Калила ва Димна (1)

«Калила ва Димна» ривоятларга кўра аслида қадим замонларда ҳинд файласуф олимлари тарафидан ёзилган. У ҳинд фолклори асосида яратилган бўлиб, «Панчатантра», «Хитопадеше» ва бошқа асарлар билан илдизи бирдир.
«Калила ва Димна» Эрон шоҳи Ануширавон (531-579) даврида Ҳиндистондан сарой фузалоларидан бўлган Барзуя хаким томонидан яширинча Эронга келтирилиб, паҳлавий тилига таржима қилинган. Бу таржима йўқолиб кетган, лекин паҳлавий тилидан сурия тилига қилинган таржима (тахминан 570 йиллар, мутаржим Буд номли шахс) адабиётга нодир ёдгорлик сифатида қўшилди. «Калила ва Димна»нинг Аббосийлар халифалиги даврида ўша замоннинг энг донишманд олимларидан бўлмиш котиб Абдулла ибн-ал Муқаффа (721-757) томонидан араб тилига қилинган таржимаси унинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига сабаб бўлди.
Эски шарқ анъанасига кўра, Ибн-ал Муқаффа «Калила ва Димна»ни таржима этиш асносида фақат муқаддима ёзибгина қолмай, асарнинг асосий матнига хам бирмунча ўзгаришлар киритган. Масалан, у «Димна ишининг текширилиши» фаслини ўзидан қўшган.
Х-Х1 асрларда «Калила ва Димна» Ибн-ал Муқаффа таржимаси асосида яна сурия тилига, XI асрнинг охирларида юнон тилига, XII асрда юнончадан славян тилига, XIII аср ўрталарида яхудий тилига, бир неча ўн йиллардан кейин эса лотин тилига таржима қилинган. Ана шу охирги таржима француз, италян, немис ва бошқа ғарб тилларига қилинган таржималарга асос бўлиб хизмат қилган.
1889 йилда машхур рус шарқшунослари М.Аттае ва М.Рябинин «Калила ва Димна»ни рус тилига таржима қилдилар. Рус олими И.Ю.Крачковский ўзининг ёш истеъдодли шогирди И.Р.Кузминга «Калила ва Димна»ни арабчадан рус тилига таржима қилишни топширади.
Т.Р. Кузмин машхур арабшунос Л.Шайхо томонидан 1905 йил Байрутда нашр қилинган, 1923 йилда эса қайтадан тахрир қилиниб тузатилган вариантини асос қилиб олади. Т.Р.Кузминнинг бевақт вафоти таржиманинг тугалланмай қолишига сабаб бўлади. И.Ю.Крачковский уни тугатиб, Л.Шайхонинг матнига мослаштириб қайта ишлаб чиқади. Бу таржима Е.Э. Бертельс сўзбошиси билан 1957 йилда Москвада иккинчи дафъа нашр этилади.
Араб ва сурия тилларига қилинган таржималардан кейин тожик адабиётининг отаси, машхур шоир Рудакий (940-941 йилда вафот этди) «Калила ва Димна»ни форс-тожик тилига назм билан, 1143-1144 йилда эса Низомиддин Абул Маолий Насруллох наср билан таржима қиладилар.
XVI асрга келиб «Калила ва Димна»ни Ҳусайн Бойқаро фармони билан хиротлик шоир Ҳусайн Воиз Кошифий форс тилига қайтадан таржима қилади, асарга «Анвори Сухайлий» деб ном беради ва уни Султон Ҳусайн Бойқарога бағишлайди.
Ниҳоят, Ҳиндистонда бобурийлар даврида Акбаршоҳнинг (1556-1605) вазири Абул Фазл бин Муборакшох «Анвори Сухайлий»ни қайтадан ишлайди, унинг тили, услубини бирмунча соддалаштиради ва уни «Ийёри дониш» деб атайди. XVI асрда бу ноёб ёдгорликнинг форс тилидан туркий тилга «Ҳумоюннома» номи остида қилинган таржимаси кенг шухрат қозонади.
XIX аср охирларида Қозонда Габдалгаллам Файзхон ўғли бу асарни арабча аслиятдан татарчага таржима қилиб топография усулида босмадан чиқартирди.
Бу ерда қуйидагиларни айтиб ўтмоқ лозим.
Ғарбда таржима қилишда асл матнни мумкин қадар ўз холича сақлаб қолишга интилиш, шарқда эса аксари асл матнни эркин таржима қилиш анъанаси кучлидир, шарқда таржимон асл матнни қисман бўлса-да, ўз дунёқараши ва даври талабларига кўра талқин этиш ва шу билан бирга, хатто ўзидан қўшишга харакат қилади, бу анъана тусига кирган. Шарқ халқлари тилларига қилинган таржималарга ёндашишда шуни кўзда тутмоқ лозим. Араб, форс ва бошқа шарқ тилларига қилинган таржималар шундан далолат беради. Бу нарса «Калила ва Димна»нинг ўзбек тилига қилинган таржималарига хам оиддир.
Унинг ўзбекчага қилинган биринчи таржимаси тахминан XIII асрга тўғри келади. Бу таржиманинг ягона нусхаси Лондонда «Индия оффис» кутубхонасида сақланмоқда. Мутаржими Ифтихориддин Мухаммад Бакрий. Инглиз шарқ-шуноси Эте ўз каталогида мазкур нусхасига қисқача шарх беради.
1131 (1718-19) йилларда «Калила ва Димна» Қашқарда Мулла Темур томонидан «Анвори Сухайлий» асосида таржима қилинади ва унга «Осори Имомия» деб ном берилади.
1253 (1837-1838) йилларда «Калила ва Димна» ҳевада ҳоразм хонларидан Оллоқулихон хукмронлиги даврида Мулла Мухаммад Ниёз томонидан форсчадан ўзбек тилига таржима қилинади. Мутаржимнинг таржимага ёзган муқаддимасида асарнинг Ўрта Осиёда кенг тарқалганлиги, севилиб ўқилганлиги, аввал хам бир неча бор таржима қилинганлиги айтилади.
«Калила ва Димна»нинг ўзбек тилидаги таржималари орасида халқ ичида энг машхури 1898 йилда Тошкентда литография усулида нашр этилган Қори Фазлуллох (тахаллуси Алмаий) томонидан бажарилган таржимадир. Бошқа шарқ таржимонлари каби Алмаий хам аслиятни жуда эркин таржима қилади, маълум даражада асарга ўз хиссасини хам қўшади. Бу масаланинг бир мухим томонидир. Масаланинг иккинчи томони шуки, унинг (Алмаийнинг) ўзига хос таржима тили ва услуби бор.
Алмаий таржимаси қисқа муддат — 1901-1913 йиллар ичида уч марта тошбосмада нашр этилади.
ЎзФА Абурайхон Беруний номидлаги Шарқ-шунослик институти қўлёзмалари фондида «Калила ва Димна»нинг 1131 (1718-19) йилларда Мулла Темур томонидан Қашқарда бажарилган учта қўлёзма нусхаси (инв. 7451, 5807, 1321-сонли), Алмаий таржимасининг 1318 (1900)да кўчирилган нусхаси хам сақланади.
Булардан ташқари, шу фондда бу нодир асарнинг бир неча форсий қўлёзма нусхалари ва талайгина тошбосма нашрлари хам мавжуд.
Шуни қайд этмоқ лозимки, Алмаий таржима қилишда, юқорида айтганимиздек, асл матнга жуда эркин муносабатда бўлган. Бунинг устига, унинг тили оғир, форсий-арабий иборалар билан тўлган, кенг ўқувчилар оммаси аксар уларни тушуна олмайди.
1960 йилда «Калила ва Димна»нинг Р. Султонов томонидан озарбайжончага қилинган таржимаси нашр этилди. У ўз даврининг машхур олими, адиби Абулмаолий матнини асос қилиб олган. 1962 йилда мазкур таржиманинг мукаммаллаштирилган иккинчи нашри чиқди. Бу хозирга қадар туркий тилларда бўлган ва чоп этилганлар орасида энг эътиборлисидир. Китобхонларга тақдим этилаётган бу асарни таржима қилишда биз Эронда 1938 йили Абдулазим Ғариб томонидан нашр этилган матн ва озарбайжон таржимасини асос қилиб олдик.
Асарни таржима этиш ва нашрга тайёрлашда қуйидаги жиҳатларга эътибор қилинган:
1.    Мумкин қадар мукаммалроқ матнни ўқувчиларга тақдим этиш. Шу мақсадда, юқорида айтилганидек, асосан охирги озарбайжон нашрини олиб, унга Алмаийдан баъзи хикоятлар қўшилган.
2.    Асос қилиб олган матнда кераксиз қайтариқлар, хаддан ортиқ тафсилотлар қисқартирилган. Шу билан бирга, аслиятдаги тарбияга, одобга хилоф, ғоят бехаё парча ё жумлалар хам қисқартирилди. Буни амалга оширишда хам асарнинг умумий хусусиятига путур етказмаслик кўзда тутилди.
3.    Асарнинг айрим парчалари эркин таржима қилиниб, уларнинг мухтасар баёни берилди, шунинг учун бу китобга «Калила ва Димна»нинг академик нашри эмас, оммабоп нашри деб қараш керак.
4.    Маълумки, «Калила ва Димна»нинг тили ва услуби фольклор тили ва услубига монанддир. Шунинг учун хам тарихий хақиқатга ва аслиятга зид иш кўрмаслик мақсадида шу нарсага риоя қилинган. Шу билан бирга, жонли халқ тилининг хусусиятлари ва бойликларидан фойдаланишга харакат бўлган.
5.    Асардаги баъзи персонажлар номи турли нашрларда хар хилдир. Бунда Алмаий нусхасида берилган номлар олинган.
«Калила ва Димна» узоқ вақтлардан бери ўзбек халқига маълум, унинг кўп хикматли сўзлари, ажойиб хикоялари хар хил йўллар билан халқ орасига кенг ёйилиб, оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда. Асарнинг ўзбек халқ ижоди ва ёзма адабиётига хам таъсири катта. Бунинг изларини машхур адабий ёдгорликларимизда яққол кўриш мумкин. Асарнинг XIX асрда ўзбек тилида, тошбосмада уч дафъа нашр этилиши адабий-маънавий хаётимизда ғоят мухим ходиса бўлди. Натижада, бу шох асар ўзбек халқининг хам мулкига айланиб қолди.

Суйима Ғаниева



ИБН-АШ-ШОҲ АЛ-ФОРСИЙ НОМИ БИЛАН МАШҲУР БЎЛГАН БЕҲНУД ИБН САҲВОНИНГ МУҚАДДИМАСИ

Ҳамду санодан сўнг биз бу муқаддимада брахманларнинг пири муршиди, хинд файласуфи Бейдабо нима сабабдан хинд подшохи Добшалимга «Калила ва Димна» китобини ёзиб тақдим қилганини баён этамиз. Бу китобнинг мазмун ва мақсадини жохил кимсалардин пинхон тутиш учун ундаги ривоятлар хайвонлар ва қушлар тилидан нақл этилади.
Беақл одамлар учун у юзаки кўринар, аммо фаросатли одамлар эса унда ғоят чуқур, ибратли маъно жавохирларини топадилар, манбалари жуда бой ва гўзал эканлигини кўрадилар. Бу китоб файласуф учун — кенг бир фазо, ақл учун — буюк машқ майдони, китоб мухлислари учун — унутилмас хотира, маъносига тушунадиганлар учун — ажойиб бир ибрат хазинасидир.
Биз Эрон шаҳаншоҳи ҳусрав Ануширвоннинг нима учун хакимлар бошлиғи Барзуяни хинд мамлакатига «Калила ва Димна» китобини олиб келиш учун юборганини хикоя этамиз. Барзуя Ҳиндистонга келганидан сўнг хинд шохининг хазинасига яширинча кириб, «Калила ва Димна»ни кўчиришга розилик берган котибни топиш учун қандай хийлалар ишлатганини, хинд олимларининг бошқа китобларини, хар томони ўн хонали бўлган шахматни ва бу китобни қандай қилиб Эронга келтирганини тасвир этамиз.
Биз бу ерда нима учун Бузуржмехр Ибн-ал Бухтеқонинг бу китобга муқаддима ёзганлигини айтиб, айни замонда китобнинг фазилатларини хам кўрсатиб ўтамиз. Биз бу китобни қўлга олган хар бир одамни уни ўрганишга, унга қайта-қайта мурожаат қилишга, унинг фойдали ва
ибратли томонларига диққат этишга даъват этамиз. Ёлғиз шу вақтдагина ўқувчи бу китоб инсон орзу қиладиган хар нарсадан афзал эканлигини кўради. Бунинг учун китобдаги мажозий сўзларнинг мағзини чақмоқ лозимдир. Акс холда, ўқувчи китоб олдига қўйилган мақсадни тушуна олмайди. Биз бу ерда Барзуянинг қайтиши ва китобни ўқиш усулини кашф этганини, Бузружмехр нима учун «Барзуя хаким» номи билан махсус бир боб ёзганини, бу бобда Барзуянинг туғилганидан бошлаб қандай ўқиганини, илохиётга берилгани ва турли оқимлар билан таниш бўлганлигини, бу бобни «Шер ва хўкиз» бобидан олдин келтирилганининг сабабини хам кўрсатиб ўтамиз.
Али ибн аш-Шох Форсийнинг нақл қилишича, файласуф Бейдабо қуйидаги сабабларга кўра хинд подшохи Добшалим учун «Калила ва Димна» китобини ёзган: румлик Искандар Зул-қарнайн ғарб шоҳларини мағлуб қилгандан кейин шарқ подшоҳлари Эронийлар ва бошқаларга қарши хужум бошлади. У ўз душманини мағлубиятга учратмагунча ёки ўзига тобе этмагунча қаттиқ кураш олиб борар, урушни истаганлар билан урушар, сулх истаганлар билан сулх тузар эди. Эрон шохлари унинг йўлида тўғаноқ бўлган биринчи душманлари эди. Эронийлар биринчи урушдаёқ тумтарақай бўлиб, хар ёққа тўзғиб кетди. Бундан сўнг Искандар Зулқарнайн ҳитой томон қўшин сурди. Энг аввал хинд мамлакатини забт этиш зарур эди. Искандар хинд подшохини ўзига бўйсундирмоқчи, ўз дини ва хукмронлигини унга қабул эттирмоқчи бўлди. Бу вақтда Ҳиндистонда Форек номли кучли ботир, енгилмас ва тадбирли киши хукм-дорлик қиларди.
У Искандар Зулқарнайннинг бостириб келаётганидан хабар топгач, урушга тайёргарлик кўра бошлади. Уруш учун лозим бўлган бутун тадбирларни кўрди. Пахлавонларни чақириб, жангга хозирлик кўришни амр этди. Қисқа муддат ичида жанговар фил тўдалари, махсус хужумга ўргатилган йиртқич хайвонлар, тамға бостирилган отлар, узун найзалар, ўткир қиличлар, ярқироқ қалқонлар хозирладилар.
Юнонлар Форек турган жойга яқинлашганида хиндларнинг шу махалгача мисли кўрилмаган лак-лак отлиқ аскарлар хозирлаб қўйганлари хақида Искандарга хабар етказдилар. Буни эшитиб Искандар жангнинг мағлубият билан тугаши мумкинлигидан чўчиди. Искандар хийлакор ва шафқатсиз бўлиши билан бирга, сезгир ва тадбирли одам хам эди. У аскарлар қароргохи атрофида хандақ қаздириб, шу ерда маълум вақтга қадар сабр қилиб туриш, хинд шохига қарши қандай жанг қилиш хақида кенгаш қуриб, керакли тадбир-чораларни кўришга қарор қилди. У мунажжимларни чақиртириб, хинд подшохига хужум қилиш, уни енгиш учун қайси кун яхши эканлигини аниқлашни амр этди. Мунажжимлар шохнинг буйруғини бажо келтириб, хайрли кун ва соатни белгилаб бердилар. Искандарнинг шундай бир одати бор эди: у қайси шахарни забт этса, у ердаги турли сохада шухрат қозонган мохир усталарни ўзи билан олиб кетар эди. У ўша усталарга мисдан ичи бўш бўлган от ва суворилар ясанглар, бу отлар ғилдираклар устига ўрнатилган ва итарганда тез суръат билан харакат этадиган бўлсин, деб буйруқ берди. Искандар топшириқ бажарилгандан кейин отларнинг ичини нефт билан тўлдириб, сувориларга жанг кийимларини кийгизишни ва уларнинг хаммасини қўшиннинг марказ қисмига жойлаштиришни, икки томоннинг қўшинлари тўқнашишганда, отларга ўт ёқиб, қўйиб юборишни амр этди. Токи душманнинг филлари қизиб кетган сувориларга хужум қилганда хартумлари куйиб қочишга мажбур бўлсинлар.
У усталарга бу ишларни тезлик билан бажаришни буюрди. Усталар жадаллик билан иш бошладилар. Муннажжимлар белгилаган кун тобора яқинлашиб келарди. Зул-қарнайн ўз элчиларини хинд подшохининг ёнига юбориб, таслим бўлмоқни унга таклиф этди. Лекин бунга жавобан Форек: «Зулқарнайн азал душманимдир, унга қарши қатъий қаршилик кўрсатаман», деб жавоб қайтарди.
Зулқарнайн Форекнинг бу қарорини эшитгандан сўнг суворилар билан хужум бошлади. Форек уларга қарши филларни жанг майдонига чиқартирди. Искандарнинг саркардалари мис сувориларни олға сурдилар. Филлар хамлага ўтиб ўз хартумлари билан мис сувориларга ёпишдилар. Xартумлари куйгандан кейин устларидаги аскарларни итқитиб, оёқлари билан топтаб, хеч нарсага қарамай қоча бошладилар. Бу холни кўриб Форек орқасига қарамай қочди, унинг қўшини хар томонга тўзиб кетди. Искандарнинг аскарлари эса қувлаб бориб уларни қидира бошлади. Шу вақт Искандар қичқирди:
—    Эй хинд подшоҳи, кел, мен билан олиш, ўз қўшинингга, одамларингга раҳм қил. Уларни ўлим гирдобига ташлама. Фалокат рўй берганда қўшинни ташлаб қочмоқлик шохларга ярашмайди... Шох ўзининг бутун куч ва қувватини ишга солиб, уларни мудофаа этмоғи, уларнинг нажоти учун ўз жонидан кечмоғи лозим. Шох ўзининг мол-дунёси ва хаётини уларга фидо қилмоғи керак. Қўшинни қўйиб, менинг қошимга, маъракаи майдонга чиқ, ким кимни ўлдирса, ўша хушбахт бўлади.
Форек Зулқарнайннинг бу сўзларини эшитгач, бахтини синамоқ ва ғолиб келмоқ орзуси билан унга рўбарў бўлди. Ҳар иккала хукмдор бир неча соат от устида қилич ўйнатдилар. Лекин хеч бири устун кела олмади. Искандар толиқиб, бошқа нажот йўли йўқлигини билгандан кейин, шундай бир наъра тортдики, бунинг садосидан еру кўк ларзага келди. Форек аскарларим бошига бирор фалокат тушди шекилли, нега бу наъра тортяпти, деб орқасига қайрилиб қаради. Искандар шу пайтда бир зарба билан уни ерга қулатди. Ўз шохларининг бошига тушган бу фалокатни кўрган хиндлар хужумга ўтдилар, ўз шохлари билан бирга ўлишни шараф хисоблаб, қизғин жанг бошладилар. Искандар эса бонг уриб, агар таслим бўлсалар уларга мурувват қилишни айтди ва шундан кейин улар устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Искандар хиндлар мамлакатини қўлга киритиб, ишончли одамларидан бирини уларга шох қилиб тайинлади. Ўзи эса лозим бўлган тадбир ва чораларни кўриб, ўз хокимиятини яхшилаб ўрнатгунга қадар Ҳиндистонда қолди. Сўнгра ўзининг бошқа мақсадларини амалга ошириш учун сафарга жўнади. У ўз қўшинлари билан Ҳиндис-тондан узоқлашгач, хиндлар Искандар қўйиб кетган шохга бўйсунишдан бош тортдилар, улар:
—    Ҳиндистон каби улкан бир давлатга ғайри жинс бир одам подшоҳлик қилса ярашмайди. Бундай ёт одам бизга илтифотсиз бўлади, хамиша бизларни тахқир этади, — дедилар ва хинд шахзодаларидан бирини — Добшалимни шох қилиб кўтардилар. Искандар қўйиб кетган одамни эса тахтдан туширдилар. Аммо Добшалимнинг мавқеи мустахкамлангандан кейин ғурурга берилди ва атрофидаги шохларни безовта қила бошлади. У хамиша жангда ғолиб келар, шунинг учун хам атрофида бўлган шоҳлар ваҳимага тушардилар, аҳоли эса ундан юрак олдириб қўйди. Ўз қудрати, хокимиятининг мустахкамлигидан мағрурланган Добшалим раиятнинг қайғусини чекмас, уни хўрлар ва ранжитар эди. У борган сари хаддидан ошарди.
Добшалим замонида ўз билими ва маърифати билан шухрат қозонган, брахманлардан бўлган донишманд бир файласуф бор эди, хамма маслахат сўраб унга мурожаат этар эди. Унинг оти файласуф Бейдабо эди. Шохнинг раиятга қарши бундай адолатсизлигини кўрган Бейдабо уни адолат ва тўғрилик йўлига қайтариш учун чора излай бошлади. У ўз шогирдларини тўплаб сўради:
—    Биласизми, мен сизлар билан нима хақида маслаҳатлашмоқ истайман?
—    Йўқ, билмаймиз,— деб жавоб берди улар.
—    Мен Добшалим подшоҳнинг хаддан ошган адолатсизлиги, унинг қилаётган сон-саноқсиз жиноятлари ва халққа зулм қилаётганини кўриб ўйлаб қолдим ва узоқ мулохазадан сўнг
шундай қарорга келдим. Биз шохнинг феъли айниганини пайқаганимизда, уни яхшилик қилишга, адолатли бўлишга тарғиб этишимиз керак. Агар уни ўз холига қўйиб берсак, бу биз учун кечирилмас гунох бўлади, сонсиз-саноқсиз фалокатлар юз беради, биз қўрқоқлар ва бизларни ўзларидан ақлсиз хисоблайдиган, бизни менсимайдиган ахмоқ одамлар вазиятига тушиб қоламиз. Мен туғилиб ўсган ватанимни тарк этиш фикрида эмасман. Подшоҳнинг қабих ишлар қилишига, халққа жабру зулм этишига ақл ва идрокимиз йўл қўя олмайди. У билан курашмоқ учун бизнинг ақлдан бўлак хеч бир қуролимиз йўқ. Мадад излаб бошқа мамлакатларга бориш хам фойда бермайди. Подшохнинг кирдикорларини маъқул кўрмаганлигимизни ва ундан норозилигимизни подшо сезса, у бизни албатта халок этади.
Сиз биласизки, гўзал манзарали, ноз-неъмат кўп бўлган ерда итнинг шер билан, илоннинг хўкиз билан бирга туриши тахликалидир. Кўнгилсиз ходисалар ва фалокатлардан ўзини химоя қила билмоқ, хавфнинг олдини олиб, дўстлар орттирмоқ файласуфнинг бурчидир. Айтишларича, бир файласуф ўз шогирдларига шундай деб ёзган экан: «Емонга қўшни бўлган одам, денгиз сайёхига ўхшайди: у ғарқ бўлишдан қутулса хам, қўрқувдан қутула олмайди. Агар бундай одам тахликали ва дахшатли бир ерга борса, уни фахмсиз ва идроксиз бир хайвон деб хисобламоқ лозимдир, зотан, фойдали ва зарарли нарсаларни, хатто вахший хайвонлар хам фарқ эта биладилар.
Ахир, сув ичмоқ учун хайвонлар хам ўз тўдаларини хавфли ерларга хеч олиб бормайдилар, тасодифан шундай жойга келиб қолсалар, савқи табиий у ердан қочишга мажбур этади, улар ўз жонларини сақлаб қоладилар».
Мен сизларни мана шу масала юзасидан бу ерга йиғдим. Сизлар менинг энг яқин одамларим ва сирдошларимсиз, менинг таянчим ва такиягохимсиз. Маълумдирки, ёлғиз қолган одам қаерда бўлмасин халок бўлади, ўзига кўмакчи топа олмайди. Бу борада шундай бир ривоят хам бордир:
Бир тўрғай бир филнинг йўли устида ўзига уя қуриб, тухум босди. Фил шу сўқмоқдан сув ичишга борар экан. Фил сув ичишга кетаётганида уяни топтаб, тухумни эзиб ўтиб кетди. Тўрғай бу бадбахтликни кўриб дархол, бу филнинг иши эканлигини англади. Учиб бориб филнинг бошига қўнди ва деди:
—    Шоҳим! Сен нима учун тухумларимни пачоқлаб, болаларимни халок этдинг? Ўзингга нисбатан мени заиф, кучсиз ва нотавон деб санаганинг учун шундай қилдингми?
—    Ҳа, ёлғиз шунинг учун, — деди фил.
Тўрғай буни эшитгач, учиб қушлар ёнига борди ва бошига тушган фалокатни айтиб берди.
Қушлар: «Биз филни нима хам қила олардик? Биз кучсиз паррандалармиз», дедилар.
Тўрғай уларга деди: «Илтимос қиламан, сиз мен билан бориб фил-нинг кўзини чўқиб кўр қилинг. Унинг бошига мен хам шўр иш солишни биламан». Улар рози бўлдилар. Тўрғай билан учиб бориб, филнинг кўзини ўйиб-ўйиб ташладилар. Шундан кейин фил на сув ичиш, на бир овқат топиб ейишнинг иложини қила олди. Турган жойида нима топса, шу билан кифояланиб кун кечирадиган бўлди. Тўрғай буни кўргач, аламига чидолмай, ховуз ёқасига келиб қурбақаларга фил устидан шикоят қилди. Улар: «Биз кучли филга қарши нима хам қила олардик?» дедилар. Тўрғай айтди: «Сиз фил турган жойга яқин бўлган бир чуқурнинг четига бориб, ўша ерда баланд овоз билан вақир-вуқур қилсангиз, фил сизнинг овозингизни эшитиб, у ерда сув бор экан, деб ёнингизга боради-да, чуқурга қулаб кетади». Қурбақалар бунга рози бўлдилар. Чуқур четига бориб вақирлай бошладилар. Сувсизликдан қийналган фил
қурбақаларнинг овозини эшитиб, улар томон йўл олди ва чуқурга йиқилиб халок бўлди. Тўрғай эса учиб бориб унинг бошига қўнди ва қанот қоқиб деди: «Эй, ўз кучига ишониб, менга Хақорат кўзи билан боққан зулмкор! Жуссам кичкина бўлса-да, зўр ақл эгаси эканлигимни кўрсатдим, сенинг бўйинг дароз бўлса-да, ақлинг қисқа экан, хўш, энди нима дейсан?!»
Бейдабо ўз ёнида ўтирганларга: «Сизлардан эшитайлик, фикрларингизни баён қилинг», деди. Улар айтдилар:
—    Эй ақлли, адолатли ва донишманд файласуф, бизнинг орамизда энг билимдон одам сендурсан. Бизнинг мулохаза ва фикримизнинг се-нинг заковатинг олдида нима ахамияти бор. Биз биламиз, сувда тимсох билан бирга сузмоқ тахликалидир. Лекин бу ерда гунох тимсохда эмас, унинг яшайдиган ерига борган одамдадир. Агар кимда-ким ўзи илоннинг оғзидан захарини олиб ичса, илон айбдор эмас. Ким шернинг ғорига кирмоқчи бўлса-ю, шер хужумидан эмин бўламан деса бекор айтибди. Бу золим подшохга фалокат ва бахтсизлик таъсир қилмайди. Шохга кайфи чоғ вақтида учрашилмаса, сен хам, бизлар хам унинг ғазабидан қутула олмаймиз. Бейдабо деди:
—    Рост айтдингиз, саволимга гўзал жавоб бердингиз. Лекин маърифатли одамлар хам ўзларидан паст ва юқори вазифадаги одамлар билан маслаҳатлашмоғи керак. ҳусусий масалаларни хал этишда бир ақл озлик қилганидек, умумий масалаларни ечишда хам кифоя қилмайди. Менинг Добшалим шох билан кўришмоққа ахд қилганим ростдир. Сизларнинг сўзларингизни тинглаб, менга самимий дўст эканлигингиз, менинг хам, ўзингизнинг хам хаётингиз учун ташвиш тортаётганлигингиз аён бўлди. Лекин мен шундай режа тузиб, тадбир ўйлаб қўйдимки, бунинг натижасини сизлар мен подшо билан учрашгандан ва у билан сухбатлашгандан кейин биласиз. Сизлар подшо хузуридан чиққанлигимни эшитишингиз биланоқ тўпланишиб, албатта, менинг қошимга келинглар.
Бейдабо дўстлари билан хайрлашиб, кетишга ижозат берди. Улар ўринларидан туриб дуои фотиха ўқиб тарқалдилар. Бейдабо брахманларнинг махсус кийимини кийиб подшо саройига йўл олди. Шохнинг дарвозабонига салом бериб, хайрли бир иш юзасидан шохни кўришим керак эди, деди. Дарвозабон кириб шохдан ижозат сўради. Ўша кун шохнинг бўш фурсати бор эди, киришга ижозат берди. Бейдабо ичкари кириб, шохга бош эгиб таъзим қилди-да, қаддини ростлаб, бирор оғиз хам сўз айтмай жим тураверди. Добшалим унинг индамай турганлигини кўриб: «Бу файласуф ёлғиз икки мақсад билан менинг хузуримга келиши мумкин: ё мендан бирор инъом истаб келган ёки бошига фалокат тушгану, панох истаб мендан ўз душманига энг оғир ва олий жазо беришни сўрагани келган», деб ўйлади.
Кейин бу фикридан қайтди: йўқ, файласуфлар бу хил иш билан келмайдилар. Шохлар ўз нуфузи жихатидан файласуфлардан устун бўлсалар хам, файласуфлар ўз билимлари билан шохлардан афзалдирлар. Зотан, донишмандларнинг шохларга эхтиёжлари йўқ, шохлар эса қанчалик бой бўлмасинлар, донишмандларга мухтождирлар, уларсиз яшай олмайдилар. Мен ақл билан хаёни энг яқин ва ажралмас дўст деб биламан, бири йўқолса, иккинчисини хам топиб бўлмайди. Инсонлар ва хайвонлар орасида бўладиган дўстлик хам худди шундайдир. Ўз йўлдошини йўқотган кимса бутун умр шу дўстини эслаб қайғуради, азоб чекади. Кимки олимлардан хаё қилмаса, уларни хурмат этмаса, уларнинг афзалликларини эътироф этмаса, уларни хақоратлардан қутқармаса, ундай одамнинг ақли зое кетади ва хаёти барбод бўлади. Олимларга қарши адолатсизлик қилганлиги учун ундай одамни ахмоқлар қаторига қўшиб қўядилар.
Сўнг у Бейдабога қараб деди:
—    Мен индамай туришингдан бошингга бирор фалокат тушган бўлса керак, деб ўйлайман. Сенинг узоқ жим қолганингдан шуни англадим ва ўз-ўзимга дедим: «Бейдабо бу ерга бизни томоша қилишга келмагандир. Уни бу ерга келишга мажбур қилган бир сабаб бўлиш керак. Ахир, у замонамизнинг энг заковатли одами-ку! Унинг бу ерга келишининг сабабини сўрамоққа эхтиёж борми? Агар у юз бергаи адолатсизликнинг олдини олиш учун биздан кўмак истагудек бўлса ёрдам қўлимизни чўзиб, орзуларига етказмоқ лозимдир. Агар унинг мақсади бу дунёнинг неъматлари бўлса, амр этайин, уни истаганича таъмин қилсинлар. Агарда у ёлғиз шохларга хос бўлган бошқаларнинг дахли бўлмаган масалалар билан келган бўлса, гарчи ундай ишларга бевосита аралашув фикрида бўлмаса хам, мен унга қандай жазо бериш кераклиги хақида ўйлаб кўришим керак. Менинг диққатимни раият ишларига жалб этиш учун келган бўлса, уларни текширтириб кўраман. Ахир ақлли одамлар яхши хабар келтирадилар, аҳмоқлар эса, аксинча, ёмон хабар билан келадилар». Шундай қилиб, сўзлаш учун сенга ижозат бераман, айт, нима истайсан?
Бейдабо шохнинг сўзларини эшитгач, бироз тинчланди, юрагини босган қўрқув тарқалгандек бўлди. Бош эгиб таъзим қилгандан сўнг деди:
—    Ҳар нарсадан аввал Оллоҳдан тилагим шуки, шоҳнинг умри узун, тахт ва тожи абадий бўлсин. Шох менга юксак хурмат кўрсатди, бу мендан кейинги олимларнинг обрўйини орттиради ва дунё тургунча донишманд одамларнинг хотиридан чиқмайди, чунки шох ўз юзини мен томон ўгирди, ўз мархаматини мендан аямади. Мени бу ерга келишга мажбур этган нарса ёлғиз шохнинг ўзига хайрли маслахат беришдир. Мен шохдан олимларга, уларнинг шаънига муносиб муомала қилишни талаб этаман. У, фикримни айтмоққа ижозат бериб, мени эркин қўйса бас, шундан кейин нима қилса унинг ишидир. Шох менинг айтган сўзларимга бовар қилмаган тақдирда хам мен ўз бурчимни адо этган бўламан. ҳалқ бу хақда мендан миннатдор бўлади.
Шох деди:
—    Эй Бейдабо, сўзла, мен сенинг айтганларингга диққат билан қулоқ осаман, юрагингда нимаики бўлса, хаммасини айт, мен сенга шунга лойиқ хадя берайин.
Бейдабо деди:
—    Шоҳим, менинг фикримча, инсонни бутун хайвонлардан юқори қўйган, уни дунёнинг бутун сирларидан воқиф этган тўрт нарса бордир: хикмат, ақл, қаноат ва адолат. Илм тахсил этмоқ, савод чиқармоқ ва хар нарсани атрофлича тушуна билмоқ — хикматга; тадбир, сабр, назокат, мархамат — ақлга; хаё, олижаноблик, ўзини қўлга олмоқ ва ўзининг хақ-хуқуқини билмоқ — қаноатга; тўғрилик, ваъдага вафо, эзгу ишлар қилмоқ ва яхши хосиятли бўлмоқ — адолатга тегишлидир. Бу сифатларнинг бариси бир одамда мужассам бўлса, дунёдаги энг буюк саодат хам уни гангитиб қўймайди, энг катта бахтсизлик хам уни саросимага сола билмайди. Бундай одам уни хурсанд қилмайдиган нарсаларнинг борлигидан ғам емайди, ўзида мавжуд нарсалардан тақдир махрум этгудек бўлса, хафаланмайди, бошига фалокат келса, ўзини йўқотиб қўймайди. Ҳикмат — битмас ва туганмас хазинадир, харжлаганинг билан у камаймайди, асраганинг билан унга нуқсон етмайди. Ҳикмат шундай либоски, кийганинг билан эскирмайди. У нихояси йўқ рохатдир. Менинг шох қаршисида сўзлашга журъат эта олмай турганимнинг сабаби қўрқув ва шохга бўлган хурматим эди. Шохлардан қўрқмоқ, хусусан, ўзидан аввал ўтган шохларга нисбатан шаън ва шавкати ортиқ бўлган шохдан қўрқмоқ лозимдир. Оталар дебдурларки, тилингни сақла, бошинг саломат бўлади, ўринсиз сўзламоқнинг натижаси пушаймонликдир.
Нақл қилурларким, бир подшо маслахат учун ёнига тўрт олимни чақириб дебди: «Ҳар бирингиз шундай бир хикматли сўз айтингки, у тарбиянинг асоси бўлсин». Биринчиси айтибди: «Донишманд одамларга ярашадиган нарса сўзламасликдир!» Иккинчиси: «Дунёда энг фойдали нарса шуки, инсон ўз ақли билан маслахатлашмасдан сўз бошламасин», дебди. Учинчиси айтибди: «Инсон учун энг хайрли нарса ўйламасдан сўзламасликдир». Тўртинчиси дебди: «Инсон учун энг тинчи шуки, у ўзини толе ихтиёрига топширсин».
Дейдиларки, бир кун ҳитой, Ҳинд, Эрон ва Рум подшоҳлари бир ерга йиғилиб: «Ҳар биримиз шундай бир сўз айтайликки, дунё тургунча турсин», деб шартлашибди. ҳитой шоҳи дебди: «Мен айтган сўзимни қайтариб олишдан кўра, айтмаган сўзни оғиздан чиқармасликка харакат қиламан». Ҳинд шохи дебди: «Мен ўз фойдасини кўзлаб айтган сўзи зарар берган ва ўзини халок қилган одамга хайрон қоламан». Эрон шохи дебди: «Оғзимдан чиқмаган сўзим — қулимдир, айтганим эса хожам». Рум шохи дебди: «Мен айтмаган сўзимдан хеч вақт пушаймон бўлмаганман, айтганимдан эса жуда тез-тез пушаймон бўламан. Шохларнинг индамаслиги фойдасиз ва бемаъни сухбатлардан кўра яхшидир. Инсон хар нарсадан кўпроқ ўз тили туфайли балога йўлиқади».
Оллох шохнинг умрини узун қилсин, у менга эркин сўзлашга рухсат берди. Мен эса мақсадга ўтмасдан олдин шуни айтиб ўтишликни истайманки, айтмоқчи бўлган сўзларимнинг мевасини мен эмас, шох теради. Менинг сўзларимдан келадиган фойда хам ёлғиз шохга насиб бўлади: шох хам наф кўради, хам шухрат қозонади, мен эса фақат ўз бурчимни адо этган бўламан, холос. Шохим! Айтмоқчи бўлган сўзим шуки, сен ўзингдан олдин ўтган, шахарлар бино этган, рўйи заминни бўйсундирган ўз ота-боболарингнинг тахтида ўтирибсан. Улар қалъалар қурганлар, лашкарларга саркардалик қилганлар, мол-дунё тўплаганлар ва узоқ умр кўрганлар. Уларнинг отлари бехисоб, аслахалари кўп бўлган. Улар ўз умрларини шод-хуррамлик билан кечирганлар, бу уларнинг фойдали ишлар қилишларига моне бўлмаган, уларни мурувватли бўлиш хислатидан махрум этмаган. Улар ўз давлатларининг буюк қудратига, ўзларининг шаън ва шавкатларига қарамай, зиммаларига олган вазифаларини уддалаганлар.
Эй, бахт юлдузи хамма юлдузлардан хам порлоқ бўлган шох, энди сен уларнинг ерларига, шахарларига, давлатларига ворис бўлдинг, Оллох сенга салтанат берди. Сенга давлат ва лашкар мерос қолди, лекин зиммангга тушган вазифани уддасидан чиқмаяпсан, хокимиятни қўлга олган шохлардан талаб этилган қонун-қоидага риоя қилмаяпсан. Йўқ, сен хаддингдан ошдинг, зулм қилмоқдасан, мағрурландинг, раиятга хақорат кўзи билан қараб, унга ёмонликни раво кўрасан, жабр-зулмингнинг сон-саноғи йўқдир. Ҳолбуки, сенга муносиб бўлган шарафли вазифа — ўз аждодларинг йўлидан, сендан аввал ўтган шохларнинг йўлидан бормоқ, сенга мерос қолган савоб ишларни давом эттирмоқ, номингни булғайдиган ишлардан қўл тортмоқ эди. Сен ўз раиятинг додига қулоқ беришинг лозим, улар учун шундай қонунлар жорий қилмоғинг керак эдики, бу қонунлар хотираларда илалабад яшасин, замон ўтган сари сенинг шухратингни орттирсин: бу қонунлар абадий сулх ва адолат рамзи бўлиб қолсин. Шухратпарастлик ва мансабпарастликка берилиб иш кўрган одам ақлли хисобланмайди. Мамлакатни адолат билан идора этадиган одам ақлли ва тадбиркор хисобланади. Шо-хим, сен яхшилаб ўйлаб кўр, айтганларим сенга оғир ботмасин. Ахир, бу сўзларни айтишдан мақсад сенинг инъоминг ёки мархаматингдан умидвор бўлмоқ эмас. Йўқ, мен сенинг хузурингга виждон азобини чекаётган самимий бир дўст сифатида келдим.
Бейдабо айтадиганларини айтиб, насихатини тугатгач, шохнинг юраги уриб кетди, у нафрат билан Бейдабога деди:
— Сен менга жуда оғир сўзлар айтдинг. Менинг мамлакатимда шундай сўзларни юзимга айтишга журъат қила оладиган яна бошқа бир одам топилишига инонмайман. Еши кичик,
кучсиз, қўлидан фойдали иш келмайдиган сендек одам бунга қандай қилиб журъат этдинг? Сен журъат қилиб менга шундай сўзлар айтдингки, уларни тилга олишга хеч кимнинг хаққи йўқдир. Ҳаддан ташқари тилинг узунлигига хайрон қолдим. Мен бошқаларнинг тилини қисқа қилмоқ учун сени оғир жазога махкум этишим керак. Бу, шох билан учрашиш шарафига муяссар бўладиган, сен талаб қилган нарсаларни орзу этадиган барча бошқа одамларга ибрат бўлсин.
Шу сўзларни айтиб, шох Бейдабони қатл қилишга фармон берди. Фармонни бажариш учун Бейдабони олиб чиққанларида шох фикридан қайтиб, уни ўлдирмай, зиндонга ташлашни буюрди. Бейдабони оёқларига кишан солиб, зиндонга ташладилар. Сўнгра подшо унинг шогирдларини, уникига келиб-кетувчиларни тутиб келиш учун одам юборди. Бейдабонинг шогирдлари бошқа мамлакатларга қочдилар, денгизлардаги оролларга яшириндилар. Бейдабо узоқ вақт зиндонда ётди, шох у қаёқда деб сўрамади ва уни эсга олмади. Ҳеч ким уни шохнинг ёдига солишга журъат эта олмас эди.
Бир кеча шохнинг уйқуси келмади, у кўзларини осмонга тикиб, фалакнинг айланиши ва юлдузлар харакати хақида хаёл суриб кетди. Шунда ўйга толиб, осмон хақидаги бир масалани Хал этмоқчи бўлди. Бирдан Бейдабо ёдига тушди, унинг сўзларини эслаб, ўзининг қил-ган ишидан пушаймон бўлди. У ўз-ўзига деди: «Мен бу донишманднинг хақли талабларига эътиборсизлик билан қараб, яхши иш қилмадим. Шу ишни жахл устида қилдим, оталар эса шохлар ғазаб вақтида ўзларини тутиб олишлари керак, деганлар. Чунки ғазаб хар нарсадан кўра кўпроқ нафратга лойиқдир. Шунинг учун хам сержахл одамдан хамиша нафрат қиладилар, хасислик хам яхши сифат эмас, мўлчилик мавжуд ерда уни кечириб бўлмайди, ёлғон гапирмоқ, қўполлик билан тавозе қўшни бўлолмайди. Мен содиқ, пок ва самимий бир одамга дуч келиб эдим, лекин уни муносиб равишда қарши олмадим, унинг хурматини жойига келтира билмадим. Йўқ, унинг жазоси бундай бўлиши керак эмас эди. Мен унинг айтганларига қулоқ осишим, маслахатига киришим лозим эди... »
Шох ўша соат Бейдабони олиб келишларини буюрди. Бейдабо эшикда кўриниши билан шох
деди:
—    Эй Бейдабо! Сен ўз айтган сўзларинг билан мени йўлдан оздиришни истамаган бўлсанг керак?
Бейдабо деди:
—    Эй саодатли шоҳим! Мен фақат сенинг фойдангни, раият фойдасини кўзлаб сўзладим, салтанатинг абадий бўлсин деб айтдим.
Шох унга деди:
—    Илгари айтган сўзларингни оқизмай-томизмай яна бир такрорла. Бейдабо сўзлар, шох унинг сўзларини диққат билан тинглаб туриб қўлида ушлаб турган нарсани ерга бир урди. Сўнгра у бошини кўтариб Бейдабога ўтиришни буюрди. Бейдабо ўтирди. Шох унга деди:
—    Эй Бейдабо! Сенинг айтганларинг менга ёқди, юрагимдан жой олди. Мен сенинг маслахатларингни ўйлаб чиқиб, уларга амал қиламан.
Сўнгра Бейдабонинг оёқларини кишандан бўшатдилар ва унга шохона либос кийдирдилар. Шу замон Бейдабо деди:
—    Шоҳим! Мен нимаики сўзлаган бўлсам, хаммаси сенинг фойдангдир.
Шох деди:
—    Тўғри айтяпсан, эй донишманд! Энди мен шу кенгашда бутун давлатни сенга топширай! Бейдабо деди:
—    Шоҳим! Мени бу ишдан озод қил. Мен сенсиз бу ишнинг уддасидан чиқа олмасман.
Шох унинг гапини маъқул топди ва кетишга ижозат берди. Лекин у чиқиб кетгач, шох нотўғри иш қилиб қўйганини тушунди ва уни қайтариб келиш учун одам юборди. Бейдабо қайтиб кирди. Шох унга деди: «Мен сени бу ишдан озод қилиш фикридан воз кечдим. Шундай қатъий қарорга келдимки, ёлғиз сенгина бу ишни бажара оласан, сендан бўлак хеч ким уни хал эта олмайди. Менинг сўзимга қулоқ ос, розилик бер». Бейдабо рози бўлди.
У замондаги шоҳларнинг шундай бир одати бор эди: кимники вазир қилмоқчи бўлсалар, унинг бошига тож кийдириб, отга миндирар ва сарой аъёнлари қуршовида шахар айлантирар эдилар. Шох Бейдабога тож кийдириб, отга миндириб шахарни кездиришга фармон берди. Бу амр бажо келтирилгандан сўнг Бейдабо адолат ва хаққоният маснадига ўтирди. У зўравонларга қарши курашиб, заифлар ёнини олди, зулмкорларга жазо берди, адолатли қонунлар жорий қилди. Бейдабонинг шогирдлари бу хабарни эшитгач, хар тарафдан кела бошладилар ва шохнинг унга бахш этган бу хокимиятидан, инъом ва эхсонидан бехад шод бўлдилар. Улар Оллохнинг иродаси билан Бейдабо шох Добшалимни ярамас ишлардан тия олганлиги учун шукур қилдилар.
Улар ўша кунни байрам деб эълон этдилар ва бу кун қиёматгача уларнинг мамлакатида байрам қилинадиган бўлди.
Бейдабо Добшалимдан хотиржам бўлгач, мамлакатни идора этишдан бўшаган вақтларида фойдали фикрлар ифода қилинган кўп нафис китоблар ёзди.
Шох эса Бейдабонинг маслахатига кириб, раиятига мехрибонлик кўрсатиб, адолат билан подшохлик қила бошлади. Буни кўрган бутун ахоли ва сарой ахллари шохдан рози ва мамнун бўлдилар. Бейдабо ўз шогирдларини тўплаб, уларга ажойиб панд-насихатлар қилди.
—    Биламан, мен шох олдига кетганимда, сизлар ўзингизча, адолатсиз, ғаддор хукмдор хузурига боришга қарор қилди, демак, у ақлдан озиб қолибди дедингизлар. Энди эса менинг режаларим ва фикримнинг тўғрилигини кўриб турибсиз ва мен шохнинг ёнига унинг хусусиятларини ўрганмай, кўр-кўрона келмаганлигимни англадингиз. Мен шундай бир гап эшитганман: «Шохлар хам ёшларга ўхшаб жўшқин ва қизиққон бўладилар. Бу сармастликнинг олдини эса ёлғиз донишмандлар ва олим одамларгина ола биладилар. Улар ўз сўзлари билан подшохларни тарбиялашлари, маслахатлари ойдин ва ишонарли далиллар билан уларни адолатсизлик ва қабих ишлардан сақлаб қолишлари лозимдир».
Мен олимларнинг шохлар хақида айтган бу сўзларини донишмандларга топширилган вазифа деб қабул этдим, чунки хакимлар муолажа билан баданни хасталикдан қутқариб, уни соғайтирганларидек, ақлли одамлар хам ўз насихатлари билан подшохларни бундай мастлик уйқусидан уйғотмоқлари лозим. Мен бу ишни ўз холича қолдиришни истамадим. Шунингдек, мен ўлгандан сўнгра ер юзида яшаган инсонлар менинг ва сизнинг хақингизда ғийбат қилиб: «Добшалим шохнинг даврида Бейдабо номли бир файласуф яшаган эди, лекин у шохни жиноий ишлардан қайтариб қолмаган эди», деб гапириб юришларини хам истамайман. Агар бирортаси: «У ўз жонини сақлаб қолиш учун гапиролмаган эди», деса, бошқалари унга жавобан: «У шохдан ва унинг саройидан узоқларга кетса хам бўлар эди», дейди. Лекин ватанни
тарк этиш жуда оғирдир. Мен хаётимни қурбон қилишга қарор қилдим. Мендан кейин яшайдиган олимлар мени хақли деб хисоблайдилар. Мен, орзуларим ё барбод бўлади ёки ғалаба қозонади, деб ўзимни ўтга ташладим, энди эса сиз бунинг оқибатини кўриб турибсиз.
Қандайдир бир масалда шундай дейилган: «Қуйидаги учта нарса бўлмаса, хеч вақт улуғ мавқега мушарраф бўлиш мумкин эмас: бири машаққат чекиш, иккинчиси мол-давлат сарф этиш, учинчиси эътимодга эга бўлиш». Тахликали ишга киришишга жасорат этмаган одам орзусига ета олмайди.
Шох раият билан яхши муносабатда бўлар, Бейдабо эса хамма ишларни идора этар эди. Шундай қилиб, Добшалимнинг хукмронлиги мустахкамланди. У раият иши билан бевосита шуғулланиш, душманларнинг харакатини кузатиш ва уларга қарши кураш олиб бориш ишларидан озод бўлгани учун (бу ишларнинг хаммасини Бейдабонинг ўзи олиб борар эди), хинд файласуфлари томонидан ота-боболарига бағишлаб ёзилган китобларни ўқиш билан машғул бўлди. У хазинада ўзига хам бағишланган бир китоб бўлишини истади. Бундай китобни фақат Бейдабогина ёзиши мумкинлигини у яхши билар эди. Шох Бейдабони ёнига чақириб, хилватда унга деди:
—    Эй Бейдабо! Сен хинд файласуфисан, хинд олимисан. Мен ўзимдан аввал ўтган шоҳларнинг хикмат хазиналари билан танишиб, кўп нарса тушундим. Мен номига китоб бағишланмаган ва ўша китобда унинг олиб борган жанглари, хаёти, ўзининг ва сарой ахлларининг фазилатлари хақида бирор нарса ёзилмаган хеч бир подшо топмадим. Уларнинг баъзиларини ўз донишмандликларини кўрсатмоқ учун шохларнинг ўзлари ёзганлар, баъзилари эса файласуфлар томонидан ёзилган. Уларнинг бошига тушган савдо, яъни ўлим менинг хам бошимга тушади, деб қўрқаман. Ўлимга чора йўқдир. Шунда менинг хазинамда шоҳлар уни ўқиб, менинг ким эканлигимни ва қандай ишлар қилганлигимни билиб оладиган бирон китоб топилмаса яхши бўлмайди. Истагим шуки, сен бутун илму хунарингни ишлатиб, менинг хақимда бир ажойиб китоб ёзсанг ва унда халқни қандай қилиб идора этиш ва тарбиялаш лозимлигини кўрсатсанг, шохларнинг ахлоқи қандай бўлишини, раият билан қандай муносабатда бўлиши, раиятнинг шохга қандай хизмат қилиши зарурлигини баён этсанг, балки шунда мен учун давлат ишларини бошқариш осон, раият учун хам енгил бўларди. Бу китоб келажак асрлар учун мендан ёдгор бўлиб қолишини истар эдим.
Бейдабо буни эшитгандан сўнг тиз чўкиб шохга таъзим қилди ва бошини кўтариб деди:
—    Эй толеи баланд шоҳ! Бахт юлдузинг порласин. Умринг узоқ бўлсин! Ҳақиқатан хам шохнинг юксак фазилати, қудратли ақл-идроки уни хидоят йўлига олиб чиқди, хозиргина эшитган сўзларим менда сен буюрган буюк ишни бажаришга иштиёқ уйғотди. Қодир Оллох шохнинг бахт-саодатини абадий этсин, уни ўз ниятига етказсин, мени эса унинг орзусини бажариш шарафига муяссар қилсин. Шох нимаики истаса, амр этсин, мен бутун ақл-заковатимни ишга солиб, унинг амрини бажо келтиришга тайёрман.
Шох деди:
—    Эй Бейдабо! Сен хамиша юксак ақлинг, юксак фазилатинг туфайли шоҳнинг амр-фармонларини бажо келтириб ном чиқазгансан. Мен сени яхши биламан. Сен бутун имконият ва қобилиятингни ишга солиб шундай бир китоб ёзки, унда хам жиддий ва хазил-мутойиба сўзлар, хам хикмат ва фалсафага оид фикрлар мужассамлашган бўлсин, ақлли одамлар ундан хам хикмат дарси олсинлар, хам кулгидан ўзларини тўхтатолмасинлар.
Бейдабо бош эгиб деди: «Мен шохнинг амрини мақбул кўрдим, аммо бунинг учун маълум вақт берилишини истайман». Шох деди: «Қанча вақт керак?» Бейдабо деди: «Бир йил».
Шох деди: «Эй Бейдабо! Майли, бир йил вақт бераман».
Сўнгра шох Бейдабога китобни тамом қилганига қадар яхши тирикчилик кечириши учун шохона инъомлар берилишини амр этди.
Бейдабо бир неча кун китобни нимадан бошлаш, қай шаклда ёзиш, бобларга нима деб ном қўйиш устида бош қотирди. Сўнгра у ўз шогирдларини тўплаб деди:
—    Шох менга шундай бир вазифа юкладики, менинг хам, сизнинг хам, бутун мамлакатимизнинг хам шухрати шу вазифанинг бажарилишига боғлиқдир. Мана шу иш юзасидан мен сизларни чақиртирдим. Добшалим шох ўзининг номига атаб бир китоб ёзишни топширди. У хикмат хазинаси бўлиши керак. Энди хар бирингиз бу сохага оид бирор нарса ёзиб менга беринг, унда юксак ақл хамда қобилиятингиз даражаси ўз аксини топган бўлсин.
Улар шундай жавоб бердилар:
—    Эй хурматга лойиқ файласуф ва нозик таъб устоз! Сени донишманд, ақл-фаросатли, бенуқсон қилиб яратган Оллоҳга қасамёд қилиб айтамизки, хеч вақт бундай нарса бизнинг ақлимизга келмаган эди. Сен бизнинг рахнамоимизсан, орамизда сендан салохиятли киши йўқдир. Сен бизнинг шаън ва шухратимизсан, биз ўзимиз сенинг кўмагингга мухтождирмиз. Лекин шунга қарамай, амрингни бажо келтиришга харакат қиламиз.
Сўнгра Бейдабо шохнинг мақсадини, китобнинг қай тартибда ёзилиши хақида айтган гапларини уларга гапириб берди.
Аммо улар шох ёзишни буюрган бу китоб хақида бирор фикр айта олмадилар.
Шогирдларнинг ожизлигини кўрган Бейдабо, бу ишни фақат кўп ўйлаб, чуқур мулохазалар юргизиб амалга ошириш мумкинлигига амин бўлди. У деди: «Мен ўйлаб қарасам, кема уни идора қилувчи денгизчиларнинг кучи билангина харакат этиши мумкин экан. Лекин шуни хам айтиб ўтайки, кема бутун масъулиятни ўз устига олган кема дарғасининг буйруғи билангина тўлқинларни ёриб денгизлар оша оладилар. Кемада денгизчилар кўп бўлиб, унга хаддан ортиқ кўп йўловчи тушган бўлса уни ботиб кетишдан сақлаб қолиш мумкин эмас».
У китобни ёзиш хақида узоқ ўйлади, бу нарса унинг хаёлидан нари кетмади. Ниҳоят, хилватга чекиниб китобни ўзининг бир истеъдодли шогирди билан биргаликда ёзишга киришди. У бир талай қоғоз, ўзи ва шогирдига етадиган бир йиллик озуқа тўплаган эди... Улар бир хонага кириб, эшикни беркитиб олдилар. Бейдабо шогирдига айтиб турар, шогирди эса ёзиб борар ва ёзганини ўқиб эшиттирарди. Мазмун хамда шакл жихатидан яхши ва гўзал китоб ёзилгунига қадар улар шу зайлда ишладилар. Бей-дабо китобни ўн тўрт бобга бўлди, уларнинг хар бири ўзича мустақил эди. Ҳар бобни ўқиган киши ўзи учун фойдали маълумот олсин деб хар қайси бобда савол ва жавоб бор эди. Бейдабо бу китобга «Калила ва Димна» деб ном қўйди. Китобда барча гаплар вахший хайвонлар, дарранда ва паррандалар тилидан берилади. Тоинки, китоб шакл жихатидан содда одамларга эрмак, мазмуни ақлли одамларга ибрат бўлсин. Бу дунёда хам, у дунёда хам инсонга нима лозим бўлса, хаммасини улар бу китобда топа олсинлар, шохга тобе бўлиш ва ёки зарарли нарсалардан қочиб қутула олиш учун қандай тадбирлар фойдали эканлигини бундан ўргансинлар. Бейдабо бу китобни хам ташқи кўриниш, хам ички жихатдан бошқа хикматли китоблар шаклида ёзди. Шундай қилиб, ундаги хайвонлар эрмак, уларнинг сўзлари эса хикмат ва насихат бўлди.
Бейдабо бу ишни бошлар экан, китобнинг аввалига икки дўстни, уларнинг қандай қилиб дўстлашганлари ва бу мустахкам дўстликни бир хоин қандай қилиб бузганлигини тасвир этди.
У шогирдига нима айтса, шунигина ёзишни, ўзидан бир нарса қўшмасликни буюрди, чунки эхтиётсиз бирор сўз аралашиб қолса, унинг маъносига путур етказарди.
Бейдабо китобнинг жиддий ерларини қайд этиб ўтар эди. Шундай қилиб, хайвонлар тилидан айтилган хикматли сўзларга тўла бўлган бир китоб майдонга келди. Бейдабо ва унинг шогирди китобнинг ташқи кўриниши қандай бўлиши масаласини бир четга қўйиб, унинг мазмунини ташкил этган хикматли насихатлар ва ибратли ўгитлар билан машғул бўлдилар.
Жоҳил одамлар ўзлари хақида ёзилган бу китобнинг маъносини тушунмаслар, хайвонларнинг сўзлашларига хайрон қолиб, уни хазил деб ўйларлар — кимки бу китобни яхши ўзлаштирмаса, ундаги сўзларнинг маъноси унинг учун қоронғи қолади. Бундай одам-лар ушбу асарнинг мақсадини тушунмайдилар, холбуки, файласуфнинг биринчи бобда олға сурган мақсади ака-укаларнинг иноқлашувларини, уларнинг дўстлигини қайси воситалар билан мустахкамлашни тасвир этишдан ва шахсий манфаати учун икки дўст орасига душманчилик соладиган разил одамлардан эхтиёт бўлишга чақиришдан иборатдир.
Китоб ёзилиб, белгиланган мухлат тамом бўлгач, Добшалим шох Бейдабога одам юбориб, муддат тугади, сен нима иш бажардинг, деб айтишни буюрди. Бейдабо шохга, мен берган ваъдамни бажардим. У ўз аъёну ашрофларини тўплаб, менга амр этсин, ўшаларнинг хузурида китобимни ўқиб берайин, деб хабар юборди.
Добшалимнинг юборган одами унга бу хабарни етказганида у нихоятда севиниб кетди. Мамлакат фуқаросининг тўпланиши учун кун белгилади. Сўнгра Ҳиндистоннинг энг узоқ ерларигача жарчилар юбориб, китобни эшитишга таклиф этди. Белгиланган кун халқ йиғилди. Подшо ўзи хамда Бейдабо учун иккита тахт ясатди. Ҳамма хозир бўлгач, Бейдабо шоҳнинг қабул маросимларида донишмандлар киядиган ва қора жундан тўқилган либосини кийиб шох қаршисига келди, ерга қадар эгилиб таъзим қилди ва бошини кўтармай турди.
Шох унга деди: «Эй Бейдабо, бошингни кўтар! Бу кун мотам куни эмас, шод-хуррамлик кунидир».
Китоб ўқилар экан, шох ундан хар бобнинг маъносини, унинг кўзлаган мақсадини сўрар, у эса хар бобнинг мақсад ва маъносини изохлаб берар эди. Шох бундан янада севинар ва файласуфнинг истеъдодига тахсин қилар эди.
Шох деди: «Эй Бейдабо! Сен орзу қилган нарсамни рўёбга чиқардинг, менинг истагим шу эди. Энди тила, тилагингни берайин».
Бейдабо шохга бахт-саодат тилаб, деди: «Шохим, менга давлат керак эмас, бошқа либослардан ўз устимдаги кийимимни афзал кўраман. Лекин, рухсат берилганлиги учун ўз илтимосимни шохга билдириб ўтсам».
Шох деди: «Хўш, қандай илтимосинг бор? Сен нима сўрасанг биз бажо келтирамиз».
Бейдабо деди: «Шохдан сўрайдиган нарсам шуки, менинг китобимни оққа кўчиртириб, ота-боболарнинг асарлари каби уни хам эхтиёт сақласалар. Мен бу китоб хинд диёридан чиқиб кетмасин, унинг борлигидан хабардор бўлган Эронликлар уни қўлга киритиб, йўқ қилиб юбормасинлар деб қўрқаман. Хуллас, бу китоб «Ҳикмат уйи», яъни китобхонадан ташқарига чиқмасин».
Шундан сўнг шох Бейдабонинг шогирдларини чақириб, уларга қимматли либослар ва бошқа инъомлар берди.
Бу китоб х.ақидаги хабар шох Хусрав Ануширавонга етиб борди. Ануширавон эса илмни ва ибратли китобларни жуда севар эди.
Шунинг учун у, Барзуя хакимни Ҳиндистонга юборди. Барзуя хам бутун хийла ва найрангларни ишга солиб, китобни қўлга тушириб келди ва Эрон хазинасига топширди. Шундан кейингина Ануширавоннинг кўнгли жойига тушди.


ИБН МУҚАФФА ТАРТИБ ЭТГАН КИТОБДАГИ МУҚАДДИМА

Абдулҳасан Абдулла ибн Муқаффа шундай нақл этади: Худо ўз қудрати билан оламни яратди, инсонларни ақл-идрокда бошқа хайвонлардан афзал қилиб яратди. Чунки ақл саховат эшиклари ва саодат хазиналарининг калитидир. Бу дунёнинг нозу неъматларига эга бўлиш, у дунёнинг азобу уқубатларидан халос бўлиш ақл ва идрокка боғлиқдир. Истеъдод, ақл-идрок эса икки хилдир: бири — табиий, яъни онадан туғма бўлиб, иккинчиси — касбий, яъни унга тажриба воситаси билан эришилади. Инсонларда бўлган табиий истеъдод ёғочдаги ёниш хусусиятига ўхшайди: ёғочга ўт қўйилмаса ёнмайди, шунга ўхшаш табиий истеъдод, ақл ва камол хам тажриба бўлмаса, ўзини кўрсата олмайди. Олимлар, тажриба инсон ақл-идрокини камолга етказади, деганлар.
Ҳар ким табиий ақл-идрокка эга бўлиб, илму хунар касб этишга интилса, бу дунёда хам ўз орзусига етади, у дунёда хам роҳат кўради... Билмоқ лозимдирки, хар ишнинг ўз сабаби, хар сабабнинг ўз сабабчиси ва хар сабабчининг ўз макон ва замони бордир. Умр-нинг узунлиги ва давлатнинг борлиги шуларга боғлиқдир. Бу китобнинг Ҳиндистондан Форс мамлакатига келтирилишининг сабаби шуки, Оллох таоло қудратли, саодатли Ануширавон Кусро ибн Қубодни ақл нуридан ва адолат хазинасидан бахраманд этган, ишбилармон, фавқулодда ғайратли қилиб яратган. У ўзининг бу хислатлари соясида илм ўрганиб, турли сохада шундай камолот даражасига етганки, ундан аввалги шохларнинг хеч бири бунга эришолмаган.
Кунлардан бир кун унинг қулоғига қуйидаги хабар етиб келди: хинд хазинасида парранда, даррандалар, ваҳший хайвонлар тилидан ёзилган бир китоб бор эмиш; бу китоб саховат манбаи, илм-хикмат калити эмиш; у шоҳларга наф келтирганидек, халққа хам фойдали эмиш; бу китобнинг номи «Калила ва Димна» эмиш.
Ануширавон одил бу китобни қўлга киритиш ниятига тушди. У истеъдодли олим, фозил, форс хамда хинд тилларини яхши биладиган бир одам топишни ва бу мухим ишни унга топширишни амр этди.
Анча ахтаришлардан сўнг юқорида айтилган хусусиятларга эга бўлган ва тиб илмида шухрат қозонган Барзуя отли ёш йигитни топдилар.
Ануширавон уни ёнига чақириб деди:
— Кўп мулоҳазалардан сўнг сенга жуда масъулиятли ва мухим бир иш топшириш қарорига келдик. Сенинг ақл-заковат, буюк истеъдод эгаси эканлигинг, ишбилармонлигинг, ғайратли ва иродали эканлигинг бизга маълумдир. Ҳиндистонда бир бебахо китоб бор, деб айтадилар. Биз ўша китобни келтириб, мамлакатимиздаги бошқа хинд китоблари қаторига қўйилишини истар эдик. Сафар тайёргарлигини кўриб, Ҳиндистонга азимат қил ва нима қилиб бўлса хам ўша китобни олиб кел. Сенга етарли даражада пул ва мол-давлат берамиз. Уларни лозим бўлган ерда керагича харжлайсан. У ерда кўпроқ қолишга тўғри келса, сенга яна пул керак бўлиб қолса, ёз, юборамиз.
Сўнгра у мунажжимларга йўлга чиқиш учун яхши кун ва соат белгилаб беришни буюрди. Барзуя белгиланган куни эллик хуржун динор олиб сафарга чиқди. Бутун қўшин, саркардалар ва давлат арбоблари уни кузатиб қолдилар. Барзуя ўз устига юклатилган вазифани бажариш иштиёқида йўл босар эди. У Ҳиндистонга етиб боргандан сўнг подшохнинг пойтахтига келди ва ўша ерда истиқомат қила бошлади. У олимлар йиғилишига, аъён ва акобирлар мажлисига, фақир-фуқаро тўпланадиган ерларга борар, хар жойни кўрар, шохнинг яқин одамлари, шахарнинг мўътабар кишилари, олим ва файласуфлари хақида суриштириб, маълумот тўплар эди. У қаерга бормасин, хамма ерда одамларга аралашиб юрар, хамма билан дўстлашиб кетар эди. У хаммага, мен бу ерга илм ўрганмоқ ва тахсил олмоқ учун келганман, дер эди. Чуқур илми борлигига қарамай, ўзини содда тутар ва ўзини авом одамлардан деб таниттирар эди. Нихоят, у ахтарганини, истаган одамини топди. Бу одам ўз ақли, истеъдоди ва хушёрлиги билан бошқалардан ажралиб турар эди. Барзуя у билан дўстлашди, унга шу қадар яхшиликлар қилдики, охири ака-укадай бўлиб қолдилар. Оз вақт ичида Барзуя унинг хулқ-атворини ўрганиб, садоқатини синовдан ўтказди. Сўнгра ўз-ўзига деди: «Агар сирим калитини унга бериб, кўнглим эшигини очсам, нонкўрлик қилмас, дўстлик ва ўртоқлик хиссига хиёнат қилмас».
Вақт ўтиб, уларнинг орасидаги самимийлик анча мустаҳкамлангач, Барзуя унинг омонатга хиёнат қилмаслигига, сирни хеч кимга очмаслигига ишонди. Бир кун унга шундай деди: «Биродар, менинг бир сирим бор, уни хозирга қадар сендан яширар эдим, лекин билишимча сен буни сезар эдинг, чунки донога бир ишора кифоядир».
Ҳинд деди: «Тўғри айтасан, сен ўз мақсадингни яширишга қанчалик уринсанг хам, лекин мен баъзи бир аломатлардан уни пайқаб юрар эдим. Энди сен ўзинг сўз очиб қолдинг, мен айтиб бера қолай. Сен бизнинг вилоятнинг нафис ва қимматли бойлигини олиб бориб ўз шохининг хикмат хазинасига қўймоқ учун келибсан, буни эса макр ва хийла билан амалга оширмоқчисан. Лекин мен сенинг сабру иродангга қойил қолдим. Сухбат вақтларида бирор сўз билан сирингни фош қилиб қўярсан, деб пойлаб юрдим. Лекин бундай бўлмади, матонатинг, эхтиёткорлигинг сенга бўлган эътиқодимни оширди, дўстлик ва биродарлик хисларини кучайтирди. Чунки хеч бир зот бу қадар ирода ва ўзини тута билиш қобилиятига эга бўлмайди, бегона вилоятда, ахлоқ ва одатларини билмаган бир халқ орасида хеч ким ўзини сен каби тута олмайди.
Инсоннинг ақли саккиз нарсада намоён бўлади: биринчи — назокатли ва мулойим муомалада; иккинчи — ўзи ким эканлигини билиб шунга риоя қилишда; учинчи — одил шохларга итоат этиб, уларнинг орзу-истакларини амалга оширишда; тўртинчи — ўз сирларини дўстга билдириш-билдирмасликни билишда; бешинчи — ўзининг ва бошқаларнинг сирини сақлашда; олтинчи — шохлар саройида эхтиёт бўлиб, ширин тил билан сарой одамларини қўлга ола билишда; еттинчи — тилини тийиб, ортиқча сўзламасликда; саккизинчи — мажлисларда жим ўтиришни одат қилиб, сўралмаган нарсаларни айтмаслик ва пушаймонлик келтирадиган сўзларни тилга олишдан сақланишда.
Кимда бу саккиз хусусиятнинг хаммаси бор бўлса, у дўстларидан истаган нарсаларни ола билади ва орзусига ета олади. Бу хусусиятларнинг хаммаси сенда бордир. Сенинг мен билан дўстлашишдан мақсадинг нима эканлиги хам маълум бўлди. Бундай фазилатларга эга бўлган одамнинг орзу ва истакларини рўёбга чиқармоқ мурувватли одамлар наздида хато хисобланмаса-да, лекин сенинг хохишинг мени дахшатга келтирди. Бу жуда буюк ва тахликали бир ишдир».
Барзуя қараса, хинд унинг макр ва хийласини тушунди. Унинг сўзларига эътироз билдирмасдан, жуда юмшоқ ва мулойимлик билан деди:
—    Мен бу сирни маълум қилиш учун жуда кўп хозирликлар кўрдим, айтадиганларимни қисм-ларга бўлиб, унга сарлавхалар қўйдим, муқаддимаси ва хотимасини белгиладим, ундан бутоқ ва шохчалар ўстирдим. Шояд шу йўл билан саодат сахросида мақсадимнинг жамолини қоплаган қўрқув пардасини отиб ташлаб, сенинг хурмат ва ёрдаминг соясида ватанга оқ юз билан қайтсам. Лекин сен биргина ишора билан менинг бутун фикримни тушундинг ва мени узундан-узоқ, зериктирувчи тушунтиришдан халос этдинг. Ҳақиқатан хам мен сен билан мана шу мақсадимга етишиш умидида дўстлашган эдим...
Ҳинд деди:
—    Ақлли одамлар учун дўстликдан азиз хеч нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи керак. Лекин бутун тилсимларнинг калити сирни сақлай билишдадир. Учинчи одам билмаган сир ёйилмас, чунки учинчи одам эшитган сир оғиздан-оғизга ўтади ва бунинг олдини олиш мумкин бўлмайди. Мен сенинг дўстлигинг-дан шу қадар хурсандманки, уни хеч бир нарсага алмаштира олмайман. Лекин агар бир одам бу ишдан хабар топса, бизнинг биродарлигимиз шундай бузиладики, уни хеч қандай мол ва давлат билан тиклаб бўлмайди.
Бизнинг шох жуда хушёр ва қахрлидир, арзимас нарса учун хам оғир жазо беради. Буни билиб қолса нима бўлади-а?
Барзуя деди:
—    Дўстликнинг энг улуғ шарти сир сақламоқдир. Менинг эса бу ишда сендан бошқа сирдошим йўқдир. Мен сенинг олижаноблигингга, ақл ва заковатингга ишонаман. Бу ишнинг тахликали эканини тушунаман, лекин орамиздаги дўстлик хаққи, сен мени ўз орзуимга етишдан махрум қилмассан, деб умид қиламан. Билгинки, бу сирни мен хеч кимга фош қилмайман. Лекин сен ўз яқин одамларингдан, ёру ошноларингдан кимдир билиб қолиб шохга айтиб қўяди, деб қўрқасан. Мен кетаман, сен бу ерда қоласан, биздан бошқа хеч ким бу сирдан воқиф бўлмагач, сен рохат-фароғатда хаёт кечирасан.
Ҳинд бироз ўйлаб, кейин, лозим бўлган китобларни Барзуяга бера бошлади. Барзуя зўр қўрқув ичида, эхтиётлик билан ишга киришиб, кечаю кундуз кўчириб ёзиб олиш билан машғул бўлди. Хуллас, у китобдан ва яна бўлак китоблардан нусха кўчирди. Сўнгра ишлари қандай эканлиги хақида Ануширавонга мактуб ёзиб юборди.
Ануширавон мактубни ўқиб бехад севинди. Фалакнинг гардиши шодликни ғамга айлантирмасидан олдин Барзуяга мактуб ёзиб, тезда етиб келишни амр қилди. Хатда хушёр бўлиш, хеч нарсадан қўрқмаслик, китобни яхши сақлаш, тўплаган нарсаларини олиб қайтишда эхтиёт бўлиш зарурлигини уқтириб ўтди. Сўнгра мактубга мухр босиб қосидга — чопарга бердилар. Мактубнинг душман қўлига тушмаслиги учун қосидга, яширин йўллар билан бор, хеч кимнинг кўзига кўринма, деб тайинладилар.
Мактуб Барзуя қўлига теккач, у дархол йўлга тушиб, Ануширавон саройига етиб келди. Унинг келганини шохга хабар қилдилар. Ануширавон ўша замоноқ Барзуяни ўз хузурига таклиф этди. Бар-зуя ичкари кириб бош эгиб таъзим қилди. Шох унинг чехрасидан хорғинлигини, ташвиш тортганлигини, хамон хаяжондан қутулмаганлигини уқиб, ачинган холда деди:
—    Ўзингни қўлга ол, эй бахтиёр инсон! Сен улуғ иш қилдинг, бизнинг чексиз миннатдорчилигимиз ва бенихоя хурматимизга сазовор бўлдинг. Бор, бир хафта дам ол. Кейин келасан, нима керак бўлса, хаммасини бажо келтиришни амр этаман.
Етти кун ўтгач, Ануширавон аъён-ашрофини чақиртирди. Сарой аҳллари тўплангандан сўнг Барзуяни чақиртириб, китобни ўқишни буюрди. Барзуя ўқиган сари ўтирганларнинг таажжуби ортар, китобнинг гўзаллигига хайрон қолар эдилар. Ўқиш тугагандан кейин улар Бар-зуяни олқишлаб, бу ишда муваффақият қозонгани учун тангрига шукур этдилар.
Ануширавон хазиналар эшигини очишни амр этди. У хазиналардаги пул ва жавохирлардан Барзуя тортинмай истаганича олиши мумкинлигини айтди. Барзуя подшохга таъзим қилиб
деди:
—    Подшоҳнинг мархамати ва мухаббати мен учун хамма нарсадан қимматлидир. Қандай мол-давлат, қандай бойлик шаҳаншоҳнинг менга кўрсатган навозишига арзийди? Менга шоҳнинг саломатлигидан бошқа хеч нарса керак эмас. Лекин зоти олийнинг таклифи ерда қолмасин деб, шаханшох хузурига келганда кийиладиган ва Хузистон кимхобидан тикилган шохона маросим либосидан олайин. — Барзуя сўзини давом эттириб деди: — Менга топширилган вазифани бажаришда дуч келган қийинчиликлар, хавф-хатар ва изтироблар кутилгандан оз бўлди. Бандаларда садоқат билан хизмат қилмоқдан бошқа орзу йўқдир. Вазифанинг яхши бажарилиши, муваффақиятлар ёлғиз шохнинг бахт-саодати ва толеи соясида содир бўлади. Бу ерда бўлмаган пайтимда сенинг оиламга кўрсатган мехрибонлигингга нисбатан қилган хизматим хечдир. Лекин мен ўзим учун шохнинг лутфи карами олдида кичкина саналган бир нарсани истардим. Агар шох шу истагимни бажарса, мени хам бу дунё, хам у дунёда рози қилган бўларди ва бахтиёр шохнинг номи хамиша яхшилик билан ёдланадиган бўларди.
Ануширавон деди:
—    Сен менинг шоҳлигимга шерик бўлмоқни истаган тақдирингда хам тилагинг қабул бўлур. Нимаики хохласанг, очиқ айт!
Барзуя деди:
—    Шох агар маслаҳат кўрса, Бузуржмехр бу китобга менинг хақимда махсус бир фасл илова этсин ва унда менинг ким эканлигим, насл-насабим, санъатим, қайси дин ва мазхабдалигимни ёзсин. Шох бу хақда амр берса, менга қилган яхшиликлари кишилар хотирасида абадий сақланиб қолар, менинг шохга қилган хизматим унутилмаган бўларди.
Бу сўзларни эшитиб Ануширавон ва унинг атрофидагилар хайрон қолдилар. Барзуянинг ўткир ақл ва истеъдод эгаси эканлигини эътироф этиб, хаммалари унинг бундай хохиш билдиришига хаққи бор, деган қарорга келдилар.
Ануширавоннинг амри билан Бузуржмехрни чақирдилар. У етиб келгач, Ануширавон шундай
деди:
—    Сен Барзуянинг қанчалик содиқ ва фидокор эканлигини, бизнинг амримизни бажо келтириш учун ўз бошини нақадар катта тахлика остига қўйганини, қандай изтироблар чекканлигини биласан. Биз Барзуя хизматлари эвазига истаганича мол-дунё олишини таклиф этган эдик. Лекин у буни рад этиб, хазинадан хеч нарса олмади. Сенинг бу китобга Барзуя хақида махсус боб илова қилиб, унинг таржимаи холини ёзишингни илтимос қилди. Биз хам шунга рози бўлдик. Энди сенга шундай бир боб ёзишни ва у тамом бўлгач, жамоатни йиғиб ўқиб беришингни топшираман. Лекин шундай қилиб ёзгинки, сенинг нималарга қодир эканлигингни мамлакатнинг барча катта-кичиги билсин.
Барзуя шохнинг буйруғини эшитгач, таъзим этиб ташаккур билдирди. Бузуржмехр ушбу бобни ёзиб, уни гўзал ибора ва хикматли сўзлар билан безади ва шох тайин қилган куни Барзуя ва мамлакат ахолиси олдида ўқиб берди. Подшо ва йиғилганларнинг хаммаси Бузуржмехр-нинг услуби ва маҳоратига қойил қолдилар. Подшо хизмат хақи эвазига Бузуржмехр-га олтин, кумуш, қимматбаҳо жавоҳирлар ва зарварақ тўн таклиф қилди, лекин Бузуржмехр тўндан бошқа хеч нарса олмади. Сўнгра Барзуя Ануширавоннинг қўлини ўпиб деди:
— Оллох шоҳимнинг умрини узун, бахтини порлоқ қилсин, бу дунёда хам, у дунёда хам фароғат кўрсин. Подшохнинг бу илтифоти унинг нақадар мархаматли эканлигини яна бир карра бутун дунёга намойиш қилди, унинг шухратини оширди ва мен бандасини бехад мамнун этди. Китобхонлар бу бобни ўқир эканлар, унинг нима учун ёзилганини тушуниб, энг фазилатли иш одил шохларга хизмат этиш эканлигини, инсонларнинг энг шарафлиси давр подшохи томонидан тақдирланиб, ўзига яраша мавқега эришган кимсалар эканлигини англаб оладилар...


БУЗУРЖМЕҲР БУХТЕҚОНИНГ«КАЛИЛА ВА ДИМНА» КИТОБИГА ЁЗГАН МУҚАДДИМАСИ

Насиҳат, хикмат ва масаллар мажмуасидан иборат бўлган бу «Калила ва Димна» китоби хинд брахманлари ва олимлари томонидан ёзилгандир. Ҳар бир халқнинг олим ва файласуфлари қандай воситалар билан бўлмасин, ўз орзу ва истакларини амалга оширмоқ, мавжуд тартибни интизомга солмоқ учун хамиша фикр юритганлар, хар хил тадбирлар ила иш кўрмоқчи бўлганлар, бу хақда хар хил асарлар ёзмоққа интилганлар. Шулардан бири қушларнинг ва ёввойи, йиртқич хайвонларнинг тилидан ёзилган, ғоят чуқур маъноли, нафис рамз ва муаммоларга тўла ушбу китобдир. Олимлар бу йўлни танлаб зўр имтиёзга эга бўлганлар: аввало, бу билан улар хохлаган сўзларини айтиб, хар бир бобни орзу қилганлари даражада безаш имкониятига эга бўлдилар. Бунинг устига, улар шу йўл билан насихат, хикмат, латифа ва хазил-мутойиба жавохирларини бир-бирига қўшганлар, токи доно одамлар бу китобни мутолаа қилиб, фойдалансинлар, нодон одамлар эса, уни афсона деб ўқисинлар.
Ёш шогирдлар эса саводли бўлмоқ, илм орттирмоқ, нақл айтмоқ мақсадида бу китобда ёзилганларни осонлик билан ёдларида сақлаб қолгусидурлар. Катта бўлиб, ақл ва тажриба эгаси бўлганларида, ёдлаб олган ва эсда сақлаб қолган нақллар устида фикр юритиб, уларни тушунганларида диллари нақадар фойдали хикматлар билан тўлганлигини кўрадилар ва ўзлари кутмаган улкан бойликка, битмас-туганмас хазинага эга бўлганларини биладилар. Ёшларнинг хурсандлиги катта бўлганда отасидан мерос бўлиб қолган хазинани топган ва шу туфайли умрининг охирига қадар қийинчилик кўрмасдан яшай олишни билган одамнинг севинчига ўхшайди.
Бу китобни ўқиганда унинг нима учун ёзилганлиги ва қандай мақсадларни кўзда тутганлигини тушуниш керак. Акс холда, одам бу китобдан фойда ололмайди, унинг бойликларидан бебахра қолади. Бу китобни тушунишнинг биринчи шарти шуки, уни тўғри ва диққат билан ўқий билишдир. Зотан, бир нарсани диққат билан ўқимасдан туриб унинг маъносини тушунмоқ мумкин бўладими ахир? Ўқишни яхши биладиган одам бу китобни ўйлаб ўқиши ва унинг маъносига етишга шошилмаслиги лозим, чунки унинг маъносига одам чуқур ўйлаб қи-йинчилик билан эришади.
Нақл қилибдурларким, бир киши сахрода хазина топиб олибди ва ўз-ўзига: «Агар бу хазинани бир ўзим ташисам, кўп вақтим бекор кетади, ўзим қи-й-налиб, қайтага хафа бўламан. Яхшиси, бир неча хизматкор топиб, бир неча уловни кира қилиб, бироз муддат ичида хазинанинг хаммасини уйга ташиб олай», дебди.
У худди шундай қилади. Ўзи хазинанинг тепасида қолиб лаъл ва жавоҳирлар юкланган уловларни уйига юборади. Лекин юкни олиб кетаётган хийлакор одамлар бойликларни у кишининг уйига эмас, ўз уйларига олиб боришни мақсадга мувофиқроқ деб биладилар.
У нодон киши эса ўз манзилига келганида пушаймонликдан бошқа хеч нарса топмайди.
Яна шундай хақиқатни билиш лозимки, фойда китобни ёдлашда эмас, уни тушуна билишдадир. Кимки билмаган ишга ёпишса, унинг ахволи сўзни ёдлаб олган, лекин маъносини тушунмаган одамнинг ахволига ўхшайди.
Ҳикоят
Ҳикоя қилибдурларким, бир одам арабча ўрганишни хавас қилиб, саводли дўстларининг биридан қизил лавха устига бир неча арабча сўзни ёзиб беришни илтимос қилибди. Дўсти хам илтимосини бажарибди. У одам араб сўзлари ёзилган қизил лавхани уйига олиб боради ва унга хар замон-хар замонда қараб қўйиб, нихоят, энди у араб тилини жуда яхши билиб олдим, деган фикрга келади. Бир кун мажлисда арабча сўзламоқчи бўлади-да, миси чиқади. Мажлисда бўлганлардан бири унинг хатосини юзига солиб кулади. У одам бундан ғазабланиб: «Мендан хато топа олмайсан — қизил лавхада шундай ёзилган», деб жавоб беради...
Инсонлар илмни эгаллаб олишлари, унинг маъносига чуқур тушунишлари керак, чунки илм нариги дунёга олиб бориладиган энг катта совғадир, бу дунёда эса билимли бўлмасдан яшаш қийиндир. Қуёшнинг жамоли ер юзини ёритганлиги ва хаётга абадий умр бағишлагани каби, илм хам қалбларни нур билан ёритади. Тажрибанинг шифобахш дори-дармонлари одамларни оғир жаҳолат касаллигидан халос этади. Яхши ишлар илмга ярашадиган безакдир. Билим дарахтининг меваси одамларга хайрихохлик ва бошқаларни ранжитмасликдир. Илмли бўлиб, унга амал қилмаганлар, била туриб тахликали йўлдан қайтмаган ва йўлда қароқчиларга учраб бор-йўғидан ажралган одам-ларга ўхшайдилар; ўзига ёқмайдиган овқатнинг зарарли эканлигини била туриб, ундан бош тортмайдиган, натижада, халок бўладиган касал одамларга ўхшайдилар. Хуллас, ишининг ёмон эканлигини била туриб нафсини тиёлмаган одам азоб-уқубат оловига йўлиқади. Масалан: бири кўр, бири соғ икки одам ўрага йиқилиб яраланса, фаросатли одамлар кўзи соғ одамни айблайдилар, кўзи ожиз кишининг ишини узрли деб биладилар.
Билимли бўлиш хар нарсадан олдин инсонга ўз хурматини оширмоқ ва иззатини сақламоқ учун керакдир. Илм, бошқаларга ўргатиш учунгина қўлга киритилса, одам ундан бирон фойда кўрмаса, у сувидан хамма фойдаланадиган, лекин бундан ўзи бебахра бўлган булоққа ўхшайди.
Икки нарсадан, яъни илм ва мол-дунёдан одам аввал ўзи фойдаланиб, сўнгра бошқаларга улашиб бериши керак. Яхши натижа берган тажрибаларни одам аввал ўзига, сўнгра бошқаларга татбиқ этиши лозим, яъни одам аввал ўзини, шундан кейин бошқаларни даволаши керак.
Кимки бу сўзларнинг маъносига етмаса ва уларни бекорчи деб хисобласа, беақл кўрга ўхшайди. Ақлли одам қиладиган ишининг охири нима билан ва қандай тугашини олдиндан кўз ўнгига келтириши керак, қаерга боришини йўлга чиқишдан олдин билиши керак. Акс холда, у йўлнинг ярмида сарсон бўлиб қолади, фалокатдан бошқа нарсага йўлиқмайди. Аждодларининг хаётидан ибрат дарси олиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланган одам ақлли хисобланади — ўзбилармон одам хамиша машаққат ичида яшайди. Зиёнли хар нарсада бир фойда бор деб айтадилар, энг яхшиси, бошқаларнинг кўрган зиёнларини назарда тутиб, уларнинг фойдали тажрибаларидан истифода этишдир. Бу йўлдан бормаган одамлар кундан-кунга муваффақиятсизликка учрайдилар ва нихоят, тажрибадан сабоқ олиб тўғри йўлга тушиб
олганларига қадар ўлим вақти келиб қолади. Кимки фурсатни қўлдан берса, харакат қилиб бир ишни амалга ошириш ўрнига танбаллик қилса, тўғрилиги шубхали ё ёлғон хабарларни тўғри деб хисоблаб, уларни бошқаларга гапириб юрса, ёлғончининг тилёғламалигига ишонса, ўз тарафдорларини фитначи одамларнинг сўзларига инониб ранжитса, масъул вазифаларни ақлли одамларга топширмаса, ундай кишининг яшашга хаққи йўқдир.
Ақлли одамлар тубан ва ярамас мухитга тушиб қолсалар, тезда ундан қутулишга харакат қилишлари керак. Кимки кўр-кўрона номаълум йўлга чиқса, халқнинг кетаётган тўғри йўлидан узоқлашади ва қанча кўп юрса, шунча кўп адашади. Агар бир одамнинг кўзига тикан кирса ва у бу тиканни чиқариб олмасдан, уни ахамиятсиз бир нарса хисоблаб кўзини ишқай бошласа, мутлақ кўр бўлади. Ақлли одам кўпнинг раъйи билан хисоблашиб, унга ишониши керак, лекин шу билан бирга ақл ва тажрибанинг сўзларига хам қулоқ осиши керак. Хуллас, соддадиллик ва хатоларга йўл бермаслик керак. Ақлли одам ўзига раво кўрмаганни ўзгага хам раво кўрмаслиги керак. Чунки хар бир ишнинг ўз мукофоти бор, муддат етганда албатта оқибати маълум бўлади.
Бу китобни ўқиган одамлар хар нарсадан олдин унинг мағзини чақиб, унга оройиш берган истиораларни, рамзли ва муаммоли сўзларни тушуниб олишлари керак.
Ибн Муқаффо бу муқаддимага илова қилиб айтадики, мен бу китобнинг хинд тилидан қилинган таржимасини кўрдим ва Ироқ, Шом, Ҳижоз ахли хам ундан фойдалансинлар, деб уни она тиллари бўлган арабчага таржима қилишни хохладим. Мен бу китобни мумкин қадар аслига тўғри ва ойдин таржима қилишга харакат қилдим, токи китобхонлар ва талабалар ундан осонлик билан фойдалана олсинлар.


БАРЗУЯ ҲАКИМ ҲАҚИДАГИ БОБ

Форс хакимларининг бузруги Барзуя шундай нақл қилади: «Менинг отам қўшин бошлиқларидан, онам эса Зардўшт пиримуғонлари оиласидан эди. Оллохнинг менга бахш этган илк неъмати ота-онамнинг мухаббати бўлди. Улар менинг хақимда қайғурар, бошқа фарзандларидан кўпроқ севар, менинг тарбиям билан махсус шуғулланар, ейиш-ичишимга алохида эътибор берар эдилар. Етти ёшга етганимда тиб илмини ўрганиш учун мени мактабга бердилар. Бу илмнинг фойдали эканлигини англаб уни зўр эхтирос билан ўргана бошладим. Кейин бу хунарда шухрат қозониб, касалларни даволай бошладим. Шу билан бирга хамма одамлар сингари мен хам тўрт нарсани орзу қила бошладим: мол тўпламоқ, кайф сурмоқ, бошқаларнинг хурматига сазовор бўлмоқ ва абадий шухрат қозонмоқ. Шуни айтиш керакки, тиб илмининг бутун дунёда зўр хурмати бордир. Тиб китобларида: «Табибларнинг энг фозили беморларни пулсиз муолажа этувчилардир, бу йўл билан улар хам бу дунёнинг, хам нариги дунёнинг неъматларидан бахраманд бўладилар», деб ёзилган. Дехқоннинг уруғ сепишдан мақсади ердан ғалла ундириб ўз ризқ-рўзини топишдир. Ҳайвонларнинг ем-хашаги бўлган ўт ўз-ўзидан ўсаверади.
Хуллас, қаерда соғайишига умиди бўлган касал одамни эшитсам, бориб уни муолажа эта бошладим. Бироздан кейин тенгқурларимнинг мол ва давлати меникидан зиёд эканликларини кўрдим. Нафсим устун чиқиб, мол-дунё тўпламоқ хавасига тушдим. Тўғри йўлдан озишимга сал қолди. Ўз-ўзимга дедим: «Эй нафс, сен фойда билан зарар орасидаги фарқни кўрмаяпсан. Ақлли одам азияти кўп, фойдаси кам бўлган нарсани орзу қиладими? Агар сен яхши от қолдириб кетиш фикрида бўлсанг, бу фоний дунёда очкўз ва хасис бўлма. Нотўғри фикрлардан қайт, савоб орттиришга харакат қил. Одамнинг хаёти бир-бирига зид бўлган тўрт унсурнинг қоришмасидан иборат, худди йигирилган ипга ўхшайди, унинг узоқ вақт узилмасдан тура олишига ишонч йўқ.
Одам баданининг аъзолари бир мих билан қоқилган олтин бутга ўхшайди. Мих суғуриб олинса, бут бўлакларга бўлиниб кетганидек, одамнинг бадани хам яшаш қобилиятини йўқотиб, парчаланиб кетади. Қариндош-уруғларинг, дўст-ошноларинг билан кўпда мағрурланма ва улар билан бирга бўлишни ортиқча хавас қилма. Ҳамиша уларнинг севинчлари қайғуларидан оз, ғамлари эса шодликларидан кўп бўлади. Бу ғам ва ғусса устига яна хижрон дарди ва айрилиқ алами хам инсонга хамрохдир. Баъзан шундай хам бўладики, бири ўз оиласини боқиш, хотини ва болаларини таъмин қилиш учун мол йиғиб, бойлик тўплашга мажбур бўлади ва бу йўлда ўзини қурбон қилади. Бундай одам оловга ташланган хушбўй уд ёғочига ўхшайди, унинг хидидан бошқалар фойдаланади, ўзи эса ёниб кул бўлади».
Яна ўз-ўзимга дедим: «Сен беморларни муолажа қилишдан қолма, жамоат хакимнинг қадрини билмайди, деган гапларга қулоқ солма. Агар бирор одамни ўлим чангалидан қутқариб олишга муваффақ бўла олсанг, бунинг савоби хар нарсадан кўп эканлигини назарга ол.
Узоқ давом этган оғир касаллик туфайли бола-чақаси билан ош-нонга мухтож бўлиб қолган бир одамни муолажа этиш ва унинг саломатлигини қайтариб бериш қанчалик савоб иш эканлигини ким эътироф этмайди?»
Ўз нафсим билан олишиб, ўзимни яна тўғри йўлга сола билдим. Ҳеч нарса олмасдан сид-қидил билан беморларни даволай бошладим, узоқ муддат шу иш билан машғул бўлдим. Бу хизматим эвазига ризқи рўз дарвозалари қаршимда очила берди. Шохлар менга бирин-кетин саруполар инъом қила бошладилар, хазина дарвозасини очиб қўйдилар. Ҳиндистон сафаридан аввал хам, кейин хам кам бўлмадим. Бойликда, шону шавкатда ўз тенгдошларимдан ўзиб хам кетдим.
Кунлардан бир кун мен тиб илмининг муваффақиятлари ва натижалари хақида, берадиган фойда ва самаралари борасида фикр юрита бошладим. Натижада, тиб илми соғлиқни абадий сақлай олмайди, хеч бўлмаса бирор касалликни тамомила йўқотиб, уни қайтиб келмайдиган қила ол-майди, деган хулосага келдим. Бас, шундай экан, ақлли одам тиб илмини шифобахш этувчи илм деб хисоблай оладими? Шундай савоб ишлар қилиб охиратни ўйлаш менга зарурроқ кўрина бошлади. Айтишларига кўра, охиратни ўйлаш хар қандай касалликни бир йўла йўқотади, йўқотганда хам қайтиб келмайдиган қилиб йўқотади.
Мен мана шуларнинг хаммасини ўйлаб чиққандан сўнг тиб илмидан қўл тортиб, илохиёт билан машғул бўла бошладим. Тўғриси, мен энди аввалию охири кўринмайдиган бир йўлга тушдим. Йўл қоронғи ва хатарли эди. На бир йўл билувчи одам бор эди, на бир йўл ёритувчи машъал. Тиб китобларида хам бу хақда бир нарса дейилмаган эдики, ўшанга суяниб шак ва шуб-хадан, хайрат ва тараддуддан қутулсам. Турли халқларнинг дини орасида хам катта фарқ ва зиддият бор эди. Уларнинг орасида холиқ ва махлуқ, яратувчи ва яратилувчининг келиб чиқиши, дунёнинг охири хақида катта-катта тортишувлар бўларди, уларнинг хар бириси ўзи айтган сўзларни тўғри, мухолифнинг айтганини нотўғри деб биларди.
Шундай ўйлар билан шак ва шубха сахросида гох олдинга кетар, гох орқага чекинардим, тепалар ошиб, водийларни босиб ўтардим, лекин на мақсадга олиб борадиган ва на хақиқатга эриштирадиган тўғри бир йўл топа билардим. Нихоят, бутун дин олимлари билан кўришиб, уларнинг эътиқодларини ўрганиб, юрагимга мос тўғри бир тариқат топишга ахд қилдим. Бутун дин-мазхаблар билан чуқур танишиб чиқдим, қарасам, хар тоифа ўз динининг устунлигидан лоф уради, бошқаларникини эса ёмонлайди. Мен улардан биронтасига хам эргашмадим, ўз дардимга дармон тополмадим. Уларнинг хаммаси бемаъни-бебурд эканлиги менга ойдин бўлди. Ақлли одам уларнинг сўзларидан хеч бирисини қабул эта олмас эди.
Ўз-ўзимга дедим: «Агар мен бундай мулохазалардан сўнг бу динлардан бирини қабул этсам, қуйи-даги хикоятда баён этилган нодон ўғри ахволига тушиб қоламан».
Ўғри хикояси
Дейдиларки, бир ўғри ўз хамрохлари билан бир бой одамнинг уйига ўғриликка тушади. Уй эгаси оёқ товушидан уйғониб кетади ва томда ўғри борлигини сезади. Хотинини аста уйғотиб, унга ахволни тушунтиради ва дейди: «Мен ўзимни ухлаганга солиб ётаман, сен баланд товуш билан мендан бунчалик мол-дунёни қандай қилиб топганлигимни сўрагин. Мен жавоб беришни истамасам, сен қаттиқ туриб жавоб беришни талаб қил». Хотини эри айтганидек савол берди. Эри деди: «Эй хотин, мени тинч қўй, бунақа саволлар беравериб бошимни қотирма. Тўғрисини айтадиган бўлсам, одамлар эшитиб қоладилар, деб қўрқаман, биз беобрў бўламиз, жамоат биздан юз ўгиради».
Хотин уни қўярда-қўймай, айтиб беришни сўрайверди.
Эри деди: «Сенинг сўрашингнинг сабаби нима? Эрнинг яширин сири билан хотиннинг нима иши бор?»
Хотини деди: «Билгим келяпти».
Эри деди: «Бу мол-дунё ўғрилик билан топилган. Мен бир вақтлар абжир ўғри эдим. Ойдин кечаларда давлатманд одамларнинг деворлари тагига келиб афсун ўқирдим-да, ой нури тушиб турган уйнинг томига чиқиб, етти марта «Шолем, шолем» деб, ой шуъласи устига ўтириб, уйнинг ўртасига хеч қийналмасдан сакраб тушардим. У ерда хам етти марта «Шолем, шолем» дейишим билан уйдаги бор пул ва қимматбахо буюмларнинг хаммаси олдимда йиғилиб қоларди. Кучим етганича кўтариб, яна етти мартаба «Шолем, шолем» дея ой шуъласига сувора бўлиб дарчадан чиқиб кетардим. Мана шу афсун туфайли хеч ким мени кўрмас ва мендан бадгумон хам бўлмас эди. Секин-аста мана шу бойликларни қўлга киритдим. Бу сўзни хеч кимга ўргата кўрма».
Ўғрилар буни эшитиб, афсун ўрганиб олганликлари учун жуда қувондилар. Бироз пайт пойлаб ётдилар-да, уй эгаларининг ухлаганликларига ишонч хосил қилгач, ўғрибоши етти марта «Шолем, шолем» деди, лекин оёғини дарчага қўйиши билан ерга қулаб тушди.
Уй эгаси дархол ўрнидан туриб тўқмоқ билан ўғрининг бошига туширди. Кейин у: «Мен азиз умримни сарф қилиб топган давлатимни осонликча олиб кетаман деб ўйладингми? Сен кимсан? Айтмасанг, хозир ўлдираман», деди.
Ўғри деди: «Мен сендак тилёғлама одамнинг сўзига алданиб тўрга илинган лақма ва нодон одамман».
Хуллас, лақма бўлганим учун хақиқатни топа олмадим ва ўз-ўзимга дедим: «Авлод-аждодимнинг динида қолиб, кўр-кўрона унга риоя этсам, мен фақат аждоди жодугар бўлгани учун ўзини хақли хисоблаган жодугарга ўхшаб қоламан. Агар янгидан дин ахтаришга бошлай десам, умр етмайди деб қўрқаман, чунки ўлимим яқинлашиб қолган. Тараддуд ичида яшайдиган бўлсам, фурсатни қўлдан бериб, хеч бир савоб иш қила олмай, бу дунёдан ўтиб кетаман. Шунинг учун мен барча динлардан воз кечиб, хар нарсадан устун хисобланган хайрли ишлар билан машғул бўлишга, ақлга сиғадиган ишлар билан шуғулланишга ахд қилдим.
Шундан бери мен жониворларни уриш, ўлдиришдан, одамларни ранжитиш, тахқир этишдан, уларга хиёнат қилишдан воз кечдим, ёлғон сўзлаш, бўхтон, ғийбатдан тилимни тийдим; халққа озор бериш ва дунё молига хирс қўйишдан, найрангбозлик ва жодугарлик каби нолойиқ
ишлардан чекиндим. Ёмонлардан қочдим, яхшиларга қўшилдим. Тўғрилик ва тозаликка дўст бўлдим. Чунки дунёда тўғриликдан яхши дўст бўлмайди. Тўғрилик билан хар нарсага эришса бўлади. Бу шундай давлатки, улашганинг билан озаймайди, харжлаганинг билан камаймайди. Тўғри одам подшохдан хам қўрқмайди, ўт, сув, вахший хайвонлар ва бошқа зарарли нарсалар Хам унга зиён етказа олмайди. Кимки тўғри йўлдан четга чиқиб, давлат орттириш билан шуғулланса, ўз умрини ёмон ишларга сарф этса, у одамнинг бошига қуйидаги хикояда зикр этилган савдогарнинг бошига тушган иш тушади».
Савдогар хикояси
Дейдиларки, бир савдогарнинг қимматбаҳо тошлари (жавоҳирлари) кўп экан. Уларни тешиш учун савдогар кунига юз динор хақ тўлайман деб бир одамни бошлаб келади. У одам уйга келиб иш бошламоқчи бўлиб турганда, бурчакдаги ажойиб бир чангни кўриб қолади. У диққат билан чангга қараб турганида савдогар ундан, чалишни биласанми, деб сўрайди. Хизматкор: «Билганда қандай», деб жавоб беради. Хизматкор чанг чалишни ғоят яхши билар эди. Савдогар: «Чал!» деб буюради. Хизматкор чангни олиб хазин ва дилрабо бир куйни чала бошлайди, ширали бир овоз билан ашула айтади. Савдогар уни зўр завқ билан тинглаб хузур қилиб ўтиради, жавохирлар эса тешилмай қолади. Кеч бўлгач, хизматкор ўз хақини сўрайди. Савдогар дейди: «Жавоҳирлар қандай бўлса, шундай қолди. Қилинмаган ишга хақ берилмайди». Хизматкор асабийлашиб, савдогарга бақириб: «Мен сенинг буюрган ишингни қилдим. Хизматимга хақ тўламасликка хаққинг йўқ», деди.
Савдогар хизматкорга ваъда қилинган хақни беришга мажбур бўлди.
Мўмин бўлишни орзу қилиб, тоат-ибодат билан шуғулланишга қарор қилдим. Ташқи кўринишим билан ички дунём, сўзим билан ишим бир-бирига мос бўлишини истадим. Чунки мўминлик ва тўғрилик гунохни қайтарадиган пўлат либосдир.
Тўғрилик ва мўминлик самараларидан бири шуки, умрнинг бебақолиги, дунёнинг фоний эканлиги сени чўчитмайди. Тақводор одам бу ўткинчи дунёнинг ишларига назар ташласа, ундаги қабохатни хақиқат кўзи билан кўради, нариги дунёга бўш қўл билан кетмаслик учун яхшилик қилади, шухратпарастликдан воз кечади. Кўнгли тинч бўлиши учун ўз толеидан рози бўлади. Дунёни машаққатларидан қутулиш ва бутун гунохларини ювиш учун узлатга чекинади, хамманинг мухаббатини қозониш учун хеч ким хасад қилмайди. Мол-дунёнинг қўлдан кетиши ташвишидан халос бўлиш учун сахийликни ўзига касб қилади, пушаймон бўлмаслик учун ақл билан иш кўради, қаноатли бўлиш учун охиратни эсдан чиқармайди. Янглишмаслик учун кетини ўйлаб иш қилади, рохат фароғатда яшаши учун одамни ранжитмайди.
Мен художўйликнинг машаққатлари хақида ўйлаганим сари унга рағбатим ортарди. Лекин бу дунёнинг лаззатидан воз кечиб, нақдни қўлдан бериб, насия орқасидан югуриш қийин бир иш эканлигини билардим. Бу йўлда хато қилиб қўйсам, хам бу дунём, хам охиратим куйишидан ва натижада, пушаймон бўлишдан қўрқардим. Агар шундай бўлиб чиқса, мен оғзидаги суяк аксини сувда кўриб, уни олиш учун ўзини сувга отган, натижада, оғзидаги суякдан хам айрилган ит ахволига тушиб қолардим.
Кишининг дилини сиёх қиладиган бундай тушунчалар мени йўлдан адаштириб, икки дун-ёмдан махрум этишига оз қолган эди. Мен қайтадан бу дунёнинг ишлари хақида фикр юритиб ва унинг нозу неъматларини кўз ўнгимга келтира бошладим. Менга ойдин бўлдики, бу дунёнинг неъматлари камалакка ўхшаб оз умрли ва ўткинчидир. Бунинг устига, улар шўр сувга ўхшаб, ичганда ташналигингни орттиради, улар заҳар аралаштирилган болга ўхшайди — у аввал ширин кўринади, кейин эса ўлдиради. Улар, уйғонгандан кейин ачиниш хиссини уйғотадиган
ширин тушга ўхшайди. Бу дунёга берилган одам ипак-қуртига ўхшайди — у қанчалик кўп ипак ўраса, ўз қўл-оёғини шунчалик қаттиқ боғлаган ва нажот йўли шу қадар қийинлашган бўлади.
Буларнинг хаммасини ўйлаб чиққач, мен яна художўйлик йўлига ўтмоқчи бўлдим, лекин тағин ўзимга қарши чиқиб дедим: «Менга бу дунёнинг ишларидан қочиб у дунёни ўйлашим, кейин эса мўминлик машаққатларидан қўрқиб яна дунёвий хаётга юз ўгиришим яхши эмас. Агар мен шундай қилгудек бўлсам, аввал бир-бирига душман икки даъвогардан бирининг сўзини эшитиб, унинг фойдасига хукм чиқарган; иккинчисини эшитгач, унинг фойдасига қарор чиқарган риёкор қозига ўхшаб қоламан, бу йўл билан муаммони хал этиб бўлмайди».
Нихоят, мен тоат-ибодат билан шуғулланишга қарор қилдим, чунки бу дунёнинг машаққатларига бардош бериш охират азобига қараганда хечдир, бу дунёда олинадиган лаззат нариги дунёда бериладиган азобларнинг мингдан бирича хам йўқ. Ҳар қалай охирида кўпроқ лаззат берадиган озгина машаққат кўпроқ машаққат келтирадиган озгина лаззатдан афзалдир. Агар бир одамга, сенга юз йил умр бериб, хар куни гўштингдан бир парча кесиб оламан, уни яна тикиб соғайтираман, шу юз йил ўтгач, сен хар қандай азоблардан қутулиб рохатда яшайсан, деб шарт қўйилса, у одам учун абадий неъмат ичида яшашга нисбатан бу уқубатли юз йил бир соатдан хам оз кўриниши мумкин.
Ажабо, яшаш азоб-уқубатдан иборат эмасми? Инсон она қорнида пайдо бўлганидан то умрининг охирига қадар уқубат чекмайдими? Тиббий китобларда ёзилишича, бола она қорнида гўё бир тугунга тугилгандек парда ичида ўсади, қийналиб нафас олади, тор, қоронғи қоринда тасаввурга сиғмайдиган азиятлар ичида туғилгунига қадар ётади. Ой-кун яқинлашгач, бола харакат қила бошлайди, у ёруғ ва кенгликка чиқишга интилади.
Бола туғилгач, унга хатто енгил шамол тегса ё юмшоқ қўл тегиб кетса, териси шилиб олинган одамдек азоб чекади. Шундан кейин бола учун машаққатли ва мусибатли кунлар бошланади. Оч қолганда овқат, сувсаганда сув сўрай олмайди, бирор ери оғриса айта олмайди. Сўнгра бешик, йўргак азоблари... Ухлаганда хамиша осмонга қаратиб ётқизилади, у қанчалик қийналмасин, оёқ-қўлини қимирлата олмайди. Кўкракдан ажратилгандан кейин унинг тарбияси билан машғул бўла бошлайдилар: фалон нарсани ема, пистон нарсага қўл тегизма, фалон сўзни айтма, фалон нарсага қарама дейдилар, касал бўлса, аччиқ дорилар ичирадилар... Балоғатга етганидан кейин уйланиш, уй-рўзғор ташвиши, бола-чақа дарди, мол-давлат тўплаш, пул йиғиш хирси билан кун кечиради. Бундан ташқари, инсон вужудида бир-бирига зид тўрт унсур (қон, ўт, сафро ва балғам) мавжуд бўлади. Сўнгра фалокатлар, мусибатлар, касалликлар бир-бирига уланиб кетаверади. Илондан, чаёндан, вахший хайвонлардан қўрқиш, иссиқ ва совуқдан, қор ва ёмғирдан ўзини асраш ташвиши... Агар умри вафо этиб, қаригудек бўлса, қарилик билан боғлиқ бўлган турли касаллик, заифлик, азоб-уқубатларга бардош бериши керак. Бунинг устига душманларнинг қасди ва ёмон ниятлиларнинг хасади...
Фараз қилайлик, айтилганларнинг бирортаси хам рўй бермади, инсон энг яхши шароитда соғ ва саломат яшади. Лекин ўлим вақти етишганда нима бўлади? Ўғил-қиз, қариндош-уруғ, ошна-оғайни билан видолашмоқ, аччиқ ўлим шарбатин ичмоқ зарур бўлган дамда бу дунёга бўлган мухаббат шами инсоннинг қалбидан осонлик билан ўчади дейсизми?
Шундай экан, хеч бир ақлли одам, инсонлар бора-бора ўзларининг гўзал фазилатларини йўқотиб, мол-дунё учун умр сарф этишларини раво кўрмайди. Чунки боқий дунёни фоний дунёга, абадийликни муваққат нарсаларга алмаштириш, мусаффо ва пок бир рухни ифлос ва тубан бир баданга қурбон бериш катта айб ва кечириб бўлмайдиган хато хисобланади.
Мен замонанинг хароб бўлаётганини, фалокатга қараб тўғри кетаётганини кўриб турибман. Ҳақиқат гўё одамлардан қочаётгандек. Фойдали иш ва яхши сўзлар унутилиб, тўғри йўллар бекилаётгандек. Адолат йўқолиб, ўрнини зулм, вахшат эгаллаган, илм эшиклари қулфланиб, жахолат дарвозалари очилган, разолат ва хиёнат, эътибор ва мурувватни сиқиб чиқарган. Дўстлик заифлашиб, душманчилик кучайган, яхши одамлар тахқир этилиб, азобу машаққат ичида, ёмонлар эса хурмат қозониб, кайф-сафо ва рохатда яшамоқдалар. Ҳийла ва риёкорлик уйғоқ, вафо ва садоқат эса ғафлат уйқусида. Ёлғон — озод, ростгўйлик — махбус, хақ — мағлуб, нохақлик — ғолиб, золим — хақли, мазлум — хақсиз, хасислик — хоким, қаноат — махкум, қози — ғаддор, зохид — риёкор...
Мен дунёнинг бу ишларини ўйлаб кўргач, бутун мавжудотнинг сарвари ва бутун борлиқнинг энг мукаммал махлуқи бўлган одам ўз умрининг қадрини билмайди, ўз хаётининг нажоти учун курашмайди деб ўйладим. Мен бу ахволни кузатиб кўп таажжубландим, диққат билан қараб, инсонларнинг бахтли яшашларига моне бўлган нарса уларнинг мол тўплаш касалига мубтало бўлиб қолиши эканлигини кўрдим, бу мол тўплаш инсоннинг тотиб кўриш, хидлаш, сезиш каби эҳтиёжларини қондириш учун қилаётганини билдим. Лекин бу сезгиларнинг хеч бири мақсадга етиш учун кифоя қилмайди. Инсонга мол-дунё насиб бўлса-да, у бу дунёда хам, охиратда хам зиёндан бошқа бир нарса келтирмайди.
Бу туядан қочиб қутулмоқчи бўлган одамнинг холига ўхшайди. Бир одам қутурган туядан халос бўлмоқ учун жар устига эгилган икки шохга осилиб, жар ёқасига оёқ қўяди, лекин оёғи остидаги индан тўртта илон бош чиқариб тургани кўзига чалинади, жарнинг остига назар ташласа, у ерда бир аждахо оғзини очиб, унинг тушишини кутиб турганлигини кўради, юқорига қараса, оқ ва қора сичқонлар у осилиб турган шохларни тўхтовсиз кемираётганликларини кўради. Бу ахволдан қутулиш йўлини ўйлаб турганида ундан нарироқда бир асалари уясига кўзи тушади, бармоғини болга ботириб ялай кетади, болнинг ширинлиги унинг бошини шу даражада айлантирадики, натижада, у ўзининг қандай ахволдалигини унутади, оёқларини тўрт илоннинг бошига қўйганлиги ва бу илонлар хар онда чақиб олишлари мумкинлиги, сичқонлар шохларни албатта кемириб синдиришлари, шохлар синса у аждахо домига тушиши муқаррарлиги хаёлидан кўтарилади. Жахолат пардаси кучли ақл нурини тўсиб қўяди, лекин оз фурсат ўтмай, жарга қулаб халок бўлади.
Мен дахшатли, чуқур жар деб бу дунёни назарда тутаман. Шохларни кемирган оқ ва қора сичқонлар — кеча ва кундуздир. Улар-нинг хар иккаласи инсонларнинг умрини озайтириш, Халок этиш учун узлуксиз бир-бирини алмаштириб туради; тўрт илон — борлиқнинг моҳиятини ташкил этган тўрт унсурдир; булардан бирортаси ўз мувозанатини йўқотса, инсон дархол махв бўлиб кетади: бол — азоби кўп, фойдаси кам бўлган, одамларни тўғри йўлдан оздириб, уларга нажот дарвозаларини бекитган фоний дунёдир; аждахо — хеч ким қочиб қутула олмайдиган ўлимдир. Ажал шарбатини ичишга тўғри келганида, Азроил тепангга келиб турганида ўлимдан қутулиб бўлмайди, пушаймонлик хам фойда бермайди, на тавбага вақт қолади, на дуо ўқимоққа мажол...
Хуллас, энг охири, мен қандай бўлсам, шундайлигимча қолишга, қўлимдан келганча яхши ишлар қилишга қарор қилдим. Умид қиламанки, балки шу йўл билан хақиқат йўлини топиб, ўз нафсимга ўзим хоким бўламан, нажот эшигини очаман. Бир қанча вақт шу умид билан яшадим, нихоят, Ҳиндистонга сафар қилдим. Мен у ерда хам хақиқатнинг тагига етиш учун кучим борича харакат қилдим, кўп китоб ўқидим. Ҳиндистондан қайтишда бир талай китоб келтирдим. Улардан бири — тақдим этаётганимиз «Калила ва Димна»дир.


ШЕР ВА ҲЎКИЗ БОБИ

Ҳинд рожаси браҳманга деди:
—    Менга бир хикоя айтиб бергинки, унда хоин одамнинг ёлғончилиги, бўхтонлари натижасида икки дўст орасидаги садоқат адоватга айланиб, бир-бирларидан ажралиб кетишган бўлсин.
Брахман деди:
—    Агар икки дўст орасига бир хоин кириб қолса, албатта низо тушади, улар худди шер ва хўкиз каби бир-бирларига душман бўлиб қолишади.
Шох сўради:
—    Улар қандай қилиб душман бўлиб қолибдилар? Брахман хикояти
Нақл қилибдурларки, бир бадавлат савдогар бор экан, унинг болалари катта бўлганларида хеч қандай иш билан машғул бўлишни истамабдилар. Оталарининг молини совура бошлабдилар.
Ота уларни йиғиб дебди:
—    Ўғилларим! Одам бу дунёда уч нарсага интилади, бу уч нарса эса тўрт восита билан қўлга киритилади. Бу уч нарсанинг бири — яхши турмуш кечирмоқ, иккинчиси одамлар орасида юксак мавқега эга бўлмоқ, учинчиси — охират савобини топмоқ учун савобли ишлар қилмоқдир. Бу уч нарсага эришмоқ учун восита бўлган тўрт нарса қуйидагилардир: халол мехнат билан давлат тўпламоқ; қўлга киритилган давлатни сақлай билмоқ; исрофга йўл қўймасдан давлатини ўзи, оиласи ва ака-укалари учун харжламоқ... Ниҳоят, мумкин қадар ўзини зиёнли ишлардан тиймоқ. Бу тўрт шартдан биттасини хам бажармаган одам ўз орзусига етолмайди. Чунки одамнинг давлати бўлмаса, у ўзи еб, бошқаларни тўйдира олмайди; агар давлати бўлса-ю, лекин уни расамади билан харжламаса, сал ўтмасдан бу давлат йўқ бўлиб кетади.
Шунинг учун дебдурларки, мол-давлатни қўлга киритишдан кўра уни харжлаш қийиндир...
Агар одам пул топиб турмаса, бор давлатини нақадар оз харжласа хам, бу давлати тезда тамом бўлади — сурма оз-оз ишлатилишига қарамай, барибир тугайди...
Шунинг учун дебдурлар: «Тома-тома кўл бўлур, хеч томмаса чўл бўлур». Одам давлат йиғиб, уни хайрли ва фойдали ишларга харжламаса, ундай одамни бадавлат эмас, йўқсил деб хисоблаш керак. Бундай одамнинг давлати кераксиз ерларга ўринли-ўринсиз сарф бўлиб кетади. Бу сув келадиган йўли бору, чиқадиган йўли бўлмаган бир ховузга ўхшайди — сувнинг ортиғи фойдали ерларга сарф бўлмасдан тошиб, атрофни босиб кетади.
Нихоят, отанинг насихати ўғилларига таъсир қилди, уларнинг хар қайсиси бир касб-хунар билан машғул бўла бошлади. Катта ўғил савдогарчилик қилиш учун узоқ бир мамлакатга сафарга чиқди. Йўлда бир катта ботқоқликка дуч келди. Унинг юк ташувчи икки хўкизи бор бўлиб, бирининг оти Шатраба, иккинчисининг оти Бандаба эди. Шатраба ўша ерда ботқоққа ботиб қолди, савдогар ва унинг хизматкорлари кўп қийинчиликлар билан Шатрабани балчиқдан чиқариб олдилар, лекин у жуда холсизланиб юришга мажоли қолмаган эди. Савдогар ўз хизматкорларидан бирини Шатраба ёнида қолдириб, бир неча кун уни парвариш қилишни, куч-қувватга киргач уни етаклаб келишни буюрди.
Бир-икки кун ўтгандан кейин хўкизнинг ёнида қолган хизматкор зерикди, хўкизни қолдириб савдогарнинг ёнига борди ва унга Шатраба ўлди, деди. Ҳўкиз бўлса ўша жойдан кетиб, суви сероб, ўти мўл бир гўзал жойга етиб борди ва ўша ерда яшай бошлади.
Кўп вақт ўтмай семириб кетди. У хурсанд бўлганидан ўйноқилаб маъраб юрар эди. Шу ернинг яқинида ўрмон подшохи шер ва унинг хизматида жониворлар: айиқ, қашқир, шағол ва шунга ўхшаш хайвонлар яшарди. Шер мендан улуғи ва мендан зўри йўқ, деб ўйлар, хеч кимни назар-писанд қилмас эди. Лекин у хеч вақт хўкизни кўрмаган, унинг маърашини эшитмаган эди. Шунинг учун у Шатрабанинг бўкирганини эшитиб қўрқувга тушди ва буни хизматимдаги хайвонлар сезишмасин деб ўз жойидан жилмай ўтираверди, овга хам чиқмай қўйди.
Унинг ёнида бўлган хайвонлар орасида иккита шағол бор эди. Улардан бирининг оти Калила, иккинчисининг оти Димна эди. Икковлари хам сезгир ва маккор эдилар. Лекин Димна зийракроқ ва ёвузроқ эди.
Димна Калилага деди:
—    Биродар, сен шер хақида қандай фикрдасан? У бир неча кун бўлдики, жойидан жилмайди, овга хам чиқмай қўйди.
Калила деди:
—    Сенга дахли бўлмаган нарсаларни нега суриштирасан? Бизнинг аҳволимиз ойдин: биз шох хизматидамиз ва унинг давлати соясида яшаймиз. Биз шохлар мажлисида сухбат қилишлик хуқуқига эга бўлган ва шохлар ишига аралашадиганлардан эмасмиз. Овозингни чиқазма, билиб қўйки, алоқаси бўлмаган ишлар билан шуғулланганнинг бошига маймуннинг қисмати тушади.
Димна деди:
—    Маймунга нима бўлган эди?
Калиланинг маймун ва дурадгор хақидаги хикояси
Нақл қилибдурларки, бир маймун бир дурадгорнинг ёғоч устида ўтириб пона билан уни ёраётганини кўрди. Дурадгор бир понани қоққандан кейин иккинчисини чиқариб олар, уни бошқа ерга қоқар ва шундай қилиб ёғочни ёриб борарди. Дурадгор зарур иш билан бир ёққа кетди. Буни кўрган маймун унга дахли бўлмаган ишга аралашиб дурадгорнинг ишини давом эттирмоқчи бўлди. У орқасини ёғочнинг ёриғига қилиб, юзини понага қаратиб ёғоч устига миниб олди. Унинг думи ёғочнинг ёриғига тушиб турганди, у понани суғура бошлади. Маймун понани чиқарган хам эдики, думини ёғоч қисиб олди. Маймун хушидан кетди, то дурадгор етиб келгунча шу ахволда ётди. Дурадгор эса келиб маймунни уриб ўлдирди. Шунинг учун дебдурларки: «Дурадгорлик маймуннинг иши эмас».
Димна деди:
—    Мен хикоянгни эшитиб, нима демоқчи бўлганлигингни тушундим. Лекин билиб қўйгинки, шохга яқин бўлган хар кимса фақат ўз қорнини тўйдиришни кўзламайди, чунки қоринни хар қаерда тўйдирса хам бўлади... Йўқ, бундай одам хар нарсадан аввал улуғ мартаба ва мансабга эришиб дўстларни қувонтириши, душманларни ғазаблантириши керак, фақат хайвонларгина қорнини ўйлайди. Ит қуруқ суякдан севингани каби, бундай одам хам унга берилган кичик бир инъомдан севинади ва шу билан қаноатланади. Олижаноб иродали одамларни эса, кичик
нарсалар қониқтира олмайди. Қу-ённи овлашга чиққан шер тоғ эчкисини кўриб қолиб, қуённи қўйиб унга отилади...
Озгина нарсага қаноат қилмоқ маънавий йўқсиллик ва хасислик аломатидир. Юксак мавқега эришган одамнинг умри гул каби қисқа бўлса хам, ақлли одамлар уни узоқ умр кўрди деб хисоблайдилар ва аксинча, оз нарсага қаноат қилган одамнинг умри қарағай дарахтидек узун бўлса-да, химмат ахли олдида унинг қадру қиммати бўлмайди.
Калила деди:
—    Мен гапларингга тушундим, лекин эсинг-ни йиғиб ол, билгинки, хар одамнинг ўз ери ва ўз мавқеи бўлади. Биз улуғ мансаб, юксак даражага лойиқ табақадан эмасмиз, буни талаб хам қила олмаймиз. Биз соғ-саломат кун кечирсак, шунинг ўзи кифоядир...
Димна деди:
—    Одамларнинг мавқеи хар хил бўлади. Истеъдод ва қобилиятли одамлар паст мартабадан баланд мартабага чиқиб оладилар. Иродаси заиф, ақли кам бўлганлар эса юксак мавқедан пастга тушиб кетадилар. Юксак даражага чиқмоқ жуда қийин, пастга қулаш эса жуда осон гап. Чунончи, оғир тошни ердан узишга кўп куч ва меҳнат талаб қилинади, уни ерга ташлаш учун эса куч сарф этилмайди.
Мард ва иродали одамлардан ўзгалар олий даражага кўтарила олмайдилар. Биз юксак мансабга лойиқмиз ва хозирги паст мартабада қолишга рози бўлмаслигимиз керак.
Калила деди:
—    Сен нима қилмоқчисан? Димна деди:
—    Мен фурсатдан фойдаланиб шернинг хузурига бормоқчиман. У қўрқув ва хаяжон ичидадир. Балки бирор маслахат билан унинг кўнглини овларман, шундай қилиб, унга яқинлашиб, юксак мансабга эришаман.
Калила деди:
—    Сен шернинг қўрқув ва хаяжон ичида эканлигини қаердан билдинг? Димна деди:
—    Мен буни ақл ва идроким билан билдим. Ақлли одам-лар одамнинг ичидагини унинг таш-қи аломатларидан, қиёфасидан билиб оладилар.
Калила деди:
—    Шоҳлар хизматида бўлмаганинг, шох мажлисларининг тартиб-қоидаларини билмаганинг холда сен қандай қилиб шер билан дўстлашасан-у, ундан қандай қилиб мансаб ола биласан?
Димна деди:
—    Катта ва масъулиятли иш, оғир юк кучли ва бақувват одамни чарчата олмайди. Ғариблик ва ёлғизликдан ақлли одам қўрқмайди... Фаросатли ва хушёр одамлар хар нарсанинг йўлини тез топа оладилар.
Калила деди:
—    Шоҳлар фазилат эгаларига эмас, балки ўзларига яқин, ота-боболари унга хизмат қилиб келган одамларгагина илтифот кўрсатадилар. Шохлар бу жихатдан ток новдасига ўхшайдилар, ўзларига жуда яқин турган ёғочларга чирмашадилар.
Димна деди:
—    Сен хақсан, лекин мен биламанки, шоҳнинг яқин одамлари ва улардан олдин ўтганлар хамиша бу мансабга эга бўлмаганлар. Улар секин-аста шохга яқинлашиб, бу даражага кўтарилганлар. Мен хам улардек мансабга эришишга имкони борича харакат қиламан. Дейдиларки, шу вақтга қадар шохнинг ғазабига учрамасдан, унинг тахқирларига чидамасдан, ўз жахлини босиб, одамлар билан юмшоқ муомала қилмасдан олий мансабга эриша олган бирор одам шох эшигида бўлган эмас.
Калила деди:
—    Айтайлик, сен шер билан дўстлашиб олдинг, лекин қандай хийла ишлатиб ундан олий мансаб оласан?
Димна деди:
—    Агар мен унга яқинлаша олсам, аввало унинг табиати хусусиятларини ўрганаман, унга хурмат кўрсатиб бутун орзуларини ерига етказаман. У, менинг фикримча, мамлакат фойдасига қаратилган бирор яхши иш бошласа, мен унинг ишини мақтаб, бу тадбир келтирадиган фойдаларни оғиз кўпиртириб гапираман ва шохни хурсанд қиламан. Мабодо, менимча, натижаси зарарли бўлиши мумкин бирор ишга қўл уришни истаса, мен эхтиётлик билан, мулойим тарзда бу ишнинг зарарли томонларини изохлаб бераман, агар у бу ишдан қайтса, қандай фойдали иш қилганини тушунтириб бераман. Бошқалардан бундай хизмат кўрмаган шер булар эвазига менга янада кўпроқ илтифот кўрсатади.
Донишманд одамлар истасалар ёлғонни чинга, чинни эса ёлғонга айлантира оладилар... Моҳир рассомлар қалам билан деворга шундай расмлар чиза оладиларки, улар девордан чиқиб келаётганга ўхшаб кўринади. Шер мендаги бу қобилият ва истеъдодни кўрганидан кейин унга яқин бўлишимни мендан хам кўпроқ истаб қолади.
Калила деди:
—    Агар шу ниятда бўлсанг эҳтиётлик билан иш тут. Ҳукмдорлар хизматида бўлиш хатарлидир. Донишмандлар айтибдурларки, фақат нодон одамларгина қуйидаги уч ишга киришадилар: бири — шохларга яқин бўлмоқ, иккинчиси — тотиб кўриш мақсадида захар ичмоқ ва учинчиси
—    хотинга сир айтмоқ. Ақлли одамлар подшоҳни шундай тоққа ўхшатадиларки, у дур ва гавхар, ширин мевалар кони бўлиши билан бирга, паланг, шер, захарли илон ва бошқа йиртқичлар макони хамдир. Унга чиқмоқ мумкин, лекин у ерда яшамоқ жуда хавфлидир.
Димна деди:
—    Сенинг айтганларинг тўғри, лекин хатардан қўрққан мақсадга ета олмайди...
Кучли ирода ва зўр ақл эгаси бўлмаганлар қуйидаги уч ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар: шохга хизмат қилмоқ, денгизда сафар қилиб, савдогарчилик билан машғул бўлмоқ ва душманга қарши жанг олиб бормоқ. Донишмандлар дебдурларки, баходир кишилар фақат икки жойга лойиқдирлар: ё шох хизматида бўлиб шухрат қозонмоқ ёки узлатга чекиниб зохидлик қилмоқ.
Калила деди:
—    Худо ниятингга етказсин. Лекин мен бу ишингга қаршиман, хеч вақт сенга шерик бўлолмайман.
Димна шер ёнига келиб салом берди. Шер мулозимларидан: «Бу ким?» деб сўради. Улар дедилар: «Фалончининг ўғли фалончи». «Отасини танир эдим», деди шер. Сўнгра Димнани ёнига чақириб сўради:
—    Сен қаерда, нима ишлар қилиб юрибсан? Димна деди:
—    Мен сиздек улуғ подшоҳга бирор фойдам тегиб қолар деган умидда эшигингизда хизмат қилиб юрибман. Агар бирор хизматлари бўлса уни бажонидил бажарсам. Подшоҳнинг саройида шун-дай ишлар хам бўладики, кичик вазифадагилар хам асқатиб қолади. Сизнинг даргохингизда товусдан тортиб пашшага қадар хаммага иш топилади. Мавқе юзасидан энг қуйи, жусса жихатидан энг заиф хизматчилар хам фойда ёки зиён келтира оладилар. Йўлда хор бўлиб ётган бир қуруқ чўп хам баъзан ишга яраб қолади. У билан баъзан қулоқ ковлайдилар, баъзан тиш тозалайдилар. Зарарли иш билан фойдали ишнинг фарқига борадиган махлуқдан эса яна хам ўринли истифода этилса бўлади.
Шер Димнанинг бу сўзларини эшитиб, унинг ўзига хайрихох ва ақлли эканлигини кўриб, хуррам бўлди. Сўнгра яқинларига қараб деди:
—    Истеъдодли ва ишбилармон одам вазифаси кичик, нуфузи оз бўлса хам, халқ орасида шухрат топади. Бундай одамлар ёниб турган оловга ўхшайди. Эътибор берганмисиз, уни пуфлаб ўчирмоқчи бўлсалар, баланд кўтарилиб, ланғиллаб ёниб кетади.
Димна бу сўзларни эшитгандан сўнг шохга манзур бўлдим, деб ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди ва деди:
—    Шоҳнинг барча одамлари, яқинлари ўз фикрларини, илм ва тажрибаларини ундан яширмасликлари керак. Чунки шох ўз хизматидагиларни яхши билиши керак, уларнинг хар бирининг ақл-идроки ва ихлосини билмаса, улардан яхши фойдаланиш, вазифага тўғри тайин этишда қийин бўлади. Уруғ ер остида ётса, хеч ким у билан қизиқмайди, у қачон тупроқни ёриб, ерни зумрад каби безаса, унинг нима эканлиги маълум бўлади, сўнгра парвариш қилиб уни ўстирадилар.
Шох хар кимдан ўз лаёқати ва ақл-идрокига қараб фойдаланиши керак. Хизматга тайин қилишда шоҳлар аввало шу хусусиятни назарда тутишлари лозим. Раиятнинг подшоҳлар олдидаги хақ-хуқуқларидан бири шуки, шох хар кимга қобилиятига қараб мансаб бериши, яъни лаёқатсиз одамларни истеъдодли ва қобилиятли одамлардан афзал кўрмаслиги керак. Икки нарса хеч кимга, жумладан, шохларга ярашмайди: саллани оёққа, пайтавани бошга ўраш. Лаъл ва ёқут қўрғошин билан қопланса хам, бу билан уларнинг бахоси тушмайди, лекин бу ишни қилган одам шу билан ўз ахмоқлигини ошкор қилиб қўяди.
Ишнинг муваффақиятли тугаши ёрдамчиларнинг кўплигида эмас, ишбилармонликларидадир. Баланд тоққа чиққан билан одамнинг нуфузи баланд бўлмас, балки инсон ўз бошига бир дунё бало орттиради. Ҳунар эгалари қуйи мансабда бўлсалар-да, ақлли одамлар уларга менсимаслик билан қарамасликлари керак. Ҳаром ўлган хайвон пайини олиб, ундан ёйни букадиган таноб ясайдилар, шохлар минадиган эгарларни безайдилар. Давлатманд ва донғи кетган наслдан бўлмаганлари учун хунар эгаларини қуйи мансабларга тайин этмоқ,
истеъдодсиз одамларга эса улуғларнинг вориси бўлгани учунгина юксак мартаба бермоқ шохларга ярашмайди. Шох одамларни мамлакатга келтиришлари мумкин бўлган фойдаларга қараб муносиб мансабга тайин этишлари керак. Истеъдодсиз одамлар ўз аждодларининг хизматини ўзларининг бахт-саодатлари воситасига айлантирсалар кўп зарар етказадилар, хунар эгалари халок бўлиб кетадилар. Инсон учун ўз жонидан азиз хеч нарса йўқдир. Лекин баданнинг бирор аъзоси оғриб қолса, уни узоқ ва ёт шахарлардан келтирилган дори дармонлар билан муолажа қиладилар.
Сичқон хамма билан хамхона бўлса хам, унинг озори борлиги учун одамлар уларни қириб йўқотишга тиришадилар. Лочин йиртқич қуш бўлса хам, ундан фойдаланиш умидида одамлар яхшилаб парвариш қиладилар. Шохлар эса қўлларига қўндирадилар.
Димна сўзини тугатди. Шохнинг Димнага бўлган ихлоси янада ортди, унга илтифот қилиб бир неча ширин сўз айтди. Димна шох билан ёлғиз қолгандан кейин шундай деди:
—    Неча муддат бўлдики, шох бир ерда ўтириб қолдилар, бунинг сабаби недур?
Шер ўзининг қўрқаётганини Димнадан яширмоқчи бўлди, лекин шу чоқда Шатраба тўсатдан шундай маъраб юбордики, унинг овози шерни гангитиб қўйди. У ўзини боса олмай сирини Дим-нага очди:
—    Ҳеч қаерга чиқмаслигимнинг сабаби шу сен эшитган овоздир, билмайман, у ким экан? Лекин унинг кучи ва жуссаси овозига яраша бўлса керак, деган гумон қиламан. Агар шундай бўлса, бу ердан кетиш керак.
Димна деди:
—    Бу овоздан бўлак шоҳни безовта қиладиган нарса йўқми?
—    Йўқ, — деди шох. Димна деди:
—    Фақат шу сабабга кўра она юртни тарк этиб кетмоқ ножоиздир. Донишмандлар айтибдурларки, кўп гапириш ақлнинг озлигидан, ёлғон сўзлаш ироданинг заифлигидан, овознинг баланд-лиги ичида хеч нарса йўқлигидан далолат беради. Тулки билан ноғора масалидан маълумки, хар бир овози йўғон, гавдаси катта пахлавон бўлабермайди.
Шер сўради:
—    У қандай масал? Димнанинг шохга айтган масали
Дейдиларки, бир тулки ўрмон оралаб кетаётиб, бир дарахтнинг тагида ноғора ётганини кўриб қолибди. Шамол эсган сари дарахт бутоқлари ноғорага тегар ва ноғорадан дахшатли овозлар чиқар эди. Тулки ноғоранинг овози йўғонлиги ва жуссасининг катталигига қараб ноғоранинг ёғи билан гўшти хам овози ва жуссасига яраша кўп бўлса керак, деб оғзининг суви келди. Кўп уриниб ноғорани ёришга муваффақ бўлди. Лекин қуриган теридан бўлак хеч нарса топмагач, «Гавдаси йўғон ва овози баланд нарсанинг ичи бўш бўлар экан», деди.
Димна сўзини давом эттириб деди:
—    Мен бу масални шунинг учун келтирдимки, подшо йўғон овозни эшитиб безовта бўлмасинлар. Агар ижозат берсалар, мен ўша овоз келган жойга бориб хақиқатни билиб келай.
Бу сўзлар шерга манзур бўлди. Димна шохнинг рухсати билан ўрнидан сакраб турди ва йўлга тушди. У чиқиб кетгандан кейин шох ўйга чўмди. Димнани жўнатганидан пушаймон бўлди ва ўз-ўзига деди: «Димнанинг фикрини маъқуллаб тўғри иш қилмадим, чунки подшохлар саройида бекордан-бекорга зулм кўрган, узоқ вақт яшаб машаққатли хаёт кечирган ёки давлат ва хурматни қўлдан берган, ёки вазифадан туширилган, ёки ўзи фойдали ишлардан четлатилган, ўртоқларининг афв, ўзининг эса махкум этилганлигини кўрган, ёки айни бир гунох учун ўз ўртоқларидан кўра оғир жазоланган, ёки айни бир хизмат эвазига ўз ўртоқларига қараганда жуда оз мукофот олган, ёки душмани билан курашиб мағлуб бўлган, ёки динида қаттиқ турмаган, ёки подшохнинг зиёнига бўлган ишларда ўзи учун фойда ахтарган, ёки душман томонига ўтиб кетиши мумкин бўлган бир мулозимни узоқ синамасдан туриб, душман ёнига юбориш ва уни сирдан воқиф қилиш шох учун яхши эмас, асли шошмаслик керак эди.
Димна кўп нарсани биладиган ва узоқни кўрадиганлардандир. У узоқ муддат менинг даргохимда машаққат чекди, лекин эвазига мукофот олмади. Агар кўнглида кири бўлса, хиёнат қилади, фитна қўзғатади. Душманни мендан кучли кўрса, унга мойил бўлиб, менинг сирларимни айтиб беради».
Шох бундай ўйлар ичида хаяжонланар, гох турар, гох ўтирар, гох у ён-бу ёнга юрар ва кўзини Димна кетган тарафдан узмас эди.
Ногох узоқдан Димна кўринди, шернинг кўнгли таскин топди ва келиб ўз ўрнига ўтирди. Димна келиши билан шер:
—    Нима қилдинг? — деб сўради. Димна деди:
—    Мен ўкириб юрган бир хўкизни кўрдим. Шоҳни безовта қилган овоз ўшаники экан. Шох сўради:
—    У жуда кучлими? Димна деди:
—    Мен унда куч-қувватдан асар хам кўрмадим. Унга яқинлашганимда мен билан бир дўст каби гаплаша бошлади. Менга хеч нарса қилмади. Назаримда, унинг табиатида куч-қудрат ва тавозекорликдан кўра кўпроқ тамагирлик устун туради. Қўрқмаганим учун уни ортиқча хурматлашни лозим кўрмадим.
Шер деди:
—    Ҳали бу унинг кучсизлигини кўрсатмайди, бу билан алданиб қолмаслик керак, чунки қудратли тўлқинлар катта дарахтларни қўпориб, мустаҳкам биноларни йиқитиб юборади, лекин кичик ва нозик ўт-алафни синдиролмайди. Душман олижаноб ва лутф-карам эгаси бўлмаса, хеч ким унинг кучли ва шон-шухратли эканлигини тан олмайди, хар кимнинг ўз кучи ва мавқеига қараб муомала қилмоқ лозим...
Димна деди:
—    Шох бундан ташвиш тортмасалар хам бўлади. Агар буюрсангиз, мен бориб уни олиб келайин, у шоҳнинг муте қулларидан бўлсин. Шер бу сўзларни эшитиб хурсанд бўлди ва уни олиб келишни Димнага амр қилди. Димна Шатрабанинг ёнига бориб, тап тортмай   у билан сўзлаша бошлади:
—    Шер сени ўз хузурига олиб келиш учун мени юборди. Агар хаялламай хузурига борсанг, шу пайтгача қилган гуноҳларингдан ўтишга сўз берди. Ўйлаб кўр, буйруққа бўйсунмай бу ерда қолсанг, ўша ондаёқ бориб бор гапни шерга айтиб бераман.
Шатраба деди:
—    Ахир, у шер деганинг ким ўзи? Димна деди:
—    У йиртқич ва ваҳший хайвонлар подшоҳидир.
Шатраба шер ва вахший хайвонлар номини эшитиб, қўрқувдан титрай бошлади. У Димнага
деди:
—    Агар менинг саломат қолишимга кафил бўлсанг, сен билан бирга бораман.
Димна онт ичиб, соғ-омон қолишга кафил бўлишини айтди. Ҳар иккови шернинг ёнига жўнадилар. Шер хўкизни мехрибонлик билан қарши олди ва унинг бу ерларга қачон ва нима учун келганлигини сўради. Ҳўкиз бошидан ўтганларини сўзлаб берди. Шатраба шу ерда қолса, шер уни ўз мархамати ва лутф-карамидан бахраманд этишини айтди. Ҳўкиз розилик билдириб, миннатдорчилигини изхор этгандан сўнг шернинг хизматида қолди.
Шер Шатрабани хурмат қилиб, унга хаддан ташқари лутф ва мархамат кўрсатди, уни ўз мархамлари қаторига киритди ва синовдан ўтказиб ақл-идроки комил эканлигини кўргач, уни ўзига маслахатчи ва сирдош қилиб олди. Шер Шатрабанинг хулқ-атвори билан яқиндан танишгани сари унга бўлган мехри ошиб борар, кундан-кунга унинг мартабасини кўтарар, борган сари кўп инъомлар берар эди. Нихоят, иш шу даражага етдики, хўкизнинг хурмати барча махрамларникидан юқори бўлиб кетди.
Димна шернинг хўкизга кўрсатаётган бу юксак лутф-карамини, унинг шерга яқинлигини, бош-қалардан мансаби ва эътибори ортиб бораётганини кўргач, хасади келиб, кўзига дунё қоронғи бўлиб кетди. Димнанинг куни тунга айланди, уйқуси қочди. У бир ерда ўтириб ором ололмайдиган бўлиб қолди. У Калиланинг ёнига келиб, шикоят қила бошлади:
—    Биродар, менинг ожизлигим ва хомлигимни қараки, шернинг ишини тўғрилаб, ўз ишимни расво қилиб қўйдим. Ҳўкизни шернинг ёнига бошлаб келганимдан бери унинг мартабаси ортиб бормоқда. Менинг эса даражам қуйи тушиб кетди.
Калила деди:
—    Зоҳиднинг бошига тушган иш сенинг хам бошингга тушибди-да! Димна деди:
—    Унинг бошига қандай иш тушган экан?
Калиланинг хикояти
Нақл қилибдурларки, бир подшо бир зохидга қимматбахо либос хадя қилибди. Буни кўрган бир ўғри зохиднинг хузурига келиб, хизматини қила бошлади, ундан тариқат қонун-қоидаларини ўрганишга киришди. Улар дўстлашиб бир ерда яшай бошлабдилар.
Бир кечаси ўғри фурсатни ғанимат билиб, подшо хадя қилган либосни олиб кетди. Эртасига зохид либосни хам, янги муридни хам топа олмади. У либосни мурид ўғирлаб кетганини пайқаб, уни қидириб топиш учун шахарга кетаётган экан, йўлда иккита қўчқорнинг бир-бири билан уришиб турганларини кўриб қолди. Иккала қўчқор хам бир-бирларини ярадор қилган ва жарохатларидан қон томар эди. Бир тулки келиб томган қонларни яларди. Икки қўчқор шохларини тўғрилаб бир-бирларига ташланганларида, тулки ўртада қолиб мажақланиб кетди.
Зохид кечқурун шахарга етиб келди, тунашга жой ахтара бошлади. Нихоят, бузуқ бир хотиннинг уйига тушди. Бу хотин уйида бир неча қиз сақлар эди. Улардан бири нихоятда гўзал бўлиб, жамолига жаннатдаги хурлар хам хасад қилишар эди.
Хотинларни хаяжонга соладиган, эркакларда хасад уйғотадиган баланд бўйли, хипчабел, ширин сўз бир йигит у қизга ошиқ бўлиб қолган эди ва бошқа эркакларнинг унга яқинлашишига йўл қўймас эди... Бу эса халиги бузуқ хотиннинг қиз туфайли оладиган фойдасини камайтириб қўйди. У ахир бир кун қиз йигит билан қочиб кетади, деб ташвишланар эди. Шунинг учун йигитни ўлдиришга қарор қилди. Хо-тин ўз фикрини амалга оширмоқчи бўлган кечаси зохид унинг уйига келиб тушган эди. Хотин ўша қиз ва йигитни жуда кўп май ичириб қаттиқ маст қилиб қўйди. Уларнинг иккаласи қаттиқ уйқуга кетганларида хотин бир қамишнинг учига заҳар солиб олиб келди. Қамишнинг бир учини йигитнинг бурнига тўғрилаб, бошқа учини эса ўз оғзига олиб захарни йигитнинг димоғига пуфламоқчи бўлди. Лекин шу пайт йигит тўсатдан аксириб юборди, захар хотиннинг оғзига кириб кетди ва шу захоти тил тортмай ўлди. Буни кўрган зохид эрта билан, қуёш уфқдан бош кўтарганда бу фисқ-фасод ўчоғидан қочиш учун бошқа жой излай бошлади. Зохидга бир косибнинг рахми келиб уйига олиб келди ва хотинига зохидни яхшилаб кутиб олишни буюриб, ўзи бир ўртоғиникига мехмонга кетди. Косиб хотинининг ўйнаши бор экан, бир сартарошнинг хотини эса улар орасида воситачи экан. Косибнинг хотини эри кетиши биланоқ сартарошнинг хотинини ўйнашиникига юборди, эрим зиёфатга кетди, тез етиб кел, деб айттириб юборди. Кеч кирганда ўйнаш келиб эшик олдида пойлаб турган эди, косиб мехмондорчиликдан қайтиб келди. Авваллари хам шубхаланиб юрган одамини эшик олдида кўргач косиб уйга кириб хотинини роса дўппослади ва устунга боғлаб қўйди. Ўзи эса ўрнига кириб ётди. Ярим кечада, хамма уйқуга кетганда сартарошнинг хотини келиб деди:
—    Нима учун ўйнашингни шунчалик мунтазир қиласан? Истамасанг айт, кетсин. Косибнинг хотини деди:
—    Ўртоқжон, агар раҳминг келаётган бўлса, мени ечиб юбор, сени ўз ўрнимга боғлаб қўяй. Дўстим билан кўришиб узр сўрай ва тезлик билан қайтиб келай. Бунинг эвазига нима десанг бераман.
Сартарошнинг хотини унинг гапига кўнди. Косиб-нинг хотини уни устунга боғлаб, ўзи ўйнаши ёнига кетди. Шу пайт косиб хотинини чақириб қолди, сартарошнинг хотини эса, у таниб қолади, деб дамини чиқармади. Косиб яна чақирди, сартарошнинг хотини яна овоз бермади. Косибнинг ғазаби тошиб ўрнидан турди-да, сартарош хотинининг бурнини кесиб қўлига берди: «Буни ўз ошиғингизга тухфа қилиб юборинг», деди.
Бироздан кейин косибнинг хотини қайтиб келиб, дугонасининг бурни кесилганини кўриб, хафа бўлди ва узр сўради. Кейин уни ечиб юбориб, устунга ўзини боғлади. Сартарошнинг хотини бурни қўлида, уйига жўнади. Зохид бутун ходисаларни кузатар ва орадан бўлиб ўтган сўзларни эшитиб ётар эди. Косибнинг хотини бир соат турди, сўнг қўлини дуога кўтариб ёлвора бошлади:
—    Худоё худовандо, агар эрим мени бегуноҳдан-бегунох бурнимни кесган бўлса, бурнимни ўрнига қўй, аввалгидай бўлиб кетай.
Бу сўзларни эшитган косиб деди:
—    Эй харомзода жодугар, нималар деяпсан? Косибнинг хотини деди:
—    Эй золим, сен менга жабр-ситам қилган бўлсанг, худо менга раҳм қилди, тур, унинг мархаматини томоша қил! Мен бегунох бўлганим учун худо бурнимни соғайтирди ва халойиқ ўртасида мени шарманда қилмади.
Косиб чироқни ёқиб, хотинининг ёнига келди, қараса, бурни жойида. У дарров гунохига иқрор бўлди, хотинидан узр сўради. Ширин сўзлар билан бундан буён унга озор бермасликка, ярамас, оғзи шалоқ, ёлғончи одамлар бўхтонига ишонмасликка ва ўзининг номусли, дуоси мустажоб хотинини ранжитмасликка сўз берди.
Сартарошнинг бурни кесилган хотини эса уйига келгач, эримга ва қўни-қўшниларимга нима дейман, қандай хийла ишлатсам экан, деган ўй билан қайғуга ботди. Шу пайт сартарош уйғониб деди:
—    Асбобларимни тайёрла, бир мўътабар одамнинг уйига соч олгани боришим керак.
Хотин имирсилаб, охири битта устарани очиб, эрининг қўлига берди. Сартарош ғазаб билан қоронғида устарани хотини томонга отди. Ўша захоти хотини ўзини ерга ташлаб, «вой бурним, вой бурним!» деб фарёд кўтарди. Сартарош нима қиларини билмай қолди. Хотинининг қарин-дошлари йиғилиб уни маломат қила бошладилар. Сартарош бечора иқрор бўлишни хам, инкор этишни хам билмас эди. Ҳар қалай тонг отди, хотиннинг қариндошлари сартарошни қозига олиб бордилар. Иттифоқо, зохид косибнинг уйидан чиқиб қозининг махкамасига келган эди. У қози билан қадрдон ошна эди.
Қози сартарошни сўроқ қилди:
—    Эй уста, бегунох хотинни нега бу аҳволга солдинг? Сартарош жавоб беришдан ожиз эди. Қози унинг устидан хукм чиқармоқчи бўлганида зохид ўрнидан туриб деди:
—    Эй қози, шошма. Бир сабаби бўлмаганда ўғри тўнни олмасди, қўчқорлар тулкини ўлдирмасди, бузуқ хотин захарланиб ўлмасди ва сартарошнинг хотинини бурни кесилмасди. Мана шу балоларни биз ўзбошимизга ўзимиз орттирдик.
Қози сартарошни қўйиб, зохидга ўгирилди ва нималар бўлганини сўради. Зохид хамма кўрган нарсаларини бошдан-оёқ гапириб берди ва деди:
—    Агар менда муридларимни, менга тобе одамларни кўпайтириш умиди бўлмаганда эди, ўғрига алданмаган, либосимни олдирмаган бўлардим. Агар тулки баднафс ва тамагир бўлмаса эди, қўчқорлар орасида қолиб ўлмас эди. Кўнгли эгри хотин бировнинг хаётига қасд қилмаса, ўзи захар ютиб жон бермас эди ва сартарошнинг хотини харом ишга ёрдам бермаса, бурни кесилиб расво бўлмас эди.
Калила деди:
—    Сен бу балони ўз бошингга ўзинг орттирганингни билиб қўй, деб бу масални айтдим. Унинг натижасини ўйлаб кўрмадинг.
Димна деди:
—    Рост айтасан, бу ишни ўзим қилдим. Энди сен қандай маслаҳат берасан? Калила деди:
—    Ўзинг қандай фикрдасан? Димна деди:
—    Мен бир хийла ишлатиб, усталик билан ўз йўлимдаги ғовни олиб ташламоқчиман. Агар имиллаб фурсатни қўлдан бериб қўйсам, ақлли одамлар олдида хор бўламан. Бунинг устига, мен янги мансаб орқасидан қуваётганим ёки бирор нарса талаб қилаётганим йўқки, мени очкўз ва тамагир десалар. Бир неча нарсалар борки, одамлар уларни қўлга киритиш учун хийла ишлатиб, тадбир билан харакат қилишни лозим деб биладилар. У нарсалар қуйидагилардир: қўлдан чиққан ўлжани яна қайта қўлга киритиш ва зарарли нарсаларни бартараф қилиш; Эришилган ютуқни қўлда сақлаган холда, келажакда юз бериши мумкин бўлган фалокатнинг олдини олиш.
Мен аввалги мавқеимга қайтиш ва аввалгидек фароғатда яшаш ниятида бўлганим учун шундай бир хийла ишлатайки, хўкиз ер юзи билан видолашиб ер остини ўзига макон қилсин. Бу билан юрагим тинчийди, шерга яқинроқ бўлиб оламан. Шер хўкизга мархаматини хаддан ошириб юборди, бу билан ўз махрамларини норози қилиб қўйди.
Калила деди:
—    Ҳўкизнинг мансабини кўтариб шер хато қилди, деб ўйламайман. Димна деди:
—    У Шатрабага беҳад мурувват кўрсатиб, бошқа хайрихоҳларни назардан четда қолдирди. Шунга кўра хамма шохдан ранжиган. Донишмандлар айтибдурларки, олти нарса подшохликнинг душманидир. Улар — махрумлик, фитна, эхтирос, офат, тезлик, тутуриқсизлик. Махрумлик — хайрихохларни ўзидан узоқлаштириш, ақл ва тажриба эгаларини ўз вазифаларидан қувиш ва шундай қилиб, садоқатли ва истеъдодли одамлардан ажралиш демакдир. Фитна — кутилмаган исён ва ички урушларнинг бошланиши, душман қиличининг ўз ғилофидан чиқиши де-макдир. Эҳтирос — хотинга, овга, кайфу сафога ва ичкилик каби нарсаларга хаддан ортиқ майл кўргазишдан иборатдир. Офат — хасталик, вабо, тошқин, ёнғин каби нарсалардир. Тезлик — жазо ва сиёсатни хаддан оширмоқдир. Тутуриқсизлик — дўстлик қилиш лозим бўлган жойда душманлик, яхшилик ўрнида ёмонлик қилмоқ демакдир.
Калила деди:
—    Айтганларингнинг хаммасини тушундим, лекин сен хўкизни қандай қилиб ўлдирмоқчисан, ахир унинг кучи сенинг кучингдан ортиқ, ошна-оғайнилари эса сеникидан кўпдир.
Димна деди:
—    Сен бунга аҳамият берма, чунки ишнинг муваффақияти жисмоний қувватдан ва кўмакчиларнинг кўплигидан бўлмайди. Оталар маслахат ва тадбир билан қилинган ишни қўл кучи билан қилиб бўлмайди, деганлар. Бир қарғанинг хийла ишлатиб илондан қасос олганини эшитмаганмисан?
Калила деди:
—    У қандай қасос олган экан? Димнанинг қарға хақидаги хикояти
Бир қарға тоғдаги дарахтда ўзига ин қурган экан. Унинг яқинида бир илон уяси бор экан. Қарға бола очиши билан илон унинг болаларини еб қўяверар экан. Бир куни қарға насихат қилмоқчи бўлиб илоннинг ёнига келди ва деди:
—    Едингда сақла, шундай масал бор: «Зулм қиличини ишлатган худди шу қиличдан ўзи халок бўлади!»
Бироқ қарғанинг бу насихати илонга, албатта, таъсир қилмади. Шундан кейин қарға ўз дўсти шағолнинг ёнига келди ва деди:
—    Бу золимнинг зулмидан бир илож қилиб қутулмоқчиман. Шағол сўради:
—    Қандай қилиб қутулмоқчисан? Қарға деди:
—    Илон ухлаган вақтда тумшуғим билан унинг кўзларини ўйиб оламан, зора шундан кейин жондан азиз болаларим унинг балосидан халос бўлсалар.
Шағол деди:
—    Бу тўғри тадбир эмас, душманга қарши шун-дай бир тадбир кўрки, ўзингга зарар етмасин. Сен бу фикрингдан воз кеч. Қисқичбақани ўлдирмоқчи бўлган балиқчи қуш каби ўз азиз жонингни халок қилиб қўйма.
Қарға сўради:
—    У ўзини қандай халок этибди? Қарғанинг хикояти
Бир балиқчи қуш кўл қирғоғида ўзига уя қилган экан. Истаганича балиқ тутиб ер ва рохат-фароғатда яшаркан. У қариб қувватдан қолгандан кейин овга ярамай қолибди. «Афсус, умрим тез ўтиб кетди ва қариган чоқда тажрибадан бошқа хеч нарсам қолмади. Энди қувватим кетганида бирор йўл топиб, қолган кунларимни кечиришим керак», деб қайғуга ботган холда кўл ёқасига келиб қўнди. Шунда узоқдан қисқичбақа уни кўриб ёнига келди ва сўради:
—    Нима бўлди, нега ғамгин кўринасан? Қуш жавоб берди:
—    Нега ғамгин бўлмайин, ўзинг биласан, менинг тирикчилигим хар кун бир-икки балиқ билан ўтарди. Мен шунга қаноат қилиб, ундан ортиғини талаб қилмас эдим. Бугун икки овчи бу ердан ўта туриб, бириси деди: — Бу сувда балиқ кўп экан, ов қилайлик. Иккинчиси фалон сувда балиқ бундан кўпдир, аввал уни овлаб, сўнгра бу ерга келамиз, — деди.
Агар улар қайтиб келишса, бу ердаги барча балиқларни овлаб кетишади. Менга ўлимдан бўлак илож қолмайди. Қисқичбақа бу сўзни эшитгач, дархол бориб х.амма гапни балиқларга айтиб берди. Балиқлар хаяжонга тушиб балиқчи қушнинг ёнига келдилар ва дедилар:
—    Биз сендан маслаҳат сўрагани келдик. Агар душманнинг хам олдига келиб, маслаҳат сўрасалар, у бундан бош тортмаслиги керак (айниқса, бу маслаҳат унинг ўзига хам фойдали бўлса). Сенинг тирикчилигинг биз билан эди, биз омон бўлсак сенинг фойданг-ку. Энди бирор маслахат бер, нима қилайлик?..
Балиқчи қуш деди:
—    Овчилар билан уришиб бўлмайди, лекин яқин жойда бир кўл борлигини биламан, унинг суви ошиқларнинг кўз ёшидек мусаффо, қирғоғи қамиш билан қопланган... Агар ўша ерга кўчсангиз, саломат қолиб, нозу неъмат ичида яшайсиз.
Балиқлар дедилар:
—    Жуда яхши маслаҳат, лекин сен ёрдам бермасанг, биз у ерга қандай кўча оламиз? Балиқчи қуш деди:
—    Бу иш қанчалик кўп вақт талаб этмасин, мен сизга ёрдам беришдан бош тортмайман. Тезроқ харакат қилиш керак, овчилар хадемай келиб қолишлари мумкин.
Балиқлар кўп ялиниб-ёлворишганидан кейин балиқчи қуш хар куни улардан бир нечтасини олиб бориб ўша атрофдаги бир тепалик устида еб қорнини тўйғазар эди. Қолган балиқлар бир-бирларига хасад қилишар, қачон бизга гал келаркин, деб шошилар эдилар. Балиқчи қуш эса уларнинг лақмалигига хайрон бўлиб, ўз-ўзига дер эди:
—    Душманнинг тилёғламалигига учиб, унга ишонганларнинг жазоси шунақа бўлади.
Бир неча вақт ўтгандан кейин қисқичбақа хам кўчмоқчи бўлди. Балиқчи қуш уни орқасига олиб балиқлар мозори бўлган халиги тепага қараб парвоз қилди. Қисқичбақа узоқдан жуда кўп балиқ суягини кўриб воқеани англади ва ўз-ўзига деди:
—    Таҳлика вақтида душманга қарши чора кўрмаслик ўз жонингга қасд қилиш билан баробар. Киши душмандан ғолиб келса — шухрат қозонади, халок бўлса номи қолади.
Шундай деб қисқичбақа балиқчи қушнинг бўйнига қисқичларини чўзиб, бўғзидан олди ва шундай қаттиқ сиқдики, у бехуш бўлиб қулаб тушди ва тил тортмай жон берди.
Қисқичбақа ундан қутулиб, балиқлар ёнига судралиб келди ва бўлган воқеаларни сўзлаб берди.
Бу масални шунинг учун айтдимки, сен билгин: кўп кишилар ўз макру хийласи туфайли халок бўладилар. Мен сенга бир иш ўргатай, шу йўлни тутсанг, ўзинг саломат қоласан, душманинг илон эса халок бўлади.
Қарға деди:
—    Оқил дўстлар маслаҳатига кирмаслик аҳмоқликдир. Шағол деди:
—    Сен хавога парвоз қилиб, уй ва кўчаларга назар сол. Агар кўзинг бирор қимматбаҳо нарсага тушса, уни олиб парвоз қил. Лекин шундай учгинки, одамлар сени кўриб турсинлар ва қим-матбахо нарсани қайтариб олиш учун орқангдан эргашсинлар. Сен илон уясига халиги нарсани ташла. Шунда одамлар илонни ўлдириб, нарсани олиб кетадилар ва сенинг жонинг омон қолади.
Қарға учиб бориб бир ховлига қўнди. Бир хотин марваридни ерга қўйиб, юз-қўлини ювар эди. Қарға марваридни олиб қочди ва шағол айтганидек, уни уяси олдида ётган илоннинг ёнига ташлади. Қарғага эргашиб келган кишилар илонни ўлдирдилар ва марваридни олиб кетдилар...
Димна деди:
—    Бу масални шунинг учун келтирдимки, куч билан эришилмаган нарсага хийла билан эришса бўлади.
Калила деди:
—    Ҳўкиз қанчалик қувватли бўлса, унинг ақли хам шу қадар камол топган. Сен уни қандай қилиб алдай оласан?
Димна деди:
—    Тўғри айтасан, лекин хўкиз менга ишонади, унинг мендан кўнгли тўқ. Шу сабабдан уни алдай оламан, шер қуён хийласига ишониб халок бўлгани каби, хўкиз хам менинг қўлимда халок бўлади.
Калила сўради:
—    У қандай халок бўлган эди? Димнанинг хикояти
Дейдиларки, гўзал бир ўрмон бор эди. Суви мўл, ўти сероб бўлган бу манзил ёввойи хайвонлар учун бир жаннати маъво эди, лекин ўша яқинда яшовчи бир шер уларнинг тинчлигини бузар, еганларини уларга харом қилар эди. Бир кун хайвонлар иттифоқ бўлишиб, шер қошига бордилар ва дедилар:
—    Биз хаммамиз сенинг фуқароларингмиз, сен эса хар куни қийналиб, биттамизни аранг тутиб эйсан. Сен хамиша бизни қидириб рохатингни бузасан, биз эса қўрқув ичида яшаймиз. Бугун маслахатлашиб, сени хам захматдан қутқариш, ўзимизнинг хам рохатимизни таъмин этиш мақсадида шундай хулосага келдик: агар сен хужум қилиб бизни қўрқитмасанг, ўзимиз хар куни ўз ичимиздан овқат вақтида сенга бир жонивор келтириб берамиз.
Шер рози бўлди. Бир неча муддат ахвол шу йўсинда давом этди.
Бир кун навбат қуёнга етди. У ёронларига деди: «Агар мени шоширмасангиз, сизларнинг Хаммангизни бу қонхўр, ғаддор зулмкорнинг дастидан қутқараман».
Ҳайвонлар дедилар: «Қаршилигимиз йўқ». Қуён шошмасдан шер олдига равона бўлди, шернинг овқатланадиган вақтида етиб бормади. Шер очиқиб қолди, унинг кўзлари қонга тўлиб, тишларини ғижирлатиб турар эди.
Қуённи кўргач, наъра тортиб деди:
—    Қаердан келдинг, хай-вонлар нима қилмоқдалар? Қуён жавоб берди:
—    Подшо омон бўлсинлар, хайвонлар менга қўшиб яна бир қуённи юборган эдилар. Йўлда ногох бир шер учраб, шеригимни олиб қолди. «Бу подшо хазратларига аталган тортиқ, қўйиб юборинг», десам: «Бу ер менинг жойимдир, мен кучда хам, шону шавкатда хам у шердан ортиқман, шунинг учун бу ердаги овлар аввал менга тегишли», деб лоф урди. Мен сизга хабар қилиш учун қочиб қошингизга келдим.
Шер ғазаб билан ўрнидан сакраб турди ва: «Уни менга кўрсат!» деди.
Қуён олдинга ўтиб йўлга тушди, шер эса унинг кетидан борарди. Қуён уни чуқур қудуқ лабига келтирди. Қудуқнинг суви нихоятда тиниқ эди, кимки унга қараса, ўз аксини аниқ кўрар эди.
Қуён деди:
—    Ўша шер шу қудуқда, лекин мен ундан қўрқаман, агар сиз мени ўз бағрингизга олсангиз, кўрсатаман. Шер қуённи ўз қучоғига олиб қудуққа қаради. Қудуқда ўзига ўхшаш бир шерни ва унинг қучоғидаги қуённи кўрди. Шунда қуённи ерга қўйиб ўзини қудуққа отди ва юқорига чиқолмай халок бўлди. Қуён сихат ва саломат хайвонлар ёнига қайтиб келди. Улар хол-ахвол сўрадилар.
Қуён шернинг сувга ғарқ бўлиб ўлганини гапириб берди. Калила деди:
—    Агар шерга зиён етказмай хўкизни ўлдира олсанг, унинг йўриғи бошқа, чунки хеч бир ақлли зот ўз манфаати учун бошлиғига зарар етказмайди.
Шунинг билан уларнинг сухбати тугади. Димна бир неча кун шер-нинг хузурига бормади. Бир кун шерни ёлғиз топиб хузурига кирди.
Шер деди:
—Дом-дарагинг йўқ, бир неча кундан бери сени кўрмайман. Нима, бирор ходиса рўй бердими? Димна деди:
—    Шундай, лекин хилват жойда айтаман. Шер деди:
—    Ҳозир айни вақтидир. Тезроқ айт, чунки кечиктириб бўлмайдиган бошқа мухим ишларим бор.
Димна деди:
—    Ҳукмдорнинг кўнглига ёқмайдиган сўзлар демоққа ва насиҳат қилмоққа хар ким хам журъат эта бермайди. Лекин хукмдорнинг ақли расо бўлса, айниқса, агар айтилган сўзлар унинг фойдасига хизмат қилса ва айтувчининг ўз бурчини бажариб яхшилик қилишдан бошқа хеч қандай мақсади бўлмаса, у бу сўзни айтмоғи ва хукмдор эса унга қулоқ осмоғи лозим. Агар сўз айтилиб бўлгандан кейин сўзловчининг жони саломат қолса, бу унинг учун энг юксак мукофот бўлади. Бу сўзларни шунинг учун хам айтса бўладики, подшохнинг ақли расо, у камолотда бошқалардан нихоятда устундир. Бунга кўра, у айтиладиган сўзларни шохларга хос бўлган
вазминлик билан эшита олади. Менинг айтадиган сўзларим мухаббат ва садоқат меваси бўлиб, уларда ёлғон ва риёкорлик йўқлиги ойдиндир. Бутун вахший хайвонларнинг тирикчилиги сизнинг хаётингизга боғлиқ эканлиги маълумдир. Ақлли ва олижаноб одамлар айтилиши лозим бўлган гапларини шохга айтмасалар, касалликларини табибдан яширсалар, хавф-хатар яқинлашаётганидан дўстларни огох қилмасалар, ўзларига хиёнат этган бўладилар.
Шер деди:
—    Сенинг самимий ва садоқатли эканлигинг менга маълум. Қилаётган ишларинг бундан далолат беради. Агар янги бирор нарса сезган, билган бўлсанг, айт, самимиятинг ва садоқатинг-ни яна бир маротаба кўрсат.
Димна деди:
—    Шатраба, аркони давлат ва лашкарбошилар билан яширинча кенгашиб, дебдики: «Шерни синадим, куч ва қувватининг даражасини, фахм ва фаросатининг савиясини ўргандим. Уларнинг хар бирида катта бир нуқсон кўрдим».
Шундан мен унинг кўрнамак ва хиёнатчи эканлигини пайқадим. Сиз эса, шохим, бу нонкўр ва виждонсизга хаддан ортиқ мархамат кўрсатдингиз, хурмат ва нуфузда уни ўзингиз билан баробар даражага кўтардингиз. Жиддий масалаларни хал этиб хукм чиқаришда унга шунчалик катта хуқуқ бердингизки, энди фитна деви унинг дилига тухум қўйди ва шохлик хаваси уни васвасага сола бошлади. Донишманд-лар айтибдурларки, агар подшо, ўз мулозимларидан бирортасининг шаън-шавкат, мол-дунё ва нуфузда ўзига баробар бўлиб қолганлигини сезса шу ондаёқ уни йўқотиши керак, ўзи халок бўлади. Бу ишда қандай йўл тутиш лозимлигини шохнинг ўзи хаммадан яхши билади. Лекин менинг фикримча, хўкизнинг масаласини кечиктириб, фурсатни қўлдан бериб бўлмайди. Чунки иш шу дара-жага етиши мумкинки, у вақт хеч қандай тадбир фойда бермай қолади. Донишмандлар, инсон икки нав: хушёр ва тадбирсиз бўлади, дейдилар. Ҳушёр одамлар хам икки хил бўладилар: улар бири хавф юз беришидан илгари унинг олдини оладилар, иккинчиси ходиса содир бўлгандан кейин ўзларини йўқотиб қўймай, дархол чорасини кўриб, балони даф қиладилар.
Ақлли одамлар хамиша хушёр бўладилар, ходисалар жиловини ўз қўлларида сақлаб, хавфли гирдобга тушмасдан сохилга этиб оладилар...
Тадбирсиз одамларга келсак, улар иккиланадиган, жасоратсиз, тез-тез фикрларидан қайтадиган бўладилар, бир ходиса рўй берганида улар ўзларини йўқотиб қўядилар. Ўз бахтларини сақлаб қолиш қобилиятидан махрум бўлганларидан ох-вох қила-қила, ўзларини хар ёққа урадилар. Уч балиқ хикоясидаги кун уларнинг бошига келади.
Шер сўради:
—    Қандай бўлган эди?
Димнанинг балиқлар хақидаги хикояти
Нақл қилибдурларки, йўлдан узоқ, ўткинчилардан холи бир ерда кўл бор эди. Унда уч балиқ яшар эди. Булардан иккиси тадбирчан ва эхтиёткор, бири эса хом ва тажрибасиз эди. Кунларнинг бирида тасодифан икки овчи кўл ёнидан ўтиб қолди, кўзлари учта балиққа тушди. Улар эртага келиб учала балиқни тутишга ваъдалашиб жўнаб кетдилар. Балиқлар уларнинг сўзини эшитган эдилар. Уларнинг бири жуда тадбирли бўлиб, золим замонанинг зулми ва ғаддор фалакнинг вафосизлигини кўрган, ақл ва тажрибани орттирган эди. У дархол эхтиёт
чорасини кўриб, сув келар тарафдан чиқиб, бошқа кўлга бориб олди. Кўп вақт ўтмай балиқчилар келиб, сувнинг кирар ва чиқар томонини махкам бекитдилар.
Биринчи балиққа нисбатан тажрибасизроқ, лекин ақл ва фаросатдан махрум бўлмаган иккинчи балиқ вазиятни кўриб шундай деди:
—    Фурсатни қўлдан бердим, ғофиллар ишининг охири шундай бўлади. Энди тадбир ва хийлани ишга солиш пайти келди. Типирчилаб у ёқ-бу ёққа қочган билан фойда йўқ. Умидсизликка тушмай нажот йўлини ахтармоқ керак.
Шундай деб балиқ сув юзига қалқиб чиқди ва ўзини ўлганга солиб ётди. Бир балиқчи уни олиб, ўлган гумон қилди ва сув чиқиб кетадиган ариқ бўйига ташлади. Балиқ судрала-судрала оқар сувга тушиб олди, хийла ишлатиб ўз жонини қутқарди.
Хом ва тадбирсиз балиқ эса ўзини йўқотиб, у ёқдан-бу ёққа қочиб юрар, гоҳо сув остига шўнғир, гохо юзага чиқар эди, оқибат балиқчилар тўрига илинди.
Шер айтди:
—    Масала равшандир, лекин Шатраба мендан шунча мархамат кўргандан кейин хиёнат қилиш фикрига тушади деб ўйламайман. Ахир шу вақтга қадар унга яхшиликдан ўзга нарса қилинмаган эди-ку!
Димна деди:
—    Шундайдир, подшоҳнинг қилган катта яхшиликлари уни шу фикрга олиб келди... Шармсиз одамлар орзу этган вазифаларига етишгунча самимий ва садоқатли бўладилар, бу вазифага эришишлари билан ўзлари лойиқ бўлмаган яна юксак мартабани эгаллаш хаёлига тушадилар ва бу йўлда хийла хамда хиёнат кўчасига кирадилар. Разил одамлар қўрққанларидан хизмат қиладилар ва ўз мухаббатларини изхор этадилар.
Шер деди:
—    Менинг фикримча, Шатрабанинг кўнгил ойнаси чангдан холи ва кўнгли бу хаёлдан покизадир. Мен хамиша унга иноятлар қилар эдим, нахот, у ёмонликни ўйласа!
Димна деди:
—    Подшоҳга маълумдирки, фикри бузуқ одам хеч қачон ростгўй бўлмайди. Йўлдан озганни жазо ва мукофот билан хаммавақт хам тўғри йўлга солиб бўлавермайди. Қулоқларига тошбақа билан чаён қиссаси чалинмаган эдими?
Шер деди:
—    Қани, сўйлаб бер. Димнанинг навбатдаги хикояти
Бир тошбақа билан бир чаён дўст эдилар. Улар бир кун сафарга отландилар. Ногох йўлда бир анхорга дуч келдилар. Чаён ўта олмаслигини сезиб, хайрон бўлиб тўхтади.
Тошбақа деди:
—    Эй азиз дўстим, сенга нима бўлди, ғамгин бўлиб турибсан?
—    Биродар, мен бу сувдан қандай ўтаман деб хайронман. Тошбақа деди:
—    Ғам ема, орқамга миндириб, сени бехатар ўтказиб қўяман.
Тошбақа чаённи орқасига миндириб сувга тушди, сузиб бораётганида унинг қулоғига бир нарсанинг тиқирлагани эшитилди ва чаённинг харакатидан шубхаланиб сўради:
—    Эшитаётганим қандай овоз, сен нима қиляпсан? Чаён жавоб берди:
—    Нишимнинг найзасини сенинг қалқонингга уриб синаб кўрмоқдаман. Тошбақа деди:
—    Эй бемурувват, мен ўзимни гирдобга ташлаб, сени сувдан бехатар ўтказмоқчи бўлсаму, сен орқамга ниш урсанг. Биласанки, найзанг менинг қалқонимга зарар етказолмайди.
Чаён деди:
—    Менинг табиатим, хох дўст орқасига бўлсин, хох душман сийнасига бўлсин, ниш урмоқни тақозо этадур.
Тошбақа деди:
—    Донишмандлар зоти ёмонни тарбияласанг, обрўйингдан махрум бўласан, деб бекорга айтмаганлар.
Шуни деб тошбақа сувга шўнғиди, чаён эса тушиб халок бўлди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, Шатрабанинг зоти ёмон, ўзи нопок.
Шундай қилиб, Димна хийла ангиз сўзлар билан ўз мақсадига эришди, сувни лойқалантириб, шернинг ғазабини қўзғата олди.
Айтибдурларки, подшо ўз мулозимларига хаддан ортиқ мархамат ва лутф-карам кўрсатмаслиги керак, токи улар бошқа каттароқ нарса умидида душман тарафига ўтиб кетмасинлар; шундай қилиш керакки, улар хавф ва эҳтиёж, қўрқув ва умид орасида яшасинлар: на умидсизликка тушсинлар ва на қутуриб кетсинлар... Эгри одамдан тўғрилик келмаслигини подшо билмоғи керак. Йўлдан озган одамни жазо бериш билан тўғри йўлга қайтариш хар гал мумкин бўлаверадиган иш эмас. Итнинг қайрилма думини қанчалик маҳкам боғлаб қўйманг, у барибир тўғри бўлмайди, боғни ечган замоноқ аввалги холига қайтади. Кимки аччиқ бўлса хам, ўз дўстлари насихатига қулоқ солмас экан, ишининг оқибати пушаймонлик бўлади. Бу — хаким буюрган дориларни ишлатмай, пархез қилмай, ўзининг кўнгли тилаган таомларни еган, истаган ичимликларни ичган беморнинг хар дақиқа дарди оғирлашиб кетгани кабидир... Шохнинг мулозимлари уларга қилинган яхшиликлар эвазига ўз билганларини шохларга айтиб туришга мажбурдирлар. Шохлар хам буни талаб қилишга хақлари бор. Шохдан хеч бир нарсани яширмаганлар мулозимларнинг энг содиқларидир. Охири хайрли бўлган иш энг яхши иш саналади. Энг яхши одамларнинг мақтови энг олий мукофотдир. Эхтиёж сезилмаганда хам хар бир ишда яқиндан ёрдам берувчи дўст — дўстларнинг энг яхшисидир. Мулойимлик ва софдиллик энг яхши хислатлардандир. Очкўз ва хасис бўлмаган — одамларнинг энг
бадавлатидир. Давлатдан мағрурланмаган, камбағалликдан рухий тушкунликка тушмаган — инсонларнинг энг комилидир...
Тўшаги тикандан, ёстиғи илондан бўлган одамнинг уйқуси ширин бўла олмайди. Инсон идрокининг расолиги, ақли комиллигининг аломати шуки, дўстлардан бири душманлик қилса ва ё мулозимлардан бири ғурурланиб кетса, бунга қарши дархол чора кўради, фурсат топиб, зиён етказмасдан бурун уни бир ёқлик қилади. Чунки душманга мухлат берилса, унинг қудрати ортади, вақт берилса, куч йиғади...
Ишнинг аввалию охирини тушунмаган, катта ходисалар юз берганда яхши тадбир кўра олмаган, фурсат қўлдан кетгандан ва душман ғолиб келгандан кейин ўз яқинларини койиб хар бирига бир жазо берган шох подшоҳларнинг энг ожизидир... Мамлакатни идора этиш шартларидан бири хамлага тайёрланган душманни дархол бартараф этишдир.
Шер деди:
—    Сенинг сўзларинг жуда даҳшатли ва қахру ғазаб билан суғорилган. Лекин хайрихох одамнинг сўзларига қулоқ осмаслик тўғри эмас. Шатраба душманлик фикрига тушса, унинг етказа оладиган зарарлари мени қўрқитолмайди. Чунки у менинг таомимдир. Унинг емиши ўт-алаф, меники эса гўштдир. Бунинг устига, у билан менинг орамизда салом-алик, ишонч, хурмат бор. Дебдурларки, ақлли одамлар ишончга хиёнат этмайдилар. Энди мен нимага асосланиб Шатрабага хиёнат қила оламан. Мажлисларда такрор-такрор уни мақтаб, ундан рози эканлигимни, унинг ақли ва фаросатидан мамнунлигимни, унга содиқлигимни хамиша айтиб келганман. Энди бу айтганларимнинг аксини қилсам, мен сўзимнинг устидан чиқмайдиган ва тез-тез фикридан қайтадиган одамдек бўлиб қоламан. Бундан кейин хеч ким мен берган ваъдаларга юракдан ишонмай қўяди.
Димна деди:
—    «Шатраба менинг таомимдир», деб шох алданиб қолмасинлар. Шатраба ўзи бир нарса қила олмаса хам, атрофига дўстларини тўплаб, хийла ва риёкорлик билан мақсадига етиши мумкин. Бутун йиртқич хайвонлар унинг тарафига ўтиб кетадилар деб қўрқаман. Чунки Шатраба уларнинг қалбида сенга адоват, ўзига рағбат хиссини уйғотган. Буларнинг устига, агар Шатраба бошқаларни сенга гижгижлатолмаган тақдирда хам, унинг хижрони висолидан яхшироқдир.
Шер Димнадан сўради:
—    Хўш, энди нима қилай? Димна деди:
—    Чириган тишни суғуриб ташламагунингча оғриғи қолмайди... Ҳазм бўлмаган таомни қайт қилиб ташламагунча, кўнгил бехузурлиги босилмайди. Яхшиликни билмаган, дўстлик ўрнига душманлик хаёлига тушган ярамас рақибни халок қилмагунча, унинг дастидан қутулиб бўлмайди.
Шер деди:
—    Сенинг сўзларингдан кейин Шатрабанинг дийдорини кўришни хам истамайман. Бирортани юборай, бориб унга қаерга хохласа кетавериши мумкинлигини айтиб келсин, асло кўзимга кўринмасин.
Димна бу сўзлар Шатраба қулоғига етиб борса, у дархол ўзини оқлаш учун далиллар келтиришини, Димнанинг ёлғон гапириб, хийла ишлатганини фош этишини яхши билар эди. Шунинг учун тезда шерга деди:
—    Эҳтиёткорлик жасурликнинг фазилатидир. Бундай қилишга маслаҳат бермайман, чунки айтилмаган сўзларни хар қачон айтса бўлаверади, лекин айтилган сўз эркин харакат этмоққа халал етказиши мумкин.
Айтилган сўз — отилган ўқ, уни қайтариб бўлмайди... Мабодо Шатраба бу хабарни эшитса, ўзининг фош этилишини билиб қўшин тўплаши, шайланган холда урушгани келиши мумкин.
Ақл ва тажриба эгалари ошкора гунох учун яширин жазо ва аксинча, яширин гунох учун ошкора жазо беришни маслахат кўрмайдилар.
Шер деди:
—    Ҳеч қандай далил бўлмасдан, фақат гумонга асосланиб яқинларни узоқлаштириш, уларни халок этишга интилиш — ўз илдизига ўзи болта уриш демакдир. Подшохлар бутун ишларда, хусусан мукофот ва жазо беришда атрофлича мулохаза юритмоқлари даркор.
Димна деди:
—    Шоҳнинг айтганлари тўғри. Лекин бу хийлагар келгунча фурсатни қўлдан бермай, яхши хозирлик кўрмоқ керак. Шатрабага диққат билан қаралса, унинг қандай фикрда эканлигини жирканч башарасидан хам билса бўлади. Чунки дўст билан душман орасидаги фарқ, уларнинг қарашлари, юриш-туришларида кўзга ташланиб туради. Хиёнат йўлига кирган бўлса, унинг ташқи белгилари қуйидагича бўлади: кайфияти бузилади, кўзи олазарак бўлади, ўнг ва сўлга аланглайверади, шохни сузиб олишга тайёрланиб тургандай бўлади.
Шер деди:
—    Бу бошқа масала. Агар хақиқатан хам мен бу белгилардан бирортасини унда кўрсам, ўша замоноқ шубхаларим тасдиқланади.
Димна шернинг бу сўзларини эшитгач, ўз хийласи таъсир этганини англади ва хўкизни хам йўлдан уриш учун унинг ёнига жўнашликка қарор қилди. Лекин шерда шубха уйғотмаслик учун аввал ундан ижозат олишни лозим кўрди.
—    Ижозат берсангиз, Шатрабанинг ёнига борай, унинг қандай фикрда эканлигини билиб, сизга хабар қилай.
Шер ижозат берди.
Димна бошини қуйи солиб ғамгин холда Шатрабанинг ёнига келди. Шатраба уни мехрибонлик билан қарши олиб деди: «Бир неча кундан бери сени кўрмайман, кайфиятинг қалай?»
Димна жавоб берди:
—    Ихтиёри ўз қўлида бўлмаган, бошқалар амрига муте бўлган, хамиша қўрқув ва изтироб ичида яшаган, бир дақиқа бўлса-да, эркин нафас олиб, юракдаги сўзларини айтолмайдиган кимсанинг кайфияти нечук бўлур эди!
Ҳўкиз деди:
— Нима бўлди ўзи?
Димна деди:
—    Нима бўларди, хеч нарса. Инсоннинг манглайига нима ёзилган бўлса, ўша бўлади... Ҳеч толеидан қочиб қутулган одамни учратдинг-ми? Кимни кўрдингки, хотинлар сухбатида бирортасига мафтун бўлмаган бўлсин? Ярамас одамларга иши тушиб, хор бўлмасин? Фитначи одамлар билан улфатчилик қилсин-да, охирида ўзи пушаймон бўлмасин? Подшоҳлар мулозиматида бўлсин-да, яна бунинг устига жони хам саломат қолсин?
Шатраба деди:
—    Сўзларингдан кўринадики, шердан сенга бир озор етган ва унинг қахридан қўрқасан. Димна деди:
—    Тўғри. Лекин ўзим учун қўрқмайман, балки дўстлар учун таҳликага тушиб қолганман. Сенга дўст эканлигим, орамиздаги дўстлик алоқалари, биринчи дафъа шер мени сенинг олдинг-га юборганида сенга халол хизмат қилганим ўзингга маълум. Шунинг учун хам мен бирон яхши ё ёмон, хайрли ё зарарли ходисани сезсам, уни сендан яширолмайман.
Шатраба деди:
—    Эй ахдига вафодор, азиз дўстим! Сўзла ва тезроқ мени бўлган ходисалардан хабардор қил! Димна деди:
—    Бир эътиборли одам шер оғзидан шу гапларни эшитибди: «Шатраба жуда яхши семирибди, кўрганда оғзингнинг суви келади. Унинг бу ерда тирик қолишининг маъноси йўқдир... Жониворларни унинг ширин гўшти билан меҳмон қилсам». Бу гапни эшитгач, шернинг нақадар қонхўр ва йиртқич эканини пайқадим, сени хабар-дор қилиб, қардошлик бурчимни бажо келтирай, деб тезда сенинг ёнингга келдим. Бу билан дўстлик, виждон ва ахду паймон шартларини адо этдим.
Энди биргина йўл бор — тезда бир чора кўриб, хийла билан жонингни сақлаб қолишинг керак.
Шатраба Димнанинг айтганларига диққат билан қулоқ солди. Шернинг берган ваъдалари, ичган онтларини эслаб, деди:
—    Шернинг мендан ғазабланишига асос йўқ, чунки унга шу вақтгача мендан хеч бир хиёнат содир бўлмади. Менинг хақимда шерга ёлғон сўзлар сўзлаб, уни йўлдан чиқарганлар, шер хам шундай мулозимларнинг бўхтон ва ифтироларига ишониб, мендан аччиқланган. Шернинг хизматида хоин мулозимлар кўп. Фитначилар билан дўст бўлган кимса, энг яхши одамлар хақида хам ёмон фикрда бўлади, вақт ўтгандан сўнг кўзлари мошдек очилиб, пушаймон ейди. Бу худди ўрдакнинг хатосига ўхшайди!
Димна сўради:
—    У қандай хато қилган экан? Шатрабанинг хикояти
Бир ўрдак тиниқ сувда ойни кўриб, уни балиқ деб ўйлади ва сувга шўнғиди, лекин хеч нарса топмади. Бир неча мартаба шўнғиб чарчагандан кейин ўрдак бу ишнинг бахридан кечди. Бир неча кундан кейин кўлга расмана балиқлар сузиб келдилар, лекин ўрдак хар гал балиқ кўрганда
уни ойнинг акси гумон қилиб, уларни тутиб ейишга харакат қилмади. Шундай қилиб, янглиш тажриба натижасида у хамиша очлик бирла кун кечирди.
Агар шерга менинг хақимда ёмон ғараз билан гап айтган бўлсалар, шер хам бошқа хиёнатлар шоҳиди бўлганлиги учун бунга ишонган... Агар шер сабабсиз мендан нафрат қилаётган бўлса, бу нихоятда афсусланарли ва таажжубланарли ходисадир. Агар ғазаб ва норозилигининг бирор сабаби бўлса, узр сўраш ва хатони тузатиш йўли билан уни рози қилиш мумкин. Лекин фитначилар қурган хийла тузоғини бузмоқ ва хақиқатни очмоқ ғоят мушкулдир. Чунки ёлғон ва фитнанинг хадди-худуди бўлмас, у бора-бора ортар, лекин озаймас. Шер билан менинг муносабатимни бузадиган хеч бир воқеани эслай олмайман. Елғиз айрим вақтларда мен яхши ният билан унинг баъзи фикрларига қўшилмаган эдим, нахотки шуларни беодоблик ва бехурматлик хисоблаган бўлса?! Лекин мен айтган сўзларнинг хаммаси хайрли ва фойдали эди.
Уларни хам хеч вақт одамлар олдида айтмас эдим, айтганда хамиша таъзим бажо келтириб, эхтиётлик билан, қаттиқ ботмайдиган қилиб айтар эдим.
Насихатнинг хиёнатга, хизматнинг адоватга сабаб бўлиши хеч ақлга сиғмайдиган нарсадир...
Ҳар кимки маслахат вақтида маслахатчининг сўзига, муолажа чоғида табибнинг, шариат масалаларида зохиднинг сўзига кирмаса, яхши иш фойдасидан, муолажа шифосидан ва ибодат савобидан махрум бўлади. Балки шернинг ғазабига салтанат истиғноси ва подшохлик сармаст-лиги сабабдир. Подшохликдан маст бўлган шохларнинг кўзига хоинлар содиқ одамлар сиймосида, содиқ одамлар эса хоинлар қиёфасида кўринадилар. Шунинг учун олимлар дебдурларки, «Наханг бирла дарёда ўйнашмоқ хавфлидир, лекин шохларга яқинлик қилмоқ бундан хам қўрқинчлидир». Шох хизматининг озори кўп ва зарари бенихоядир. Ҳикмат ахли шохларни оловга ўхшатибдурлар. Узоқдан ўтнинг нурини кўрганлар, унинг куйдиришини хаёлларига келтирмайдилар, гумон қиладиларки, султонга яқин бўлишда манфаат кўпдир, хақиқатда эса бундай эмас. Султоннинг юз йиллик инояти унинг бир соатлик сиёсати билан хам баробар эмас. Бу, лочин билан товуқ мунозарасига ўхшайди.
Димна сўради:
—    Улар қандай мунозара қилибдилар? Шатрабанинг яна бир хикояти
Бир кун лочин товуққа дебди:
—    Эй товуқ, сен бевафо ва аҳдингда турмайдиган бадфеъл паррандасан. Товуқ сўради:
—    Мендан қандай бевафолик содир бўлди? Лочин деди:
—    Бевафолигинг аломати шуки, одамлар сенга кўп яхшиликлар қиладилар. Уйларида дун-ёга келибсан, сув ва донларини еб катта бўлибсан, яна сени ит ва қушлардан асрайдилар. Лекин қачонки сени тутмоқчи бўлсалар, томдан томга қочасан ва нола қиласан, тузларининг хақини оқламайсан, валинеъматинг-дан қўрқасан. Мен эса вахший жониворман. Лекин агар бир-икки кун улар билан улфат бўлсам, қўлларидан таом есам, тузларини оқлайман. Уларга ов қилиб бераман. Узоққа кетган бўлсам, чақирсалар учиб келаман.
—    Гапинг рост. Сенинг учиб келишинг ва менинг қочишимнинг боиси бор, сен х.еч қачон лочиннинг сихга тортилганини кўрганмисан? Мен эса анча товуқларнинг сихда бирён бўлганларини кўрдим. Агар сен кўрган бўлсайдинг, уларнинг ёнига сира йўламас эдинг, мен томма-том қочсам, сен тоғма-тоғ қочардинг.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, билиб ол: шохларнинг сиёсатларини кўрганлар тинчларини йўқотадилар.
Шатраба сўзида давом этиб деди:
—    Балки менда бўлган истеъдод шоҳнинг ғазабига сабаб бўлгандир. Чунки яхши отни кучли ва чопқир бўлганлиги учун жиловлаб минадилар. Мевали дарахтнинг шохини меваси борлиги учун синдирадилар, товус эса гўзаллиги учун хамиша пати юлуқ ва қаноти қирқилган бўлади...
Ҳунар эгаларини хамиша истеъдодсиз ва бахил одамлар оёқ ости қиладилар, улар олчоқ ва разил одамларнинг нафрат ва ғазабига сабаб бўладилар. Истеъдодсиз, бахил, олчоқ ва разил одамлар истеъдодли ва олижаноб одамлардан кўпдир, шунинг учун ғийбат ва бўхтон билан яхшиларни халок этадилар. Хасис сахийни кўрса, жохил олим билан бир мажлисга тушса, ахмоқ оқил билан сухбат қурса юраклари сиқилиб, қонлари қайнаб кетади. Истеъдодсиз одамлар хунар эгаларини ерга уриб, уларни гунохкор қилиб кўрсатишга харакат этадилар. Диёнатни жиноят қилиб кўрсатадилар, бахт-саодат воситаси бўлган хунар ва истеъдодни бахтсизлик василасига айлантирадилар.
Агар тақдир тақозо қилган бўлса, феъли айниган подшохга қарши туриш қутурган шерни занжирлашдан, захарли илонни тутишдан қийин.
Димна деди:
—    Шернинг бу қарорининг сабаби ёвузларнинг тухмати эмас. Очиғини айтганда, у кучли золим, ғаддор, хийлакор ва хоиндир. Бунақаларнинг дўстлигининг аввали хаёт каби ширин, сўнгги эса ўлим каби аччиқ бўлади.
Шатраба деди:
—    Тўғри айтасан, мен шернинг хизматига кириб хатога йўл қўйдим... Ажал хайдаб мени бу ерга олиб келган экан. Йўқса, мен қайда-ю, шер билан дўстлик қайда?! У гўшт ейди, мен эса ўт. Мен унинг таоми, у эса менинг душманим! Толеим шу экан! Мени гирдобга ташлаган нарса очкўзлик, бойлик ва дабдаба, шаън ва шавкат хирси бўлди... Асалари нилуфар гулининг рангини кўриб, дархол унга қўнади, ширасини сўриб, хидидан завқлана бошлайди. У бу ишга шундай берилиб кетадики, учиб кетиш кераклигини унутиб қўяди. Нилуфар секин-аста ўз япроқларини юмади ва асалари улар ичида қолиб халок бўлади. Ўз қисматига рози бўлмай, ортиқча нарсалар талаб қилган одам, гўзал чаманликларда ранг-баранг чечакларнинг хушбўй хидига ва яшил япроқли дарахтларнинг меваларига қаноат қилмай, филнинг қулоғига кирган ва қулоғининг бир харакати билан халок бўлган пашшага ўхшайди. Қадр-қимматни билмаган одамга хизмат қилмоқ — шўр ерга уруғ сепмоқ, ўлик билан кенгашмоқ, кар қулоғига хикмат дарси ўқимоқ, оқар сув юзига ғазал ёзишга уринмоқ билан баробар...
Димна деди:
—    Бу сўзларни қўй, ўзингни қутқариш учун бирор чора кўр.
Шатраба деди:
—    Мен нима хам қила олар эдим? Шер мен тўғримда ёмон фикрда бўлмаса хам унинг яқинлари мени ўлдирмоққа саъй қилмоқдалар. Агар шундай бўлса, бирор чора кўрмоқ мушкулдир. Чунки золимлар бир-бирларига қўшилиб бировни махв этишга қасд қилсалар, биргалашиб шердан ғолиб чиққан бўри, зоғ ва шағол каби ўз мақсадларига эришадилар.
Димна сўради:
—    У қандай бўлган эди? Шатрабанинг хикояти
Нақл қилурларки, бир зоғ, бўри ва шағол бир шернинг хизматида эдилар. Уларнинг маскани йўл устида эди. Бир кун бир савдогарнинг туяси карвондан айрилиб ўрмонга келиб қолди. Шерни кўргач, унга бош эгиб салом берди. Шер хам мулойимлик билан бу ерга қандай келиб қолганлигини суриштирди. Туя ахволни гапириб бергач, шер:
—    Энди қаерда турмоқчисан? — деб сўради.
Туя деди:
—    Шоҳимнинг ихтиёри нима бўлса шу. Шер деди:
—    Майлинг бўлса, менинг ёнимда қолиб роҳат-фароғатда яшашинг мумкин.
Туя буни эшитиб шоду хуррам бўлди, ўша ўрмонда ўтлаб семириб юраверди. Кунлардан бир кун шер овга кетаётганда бир маст филга дуч келди. Ўрталарида шиддатли уруш бошланди. Шер оғир ярадор бўлиб инграй-инграй ўрмонга қайтди ва бир бурчакда инграб ётди. Бир неча кун овга чиқа олмади. Шернинг овига шерик бўлиб юрган бўри, зоғ ва шағол оч қолдилар. Буни сезган шер уларга деди:
—    Оч қолиб қийналаётганга ўхшайсизлар, бу яқинда бирор ов кўрсангиз хабар беринглар, мен уни ушлаб парчалай. Сизнинг хам қорнингиз тўяди, менинг хам.
Улар ташқари чиқиб маслахат қилдилар: — Туя бизнинг орамизда ортиқча. Унинг шерга нима нафи бору, бизга нима фойдаси. Ҳеч биримизга ўртоқ бўла олмайди. Ҳозир шерни мажбур қиламиз, уни есин, қолдиғи бизга тегади.
Шағол деди:
—    Бу гапни шерга айтиб бўлмайди, чунки шер унга омонлик бериб ўз хизматида олиб қолган. Кимки подшохни хиёнатга йўллаб, ахд-паймонни бузишга даъват этса, дўст-ошноларини бало тузоғига ташлаган бўлади, бахтсизлик ўқини ўзига қаратган бўлади.
Зоғ деди:
—    Бу борада шундай хийла ишлатиш керакки, подшоҳнинг ўзи ўз аҳдини бузишга мажбур бўлсин. Сизлар шу жойда тек туринглар, мен хозир келаман. Зоғ учиб шер қаршисига борди ва таъзим қилиб турди.
Шер сўради:
—    Бирор нарса топдингизми?
—    Очликдан кўзларимиз хеч нарсани кўролмайди. Агар подшо розилик берса, хаммага етадиган бир неъмат бор.
Шер деди:
—    У нима деганинг? Зоғ деди:
—    Ана у туя бизларнинг орамизда бегонадир. Унинг бу ерда юришидан шоҳга хеч фойда йўқ. Шер ғазаб билан деди:
—    Бу гапинг инсоф ва мурувватдан эмас, буни виждон қабул қилмайди. Мен туяга берган ваъдамни қандай қилиб буза оламан?
Зоғ деди:
—    Мен буни хам ўйлаб қўйдим. Донишманд-лар айтибдурларки, фалокат юз берганда бир кишини бир оила учун, бир оилани бир қабила учун, бир қабилани бир шахар учун, шахар ахолисини эса подшох учун фидо қилса бўлади. Ахдни бузмаслик учун хам бир важ ва илож топилади. Шунда ахд хам бузилмаган бўлади, подшох хам очлик тахликасидан қутулган бўлади.
Шер буни эшитгач, бошини қуйи солиб ўтирди. Зоғ ўз ёронлари қошига келиб деди:
—    Шер бошда ғазабланиб гапимга қулоқ солгиси келмади, охирида индамай қолди. Энди маслахат шуки, хаммамиз туянинг олдига бориб шернинг очликдан азоб чекаётганини гапириб берайлик ва айтайлик: шернинг давлати соясида тўқ ва шод-хуррам кун кечирдик. Агар энди унинг бошига оғир кун келганда шох учун жонимизни фидо қилмасак, нонкўр бўламиз...
Кейин шернинг ёнига борамиз-да, унинг бизга катта илтифотлар кўрсатганини эътироф этиб, жонимизни унга қурбон қилишга тайёрлигимизни айтамиз, хар биримиз навбат билан: «Шох бугун мени есинлар», деймиз. Бошқаларимиз: «Йўқ мени енг», деб туриб оламиз. Шундай қилиб, биз хам шерга бўлган миннатдорчилигимизни изхор этган бўламиз, хам саломат қоламиз.
Улар алдаб-сулдаб туяни ўз сўзларига кўндирдилар, туя шер-нинг хузурига боришга рози бўлди. Ҳаммалари шернинг қошида бош эгиб таъзим қилдилар.
Сўзни зоғ бошлади:
—    Шоҳнинг умри узун, давлати абадий бўлсин. Бизнинг тириклигимиз шоҳнинг соғлиғига боғлиқдир. Шохнинг бошига мусибат тушгандан кейин бизнинг яшашимизнинг нима маъноси бор? Бўйим кичкина ва вужудим заиф бўлишига қарамай мен ўзимни шох хазратларига фидо қилишга қарор қилдим... Агар шох менинг гўштимни емоқчи бўлсалар, мархамат тайёрман.
Бошқалари дедилар:
—    Сенинг гўштинг билан ким тўяди?
Шағол сўз бошлади, у хам зоғга ўхшаб ўзининг фидокорлигидан лоф ура бошлади. Шериклари унга:
—    Сенинг гўштинг сассиқ ва зарарли, шоҳга лойиқ эмас, — дедилар.
Ундан кейин бўри гап бошлаб, ўз гўшти яхшироқ эканини айтди. Шериклари бўрига хам эътироз билдириб: "сенинг гўштинг қаттиқ, томоққа тиқилиб қолади ва заҳарлайди. Сени хам еб бўлмайди", дедилар.
Навбат бечора туяга етди. У маккор шерикларининг «самимий»лигига ишониб, ўз гўштининг тоза ва лаззатлилигини мақтай кетди. Ҳаммалари бир овоздан унинг сўзини қувватладилар:
—    Жуда тўғри ва чин юракдан гапиряпсан, ўзинг чиройлисан, гўштинг мазали, подшо хазратларининг мижозларига жуда мос келади, хаммамизга хам етади, — деб хаммалари туя устига ёпирилиб, бечорани пора-пора қилдилар. Шу йўсинда туя уларнинг хийла тузоқларига илиниб халок бўлди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, агар душманлар йиғилиб сўзни бир ерга қўйсалар, уларнинг хийласи бекор кетмайди.
Димна деди:
—    Хўш, сен қандай фикрдасан? Шатраба деди:
—    Уришиб қаршилик кўрсатмоқдан ўзга иложим йўқ. Агар бир одам умр бўйи ибодат қилиб, мол-мулкини фақир-фуқарога улашса, барибир унинг савоби ўз мол-мулкини, ўз номусини сақлаш учун бир соат курашган одамнинг савобидан кам бўлади. Чунки курашиб халок бўлган кимса хам шухрат топиб, хурматга сазовор бўлади, чунки бундай ўлим шарафли хисобланади. Пичоқ суякка етганда, жон бўғизга келганда мол-жон, имон ва маслак учун олиб бориладиган курашнинг савоби жуда катта.
Димна деди:
—    Ақлли одам олишувга ошиқмайди, тайёргарлик кўрмасдан катта ва таҳликали ишни бошламайди. Душман билан мумкин қадар юмшоқ муомала қилиб низони тинчлик ва дўстлик йўли билан хал этишга тиришади. Донишманд кимсалар ўзларининг заиф душманларига хам менсимаслик билан қарамайдилар, чунки душман кучсиз бўлса, хар хил хийла ва найрангга мурожаат қилади, шу йўл билан у ғалаба қозониши мумкин. Ҳолбуки, шернинг қўрқмас, жасур, кучли ва қудратли эканлиги хаммага маълум. Кимки душманни менсимаса ва урушнинг нима билан тамом бўлишини олдиндан кўрмаса, татавани писанд қилмаган дарё тангриси каби пушаймон бўлади.
Шатраба сўради:
—    Татава нима қилибдики у пушаймон бўлган? Димнанинг хикояти
Айтибдурларки, денгиз қирғоғида, татава деган бир жуфт қуш яшар эди. Бир кун татаванинг модаси:
—    Тухум қўймоқ учун яхши жой топиш лозим, — деди. Нар жавоб берди:
—    Тухум қўйишга шу ер яхши, бошқа жойга кўчишга эҳтиёж йўқ.
Мода деди:
—    Ўйлаб кўриш керак. Агар денгиз тошиб, мавж урса, тўлқин болаларимизни олиб кетади, мехнатимиз зое кетади.
Нар деди:
—    Денгиз тангрисининг юрак ютиб биз томонга келиши гумон. Агар бу ерга келиб болаларимизни халок қилса, ундан қасос олиш осон.
Мода деди:
—    Одам ўз кучини билса, хаддидан ошмаса яхши бўлади. Сен қайси куч ва қудратингга ишониб денгиз тангрисига тахдид соласан ва қасос оламан, деб қўрқитмоқчи бўласан. Бу фикрингдан қайт, хавфсиз бир жой топишга урин. Хайрихох дўстлар сўзига кирмаган кимса тошбақанинг холига тушади.
Нар сўради:
—    Тошбақага нима бўпти? Татаванинг тошбақа хақидаги хикояти
Айтибдурларки, бир кўлда икки ўрдак ва бир тошбақа яшардилар. Қўшни бўлганлари учун улар бир-бирлари билан дўст ва иттифоқ эдилар. Бирдан ғаддор фалак уларнинг тинчгина турмушини бузди. Уларнинг хаёт манбаи бўлган сув камая бошлади. Буни кўрган ўрдаклар тошбақа ёнига келиб дедилар:
—    Видолашмоққа келдик, эй азиз дўстимиз, саломат қол! Тошбақа бу гапни эшитиб, нола қилди ва кўз ёшларини оқизиб деди:
—    Эй, менинг азиз дўст ва мехрибон биродарларим! Сувнинг озайиши мен учун яна хам дахшатлидир, мен сувсиз яшай олмайман. Энди мурувват вақти келди, мени хам халос этмоқ учун бир тадбир кўринглар.
Ўрдаклар дедилар:
—    Сендан айрилиш ва хижрон дардини чекиш биз учун янада оғир. Сендан ажралиб қаерга кетмайлик ва қандай нозу неъмат ичида яшамайлик, бизга татимайди. Лекин сен ўз дўстларинг насихатларига қулоқ солмайсан, ўз фойдангни тушунмайсан. Сени хам бирга олиб кетишимизни хохласанг, бир шартимиз бор: осмонга кўтарилгандан кейин бизни ким кўрмасин ва нима демасин, индамайсан, оғизни махкам юмиб кетаверасан.
Тошбақа деди:
—    Розиман. Айтганингизни қиламан: тишимни тишимга қўйиб, хеч нафасимни чиқармайман.
Ўрдаклар бир новда топиб келтирдилар. Тошбақа унинг ўртасидан тишлади, ўрдаклар икки бошидан тишлаб осмонга кўтарилдилар. Одамлар уларни кўриб таажжуб билан ўнг ва сўлдан: «Ўх-ху, анавини қаранглар, ўрдаклар тошбақани учириб олиб кетяпти», деб қичқира бошладилар. Тошбақа бир муддат индамай борди, кейин ўзини тута олмай, «кўролмаганларнинг кўзи чиқсин» демоқчи бўлиб оғиз очган эди хамки, ерга тушиб чилпарчин бўлди.
Ўрдаклар бу воқеа хаммага ибрат бўлсин деб уни хар ерда гапириб юрдилар. Нар деди:
—    Нима демоқчи бўлганингни тушундим. Лекин бунга қарамай қўрқмасдан тухумларингни шу ерга қўявер.
Мода унинг айтганини қилди. Нарнинг баландпарвоз сўзларидан ғазабланиб денгиз тангриси қаттиқ тўлқин кўтарди. Тўлқин қушнинг эндигина тухумдан чиққан болаларини олиб кетди.
Бу холни кўрган мода изтиробга келиб нарга деди:
—    Сув билан хазиллашиб бўлмаслигини билардим. Сен эса ўз манманлигинг билан болаларимизни халок этдинг. Энди ўз бошимизга бир фалокат келмасайди.
Нар деди:
—    Кўп куйинма. Киши тупурган тупугини қайтиб оғзига олмайди. Мен айтган сўзимда туриб денгиз тангрисидан албатта қасос оламан.
Эркак татава дархол бошқа қушларнинг ёнига борди. Уларнинг бошлиқларини йиғиб ўз бошига тушган фалокатни уларга айтиб бериб деди:
—    Агар хаммамиз бир бош, бир қанот бўлиб бу балонинг олдини олмасак, денгиз тангриси хаддидан ошиб қутураверади, бутун қушлар наслини йўқ қилиб юборади.
Қушлар йиғилиб Семурғнинг ёнига келдилар ва ахволни унга батафсил сўзлаб бердилар:
—    Агар денгиз тангрисидан ўч олиб бера олмасанг, бугундан бошлаб сени қушларнинг подшохи деб танимаймиз.
Семурғ буни эшитгач, қанот қоқиб осмонга кўтарилди. Бундан дадилланган бошқа қушлар хам денгиз тангрисидан интиқом олиш учун Семурғнинг кетидан парвоз қилдилар. Денгиз тангриси Семурғнинг қудратини ва бахамжихат бўлган бошқа қушларнинг куч ва матонатини яхши биларди. Шунинг учун татаванинг болаларини қайтариб беришга мажбур бўлди.
Димна деди:
—    Мен бу масални шунинг учун келтирдимки, хеч вақт душманни менсимаслик керак эмас, биринчи бўлиб уруш бошлаш оқил кишининг иши эмас.
Шатраба деди:
—    Хўп, мен биринчи бўлиб уруш бошламайман, лекин шер менга қасд қилса, ўзимни мудофаа қилишга мажбур бўламан.
Димна деди:
—    Албатта шундай қилиш керак, энди хужумга шайланган шернинг аломатларини айтиб берай: агар шер қоматини букиб, тукларини хурпайтириб, думларини ерга урганини кўрсанг, билгинки, у хужумга тайёрланаётир.
Шатраба деди:
—    Яхши, мен бу аломатларни кўрсам, бутун шубҳаларим тасдиқланган бўлади ва шернинг менга хамла қилмоқчи бўлганига ишонч хосил қиламан.
Димна шоду хуррам бўлиб Калиланинг ёнига келди. Калила сўради:
—    Ишларинг қандай боряпти? Димна жавоб берди:
—    Кўнгилдагидек, хамма иш ўз жойида...
Сўнгра иккаласи шер ёнига келдилар. Шу пайт Шатраба хам келиб қолди. Шернинг назари Шатрабага тушиши биланоқ қаддини букиб, думини ерга ура бошлади.
Шатраба шер хужум қилади, деб ўйлаб, ўз-ўзига деди:
—    Шох хизматида бўлмоқ илон билан бир ерда ётмоқ ёки шер билан бир ғорда яшамоқ каби қўрқинчли ва тахликалидир. Илон ухлаган ва шер уйқуга кетган бўлса хам, охирида бири захрини солади, иккинчиси эса хамла қилиш учун оғзини очади. Шатраба буларни хаёлдан кечиргач, у ёқ-бу ёққа қараб жангга хозирланди. Буни кўрган шер хужумга ўтди. Икковлари узоқ олишди, хар икки томондан хам кўп қон тўкилди.
Калила бу холни кўриб Димнага деди:
— Минг хийлага минг бир фитна қўшдинг сен,
Орзуингга осонликча етдинг сен, Еғса хамки ёмғир тинмай уч юз йил, Юва олмас сен кўтарган чангни, бил.
Эй, нодон! Энди ўз макр-хийлангнинг қабих оқибатини томоша қил! Димна сўради:
—    Қайси қабих оқибатни? Калила деди:
—    Валинеъматинг бўлмиш шернинг шармандали иши, хўкизнинг ўлдирилиши ва қонининг бекорга оқизилиши, сипох орасидаги парокандалик, сенинг қўпол маккорлигинг оқибатидир. Агар сен нодон бўлмасайдинг, бу шерни бундай қабих жиноят қилишга қадар олиб келмаган бўлардинг. Одамларнинг энг нодони ўз дўстини кераги йўқ урушга тортади. Ақлли одамлар қудратли, кучли, енгилмас бўлганлари холда хам урушдан ўзларини опқочганлар, фитнани бостириш уруш тахликасини йўқотишни зарур деб билганлар. Мусохаба йўли билан хал этилиши мумкин бўлган масалаларда ўз шохини урушга чорлаган вазир энг ахмоқ ва энг нолойиқ вазирдир. У хиёнат қилиб ишга зарар етказишдан бошқага ярамайди, чунки мансаб эгаларининг ақли қиличидан ўткир бўлмоғи лозим. Қилич билан эришиладиган нарсага ақл ва тадбир воситаси билан хам эришиш мумкин. Маслахат билан битиши мумкин ишларни дудама ханжар билан хам бартараф қилиб бўлмайди...
Мен сенинг худбинлигингни, ширин хаёл ва ёқимли тушга ўхшаган бу алдамчи дунёнинг бойликларига харислигингни яхши билардим. Лекин буларни юзингга айтишга андиша қилар эдим. Ғафлат уйқусидан уйғониб ўзи тушуниб қолар деб юрар эдим. Лекин сен тобора хаддингдан ошяпсан. Энди сенинг баъзи нуқсонларингни кўрсатиш, нақадар жохил ва нодон эканлигингни, нақадар ярамас ишлар қилганлигингни очиқ айтиш вақти келди. Лекин менинг айтадиганларим «дарёдан бир қатра» қабилида бўлади. Айтибдурларки, подшо учун сўзи ишидан устун бўлган вазирдан кўра хавфли нарса бўлмайди. Сўз бериб бажармаган одам билан айтмасдан ишни бажарган одамнинг фарқи катта. Сенда шу хусусият бор: тилингни хунарингдан, сўзинг ишингдан устундир. Шер сенинг айтганларингга ишониб бечора хўкизни халок қилди. Дебдурларки, сўз тажрибага асосланмаган бўлса, шакл мазмунсиз, давлат адолатсиз, дўстлик садоқатсиз, бойлик саховатсиз, илм хикматсиз, хаёт осойишталиксиз бўлса, улар бефойдадир. Саховатли ва адолатли шохнинг вазири ёмон ниятли, раиятга зулмкор бўлса, фуқаро шох адолатидан махрум этилади, мархамат эшиклари улар юзига беркитилади. Бу эса ичида наханг яшайдиган тоза ва ширин сувли ховузга ўхшайдики, хар қандай ташна одам унга на қўл суқа олади ва на оёқ.
Содиқ ва ишбилармон хизматчиларнинг кўплиги яхшидир, улар подшохликнинг зийнатидир. Сен эса шернинг ёнида мендан бошқа хеч ким бўлмасин, унинг энг яқин ва ишончли махрами фақат ўзимгина бўлай дейсан. Лекин ўзгаларни бахтсиз қилиб бахтга эришган, содиқ ва самимий дўстларга хиёнат қилиб, уларни халок этиш йўли билан хурмат қозонмоқчи ва мансабга эришмоқчи бўлган одамдай ахмоқ ва разил зотнинг бўлиши мумкин эмас. Риёкорлик билан ибодат қилиб савоб топиш, ёмон ният ва зўрлик билан аёллар мухаббатига сазовор бўлиш, захмат чекмасдан илмга етиш мумкин эмас. Лекин бу сўзларимдан фойда йўқдир, чунки биламан, улар сенга таъсир этмайди. Менинг сенга насихатим бир қушнинг маймунларга берган насихатига ўхшайди.
Димна сўради:
— У қандай насиҳат?
Калиланинг маймун хақидаги хикояти
Бир тўда маймунлар бир тоғда яшар эдилар. Бир кун қуёш ботиб, дунё юзини зулмат пардаси қоплаганда жиловсиз изғирин хар томонга югура ва маймунларга хужум қила бошлади. Бечора маймунлар совуқдан титрар ва исиниш учун бирон чора ахтарар эдилар. Ногох бир жойда ялтироқ қуртни кўриб қолдилар. Уни чўғ деб ўйлаб, талай ўтин йиғиб атрофига қаладилар ва хадеб пуфлай бошладилар. Уларнинг қаршиларидаги дарахт устида бир қуш: «Бу олов эмас, кечалари ялтираб кўринадиган ялтироқ қурт», деб қичқириб, фарёд қилар эди. Маймунлар эса унинг гапига эътибор бермас эдилар. Шу аснода ўткинчи бир одам келиб ахволни кўрди ва қушга: «Ўзингни кўп койитма, улар сенинг сўзингга қулоқ соладиган, фойдасиз ишдан воз кечадиганлардан эмас, уларга насихат қилиш — қилични тошга уриш ва шакарни сув остига бекитиш билан баробардир», деди.
Қуш одамнинг сўзларига эътибор бермай, маймунларнинг хатосини тушунтириш учун дарахтдан тушиб улар ёнига келди. Маймунлар уни ўраб олиб бошини узиб ташладилар.
Сенинг ишинг хам маймун ишига ўхшайди. Хайрихохларнинг насихатига қулоқ осмайсан. Аммо бир кун келадики, сен бу хийлакорлигинг ва енгилтаклигингдан пушаймон бўласан, ўшанда юз-кўзингни тирнаб қанчалик йиғламагин ва бошинг-ни уриб, кўкрагингни қанчалик пора-пора қилмагин, барибир фойда бермайди. Оталар айтибдурларки, сўнгги пушаймоннинг фойдаси йўқдир — у хийлагар одамга буюрмаган тилла каби сенга хам фойда бермайди.
Димна сўради:
—    Ҳийлагарга нима бўпти? Калиланинг яна бир хикояти
Икки ўртоқ бор эди. Бири содда ва иккинчиси хийлагар эди. Улар бир куни савдогарчилик қилиш учун бир ёққа кетишаркан, йўлдан бир халта тилла топдилар, соддадил хийлагарга
деди:
—    Омадимиз ўнгидан келди, энди буларни бўлиб олиб орқага қайта қолайлик. Ҳийлагар деди:
—    Тақсим қилиб ўтирамизми? Ҳозир кимга қанча керак бўлса бўлиб олиб, қолганини эҳтиёт қилиб бекитиб кетайлик. Зарур бўлганда эса келиб олармиз.
Соддадил унинг сўзига кўниб «хўп» деди. Олтиндан керагича олиб, қолганини бир дарахт остига кўмдилар. Шахарга келиб, хар бири ўз уйига кетди. Ўзини ақлли деб хисоблаган хийлагар эртаси кун бориб, кўмилган тилланинг хаммасини олиб кетди. Соддадил ўз қўлидагини харжлаб бўлгач, хийлагар қошига келиб деди:
—    Юр, олтиндан пича олиб келайлик, жуда мухтож бўлиб қолдим.
Ҳийлагар у билан бирга тилла кўмилган жойга келди, лекин хеч нарса топмадилар. Ҳийлагар соддадилнинг ёқасидан ушлаб:
—    Тиллаларни сен олгансан, чунки сендан бўлак хеч кимнинг бундан хабари йўқ эди, —
деди.
Соддадил бечора, олмадим деб хар қанча онт ичса хам фойдаси бўлмади. Ҳийлагар уни қозига олиб бориб, бўлган гапни айтиб берди ва тиллаларни даъво қилди. Қози сўради:
—    Гувох ва далил борми? Ҳийлагар деди:
—    Остига тилла кўмилган дарахт гувоҳлик бериб, тиллани бу ноинсоф олиб кетган, деди.
Қози бу сўзни эшитиб, хайрон бўлди. Анча гапу сўздан кейин эртасига гувохлик бергани дарахт ёнига боришга қарор қилинди. Ҳийлагар севиниб уйига келди ва отасига деди:
—    Бу тилла хангомасини ўз фойдамизга хал этиш сизга боғлиқ бўлиб қолди. Сизга ишониб дарахт гувохлик беради, дедим. Энди менинг гапимга кўнсангиз, олиб келган тиллаларим ўзимизга қолади ва яна шунча тиллага эга бўламиз.
Отаси сўради:
—    Мен нима қилишим керак? Ҳийлагар деди:
—    У дарахтнинг ичи ковак бўлиб, унга ўн одам бемалол яширинса бўлади. Кечаси бориб у ерга жойлашиб олишингиз керак, эртага қози дарахт тагига келганда, дарахт номидан гувохлик берсангиз бўлди.
Отаси деди:
—    Эй ўғил, макр-хийла кўпинча хийлагарнинг ўзига зарар етказади. Тағин сенинг макринг хам қурбақа макрига ўхшаб қолмасин.
Ўғли сўради:
—    Қурбақа қандай макр ишлатибди? Отанинг хикояти
Бир қурбақа илонга қўшни эди. Қурбақа хар болалаганида илон унинг болаларини еб кетарди. Қурбақанинг бир қисқичбақа дўсти бор эди. Бир куни қурбақа унинг ёнига бориб деди:
—    Эй биродар, менга бир чора кўрсат. Кейинги пайтларда бир зўр ва шафқатсиз душман пайдо бўлиб қолди, у билан олишиб енга олмайман. Ўзим бу ерга ўрганиб қолганим учун хеч қаёққа кета олмайман. Манзилим гўзал, об-хавоси мусаффо, ери зумраддек ям-яшил.
Қисқичбақа деди:
—    ғам ема. Ўзингдан кучли душманни ёлғиз хийла билангина енгиб бўлади.
Фалон жойда латча деган бир хайвон яшайди. Сен бир қанча балиқ тутиб, уларни ўша хайвоннинг уясидан то илоннинг инигача тўкиб бор. У хайвон хид билиб уясидан чиқади, балиқларни еб-еб илоннинг уясигача келади ва сен илондан халос бўласан.
Қурбақа бу хийла билан илонни ўлдиртирди. Бир неча кундан сўнг халиги хайвон овқат излаб бояги балиқ еган йўлидан келди, лекин балиқни топмай, қурбақани ва унинг болаларини еб кетди.
Бу масални мен, хар ким бировга чох қазиса ўзи йиқилиб тушишини кўрсатиш учун сўзлаб бердим.
Ҳийлагар ўғил деди:
—    Ота, қўйинг, гапни қисқа қилинг. Бу иш андак меҳнат талаб қилса хамки, фойдаси кўп.
Чол бечорани мол-дунё хирси ва оталик мухаббати йўлдан урди, у ўғлининг гапига кирди.
Эртаси кун қози шахардан чиқиб дарахт остига келди. Томоша қилиш учун анчагина бошқа одамлар хам унга эргашиб келган эди. Қози юзини дарахтга ўгириб, тиллаларнинг нима бўлганини сўради. Дарахтдан тиллаларни соддадил олиб кетган, деган садо чиқди. Таажжубланган қози дарахт атрофида айланиб юриб, унга диққат билан разм солди. Дарахтнинг катта коваги борлигини кўрди-да, масалани тушунди. Ўз-ўзига: «Хиёнатга мархамат йўқ», деб дарахт атрофига шох қалатди ва ўт қўйдирди. Чол бир соатча чидаб жим турди, лекин халок бўлишини билиб ёлвора бошлади. Қозининг буйруғи билан уни дарахт ичидан чиқардилар. Қози савол-жавоб қилиб хақиқатни билди, соддадилнинг тўғрилиги, хийлагарнинг макри маълум бўлди. Чол чеккан азобларига ва номусига чидай олмай шу ернинг ўзидаёқ жон берди. Ҳийлагарни жазолаб, адабини бердилар ва отасининг ўлигини елкасига қўйиб шахарга жўнатдилар. Соддадил эса тўғрилиги туфайли хамма тиллаларни олиб ўз уйига равона бўлди.
Ҳийланинг натижаси ёмон, хиёнатнинг оқибати хатарли эканлигини билгин деб масални келтирдим... Эй Димна, сен шахсиятпарастлик, қаллобликда шу даражага етибсанки, тил уни
тасвирлашдан ожиз, ақл уни тасаввур қилишга кучсиздир. Сенинг макру хийлаларингни дўстларга қандай «фойда» етказишини ўз кўзинг билан кўриб турибсан, лекин сенга унинг зиёни тегмайди, деб ўйлайсанми?.. Сен илон каби икки тиллисан, лекин илондан баттарсан, сенинг хар иккала тилингдан заҳар томади. Ариқ ва сой суви денгизга қуйилганга қадар ширин бўлади, оиланинг иши ёмон одам аралашгунча, қардошлик ва дўстлик мухаббати разил одамлар орага тушгунча мустахкам бўлади. Мен хамиша сенга яқин бўлишдан қўрқар эдим. Донишмандлар дебдурларки, фисқу фасод, разил ва олчоқ одамлар, гарчи сенга қариндош бўлсалар хам, улардан қочмоқ лозим. Разил ва хоин одамларнинг дўстлиги илонни тарбият қилишдек бир нарса. Илон эгаси унга қанчалик яхши парвариш этса хам, пайт келганда бир кун ўз эгасининг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантиради, ўз вафосизлигини намоён қилади. Феъл-атворлари унча яхши бўлмаса-да, аслида ақлли одамлар билан дўстлаш, уларнинг ақл ва камолидан, билим ва тажрибасидан бахра ол. Уларнинг ёмон хулқларини ўрганма. Лекин ахмоқ ва жохил одамлардан қочмоқ зарур. Чунки улардан ёмонликдан бўлак нарса чиқмайди. Улар билан дўстлашган пушаймон бўлади. Сен хам шулар тоифасидансан. Сендан хеч бир яхшилик чиқмайди, чунки сени иззат-хурмат қилган, сени мартабангни кўтарган шохнинг бошига не кулфатлар солмадинг!
Сенинг ишинг «Сичқон юз ботмон темирни еган бир шахарда ўн ботмон келадиган болани бир қийғир олиб қоча олмайдими?» деган савдогарнинг гапига ўхшайди.
Димна сўради:
—    Унга нима бўлган экан? Калиланинг савдогар хақидаги хикояти
Унчалик бой бўлмаган савдогар бир кун сафарга чиқмоқчи бўлди. Унинг юз ботмон темири бор эди. Шу темирни бир ошнасининг уйига қўйиб кетди. Савдогар сафардан қайтиб темирни сўраганида ошнаси деди:
—    Мен омонатингни уйнинг бурчагига қўйиб хотиржам юраверибман, ўша бурчак ёнида сичқоннинг уяси бор экан, лаънатилар фурсатни ғанимат топиб, бутун темирни кемириб қўйишибди.
Савдогар деди:
—    Гапинг тўғридир. Мен хам сичқон жуда темирга ўч бўлади, деб эшитган эдим.
Уй эгаси суюниб, савдогар сўзимга ишонди ва темиридан воз кечди, деб мулозамат қила бошлади, сўнг деди:
—    Узоқ сафардан келибсан, менинг уйимда қол. Меҳмон қиламан. Савдогар деди:
—    Бугун зарур ишларим бор, эртага келарман.
Савдогар кўчага чиқиб ошнасининг ўйнаб юрган ўғлини олиб кетиб, ўз уйига яшириб қўйди. Эртаси кун савдогар ошнасининг уйига келганда у йиғлаб ўтирар эди. Савдогардан:
—    Ўғлимни кўрмадингми? — деб сўради. Савдогар деди:
—    Кеча сеникидан кетаётганимда бир қийғир бир гўдакни чангалига олиб учиб кетаётганини кўриб қолдим. Ўша сенинг ўғлинг бўлмасин?
Ошнаси жахл билан деди:
—    Сен ахир тўғри келмайдиган ёлғонни нега гапирасан?! Эсингни едингми, ахир кичкина қийғир бир болани кўтариб олиб кета олармиди?
Савдогар истехзоли кулиб деди:
—    Унчаям ажабланма. Ахир юз ботмон темирни сичқон еб қўядиган бу шаҳарда ўн ботмон келадиган болани қийғир кўтариб учолмайдими?
Ошнаси гапни қаерга бураётганини фахмлаб уй эгаси деди:
—    Сичқон темирни емаган, боламни келтириб, темирингни олиб кет.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, билиб қўй: шохнинг бошига шунча кулфатлар солган кимса бошқаларга ундан хам кўп зарар етказиши мумкин. Шундай бўлгандан кейин хеч кимнинг сенга ишончи қолмайди. Дўстга вафо қилмаган, хайрихохликни билмаган одам билан дўст бўлиш хеч қандай яхши натижа бермайди. Тушунмаганга, қадрига етмаганга яхшилик қилишдан, қулоқ солмаганга насихат қилишдан ва оғзи бўшга сир айтишдан катта хато бўлиши мумкин эмас. Минг насихат қилганим билан сенинг табиатинг ўзгармайди. Сендек касофат билан дўст бўлиш фалокат келтиради. Сахар шабадаси хам дўстликка ўхшайди: у агар гулзордан эсса, хушбўй бўлади, нажосат бор ердан эсса, бадбўй бўлади. Билиб турибман, бу сўзларим сенга оғир ботяпти, чунки тўғри сўз аччиқ бўлади, нодон ва беақл одамларга асло ёқмайди.
Калиланинг сўзи шу ерга етганда Шатраба ўз қонига беланиб шер чангалида жон берган эди. Шер буни кўриб, жахлдан тушди, сўнгра фикрга чўмиб, ўз-ўзига деди:
—    Бечора Шатраба, нақадар ақлли, фаросатли ва шижоатли эдинг. Билмадим, тўғри иш қилдимми ё хато қилдимми? Сенинг хақингдаги гаплар ростми ёки қасддан уйдирилган фитнами? Ҳар холда, бу мен учун қаттиқ мусибат бўлди. Эндиги афсус ва пушаймондан фойда
йўқ.
Димна узоқдан шернинг ташвиш тортаётганини кўриб, пушаймон бўлаётганини дархол англади ва Калиланинг сўзини бўлиб шернинг ёнига келди:
—    Эй шоҳи жаҳон, сизни бунча ўйлатиб қўйган нарса нима? Бу кундан хам муборак кун бўладими? Ахир шох ғолиб келиб, нусрат топдилар, душман мағлуб бўлиб қонга беланди.
Шер деди:
—    Шатрабани ўйлаганим сари унинг дўстлиги, самимийлиги, одоби, хулқ-атвори, билими, ишбилармонлиги, жасорат ва шижоатлилиги ёдимга тушиб қалбим ғам ва аламга тўлмоқда. У давлатимнинг пуштипаноҳи ва лашкаримнинг такя-гоҳи эди, у рақибларим кўзига ботадиган тикан, дўстларим юзига ярашадиган бир хол эди...
Димна деди:
—    Бу тузнамак душман учун хасрат чекманг. Қўлга киритган зафардан шодланмоқ лозим, уни сизга юборилган катта бир бахт деб билмоқ керак... Хавфли одамларнинг гуноҳини кечирмоқ ақлли одамларга ярашмас. Шохнинг душманлари учун энг ишончли зиндон — қабр ва энг таъсирли қамчи — қиличдир.
Ақлли шохлар кўпинча ўзларига ёқмаса хам, махоратли одамларни ёнларига чақириб олиб, уларни мансабдор қиладилар, аксинча, ёқимли одамларни тадбирсизлиги учун ўзларидан узоқлаштирадилар, жазолайдилар. Аччиқ бўлса хам одам фойдали дорини ичади. Иш қилишга, қилич тутишга ярайдиган қўлнинг бармоғини агар илон чақса, бутун бадан саломатлиги учун уни қирқиб ташлайдилар.
Бу сўзларни эшитгач, шер бироз таскин топди. Лекин орадан бирмунча вақт ўтгач, хўкизнинг иши юзасидан текшириш ўтказдилар. Димнанинг қабих ишлари, хўкизга тухмат қилгани ошкор бўлди. Ҳўкиз қасоси учун уни шер қатл қилди.
«Нима эксанг шуни ўрасан». Ҳийла ва хиёнат дарахтининг меваси мусибат ва фалокат бўлади...
Бир ифлоснинг тухмати билан икки дўстнинг бир-биридан айрилгани хақидаги ривоят шундан иборатдир.

давоми бор...