Миссис Форестернинг “Ахиллес ҳайкали” номли илк детектив асари чоп этилганда у 57 ёшни қоралаган, бир қатор асарлари билан кўзга кўриниб қолганди. Авваллари унинг ўзига хос истеъдоди ўқувчилар назарига тушмаган, бу эса унинг китоблари сотилмаслиги сабабли эди. Лекин танқидчилар Форестернинг янги асарини мақтаб кўкларга кўтаришди.
Ижод билан бирга бу аёл сиёсатда ҳам кучини синаш ва ҳатто парламентга чиқиш фикридан ҳам ҳоли эмасди. У ҳар шанба кунги зиёфатида кўпчилик қатнашишини истарди. Базмларга фақат бир киши, яъни эри Алберт Форестернинг хуши бўлмасди, холос. Кўпчилик уни зиқналиги боис зиёфатларга иштиёқи йўқ деб ҳисобларди. Форестер хонимнинг унга қандай турмушга чиққани ҳам жумбоқ эди. Албертнинг марка йиғишга мойиллишни сезган таниш-билишлар унга “Филателист” деб лақаб қўйишганди. Алберт каттагина бойликка эга бизнесмен эди. Ўзи ғамгин, маъюс юрса-да, гоҳо ҳуда-беҳуда сўзлаб қолар, эгнидан оҳори тўкилган кийимлар тушмасди. Бироқ хотини бунга мутлақо эътибор бермас, аксинча унга меҳрибон, ўрни келганда эрини менсимаганларни изза қиларди. Миссис Форестернинг ҳаётини тубдан ўзгаргирган воқеа йил охиридаги зиёфатда содир бўлди. Ўша куни стол атрофида бу аёл барчани оғзига қаратган эди, бутун вужуди билан тинглаётган меҳмонлар фақатгана савол бериш мавруди келгандагана нотиқнинг сўзини бўлишарди. Зиёфат қизигандан қизиб борарди. Кутилмаганда шовқин-сурон кўтарилди.
— Нима бўлди, Картер? — деб сўради миссис Форестер оқсоч аёлдан. — Уй қулаб тушмадими мабодо?
— Кечирасиз, хоним, янги ошпаз жомадони билан кираётиб қоқилиб кетди.
— Янга ошпаз деганинг нимаси?
— Миссис Булфинч бугун ишга чиққани йўқ.
— Жаноб Форестернинг хабари борми? — сўради хоним гўёки бу ишга эри масъулият билан қараши лозимдек.
— Жаноб Форестер чиқиб кетганлар. Мана бу хатни етказишимни айтди, — дея букланган қоғозни узатди оқсоч.
Хат мазмуни миссис Форестер кайфиятини аста-секинлик билан ўзгартира бошлади. Унинг юз ифодасидан Албертдан бутунлай ажралганлигани уқиб олиш мушкул эмасди.
Форестер хоним ўқиб бўлгач, хатни ғижимлаганча йиғлаб юборди:
— Қандай ноҳақлик! Қандай даҳшат!
— Нима бўлди? Тинчликми? — сўради ҳамкасби жаноб Симмонс.
— Олиб ўқинг, — деди хоним ғижимланган қоғозни узатаркан.
Жаноб Симмонс кўзойнагани тақиб ўқишга киришди: “Азизим, миссис Булфинч ишини ўзгартирганлиги ва усиз ёлғиз қололмаслигим боис бирга кетишга қарор қилдим. Бундай ҳаётдан сабр-косам тўлган. Миссис Булфинчни никоҳ қизиқтирмайди, ажрашишни истасанг, қайтадан оила қилишга қарши эмас. Унинг жойига янги ошпаз ёлладим. У билан тил топишасан деган умиддаман. Биз Кенингтон-роуддаги 41-уйдамиз.
Алберт”
Узоқ давом этган сукунатни жавоб Симмонс бузди:
— Бу нима қилиқ?
— Бу қандай хўрлик! Чидаёлмайман, — бақирди Форестер хоним қўллари билан юзини яширганча. Вазиятни тушуниб турган жаноб Симмонс вазминлик билан насиҳат қилди:
— Агар осуда ҳаётни маъқул кўрсангиз, унинг олдига боришдан ўзга чорангиз йўқ.
— Уни деб мен ошпаз билан уриша олмайман, ахир, — жаҳл билан гапирди Форестер хоним.
— Аслзода аёллари сизга зиён етказмайди. Бироқ бундай аёллар адойи тамом қшиди сизни, — тушунтиришга ҳаракат қилди Симмонс.
— Бугунги ишни эртага қўймасдан боришингиз керак, — қўллаб қувватлади меҳмонлардан бири.
— Хўш, бир қарорга келдингизми?
Миссис Форестер бироз ўйланиб турди, қўллари мушт бўлиб тугилди, сўнгра жавоб берди:
— Хону монимдан кечаманми, обрўсиз бўламанми, барибир, унинг олдига бормасдан қўймайман.
Миссис Форестер эртасига йўлга чиққанида кун чошгоҳдан ошганди. Жаноб Симмонснинг саъй-ҳаракати зое кетмади, у тез фурсатда манзилни топиб берди. Қўнғироқ чалингандан сўнг пешвоз чиққан аёлни у таниган эди.
— Салом, Булфинч. Аҳволларингиз тузукми? — ҳол-аҳвол сўради ўзини бардам ва мардона тутган миссис Форестер. — Хўжайинингиз уйдами?
Бекасини кўриб, гаранг аҳволда туриб қолган Булфинч саломлашгандан кейингина ўзига келиб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди:
— Келинг, хоним, кираверинг... Алберт, миссис Форестер келдилар, — хабар берди у кенг хонага бош суқиб Форестер хоним уйга кирганда Алберт камин олдида, курсида газета ўқиш билан банд эди.
— Аҳволлар қандай, азизим, — сўрашди у эски қадрдонларча газетани четта ирғитиб.
— Афт-ангорингдан чакки эмас, — кўзини узмай хулоса чиқарди жаноб Форестер жавобни ҳам кутмасдан.
— Марҳамат ўтиринг, хоним. — жой кўрсатди Булфинч.
— Мен холи гаплашсак дегандим, Алберт, — дея мақсадини баён қилди меҳмон.
— Бунинг иложи йўқ, — деди Алберт бош чайқаб.
— Начора, унда шундай гаплашаверамиз,. — розилик билдирди миссис Форестер.
— Хўш, азизим, қулоғим сенда.
Форестер хоним вазминлик билан гап бошлади:
— Алберт, бу одатдаги ҳазилларингдан бири бўлса керак. Уйга қайтсанг дегандим.
— Вақтни бекорга сарфлаяпсан. Мени энди ҳеч нарса сен билан яшашга мажбур қила олмайди.
— Мен билан бахтли эмасмидинг? — сўради миссис Форестер юраги қалқиб.
— 33 йил дурустгина яшадик. Маълум маънода сен ўзингга хос эдинг, аммо менга эмас, Сен ижодкорсан, мен эса йўқ.
— Лекин мен ҳар доим иш билан овунмаганман, сени ҳам қизиқтиришга ҳаракат қилганман. Бир зум ҳам эътиборимдан четда қолмагансан.
— Тўғри. Ҳаётимнинг бир текислигига балки ўзим айбдорман. Бироқ бундай ҳаёт, умуман барчаси жонимга теккан. Мени бир нарса қизиқтиради. Шу меҳмонларингнинг еб-ичишдан бўлак қўлларидан бирор иш келармикан?
— Бу нима деганинг, Алберт? — суҳбатга аралашди Булфинч.
— Булфинч ишдан бўшашимни илтимос қилаяпти, давом этди Алберт авзойини бузмай. — Ҳамкасбларим билан маслаҳатлашдим. Ҳал қиламиз дейишди. Даромадим 900 паунд бўлса, учаламизга йилига 300 паунддан тушади, — дея ҳисоб-китоб қилди у.
— Бу пулга қанда яшаб бўлади? — сўради лаблари титраган миссис Форестер.
— Сенинг қаламинг бор, — эслатди Форестер мулойимлик билан.
— Китобларим даромад келтирмаётгани аён-ку сенга, — қошларини чимирди аёл.
— Детектив ҳикоялар яратиб кўринг-чи, — таклиф киритди ошпаз аёл тўсатдан. Форестер хоним бехосдан айтилган гапни кулгига олди ва хитоб билан деди:
— Менми? Бу ақлга сиғмайди. Бундай ҳикоялар билан одамлар талабини қондириб бўларканми? Ўзи детективга қарамаган инсонман.
— Ёмон фикрмас, — тасдиқлади Алберт.
— Детективлар жону-дилим. Кутубхонада тунги кўйлакда ҳушдан кетган аёл ҳақидаги сюжетни ўқисам ҳикояни қандай тугатганимни сезмай қоламан, — энтикиб гапирди Булфинч хоним вужудида ажиб бир енгиллик ҳис этиб.
— Мен эса Хайд-паркда тилло соатли жентельманнинг ўлик ётишини афзал кўраман. Бундай воқеа жиддий эътибор уйғотади, — деди Алберт қизишиб.
— У муҳим сирни билган. Қотиллар унга оғзидан гулламаслик шарти билан омон қолдиришни ваъда берганлар.
— У душманларидан қочишга улгурмаган, — лўнда қилиб якун ясади Форестер хоним.
— Сен яхшигина детективлар яратишинг мумкин, далда берди Алберт уни ижодга чорлаб. — Қўлимдан ўтмаган детективлар бўлмаса керак.
— Сенинг-а? — кўзлари чақнаб, ҳайратда сўради Форестер хоним.
— Мана шу нарса миссис Булфинч билан иккимизни боғлади. Ўқиб бўлган китобларни унга бермадим. Бир-бирига ўхшашларини тополмайсан. Солиштирсанг, ўзига хос бўлган фазилатни топасан, — паст, осуда товушда гапирди жаноб Форестер.
— Орамиздаги тафовутни энди англадим, — деди миссис Форестер овози қалтираб ва изтироб билан бош чайқаб. — 30 йилдан буён адабиётдан паноҳ излаган экансан-да.
— Тўғри англабсан. Детектив ҳақида ўйлаб кўр.
Булфинч хоним меҳмонни кузатаркан, ундан таксида кетиш-кетмаслигини сўради.
— Трамвайга чиқаман, — жавоб берди хоним.
— Миссис Форестер, сиз жанобдан ҳавотирланманг. Рўзғорни бинойидай эплайман. Ўзингиз биласиз, ойдай ошпазман...
Миссис Форестер оғиз очишга чоғланганда, бекатга трамвай келиб тўхтади ва у чиқиб олди.
Вақтни сўраш учун у ёнига ўгирилди-ю, тилло соатли, салобатли кишига кўзи тушди. Бу Хайд-паркда ўлиб ётган, Алберт тасвирлаган киши эди. У кондуктордан тўхташни илтимос қилди ва тушиб, кичик, қоронғу кўчага кириб кетди. Нима учун? Хайд-паркда тушиш фикри Форестер хонимнинг миясига яшиндек бир куч билан урилди. У Ахиллес ҳайкалидан бироз ўтгач, тўхтади, ҳайкалга разм солди.
Юраги ҳаддан зиёд тез урарди.
Эдгар Аллан По детективлари мана шу тариқа дунёга келгандир.
Уйга келгач, залдаги бир неча шляпаларга кўзи тушди. Ҳамма жамулжам эди. Хоним кўксини тўлдириб нафас олди ва меҳмонхонага аста кирди.
— Анча куттирганим учун узр. Чой ичдиларингизми?
— Биздан ташвишланманг.
— Мен муҳим бир янгилик айтмоқчиман. Энди детектив ҳикоялар ёзишга киришмоқчиман.
Меҳмонлар бу гапдан ҳангу-манг бўлиб қолишди.
— Детективни адабиёт чўққисига кўтараман. Илк ҳикоямни “Ахиллес ҳайкали” деб номлайман.
— Алберт нима бўлди?
— Уми? У бутунлай ёдимдан кўтарилибди.
— Уни кўрдингизми?
— Келинглар, Албертни ўз ҳолига қуяйлик. Ҳозир уни ўйлайдиган вақт эмас. Мен детектив ҳикоя ёзмоқчиман, — такрорлади баланд руҳда яна Форестер хоним.
— Сиз жудаям ажойиб аёлсиз! — мақташди меҳмонлар унинг соз кайфиятидан мамнун бўлиб.
Инглиз тилидан Ҳулкар Муҳаммедова таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2001 йил, 5-6-сон