— Уни жазолаш керак! Отиб ташлаш керак! Жойи жаҳаннамда!
Эркаклару аёллардан жам бўлган оломон арзу самони ларзага келтириб бақирарди. Оломоннинг олдида эса, қўллари боғланган қадди расо, бўйдор бир кимса бошини баланд кўтарганча бир-бир қадам босиб борарди. У келишган йигит эди. Шу билан бирга унинг мағрур қиёфасида атрофидаги бақироқларга нафрат ва ғазаб акс этиб турганини ҳам кўриш мумкин эди.
Бу йигит… фуқарога жабр қилди. Ана энди у жазосини олиши керак. Уни албатта қатл этадилар.
“Начора? — деди у ўзига ўзи, — бир бошга бир ўлим дейдилар. Тақдири азалда ёзилгани шу бўлса, нима ҳам қилардик?” Йигит ҳамон кўчани бошига кўтариб шанғиллаётган оломонга кинояли илжайиб қараб қўйди. Оломон қий-чув қилиб уни қатл майдони томон ҳайдаб борарди.
Қатл майдонига ҳам етай деб қолдилар. Шу пайт издиҳомнинг этакроғидан бир болакайнинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди. Олти ёшлардаги бир бола оломонни тирсаклаб ёриб ўтмоқчи бўлар, “Дада! Дадажон! Қаёққа кетаяпсиз? Тўхтанг! Мени ҳам олакетинг!” деб йиғларди. Норасида гўдакнинг ноласи таъсир қилдими, халойиқ бир лаҳза жимиб қолди, сўнг ғайритабиий бир кучга дуч келгандай, беихтиёр болакайга йўл берди. Болакай чириллаб йиғлаганча тобора отасига яқинлашиб борарди.
— Муштдеккина экан бечора! — деди бир аёл болага қараб.
— Сенга ким керак, болакай? — деб сўради яна бир хотин, унинг бошини силаб.
— Дадамнинг олдига бораман! — деди бола чириллаб, — мени қўйворинглар, дадажонимнинг олдига бормоқчиман…
— Ёшинг нечада, болакай?
Ўғил саволга савол билан жавоб берди:
— Дадамни нима қилмоқчисизлар? Нега унинг қўлларини боғлаб қўйдинглар?
— Ҳой бола, оёқ остида ўралашмай уйингга жўна, онанг излаб юргандир?
Асир йигит ўғлининг илтижосини ҳам, мужикнинг уйингга жўна, деган гапини ҳам эшитган эди. Ўғли ўрнига ўзи жавоб берди:
— Унинг онаси йўқ, етим, — деди қовоғини солиб. Бола эса, оломонни оралай-оралай, ниҳоят, отасининг олдига бориб олди. Қўлларига осилди. Сийналари қаҳрга тўла тўда ҳамон, уни осиш даркор, йўқ, отиб ўлдириш керак, дея ҳайқирарди.
— Болам, нега бу ёққа келдинг, уйга бор, — деди ота.
— Нега бу кишилар сизни боғлаб қўйишибди? Нима қилишмоқчи? — деб сўради ўғил.
— Ўғлим, сенга бир маслаҳат бор.
— Нима қилай, дада?
— Катюшани биласан-а?
— Қўшнимизми? Биламан.
— Сен ҳозир ўша Катюшаларникига боргин-да, ўтириб тур. Мен ортингдан етиб бораман, хўпми?
— Сизни ташлаб ҳеч қаёққа бормайман! — деди бола ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Нега унақа дейсан? Ахир айтдим-ку, мен… изингдан етиб бораман, деб.
— Ёлғон. Улар сизни ўлдиришмоқчи. Ҳали эшитмадингизми?
— Йўғ-е, унчалик эмас. Улар… улар менга зиён етказишмайди.
Банди йигит ўғлини ерга қўйди ва халойиққа етакчилик қилиб бораётган кишининг олдига борди.
— Менга қаранг, биродар, — деди банди, — мени қай йўсинда, қачон ўлдирсанглар ҳам розиман. Фақат бу иш мана шу боланинг кўз ўнгида бўлмасин. Илтимос, икки дақиқага қўлларимни ечиб қўйинглар. — Қўрқманг, қочиб кетмайман. Мен ўғлимга бу амакинглар менинг оғайниларим бўлади, биз сайрга чиққанмиз, дейман. Шунда ўғлим уйга кетади. Кейин, майли, қанақасига қатл этсанглар ҳам туриб бераман.
Оломон сардори бандининг илтимосига рози бўлди. Ота ўғлининг ёнига қайтди.
— Болам, бор энди, уйга бориб Катяларникида ўтириб тур.
— Сиз-чи, сиз нега мен билан кетмайсиз?
— Булар менинг оғайниларим бўлади. Биз бир пас айланамиз, кейин мен ҳам уйга кетаман. Мана, кўрдинг-ку, қўлларим ҳам ечилган. Борақол.
Болакай отасининг юзига тикилиб ўйланиб қолди. Кейин ишонқирамай деди:
— Ростдан ҳам уйга борасизми?
— Бораман дедим-ку, ўғлим, албатта бораман.
Бола ортига қарай-қарай истамайгина жўнади. У кўздан ғойиб бўлгач, банди йигит сардорга қараб деди:
— Энди мен ўлимга тайёрман, қани бошласинлар.
Шу пайт ақл бовар қилмайдиган мўъжиза рўй берди. Ҳозиргина томоқларини йиртгудек бўлиб бировга ўлим тилаётган бешафқат одамларнинг кўнгли бирдан юмшади. Уларнинг кўксида кишини ўйга толдирадиган илоҳий бир нур пайдо бўлган эди. Битта аёл аста гап қўшди:
— Менга қолса… унинг гуноҳидан кечиш керак.
Аёлни кимдир қувватлади:
— Яратган Эгам раҳмдил бўлинглар, деган. Бу йигит ҳам Худонинг осий бир бандаси. Келинглар, қўйвора қолайлик…
Бирор соатдан бери “Осилсин! Отилсин!” деб ҳайқираётган халойиқ энди жўровоз бўлиб, “Қўйворилсин! Гуноҳи ўзига!” деб қичқира кетди. Мағрур банди йигит эса, қўллари билан кўзларини бекитганча йиғлаб юборди. У оломонни ёриб ўтди ва калласини осилтирганча уйига, ўғлининг олдига елиб кетди.
Саъдулла Сиёев таржимаси