Чиғирнинг тушлари. Александр Файнберг

Ҳилол ёғдуси. Бир оз титраб, кенг ҳовлига тушади, қуёшга қаратиб солинган айвонни ёритади. Томорқа четидан оқиб ўтган ариқ ёқасида эса каттакон ёғоч ғилдирак айланади. Бу чиғир.
У ўзининг гирдига айлантириб боғланган хумдек челаклари билан улкан ариқдан сув чиқаради. Обдови пастга йўналтирилган новдан полиз экинларининг жўякларига, деворнинг нарёғидаги далаларга Н2О оқади. Ер сув ичади. Тун ярмидан ошганда чиғир тўхтайди. Фалакдаги ҳилолдан унинг уйқусига тушлар энади.

* * *

Шаҳар фавворасининг шалолалари отилиб тушган мармар ҳовузлар ичидан… тоғлардаги шарқироқ ирмоқлар қучоқлаб оққан харсангтошлар орасидан… тип-тиниқ кўл бўйидаги пляжнинг шағал тўшалган қирғоғига… улар югуриб чиқиб келишади — қора сочли йигитча билан зар кокилли қизгина. Иккисининг оққуш қаноти мисол кенг ёзилган қулочларидан таралар — камалак, камалак, камалак…

* * *

Икки айғир ва бир ахта от туёқлари остида чақир тошлар шиқирлайди. Помир этаклари. Ёш техник-топограф олға бораётган сўқмоқ. Ҳа, айтмоқчи, бу менинг ўзим. Ёнимда ҳамроҳларим Анвар ва Боря — ер сатхини ўлчаш учун даражаларга бўлинган махсус таёқларни кўтариб юрувчилар. Эгарга осилган қопларда отларнинг еми — сули. Яна уч киши ўн кун ейишга мўлжалланган консервалар ва қотган нон. Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, тоғда кун жуда тез ботади. Қоронғуда эса, ўру даралар орасидан биронта булоқни излаб топиш амри маҳол. Тўсатдан кун иссиғида чанқаган уч от гижинглаб ўзини сув тўла новга урди. Тоғлик сангтарошлар ясаган ушбу тош нов ичига учта от тумшуғини суқиб, бўккунича сув ичди. Холбуки, отларни бундай суғориш мумкин эмас. Ўрга чиқишда терлаган жониворлар устидан жабдуғини олмасдан айилини сал бўшатиб қўйиб, бир-икки соат совутиш лозим. Сўнгра қанча сув ичса ҳам бўлаверади. Аммо қаёқда? Бу ҳолатда сувдан бошқа ҳамма нарса хаёлимиздан кўтарилган эди. Қизиғи, бизнинг ўзимиз ҳам эгардан туша сола бошимиз билан тош булоққа “шўнғидик”. Бундай сув ичиш бизга ҳам, отларга ҳам ҳалокат келтириши мумкин эди. Натижада 32-топографик бўлинма раҳбарияти прокуратурага бизнинг гуруҳимиз шахсий таркиби ва отларнинг ўлими ҳақида далолатнома ёзиб топшириш учун кўп нарсани тўқиб ёзиши керак бўларди. Устига устак, Воробей ва Фестивал — биз айғирларни шундай атар эдик — сув ичиб бўлиб, бир-бири билан олишиб кетишди. 32-бўлинма раҳбарияти мендек бир ёш болага икки айғирнинг тақдирини ишониб топшираётганида қандай “яхши ва ширин сўзлар” билан сийлашганини эсладим. Энди нақ балога қоламан деб ўйладим. Ҳатто Барковнинг “мулойимгина” нигоҳини танамда ҳис эта бошладим. Хайрият. Боря билан Анварга раҳмат. Улар айғирлар жангини тўхтатиб қолишди.
Ҳар биримиз ўз чодирчамизда соат бешга қадар тош қотиб ухладик. Тонг-саҳарда эса қуёш нурлари бизни уйғотди. Ҳаммаси яна янгитдан бошланди. Белгиланган нуқтага қадар — ярим кун. Теодолит билан ишлаш — ўн минут. Навбатдаги нуқтага қадар эса — яна ярим кун. Ҳув пастликда ўйноқлаб оқаётган дарёча кўринади. Фақат сувнинг шовқини бизга эшитилмайди. Бизнинг ҳам, отларнинг ҳам лабларимиз қовжираган. Ташналик. Ташналик.
Ўн кундан сўнг қароргоҳимизга қайтганимизда эса, ўзимизни отнинг устидан таппа ташлаб дарёга югурдик, ётиб олиб сув ичдик. Ютоқиб ичдик. Узоқ ичдик. Шундоқ юзимизга, киприкларимизга тегиб турган сувга қараганимизда, дарё сароби янглиғ, бу дамдан миннатдор нигоҳлар… отлар бизга боқиб турар эди.

* * *

Ранг-баранг камалак, қуриётган Орол. Ҳалокатга юз тутган денгизни қутқариш учун ҳаракатлар бошланди. Бироқ балиқлар ва кемаларнинг қумларда қолиб кетган устихонларига қайтадан “эт” битмайди. Планета фожеаси. Рус донишмандларидан бири денгизни қутқариш учун “Шимолий Муз океанидан айсбергларни вертолётларда ташиб келтириб, Орол ҳавзасига ташлаш зарур”, деди.
Нақадар донишманд у. Илья Муромец. Уйғонди-я. Анастезия, азизим, меҳрибоним, қайдасан? Уни яна саккиз юз йилга ухлатиб қўйгин.

* * *

Сув, сув…
Бурун онам мени “Ўн уч” деб номланган бадиий филмни томоша қилишга олиб борганди. Ушбу “лента” ҳаётимнинг ўн тўрт ёшдан ўн тўққиз ёшгача бўлган йилларини башорат қилишини қаёқдан билибман ўшанда. Ҳа, майли. Экранда қизил армиячилар от чопдиради, чўлда босмачиларни таъқиб этади. Бунинг менга нима алоқаси бор? Э, йўқ, Қизилқум чўллари болалигимда сув ҳақидаги кинони бежиз томоша қилмаганимни эслатиб қўйди.

* * *

У ёқда, икки ўсмир-ёшнинг оғушидаги камалак жилолари ортида чўлнинг сароблари сузади.
Наримон Саидгараев, Толик Слученко, Илюша Цой, албатта улар билан биргаликда камина, қизил рангли қумлар оралаб бораяпмиз. Ўлгудек чанқаганмиз. Бирданига ёниб ётган осмонга туташиб кетган барханлар орасидан триангуляцион пунктнинг учбурчак ёғоч минораси тагидан қудуқ чиқиб қолди. Яхшиям суви қуриб қолмаган. Зўр! Занжир ўралган ғалтак қўндоғини айлантирамиз. Қудуқ тубига етганда пақир шарақлаб сувга тегади. Кўзларимиз чақнаб кетади. Сув тўла челакни тортиб чиқараётган ғалтак ғичирлайди, занжир шиқирлайди. Ниҳоят мана — кўзимиз тўрт бўлиб кутган пачоқ пақир. Лиммо-лим сув. Аммо ириб кетган сувнинг сассиғидан ўзимизни орқага ташладик. Ҳа, бундай сувга қўл теккизиш ҳам хавфли. Ҳозиргина қўлимизга ушлаган пачоқ пақирни қудуқ яқинидаги кўҳна қабрларнинг нафаси тўлдириб тургандай эди.
Осмондан +50, қуёшдан эса +70 ҳарорат қиздиради. Чўлнинг ҳовури бижирлаб турган ерда кичкинагина водий, қўйлар суруви ва ўтов пайдо бўлди.
— Ака, сув борми?
— Йўқ…
Биз ҳолдан тойганмиз. Чўпон эса бамайлихотир сўз қотади:
— Айрон бор.
Ўтовнинг орқа томонидаги ер тагидан муздек айрон тўла меш келтирилади. Худога шукур! Сопол косага қулқуллатиб нажот қуйилади. Биз ақл бовар қилмайдиган ва зориқиб кутилган ичимликни сипқорамиз.
Чўпон айрон эвазига ҳеч нарса сўрамайди. Миннат қилмайди. У ўтов ичидан югуриб чиққан болаларига мамнун боқади. Мен эса ҳайратдан ёқамни ушлаб қоламан. Тасаввур қиласизми — қора сочли қизчалар, сариқ сочли ўғлонлар. Уларнинг орқасидан чопоннинг хотини чиқади. Немис аёл. Беихтиёр оҳ деб юборасан. Бўғзимдан шу сўз отилиб чиқди: “Оҳ!”
Чўпон қайси миллатдан эканини билмадим. Балки ўзбекдир, қирғиз ёки қозоқдир… Бунинг аҳамияти нима?
Аммо айрон… У бизнинг жонимизни киритди. Одамнинг яхшилиги менингдек ўн етти яшар йигитнинг юрагида қолди.
Мен сенга таъзим қиламан, чўпон!

* * *

Ечими мушкул сув муаммоси. Оҳ, ечими мушкул! Унда ойнадаги каби одамларнинг қалби акс этади.
Ўзини машҳур шоир деб билувчи танишларимдан бири “темир панжаралар” даврида комсомол ходими сифатида турли мамлакатларга сайр этиб юради. У саёҳатчилар автобусида Адриатика томонга елар эди. Шуни айтиш керакки, ўша шоир мутахассислиги бўйича врач эди. Худди Чехов мисоли, тушунаяпсизми? Тўсатдан ўша автобусда кетаётган саёҳатчи аёллардан бирининг тоби қочиб, аҳволи оғирлашиб қолди. Шуни аниқ биламанки, уни қутқариб қолиш учун сув зарур эди. Бахтга қарши ҳеч кимда бир қултумгина сув топилмади. Ҳайдовчи газни охиригача босди. Аёлнинг ҳаёти хавф остида қолган эди-да. Худога шукур, ҳайдовчи ўз вақтида бир югослав қишлоғигача етиб келди. Қисқаси, аёлни ўзига келтириб олдик. Сўнгра автобус маршрут бўйича ўз йўлида давом этди. Менинг ҳалиги танишим — шоир ва врач — сумкасидан бир шиша идиш чиқариб, қопқоғини очди ва бемалол кока колани ғўлтиллатиб ича бошлади. Автобусда кетаётганларнинг ҳаммаси унга қараб қотиб қолишди. Бошқалардан олдинроқ ўзига келган кимдир сўкинди:
— Аблаҳ экансан…
— Сиз сув сўрагандингиз-ку, — деди кўк кўзларини милтиллатиб врач-шоир.
Мана сизга Н2О! Мана сизга Гиппократ қасами! Мана сизга виждон, одамгарчилик ўлчови!
Ҳа, ўлчов.
Ушбу ўлчовга нафрат туфайли эфир радио ва телевидение дикторларининг хавотирли овозлари билан тўлмаганмикин? Шу боис газета-журналлардаги фожеавий фоторепортажлар кўзимизга игнадек санчилмайдими?
“Хитойда тўфон. Одамлар кўчирилмоқда…”
“Тайга ёнмоқда…”
“Ставрополда сув тошқини… Қудуқларга балчиқ тўлиб қолган… Ичимлик суви йўқ…”
Эшитмаслик, кўрмаслик мумкин эмас. Сибирда — Венеция. Қўрқувдан ҳурккан сигирлар ортилган чандолалар — қайиқлар. Ҳой, Америка, БМТ, Европа, Ҳиндистон — менинг таҳликали дунёим. Террор, зўравонлик, миллиардерлар, тиланчилар, шоу-безорилар билан тўлган дунё!
Тушуниш қийин сени, Она сайёра!
Қандай гуноҳимиз учун жазоланаяпмиз? Шаҳарлар сувга ғарқ бўлмоқда, ўрмонлар эса, ё Алҳазар, аланга ичида. Ёнғинни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмайди. Махсус самолётлар етмайди. Бу не ҳол? Етар, бас. Худони безовта қилишга қандай ҳаққим бор? Балки менга ҳам, сенга ҳам, ҳаммамизга ҳам ақлимизни ишлатиб илоҳ инъом этган қудуққа тупуриш мумкин эмаслигини англаш фурсати етганмикин? Жанг қилиш керак эмас, ишлаш керак. Ахир вақт бешафқат — ҳаёт ғанимат. Сен ҳам, мен ҳам, ҳатто диний конфессиялар ва ер юзи давлатлари раҳбарлари ҳам буни унутмасликлари зарур. Мана, нефт билан заҳарланган денгизлар, радиоактив тўлқинлар қирғоққа чиқариб ташлаган делфинлар, кислота ёмғирлари. Буларнинг барчаси бизнинг — одамларнинг қилмиши. Шунинг учун сув ҳам гоҳ дарё ва денгизлардан қочиб, гоҳо шаҳар ва қишлоқларни ғарқ этиб, исён кўтармоқда.

Юлдузга урилди чап ёндан кема,
Палубага қадар ғарқ бўлди ўнг ён.
“Кемага тушганнинг жони бир”, демак —
Икков пичоқлашса, фалокат аён.
Ўзаро курашдик. Компасни, эссиз,
Синдирдик. Кемада қон тўкдик наҳот.
Яна қасд олишни ўйладик-да, биз
Кемани асрашни унутдик, ҳайхот!
Шамол қояларга оқизар бизни,
Бўғзимдан отилиб чиқади нидо:
Наҳот ҳалок этсак ўз кемамизни?!
Авлодлар кемадан бўлурми жудо?!
Палубани сувга ғарқ этар уммон,
Кеманинг тумшуғи тиқилар лойга.
Мачтада бир маймун югурар нолон
Гўё икки қўллаб ёпишар ойга.
Ҳайқирсам, товушим эшитилмас ҳеч,
Елкан арқонига тупураман қон.
Худойим! Наҳотки, наҳот энди кеч?
Ақлу ҳуш бер! Маҳкум этма, Художон!
Дегандинг, оға-ини эрур одамзот,
Дунёда ёвузлик қилма ҳеч қачон.
Афсуски, мени ҳам қарғаган ҳаёт,
Пичоғим сопида қотиб қолган қон.
Энди юлдузларга қилурмиз юриш…
Йиғла, эй, она ер — эй азиз ошён!
Яна авж олмоқда ўзаро уруш,
Яна авж олмоқда қутурган тўфон.
Елкандек сузади кўкда булутлар,
Штурвал чамбари камалакка банд,
Эй, она сайёра, эсимиз йўқ-да,
Ақлсизлигимиз сенга берур панд.

* * *

Ҳайронман.
Ёввойи табиатда ашаддий қурғоқчилик палласи бошланганида қоплонлар ҳам, йўлбарслар ҳам, шерлар ҳам, энг муҳими, антилопалар ҳам суви сақланиб қолган ягона дарё бўйига келишади, бир пайтнинг ўзида ёнма-ён туриб сув ичишади. Антилопалардан ҳеч бири қочмайди, йиртқичлардан ҳеч бири уларга ҳужум қилмайди. Бу даврда сув ҳамма ҳайвонларни яраштиради. Қандай яхши-я? Бас шундай экан, биз инсонлар бир-биримиз билан ярашмоғимиз учун наҳотки бутун ер юзи қурғоқчилиги зарур бўлса? Ёки иккинчи жаҳон Тўфони? Эҳ, хом сут эмган банда!
Энди тушунарлими…

* * *

Сув… У билан боғлиқ бўлган деярли барча нарсани яхши эслайман. Шунинг учун армиядаги хизматдошимга мактуб йўллайман. Конвертга эса, менинг чиғирим тушига кирган камалакни ёпиштираман.
“Азизим Юра! Азизим Будасов! Менинг кавказлик дўстим — инглиз тили билимдони ва аккордеонда ўйнаш устаси, омонмисан? Билмадим, ушбу сатрларим сенинг Пятигорскинггача етиб борармикан? Балки юлдузлар аро кўприклар восита бўлар? Биласанми, мен бу ерда сув устида доиралар чизаяпман. Мана, даҳшатли ва садоқатли икки кунни эсладим. Бири, биз — муддатли ҳарбий хизмат аскарлари йўл-кўприк ротаси йигитлари билан биргаликда Тожикистондаги Кофарниҳон дарёси узра понтон-кўприк ўтказган февралнинг қорли куни. Иккинчиси эса, Туркманистон чўлларида ўтказилган ҳарбий машқларда “совковой лопатка” билан қумни жазирама осмонга қараб отган кунимиз. Бу ишни соат 14.00 гача катта чуқур қазиш ва унга ўшандоқ катта резина бассейн жойлаштириш учун бажаргандик. Сўнг ўша бемаъни чуқурда катта юлдузли қўмондон чўмилишига мўлжалланган совуқ сув билқиллаб турар эди. Ҳа билқиллаб турарди. Ана шу Н2О да генерал лаззатланар эди. Эслайсанми? Биз эса бир ой давомида ҳар биримизга берилган аскарлик иш ҳақини — уч сум пулни чангаллаб, лимонад ва пива сотиб олиш учун офицерлар дўконига югурардик. Сўнгра бу икки илиқ ичимликни сувдонга солиб аралаштирар ва сомонча орқали тортардик. Мазкур ичимликка “Қашшоқлар насибаси” деб ном қўйгандик. Ҳеч қиси йўқ, машқда қийин бўлса, жангда зафар қозонасан.
Ўша воқеаларни эслайсанми, Юра Будасов? Армиядош дўстим, соғмисан?”

* * *

Йўқ, менга етти рангли камалак орасидан Африка қитъасидаги улкан Саҳрои Кабир кўринаётгани йўқ. Менга кичкинагина мамлакат кўринаяпти. Менинг қадимий аждодларим орқали у билан ҳеч қандай умумий боғлиқлигим йўқ. Олис, тўғрироғи қадимий. Исроил деб аталади. Чўлдаги қуруқ оҳактош устида, инсоннинг пешона тери ва меҳнати туфайли яшил майсалар ва палмалар кўкарганини, тоғ ёнбағирларида арчазорлар ва мандарин боғлари яратилганини гапирмай қўя қолай… Мен бу ҳақда эмас, мен Н2О ҳақида гапирмоқчиман. Майдони атиги Тошкент вилояти ҳудудига тенг келадиган бу мамлакатни учта денгиз ўраб туради. Бироқ денгизнинг суви шўр-да. Денгиз сувини шўрсизлантиришга кетадиган маблағ эса, Туркиядан чучук сув сотиб олишга нисбатан қиммат. Ҳар бир уйнинг томида ёмғир сувига мўлжалланган ҳайҳотдай идишлар. Томчилаб сув йиғишади. Ягона чучук сувли кўл — Кинерет ҳам қор ва ёмғирларга маҳтал.
Бутун мамлакатдаги унитазларга, кечирасиз, иккитадан мурват қўйилган. Биридан камроқ сув қўйилади, иккинчисидан кўпроқ. Албатта, ҳисоблагич асбоб ҳам ўрнатилган. Далаларни томчилаб суғориш ҳақида гапирмай қўя қолай. Айтгандай, томчилаб суғоришни ўйлаб топган одам илгари Тошкентда яшарди. Албатта, бу шаҳарда у одамдан ташқари шўро амалдорлари ҳам яшашарди. Ўшалар олимнинг таклифини қоғозбозлик денгизига ғарқ этиб юборишди. Шундан сўнг у кетиб қолди. Ўша амалдорларнинг меросхўрлари эса, оддий солиқ тўловчилар, мен ҳам шу жумлага кираман, солиғидан тушган маблағ эвазига Яқин Шарқ мамлакатларидан томчилаб суғориш технологиясини сотиб олишди.
Нима дейсан, чиғир? Гапим нотўғрими? Чиғир жавоб бермайди. Камалакли тушлар кўради.

* * *

Ниагара! Мана, қаерда сув мўл! Арктика, Антарктида! Муз — хоҳлаган нарсанг билан қўшиб е уни.
Зилзиладан сўнг “Ёш гвардия” кинотеатрини қандай бузишганини ҳамон эслайман. ғаройиб манзара! Дастлаб реклама тахталари қопланган бахмал пардалар учиб кетади. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши ўша витриналарнинг бахмал пардалари ортидан Сталиннинг бюсти ўша кунларда чанг-тўзонда қолган менинг Тошкентимга боқади. Кичкинагина бюстча. Битта эмас. Улар катта ҳайкал атрофида айлантириб қўйилган. Улар нимага боқишар эди? Табиий офат туфайли қуриб қолган ариқлар, ҳувиллаган ерга боқишарди. Сувсизликдан бўм-бўш ариқлар атрофида ер тагидан ёриб чиққан янтоқларнинг тиканакли нишлари юракка санчилади. “Сув — бу ҳаёт” — бу баландпарвоз шиор эмас, балки сокингина, аммо чин ҳақиқат. Ахир биз илгари тип-тиниқ Салордан қамиш дастали қармоқлар билан кумушдек хонбалиқ (маринка)ларни овлардик. Балиқ шунақаям зўр эдики. Бу гапни мен тасодифан ушбу сатрларимни ўқиб қолиши мумкин бўлган ёшларга қарата айтаяпман. Бу балиқ Салорда бор эди, ҳа, бор эди. Салор тўлиб-тошиб оқарди. Биз футбол ўйнаб қизиб кетганимиздан сўнг ётиб олиб сув ичадиган ариқларчи? Бу ариқлар бетон ўзансиз ҳам булоқдек мусаффо ва тоза эди. Биз юзимизни ариқ сувига ботирганимизда эса, митти-митти балиқчалар ҳар ёнга қараб сузиб қочарди. Ҳамма ҳар баҳорда бу ариқларни тозалашга чиқарди. Турли белкураклар, паншахалар, кетмонлар билан ариқ қазардик. Ҳеч ким мажбурламасдан, илтимос қилмасдан бажарар эдик бу ишни. Ўзимиз.

Озгина фурсат бор… Озгина вақт бор…
Ажрашурмиз, боқиб қуёшга сўнг бор.

Гина-кудрат қилмай, боғда юрурман,
Новдасин синдирмай мева терурман.

Йўқотганларига бўлиб интизор,
Дарахт, майсалар ҳам чекурлар озор.

Зилол булоқ… Биллур каби мафтункор,
Тиниқ сув тубида барглар нақшинкор.

Кунботарда қушлар сайрар жўровоз,
Тиз чўкиб дарёга сажда қилмоқ соз.

Хориб-чарчаганда дам олмоқ даркор,
Жуда кўп фурсат бор… Жуда кўп вақт бор.

* * *

Чиғирнинг камалаклари, тушлари тугади. Энди ишга. Уйқудан уйғонган ғилдирак секин айлана бошлайди. Ёғоч новга тушларнинг қолдиғи каби томчилар томчилайди. Улар ҳамон камалак тусда.
Ниначининг шаффоф қанотлари. Улар қирғоқдаги қиёқлар узра тек қотади. Катта ариқ тўлиб сув оқади.
Худоё худовандо, насибамизни зиёда қилгин. Сувимиз ҳамиша мўл бўлсин. Ўғил-қизлар доимо чиғир ёнида турсин.
— Йўқ, — дейди менинг навқирон дўстим, — йўқ шлангни водопровод жумрагига улай олмайман. Ана, ариқ. Жўякларимни челакда сув ташиб келиб суғораман. Яхшиси чиғир ясаш зарур.
Сўнгра бироз сукут сақлаб, хўрсинади:
— Ариқда сув бўлганида эди…
Қиссадан ҳисса:
— Бузуқ кран жумрагидан Н2О беҳуда томчилаб турганини кўрсам, қоним қайнаб кетади. Сув йўқликка, номаълумликка кетиб исроф бўлмоқда, ахир!

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси