Бизни саройдай кенг ёп-ёруғ хонага итариб киритиб юборишди. Ёруғдан кўзлар қамашиб кетди, мен кўзларимни юмдим. Бир лаҳзадан сўнг назарим столга, стол ортида аллақандай қоғозларни варақлаб ўтирган фуқаро кийимидаги тўрт кимсага тушди. Бошқа маҳбуслар бир четда тўда бўлиб туришарди. Биз хонани оралаб ўтиб, уларга қўшилдик. Кўпчилигини мен танирдим, қолганлари, афтидан муҳожирлар эди. Олдда бошлари думалоқ, бир-бирига ўхшаб кетадиган икки нафар малла соч туришарди: франтсузлар бўлса керак, деб ўйладим. Бўйи паканароғи дам-бадам шимини юлқиб қўяди – асабийлашаётир.
Шу алфозда уч соатча турдик, силлам қуриб меровланиб қолдим, бошим ғувиллай бошлади. Бироқ хона иссиқ эди, бир неча кун совуқда қолганимизданми, ҳарқалай, бу ерда жон сақласа бўларди. Соқчилар маҳбусларни битта-битта столнинг олдига олиб келишди. Ўтирган ўша тўрт кимса улардан бирма-бир исм-шарифи ва касбини сўрайди. Бошқа нарса уларни деярли қизиқтирмайди чамаси, аммо гоҳи-гоҳида: «Ўқ-дори ўғирлаганларга қўшилганмидинг?» ёки «Учинчи куни эрталаб қаерда эдинг, нима қилдинг?» дея савол бериб қўяди. Жавобини эшитиб ҳам ўтирмайди ё ўзларини эшитмаганга олади, атрофга бепарво қараб қўяди-да, кейин ёзишга тушиб кетади. Томдан байналминал бригадага хизмат қилганинг ростми, деб сўрашади. Бўйин товлашнинг фойдаси йўқ - улар аллақачон Томнинг камзул чўнтагидан ҳужжатларини олиб қўйишган. Хуандан ҳеч нима сўрашмадиям, бироқ у исмини айтган ҳамоно тез-тез бир нималарни ёзишди.
—Ўзларингга маълум, — деди Хуан, — менинг акам Хозе анархиячи. У ҳозир бу ерда йўқ. Мен сиёсат билан шуғулланмайман. Ҳеч қандай партияга аъзо эмасман.
Улар чурқ этмай ёзишарди. Хуан жим туролмади.
— Менинг гуноҳим йўқ. Бошқалар учун жавобгар бўлишни хоҳламайман.
Унинг лаблари титрарди. Соқчи унингни ўчир, деб буюрди ва уни четга олиб чиқди. Менга гал келди.
— Сизнинг исмингиз Пабло Иббиетами?
— Ҳа, — дедим мен.
Кимса қоғозга қараб олиб сўради:
— Рамон Грис қаерга яширинган?
— Билмайман.
— Уни олтинчидан ўн тўққизинчигача сиз уйингизда яшириб ўтиргансиз.
— Бекор гап.
Улар бир нималарни ёзишди, кейин соқчилар мени хонадан олиб чиқишди. Даҳлизда Том билан Хуан икки қўриқчининг орасида туришарди. Қўриқчилар бизни олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Йўл-йўлакай Том уларнинг биридан сўради:
— Хўш, буёғи нима бўлади энди?
— Қайси маънода? – сўради соқчи.
— Бу нимайди — сўроқми ёки суд?
— Суд.
— Тушунарли. Хўш, энди нима бўларкан?
Қўриқчи рўйхуш бермай жавоб қилди:
— Ҳукмни сизларга камерада эълон қилишади.
Уларнинг камера дегани аслида касалхонанинг ертўласи эди. Ертўла гўрдан баттар совуқ, тўрт тарафидан изиллаб изғирин елиб туради. Туни билан тишларимиз шақиллаб чиқади, кундуз куни ҳам аҳвол зиғирча ўзгаргани йўқ. Бундан олдинги беш кунни мен черков биносининг картсерида ўтказдим. — Бир кишилик турмахонага ўхшайдиган бу жой ўрта асрдан қолган тошқопнинг ўзгинаси. Ҳибсга олинганлар ҳаддан ташқари кўплигидан уларни тўғри келган кавакка тиқишарди.
Мен ўшанда тош қазноқда ётганимдан афсусланмайман: у ерда, ҳарқалай, совуқ суякни қақшатадиган даражада эмасди, фақат бир ўзим ётардим, ёлғизлик эса силлани қуритади. Ертўлада эса менинг кам деганда, шерикларим бор. Тўғри, Хуан деярли оғзини очмайди: бояқиш, қаттиқ қўрқади, устига устак ҳали жуда ёш, ниманиям гапирарди. Томнинг, аксинча, жағи тинмайди, испанчага тўн кийдириб гапиради.
Ертўлада курси ва яна тўртта ўриндиқ бор эди. Устимиздан қулфлашгач, келиб ўтирдик ва бир неча дақиқа сукут сақладик. Шундан сўнг Том гап бошлади:
— Тамом, шўримиз қуриди.
— Шундайга ўхшайди, — маъқулладим мен. — Бироқ манов гўдакка тегинишмас, ҳарқалай.
— Акаси жангари бўлса бордир, бироқ у айбдор эмас-ку.
Мен Хуанга қарадим: назаримда у бизнинг гапимизни эшитмаётган эди.
Том гапини давом эттирди:
— Уларнинг Сарагосадаги ваҳшийликларидан хабаринг борми?
Одамларни тош йўлга қатор қилиб ётқизишарканда, устидан юк машинасини ҳайдаб дазмоллашаркан. Марокашлик бир қочоқ гапириб берди. Бу билан ўқ-дорини иқтисод қилишаркан, дейди.
— Ёқилғини-чи, бензинни ким иқтисод қиларкан?
Том асабимни қўзғади: ахир, бу гапларни валдирашдан нима фойда.
— Зобитлар бўлса бу пайт қўлларини чўнтакка тиқиб, оғизларида сигарета билан йўл четида баҳузур, бориб-келиб юрармиш. Қанийди, шўринг қурғурлар бир зумда жон бериб, қутула қолса. Қаёқда! Cоатлаб вой-додлаб ётишармиш. Марокашлик айтади, дастлаб оғриқнинг зўридан товушлари чиқмай қоларкан ҳатто.
— Йўқ, бу ерда ундай қилишмайди, ишончим комил, — дедим мен, — бошқасини билмадиму бироқ ўқ-дори етарли.
Ертўлага тўртта тирқишдан ва шифтнинг чап тарафидаги шундоқ осмон кўриниб турадиган думалоқ туйнукдан ёруғ тушиб туради. Олдин бу туйнукдан ертўлага кўмир ташланган. Дарвоқе, туйнукнинг тагида, ерда майда кўмир уюми бор. Афтидан, касалхонани иситиш учун олиб келинган. Уруш бошланиб қолиб, беморларни кўчиришган, кўмир эса жойида қолган. Туйнукни бекитишни, эҳтимол, ёддан чиқариб қўйишган, гоҳи-гоҳида тепадан ёмғир томчилаб турган. Туйқусдан Томнинг жазаваси қўзиди:
— Минг лаънат! – тўнғиллади у. — Аъзойи баданим қақшаяпти. Шу етмай турганди ўзи!
У ўрнидан туриб сакрай бошлади. Сакраганида кўйлагининг ёқаси очилиб, оппоқ сержун кўкраги кўриниб кетарди. Кейин энкайиб, қўлларига таянди ва оёқларини тепага кўтариб, қайчи қила бошлади: мен унинг бўлиқ думбалари диркиллаганини кўрдим. Сирасини айтганда, Том миқтидан келган, этли эди. Беихтиёр бу сергўшт момиқ баданга ўқ ва милтиқ найзалари, худди ёғни кесаётган пичоқдай, осонгина тешиб-ёриб киришини кўз олдимга келтирдим. Агар Тош озғин бўлганида, эҳтимол, на қўл ва на оёғим борлигини сезардим. Ора-сира бир нимамни ўғирлатиб қўйгандай атрофга олазарак қарайман, камзулимни излаб тимирскиланаман ва шунда уни қайтариб беришмагани тағин ёдимга тушади. Уларнинг бу қилиғидан хафа бўлдим. Бизнинг кийим-кечагимизни шилиб олишди ва беморлар авжи саратонда кийиб юрадиган қалин иштонлар беришди. Том ўрнидан туриб, рўпарамизга келиб ўтириб олди.
— Қалай, баданинг қизидими?
— Йўғ-а, жин урсин. Нафасим тиқилиб қолди.
Соат саккизлар атрофида камерага комендант билан икки нафар аскар кириб келди. Комендантнинг қўлида рўйхат бор эди. У қўриқчилардан сўради:
— Буларнинг исм-шарифлари нимайди?
Қўриқчи жавоб қилди:
— Стейнбок, Иббиета, Мирбал.
Комендант кўзойнагини қўндириб, рўйхатга қаради.
— Стейнбок... Стейнбок... А-ҳа, мана. Сиз отишга ҳукм этилгансиз. Ҳукм эртага эрталаб ижро этилади.
У яна бир бор рўйхатга қаради:
— Анови иккаласи ҳам.
— Мумкинмас, — минғирлади Хуан. —Бу хато.
Комендант унга ажабланиб қаради:
— Исм-шарифинг?
— Хуан Мирбал.
— Ҳаммаси тўғри, отув!
— Ахир, мен ҳеч нима қилганим йўқ-ку, — тирғалди Хуан.
Комендант елкасини қисиб қўйди ва биз томонга бурилди:
— Сизлар баскмисизлар?
— Йўқ.
Комендантнинг кайфи қочди.
— Менга бу ерда учта баск ўтирибди, дейишганди-ку. Нима, менинг уларни қидиришдан бўлак ишим йўқми. Сизларга, албатта, руҳонийнинг кераги йўқдир?
Биз индамадик.
— Ҳозир олдингизга табиб келади, у белгиялик. Эрталабгача бирга бўлади сизлар билан, — деди комендант ва ҳарбийчасига хайр-хўшлашиб чиқиб кетди.
— Хўш, мен нима дегандим, — деди Том. — Олижаноблик қилишибди.
— Ҳақиқатдан, — дедим мен. — бироқ болани... нега?... Аблаҳлар!
Бу гапни мен адолат туйғусидан келиб чиқиб айтгандим, аслида эса кўнглимда бу йигитчага нисбатан зиғирча меҳр йўқ эди. Унинг юзи сип-силлиқ эди, ўлим ваҳмидан башараси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Уч кун бурун у бошқача, мўртгина бир ўсмир эди – бундай болалар ёқимтой бўлишади, бироқ энди у тўкилиб-тугаб бораётган эски харобага ўхшаб қолган, назаримда тирик қўйиб юборишган тақдирда ҳам умрининг охиригача шундай хароб аҳволда қоларди. Умуман, болакайни аяшгани маъқул эди, бироқ шафқат туйғуси баттар нафратимни қўзғади, боз устига, йигитчани жиним суймасди.
Хуан бошқа оғиз очмади, ранг-рўйи бўздай оқариб кетди: қўллари, юзи кўкарди. Бақрайган шокосадай кўзларини ерга қадаб олди. Том кўнгилчан эди, боланинг қўлидан олиб, раҳмдиллик қилмоқчи бўлди, бироқ у жон-жаҳди билан силтанди, юзи буришиб кетди.
— Тинч қўй уни, — дедим Томга. — Кўрмаяпсанми, ҳозир у портлайди.
Том гапимга истамайроқ қулоқ солди: унинг болакайни эркалагиси келаётганди — бу билан ўз қисматини унутишга уринарди. Иккаласи ҳам менинг ғазабимни алангалатди. Олдинлари мен ўлим ҳақида ҳеч ўйламаганман — бунга сабаб бўлмаган, бироқ энди ўзимни ажал кутиб турганини ўйлашдан бошқа иш қолмаган эди.
— Менга қара, — сўради Том, – сен улардан бирортасини гумдон қилганмисан ҳеч?
Мен гапирмадим. Том августнинг бошидан бери олтитасини қандай отиб ўлдирганини таърифлай кетди. У бошимизга тушиб турган кўргуликни хаёлига келтирмас ва буни истамаётганини ҳам мен жуда аниқ сезиб турардим. Қолаверса, қандай фожеа рўй берганини ўзим ҳам ҳали чуқур англаб етмагандим, бироқ жон таслим қилаётиб азоб чекишимни ўйлардим, чўғдай ўқлар ёмғири баданимни тешиб кетаётганини ҳис қилардим. Аммо бунинг юз беражак фожеага ҳеч қандай боғлиқ жойи йўқ эди. Ҳаяжонланмасам ҳам бўларди: фожеанинг моҳиятига етиш учун вақт сероб – олдинда бутун бир оқшом турибди. Том кутилмаганда жимиб қолди. Мен кўз қирим билан қарадим ва унинг ҳам ранг-рўйи бўзарганини кўрдим. У афтодаҳол қиёфада эди ва миямда: «Ана, бошланяпти!» деган фикр ярқ этди.
Шом қуйилиб келарди, тирқишлардаги, туйнукдаги нур хира тортиб қолди. Туйнукдан юлдузларга кўзим тушди: тун совуқ, осмон очиқ эди.
Ешик очилиб, ертўлага икки қўриқчи кирди. Уларнинг ортидан оқ сариқдан келган белгияча ҳарбий кийимда бир киши кирди. У бизлар билан саломлашиб, шундай деди:
—Мен табибман. Ҳозирги қайғули вазиятда сизлар билан бирга бўламан.
Унинг овози ёқимли, зиёлиларга хос эди. Мен ундан сўрадим:
—Нима мақсадда?
—Мен сизнинг хизматингиздаман. Қўлимдан келадиган ҳамма нарсани қилишга тайёрман, шояд, сўнгги соатларингизни бироз бўлса-да енгиллатишга кўмаклашсам.
—Нега атай бизнинг олдимизга келдингиз? Госпиталда беморлар кўп-ку.
— Мени шу ерга жўнатишди, — деди у мужмал жавоб қилиб ва шу нафасдаёқ шошиб қўшиб қўйди: — Чекасизларми? Менда сигарета бор, ҳатто сигара ҳам.
У бизларга инглиз сигареталарини ва гаванна сигараларини чўзди, биз рад этдик. Мен унга синчиклаб қарадим, у бесаранжон бўла бошлади. Шунда унга айтдим:
—Сиз бу ерга раҳм-шавқат кўрсатай деб келганингиз йўқ, тўғрими. Сизни танидим. Мени қўлга олишган куни казарма ҳовлисида кўргандим сизни. Фалангчилар билан бирга эдингиз.
Мен унга юрагимни буткул тўкиб-солмоқчи эдим, бироқ ҳайронман, нимадир бунга монелик қилди: туйқусдан белгиялик мени қизиқтирмай қўйганди. Авваллари мен бировга ёпишсам, тутган жойимни осонликча қўйиб юбормасдим. Айни чоғда ўз-ўзидан гапиришга иштиёқ йўқолди. Мен елкамни қисиб, кўзларимни олиб қочдим. Бир неча дақиқадан сўнг бошимни кўтардим ва белгиялик мени қизиқувчанлик билан кузатаётганини пайқадим. Қўриқчилар ўтириб олишди. Бесўнақай Педро зерикканидан нима қиларини билмайди, ора-сира ухлаб қолмаслик учун, бошини силкиб қўяди.
—Чироқ келтирайми? – кутилмаганда сўради Педро.
Белгиялик бош ирғаб розилик билдирди ва мен бу доно ҳам товуқмиялардан бўлса керак, деб ўйладим, бироқ барибир у жоҳилга ўхшамасди. Совуқ кўк кўзларига қараб туриб, ҳарқалай, у ақли ноқисларни даволаса ажабмас, деган фикрга бордим. Педро бир зумда керосин чироқ кўтариб келди ва уни ўриндиқнинг четига қўйди. Чироқ хира ёритарди, аммо бу зим-зиё қоронғудан кўра тузукроқ эди. Чунки биз ҳалигача зулматда ўтиргандик. Мен шипдаги чироқдан тушган ёруғ доирага узоқ тикилдим. Афсунлангандай термулиб қолдим. Туйқусдан ҳаммаси кўздан йўқолди, ёруғ доира сўнди. Мен ҳушимга келиб, гўё елкамдан оғир юк босаётгандай титраб кетдим. Йўқ, бу қўрқув эмас, ўлим ҳақидаги машъум хаёл ҳам эмас. Бу туйғунинг номи йўқ эди. Ёноқларим ловуллаб ёнар, бошим оғриқдан зирқирарди.
Мен совуқдан жунжикдим, шерикларимга қарадим. Том кафтлари билан юзини бекитиб ўтирарди, мен унинг оппоқ семиз ўмганини кўрдим. Кичкина Хуаннинг аҳволи баттар ёмонлашган эди: унинг оғзи ярми очиқ, бурун катаклари пирпирарди. Белгиялик унинг ёнига борди ва елкасига қўлини қўйди: афтидан, у болакайга далда бермоқчи эди, бироқ унинг кўзлари ҳамон совуқ боқарди. Хуан қилт этмади. Белгиялик унинг билагини учта бармоғи орасига олиб сиқиб ушлади, умидсизлиги юзидан билиниб турса-да, у бироз ортга, менга орқасини ўгирмоқчи бўлиб тисланди. Мен бўйимни чўзиб қараб, унинг чўнтагидан соатни олганини ва қўлини қўйиб юбормай, соатга тикилиб турганини кўрдим. Кейин у орқароққа четланди, Хуаннинг қўли шалвираб тушди. Белгиялик деворга суянди, бироз туриб нимадир ёдига тушгандай шошилиб ён дафтарчасини чиқарди-да ёза бошлади. «Қанжиқ! – дедим ичимда қоним қайнаб. — Менинг томирларимниям бир ушлаб кўрсин-чи, башарасини бузиб ташлайман!» У менга яқинлашмади, бироқ бошимни кўтарганимда кўзларим кўзига тушди. Мен тик қараб туравердим. Қандайдир синиқ овоз билан у менга деди:
—Сезмаяпсизми, бу ер совуқ?
Ҳақиқатан ҳам у совқотаётганди: юзи кўкариб кетган.
—Йўқ, мен совқотаётганим йўқ, — дедим.
Бироқ у мендан совуқ нигоҳини узмади. Шу лаҳзада мен гап нимадалигини пайқадим. Қўлим билан юзимни силадим: юзимни чиппа тер босган эди. Яхлаб ётган бу ертўлада, қишнинг қаҳратон палласида, тағин тўрт томондан изғирин изиллаб турган бир пайтда вужудимдан тер қуйилиб оқарди. Сочларимни ушлаб кўрдим: жиққа ҳўл. Эгнимдаги кўйлагимни сиқса бўларди, у баданимга ёпишиб кетганди. Қарийб бир соатдан бери мени тер босаётган экан, мен эса буни сезмабман. Ҳайвон — белгиялик буни кўриб турган. У юзимдан реза-реза тер томчилаётганини кузатган ва: мана, қўрқувнинг аломати, ўлим даҳшатининг оқибати, деб ўйлаган бўлиши мумкин. У ўзини баркамол инсондай ҳис этган ва озод одам қатори шунчаки совқотаётганидан ғурурланган. Ўрнимдан туриб унинг тумшуғига мушт туширгим келди. Бироқ ўрнимдан турган дамда вужудимни чулғаган номус ва ғазаб туйғуси қаёққадир йўқолди, мен буткул ҳафсаласизлик билан ўриндиққа чўкдим. Чўнтагимдан дастрўмолни олиб бўйнимни артиб, шу билан қаноатланган бўлдим. Энди сочларимдан тер оқаётганини сездим, бу ёқимсиз ҳол эди. Шундан сўнг артинмай қўя қолдим: дастрўмолча жиққа ҳўл бўлиб қолган, тер эса қуйилиб келарди. Орқаларимга оққан тердан шимим ўриндиққа ёпишиб қолди.
Шунда туйқусдан кичкина Хуан гапириб қолди:
— Сиз табибмисиз?
— Ҳа, — деди белгиялик.
— Айтинг-чи... бу... ўшанда қаттиқ оғрийдими... узоқ давом этадими?
— Қайси бу... ўшанда... Йўқ, жуда тез ўтиб кетади, — деди белгиялик меҳрибон оҳангда. Кўринишидан у пул тўлаган беморни тинчлантираётган докторга ўхшарди.
— Мен эшитган эдимки... менга айтишганди... баъзан... биринчи
марта отишганда... чиқмайди деб.
Белгиялик бош чайқади:
— Агарда биринчи марта отганда ўқлар дарҳол ўлдирадиган аъзоларга тегмаса шундай бўлади.
— Унда милтиқларни яна ўқлашиб, қайта мўлжалга олишадими? — У овозини бироз пасайтириб, хириллаган товушда қўшиб қўйди: — Бунинг учун вақт керак-да, а?
Хуанни жисмоний оғриқнинг азоби қўрқувга соларди: унинг ёшида бу табиий, албатта. Мен эса бу ҳақда ўйламасдим, баданимдан қуйилаётган тер ҳам оғриқ азобидан қўрққанимдан эмас. Мен ўрнимдан туриб кўмир уюми томон юрдим. Том сесканди ва менга қаҳрланиб қаради: оёғимдаги бошмоқларимнинг ғичирлаши унинг ғашини келтирди. Наҳотки менинг юзим ҳам шундай оқариб кетган бўлса, деб ўйладим.
Осмон чиройли эди, мен ўтирган бурчакка ёруғ тушмасди. Бироқ энди ҳаммаси бошқача: бурун черковнинг картсерида ўтирганимда хоҳлаган пайтда осмоннинг бир парчасини кўра олардим ва бу ҳар сафар хаёлимда турли хотираларни уйғотарди. Тонг маҳали, осмон ёрқин зангори ва тубсиз бўлиб кўринган чоғлар Атлантика қирғоқларидаги чўмиладиган жойларни тасаввур қилардим. Чошгоҳда, қуёш тик тепага келганда Севил қаҳвахонаси хотирамда жонланар, у ерда мен мансанил ҳўплаб, анчоус ва зайтун меваларидан тамадди қилган эдим. Тушдан сўнг, устимга кўланка тушганди, улкан стадионнинг тенг ярмини қоплаган қуюқ соя кўз олдимга келар, одатда майдоннинг қолган ярмини қуёш нури чўлғаб ётарди; шу зайл — кафтдек осмон парчасига термулиб, ернигина кўришга маҳкумлигим менга алам қиларди. Бироқ ҳозир мен осмонга лоқайд қарардим: осмон парчаси хотирамни мутлақо безовта қилмасди. Бу ҳолат ўзимга маъқул туюларди. Жойимга қайтиб, Томнинг ёнига келиб ўтирдим. Жим ўтирдик.
Бироздан сўнг у синиқ овозда гапира бошлади. У гапирмай туролмасди: товушини чиқариб гапиргандагина ўзининг тириклигига ишонч ҳосил қиларди. Афтидан, тескари қараб ўтирган бўлса-да, менга гапирди чоғи. У менинг башарамга қарашга чўчирди, юзимни тер босган, рангу қутим ўчган, тупроқдай: энди биз бир-биримизга жуда ўхшардик, биримиз бошқамизни ойнадагидай аниқ акс эттирардик. У белгияликка — тирик одамга қаради.
—Буни тушунишга сенинг қурбинг етадими? – сўради у. — Меники етмайди.
Мен ҳам синиқ овозда гапира бошладим ва унга ўхшаб белгияликка қарадим.
—Нимани айтаяпсан?
—Ҳадемай бошимизга тушадиган кўргуликни. Ҳечам ақлимга сиғдиролмаяпман — нима бўларкан.
Мен Томдан ғалати ҳид анқиётганини сездим. Афтидан, ҳидларни одатдагидан кўра ўткирроқ сеза бошлагандим. Унга заҳарханда қилдим:
—Куюнма, ҳадемай тушуниб оласан.
Бироқ у ўша зайлда давом этди:
—Йўқ, бу ақлга сиғмайди. Мен охиригача туриб беришни хоҳлайман, бироқ мен... жуда бўлмаганда билишим керак... Демак, шундай... бироздан кейин бизни ҳовлига олиб чиқишади. Бу ифлослар рўпарамизда саф тортишади. Сенинг-ча, улар нечта бўлиши мумкин?
—Билмайман, бешта бўлар, балки саккизта. Бундан кўпмас.
—Майли, саккизта бўла қолсин. Уларга: «Нишонга олинг!» деб қичқиришади. Мен ўзимга ўқталган саккизта милтиқни кўриб турибман. Деворга суянмоқчи бўламан, кифтимни деворга тирайман, жон-жаҳдим билан қапишиб олишга уринаман, худди тушда — босинқирагандай девор мени итаради. Буларнинг барини мен кўз олдимга келтираяпман. Билсайдинг, қанчалар аниқ тасаввур қилаётганимни!
—Биламан, — дедим.—Мен ҳам сенчалик тасаввур қила оламан.
—Ҳарқалай, жуда қаттиқ оғриса керак. Ахир, улар башарамизнинг абжағини чиқариб ташлаш учун тўғри кўзимизга, оғзимизга отишади,—унинг овози аламли тус олди.—Мен танамдаги яраларни ҳис этаяпман, бир соатдан бери бошим, бўйним зирқираб оғрияпти. Бу одатдаги оғриқ эмас, ундан баттар: бу эрта тонгда мен ҳис этадиган оғриқ. Хўш, ундан кейин нима бўлади?
Томнинг нима демоқчи бўлаётганини жуда яхши англаб турардим, бироқ унинг буни пайқаб қолишини истамасдим. Аъзойи баданимда у айтаётган оғриқни ҳис этдим, оғриқ майда яра-чақалардай, чандиқдай бутун танамга ёйилган эди. Мен бунга кўниколмадим, бироқ Томга ўхшаб жиддий аҳамият ҳам бериб ўтирмадим.
—Ундан кейинми? — қаҳрим қўзиб сўрадим. —Ундан кейин сени қурт-қумурсқалар ейди.
Бу гапларимдан сўнг у ўзига-ўзи гапира бошлади, бироқ белгияликдан кўзини узмади. Белгияликнинг гўё қулоғи том битган, ҳеч нимани эшитмаётганга ўхшарди. Унинг бу ердалиги сабабини мен тушунардим: бизнинг ўй-хаёлларимиз белгияликни қизиқтирмасди, у бизнинг ҳали ҳаёт барқ уриб турган, бироқ ўлим талвасасига тушган танамизни назорат қилиш учун келганди.
—Худди тушингда босинқирагандай, — давом этди Том. —Бир нимани ўйламоқчи бўласан, хаёлинг ҳам жойида, фикрлай бошлайсан, яна бир дақиқадан сўнг тубига етадигандайсан, бироқ кейин ҳаммаси қаёққадир ғойиб бўлади, йўқолади. Ўзимга ўзим: «Кейин-чи? Кейин ҳеч нима қолмайди», дейман. Бироқ бунинг нималигини мен тушунмайман. Гоҳо шундай туюладики, мен қарийб ҳаммасига тушуниб етдим... бироқ шу лаҳзада бари барбод бўлади, оғриқ, ўқлар... милтиқларнинг қаторасига отаётгани кўз олдимга келади. Мен материалистман, қасам ичишим мумкин, менга ишон, ақлим жойида, бироқ ҳушимни сира йиғиб ололмаяпман. Кўзимга ўзимнинг жонсиз жасадим кўринаяпти, бу унча қийин эмас, аммо кўриб турган Менман, мурдага қараб турган кўзлар ҳам Менинг кўзларим. Энди ўзимни ҳеч нимани кўрмаётганимга, эшитмаётганимга ишонтирмоқчи бўлаяпман, ҳаёт эса давом этаверади. Бироқ бизлар бемалол фикрлаш учун яратилмаганмиз. Биласанми, бир неча оқшом киприк қоқмай тонгларни оттирганман, ниманидир кутганман. Бироқ эрта тонгда бизни кутаётган кўргулик, Пабло, буткул бошқа нарса. У орқадан келаётир, унга қарши туришнинг ҳеч бир иложи йўқ.
—Ўчир, — дедим мен унга.—Балки олдингга руҳонийни чақириш керакдир?
У жим бўлди... Орадан бироз ўтгач, Том менинг қўлимдан ушлаб, чет термулиб турган кўйи деди:
—Пабло, мен ўзимдан ўзим сўрайман... ҳар дақиқада ўзимдан сўрайман: наҳотки биз изсиз йўқ бўлиб кетсак?
Мен қўлимни тортиб олдим ва унинг юзига қараб:
—Оёғингнинг остига қарасанг-чи, чўчқа, — дедим.
Унинг оёқлари тагида кўлмак пайдо бўлган, иштонидан томчилар томчилаб турарди.
—Бу нима? – дея минғирлади у ҳушини йўқотиб.
—Иштонингни ҳўллаб қўйибсан, — дедим мен.
—Ёлғон! — қичқирди у. —Ёлғон! Мен ҳеч нимани сезмаяпман.
Юзида мунофиқона ҳамдардлик билан белгиялик бизга яқинлашди.
—Ўзингизни ёмон ҳис этаяпсизми?
Том жавоб қилмади. Белгиялик чурқ этмай кўлмакка қараб турарди. —Билмайман нега бундай бўлганини. —Томнинг овози қаҳрли тус олди. —Бироқ мен қўрқмайман. Қасам ичиб айтаман, қўрқмайман!
Белгиялик гапирмади. Том ўрнидан туриб, чоптиргани бурчакка қараб кетди. Қайтиб келиб, тугмаларини қадаб, яна курсига чўкди ва шундан сўнг қайта оғзини очмади. Белгиялик ўзининг ёзув-чизувларига киришди.
Бир маҳал туйқусдан белгияликнинг миясига ғалати фикр келди шекилли:
— Дўстларим, — деди у. —Мен ўзимга шундай бир вазифани олмоқчиман, агар ҳарбий маҳкама қарши бўлмаса, албатта. Сизга ўзингиз қадрлайдиган одамларга бир неча сўз айтиш учун имкон бермоқчиман...
Том минғиллади:
—Менинг ҳеч кимим йўқ.
Мен индамадим. Том бир дақиқа кутиб турди-да, кейин қизиқсиниб сўради:
—Сен Кончага бирор гап айтиб қолишни истамайсанми?
—Йўқ.
Бундай гапларга бардошим етмасди. Бироқ ўзимдан бошқа ҳеч кимни айбдор ҳам қилолмасдим: мен кеча Томга, айтмаслигим керак эди-ю, аммо Конча ҳақида гапиргандим. Мен Конча билан бир йил турдим. Кеча у билан беш дақиқа учрашиш учун қўлимни чопиб ташлашларигаям рози эдим. Томга Конча ҳақда гапирганимнинг сабаби ҳам шу: бу туйғуни тиядиган куч менда йўқ эди. Ҳозир эса уни ҳатто қучоқлашга ҳам хоҳишим йўқ: мен ўзимнинг танамдан жирканардим, чунки баданим туссиз-кулранг, шилимшиқ бўлиб қолган. Ўлимим ҳақида эшитиб Конча йиғлайди, бир неча ой ҳаётдан безиб юради. Мен барибир ўлишим керак бўлган одамман. Унинг чиройли, майин кўзларини эсладим: у менга қараганида вужудимга нимадир қуюларди. Бироқ энди бундай бўлмайди, тамом: энди қарагани билан нигоҳи менгача етиб келмайди. Мен ёлғизман энди.
Белгиялик чўнтагидан соатини чиқариб қаради:
— Уч ярим, — деди у.
Қанжиқ, атай айтди буни! Том ўтирган жойида қалқиб тушди — биз алаҳсиб вақтнинг ўтаётганини унутган эдик, тун қора пардаси билан бизни чалғитган эди, мен оқшом қачондан бошланганини эслай олмадим.
Кичкина Хуан товуш чиқара бошлади. У қўлларини сермаб, қичқирди:
—Мен ўлишни хоҳламайман, ўлишни хоҳламайман!
У қўлларини олдинга чўзганча ертўлани айланиб югурди ва юзтубан йиқилиб ётган жойида фарёд чека бошлади. Том хира тортиб қолган кўзлари билан унга қаради: Хуанни юпатишга унинг хоҳиши йўқлиги шундоқ сезилиб турарди. Бунинг ҳожати ҳам йўқ: болакай биздан кўра кўпроқ шовқин солаётган бўлса-да, бироқ биз чекаётган ғам-алам уникидан кам эмас эди. У худди жон талвасасига тушган беморга ўхшарди. Биз эса ундан-да баттар аҳволда эдик.
У йиғларди, мен унинг ўзига ачинаётганини кўриб турардим, бироқ бу дамда у ўлим ҳақида ўйламасди. Мен ҳам йиғлаб юборай дедим, ўзимнинг уволлигимдан кўнглим бузилди. Бироқ шу пайт бошқа бир ҳолат юз берди: мен болакайга қарадим, унинг силкинаётган озғин елкаларига кўзим тушди ва юрагимда ғайриинсоний туйғу бош кўтарди — мен на ўзимга ва бошқа бировга шафқат қилмайдиган ҳолатда эдим. Ўзимга ўзим: сен мардларча ўлишинг керак, дедим.
Том ўрнидан қўзғалди, у шипдаги туйнукнинг шундоқ тагида, ёришиб келаётган осмонга қараб турарди. Мен эса ичимда: мардларча ўлиш керак, мардларча, дея таъкидлар, бошқа ҳеч нимани ўйламасдим. Бироқ белгиялик соатни эслатганидан бери вақтнинг тез ўтаётганини ҳис этдим. Том гапирганда ҳали қоронғи эди:
—Ешитаяпсанми? – деди у.
—Ҳа.
Ҳовлидан оёқ товушлари эшитилди.
—Бало борми уларга қоронғида сандирақлаб! Ахир, бизларни қоронғида чиқариб отишмаса керак-ку.
Бир дақиқадан сўнг жимлик чўкди. Мен Томга:
—Ёришяпти, — дедим.
Педро жунжикиб ўрнидан турди ва орқасига ўгирилиб:
—Итдай совқотдим, — деди.
Ертўлани ғира-шира ёруғлик қоплади. Қулоғимизга узоқдан ўқ товушлари эшитилди.
—Бошланаяпти, — дедим Томга. —Чамамда, улар буни орқа тарафдаги ҳовлида қилишяпти.
Том белгияликдан сигарет сўради. Мен ўзимни тийдим: чекиш ҳам, ичиш ҳам кўнгилга сиғмасди. Шу дақиқадан бошлаб улар тинимсиз отишди.
—Тушундингми? – деди Том.
У яна нимадир демоқчи бўлди, бироқ айтмади, эшикка қаради. Эшик очилиб, тўрт нафар аскар билан лейтенант кириб келди. Том қўлидаги сигаретни тушириб юборди.
—Стейнбок?
Том жавоб бермади. Педро у ўтирган тарафга имо қилди.
—Хуан Мирбал?
—Ана у, курсида ўтирган.
—Турилсин! — бақирди лейтенант.
Хуан қилт этмади. Икки аскар уни қўлтиғидан олиб, турғазиб қўйди. Бироқ қўйиб юборишлари билан Хуан қулаб тушди. Аскарлар саросималаниб қолишди.
—Бундайларни энди кўраётганим йўқ, — деди лейтенант. —Кўтариб боришга тўғри келади, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси рисоладагидай бўлади.
У бурилиб Томга буюрди:
— Чиқ!
Том икки нафар аскар қуршовида ташқарига чиқди. Қолган икки аскар Хуанни қўлтиғидан олиб уларнинг ортидан чиқишди. Хуаннинг ҳуши ўзида эди, кўзлари шокосадай, ёноқларидан кўз ёшлари оқиб турарди. Мен эшикка қараб қадам ташлагандим, лейтенант тўхтатди:
—Иббиета сизмисиз?
—Ҳа.
—Кутишингизга тўғри келади. Бироздан сўнг келишади сиз учун.
Шундай деб у ҳам чиқди. Унинг ортидан белгиялик ва икки соқчи чиқишди. Бир ўзим қолдим. Нималар бўлаётганини тушунолмасдим, менга қолса, улар ҳаммасини тезроқ ҳал қилиб қўя қолишгани тузук эди. Милтиқнинг қарсиллаган товуши эшитилиб турар, оралиқдаги танаффус жуда қисқа эди. Уввос солиб бақиргим, сочларимни юлгим келарди. Бироқ тишимни тишимга босиб, қўлларимни чўнтакларимга тиқдим: бардош қилиш керак. Бир соатдан кейин мени олиб чиқиш учун келишди ва биринчи қаватдаги кичкина хонага бошлаб боришди, бу ердан сигарет ҳиди анқир, хона ичи дим, нафасим буғилиб қолаёзди. Хонада икки нафар зобит оромкурсиларда ястаниб, чекиб ўтиришарди, тиззаларида ёйилган қоғозлар бор эди.
— Сенинг исм-шарифинг Иббиетами?
— Ҳа.
— Рамон Грис қаерга яширинган?
— Билмайман.
Мени сўроқ қилаётгани семиз, пакана зобит эди. Унинг кўзлари ойнак тагидан менга қаттиқ тикилиб турарди.
—Яқинроқ кел, — деди у.
Мен яқинроқ бордим. У ўрнидан турди ва менга кўзини тешиб юборгудай қадаб, шунақа қарадики, бу қараши билан мени гўё дўзах азобига гирифтор қилмоқчидай эди. Кейин у қўлимни қайира бошлади. Бу билан менга азоб бермоқчи эмас, балки шунчаки кўнглини ёзмоқчи: ўзининг ҳукмдорлардан эканини ҳис этгиси келарди. У юзини юзимга яққин олиб келди, димоғимга оғзидан анқиётган сассиқ ҳид урилди. Бу бир даққиқача давом этди ва мен ўзимни кулгидан зўрға тийиб қолдим. Ҳадемай ўладиган одамни чўчитиш учун бу кифоя қилмасди, унинг кўрсатган ҳунари анчайин ночор ҳаракат эди. Кейин у кўкрагимдан итариб юборди ва бориб жойига ўтирди.
—Ё сен отиласан ёки у. Агар унинг қаердалигини айтсанг тирик қоласан.
Бу кимсалар ҳам бўйинларидаги бўйинбоғу, оёқларида ялтироқ этиклари билан бир куни ажалга рўпара келишлари аниқ. Тўғри, мендан кейин, бироқ орадан кўп ўтмай шундай бўлади. Улар қўлларидаги қоғозларга ёзилган аллақандай исмларга белги қўяр, одамлар ортидан тозидай қувар, уларни тутиб қамар ёки отиб ташларди. Испаниянинг келажаги ва бошқа кўп нарсалар ҳақида уларнинг ўзларининг қарашлари бор эди. Аҳмоқона фаолликлари, елиб-югуришлари эса менинг ғашимни келтирарди ва кулгили туюларди: ақлдан озган бу телбанома нусхаларнинг ўрнида бўлишни ҳечам хоҳламасдим.
Пакана бақалоқ мендан кўзини узмасди, бот-бот этигининг қўнжига қамчи билан уриб қўярди. Бу қилиғи билан ўзининг йиртқич ҳайвончалик бераҳм эканини бошқаларга уқтириб қўймоқчи бўларди.
—Хўш, тушундингми?
—Гриснинг ҳозир қаердалигини билмайман, — жавоб қилдим мен, —еҳтимол Мадриддадир.
Бошқа бир зобит керишиб қўлини кўтарди. Бу эринчоқ ҳаракат ҳам ҳисоб-китобли эди.
Мен уларнинг зимдан тайёрлашган ўйинларини жуда яхши сезиб турардим ва бундай ўйинлардан ҳузурланадиганларнинг борлигидан ҳайратга тушардим.
—Ўйлаб кўришинг учун чорак соат муҳлат берамиз, — деди у, — ечинадиган хонага олиб чиқинглар уни, ўн беш дақиқадан кейин олиб киринглар. Агар тихирлик қилса, жойида отиб ташланглар.
Бу қанжиқлар нима қилишаётганини яхши билишарди: тун бўйи мени куттиришди, кейин ертўлада бир соат ёлғиз сақлашди, Хуан билан Томни отиб ташлагунча кутдим, энди эса мени ечинадиган хонага қамаб қўйишмоқчи—улар бу ўйинни кеча ўйлаб топишган. Асаби дош беролмайди, синади деб ўйлашган. Бироқ улар янглишади. Демак, улар мени Грис яширинган жойни билади, деб ишонишаётир. Грис шаҳардан тўрт километр наридаги амакиваччаларининг уйига яширинган. Уни сотиб қўймаслигимга ишончим комил, фақат қийноққа солиб азоблашмаса бўлгани (афтидан, улар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган). Булар бари менга кундай равшан, қолаверса, мен ҳаммасидан совиб бўлдим. Бироқ айни дамда мен нега ўзимни бундай тутаётганимни билгим келарди: нега мен бошқача бўлолмаяпман, деб ўйладим. Нега итдай ўлиб кетишим керак, нима учун энди Рамон Грисни сотмаслигим керак? Хўш, нега? Ахир, мен Рамонни ҳурмат қилмай қўйдим-ку. Унга ҳурматим, биродарлик туйғуларим ўша оқшом барҳам топган эди-ку: Кончага муҳаббатим яшашга иштиёқим — бари ўша оқшом тугаб битди-ку! Тўғри, шунгача мен Гриссни доим қадрлаб келганман, у мард одам эди. Не бўлса-да унинг учун қурбон бўлишни бўйнимга олган эдим: унинг ҳаёти мен учун ўзимникидан азизроқ эди, аслида, ҳар қандай ҳаётнинг, тирикликнинг сариқ чақалик қадри йўқ. Ахир, одамни деворга тираб қўйиб юз-кўзига ўқ ёғдиришса, отиб ўлдиришса — бу мен бўламанми ё Роман Грисми ёки бошқа бировми — тирикликда маъни қолмайди: ҳаммаси аҳамиятини буткул йўқотди. Аммо мен ҳозир тирикман, Роман Грисни сотиб жонимни сақлаб қолсам бўлади, бироқ буни қилмаяпман. Эшакларча қайсарлигим ўзимга қизиқ туюларди. «Шу қадар аҳмоқ бўламан-ми!», деб ўйладим. Бу ўйдан, ҳатто, кайфиятим озроқ кўтарилди ҳам. Кейин улар мени ўша тор хонага бошлаб боришди. Оёқларимнинг орасидан каламуш югуриб ўтди, буям менга қизиқ туюлди. Мен соқчилардан бирига ўгирилиб:
—Қара, каламуш, — дедим.
Соқчи жавоб қилмади. Унинг башараси тунд, чамамда бўлаётган воқеаларни у ўта жиддий қабул қилаётган эди. Хохолаб кулгим келди, ўзимни тутдим: агар бир кулишга тушсам ўзимни тўхтатолмайман, деб қўрқдим. Соқчининг мўйлови бор эди. Мен унга:
—Мўйловингни қириб ташла, тентак, — дедим.
Тирик одамнинг бетини тук босгани менга кулгили туюлди. Соқчи ҳафсаласизлик билан кетимга бир тепди, мен жим бўлдим.
—Хўш, — деди бақалоқ. — Ўйлаб кўрдингми?
Мен унга камёб ҳашаротга қарагандай сохта қизиқувчанлик билан қарадим ва:
—Ҳа, мен унинг қаердалигини биламан, — дедим. —Грис қабристонга яширинган. Бирор лаҳаднинг ичида ёки қоровулнинг уйчасида бўлиши керак.
Кел, охирида буларни бир лақиллатай, дедим-да. Ҳовлиқиб милтиқларини кўтариб бақириб-чақиришларини, тўрт тарафга чопқилашларини кўриб маза қилгим келди. Чиндан ҳам улар ўтирган жойларидан учиб туришди.
—Кеттик! Молис, лейтенант Лопесдан ўн беш киши олинг!
—Агар алдамаётган бўлсанг, — деди бақалоқ, — мен ваъдамда тураман. Бироқ бизни лақиллатган бўлсанг, билиб қўй, соғ қолмайсан.
У чиқиб кетди. Мен соқчилар қуршовида ўтирган жойимда қолдим. Ора-сира кулиб қўяман: уларнинг қабристонда изғишиб, тўрт тарафга аланглаб чопқилаб юришгани кўз олдимдан ўтади. Ҳарқалай жуда ақлли иш қилдим, деб ўйладим. Қабр тошларини кўтариб, лаҳадларнинг ичига қараб оввора-ю сарсон бўлишаётганини тасаввур қилиб ҳузурландим. Орадан бир ярим соатча вақт ўтди, бақалоқ қайтиб келди. Энди мени отиб ташлашга буйруқ берса керак, деб ўйладим. Қолганлар, афтидан, қабристонда қолишганди. Бироқ зобит менга тикилиб қаради. Башарасидан аҳмоқ бўлганини англатадиган аломатлар сезилмади.
—Уни катта ҳовлига олиб чиқинглар, ўша жойдагиларга қўшинглар, — деди у. — Жангдан сўнг унинг тақдирини трибуна ҳал қилади.
Мен унинг гапларини яхши англолмадим. Ундан сўрадим:
—Нима, мени отишмайдими?
—Умуман олганда, ҳозир отишмайди. Қолаверса, бу энди менинг вазифамга кирмайди.
Нима бўлаётганига ақлим етмасди.
—Нега энди? – дедим ҳайрон бўлиб.
У гапирмади, елкаларини учирди, холос. Аскарлар мени олиб чиқиб кетишди. Катта ҳовлида юз чоқли маҳбус: қариялар, болалар тўдалашиб туришарди. Нима бўлаётганига ақлим етмай, ҳовли ўртасидаги гулзор атрофида санқий бошладим. Чошгоҳда бизни ошхонага олиб киришди. Икки-уч киши мен билан гаплашмоқчи бўлди. Афтидан, бизлар таниш эдик, бироқ мен орага гап қўшмадим: қаерданман, нималар бўляпти—тушунолмаётгандим. Кечқурун ҳовлига яна бир тўда маҳбусларни ҳайдаб киритишди. Улар орасида новвой Гарсиани танидим. У мени кўриб қичқирди:
— Омадинг бор сенинг. Тирик кўраман деб ўйламагандим.
— Улар мени отувга ҳукм қилишди, — дедим мен, — кейин бу фикрдан қайтишди. Нега бундай қилишди, билмайман.
— Мени соат иккида ушлашди, — деди Гариас.
— Нима учун?
Гариас сиёсат билан шуғулланмасди.
—Ҳеч тушунолмайман, — деди Гариас, —улар ўзларига ўхшаб фикр юритмайдиганларнинг ҳаммасини тутишаяпти.
У овозини пасайтириб:
—Грисни қўлга туширишди, — деди.
Мен сесканиб кетдим.
—Қачон?
—Бугун эрталаб. Ўзи аҳмоқлик қилди-да. Чоршанба куни жаҳл устида укаси билан уришиб қолиб, унинг уйидан чиқиб кетди. Яширинишга ёрдам берадиган сонмингта эди, бироқ у ҳеч кимга зиёним тегмасин, деди чамаси. Менга: «Ибиетанинг уйига яширинсам бўларди, бироқ уни ҳибсга олишибди, қабристонга бекинаман», деди.
—Қабристонга?!
—Ҳа. Аҳмоқлик қилди. Бугун эрталаб улар қабристонни босишди. У қоровулнинг уйчасида экан, ўраб олишди. Грис қаршилик кўрсатишга уринди, бироқ улар Грисни отиб ўлдиришди.
—Қабристонда-я?!
Кўз олдим қоронғулашиб юз тубан йиқилдим. Овозим борича шунақа қаҳ-қаҳ уриб тўхтовсиз кулардимки, кўзларимдан ёш тирқирарди.
Аҳмад ОТАБОЙ таржимаси.