Адабиётнинг даргоҳи кенг. Ҳаммага жой етади. Аммо шундай пайтлар ҳам бўладики‚ ана шу кенг майдонда туриш қандайдир уқубатларга йўлиқтиради. Шўро адабиётшунослигида ўтмишдаги бирон адибнинг ижодини ўрганиш, оммалаштириш учун уни ўша замонда яшаган бошқа бир ижодкорга қарши қўйиш урф бўлган эди; буниси – прогрессив, униси – қорагуруҳчи, сарой шоири… Душмани йўқ одам унчалик мақбул кўрилмас эди. Борди-ю, прогрессив тарихий шахснинг ёви топилмай қолса, бирон бадиий асардаги тўқима образ унга қарши қўйиларди. Шу зайилда, Мирзо Улуғбек Хўжа Аҳрорга қарши, Навоий Мажидиддинга ёв, Ҳамза Чўлпонга кекли қилиб кўрсатилди. Аслида, улар реал ҳаётда ўзаро рақиб эмасди. Нима бўлганда ҳам, оқибат, улуғ шахсларнинг руҳи кўп бор чирқираб қолган.
Ижтимоий ҳаёт тасвири-ку, тамом якранг эди: универсал схемага кўра, ижобий қаҳрамон, албатта, камбағал, аммо ҳақгўй ва ақлли, бойларга қарши, бой-бийлар эса, шубҳасиз, золим, ахлоқсиз ва нодон қилиб тасвирланарди…
…Дариғки, ўзаро яқин – касб-кори, фикр-эътиқоди ва эътимодлари уйқаш бўлган кишилар орасида низо кўпроқ юз бераркан. Айнан бир йўлдаги одамлар орасида келишмовчилик юзага келса, рақиблардан бири иккинчисини йўқотишга ҳаракат қилади. Оташнафас шоир Машраб билан диёнати пок Сўфи Оллоёр орасидаги муноқаша ва унинг оқибатлари бунга мисол бўлса, ажаб эмас…
….Машраб Сўфи Оллоёрга учрашиб суҳбатлашиш учун Каттақўрғонга икки марта келган, аммо қай сабабдандир, кўришиш насиб бўлмаган. Ғафур Ғулом ҳам Самарқанд олимлари билан Обираҳмат бўйидаги бир суҳбатда: “Сўфи Оллоёр ҳақида бир нарса ёзиб кўринглар, – деган экан. – У зўр бўлмаса, Машраб Сўфи Оллоёрни уч марта излаб, унинг ёнига келармиди?” (Иноятулла Сувонқулов. Машраб ва Сўфи Оллоҳёр. “Шарқ юлдузи” журнали, 2007, 1-сон, 129-бет. )
Сўфи Оллоёр билан кўришиш орзусидаги Машраб учинчи маротаба келганида, унинг Ҳисор томонга кўчиб кетганини эшитади (ва дейдики):
Топмасак Сўфи изин Каттақўрғона юриб,
Хўш Оллоҳ ёр деб, азми Ҳисор истар кўнгул…
Ниҳоят Машраб Сўфи Оллоёр билан Қабодиёнда юз кўришади… (Баъзи муаллифлар Машраб билан Сўфи Оллоёр уч бора кўришиб суҳбатлашган, деган фикрни айтишади. Бизнингча, улар фақат бир марта кўришган.)
Хўш, бунга қадар Машраб учрашиш учун уни қидириб икки бор Каттақўрғонга борганини Сўфи Оллоёр билмаганмикин? Шубҳасиз, хабардор бўлган, аммо мулоқотга негадир рағбат қилмаган. Хўш, нима учун?
Ўтмиш ўзбек адабиётининг икки улуғ намояндаси Машраб билан Сўфи Оллоёр учрашуви тафсилоти хусусида Исҳоқ Боғистоний ўзининг “Тазкираи қаландарон” асарида шундай ёзади: “Вақтики Шоҳ Машраб бирла ҳамкорликда Қабодиёнга дохил ўлдик… Шоҳ ва яна етти қаландар ва фақир Қабодиённинг такяхонасига қўндик. Шоҳ Машрабнинг Қабодиёнга дохил ўлмишлари оз фурсатда эл орасида машҳур бўлмиш. Андак фурсатдан сўнг маълум ўлдики, эшони Сўфи Оллоёр мунда эрканлар, орадан бир муддат ўтиб эрдики, эшони Сўфининг муридларидан икки нафари келиб, Шоҳга қуллуқ адосидин сўнг дедиларки, ё шоҳ қаландар, пиримиз эшони Сўфи сиз азизни ўз кулбаларига чорлайдурлар. Шоҳ Машраб алар жавобида дедиларки, маъқул, эрта намози жумъадин сўнг эшон Сўфи ҳазратларига қуллуқ адосин қилғаймиз”.
Алғараз, эрта намози жумъа адосидин сўнг шоҳ Машраб фақир ва қаландарлар ҳамроҳлиғинда эшони Сўфи қўноқлариға ҳозир ўлинди. Анда катта жамоат ўлубтур. Қабодиён қозиси, оқсоқол ва бисёр кадхудолар анда жамъ бўлмишлар эрди.
Салом-алик адосидин сўнг Сўфи Оллоёр Шоҳ Машрабга юзланиб демишларки: “Ё Машраби девона, шоирлик шуҳратингиз оламни тутадур. Сизни бирла мулоқот орзусида эрдим, эрса тангри таоло бу орзумни етказди. Хуш келибсиз, сафо келибсиз!”
Эътибор қилсак, Машраб уни йўқлаб Қабодиёнга ҳам келганини эшитган Сўфи Оллоёр, мезбон мақомида бўлатуриб, Машраб қўнган такяхонага ўзи бормай, одам жўнатади. “Қуллуқ адосини қилиш” учун келган улуғ шоирни… “Ё Машраби девона…” деган хитоб билан кутиб олиб, “Сизни бирла мулоқот орзусида эрдим, эрса тангри таоло бу орзумни етказди”, деб айтади. Аммо Машраб Сўфи Оллоёрдан илтифот ва манзират тилаб келмаган эди, у тасаввуфий мавзуда баҳс очиб, Сўфи Оллоёрнинг маслагини аниқлашга интилади: “Андин сўнг Шоҳ ва эшони Сўфи ораларинда ажиб суҳбат бўлиб ўтмиш, – деб давом этади Исҳоқ Боғистоний. – Гап орасинда Шоҳ Машраб дедиларки: “Ё Сўфим, сиз бутун умрингиз мобайнида пулисиротга хушомад қилмишсиз. Ҳузурий дегани эса дўзахга хушомад этмиш. Ё Сўфим, инсоф бирла тафаккур қилинса, дўзах ва пулисирот шу ёруғ дунёнинг ўзида мавжуд эмасму? Фарзанди одам умрининг ибтидосидин то интиҳосига қадар босиб ўтмиш йўлининг ўзи – қил устида турмоқлик; гардун ва золимлар анинг бошиға ёғдирмиш азобу уқубатлар, сонсиз фалокатлар дўзах азобидин камму? Ё Сўфим, оёқларингиз остиға бир назар ташланг – пулисирот ва дўзах анда мавжуддир”.
Машраб Сўфи Оллоёрга юзланиб, бу ғазални ўқидилар:
Англа бу сўзни эй санам, ошиқи муддао ўзум,
Асло юракда бағри йўқ, дунёда бедаво ўзум.
Кошки юзингни шамъига бўлмағай эрдим интизор,
Раҳм эта кўр бу ҳолима, ошиқи беқарор ўзум.
Қатраи май тотурмасанг, ол бу жонимни қийнамай,
Сенсиз агар бу дуняда, ўлмакима ризо ўзум.
Ул аросат, дўзахига якка ўзум бир кирай,
Юрдиму кўрдум ҳамани – дунёда пургуноҳ ўзум…
Парда кўратгил эй санам, рози дилимни айтайин,
Барча паямбар олдида илгари дохоҳ ўзум.
Ошиқ эрурсан эй рафиқ, қўрқма бу жонни ваҳмидин,
Қилса мадад ўзи, вале, журмима ҳам шифо ўзум.
Куйди юрогим ўртаниб, жаври ситам ҳам этмагил,
Оҳима жовидон куяр, оташи тобдор ўзум.
Эшони Сўфи ва аҳли уламо Шоҳ Машраб жавобларидин тағйир тортиб, истиғфор келтурмишлар. Эшони Сўфи Шоҳ Машрабға юзланиб дедиларки: “Ё Машраби мажзуб, гуноҳга ботманг. Оллоҳ таоло беҳишт ва дўзахни солиҳ ва кофир бандалари учун яратмиш. Ғофил бандаларни бу ҳақиқатдан огоҳ қилмоқ сиз ва биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир”. Анда Шоҳ Машраб дедиларки: “Ё Сўфим, агар ҳақиқат қилинғуси бўлса, дўзах аро барча гуноҳкорлар тўлиб-тошуб, анда оёқ босарға жой қолмас, азоб малоикалари эрса ўз юмушларининг уҳдасидан чиқолмағайлар. Беҳишт эрса бўш қолур. Келинг, то танда жон мавжуд экан, шу ёруғ дунё ташвишлари борасинда жустижў қилмоғимиз маъқулроқдир…”
Чамаси, ана шу гаплардан сўнг ирфоний суҳбатнинг қўри совуган кўринади. Сўфи Оллоёр гап ўзанини бошқа ёққа буриб, Машрабни ўз уйида меҳмон бўлишга чорлайди: “Ё Машраби мажзуб, такяхонада истиқомат этмишсиз. Анда халойиқ авомдир. Дилингиз озор топғусидир. Фақирнинг кулбаси ихтиёрингизда, муридлар эрса хизматингизда бўлғай”.
“Шоҳ Машраб эшони Сўфи жавобларинда дедиларки: “Ё Сўфим, илтифотингизга арзимасмен. Такяхона мен учун боёнлар қасридан ортуғдир. Анда жоним роҳатда, фисқу фужурдин холи бўлғай”.
“…Шу тариқа Қабодиёнда бир ойдин ортиқроқ муддат истиқомат қилинди, – деб ёзади Исҳоқ Боғистоний. – Авому аннос Шоҳ Машрабға бағоят иззату эҳтиром кўрсатмиш”.
Эътибор қилсак, “Қайдасан, Сўфим?” деб шунча қидирган ва, ниҳоят, топган Машрабда Сўфи Оллоёр билан суҳбат қуришга ортиқ иштиёқ қолмагани аён бўлади. Унинг уйини эса боёнлар уйига менгзаб, бу ерда фисқу фужур бор деб очиқ айтади ва такяхонадаги ҳамроҳлари ёнига қайтиб кетади. Шу “бир ойдан ортиқроқ муддат” мобайнида Машраб билан Сўфи Оллоёр иккови бир жой – Қабодиёнда яшаб туриб, бошқа юз кўришмайди. Сўфи Оллоёр ҳам уни қайтиб сўрамаган (йўқлаганида Исҳоқ Боғистоний буни қайд қилган бўларди). Аммо “авому аннос”нинг Машрабни “бағоят иззату эҳтиром” қилаётганидан ҳам бехабар қолмаган, албатта.
Бу учрашув айнан Исҳоқ Боғистоний баён қилган равишда кечганини бошқа бир манба – “Қиссаи Машраб” китоби ҳам тасдиқлайди. Унда ҳам Машрабнинг Сўфи Оллоёрни қидириб Қабодиёнга келгани, дарҳол баҳсга киришгани, Ҳузурийнинг қиёмат ва Сўфи Оллоёрнинг пулисирот ҳақидаги ваҳшатангиз абёти, Оллоҳни топган бандалар учун дўзахнинг ваҳми ҳеч эканини айтгани бу китобда ҳам тафсиллаб кўрсатилган.
Бу воқеаларга ҳозир уч юз йилдан ошди. Исҳоқ Боғистоний уни шарҳламайди, муносабатини билдирмайди, хабар бериб ўтади, холос. Аммо бизга тазкирада икки улуғ шоирнинг суҳбати тафсилоти, унинг шиддати бир оз сусайтириб баён қилингандай (кимсан Сўфи Оллоёр, ахир), қўлёзма асарни ўқиб, хотирасига жойлаган Муҳсин Зокиров ҳам 1990 йилда асарни қайта тиклашда айрим ўринларини юмшатгандай туйилади.
Қадимда фозилларнинг муноқашалари оддий ҳол эди ва баҳс ўрни –уламолар мажлиси бўлган. Бинобарин, Машрабнинг Сўфи Оллоёр билан баҳсу мунозараси ҳам мутлақо табиий, ҳатто кутилган ҳол эди. Ёдингизда бўлса, Жалолиддин Румий билан Шамс Табризийнинг учрашувлари ҳам савол-жавоб, баҳс асносида бошланган.
Румий билан Табризий учрашуви… Ўша узоқ ўтмишдаги бу дийдорлашувни юлдузларнинг бахтли қиронига қиёслаш мумкин. Табризий бамисоли булоқ кўзини босиб ётган харсангни олиб ташлагани, Румий ижоди шу учрашувдан кейин барқ уриб яшнаб кетгани маълум.
Машраб Румий ижодидан яхши хабардор эди. Бошқа тафсилотларни қўятуриб, биргина фактни келтирайлик: Фитратнинг шаҳодат беришича, у “Мабдаи нур” асарини Румийнинг “Маснавийи маънавий”сидан таъсирланиб, матнида Румий асаридан кўп парчалар келтириб ёзган. (Мўмин Ҳошимхонов. Машраби мўътабар ўзум. 3-китоб. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, Тошкент, 2008, 87-89-бетлар.) Кузатсак, Машраб ижоди бир қанча жиҳатлари билан, жумладан, бадеҳа йўсинида ижод қилиши ҳам Румий ижодиёти руҳига мувофиқ эканини кўрамиз. Румийнинг Шарқда нақлларга айланиб кетган ҳаёти, айниқса, Табризий билан учрашуви тафсилотидан Машрабнинг айрича таъсирлангани табиий. Ҳатто уни ўзига улги қилиб олмоқ, тарихни такрорлатмоқ орзусида бўлгани, Сўфи Оллоёр билан учрашувдан Румий билан Табризий учрашуви натижаси каби хайрли бир оқибатни, шу каби натижани кутгани эҳтимол. Афсус, Машраб ва Сўфи Оллоёр орасида бу рўй бермади.
Машрабнинг ҳам, Сўфи Оллоёрнинг ҳам туғилган ва ўлган санаси аниқ эмас, бир-бири билан қачон кўришгани ҳам номаълум, манбаларда бу тўғрида ҳар хил рақамлар келтирилади. Чунончи, “Маслакул муттақин” китоби сўзбошисида Сўфи Оллоёр “1630-1650 йилларда туғилиб, 1721 йилда ўлган” деб кўрсатилса, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да у 1644 йилда Каттақўрғонда туғилиб, 1724 йилда Деновда ўлган, дейилади. Шу манбада Машраб 1640 йилда Намангонда туғилиб, 1711 йилда Балхда дорга осилган дейилса, ундан аввал чоп этилган “ЎзСЭ”да Машраб ҳаёти саналари 1657-1711 қилиб кўрсатилган. “ЎзСЭ”нинг 10-жилдидаги “Сўфи Оллоёр” мақоласида шоир “17-асрда яшаб ўтган”, дейилади.
Кўрамизки, кўп рақамлар баҳсли. Аммо улар шу билан барҳам топмайди. Машраб ҳақида тадқиқот яратган Мўмин Ҳошимхонов юқорида қайд этилган “Машраби мўътабар ўзум” китобида Сўфи Оллоёрни 1634 йилда Каттақўрғонда туғилиб, 1724 йилда Мисрнинг Искандария шаҳрида тўқсон ёшида ўлган, дейди. Боз, бу асарда Машраб 1653 йилда Намангонда туғилиб, 1711 йилда Балхда эмас, Қундузда дорга тортилгани айтилади. Кўрамизки, Машраб гоҳо 57 ёшда, гоҳо 58, гоҳо эса 71 ёшда қатл этилган, деб кўрсатилса, Сўфи Оллоёр эса ҳали 90 ёшида, ҳали эса 71 ёшда ўлганига шоҳидлик берилади. Бир манбада Сўфи Оллоёр Машрабдан ёши улуғ, бошқасида эса кичик қилиб кўрсатилади.
Улуғ ижодкорлар ҳаётига оид саналарни аниқлаш фақат илмий саришталик учунгина зарур эмас, шу орқали бир талай муаммолар ҳам ойдинлашади. Ҳозир бу чалкашликларни кўрсатишдан мақсадимиз Сўфи Оллоёр “Маслакул муттақин”ни қачон ёзганини аниқлашдир. Аслида, бу асарнинг санаси жуда аниқ – шоирнинг ўзи уни 1112 ҳижрий йили, (1700-1701 мелодий) муҳаррамнинг йигирма тўртинчисида, душанба куни тамомлаганини қайд этган.
Бироқ гап шундаки, манбаларда Машраб Сўфи Оллоёр билан Қабодиёнда 1710 йилда учрашган деб кўрсатилади ва Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон”ини бунга асос қилиб келтирилади. Аммо тазкира матнида учрашув қачон бўлганига оид маълумот йўқ.
Биз эса, Машраб билан Сўфи Оллоёр 1710 йилда эмас, балки ундан камида ўн йил олдин – “Маслакул муттақин” ёзилмасидан аввал, яъни, 1700 йил теварагида учрашган, деб биламиз. Бунга шу асардаги мана бу парчалар асос бўлгудек: “Яна бир тоифалар лавандлик (ишёқмаслик) бирла ишлар қилурлар, отларин “девона” қўйуб, ўзларини мастлардек қилурлар, – деб ёзади Сўфи Оллоёр. – Шариат бирла парволари бўлмас. Ва яна айтурларки: “Бизлар ошиқдурмиз, бизларга намоз ва рўза даркор эмас”. Аларнинг улфати Шайтондур. Бу сўзларга бовар қилиб, андоғ гумроҳға эътиқод қилса, ул Худони(нг) душманидур. На учунким, улар Худони(нг) оятига мункирдур. Ҳар киши оятга мункир бўлса, бешак кофир бўлур”.
Ана энди бир ўйлаб кўрайлик: Сўфи Оллоёрга замондош, отини “девона” қўйган, ўзини ошиқ деб атаган, Сўфи Оллоёрнинг қаҳрини қўзғаб, унингча, “шариат бирла парвоси бўлмаган” одам ким бўлиши мумкин эди?
Бундай одам… биргина Бобораҳим Машраб эди.
Машрабни шариат билан парвоси бўлмаган, деб айблаш асоссиз, илло, у тариқат йўлида эди, тариқатнинг ҳам алланечук бир мақомларига етишган эдики, бу мақомда ҳар дам шариатдан дам уриш шарт эмас эди. Аммо Х асрда Мансур Халложни қатл эттирган, ХV асрда Имодиддин Насимий терисини шилдирган жаҳолат ҳамма замонда ғоят катта кучга эга бўлади. Нега? Негаки, Машрабдан қутулиш замона зўрлари учун керак эди. Машраб замонга сиғмас, золимлар билан муроса қила олмас эди. Машрабни нима қилиб бўлса ҳам даф этиш йўлини топиш даврнинг социал заказига айланган эди ва буни Сўфи Оллоёр бажарди: Машраб асарларидаги ўта сўл сўфиёна руҳ, феъл-атворидаги қизиққонлик, чўрткесарлик, риё ва риёкорона тақвонинг йўқлиги ғоят қўл келди ва Машраб ва машрабтабиат қаландарлар “кофир” деб эълон қилинди.
Шу билан бирга, шахсий муносабатлар ҳеч қачон иккинчи даражали бўлиб қолган эмас. Машрабнинг жуда юксак сўфиёна даражада эканлиги ҳам бунда муайян роль ўйнаган бўлса, ажаб эмас. Чунончи, Мажзуб Намангоний “Тазкиратул авлиё” асари муқаддимасида Машрабнинг Қаршидаги ҳаётига боғлиқ қуйидаги маълумотни келтиради: “Девонаи Машраб сулук таҳсилини Офоқхожадан олди. Кичик халифалардан эди. Аммо Қаршига келиб тўрт йил турди. Ғолибо, унинг сулуки Хўжам Пошшо суҳбатидан батафсил бўлди. Бир куни Хўжам Пошшодан сўрашди: “Илми Сўфи Оллоёр афзалми ё илми Девонаи Машраб?” Хўжам Пошшо айтдики: “Илми Сўфи Оллоёр шундай илмки, уни мадрасаларда толибларга ўргатса бўлур. Илми Девонаи Машраб – асрор илмидирки, гоҳ-гоҳида авлиёуллоҳ суҳбатидан баъзиларигагина муяссар бўлур”. Машрабнинг тасаввуфий мақоми даражасига оид бу таърифни тавсифлаш шарт эмасдир, деб ўйлаймиз.
“Шоҳ Машраб Қабодиён фуқароси аҳволи борасинда ушбу абётни битмишлар эрди”, деб ёзади Исҳоқ Боғистоний “Тазкираи қаландарон”да:
Қадди меҳнат тоғидин хам бўлган эй бечоралар,
Бағри ваҳшат тиғидин юз пора ҳам юз ёралар.
Кўрмаган умри ичинда бир дами бир яхши кун,
Тийра ғамдин дилда доғ, ҳам кўзлари гирёналар.
Бул Қабодиён аро кўрдим неча ғамхорани,
Ранги заҳил, кўнгли синиғ, бир жон учун кўп зоралар.
Гар шикоят қилса золим зулмидин мискин ғариб,
Куфр қилдинг деб уриб, тақдир қалам деб ёзалар.
Қозидин сўрдим эса: “Бу на учун бедодлиғ?”
Қози дер: “Амри худодур, бўлмағил куффоралар”
Машрабо, амри худо нечун бу янғлиғдур қаро,
Ё магар амри худони бад қаламла ёзалар?!
Яъни, зулмдан дод деганлар ҳам, бунча бедодлиғ (адолатсизлик) нима учун деб савол берганлар ҳам Қабодиёнда кофир саналган. Кофир эса, шубҳасиз, жазога мустаҳиқ. Бу ғазал ёзилган пайтда, Қабодиёнда шариатнинг пешвоси, хосу омнинг пири муршиди – Сўфи Оллоёр эди.
Боз, Машраб ҳақида битилган барча асарларга кўра, у феъл-атвори очиқ, самимий бўлган, ҳаётнинг сўфиёна маъносини инкишоф этган кишилар билан танишиш, улар илмини эгаллашга жон-жаҳди билан интилган. Аммо… гарчи тазкира ва манқабаларда бу тўғрида равшан кўрсатилган бўлмаса-да (у давр услубига ҳозиргидай очиқ ёзиш анъанаси хос эмас эди), ҳеч бир пир ё уламо, ҳеч бир амалдор оташнафас Машрабнинг талабига жавоб бера олмаган, яъни, у ҳеч кимда ўзи қидирган шахсни топа олган эмас. Бу гап унинг илк пири Мулла Бозор охундга ҳам, Офоқхожага ҳам, Сўфи Оллоёрга ҳам тааллуқли. Гарчи ҳозирги тадқиқотчилар унинг Офоқхожа билан ўзаро муносабатини анча илиқлаштириб талқин этишларига қарамай, Машраб у билан ҳам, қай ўлкага борса, ўша ердаги уламою амалдорлар билан ҳам чиқиша олмаган, буни уларнинг юзига очиқ айтган ва бирон-бир қилмиши юзасидан ҳеч кимдан – Сўфи Оллоёрдан ҳам, Офоқхожадан ҳам, уни қатл этишга ҳукм қилган Балх подшоҳи Маҳмуд қатағондан ҳам – узр сўрашни хаёлига келтирмаган, тавба қилишни талаб этганларида қатъий рад қилган.
Бунинг устига, Сўфи Оллоёр анча қаттиққўл шахс эди. Солиқчилик қилиб юрган пайтида бир аёл “золим кўриб қолмасин”, дея қўрққанидан кўприк остига кириб беркиниб, ваҳима ичида ҳомиласини чала ташлагани, бундан хабардор бўлган Сўфи Оллоёр тавба қилиб тариқат йўлига ўтгани, ёки шайх Ҳабибуллонинг бож тўламай Бухорога мол олиб келаётган бир муридини Сўфи Оллоёр қаттиқ калтаклагани маноқабалардан маълум.
Шахсий характер ва дунёқарашни қўятуриб, сўфиёна мақомларига тўхталадиган бўлсак, ҳар қандай ижтимоий воқелик сингари тасаввуф ҳам ўзига хос ўнг ва сўл жиҳатларга эга эдики, ўзи яшаган давр шариат аҳкомларини маҳкам тутган, ундан бир қарич ҳам четлашмаган ўнг оқимнинг энг қатъиятли вакили Сўфи Оллоёр эди. “Аршининг кунгурасин устига қўйдум оёғим, Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?” деб бонг уриб, ҳаққа етишиш истагида дунёни чарх уриб кезган, жунунвашликка қадар бориб етган сўл оқимнинг энг номдор намояндаси Машраб бўлган.
Тўғри, давр ўтиб, ё бирон ҳодиса туфайли кишининг дунёқараши ўзгариши мумкин, бироқ фитрати, феъли ўзгармайди. Гарчи кейин амалдорликдан воз кечиб, ирфоний ҳаёт йўлига кирган бўлса ҳам, қатъийлик, шафқатсизлик Сўфи Оллоёрда доим сақланиб қолган кўринади.
“Маслакул муттақин”да ҳам ана шу шиддат сезилиб туради. Ҳар бир ҳолни синчиклаб ўрганиб хулоса чиқариш ўрнига: “Ҳар ким андоғ гумроҳни этагин ушласа, расули худонинг динидан ташқаридадур”, “…андоғ гумроҳга эътиқод қилса, ул худони душманидур”, “…кофир бўлур”, каби кескин таърифлар анча. “Саботул ожизин”даги иборалар ҳам шунга монанд.
1711 йилда Балх шайхулисломи ва бошқа уламолар: “Машраб ва ҳамроҳлари халойиқни гумроҳликка ундар, шариат ва тариқатдин оздирур, ашъоридин куфр иси келур…”, деб, дорга тортишга фатво бергани “Тазкираи қаландарон”да битилган. Аммо ёдингизда бўлса, ундан хийла аввал, исмини келтирмаган ҳолда, Машраб ва унинг муридларини айнан Сўфи Оллоёр куфрда айблаган эди. Машрабни кофир деб эълон қилиш, яъни, уни маҳв этишга ҳукм аслида Қабодиёнда чиқарилган эди…
…Эҳтимол, адабиётимиз тарихидаги бундай лавҳаларнинг ёритилиши унча мақбул эмасдир. Машраб билан Сўфи Оллоёрнинг диний-илоҳий қарашлари ўртасидаги фарқ ва шу негизда юзага келган ихтилофни ҳам тадқиқ этиш жоиз эмасдир… Аммо ўтмишдаги ҳамма нарса “ёпиғлиқ қозон” бўлиб қолаверса ёхуд ўзимиз билиттифоқ ёпиб қўя қолсак, унда қачон, нимадан ибрат оламиз? Шу борада Ғафур Ғулом мақолаларидан бирида ёзилган мазкур фикр ёдга тушади: “Тарих унутмайди ҳам, кечирмайди ҳам”.
Шоирнинг бу сўзларига эътибор қаратмай бўладими?