсин»га чоп этилган илмий ишлар, луғатлар мазмуни ҳам давр мафкураси билан суғорилган эди. Диний мавзудаги ишлар кўпроқ атеистлар томонидан амалга оширилар эди.
Биргина мисол: Республикамизда бир неча маротаба қайта-қайта чоп этилган проф. М.А.Усмонов таҳриридаги «Ўзбек совет энциклопедияси» бош таҳририяти томонидан 1989 йилда «Ислом справочниги»нинг яратилишида дин тарихи ва илмий атеизм билан шуғулланувчи олимлар жамоаси иштирок этган эди. Муаллифнинг ёзишича, ушбу справочникни тузишда динга қарши ёзилган манбалар билан бир қаторда қуйидаги атеистик луғатлар асос бўлган: «Атеистический словарь» (Политиздат, М., 1985), «Ислам. Словарь атеиста» (Политиздат, М., 1988). Ушбу ҳолатни муҳокама қилишнинг ҳожати бўлмаса керак. Бунга ўхшаш «справочниклар» холисликдан йироқ бўлиб, фақат ўзлари кўзлаган мақсад ва ғояларни илгари сурган.
Ушбу справочникнинг учинчи қайта ишланган сонининг «Редакциядан» деб номланган сўзбошисига эътибор беринг. «... «Ислом» справочнигининг қайта ишланган ва тўлдирилган учинчи нашрини тайёрлаш жараёнида ... илгариги мақолаларнинг баъзилари қайта ишланди, хусусан, халқимиз орасида ҳозир ҳам намоён бўлаётган ислом таъсири, уларни бартараф этиш ва илмий атеистик тарбия ишини янада такомиллаштиришга кенгроқ ўрин берилди (таъкид муаллифники). Мана сизга 600 дан ортиқ термин берилган диний атамалар луғатидаги аҳвол, кўзланган вазифа ва мақсад.
Даҳрий тизим диний тизимни ҳар чандон чегаралашга уринмасин, халқ, миллат ва унинг бетакрор тили ўзининг қонуниятлари асосида ривожланб бораверади. Диний атамалар одамлар шуурида, қалбида, онгида мустаҳкам ўрнашган ҳолда кўпроқ оғзаки нутқ кўринишида авлоддан авлодга ўтиб келаверади. (Бу мавзуга кейинроқ яна қайтамиз).
Биз ушбу мақоламизда собиқ шўро даврида диний адабиёт, диний тил тизими, бадиий адабиёт қай кўринишда бўлганини иншо қилиш ниятидан йироқмиз, дарвоқе, ушбу мавзу алоҳида илмий ўрганилмоғи зарур. Шу билан бирга масаланинг қай ҳолатда бўлганини объектив баҳолаш мақсадида баъзи бир манбалардан олинган мисоллар билан чегараландик.
Учинчидан, дастлабки кузатувларимиз шуни кўрсатадики, тилимизнинг ушбу ноёб қатламининг фонетик-орфографик (имловий) кўриниши, лексик-семантик дунёси, структурал-функционал хусусиятлари чуқур ўрганилмагани, тилшунос ва илоҳиётчи олимлар ҳамда мутахассислар назаридан кўп йиллар четда қолгани оқибатида чет тиллардан ўзлаштирилган диний атамаларнинг орфографик кўринишида, яъни имлосида турлилик, меъёрлаштирилмаганлик, атамаларнинг лексик маъноларини изоҳлашда ҳамда тафсир қилишда субъективлик ёки умумийлик, ўзга тиллардан баъзи тушунча ва атамаларни ўзлаштиришда асоссиз эркинлик, баъзи ҳолларда ўта арабчалаштириш ёки форсчалаштириш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Ушбу ҳолат нафақат тилшуносларни, балки кенг жамоатчиликни ҳам ташвишга солмоқда. Мисол тариқасида «Ҳидоят» журналининг 2004 йил биринчи сонида берилган муаллиф Абдуқаҳҳор Шоший домланинг «Ҳар ким билганича ёзаверадими?» мақоласини келтириш мумкин.
Муаллиф таҳририятга мурожаат қилиб, жумладан, шундай ёзади: «Ўзингизга маълум, мустақиллик шарофати билан динимиз манбалари, кўп илмий-оммабоп китоблар чоп этиляпти, мақолалар эълон қилиняпти. Бу ҳол учун, албатта, ҳар қанча шукр қилса арзийди. Аммо диний атамаларнинг турли мақолаларда турлича ёзилаётгани ва турли китобларда турлича нашр этилаётгани зиё аҳлини анча шошириб қўймоқда. Масалан, Яратган Эгамизнинг исми гоҳ «Оллоҳ», гоҳ «Аллоҳ» тарзида ёзилмоқда. Хўш, булардан қайси бири тўғри?! Буни ким аниқлайди ва ким жавоб беради? Ёки ҳар ким ўзи билганича, ёки ўзи истаганича ёзиб кетаверадими?!
Менинг фикримча, бундай ҳархилликларга чек қўядиган вақт етиб келди. Акс ҳолда, диний атамалар борасида саводсизлик авж олиб кетиши ва лотин алифбосига тўла ўтилгач, уларни ислоҳ қилиш мумкин бўлмай қолиши хавфи хозирданоқ сезиляпти. Шунинг учун мен «Ҳидоят» саҳифасида диний атамага бағишланган бир рукн очилишини ва бу рукнда нафақат диний уламоларни ёки арабшуносларни, балки адабиётшунос ва тилшунос олимларни ҳам жалб этиб, у ёки бу диний атама юзасидан баҳс-мунозара олиб борилишини таклиф қилган бўлар эдим. Ҳар бир диний атама юзасидан томонларнинг далил-ҳужжатлари илмий нуқтаи назардан чоғиштирил-ганидан сўнг бир қарор қабул қилинса яхши. Шу мақсадда ойнома хузурида «Диний атамалар ҳайъати» ташкил этилишини ва унга мутахассис олимлар жалб этилишини тавсия қиламан».
Мурожаатда ниҳоятда долзарб муаммо ўртага ташланганини таъкидлаган ҳолда, «Ҳидоят» журнали таҳририяти «Қоидага муҳтожмиз» мақоласи орқали қуйидагиларни ёзади: «Бир пайтлар Ўзбекистон мусулмонлар идораси «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газети (1993 йили) орқали диний истилоҳлар ёзувини бирхиллаштиришга келишиш борасида мутасадди ташкилот ва шахсларга махсус мурожаат қилган эди. Афсуски, ўшанда иш охирига етказилмади. Муаммо муаммолигича қолди. Боз устига, диний адабиёт нашри тобора кўпайиши билан имло баттар чалкашиб кетди. Аммо ахвол бундай давом этиши мумкин эмас. Масалани атрофлича муҳокама қилиб, охирида талаффуз ва имлога оид муайян бир қоида ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилмаса бўлмайди. Бундай қоидага айниқса биз – матбуот ходимлари, ноширлар жуда-жуда муҳтожмиз. Шу муносабат билан «Ҳидоят» журнали таҳририяти 2004 йил 1-сондан эътиборан «Тил ва имло» номида янги мунозара рукнини очади ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамда таҳририят номидан ЎзРФА Тил ва адабиёт илмий текшириш ҳамда шарқшунослик илмий-тадқиқот институтларини, Республикамиздаги барча олий ўқув юртларининг тил ва имло билан шуғулланувчи бўлимларини, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари мударрислари, ёзувчи-ю уламолари, ноширлару матбуот ходимлари ва, умуман, шу соҳанинг жонкуяр билимдони бўлган, тилимизнинг бу ҳолатига бефарқ қарамайдиган барчани ушбу мунозарада қизғин иштирок этишга чақиради».
Афсуслар бўлсинки, ушбу мурожаат ҳам беэътибор қолди. Бу ҳолатни журнал бош муҳаррири Нуруллоҳхон Муҳаммад Рауфхон билан қилган суҳбатимизда у киши ўта куйинчаклик билан тилга олган эдилар.
Ташкил қилинган рукнда баъзибир чиқишлар ҳамда «Ислом нури» газетасида баъзибир атамаларга изоҳлар берилди. Лекин масала нимагадир тилшунослар, илоҳиётчилар, шарқшунослар диққат-эътиборини тортмади. Даврий адабиёт ва матбуотда эса диний атамаларнинг турли-туман кўринишда ёзилиши давом этмоқда. Мисолларга эътибор беринг:
Аллоҳ - Оллоҳ - Олло
Субҳонолло - Субҳон олло
Таваккул - таваккал
Қоим - Қойим
Абдул Муталлиб - Абдумуталиб
Амир-ал-Мўъминин - Амиралмўъминин - Амиру-л-мўъминин
Ажабланарлиси шундаки, бундай турли-туманлилик нафақат матбуот саҳифаларида, балки нуфузли луғатларда ҳам учрамоқда.
Тўртинчидан, жиддий илмий таҳлил қилиниши лозим бўлган соҳалардан яна бири ўзга тиллардан ўзлашган атамалар маънолари доирасининг ўзбек тилида изоҳланиш даражаси. Маълумки, баъзи бир ўзлаштирма сўзларнинг маъноси маълум давр ўтиши билан кенгайиши ёки, аксинча, торайиши мумкин. Бу масала диний тушунчалар доирасида ўта нозик, масъулиятли масаладир. Чунки атамаларнинг ҳақиқий маъноларини билмасдан уларга хоҳлаганча муносабатда бўлиш, турли мақбул-номақбул ҳолатларда қўллаш нафақат турли ихтилофлар келиб чиқишига, балки диний таълимотнинг асосий моҳиятини бузиб кўрсатишга олиб келиши мумкин. Мисол учун, биргина «фидя» атамасини олиб кўрайлик. Маълумки, ҳар бир мусулмоннинг бир ой давомида рўза тутиши фарз амалларидан биридир. Лекин ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар «фидя» беришлари керак. Қуръони каримнинг Бақара сураси 184-оятида «Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадилар. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир...»( Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол»), яъни ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар зиммасида «бир мискин таомича фидя бордир».
Лекин сўнгги йилларда таржима қилинган диний адабиётларда ушбу атамага турлича изоҳлар берилаётир. Баъзи мутаржимлар фидя – товон тўлаш, десалар, баъзилари «эҳсон» тариқасида, баъзилари мискинга бир кунлик таом миқдорида эваз тўлаш дейдилар, баъзилари эса бир маротаба тўйғазиш тарзида таржима қилмоқдалар.
Албатта, ушбу таржималарда у дунёда бериладиган жазолардан фориғ бўлиш ниятида тўланадиган эваз миқдори кўзда тутилмоқда. Лекин «товон», «эҳсон» атамаларининг асосий маънолари эътибордан четда қолмаслиги ва аралашиб кетмаслиги даркор.
Яна бир мисол. Маълумки, Ислом дини шариати ҳаром ва ҳалолга ажратиш масаласига асосий эътибор қаратади. Мусулмонлар бажариши шарт бўлган амаллар – фарзи айн ва фарзи кифоя, ёки мажбурий бўлмаган, лекин лозим деб ҳисобланган суннат меъёрлари қаторида, мубоҳ – ихтиёрий меъёрлар, макруҳ – номақбул, дуруст бўлмаган меъёрлар қаторида алоҳида таъкидлаб ўтилади.
Ушбу фундаментал тушунчаларни бир-биридан фарқламасдан, ҳатто уларни баъзи ҳолларда синоним сўзлар каби ишлатиш нафақат баъзи бир чала билимга эга бўлган диний таълимот вакиллари нутқида, балки баъзи нуфузли луғатларда беэътибор талқин қилинмоқда. Масалан, сўнгги йилларда яоп этилган беш томли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «макруҳ» атамасига қуйидагича изоҳ берилган: «ёқимсиз, рад этилган, истеъмол этилиши лозим кўрилмаган, мусулмонлар назарида нопок, ҳаром (нарса)». Масалан, «... Саодат опага кекса хотинлардан бири, тўнғиз харом, гўшти макруҳ ... деб жирканибди». (Иброҳим Раҳим. «Зангори кема капитани», 2-жилд, 532-бет). «Макруҳ» атамасининг мазмунини «ҳаром» атамаси маъноси билан тўлиқ тенглаштириш ушбу тушунчаларнинг бир-биридан фарқ қилувчи хусусиятларини йўққа чиқарган.
1990 йили чоп этилган «Шаръий ҳукмлар тўплами»да «макруҳ» атамасига қуйидагича изоҳ берилган: «Макруҳ – жаноб пайғамбаримиз алайҳиссалом қайтарган иш демакдир. Мўъмин-мусулмон киши бундай макруҳ ишларни қилишдан сақланиши керак бўлади. Макруҳ ишни гуноҳидан қўрқиб қилмаган киши савобли, қилаверган киши гуноҳли бўлур» (23-бет).
Германияда чоп этилган «Ислом дини луғати»да «макруҳ» атамасига изоҳ беришда асосий эътибор «хали ҳаром эмас» деган маъно тушунчасига қаратилади.
Умуман олганда бундай тушунчаларга изоҳ бериш жараёнида уларнинг тўлиқ моҳиятлари, асосий хусусиятлари инобатга олиниши лозим. Макруҳларнинг турларини, «таҳримий ёки танзиҳий макруҳлар» ва «мустакраҳ макруҳлар» оралиғидаги фарқларни илғамасдан туриб умумий изоҳ бериш ҳам илмий, ҳам амалий, ҳам диний нуқтаи назардан асоссиздир.
Балким «макруҳ» сўзига ўзбек тилида бундай изоҳ беришга нутқимизда ушбу сўзни «ҳаром» маъносида кўпроқ қўллаш сабаб бўлгандир. Чунки биз нутқимизда кўп нарсаларни ема, ичма – бу макруҳ, деб ишлатамиз. Сўзнинг ҳақиқий маъноси кенгайиб, «ҳаром» сўзи билан синоним маъно касб этаётганлиги сабабмикин? Лекин ушбу атамаларнинг ўз маъноси, вазифаси бор, сўзнинг ўрни бор, бўлмаса уларнинг маънолари фарқланмаган бўларди.
Барчамиз учун таниш бўлган яна бир мисолга эътибор қаратайлик: араб тилидан ўзбек тилига ўзлашиб кетган «Азон» сўзига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»1-жилди 50-саҳифасида қуйидагича изоҳ берилган: «Азон – намозга чақириш. 1. дин. Намоз ўқишга чақириқ. Албатта, ушбу изоҳ ўзбек тилида гапирувчи барчанинг онгига чуқур ўрнашиб қолган, яъни азон айтиляптими, демак намозга чақириляпти. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинса, араб тилидан кирган сўзнинг асл маъносига эътибор берилса ҳамда азон айтиш жараёнини илк бора қай тарзда жорий этилгани ва қандай мақсад қўйилгани тарихан ўрганилса, «Азон» сўзининг асосий маъноси, яъни «Намоз вақти бўлганлигини эълон қилиш» эътибордан четда қолмаган бўлар эди. Азон айтишдан асосий мақсад намоз вақтини халойиққа эълон қилиш бўлган. Бизга маълум баъзи бир манбаларда, шулар жумласидан олмон тилида нашр этилган «Handwoerterbuch des Islam» (Ислом луғати, Amsterdam, 1976) қўлланмасида «Азон» сўзи қуйидагича шарҳланган: ҳижрий йилнинг 1 ёки 2 йили Пайғамбаримиз саҳобалари билан қандай қилиб чиройлироқ тарзда диндорларимизга намоз вақтини эълон қилиш мумкинлиги тўғрисида маслахат қилганларида, баъзилари гулхан ёқиш, карнай чалишни таклиф қилган экан. Лекин мусулмонлардан Абдуллоҳ ибн Зайд туш кўрганлиги, тушида кимдир масжид томига чиқиб намоз вақти бўлганлигини эълон килаётганлигини айтади. Ушбу ҳолат Пайғамбаримизга маъқул бўлгани ва уларнинг буйруқлари билан азон айтиш урф бўлгани айтилади. Ўша даврдан бошлаб азон айтиш намоз вақтини эълон қилиш тарзида ишлатиб келинган. Мусулмонларда чақалоқларнинг қулоғига азон айтишда ҳам эълон қилиш маъноси борлиги инобатга олинган бўлса керак.
Албатта, азон айтишда намозга даъват этиш маъноси ҳам борлигини инкор этиш мумкин эмас. Лекин атаманинг асосий маъноси намоз вақти бўлганини эълон қилишдир. Чунки намозларнинг азони ва иқомати орасида тўрт ракаат намоз ўқиш муддатича вақт ўтказишни, шом намозида кўпи билан қисқа уч оят ўқиш муддатича вақт берилганлигини ҳисобга олсак, азондан кўзланган мақсад янада ойдинлашади. Бу борада азон билан иқомат атамаларининг маъноларини қиёслаб кўриш мақсадга мувофиқдир.
Бешинчидан, дунё луғатшунослик амалиётида сўзларнинг, шу жумладан диний атамаларнинг ҳам маъно доирасини чуқурроқ очиш, уларнинг контекстларда қўлланиш кўламини кўрсатиш ниятида анъанага кўра нуфузли, халқ эътиборига тушган турли адабиётлардан иллюстратив мисоллар олинади. Албатта, бу жараённи амалга ошириш мобайнида луғат муаллифларидан, биринчидан, олинаётган мисоллар манбаларининг нуфузини аниқлаш, иккинчидан, иллюстратив мисолларнинг ўзбек тили нормалари асосида шаклланганлигига ишонч ҳосил қилиш, адабиётларнинг даврий аҳамиятини аниқлашда ўта холислик, одиллик талаб этилади. Акс ҳолда сўзларга изоҳ беришда, уларнинг маъноларини мисоллар орқали ёритишда бирёқламалилик, субъективлик юзага келиши мумкин.
Фикримизнинг далили сифатида юқорида қайд этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан олинган мисолларга қаратсак.
2006 йили чоп этилган луғатнинг 634-бетида «Мулла» сўзига берилган изоҳга ва иллюстратив мисолларга эътибор беринг: мулла – ўқимишли, тақводор одам. 1. Ўрта Шарқ, Марказий Осиё мамлакатларида таълимини олган шахс. 2. дин арбоби, уламо. Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма (мақол). Чўриликни муллалар сенга қилдилар тақрир (қарор). (Ҳамза). Мулла атамасига берилган изоҳни ва унинг маъносини очиш, ёритиш учун келтирилган халқ мақоли ва Ҳамзадан келтирилган мисолнинг маъноларига эътибор беринг, солиштиринг. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак?!
«Таҳорат» атамасига луғатнинг 2-жилди, 42-бетида берилган изоҳ билан, Ғ. Ғуломнинг «Шум бола» асаридан келтирилган мисолга эътибор беринг: таҳорат – дин. Ибодат қилиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш олдидан бет, қўл, оёқ ва ва б. аъзоларни ювиш, покланиш. Шундай покланган ҳолат. Ушбу маънони ойдинлаштириш мақсадида берилган мисолга қаранг: Сўфи азонни айтди, гарчанд таҳоратим бўлмаса ҳам, кириб, жамоат билан намоз ўқидим. Наҳотки, таҳорат сўзи ишлатилган бошқа мисол топилмаган бўлса!
«Эшон» сўзига 5-жилд 66-бетда берилган изоҳ ва А.Қаҳҳорнинг «Тўй» асаридан олинган мисолни солиштиринг: эшон – мулла, шайх. Диндорлар орасида маълум обрў қозонган руҳоний, дин пешвоси. Бу эшон биров билан сўзлашганда ўзини худди кимга қайси жаннатдан ўрин бериш тўғрисида худо билан сўзлашиб келгандай тутади.
«Мунофиқ»қа 64-бетда берилган изоҳ: иккиюзламачи, муғомбир. Бозор бошидаги мадрасанинг мударриси жуда мунофиқ, бориб турган иғвогар одам экан. М. Муҳаммаджонов. «Турмуш уринишлари».
Қиёмат – (274-бет, 5-жилд) диний эътиқодга кўра инсонларнинг қайта тирилиш куни; тик туриш; қўзғолон, ғавғо, тўполон. Ушбу изоҳни қанчалик аниқлаш ва ажратилган маънолар орасидаги фарқлар ҳақида тўхталиб ўтирмасак-да, иллюстратив мисолларга эътибор қаратсак: Афандим, ким қурбонликка қўй сўйса, қиёмат куни қил кўприкдан ўша қўйни миниб ўтар эмиш, шу ростми? (Латифалар).
Яна бир мисол: ваҳий (ар. илоҳий хабар) – ислом ақидасига кўра, Пайғамбарга фаришталар орқали Аллоҳ томонидан юборилган буйруқ ёки кўрсатмалар. – Пайғамбар бўлсанг, худодан нима деб ваҳий келди? – деб сўради ҳоким афандидан. (Латифалар).
Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Баъзилар мисоллар ўша шўролар даврида ёзилган манбалардан олинган деб, эътироз билдирилиши ҳам мумкин. Тўғри, лекин ачинарлиси шуки, луғат мустақиллик, ўзлигимизни топаётган йилларда, ўз тарихий қадриятларимизни тиклаётган вақтда чоп этилмоқда. Наҳотки ушбу атамалар маъноларини холислик билан ёритишда бошқа ёзма манбаларимиз оз бўлса?. Наҳотки муқаддас, нозик тушунчалар ўша даҳрий даврда тўқилган, ёзилган «Афанди латифалари» орқали изоҳланса? Луғат муаллифларида, афсуски, мулоҳаза, таҳлил, замон руҳини хис этиш масалалари оқсаб қолган.
Умуман олганда бундай ишларга масъулият билан ёндошмоқ зарур эди. Муаллифлар келтирган изоҳларда, иллюстратив мисолларда шўро даҳрийлигининг қўланса хиди уфуриб турибди, вахоланки луғатшуносларда бундай ҳолат бўлмаслиги керак эди. Улар халқ мулкини қандай бўлса шундайлигича муҳрламоқлари ва келгуси авлодга холисона етказмоқлари зарур. Бундай ҳолат жаҳон лексикография амалиётида аллақачон ўз ўрнини топган. Ҳаттоки, ўзга дин атамаларини, тушунчаларини изоҳлашда ҳам холислик тамойилига амал қилинади. Ҳеч кимнинг ўз ирода-ҳохишини, дунёқарашини луғатда муҳрлашга ҳақи йўқ. Ҳар қандай сўз, ибора, атама тилда қандай ҳолда мавжуд бўлса, шундайлигича ёзилмоғи, изоҳланмоғи зарур, чунки тил халқ бойлигидир.
Таҳлилимизга қисқача хулоса қилсак.
Тилимизнинг ноёб тарихий қатлами ўзбек тилшунослари диққат-эътиборидан анча четда қолганини таъкидлаш лозим. Диний атамаларнинг имло кўринишини, талаффузини, маъноларини аниқ, лўнда изоҳлаш, ўзлашган атамаларнинг қанчалик ўзлашганлик даражасини аниқлаш учун ушбу соҳа тармоқларида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш тақозо этилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, ўзбек луғатшунослиги бўйича кўп илмий ва амалий ишлар қилинмоғи даркор. Унинг ҳозирги кундаги сон ва сифат кўрсаткичи ҳеч биримизни қониқтирмайди. Терминологик луғатлар тузишнинг барча тамойиллари жаҳон луғатшунослиги тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилиши даркор. Диний атамалар луғатини тузиш кечиктириб бўлмайдиган маънавий-диний ва кундалик эҳтиёждир. Бунга мустақиллик йиллари етарли даражада замин хозирлаб берди. Чоп этилаётган диний ва дунёвий адабиётлар салмоғи кундан кунга ортиб бормоқда. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг бу соҳада амалга ошираётган сайъ-ҳаракатларининг ўзиёқ ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. У киши томонидан сўнгги йилларда чоп этилаётган рисола, китоб ва таржималарнинг ўзи қатор илмий иш ва луғатлар учун асос бўла олади.
Бу ишларни амалга ошириш учун тилшунос олимлар, илоҳиётчи мутахассислар, шарқшунослар, адабиётчилар, мухаррирлар, қўйингки, тилимизга, динимизга, тарихимизга ва келажагимизга бефарқ қарамайдиган барча жонкуяр шахслар белни маҳкам боғлаб, бир тан, бир жон бўлиб ишга киришмоқлари талаб этилади.
Яратганнинг Ўзи бу борада барчамизга мададкор бўлсин!
Мухторхон Умархўжаев
филология фанлари доктори, профессор