Шарқ шеъриятида ишқ, ирфон, гўзаллик, дин ва ахлоқ хусусидаги қарашларнинг бари бир нуқтада бирлашади, бир мавзу доирасида умумлашади. Бу нафс ва руҳ масаласидир. Нафс ва руҳ инсон зотида бирлашган, бир-бирини тўлдириб, айни чоғда, бир-бирини рад этувчи икки қарама-қарши қутб. Нафсда ҳам, руҳда ҳам чексиз қудрат яширин. Уларнинг моҳияти ҳеч қачон бир-бирисиз аёнлашмайди. Нафс руҳнинг мавжудлигини далилласа, айни чоғда, руҳ ҳам нафс борлигини тасдиқлайди. Ҳар иккаласининг вазифаси зоҳиран бир хил бўлса ҳам, ботинан мутлақ фарқли. Айни шу фарқланиш асосида, уларнинг табиати, хусусияти намоён бўлади.
Тасаввуф аҳли нуқтаи назарида руҳ яратилган бир жавҳардир. Фақат у яратилганларнинг энг латифи, жавҳарларнинг энг тозаси ва энг нурлисидир. Ғайб оламидаги нарсалар у орқали кўринади ва ҳақиқат аҳлига кашф унинг соясида билинади. Руҳнинг зидди ҳисобланган нафс эса, барча ёмонликларнинг дояси ҳисобланган. Руҳ қанча нурли ва юксак мавжудлик бўлса, нафс шу қадар чиркин ва тубан борлиқ сифатида эътироф этилган. Тасаввуфда инсон феълидаги бари иллатлар нафсдан, фазилатлар эса руҳдан қайноқланади, деган қараш устувор. Шу боис ҳам, сайру сулукда бутун ҳаракатлар нафсни ислоҳ қилиш ва руҳни камол топтиришга қаратилган.
Улуғ мутафаккир Навоий ҳам мутасаввуфларнинг бу қарашларига тўла қўшилган ва ўзининг деярли барча асарларида нафс ва руҳ мухолифатидан сўз юритган. Бу орқали эса, улуғ шоир нафс ва руҳ хусусиятлари, уларнинг инсон тақдири ва қисматидаги ўрнидан кенг баҳс юритган. Чунончи, шоирнинг аввалу охир нафс ва руҳ талқинини яратган ушбу ғазалига эътибор қилсак:
Гар фано расмини қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут.
Руҳ ул нурдурким, ҳақ анга бермиш авж,
Нафс зулматқа қолиб, қилмиш анга поя ҳубут.
Руҳ раҳмони эрур, нафс эрур шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмақ эмастур машрут.
Руҳга шева калимулло ишин қилмоқ фош,
Нафс фиръавнлиқ асбобини айлаб марбут.
Руҳга дааъб ҳабибулло иши ойини,
Нафс бужаҳллиқ асбобини айлаб мабсут.
Ё раб, эт бизни ҳабибинг сифатига росих,
Айла бужаҳл тариқин ичимиздин масқут.
Қил Навоийни ҳамул хат била, ё раб, озим
Ким, бирор ёнидин айрилди ўтуз олти хутут.
Орифона руҳда битилган ушбу ғазалнинг биринчи байтиданоқ, шоир комилликнинг энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратади. Унингча, “фано расми” – ўзлигини маҳв этмоқни истаган одам, аввало, нафс ва руҳни бир-биридан фарқлай олиши, иккаласининг бир нарса эмаслигини англамоғи лозим. Зеро, Шайх Абу Толиб ал-Маккий ҳам ўзининг “Қут ул-қулуб” асарида бу хусусда шундай ёзган: “Руҳ ҳам, нафс ҳам жисмдаги мустақил борлиқдир. Руҳ хайр – яхши ишлар учун ҳаракатланади ва бу ҳаракатдан кўнгилга бир нур зуҳур этади. Нафс эса, шаръ – ёмон ишлар учун ҳаракат этади ва бундан кўнгил зулматга тўлади. Шайтон бу зулматни кўриб кўнгилга иғво солади”. Навоий ҳам худди шундай қарашларни назм ипига тизади. Улуғ шоир илоҳий-маърифий ғоялардан келиб чиқиб нафс ва руҳ хусусида мулоҳаза юритар экан, ўз ғазалида тазод, ташбеҳ, талмеҳ каби бадиий воситалар асосида фикрларини жонли ва ёрқин бўёқларда акс эттиради. Айтиш жоизки, бадиий воситалар ёрдамида шоир сўзларга ўзига хос вазифа юклаган ҳамда ўқувчини сўз зимнидаги сўзни англашга чақирган.
Шоир руҳ ва нафснинг хусусиятини ёритишда дастлаб нур ва зулмат тазодини қўллайди. Унингча, руҳ ҳақ юксалтирган нур бўлса, нафс тубанликдаги зулматдир. Бу зиддият бевосита дунё икки қарама-қарши куч – нур ва зулматдан иборатлиги тўғрисидаги тасаввурларни ёдга солади. Бу билан шоир гўё инсон вужудида ҳам икки куч – эзгулик ва ёвузлик доимий мухолифотда бўлиши, бирининг ғалабаси иккинчисининг мағлубиятига сабаб эканлигини таъкидлаётгандек. Шоир кейинги байтларда нафс ва руҳнинг зиддиятини янада аниқроқ чизади. Улуғ шоир бошқа бир қатор ғазалларида ҳам нафс ва руҳ зиддиятидан сўз юритган. Бундай ғазалларда шоир ўқувчини руҳ латофатига рахна соладиган нафс шумликларидан огоҳликка чорлайди. Унингча, нафс ва руҳ иккаласи бир нарсанинг икки қарама-қарши томони. Руҳ кўнгилда маърифат, илму ҳикмат чироғини ёндирса, нафс кибру ҳаво, риё, мунофиқлик, молпарастлик иллатларини пайдо қилади. Бири инсонни қанчалик юксакка кўтарса, иккинчиси шу қадар тубанликка тортади. Бири туфайли инсон камол топса, биридан заволга юз буради. Бири – шайтоний бўлса, бири – раҳмоний. Чунончи:
Руҳунгға сиҳҳат ўлса малойик бўлур сипоҳ,
Нафсингға қувват ўлса шаётин бўлур табаъ, – дейди шоир. Демак, инсон руҳи – илоҳий дам, нафас. Руҳни камолга етиштириш инсонни малакларга етакчи қилади, аксинча бўлса, яъни, нафс қувватланса, у шайтон тобесига айланади. Хўш нафснинг қувватланиши қандай содир бўлади? Нафс қачон кучга тўлади? Биринчи галда, дунё севгиси кўнгилни эгаллаганда. Дунё – Навоий шеъриятида энг кўп ташбеҳга асос бўлган тимсол. У баъзан нафс тимсолини ҳам ифода этади. Руҳ хусусиятларини очишда ҳам улуғ шоир бу тимсолдан самарали фойдаланган. Чунончи, мутафаккир шоир бир ғазалида: “Ки руҳ булбулининг лойиқи эмас бу қафас”, дея руҳни булбулга, танни эса қафасга ўхшатади. Мисра мазмунига чуқурроқ разм солсак, унда шоир “қафас” – моддий дунё ташвишларига руҳ булбулини банд айламаслик лозимлигини уқтираётгани аёнлашади. Ёки шунга ўхшаш фикрни шоирнинг бошқа бир байтида ҳам кўриш мумкин:
Табиат чоҳидин руҳунгни қутқарким, хуш эмастур,
Қафас қайди аро булбулға бўлмоқ мубтало асру.
Байтдаги “табиат чоҳи”ни икки маънода тушуниш мумкин: 1. Борлиқ, дунё. 2. Инсоннинг моддий эҳтиёжлари, нафсоний истаклар. Руҳ учун дунё, унга хос истак, майллар – чоҳ. Руҳ булбул бўлса, бу истаклар гўё қафас. Дунё ташвишлари билан умр ўтказиш, эртаю кеч моддият учун югуриш руҳни толиқтиради, чарчатади ва уни чоҳга ташлайди. Бундай ҳолда руҳ юксак ҳис ва туйғулардан маҳрум, оддийгина тириклик асоси бўлиб қолаверади. Руҳни “чоҳ”дан қутқариш – кўп машаққатли иш. Бу машаққатларнинг аввали тавба билан бошланса, сўнгги – тўрт унсур – жисм талаблари, хоҳиш ва истакларидан кўнгилни фориғ айлаш, ўздаги кибру ҳаво, манманликдан буткул кечиш – фано бўлиш билан якун топади. Бу хусусда шоир бундай дейди:
Десанг фалакка чиқай, фоний ўл аносирдин
Нединки, руҳунггадур чормиҳ бу тўртов.
Руҳ ўзини банди қилиб турган занжирлардан қутулгач, файз ва завққа муяссар бўлади. Бундай ҳолда руҳга ҳеч нарса тўсиқ ва хавф сололмайди. Зеро, Нажмиддин Кубро ёзганидек: “Қудсий руҳ латиф ва самовийдир. У ҳиммат қуввати ила тўлиб-тошгани замон руҳ самога битишур ва само унга ғарқ бўлар. Аслида, руҳ билан само айни бир нарса. Бу руҳ бетиним парвоз этар, юксалар, қувватланар, тарбияланар ва мукаммаллашар, самонинг шарафидан ҳам кўп устун бир шарафга эришмоқ учун ушбу ҳол давом этар. Ниҳоят, само чўққисини ишғол этар”. Демак, руҳнинг парвози завқу шавққа тўлишидан руҳ беҳад қувватланади. Бу руҳ орқали кўнгил ҳикмат ва маърифат сирига тўлади. Акс ҳолда, улуғ шоир:
Шавқ тийғи бирла солик айласа кўнгилни чок,
Файз шаҳристони сайрига топар дарвоза руҳ, – деб ёзмасди.
Умуман, Навоий бу каби байтлари орқали инсонга нафс шумликларидан ўзни муҳофаза қилиб, руҳ кенгликларини сайр этиш ҳамда бундан келадиган файз билан ҳаётни безаш лозимлигини уқтиради.
Хуллас, Навоий инсонийлик шарафи, қиймати, шахс камолоти хусусида ёзар экан, нафс ва руҳ тасвирларига алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, улуғ шоир ғазалларида руҳнинг мақом ва даражалари, нафс мартабалари чуқур ёритилганки, уларни ўрганиш навоийшунослигимиз учун фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.