Ҳозирги ўзбек ҳикоя ва қиссачилигида Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи сингари ижодкорлар қалам тебратишмоқда. Улар яратган ҳикоя ва қисса намуналари ҳам услуб, ҳам шакл жиҳатидан ўзгариб бормоқда.
Хусусан, ўзбек ҳикоячилиги икки хил услубий йўналишда ривожланаётганлигини кузатиш мумкин: анъанавий реалистик ва модернистик. Замонавий ўзбек ёзувчилари устоз ўзбек ҳикоянависларининг, шунингдек, жаҳон ҳикоячилиги ижодий тажрибалари билан, рамзий-мажозий образлар ва услуб жиҳатдан Ғарб адабиётига хос модернистик шакл ва усуллардан кенг фойдаланишиб, ҳикоячиликда янгича бадиий-эстетик янгиланишлар ясашмоқда. Уларда қаҳрамон руҳиятига янада чуқур кириш, бадиий психологизмнинг янгича тасвирий воситалари бўлган адабий галлюцинация, иллюзия сингари тасвирлар, янгича рамзий-психологик тимсоллар яратиш, ҳатто ёзувчи фантазияси билан яратилган бадиий-романтик тўқима образлар талқини ҳам учрайди.
Шу маънода, сўнгги ўн йиллик ўзбек ҳикоячилигида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Беозор қушнинг қарғиши”, Собир Ўнарнинг “Чамбилбейнинг ойдаласи”, Назар Эшонқулнинг “Ялпиз ҳиди”, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Бир тун ва бир умр”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Узоқдаги Дилнура” номли қисса ва ҳикояларидан жамланган китоблари эътиборга лойиқ.
Бинобарин, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жим ўтирган одам” ҳикоясида битта илмий институтда қирқ йил хизмат қилган олим – Қурбоналининг ҳаёти, хусусан, унинг писмиқ характери, яъни, кўриб, билиб туриб, билмаганликка олиш каби жамиятимизда кун кечираётган шахсларга хос лоқайдлик ижтимоий салбий иллати бадиий муҳокама этилади. Ҳикоя қаҳрамони Қурбонали, аслида, ҳаётининг биринчи қисмида ботир, гапга чечан эди. Аммо ҳаётининг иккинчи қисмида худди отаси каби, падари васият этиб кетганидек, тилига қулф солиб, жим яшайди. Бинобарин, Қурбоналининг одамови, ажабтовур характерини ҳикоя матнида муаллиф ўз баёни воситасида шундай тасвирлайди: “Қитмирлигими, писмиқлигими тутганида у ҳеч бир мўминнинг етти ухлаб тушига кирмаган қилиқларни ўйлаб топади. Дейлик, уйидан чиққач, рўпарасидан таниш-билиш яқинлашаётганини кўрган заҳоти кўзини чирт юмиб, йўлида давом этаверади. Йўл беш қўлдай маълум – на қоқилади, на суқилади. Бетма-бет келган таниш эса ҳайрон саломлашайми-йўқми, дея бир қарорга келгунича Қурбонали бекатга етиб улгуради. Қилиғидан ўзи мутаассир бўлиб мириқиб … ичида кулади. Ҳа, бу инсон ичида кулиб, ичида қувониб, ичида хуноб бўлишни, нимаики бўлмасин, барини ичига ютиш санъатини мукаммал эгаллаган”. Ҳикояда баён этилаётган онаси вафоти билан ўтказилган Илёсвойникидаги (Қурбоналининг қўшниси) худойи маърака, таъзияга келган чолларнинг гурунги, бу баҳсга ўзгача талқин берган номаълум шахснинг деярли ҳар куни ҳикоя қаҳрамони олдидан чиқиб, маъракадаги воқеани эслатиш орқали, гўёки, рамзий маънода, жамиятда олимлик мақомини олгану аммо одамийлик мақомига эриша олмаган Қурбоналининг фожиавий ҳаёти муҳокама этилади. Қурбонали ҳар куни кутилмаганда олдидан чиқиб, маъракадаги воқеани эслатувчи бу кишини “Кимсан” деб атайди. Бизнингча, ёзувчи бу образга ҳикоя қаҳрамони Қурбонали тили ва нигоҳи билан “Кимсан” деб исм берар экан, мазкур ифодада ҳам ҳикоянависнинг муайян бадиий мақсади ниш бериб турибди. Назаримизда, Кимсан образи ҳикоянинг бош қаҳрамони Қурбоналига, унинг бутун бошли ҳаётига, ҳаётий аъмолига, қирқ йиллик илмий фаолиятига “Сен ўзи кимсан?”, “Бу дунёда яшаб, умринг поёнига етганида ўзингга савол бериб кўр-чи, сен нимага интилдинг? Нимага эришдинг? Нимани ютқаздинг?” – деган бир қатор залворли саволларни ўртага ташлаётгандек таассурот уйғотади. Демак, Кимсан ҳикоя сюжетини ва унинг муҳим композицион ғоясини шакллантирувчи аниқ мақсадли, мантиқли образ саналади.
Шу боис, ҳикояда атай ўйлаб топилган топилдиқ образ “Кимсан” асар бадиий ғоясини очишда очқич ҳисобланади. Кимсаннинг луқмали гап-сўзларидан, чунончи, “жим ўтирган одам энг хавфли одам”, деган ҳукм-хулосасидан сўнг, Қурбонали оёғи куйган товуқдек типирчилаб, виждони азобда қолади. Қурбонали қандай фан соҳаси билан шуғулланган, қандай илмий кашфиёт қилди каби тафсилотларга ёзувчи мутлақо тўхталмайди. Асарда илгари сурилаётган иккита муҳим ғоя ўсимликнинг ўқ томири сингари кўриниш бериб турибди. Биринчидан, Қурбонали ҳаёти мисолида: “Олим бўлиш осон, аммо одам бўлиш қийин”, деган жайдари бир халқона фалсафа кўрсатиб берилади.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоя қаҳрамонлари исмига (Қурбонали, Кимсан, Қуролбой, Тўлаш тараша, Илёсвой, Одилхон ювош) ва маъракадаги: “Илмли киши қандай хусусиятларга эга бўлмоғи лозим?” деган баҳсли мунозарага ҳам миллий, ҳам фалсафий-рамзий маъно юклайди.
Энг муҳими, ҳикояда миллатнинг тили қулф бўлиб қолишига сабаб бўлган шўро даври, ҳатто ўз дини ва эътиқодини баралла айта олишдан ҳам қўрқадиган халқ фожиаси Қурбонали ва унинг отаси ҳаёти мисолида ва институт раҳбари гап-сўзлари орқали бадиий тасвирда акс эттирилади. Таъмирталаб бўлиб қолган идоранинг зинаси Қурбоналининг ташаббуси билан цемент қилинади, сўнгра, жамиятдаги ижтимоий ўзгаришдан сўнг оддий цемент зиналар томигача мармардан қилинади. Мазкур тасвирларда, хусусан, Қурбоналининг идорадоши Одилхон ювошнинг қуйидаги гап-сўзлариданоқ, зиёли шахсининг нақадар қашшоқона ҳаёт кечираётганидан воқиф бўламиз: “– Қурбон ака, – деди кўзини чимириб. Кўзойнагига кўрсаткич бармоғини нуқди. Сўнг ғоятда махфий янгиликни ошкор қилаётган одамдек, бўзрайиб туриб шипшиди: – Зина қолиб, девору томларгача мармар қопланиб кетдию, саккиз йилдан бери ойнакни бутлолмайман!..” Жамиятда чиройли, замонавий бинолар қад ростлаши ва улар, шубҳасиз, инсониятга хизмат қилиши давлатнинг тараққий этганлигидан нишона. Аммо ишхонадаги мармар зиналарнинг совуқлиги, ялтироқлиги ва тойғоқлиги сингари инсон ҳис-туйғулари ҳам совуқлашиб, бадбинлашиб, одамовилашиб кетмоғи асло ижобий хусусият эмас. “Жим ўтирган одам” ҳикоясидаги иккинчи ўқ чизиқ – мармар зиналар қайсидир маънода ҳикояда инсонларга хос “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” инсонларнинг рамзий тимсоли маъносини бадиий ифодалаган.
Замон кундан-кун шиддаткор, янгича ахборот технологияга, янги маълумотларни тез ўзлаштириб, жадал ҳаётга татбиқ эта оладиган уддабурон ёшларга, шахсларга муҳтож. Энди бундай тезкор жамиятда Одилхон ювош сингари шахслар яхши ҳаёт кечиришга қодир эмас. Чунки тузум, жамият ва замона зайли ўзгарди. Ҳикоя қаҳрамони Қурбонали Одилхон ювошнинг қўли калталиги сабабини замонадан эмас, ўзидан кўради: “Кўзойнагинг дарз кетибди-ю, мабодо кўзинг ситилиб оқсаям аравангни ўзинг, ўз қўлинг билан судрайдиган замон келганига қанча бўлди, сўтак! Эпласанг – судра аравангни, кўчани бошингга кўтариб судра, эпламасанг – эгамнинг даргоҳи бепоён!..” Қурбоналининг ички монологи орқали ифодаланган фикрларидан аён бўлмоқдаки, у замондан орқада қолиб кетган қолоқ одам ҳам эмас, у фикрлай олади, баҳолай олади, лекин дилидаги гапини тилига чиқармайди. Унинг энг катта нуқсони шу. Зеро, юқоридаги қаҳрамон ички монологида у саккиз йилдан бери дарз кетган кўзойнагини янгилай олмаётган касбдошининг шундай юришига эътироз билдириб: “Эпласанг – судра аравангни… эпламасанг – эгамнинг даргоҳи бепоён!..” – дея Одилхон ювошни ўлимга маҳкум этиб, уни аёвсиз танқид этади.
Бесуяк тили туфайли Қурбоналининг бегуноҳ отаси икки маротаба қамалиб чиққан. Шу боис, отаси қалбига чўккан қўрқув ваҳимаси, оғиз ичидаги бир парча этни душман сифатида талқин этиш принципи бора-бора фарзанд юрагини ҳам забт этади. Гўёки, қўрқув – наслий-ирсий касаллик каби авлоддан-авлодга ўтиб, забонсизлик, тилини ичига ютиб яшаш санъатини эгаллаган қаҳрамоннинг оилавий шажараси кўз олдимизда гавдаланади.
Қурбонали эҳтиёткорликда, тилни беҳуда валдиратмасликка шу даражада берилиб кетадики, натижада, у одамови, инсоний сифатлардан маҳрум бўлиб қолган аянчли қиёфага тушиб қолади. Адиб Қурбонали образини сатирик образ даражасига олиб чиқиб тасвирлайди: “Бундай дамларда Қурбонали ич-ичидан ҳоҳолаб кулади. Кулади-ю, сиртига чиқармайди, шундай шодумон ҳолатида ҳам қовоғи солиқ, сипо, вазмин ва беозор қиёфасига содиқ қолади. Қиёфа қанчалик тўнг бўлса, ҳуда-беҳудага гаплашаверадиган, отамлашаверадиган кимсалар шунча камаяди. Қурбонали елимдек ёпишқоқ таниш-нотанишлардан етти газ нари юради…” Мазкур психологик портретда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг қаҳрамон руҳий ҳолатини маҳорат билан акс эттиришда, ҳажвий наср ва сатирик образ яратишда рус ёзувчилари Гоголь, Чехов ҳамда таниқли ўзбек адиблари Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад сингари ҳикоянависларнинг ижодий тажрибалари унга қўл келганлиги яққол сезилиб турибди.
Қурбонали бесамар ҳаёти натижасида, “маҳалланинг сўписи” даражасигагина чиқа олган оддий олим, у бурнининг тагидан нарини кўра олмади. Аслида, олим шахс дунё илмидан, дунё афкор оммаси қизиқаётган муаммолар билан қизиқа олиши, улар билан баҳслашиши, жуда бўлмаганда, улар даражасида фикрлай олиши лозим эди. Адиб Қурбоналининг ҳаш-паш дегунча ўтиб кетган бесамар умри мисолида, бугунги кун зиёлисини жадалроқ меҳнат қилишга, фақат тор доирада эмас, хориж илмини ҳам эгаллаш даркорлигини уқтираётгандек ҳиссиёт уйғотади.
Ҳикояда Кимсан, мармар зина, телехронитель каби сўзларга урғу бериб борилар экан, шулар орасида, Қурбоналининг шахсий қўриқчиси бор, деган гумонларга бориб қолган ҳаммаслакларнинг гап-сўзларидаги иккинчи тагмаъноли сўзни уқиб олишимиз мумкин. Бу, аслида, мустамлака шароитида яшаган ўзбекнинг ўтмишига ишора. Қаҳрамон исмининг “Қурбонали” деб аталишида ҳам аниқ бадиий-эстетик мақсад кўзланганлиги муқаррар.
Кузатганимиздек, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоясида қаватма-қават маъно мавжуд, шунга кўра, адиб ижодини полифоник бадиий тафаккурга эга, дейиш мумкин.
Адабиётшунос Баҳодир Саримсоқов метафора, метафорик образнинг назарий табиати ва хусусияти ҳақида тўхталиб, ўзининг “Бадиийлик асослари ва мезонлари” китобида шундай фикрни келтиради: “Бадиий асардаги кечинма шиддатини ошириш метафорик образга хос. …Метафора ижодкорнинг у ёки бу нарса, воқеа-ҳодисага нисбатан ўзининг салбий муносабатини тўғридан-тўғри ифодалаш учун ҳам хизмат этади”. Олимнинг фикрларига қўшилган ҳолда, ёзувчи баъзида бадиий асарда акс эттираётган образни номлашда фақатгина салбий муносабатини ифодалабгина қолмай, холис ва очиқ-ошкора муносабатини ифодалаши мумкинлигини таъкидламоқчимиз. Лекин, барибир ҳам, Баҳодир Саримсоқов тўғри таъкидлаганидек, метафорик образда асосан салбий муносабат мужассам топади. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг санъатга, ҳақиқий ижодга муносабати “Нусхакашнинг меросхўри” ҳикоясида жуда ёрқин ифодаланган. Ҳикоя қаҳрамони рассом бутун умр портрет жанрида ишлаб, ижодини тирикчилик манбаига айлантиради. Натижада, у оддий нусхакаш бўлиб қолади. Қаҳрамоннинг исмига айланган “нусхакаш” сўзи мазкур ҳикоядаги метафорик кўчим тарзида ифода топиб, ёзувчининг очиқ-ошкора муносабатини ўзида намоён этиб турибди.
Шунингдек, Собир Ўнар ва Абдуқаюм Йўлдош ҳикоялари, асосан, анъанавий реалистик услубга қурилган бўлиб, уларда маиший, маънавий-ахлоқий, ижтимоий муаммолар етакчилик қилади. Чунончи, Собир Ўнар “Тарвуз” ҳикоясида маиший ҳаёт лавҳаларини баён этиш орқали, инсоннинг тубанлашувини, ҳақиқий дўстлик, инсонийликдан кўра, пул-мол-дунёни афзал кўрувчи Худойқул образининг хатти-ҳаракатлари, руҳияти орқали очиб беради. Ҳикояда тарвуз – психологик рамз воситасини ўтаган. Омондавлат дўстининг уйига тарвуз кўтариб келади, Худойқулнинг пулдор дўстлари келганда, дастурхонга тарвуз тортилиши, ахлатхонага тарвуз чиқариб ташланиши барчаси узвий равишда боғланиб, ҳикояда муҳим бадиий ғояни ифодалашга хизмат этган. Назаримизда, Худойқул, аслида, ўзининг манфур, ташқи жиҳатдан ялтироқ, аммо ичи қалтироқ қиёфаси билан тарвузнинг ташқи ҳолатини эсга солади. Тарвуз силлиқ, ялтироқ, олачипор бўлганидек, Худойқул, табиати ҳам жамиятда ҳар қандай ишни пул билан силлиқ битказадиган, ҳислари тўмтоқ, дағал инсоннинг рамзий тимсоли, дейишимиз мумкин.
Хуршид Дўстмуҳаммад “Сўроқ” қиссасида бош қаҳрамон Бозорнинг адабий галлюцинацияга учраган жараёни ва саргузаштли ҳаётини ифодалаш орқали, маънавий-ахлоқий, шунингдек, виждонан ҳалол йўл билан ҳаёт кечириш сингари ижтимоий муаммоларга жиддий урғу беради. У учар ликопчалар билан боғлиқ саргузаштлари, сўнгра, восвос бўлиб қолиши натижасида, бутун қишлоқ ва раҳбар ходимлар юрагига ваҳима солади. Мазкур қиссада ўзбек халқ эртаклари анъаналари ва фантастика элементлари ажиб бир тарзда бирикиб кетган. Қолаверса, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоя ва қиссаларида 60-70-йилларда нашр этилган кўплаб назарий адабиётларда қайд этилган ички монологнинг бадиий-ғоявий жиҳатдан монолог-муҳокама, монолог-хотира, монолог-кечинма турларидан ташқари, монолог-орзу, монолог-тафтиш, монолог-хаёлий-суҳбат турлари ҳам учрайди. Худди шу ҳолатни биз Улуғбек Ҳамдамнинг “Ёлғизлик”, Назар Эшонқулнинг “Момоқўшиқ”, “Тун панжаралари”, “Қора китоб” қиссаларида ҳам кузатдик. Зеро, адабиётшунос олимлар ёзувчи ва шоирларимиз яратган бадиий адабиёт намуналари структурасини кузатиш ва ўрганиш натижасида, адабий тур ва жанрларнинг, асар композицияси, услуб, ёзувчи дунёқараши ва маҳорати ҳақида қонун-қоидалар яратади. Бу назариялар осмондан олиб яратилмайди, балки адиблар яратган гўзал муждалар илмий мулоҳазалар юритишга туртки беради. Демак, адабиётшунослик, бадиий асарнинг қонуниятлари ҳақида фикр юритар экан, реал бадиий асарлар асносида, муайян хулосалар чиқаришга асос беради.
Назар Эшонқул “Момоқўшиқ” қиссасида: “Инсон учун ҳаётда нима муҳим? Аёл бахти нимада?” – деган бадиий-фалсафий муаммони ўртага ташлайди, Муаззамнинг ҳаёти мисолида бу саволларга жавоб топади. Қисса марказий қаҳрамони – Шамси Салоҳнинг ҳою ҳавасларга, ҳашамларга, машҳурликка ўчлиги нафақат кийинишида, гап-сўзларида, хатти-ҳаракатларида динамик тарзда акс эттирилади. Қиссада, айниқса, Муаззам билан боғлиқ бадиий тасвирларда лирик-романтик услуб етакчилик қилади. Тасодифан Муаззамнинг аллаловчи, сеҳрловчи гўзал қўшиғини эшитган тўртта ҳашарчи (Шамси Салоҳ, Исмоил Али ва икки актёр) ҳақиқий санъат соҳибининг иқтидорига гувоҳ бўлиб қолишади. Муаззамнинг хатти-ҳаракатлари, ташқи қиёфасини ёзувчи кўчим турлари метафора, метонимик кўчим воситалари билан ифодалаб, тасвирда янада оригиналликка эришиш мақсадида ўхшатиш, жонлантириш, истиора каби тасвирий воситалардан унумли фойдаланади. Чунончи, адиб Муаззамнинг эркин ва озод қўшиқ куйлашини осмонда учиб юрган қушчага ўхшатади. Аёлнинг сеҳрли овози эса хаёлда тоза, беғубор, самимий болаликни ёдга солади. Қуйидаги бадиий тасвирга эътибор қаратсак: “Унинг қизил чит кўйлаги югураётган пайтда ростдан ҳам олислардан келаётган кеманинг алвон елканига ўхшаб, ҳилпираб кетарди”. Бир қарашда, бу жуда нотабиий метафорик кўчим бўлиб кўринади. Лекин иккинчи тарафдан, ҳақиқатан ҳам узоқдан кузатилганда қизил кўйлак кийиб югураётган аёлнинг хатти-ҳаракатлари қизил алвонли кемага ўхшатилиши кўнгилда ҳеч қандай эътироз уйғотмайди. Аксинча, янгича бадиий ифодадан кўнгил ғалати тарзда қониқади. Қиссада, айниқса, Шамси Салоҳ руҳияти билан пейзаж тасвири, ниҳоятда, бир-бирига уйғун ва мутаносиб акс эттирилганини кузатиш мумкин. Чунончи: “У сарғайиб қолган барглари дув тўкилаётган дарахтлар орасидан юриб борарди. Қуёш аллақачон ботган, уфқда қизил шафақ ёнарди. Оёқ остида чуркин новдалар қарс-қурс синар, боғда пахта ва ғубор ҳиди анқирди.
….Ҳали кузнинг ярми ҳам ўтмаган бўлса-да, боғ ичида ва боғга туташ майсазорда қарғалар тўда-тўда бўлиб изғиб юришарди ва ҳар-ҳар дамда нимадандир чўчишгандек талвасали қағиллаб қўйишарди. Салоҳнинг юраги бирдан орқага тортиб кетди, қарғалар фақат қабристондагина шундай ваҳимали қағиллашади. У қачонлардир кимнингдир инояти билан экилган гужум дарахтининг тагидан ўтар экан, бўйнига чарс этиб нимадир тушди ва кўйлаги ичига сизиб кета бошлади ”. Шамси Салоҳнинг қалби оёқ остида қарс-қурс синаётган новдалар каби синиқ, ёйинки, барглари дув тўкилган дарахт танаси сингари юраги ҳам бўм-бўш, шип-шийдам. Осмонда тўда-тўда бўлиб қағиллаётган қарғаларнинг талвасали қағиллаши сингари Шамси Салоҳ юраги ҳам қўрқинчли ва ваҳимали. Унинг қалби қуруқ ҳою ҳаваслар, ёлғон, жирканч, ноинсоний муносабатлар туфайли қабристонга айланган. Боғдаги ғубор ҳиди, аслида, Шамси Салоҳнинг ғаразли, ғуборли ниятларига ишора бераётгандек. Гужум дарахти шохида ўтирган қарғанинг Шамси Салоҳ устига нажас ташлаб кетиши ҳам бежиз тасвирланмаган. Рамзий маънода қаҳрамон қарға ахлати билан тақдир томонидан мукофотланади. Бу мукофот Шамси Салоҳнинг Муаззам ҳақидаги ғаразли мақсадлари, режаларига лойиқ ва муносиб тарзда белгиланган. Бизнингча, асар якунида Шамси Салоҳ Муаззам учун ҳақиқий бахт, умуман, инсон ҳис-туйғулари учун тозалик ва самимийликнинг нақадар муҳимлигини англаб етади. Бу мағлубият унга қанчалик оғир ботмасин, ночор қишлоқ шароитида яшаса-да, ўзида яшашга, меҳнат қилишга, кулишга, ўзини бахтли санашга куч топа олаётган Муаззам ва Отақулнинг бахтиёрона, масрурона ҳаётини кузатиб, хатоларини англаб етади. Унинг исмидаги Шамс – офтоб, қуёш маъносини англатади. Афсуски, Шамси Салоҳ ўз исмидаги чуқур маънога зид равишда Муаззам ва Отақул орасига нур, ёруғлик, эзгулик сочиш ўрнига, уларнинг ўртасига совуқчилик туширади. Муаззам – сўзи эса улкан, катта маъноларини англатади. Асар қаҳрамони Муаззам оғир шароитда, ўз истаклари ва хоҳишларидан кечиб бўлса-да, оила, фарзанд бахти учун ўзини фидо этган ўзбек аёлининг рамзий тимсоли.
Бугунги ўзбек ҳикоя ва қиссачилигини кўздан кечириш натижасида, ҳатто назарий қолипларга тушмайдиган, ғайриодатий услуб, ғайриоддий образларга дуч келамиз. Назар Эшонқулнинг “Момоқўшиқ” қиссаси қаҳрамони Шамси Салоҳ нутқида узундан-узун монолог-орзулар учрайди. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Сўроқ” қиссаси қаҳрамони Бозор нутқида эса монолог-хаёлий-суҳбат кўзга ташланади. Нутқ типлари бўйича жиддий изланишлар олиб борган адабиётшунос Йўлдош Солижонов монологнинг мазкур типини монолог-диалог деб атайди. Бизнингча, бу термин унчалик тўғри ишлатилмаяпти. Сабаби, диалог, албатта, иккита шахс ўртасида кечадиган мулоқот тури. Аммо монолог-хаёлий-суҳбатда реал шахс бўлмайди. Балки қаҳрамон хаёлан маъшуқаси, дўсти, рақиби, онаси ё ким биландир ёки ўз-ўзи билан баҳслашади.
Сўнгги ўн йилликлар ўзбек ҳикоя ва қиссачилиги шакл ва мазмун эътибори билан бадиий (бадиий услубда, бадиий образда, бадиий тасвирий воситаларда) ва, шунингдек, эстетик янгиланишлар (аксар ўзбек ҳикояларида комиллик, ҳалоллик, маърифатпарпарварлик – эстетик идеал сифатида намоён бўлмоқда) қилганлигини яққол кузатишимиз мумкин. Хуллас, ҳозирги ўзбек ҳикоя ва қиссачилигига хос бадиий-эстетик янгиланишларни илмий асосда ўрганиш, таҳлил этиш, бугунги адабиётшунослигимиз олдида турган долзарб масаладир.