Ўрмон томчилари. Михаил Пришвин.

Эсимда, биз болаликда ўйинчоқларимизни, совғаларни, ҳатто соатларни ҳам албатта бузиб кўрардик. Ичида нима борлигини билгимиз келарди—да. Эски замонларда мактабдаёқ бизни табиат билан худди шу йўсинда киришишга, уни ичига кириб боришга ўргатишарди. Далага олиб чиқишарди, биз гулларни юлишга тушардик. Гулнинг барглари, ғунчалари, тугунчаларини ҳам бирма—бир эринмай юлиб ташлардик, сўнгра энди бизга кераксиздай отиб ташлардик. Ахир, ўйинчоқлар билан ҳам шундай бўлмаганмиди—на ўйинчоқ бор, на гуллар...
Биз энди табиатни бошқача ўрганамиз — уни бузмасдан, ҳеч нарсани юлмасдан, топтамасдан, қандай бўлса, шундайлигича севиб, катта—кичик ҳар бир тирик жон, тошларга ҳам инсон кўзи билан қараб, уни тўлдирамиз.
Мен буни ўзим ўргандим, ҳар бир қадамимда ёзиб бордим, кузатдим. Бу йўлларда қўлингиздаги «Ўрмон томчилари» номли китобим битилди. Бу—менинг шоир кўзим, шоир қаламим билан кўрганларим, билганларим, ҳис этганларим, англаганларимдир. Уларда табиат билан инсон, бутун борлиқ, мавжудотнинг уйғунлигини Сизга ҳам етказмоқчи бўлдим.

1. БОРЛИҚ БАҲОРИ

Табиатдаги ўзгаришларнинг ҳар бир кунини кузатиб борувчилар— фенологлар тили билан айтганда, баҳор бир қатим қуёш нурининг тушиши, қўшилиши билан бошланади. Халқ эса айиқ уясида у ёнидан бу ёнига ағдарилаётганда қуёшнинг нурлари ёз томонга бурилади, ўша дамда қиш аёзи чарсиллаб турса—да, лўли пўстинини сотади, дейди.
Январь, февраль, мартнинг боши — бариси борлиққа баҳорнинг кириб келишидир. Осмондаги музларнинг эриши биз яшаётган катта шаҳардаги баланд улкан тош уйлардан яққол кўринади. Бу вақтда мен шаҳарда битта ўй билан яшайман — кўпроқ пул топишга киришаман. Бунинг учун дўзах азобига кириб ишлашга ҳам тайёр тураман. Атрофдагиларим билан урушиб—талашиб бўлса ҳам, мўлжалимдаги пулни йиғаман.Шундан сўнг пул ишлаш мумкин бўлмаган ерларга чиқишга ҳозирлик кўраман, ўзимни бахтиёр сезаман.
Ҳа, борлиққа баҳор келишини шаҳардаёқ сезиб, кўриб, сўнгра уни— табиатда, борлиқда сувлар,майсалар, ўрмонлар, эҳтимол , инсон баҳорини ҳам она ер қучоғида , тупроқ ҳидларини сезиб кўришни, кутиб олишни истаган одам чиндан ҳам бахтли.
Қорли қишдан сўнг бутун ер юзига лопиллаб баҳор кириб келар экан, одамлар уйларидан ташқарига, табиат бағрига чиқадилар.Атрофга боқиб, ҳаяжонланадилар, уларнинг ҳар бирини битта савол қизиқтиради— бу йил баҳор қандай келар экан? Баҳор эса ҳеч қачон бир—бирини такрорламайди, ҳар бири —бетакрор. Бу йилги баҳор ҳеч қачон бултургисига ўхшамайди.
Бу йил баҳор бизни куттириб қўйди, қорнинг ярқирашидан кўз тиниб кетади, атрофда эса битта садо янграйди:
—Бу тезда ўтиб кетади!
Чаналарда узоқларга йўл олишган одамларда хавотир бор— ишқилиб, чаналарни бирон—бир жойга ташлаб кетишга, отларни етаклаб, ортга қайтишга тўғри келмасин—да.
Яхшиямки, янги баҳор ҳеч қачон эскисига ўхшамайди.Шундандир чиройли яшагинг келади баҳордай ,баҳорни ҳаяжон билан, илҳом билан кутиб олгинг келади, унинг қанотида хуш кунларни кўргинг келади.

2. БАҲОРНИНГ БОШЛАНИШИ

Эрта тонгда ҳаво ҳарорати минус 20 градус бўлса-да, куннинг ўртасига келиб, томдан томчилар туша бошлади. Бу кун эрталабдан то тунгача биллурдай ялтираб гуллади, ёшарди. Қайинлар гўёки қор билан нақшлангандай кечгача гоҳ бинафшаранг, гоҳ мовий рангларда нурланиб турди. Осмонда оқиш ойнинг ўроғи узоқ вақтгача қалқиб турди, уфқда эса ранглар парчаланиб-парчаланиб кетди. Борлиққа кириб келган баҳорнинг биринчи кунида ҳаммаси ажойиб эди. Биз бу кунни овда ўтказдик. Кучли аёз бўлишига қарамай, қуёнлар кўп эди. Уларни нафақат ботқоқликларда (одатда,улар қаттиқ совуқларда ботқоқликларда жон сақлашади), балки далаларда , бутоқларда, орол этакларида ҳам учратиш мумкин эди.

3. ЁҚУТ КЎЗ

Аччиқ аёз жимлиги. Кеч тушмоқда. Яланғоч ўрмоннинг бутоқлари қорайиб кўринади. Ўрмон тун ичига бутун фикру хаёлларини, ўйларини бир жойга жамлаб кирмоқчидай салобатли. Бутоқлар орасидан қуёшнинг ёқут кўзлари — нурлари ёниб ўтарди, ярқираб—ярқираб кетаётган бу кўзлар одамникидан катта эмас.

4. БАҲОРГИ АЁЗ

Аёз ва шимол бўрони қуёшнинг бор уринишларини, кун бўйи тер тўкиб қилган меҳнатини бир пасда чиппакка чиқаришди ва ҳаммаси айқаш—чуйқаш бўлиб кетди: ҳатто мовийранг гунафшалар ҳам биллур қорга бурканиб, ушласанг, синиб кетгудай, қуёш ҳам бу ҳолатдан уялганидан туролмай, қўзғалолмай қолганга ўхшарди.

5. МОВИЙ СОЯЛАР

Борлиққа аёзли ва ёруғ сукунат чўқди. Кечаги кунги биринчи қор юпқа муз устида майин упадай сепилиб, ярқираб ётарди. Музлар эса ҳали—вери эрий демас, аксинча, далада ҳам, қуёш нурларида ҳам соядагидан кўра яхшироқ, тиниқроқ жилваланарди. Ҳар бир эски шувоқ, майса, қариқиз, ўтпоялар бу ярқираб турган биринчи қорга— ойнага қарагандай қарашарди. Ўзларини шу кўзгуга солишарди, янада мовий, янада гўзал кўринишарди.

6. ШОШИЛМАЙ КЕЛАР БАҲОР

Тунда аёз турмади. Кулранг кун, ҳаво ҳам илиқ эмас. Баҳор секин—асталик билан силжимоқда: ҳали музлари эриб битмаган ҳовузларда бақалар бошини кўтаришиб, ярим овозда вақ—вақлашади. Бу худди олисларда катта йўлда биз томонга қараб келаётган араваларнинг шовқинига ўхшаб кетади. Ер ҳайдаш давом этмоқда. Қорнинг сўнгги бўлаклари ҳам эрийди. Аммо ҳали тупроқдан иссиқ ҳовур кўтарилганича йўқ. Сувлар илиқлашмади ҳали. Баҳор эрта келган бўлиб кўринса—да, у шошилмай келарди. Борлиқда ноқулайлик мавжуддай .Қор яқиндагина ёғди, қиш бўйи ёғмади ҳисоб.Эндиликда эса вақтидан олдин ҳайдалган ерлар ҳам бевақт музлади. Ёнғоқ гуллади, аммо ҳали чангланмаган. Қушчалар қор учқунларини чўқилаб кўради, ҳали илиқлик сезилмайди. Қорга бурканиб олган япроқлар қалин, кулранг.
Кеча вальдшпен мана шу баргларга тумшуғини тиқиб, ундан уруғликларни олмоқчи бўлди; шу пайт биз келиб қолдик. У учмоққа чоғланди, аммо тумшуғидаги баргга ўралган эски ари уясидаги майда мева уруғларини эса ташлаб юборишни истамади. Мен уни уриб туширдим, унинг тумшуғида эса ўнтача эски ари уясидаги барг парчалари осилиб турарди.

7. МАРТ ОХИРИДАГИ ЙЎЛ

Кундуз кунлари баҳор йўлларида емак истаб барча баҳор қушлари учиб ўтадилар; тунда эса қулоғига қадар қотиб қолмаслик учун шу йўлдан ҳайвонлар ҳам ўтишади. Бу кулранг ва малларанг йўлларда музларда тойиб, ағанаб кетмай деб чаналарда юк ортиб одамлар ҳам ўтишади.
Бу йўл аста—секин баҳор ирмоқлари тўлиб бораётган тўғонга айланиб боради. Одамлар ёнига болаларини олиб, чаналарда ўтиб кетишди, худди шу пайт ирмоқлар бирлашди — йўлнинг бир томонига бутун бошли кўл оқиб кетгандай бўлди. Сув тўғонни бор кучи билан босиб кела бошлади, сувнинг оқими кучайди — тўғон бардош беролмай, парчаланиб кетди ва шовқинли оқим чанада кетаётганларнинг йўлини кесиб ўтди.

8. БАҲОР ИРМОҚЛАРИ

Сувнинг тортилиб—тортилиб оқаётганини тингладим. Жилвагар ўтлоқдан сув овозсиз оқмоқда.Аҳён—аҳёнда оқаётган сувнинг кўринмас тўлқинлари бир—бири билан тўқнашиб, чайқалиб кетади. Мен сувнинг оқишини тинглай туриб, келаётган чайқалишини кузатарканман, ўйлайман—нега бундай? Осмондаги , баланддаги қорларданми бу, шу қорларнинг остидаги ирмоқларданми бу... Ағдарилиб—ағдарилиб тушаверади сувлар, бу ҳодиса ирмоқлар ҳаётидаги оқимларнинг тўқнашувига олиб келади. Нималар бўлмайди дейсиз бу ҳаётда! Агар ҳаётимизга биттагина бўлса ҳам баҳор ирмоғини киритсак, биз уни мукаммал деб қарасак, шу мукаммалликда ҳаётни англашни уринсак, унда ҳаётни борича борлиқ билан биргаликда, аввало,руҳимиздан,юрагимиздан ўтказиб кўришимиз лозим.

9. БИРИНЧИ ЖИЛҒАЛАР

Мен енгилгина, қушлар қанотидан учган товушларни эшитдим ва итимга қарадим—кўриб, билиб кел-чи, чиндан ҳам вальдшпенлар учиб кетишди-микан? Аммо Кента хотиржамлик билан чопиб борарди. Мен яна сувнинг оқишини кузатиш завқига ошно бўлиш истагида орқага қайтдим, қайтаётиб, йўл—йўлакай яна ўша — қушлар қанотидан учган товушларни эшитдим, яна ва яна...
Ниҳоят, мен бу товушларнинг тўхтаб—тўхтаб қолиш сирини англадим. Яна товушни эшитдим. Бу товуш борган сари кучайди, тинмади, шунда тушундимки, қаердадир қорлар остида энг кичик жилғалар шундай куйлашади. Бу менга шундай ёқиб тушдики, мен эринмай бошқа ирмоқларга ҳам қулоқ тутдим, ҳайратландим — улар бир—бирига ўхшамас товушларда куйлашарди.

10. МАЙ ИЗҒИРИНИ

Тунда кучли изғирин бўлиши кутилмоқда. Ой кўринган вақтда мен эманзорли ўтлоққа келдим—бу ерда майда, кичик—кичик қушчалар ва биринчи бўлиб очиладиган гуллар кўп. Бу ажиб гўшага шунинг учун ҳам митти қушлар ва бинафша гуллар мамлакати деб ном қўйдим.
Тез орада ғарб томонни ҳам тонг эгаллай бошлади, шарқ томон ёришди. Тонгги шафақ эниб келар, уфқнинг кўзга илғанмас чизиқлари ўзига оҳанграбодай тортарди. Кетаётган тун жозибали эди. Мен қадамимни тезлатдим, шу қадар қизиб кетдимки, кучли аёз майсалар ва баҳорнинг биринчи гулларини музлатиб қўйганини сезмай қолибман. Тонгга яқин соатларда эса аёз янада кучланди. Мен бир дона бинафша гулни қўлимга олиб, кафтларимда иситмоқчи бўлдим.Аммо совуқда музлаб, қотиб қолган гул қўлларимда синиб кетди.

* * *

Лимонзор, Тилларанг капалак бута баргларининг устида қанотларини йиғиб ўтирибди. Энди у қуёш иситмагунча қимирламайди, учмайди, учиб кетолмайди. Унга тегай—тегай деб турган бармоқларимдан ҳам ҳимояланишни, ўзини сақлаб қолишни истамайди.

* * *

Қачонлардир қаердадир ўтлоқда қуёш нурларида эриётган музни кўрганмисиз? Кечагина жуда бой эди бу ирмоқ: шундоққини ўтлоқдан кўриниб турарди. Тун илиқ, у тонггача ирмоқдаги бор сувни катта сувга қўшишга улгурибди. Қолиб кетган сувларни тонгга яқин аёз ушлаб қолди. Улардан ялтироқ ойналар ясади. Кўп ўтмай чиқиб келган қуёшнинг олтин нурлари бу муз ойналарни парчалаб ташлади, парчалаганда ҳам ҳар бирини эринмай парчалади.

11. КЕЧИККАН ИРМОҚЛАР

Ўрмонда майин ҳаво. Майсалар яшилланмоқда, кулранг бутоқлар ярқираб турибди.На сокин сўқмоқлар! На дилбар сукунат, ўйчанлик! Какку биринчи май кунини бошлаб беришга жазм айлади. Тетеровкалар ҳам кечки шафақ олдидан ўз тилларида нималардир деб ғулдирашади.Баҳор ирмоқлари ҳар қанча югуриб, елишмасин, барибир кечикиб келишди. Энди улар яшил майсалар бўйлаб оқишмоқда. Ирмоққа қайинларнинг синдирилган бутоқларидан оқаётган шарбатлари томчилайди.

12. СУВЛАР БАҲОРИ

Қор ҳали қалин, қаттиқ, аммо дона—дона бўлиб турганидан юмшоқ туюлади. Ҳатто қуёнлар ҳам бемалол ағанаб, ергача кириб борадилар, қоринлари, қўл—оёқлари билан қорни юқорига титиб олиб чиқадилар. Мазза!
Узоқ йўл босиб келган қушлар емак истаб, далаларнинг қорайиб—қорайиб кўринган очиқ жойларига учиб бориб қўнадилар. Қайинлар ёмғир остида шодликдан йиғлаётганга ўхшашади — пастга эниб тушади тиниқ томчилар. Сўнгра бу томчилар қорга сингиб кетади ва қор янада қаттиқлашиб бораверади.
Йўлдаги сўнгги музлар чарсиллайди, биллурдай товланади — улар бош суякларига ўхшаб ётибди. Музли кўлмак ҳам ювилиб кетди. Мана шу кўлмакдан нариги томонга сакраб ўтган қуённинг излари аниқ—тиниқ кўзга ташланади.

13. ЖИЛҒАЛАР ВА СЎҚМОҚ

Қарағайзор ёқалаб ўтган сўқмоқда қорлар, музлар эримоқда. Шовуллаб ирмоқ оқмоқда. Олисларда офтобнинг иссиқ нурида ўрмон этагидаги ирмоқлар ва сўқмоқлар югуради. Ирмоқ орқасида — шимолий қияликда нинабаргли дарахтлар орасида эса Сибир тайгасининг қўл урилмаган, из босилмаган, бузилмаган қорлари ярқирайди.

14. ТИНИҚ ТОМЧИ

Қуёш ва шамол. Баҳорги ёруғлик. Читтаклар ва клестлар ошиқона оҳангда куйлашади. Чанғиларда қолган муз қобиғи ойна каби ялтираб, жаранглаб учиб кетади. Ўрмон этагида қорайиб кўринган ёш, майда қайинлар қуёш нурида бинафша рангда жилоланади. Темир томларда тоғ музликларига ўхшаб кўринган қотиб қолган қорлар қуёш нурида ялтирар, бу нурлар тагидан ҳақиқий музликлардагидай сувлар дарёси оқиб ўтар, оқибатда музлик ортга тисланарди. Музлик ва том четидаги тобора қизиб келаётган темир тасма янада кенгайиб, қорайиб борарди. Аёзда ярқираб турган сумалакка томдан томчилар оқиб тушади. Бу сув томчилари сумалакка урилиб, яхлаб қолади. Сумалак тонггача яхлаб қолган томчилар шарофати билан тўлишиб боради.
Қуёш чиқди. Томдан ошиб тушган қуёш нурлари сумалакка етгач, аёз чекинди. Муз эрий бошлади, эриётган сумалакдан эса олтин томчилар ярқираб ерга туша бошлади. Кузатсангиз, бутун бошли шаҳарнинг ҳар бир томидан оқиб тушаётган олтин томчиларни кўрасиз.
Ҳали шом пардаси борлиқни бутунлай қамраб олмасиданоқ, музлаш, аёз аччиғи сезила бошлади. Том устидаги сумалакдаги музлар сезиларли даражада эриган бўлса—да, аёз эриётган томчиларни сумалакка етар—етмас, ёки оқиб тушишига қўймай, ярим йўлда, сумалакнинг уч—учларида музлатиб қўймоқда эди.Сумалакнинг бўйи кечгача анча ўсди. Янги кунда эса қуёш чиқади, яна музлар эрийди. Сумалак эрталаблари энига, кечга бориб эса бўйига ўсиб, тўлишиб, гўзаллашиб кўринади.

15. ҚУЮҚ ИЛИҚ ЁМҒИР

Деразам олдида арғувон дарахти яшилланмоқда. Унинг каттта-катта куртакларида шу куртаклардай катта—катта тиниқ томчилар товланади. Бир куртакдан иккинчи куртакка урилиб—урилиб кетаётган томчилар, ерга тушади. Дарахтнинг улкан бутоғи пўстлоғидан баландда дарё ўзанидан тошиб кетгандай бутун бошли сув кўзга кўринар—кўринмас бўлиб қалқиб турибди. Ҳар қалқиганда майда—майда томчиларга бўлиниб, новдаларга тушади, ерга тўкилаётган томчилар ўрнини эгаллайди. Гўё бутун бошли дарахт томчилар қуршовида — бутун бошли дарахт томчилаяпти.
Бир ярим кун, бир ярим кундуз тинимсиз ёмғир ёғди. Кўчаларда лойгарчилик бошланди.Мен шу йўлларни суратга олдим. Йўл бошида ярқираб турган томчиларни суратга туширдим: томчилар гуллаётгандай кўринди. Мен уларда осмонни кўрдим. Ерга тушаётган томчиларни эса қалин ўрмон фонида олдим, шундай қоронғуликда ҳам томчилар жилоланиб кўринарди.Бу —баҳорги қуюқ илиқ ёмғирнинг митти мўъжизалари.

16. СУВЛАР ҚЎШИҒИ

Сувлар баҳори бир—бирига қон—қариндош товушларни бир жойга йиғади, баъзан буларнинг барини бирданига илғаб ололмайсан— бу нима? Сув биқирлаяптими, ёки бақалар вақ—вақлашаяптими... Ҳаммаси сувлар қўшиғига қўшилиб кетади. Бу қўшиққа ҳамоҳанг бекас оқариб кўринади, солланади. Шу қўшиқ оҳангига вальдшпен хиргойиси ҳам қўшилади, сирли равишда кўлбақа қушлари авжга чиқади. Қушларнинг бундай ғаройиб куйлаши, аввало, сувлар қўшиғидан туғилади, чамамда.

17. ТОШ АСРИ АРФАСИ

Жарлик тубидаги дарахтлрнинг осилиб тургн бўлак - бўлак узун илдизлари, томирлари қирғоқнинг қуюқ гумбазлри остида сумалакларга ўхшаб кўринади, тобора ўсиб, сувликни қамраб олишади. Шамол эсади, баҳорги майин шамоллар сувни тўлқинлантиради. Майда - майда тўлқинлар жарлик тубидаги сумалакнинг сўнгги учигача етиб боради. Сумалаклар эса тебранишади, бир-бирига хабар бераётгандек бир - бирига урилиб, жаранглаб кетишади. Бу жаранг баҳорнинг илк жарангги - тош асри арфасининг оҳангларидир.

18. БИРИНЧИ ГУЛ

Саргашта шабада эски баргларни енгилгина силкиб ўтдими десам, биринчи капалак учиб кетган экан. Кўзим олди нега мавжланади десам, бу бойчечак— биринчи гулнинг қулф уриб очилиши экан.

19 СУВЛАР ҚЎШИҒИНИНГ БОШЛАНИШИ

Мен шаҳардан унчалик узоқлаб кетганим йўқ эди: ҳаммаси эшитилиб турибди. Электровозларнинг овози, турли - туман тақир - туқурлар, аммо муҳими бу эмас. Чунки ўрмоннинг ўзига хос сукунати бор. Бу сукунат жуда ҳаракатчан, бутун диққат-эътиборимни ўзини қилиб олган. Шаҳар шовқинини менга умуман эшиттирмайди.
Мен кетиб борардим. Ёмғир ёнгинамда бўлса-да, уни сезмасдим. Мен биринчи марта ёмғирни ёш қайиннинг олдига келганимда илғадим. У самовий ранглар билан биринчи бор учрашаётгандек қизариниб борар, рангсиз катта - катта томчилар қайин бутоқларида осилиб турар, бу бутоқларнинг катталиги самбиттолларникидай кўринарди.
Қора кўприккача юриб бордим. У ерда ирмоқлар ҳали қалин қор уюмлари остида жимирлаётганини кўрдим. Фақат қаерлардадир сувга тўлган чуқурликлар кўзга ташланиб қоларди. Мен бугун баҳор сувларининг биринчи қўшиқларини тингладим.

20. ЙЎЛ

Музли, заҳматли, отлар туёғи ва чаналар изларидан тўлиққан, янгиланиб бораётган йўл тиниқ сувлар денгизи томон шошади. Денгиз томондан қарасангиз, баҳор булутлари тиниқлашиб, йўл тобора янги, тобора гўзал кўринади.

21. ТОМЧИЛАР НУРИ

Тунда ўрмондан қайтиш қийин кечди. Аммо ҳеч қандай чарчоқлик кўтаринки руҳимни — ичимдаги туйғуларни синдиролмади. Негаки, мен бугун гуллар бўйи ва қушлар қўшиғи қанотида шиддат билан кириб келаётган қайноқ қонли баҳорни кўрдим.
Ҳали яшилланиб улгурмаган ўрмонда ёш, эртаги мажнунтоллар биллур қандиллар сингари гул хаёлларга ўраниб тебранади. Новдаларда эса замбуруғлар, наврўзгуллар, анемонлар, бўри пўстлоғи, куртаклар нурланади, томчилар товланиб турибди.

22. ШОМ

Куннинг ўртаси. Иссиқ шамолдан ҳаммаёқ илиқлашди. Кечга бориб, куннинг елкасида баҳорнинг янги даври бошланди. Эртаги толлар гуллади, сайроқи дрозд - ўрмон қуши бор овози билан куйлаб юборди. Қурбақалар шовқинидан ҳовузнинг юзаси тўлқинланди. Шом ҳавоси турли-туман овозлар билан тўлиб тошди. Кеч тушиб келиши билан узунбурунчалар - сичқонсифат ҳашоратҳўрлар ерга кириб кетишди. Осина дарахтининг баргларидаги табиийлик шу қадар жозибали эдики, худди сувга тушиб кетган балиқдек узатсак, қўлимиз етмасди.

23. МУЗ ОЙНА

Яна қуёшли изғирин билан келди чеҳраси очиқ кун. Йўлларда ирмоқлар ўз изларига тушиб олишди. Қор босиб ётган ўрмонларнинг қорли уюмларида қизғин палла.Ўрмон ялангликларидаги қор уюмларига кириб, кечиб, севимли ирмоғим оқиб ўтадиган жойгача бордим. Мен қайинннинг шундоқ ёнгинасида тобора очилиб бораётган сувликни кўрдим. Уни суратга олдим. У баҳорнинг бошланаётган қўшиғи сингари эди.
Тунда совуқ шунчалик кучли бўлдики, муз ҳеч қаерда синмади, ёрилмади. Аммо тойиниб кетсанг борми, унинг зарбини ҳеч қачон унутолмайсан. Ҳозир эрталаблари музларнинг устидан юриб, ўрмоннинг ичкарисигача борса бўлади. Куннинг ярмига келиб эса ўрмонда қолиб кетишингга тўғри келади. Чунки эриётган музлар ичидан кечиб ҳам чиқиб кетишинг мушкул. Хуллас, тунги совуқдан музларнинг яна қотишини кутишингга тўғри келади.

24.БАҲОРГИ ЙИҒИМ – ТЕРИМ

Бир неча кун, бир неча ҳафталар ўтиб, ўрмонда ақл бовар қилмас даражада кўплар юмушлар бошланиб кетади.Табиат гуллар, майсалар, ҳашоратлар, янги нозик новдалар билан ўрмон юзасини беркитади. Буни кузатишнинг ўзи завқли Табиат йилида икки марта ғамҳўр онадай ўрмондаги Сарғайган, қуриб, қотиб қолган суякларини йиғиб олади. Биринчи марта -баҳорда. Табиат уни ҳали кўзимиз тушиб улгурмаган гуллар, ўт-ўланлар билан ўрайди.чор-атрофни, Иккинчи марта -кузда қорлар билан қоплайди.
Тез орада ёнғоқлар ва зирк дарахтлар - ольхалар гуллайди. Уларнинг олтин балдоқлари ҳозирданоқ қушларнинг нафаси, қанотлари тегиб-тегмас потраб кетмоқчидай. Аммо ҳозир гап бунда ҳам эмас. Айни пайтда бизни ям - яшил юлдузчали гулларнинг гўзаллиги ҳайратлантиради бизни. Аҳён - аҳёнда бўри пўстлоқлари кўзга ташланиб қолади, ҳавасингизни келтиради.
Ўрмон йўлларида музлар эриди. Фақат чириган гўнглар қолди, холос. Шу гўнглар устига жойини топгандай арча ва қарағай ёнғоқларида қолиб кетган кўплаб Уруғ доначалари учиб туша бошлашди.

25. ЁНҒОҚ ДУДЛАРИ

Барометр пастлаб бормоқда. Хушбўй илиқ ёмғир ортидан совуқ шамол ҳам сезинади. Нима бўлганда ҳам баҳор қадамлари силжимоқда. Кўлмаклар, ирмоқлар ёқаси яшилланди. Бу яшиллик қирғоқ қияликлари, йўл четларига кўчди. Кечга бориб, ер юзини буткул яшиллик қоплагандай. Ҳайдалаётган далалардаги қаторлар тўлқинланиб турибди - нақадар гўзал! - қоп - қора тупроқ билан яшил ранг қоришиб кетган. Бугун шумурт - оқ гулли хушбўй дарахт куртаклари яшил либосга бурканишди. Ёнғоқ дарахтининг балдоқлари пўстини ёриб, чиқишмоқди. Ҳар бир ёрилишда дуд ҳосил бўлиб, бу дудлар қушчалар каби тўрт томонга учиб кетишди.

26. СЕВИНЧ ЁШЛАРИ

Тунда Терибровага кетдик. Карқушлар маконига тунги соат бирларда етиб бордик. Ўрмонда тўхтамай ёққан ёмғир остида эрталабги соат саккизгача йўл босдик. Бирон - бир қушнинг овози эшитилмади. Қайтаётганда осина дарахтида бўртиб турган тўлиқ куртакларни кўрдим. Улар аввалги тунда кўрганим каби изғиринда ҳам шундай хушбўй таратиб турардики!... Ёмғир эса эрталабгача ёғди.
Кулранг тонг турди.Ўрмонни ювган севинч ёшларими, ғам ёшларими эди- билолмадик. Аммо деворлар ортидан ҳам қушлар овози эшитилди. Англадикки, дераза ортидаги қайин дарахтларида ғам кўз ёшлари эмас, севинч товланиб турарди.

27. ТИРИК ТУНЛАР

Уч - тўрт кун аввал баҳор қадамларида улкан ва сўнгги кўтарилиш рўй берди. Ҳаво илиқлашди, ёмғирлар ҳам. Тераклар, қайинлар ва гуллаётган қайинларнинг ёш, чайир баргларининг ҳидлари билан тўлиб-тошди ўрмон қучоғи. Чинакамига ҳақиқий тирик тунлар даври бошланди. Бундай тунларнинг баланд қоясидан туриб, ортга қараш завқлантирди кишини. Шунда хаёлингдаги нохуш кунлар кунлар хотираси ўчади, ўйларингда ажойиб тунлар дунёга келади.

38. ҚУЁН ПЎСТИНИ

Энди қор ноёб нарсадай кўзга ташланади. Баҳор йўлларида оппоқ, тулланган, узуқ-юлуқ қуён пўстини қоп-қора ерга тўшалиб ётибди.. Бу қишда қуёнлар сероб бўлди. Уларни ҳамма ерда осина дарахтларининг кулранг баргларида ҳам оқ қуён пўстинининг парчаларини кўриш мумкин эди. Яшил тусга кириб бораётган майсалар буралиб - буралиб , осина дарахтзорлари, узун Сарғиш саломалайкум ва оқбурунларнинг супургиларини оралаб, югуриб келмоқда эди. Мана шу биринчи бўлиб очилган яшил йўлларда ранги-рўйи ўчган, аммо ҳали ҳам оппоқ, парчаланиб кетган қуён пўстинлари кўриниб қоларди.

29.БАҲОРНИНГ СИЛЖИШИ

Нинабарглилардан сўнг осина дарахтлари уруғлашди. Ялангликлар, ўтлоқлар уларнинг капалак қуртлари билан тўлиб - тошган. Майсалар бултурги похол ва ғарамлардан қандай қилиб чиқиб келаётганини , ям - яшил гиламлар қандай тўқилаётганини кузатаман. Ўрмонда турли ҳашоратлар ва қушларнинг овози баландлаб бораётганини илғайман.

30.ҚАЙИНЛАР ГУЛЛАМОҚДА

Кекса қайинлар гуллашса, уларнинг олтин балдоқлари юқорида ниш уриб, очилган кичкина барглар ичига яширинишса, пастдаги манзара бутунлай бошқача - ёмғир томчилари катталигидаги ёш, навқирон , тиниқ баргларга кўзингиз тушади. Аммо ўрмон ҳалиям кулранг ёки тўқ малларангда. Йўлларингиздан чиқиб қолган шумурт дарахтлари сизни ҳайратга солишади. Уларнинг катта-катта кулранг барглари жуда тоза ва беғубор! Шумурт дарахтлари шоналади. Какку тўлиб куйлайди. Булбуллар сайрашга чоғланади. Ҳатто «Шайтон қайнона»дай ёввойи гул ҳам ажойиб кўринишда - чунки у ҳали тиконларини кўтарганича йўқ. Ерда катта юлдузга ўхшаб ёйилиб ётибди. Ўрмон тубидан лойқа қора сувлар потраб чиқади ва шу ондаёқ сув устида заҳарли ёввойи сарғиш гуллар очилиб кетади...

31.БАҲОРГИ БУРИЛИШ

Кундуз. Осмоннинг бир четида «мушук думи» кўринса, иккинчи бурчида улкан, сон-саноқсиз булутлар сузмоқда. Олдиндан нима бўлиши номаълум - келаётган циклонми, антициклон?
Кечга бориб бариси ойдинлашди. Айнан шу оқшомда ҳали бутунлай кийиниб олмаган баҳор яшилланиб бораётган баҳорга айланди, яъни узоқ кутилган бурилиш кўз ўнгимизда рўй берди.
Биз ёввойи ўрмонни кўриш, текшириш мақсадида ичкариладик. Арчалар ва қайинлар орасида, дўнгликларда ётган қамишлар, қўғаларнинг қолдиқ-ларини кўрдик. Улар бизга нималар қуёш нурларига чидамли эканлигини кўрсатди. Ўрмонда ўтиб бўлмас хилват гўшалар ёз ва кузда кўпроқ кўзга ташланади. Аммо бу хилват гўшалар нимаси биландир дилга яқин, ёқимли туюлади.Ўрмон илиқлашиб борар, бутун борлиқда баҳор нафаси сезилади. Бирдан сув юзаси ярқираб кетди. Қувониб кетдик.Қирғоққа йўл олдик.Ўзимизни бутунлай бошқа мамлакат, бошқа иқлимга тушиб қолгандай ҳис этдик.
Бу ерда ҳаёт қайнар, ботқоқлик қушлари авж билан чарх урар, бекас, дупел сингари ўрмон қушлари дарахт таналарини дўқиллатиб, гўё ҳозир Букур от елиб келаётганини билдирмоққа уринишар, тетеревкалар ҳам уларга жўровоз бўлишар, ҳаммаёқни турналарнинг «қур-қур»лари босиб кетган. Бу манзара бизга нақадар қадрдон ва севимли! Қушлар шундоқ рўпарамизда оқаётган тиниқ сув бўйига тизилиб олишди.На ҳуштак, на моторнинг ғувиллаши, ҳатто инсон товуши эшитилмасди.
Худди шу дақиқада бурилиш рўй берди,ҳамма-ҳамма нарсанинг ўсиш ва очилиш палласи бошланди.

32. БИРИНЧИ ЯШИЛ ҒУЛУВ

Кечга бориб ғарб томонни қуёшнинг тиниқ нурлари ёриштириб юборди. Бошқа томондан эса қора булутлар бостириб келар, тобора кучланиб, буғланиб борарди. Булутлар кўчиб кетармикан ёхуд чақмоқли тунга айланармикан - буни англаш қийин эди. Буғланиш чоғида худди арслоннинг кўм-кўк бўғизларидай кўплаб шакллар гуллаб чиқади. Ўрмонда қуён карамлари ва хушбўй нўхатлар қулф уриб очилган. Смоланинг хушбўй ҳиди сингиб кетган қайин барглари шом нурларида янада ярқираб кўринади. Ҳаммаёқда оқ гулли дарахтнинг ҳиди анқийди. Чўпонлар ва турналарнинг овози тўрт тарафни босиб кетгандай. Лёш ва карас балиқлари қирғоққа яқинлашади...
Биз томондан кўриниб турган ёлқинга боқиб, ўйладик: «Бу ёнғин бизда эмасмикан?» Аммо бу ёнғин эмас эди, ҳаётда кўриб турган нарсангни нима эканлигини тушунмаганингда, ўзингдан қайта-қайта сўраганинг каби биз ҳам бир-биримиздан сўрардик: « Агар бу ёнғин бўлмаса, унда нима?» Ниҳоят ўша яллиғланиб турган айлана аниқ-тиниқ кўриниш олди. Билдикки, бу - қизил ой экан. Унинг шуъласи кўл ортида узоқ ярқираб турди. Енгил шабададан барглари шовуллаб турган ўрмонда биринчи марта яшил ғулув эшитилди.

33. БИРИНЧИ КУ – КУЛАШ

Очиқ кўл. Унинг ёнида туриб,кўнглимдан фақат бир ўй ўтади - сув ёқалаб, ўрмонга кириш. Ўрмон ичидаги Усолье қишлоғида қайиқ усталари яшашади. Уларнинг олдига боришим керак.
Кўлнинг ўнг томонида баланд қарағайзор шовуллайди, чап томонда ёввойи ботқоқли ўрмон ёйилиб кетган. Атрофни катта-катта ботқоқлик кенгликлари қамраб олган. Қарағайзор. Қуёш нурининг юқлари ўрнашиб қолган брусникалар- майда мевали бута ўсимликлари бўйлаб кетарканман, кўзимга ҳаракатланаётган аллақандай соялар чалинади. Бошимни баланд кўтариб қарасам, улар - у қарағайдан бу қарағайга овоз чиқармай учаётган калхатлар экан.
- Эрталабки совуқ ҳаво кечга бориб ўтиб кетди.- деди бизга ўрмончи.
- Ҳа,тонг, -дедим.- анчагина салқин эди.
-Тонгланоқ қушлар қандай гумбурлатиб куйлаганини кўрсангиз эди!
Худди шу дамда қичқириқ янгради, Шунда биз йиқилиб тушган қайиннинг устига ўтириб дам олдик. Қаршимдаги улкан шумурт дарахтига қарадим. Ку-кулашни зўрға илғаб олдик. Бу овоз гумбурлаб қарағайзор бўйлаб, сузиб кетди. Сайроқи қизилиштонлар, кичик-кичик қушлар ҳам сайраб, яйраб кетишди - гумбурлаштишди. Бутун қарағайзор гумбурлади. Аммо ҳеч кимнинг кўзи тушмас баланд-баландларда у шохдан бу шохга учиб қўнаётган ваҳший қушлар -калхатлар қанотларининг соялари ҳамон бутоқларга,майса юзларига келиб уриларди.

34. ШУМУРТ ДАРАХТИ
(оқ гулли хушбўй дарахт)

Йиқилиб тушган қайин дарахтининг устига чиқиб, дам олдим. Қаршимда - улкан шумурт дарахти. Уни ҳайратланиб қарайман, хаёлга чўмаман. Шумурт - оқ хушбўй гулли дарахт кўз ўнгимда ям-яшил ғулувдан туғилгандай шаффоф либосга бурканди. Атрофида эса ҳали яшилланиб улгурмаган, кулранг барглари шовуллаб турган ўрмон дарахтлари унга ҳавас билан қараётгандай. Унинг ортидами, оралиқларидами кўзимга оқ қайинлар ҳам кўрингандай бўлди. Ям-яшил шумурт билан хайрлашмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Бироқ бу дарахтнинг ортидан кўрингандай бўлган оқ қайинларни кўрмадим. Бу қандай ҳодисот? Балки бу тасаввуримда пайдо бўлгандир? Ёки шумурт айни мен дам олаётган дамда менга билдирмай кийиниб олдимикан...

* * *

Кеча шумурт гуллади, бутун шаҳар уйига ўрмондан оқ хушбўй гуллар билан қайтди. Мен ўрмондаги бир дарахтни биламан: неча йилдирки, яшаш учун курашади. Баландга интилади. Синдирувчилар, ўрмон кесувчилар қўлидан омон қолди. У узоқ яшашни уддалади. Ҳозир шумурт буткул яланғоч.- пальмадай..Биттаям новдаси қолмади. Унга энди чирмашиб ҳам, тирмашиб ҳам чиқиб бўлмайди. Қўл етмас энг баланддаги новдалари эса қийғос гуллади. Унинг ёнидаги бошқа дарахтлар эса бу ишни эплай олишмади- заифлашишди. Эндиликда улардан фақат қуриган шохлар қолди, холос.

35.ТАСМАДАГИ ҲАЁТ

Биз ўтган йили ўйилиб қолган жойни белгилаб қўйиш учун биттагина қобиқ тасмасига осилиб, йиқилай-йиқилай деб турган ёшгина қайинни ағдариб ташлаган эдик. Мен бу йил яна ўша жойга бордим. Ҳайратдан қотиб қолдим. Ағдариб ташланган қайин дарахти ям-яшил, яшнаб турарди. Ўйладимки, эҳтимол, узилиб тушмаган қобиқ тасмаси қуриб битаётган новда, бутоқларга шарбат - жон етказиб турган кўринади.

36.ЗАРҒАЛДОҚЛАР

Қарағайлардаги ёруғлик узоқ-узоқлардан ҳам кўриниб турарди. Жавдари буғдойлар тиззага уради. Дарахтлар, баланд бўйли ўт-ўланлар, гуллар ястаниб олишган. Эрта баҳорнинг қушлари ҳам жим қотиб туришибди: ота қушлар эринчоқлик билан ўзларига қулай жой танлашмоқда, она қушлар эса уяларида рўза тутмоқдалар. Ўрмон ҳайвонлари болаларига емак ахтариб топиш ғамида. Деҳқоннинг ўйида эса - баҳор юмушлари, ер ҳайдаш, Уруғ қадаш.
Зарғалдоқлар учиб келишди, узунқанот қушлар, қирғоқ бўйи қалдирғочлари сайрай бошлашди. Тунги ёмғирдан сўнг тонгни қалин туман қоплади. Бироздан сўнг қуёш чиқди, тиниқ ҳаво ёйилди. Қуёш ботиш олдидан яна тоғдан кўлга ҳаво ўзгариб, оқиб келди. Кўл ҳамон мавжланиб турарди. Қуёш мовий булутлар ортига яширинди, ўрмон узра осилиб турган улкан ёйиқ нурсиз шарга айланди.
Зарғалдоқлар ўзгарувчан, беқарор ҳавони яхши кўришади. Улар қуёш гоҳ чарақлаб, гоҳ булутлар орасига яшириниб олишидан, шамол баргларни тўлқинлатиб ўйнатаётганидан завқланишади. Зарғалдоқлар, қалдирғочлар, узунқанот қушлар, балиқчи қушлар шамол билан қон-қариндошдай.
Ғира-шира тонг.Бирдан ҳаво димиб кетди. Катта-катта қора булутлар босиб кела бошлашди. Шамол турди. Зарғалдоқларнинг най наволари ва қалдирғочларнинг қий-чуви остида булутлар парчаланиб кетди. Зазерьенинг ортигами, ўрмонгами кўчишди, аммо тезда яна кучайишиб, шамолга қарши қоп-қора, улкан ва шиддатли булутлар қайтиб келишди.
Кўл ҳаяжонланди. Шамол шамолга, тўлқин-тўлқинга урилиб, қушлар қанотининг соясидай қоп-қора доғлар кўлнинг у учидан бу учига шитоб билан бориб келишарди. Қирғоқда чақмоқ чақнади, момоқалдироқ гумбурлади. Зарғалдоқ куйлашни тўхтатди, узунқанотлар ҳам қўнишиб олишди. Фақатгина булбуллар бўғзига катта-катта илиқ томчилар урилмагунча сайрашди. Осмондан челаклаб сув қуйила бошлашди.

37.АСАЛ

Май ойининг совуқ ҳаволари илиқлашди. Шумурт дарахтлари товлана бошлади. Ўрмон анжирлари ғунчалади, настаринлар гуллади. Анжирлар гулласа, баҳор, қизил тусга кирса, ёз тугашидан нишона. Шунда куз бўйи ов мавсуми очилади ва биз қишгача ўрмон анжирларининг қирмизи меваларидан баҳраманд бўламиз.
Шумурт дарахтининг ҳиди қандай эканлигини бирдан билиш жуда қийин. Уни ҳеч нарса билан қиёслаб ҳам, тенглаб ҳам бўлмайди. Баҳор чоғларида биринчи марта уни ҳидлаганимда, болалигим ёдимга тушиб кетди. Қадрдонларим, қариндошларимни эсладим. Назаримда, улар ҳам мен каби бу дарахтни ҳидлаб кўришгану, ундан нима анқиётганини билишмаган. Боболарим,бобокалонларим, ҳамма-ҳаммаси - Игорь жанги ҳақида куйлаган-лар ҳам, уни яратиб ўтганлар ҳам, ундан олдин яшаганлар ҳам, ҳатто эсимиздан чиқиб кетган қадим замонларда ҳам шумурт дарахтлари бўлган, булбуллар сайрашган, турли-туман ўт-ўланлар ўсган, турфа қушлар турли томонларга учишган. Уларнинг ҳаммасида ўзига хослик, ўзига хос овоз ва ранг, туйғу ва мазмун бўлган. Мана шулар бирлашиб, уйғунлашиб, Ватан ҳиссини уйғотган қалбимизда.
Мана у гуллаб бўлди. Мен сўнгги бора унинг гулларини ўзим учун олиб кетаяпман. Шунда ҳам сўнггсиз ўйлар қуршовиданман - бу дарахтдан ниманинг ҳиди келади ўзи?!Ниҳоят, бирдан англаб етаман, ҳайратланиб, ҳис этаманки, унинг гулларидан асал ҳиди анқирди. Ҳа, мана шу сўнгги дақиқаларда тушуниб етдимки, биз ўрганиб қолганимиздек, шумурт дарахти ўзи билан ўзи анқимайди, аксинча, ундан асл ҳиди келади. Буни менга унинг гуллари айтди. Майли, улар энди тўкилса тўкилсин, эвазига қанчадан-қанча асал йиғилади-ку!

38. ДАРАХТ ТЕПАСИДАГИ ҒЎШША
( гўшша - ўсимликнинг тепасида бир жойда тўп -тўп бўлиб ўсган барглар, гуллар ёки новдалар)

Кечаги қор тонгда ҳам оқариб турарди. Қуёш кўринди. Шимолдан эсган совуқ шамолда кун бўйи оғир булутлар осилиб турди. Улар қуёш юзини гоҳ бекитишади, гоҳ очишади, гоҳ пўписа қилишади.
Бағри шамолга тўла ўрмонда ҳеч нарса бўлмагандай баҳор ҳаёти давом этади. Ўрмонда қандай эртаклар бўлмайди дейсиз! - улар ўрмоннинг ҳамма қаватларида осилиб, тортилиб туришади, бир-бирига дучланишади, чирмашишади, бир-бири билан дўстлашишади. Ҳали яшил либосга бурканишмаган, тўла ғунчалаб улгуришмаган бўлишса-да, тизилиб турган қатор-қатор куртаклар кўзни қувонтиради.
Ям-яшил шумурт дарахтларининг хипчинлари, маржон дарахтларининг тўлқин-тўлқин новдалари соч каби ёйилиб ётибди. Эртаги толнинг тўлқин-тўлқинли пўстлоқлари орасидан майда Сарғиш гуллар бўртиб чиқмоқда. Улар борган сари тўқ сариқ рангга кириб, ҳозиргина тухумдан чиққан жўжаларга ўхшаб кетишади.
Ҳали унчалик қаримаган арчаларнинг танаси ҳам яшил нинабарглар - пўстинга ўранди. Дарахтларнинг энг юқори қисмида жойлашган гўшшада эса янги туғилиб келаётган гўшшаларнинг бўғин-бўғинлари яққол кўриниб туради.
Сўз бизлар - катта, мураккаб одамлар болаликка қайтганимиз ҳақида эмас. Аксинча, ўзимизни шу дарахтларга ўхшатгим, улардан ўрнак олишишимиз зарурлигини айтгим келди. Шу дарахтлар каби ҳар бир боламизни авайлаб сақлашимиз, улар ҳақда ҳамиша ўйлашимиз, улар ўз йўлини топиб олишларида елкадош бўлишимиз лозим, демоқчиман. Дарахтларнинг энг юқори қисмида жойлашиб олган гўшшалар гўдакдай қуёшга яқин, нурга интилади. Дарахт эса унга куч-қудрат бағишлайди. Дарахтлар - аслида, бизлар - катта одамлар эмасми!

39.УЧРАШУВ ВА ХАЙРЛАШУВ

Мен катта ички ҳаяжон билан оқимнинг бошланишини кузатдим. Қаршимдаги қирда жуда баланд бўйли арча турарди. Ёмғир томчилари бутоқларда йиғилиб, дарахт танасига тушар, у ерда мустаҳкам жойлашиб олиб, яна йўлида давом этар, дарахт танасидаги ғадур-будурлардан сирғалиб тушиб, танани ўраб олган қалин тиниқ яшил рангдаги қурбақа ўтларига сингиб кетарди. Дарахтнинг энг пастки қисми эгилган, қайрилган бўлиб, ёмғир томчилари қурбақа ўтларнинг орасидан сизиб чиқиб, шу ердан тўппа-тўғри хотиржамлик билан пуфакчалари жимирлаб турган кўлга йўл олишарди.
Кўз олдимда дарахт тагидаги бу кичкина кўл парчаланиб кетди. Қор тагидаги оқим уни йўлга олиб чиқди. У тўғонга айланди. Янги оқим шундай кучга тўлдики, йўл - тўғонни бўлиб ташлади. Сув пастга - зағизғонлар ўлкаси бўйлаб дарёга югурди. Дарё бўйидаги зирк дарахтзорларини сув босди. Ҳар бир шохдан айланмага томчилар тушар, улар сон-саноқсиз пуфакчаларга айланишар, пуфакчалар аста-секинлик билан айланма бўйлаб, оқим томон сузар, у ерда ҳар биттаси ҳар томонга сочилиб, дарё бўйлаб тўнгаклар билан бирга суза бошлашарди.
Туманда қандайдир қушлар учиб ўтгандай бўлишди, Мен уларнинг қайси қушлар эканлигини билолмадим. Қушларнинг қий-чуви дарёнинг шовқинларига қўшилиб кетди. Уларнинг қичқириқларини тўлиқ англай олмадим. Улар дарё бўйидаги қаторлашиб, уюлишиб турган дарахтларга қўнишди. Мен ҳам ўша томонга йўл олдим. Биз томонларга иссиқ ўлкалардан шунчалик эрта ташриф буюрган қушларни билгим, кўргим келди.
Оқим шовқини ва томчилар оҳангги остида мен инсоният мусиқасини тинглаган кезларимдаги каби ўзим ҳақида ўйладим. Юрагимнинг оғриқларини сездим. Қадрдон жойларимни қўмсадим...Мен қизилтўшлар - ўрмоннинг сайроқи қушларининг овозидан ўзимга келдим. Қулоқларимга ишонмадим, аммо тезда шуни англадимки, туманнинг ичидан учиб, эрта ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳаммаси - қизилтўшлар эди. Минглаб қизилтўшлар чарх уриб учишар, тинмай сайрашар, дарахтларга қўнишар, тўп-тўп бўлиб кузда шудгорланган ерга ёйилиб кетишарди. Шунда мен биринчи марта тушундимки, бу қушларнинг номи «зяблик»(русчаси.-тарж.) - «зяби» («куз ҳайда» - тарж.) сўзидан олинган. Қизиғи, мен бу ажойиб қушлар билан учрашганимда салгина қўрқдим ҳам. Яна ўйладимки, агар улар озчилик бўлишганида, уларни қўйиб юбормасмидим...
Шундай бўлди - бугун мен қизилтўшларни қўйиб юбордим. Дейлик, эртага қаршимдан қушлар эмас, балки яхши бир одам чиқиб қолса-чи? Уни ҳам қўйиб юборсам, менинг эътиборимдан четда қолса, кўмак беролмасам ё бермасам, ҳалок бўлиб кетиши ҳам мумкин-ку. Нима бўлса ҳамки, руҳимда турли ўйлар бир-бири билан баҳс бойлашарди.У ҳолат қизилтўшларнинг, минглаб қизилтўшларнинг тўхтатиб бўлмас чуғур-чуғурларига ўхшаб кетарди...

40.НОМАЪЛУМ ДЎСТГА

Нурли,шабнамли тонг.Бу худди очилмаган ерга ўхшайди. Осмоннинг кўз илғамас парчасидай, бу тонг - бутунлик. Ҳали ҳеч ким уйғонмаган, ўрнидан турмаган. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўриб улгурмаган. Фақат сен ҳаммасини биринчи бўлиб кўриб турибсан.
Булбуллар баҳор қўшиқларини бошлаб юборишган. Хилват гўшаларда момоқаймоқлар барқ уриб туришибди. Қайдадир намхуш қора соялар остида марваридгуллар оқариб кўринади. Булбулларга жасур ёз қушлари -подкравниклар қўшилишди, Айниқса, зарғалдоқларнинг най оҳанглари борлиқни эритиб юборди. Атрофни бетоқат ўрмон қушлари - дроздавкаларнинг шовқин-сурони тутиб кетди. Қизилиштонлар ҳам ўз полапонларига емак ташишдан чарчашди, шекилли, бироз дам олиш учун улардан узоқроқдаги буталарга ўтириб олишди.
Ўрнингдан тур, дўстим! Тарам-тарам бўлиб турган бахтинг нурларини териб ол, дадилроқ бўл, курашни бошла! Қуёшга кўмаклаш! Эшит, какку ҳам сенга ёрдамга шошилмоқда. Қара, бўктарги - йиртқич қуш ҳам сувда сузмоқда. У оддий қуш эмас. Бу тонгда у биринчи бўлиб сувда сузмоқда. Мана, зағизғонлар ҳам шудрингларда ялтираб, йўлга чиқишди. Эртага улар худди бугунгидай товлана олишмайди, эртанги кун ҳам бугунгига ўхшаб келмайди. Эртага бу зағизғонлар бутунлай бошқа жойларда бўлишади. Бу тонг - ягона. Уни ҳали ер юзи бўйлаб бирон-бир киши кўрмади -фақат сен ва сенинг номаълум дўстинг кўриб турибди.
Инсонлар ер юзида ўн минг йиллаб яшашди, уни қазиб, бойликлар излашди, бойликлар тўплашди. Бир-бирига қувончлар улашишди. Сен ҳам бир куни дунёга келишинг, шу бахтни кўришинг, шу нурларни териб олишинг ва қувонишинг учун қилишди буларнинг ҳаммасини. Дадил бўл,дўстим!
Юрак кенгайиб кетди - арчалар, қайинлар на ажиб! Мен қўзларимни қарағайларда товланиб турган яшил нурлардан ва арчаларнинг қизил ғуддаларидан узолмайман. Арчалар, қайинлар - мукаммал гўзаллик!

41. БИРИНЧИ БУЛБУЛ

Дарёдан кўлга кўчиб ўтишда, бу ғувиллашда, бу новда-бутоқларда бирдан сув буқаси бор овози билан қаттиқ бўкириб юборди. Бу - катта кулранг қуш ҳайвон каби бутун танаси билан бўкирарди. Гиппопотомага ўхшаб кетади. Кўл яна бутунлай тинчланди, тиниқлашди. Шамол кун бўйи кўл сувини ювиб чиқди. Сувдаги энг нозик товуш ҳам олисларга эшитиларди.
Сув буқаси ўзини сув ичига тортди. Сўнг бутун сукунатни бузиб, «Ух! « тортиб юборди. Бир, икки, уч, ўн дақиқалардан сўнг яна ўша - «Ух!» Ҳар бир «Ух!» уч мартадан олти мартагача такрорланди.
Усолье қишлоғида эшитган ҳикояларимни эсладим. Бир балиқчи кўл бўйлаб сузганида уни тўлқинлар айлантириб, водий бўйидаги сойнинг гирдобига тортиб кетибди. Мен қирғоқ соялари тушиб турган жойлар ёқалаб суза бошладим. У ерда булбуллар сайрашарди. Узоқлардан турналар овози келди. Кўлдаги тиқ этган товуш ҳам қайиғимизга эшитиладиган даражада атрофни сукунат босди. Кутилмаганда бир томондан ҳуштакчи қушлар шовқин солишар, бир томондан, қораликлар - ўрмон қушлари бир-бири билан уришишар, бир томондан турли-туман ўрдакларнинг хори бошланган эди.
У ерда ҳам, бу ерда ҳам худди ҳар жойга қоқиладиган қозиқдай сувда гагарлар - катта сув қушлари ва балиқчи ўрдакларнинг бўйинлари юзага қалқиб чиқар, зум ўтмай шўнғиб кетишарди. Бинафшаранг сувнинг мавжларида майда чўртанбалиқларнинг оппоқ қоринлари кўриниб кетар, ката-катта бошлари уларни янада улканлаштириб кўрсатарди.
Осмонни булутлар қоплади. Мен қорайиб турган чап томондаги қирғоққа қараб суза бошладим. Сув буқаси ҳар гал «Ух!» тортганида бу товушдан сеҳрлангандай у неча марта «Ух!» лашини санай бошладик. Бу товушни икки чақирим наридан ҳам эшитиш мумкинлиги ҳайратланарли эди. Сўнгра уч, ҳатто етти чақиримгача бу товуш эшитилиб турди. Ниҳоят, Гремячий тоғларига яқинлашганимизда атрофни сон-саноқсиз булбуллар қўшиғи босиб кетди.

42. МАЙ ҚЎНҒИЗЛАРИ - БУЗОҚБОШИ ҚЎНҒИЗЛАР

Ҳали шумурт дарахтлари бутунлай гуллаб, гулини тўкишмади. Эртаги толларнинг куртаклари ҳам буткул очилганича йўқ. Аммо бу баҳорда бир-бирини қувиб етишга аҳд қилишгандай баб-бараварига олмалар, акациялар ва четан дарахтлари гуллашди.
Май қўнғизларининг гала-гала учиши бошланди.
Эрта тонгдан сокин кўл гуллаётган дарахт ва майсалардан сочилиб тушган Уруғликлар билан тўлиб-тошган. Мен қайиқда сузиб кетаяпман. Қайиғимнинг изларидан кўлда йўл очилгандай кўринади. Бу йўлдан ўрдак ўтса, айлана, балиқ сузиб, шўнғиган бўлса, тешикча пайдо бўларди.
Ўрмон ва сувлик бир-бирини қучишди.
Мен смолали дарахтларнинг ҳидидан ҳузурлайин деб қирғоққа чиқдим. Қирғоқда бошдан-оёқ тозалаб ташланган катта қарағай дарахти ётибди. Бирон-бир шох, бутоғи қолмаган. Шохлари ҳар томонга сочилиб кетган. Уларнинг устида зирк ва осина дарахтларининг шох-бутоқлари, барглари ҳам аралашиб ётибди. Мана шуларнинг ҳаммаси - дарахтларнинг бўлак-бўлаклари билинар-билинмас чириётган, ич-ичидан тутаётган бўлса-да, ўзидан шундай ҳид таратардики, яшаганда ҳам, ўлаётганда ҳам ҳушбўй ҳид таратиш қандайлигини, нималигини тирик, ваҳший ва беозор жониворлар уларчалик билишмас, тушунишмас, чамамда...

43.МОМОҚАЛДИРОҚ

Тушга бориб, кучли шамол кўтарилди. Ҳали яшилланиб улгурмаган осина дарахтларининг таналари бир-бирига урилиб кетгудай қасирларди.Буни эшитиш жуда ҳаяжонли эди. Кечга бориб кучли момоқалдироқ бошланди. Лада - садоқатли итим ёнимга югуриб келиб, кроватим тагига кириб олди. У жуда қўрқиб кетди. Бу қўрқув даҳшати уни тонггача тарк этмади. Момоқалдироқ тинган бўлса-да, у бутун вужуди билан қалтирарди. Эрталаб соат олтиларда мен уни ҳовлига олиб чиқдим. Қандай тоза тонг ҳавоси! Ит бирдан ўзига келди.

44. ШУМУРТ ДАРАХТИНИНГ ГУЛИ ТЎКИЛДИ

Қариқизлар, қичитқи ўтлар, ям-яшил ўт-ўланлар устини оппоқ гулбарглар қоплаган. Шумурт дарахтининг гули тўкилди. Маржон дарахтлари, ундан пастроқларда землянкалар ( қулупнайга ўхшаш ўсимлик меваси.-тарж.) гуллади, момоқаймоқлар, осина дарахтининг қорамтир барглари тиниқ яшил тусга кира бошлади. Қорамтир далага майин жунли қўйлар тарқалишди. Ботқоқликларда баланд қиёқлар қад керишди, улар тим қоронғу тубсизликка яшил соя солиб туришарди. Қоп-қора сув устида қўнғизчалар - майнавозлар гир айланишар, яшил қиёқлар оролида у ёқдан бу ёққа мовий ниначилар учиб юришарди.
Оппоқ қичитқизорлар бўйлаб кетаяпман. Димоғимга уларнинг ўткир ҳиди урилади. Баданларим қичишиб кетади. Дроздлар - ўрмон қушларининг безовта қичқириқлари олисларга кетади, ҳатто ваҳший қарғаларнинг уясигача бориб етади. Бу ерда минг-минглаб ўт-ўланларнинг ҳаётидаги ҳар бир дақиқа бутун ер юзидаги доимий ҳаракатнинг уйғунлигини англатиб туради.

45. ШОХ-ШАББАЛИ ХОДА

Ўрмон дарёсини гуллаётган ўт-ўланларнинг чанглари шундай тутиб кетдики, ҳатто қирғоқдаги баланд дарахтлар ва булутлар ҳам кўринмай қолди. У қирғоқдан бу қирғоққа олиб ўтувчи шох-шаббали хода баландликда осилиб турардики, унга тирмашсанг, шу онда йиқилиб, жароҳатланишинг ҳеч гап эмас.
Бу хода - долон ҳозир ҳеч кимга керак эмас. Дарёни оддий, катта, майда қайроқ тошлар устидан юриб ҳам кечиб ўтиш мумкин. Шу пайт олмахон ўша томонга югурди. Оғзида узунчоқ нимадир бор. Емагидир балким... У ходанинг энг охирги учига етиб келди. Мен уни чўчитсам, у емагини ташлаб қочар деб ўйладим. Қарасам, у осина дарахтига сакраб чиқиб олди. Ҳуркиб кетган олмахон тишидаги ўлжасини маҳкам қисиб, баландроққа сакради. У ерда ҳам узоқ туриб қолмади. Бор кучи билан отилиб, энг баланд шохдан ўлжасини ташлаб юбормай, арчага учиб ўтди ва унинг қалин барглари орасига яширинди.

46.ОСИНА ДАРАХТИНИНГ ПАРЛАРИ

Осина дарахтининг хипчинлари дарахт танасида ёйилиб кетадиган парларни учириб юборди. Қуёш, шамолга пешвоз чиқиб учаётган арилар момиқ қор парчаларига ўхшаб кетади. Узоқ кузатиб турсанг, уларни нимага ўхшатишга ҳам қийналиб қоласан - парларми бу ёки арилар? Бўй чўзаётган Уруғликми ёхуд учаётган майсами? Ё ҳашоратлар емак истаб чарх уришмоқдами?
Атроф тинч. Тун бўйи осина дарахтининг учаётган парлари йўлларни, заводларни, хуллас, бари-барини оппоқ қор билан қоплаб олгандай.Кўз олдимда осина дарахтзорлари, ўтлоқзорлари, у ерларда ётган қалинқ-қалин пар қатламлари ястанди. Биз уларни ёқиб юбордик. Олов ўтлоқзор бўйлаб яллиғланди. Парлар куя-куя қорайди.
Осина дарахтининг парлари - баҳорнинг улкан ҳодисаси. Бу пайтда булбуллар, каккулар ва зарғалдоқлар сайрашади. Улар ёз қушлари - подкравниклар жўр бўлишади.
Ҳар баҳорда ҳар гал осина дарахтининг парлари учаётганда юрагимни нимадир тирнаб ўтади. Бу ерга тўкилган - уруғлар. Улар балиқларда уруғ очиш мавсумидан ҳам кўп ерга тўкилади, исроф бўлади. Шу мени ташвишга солади.
Кекса осина дарахтларидан парлар учаётган дамларда ёш дарахтлар болаликдаги малларанг либосларини яшилига алмаштирадилар. Улар бу даврда йилда бир марта бўладиган байрамга, сайилга чиққан қишлоқ қизлари каби ҳали у кўйлагини, ҳали бу кўйлагини кўз-кўзлаётгандай.
Ёмғирдан сўнг чиққан қуёшнинг қайноқ нурлари ўрмонни қизитиб юборди. У гўёки улкан иссиқхонага айланди.Унда инсонни ақлдан оздирадиган даражада ҳидларнинг бурқсиши ва секин ёниши бошланди. Бир томонда қайин куртакламоқда, ёш майсалар, хушбўй ўт-ўланлар бўй чўзмоқда. Бошқа томонда эса - бултурги баргларнинг чириши, улардан келаётган ҳид. Эски пичан, похоллар, пуштадаги Сарғиш пўстлоқ толалари яшил майсаларга чирмашиб кетган, гўёки у билан ўсаётгандай. Қайин дарахтларининг балдоқлари ҳам яшилланди.
Осина дарахтидан уруғлик - ғумбаклар учиб тушишар, дуч келган нарсага ёпишиб қолишарди. Бу ерда ўтган йилги баланд бўйли қалин оқбуруннинг толалари осилиб турарди; улар эҳтимол, тебрана-тебрана қуён ва қушларни ҳам чўчитиб юборгандир. Осина дарахтининг капалак қурти бу толалар устига тушиб, уларни бутунлай парчалаб ташлади. Улар эса тўғри яшил майсаларнинг устига бориб тушишади, яшил майсалар эса уларни кўринмас нарсага айлантириб қўйишди. Аммо бунгача ҳали анча бор. Бу кекса сариқ дарахт танаси шошилмай узоқ кийинади. Янги баҳорнинг яшил рангларини эринмай териб олади.
Уч кундирки, шамол осина дарахтининг Уруғларини сочиб чиқмоқда, ер эса чарчамасдан кўпроқ талаб этмоқда. Шамол кучайди. Осина дарахтининг Уруғлари янада мўлроқ сочилди. Ер юзи осина дарахтининг чуванчанг қуртлари билан қопланди. Ерда миллионлаб Уруғлар ётибди, шу миллионлар орасидан жудаям озгинаси униб чиқади. Ёш ва навқирон осина дарахтлари шундай қалин шох-шаббали бўлиб ўсиб чиқадики, уни йўлида учратиб қолган ҳар қандай қуён қочиб кетади.
Майда баргли қуюқ осина дарахтлари орасида кўп ўтмай ҳаёт учун кураш бошланади: томирлар чуқурроқ бориш учун ерга, шохлар эса баландроқ ўсиш учун нурга талашадилар. Ёш осина дарахтлари сийраклашиб боради. Энди қуёнлар бемалол уларнинг пўстлоқларини кемира бошлайдилар. Нурларни севгувчи осина дарахтзорлари, ўрмонлари ўсиб борар экан, унинг соясида бағрига киргудай бўлиб, қуюқ сояли арчалар ўсади. Билиб-билдирмай осина дарахтларига бўйлашиб олишади. Улар осина дарахтларини ҳамиша титраб турувчи барглари, соялари билан гоҳ ажиб ҳидга тўлдиради, гоҳ бўғиб ташлайди ...
Осина дарахтларининг гули ва барглари буткул тўкилиб, сибир шамоллари арча тайгаларида ҳукмронликни бошлашганида ёлғизгина осина дарахти водийдан узоқдан яхлит кўрнииб турарди. Унинг танасидаги кўплаб тугунлар, коваклар яққол кўзга ташланади, қизилиштонлар уни тақиллата бошлашади, улар тешган ковакларга чуғурчиқлар, ёввойи каптарлар, кўк қушлар ўрнашиб оладилар. Олмахон ва савсарлар у ёқдан бу ёққа елиб-югуришади. Қачонким, бу улкан дарахт йиқилиб тушса, шу ерлик қуёнларга унинг пўстлоғи қишдан омон олиб чиққувчи озиққа айланади. Қуёнлар ортидан эса тулкилар изғийди. Шу осина дарахтига тикилиб, уни кузатиб, бутун ўрмон олами бир-бири билан нечоғли узвий боғланганлигини тасаввур қилиш, идрок этиш қийин эмас..

47.НИМАДАНДИР НОРОЗИ ҚУРБАҚА

Сувлар ҳам ҳаяжонланиб кетишди - қурбақалар тўлқинланди. Сўнгра сувдан чиқишди ва турли томонга тарқаб кетишди. Кеч тушди. Қадам боссанг, оёқ остингда - қурбақалар.
Бу илиқ тунда ҳамма қурбақалар, ҳатто нимадандир норози қурбақалар ҳам бир маромда секингина қуриллашди. Туннинг ажиблиги нимадандир ҳамиша кўнгли тўлмай юрадиган қурбақага ҳам завқ бағишлади чоғи, ўзини унутган кўйи бор овози билан қуриллаб юборди.

48.БИРИНЧИ ҚИСҚИЧБАҚА

Момоқалдироқ гумбурлади, ёмғир қуйиб берди. Ёмғир томчиларида қуёш нурланди. Осмоннинг у учи билан бу учигача камалак белбоғи боғланди.Шумурт дарахтлари хушбўйланди, қулоч ёзиб, керишди. Ёввойи қорағатларнинг ям-яшил шохлари сув устида солланди. Шунда қисқичбақалар ўчоғидан бошини кўтариб, мўйловини қимирлатиб, биринчи қисқичбақа ўзини кўрсатди.

49.ҚУВНОҚ ТОНГ

Жарангдор, хушнуд тонг. Илк ҳақиқий шудринг. Балиқ бир сакраб, яна сувга шўнғиди. Тоғ томондан иккита бедор хўрознинг қаттиқ овози эшитилди. Уларга олтита тетеровкалар қўшилишди. Жайронлар сардори ўз мулкини айланиб чиққандай биринчи хўроз айланиб юрди. Йўлидан чиққан иккинчи хўрозни қувиб юборди. Яна айланиб чиқди, яна уришишди. Кулранг ўрмонларда эртаги толлар куртаклади - толларки, гуллари сариқ рангли момиқ жўжалардай, ҳидидан асл таъми келади.

50.ГУЛЛАР ДАРЁСИ

Кечагина баҳорги оқимлар югуриб-елиб юрган жойларда бугун гуллар оқмоқда. Бу гулга тўла
ўтлоқзорлардан айланиб ўтарканман, яйраб кетаман. Ўйлайман: «Демак, баҳорги лойқа сувлар бежизга эмас экан».

51.ЎРМОННИНГ ҚУЁШЛИ ЭТАГИ

Тонг ёришган чоғларда ҳам, йилнинг айни гуллаган даврида ҳам ўрмоннинг қуёшли этаги ҳаёт учун муҳим макон ҳисобланади.
Қуёш кўтарилади, унинг нурлари қаерга тушмасин, ўша ерда ҳамма нарса уйғонади, пастликда, қоп-қоронғу,тубсиз жарликлардагилар, назаримда, соат еттигача ухлашади.
Ўрмон этагининг четида баланд бўйли зиғирпоялар кўринади, пояда - қирқбўғинлар. Мана буни шарқона мўъжиза деса бўлади - қирқбўғин - минора! У шудрингларда, кўтарилаётган қуёш нурида товланиб турибди.

* * *
Қирқбўғинлар қуриб битганда эса ниначилар миноранинг соқчиларига айланишади, айтгандай, улар соялардан жудаям қўрқишади.

52.ЎРМОН ИРМОҚЛАРИ

Агар ўрмоннинг юрагини тушунмоқчи бўлсанг, унинг ирмоқларини топиб ол ва ирмоқлар қирғоғи бўйлаб, паст ёки баландликларга йўл ол.
Мен ўзимнинг севимли ирмоғим бўйлаб, эрта баҳордан йўлга тушаман. Қаранг, нималарни кўраяпман, эшитаяпман, тинглаяпман ва ўйлаяпман!
Кўраяпман - оқиб кетаётган сув кичкина жойларда арча илдизларининг тўсиқларига дуч келади, шу топдаёқ илдизлар ҳақида шивирлайди. Бу шивирлар пуфакчаларга айланади, сўнгра ёйилиб кетади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан йўқолиб, ёйилиб кетмайди. Олдга интилади, олисларда кўриниб турган оппоқ қорли уюмга етиб олиш учун йўлидаги тўсиқларни ошиб ўтади.
Сувнинг йўлида янгидан-янги тўсиқлар пайдо бўлаверади, аммо бу унга ҳеч кор қилмайди, иродасини синдирмайди. Аксинча, жилғаларга айланиб, мускулларини қисиб олгандай, бу курашда нима бўлса ҳам енгиб чиқмоқчидай оқаверади.
Сув томчиларидаги титроқ қуёшда ярқираб, арчанинг сояларида аксланади, майсаларда ярқирайди. Соялар дарахт таналари, поялари бўйлаб югуради, бу титроқларда жаранг туғилади ва туюладики, майсалар мана шу мусиқа садолари остида ўсмоқда, соялар ҳам уйғунлашмоқда.
Сув майда-майдалаб, аммо кенг қулоч ёзиб жилваланади, торгина жарликларга сингиб кетади. Мана шу шовқинсиз югуришда, талпинишда сувнинг мускуллари қаттиқроқ қисилгандай кўринади. Қуёш эса уни ушлаб олади, таранг тортилган ирмоқлар сояси дарахт таналари ва майсалар бўйлаб югуради-елади.
Бу эса - катта уюм, тиқин. Сув гўёки зорланади, Бу нола - шилдираш узоқ-узоқЛарга ҳам эшитилади. Аммо бу заифлик эмас, Сув бундай инсоний ҳис-туйғулардан йироқ. Ҳар бир ирмоқ катта ва эркин оқаётган сувга албатта етишишига ишонади, агар унинг йўлини тоғлар, айтайлик, Эльбурс тоғлари тўсса ҳам, тоғни иккига бўлиб юбориб, эртами-кечми ўз манзилига етиб олади.
Сув қуёш нурида жимирлаб кетди, соялар эса тутундай дарахтлар ва майсалар бўйлаб югургилаб ўтади. Ирмоқлар жарангги остида куртаклар хушбўйланиб очилади, қирғоқларга ёйилиб кетади.
Кўринишидан тинч туюлган гирдоб йиқилиб тушган дарахтларнинг ич-ичида айланади, шу ерда ҳам сатанг қўнғизбошилар сув юзини тўлқинлатиб ўтадилар. Хотиржам оқаётган ирмоқчалар собитлик билан жилдирайди ва бундай қувончни улар қўйиб юборишмоқчи эмас. Улар ўз қувончларига бефарқ эмаслар: катта-кичик жилғалар бир-бирига қўшиладилар, бир-бирига урилаётиб, тиллашадилар ва бир-бирларини чорлайдилар. Бу чорловлар келаётган ва кетаётган барча жилғаларга тегишлидир.
Сув янги туғилаётган сариқ гулларнинг куртакларига, бутоқларига тегиб ўтади. Сувда гуллардан сачраган титроқ пайдо бўлади. Шу тариқа ирмоқлар ҳаёти пуфакчалар ва кундалар , қувончли чорлар, гуллар, рақс тушаётган соялар ичида кечади.
Бу дарахт қачонлардир ирмоқ йўлига ғов бўлиб ётиб олган, кўкариб ҳам кетибди. Аммо ирмоқча дарахт тагидан ўзига йўл очиб, илдам оёқлари билан титранаётган соялар қуршовида олдга интилади, шилдираб оқади.
Майсалар аллақачон сувдан бошларини чиқариб олишибди, улар энди оқимга эгилиб қарайдилар. Ҳаммаси бир бўлиб, соялар титроғи ва жилғалар оқишига жавоб қайтарадилар.
Майли, йўллар тўла тиқин бўлсин, уюм бўлсин! Тўсиқларни ҳаётнинг ўзи қўяди: агар улар бўлмаганда эди, сув ҳис-туйғсиз, ўликдай уммонга бориб қўшилган бўларди - ўлик танадан мавҳум ҳаёт ўтиб кетгандай.
Йўлда кенг , чуқур пастқамлик пайдо бўлди. Ирмоқлар қизғонмасдан у ерни ҳам сувга тўлдирдилар ва яна олдга интилдилар. Ортда қолган кўлмакни эса ўз ҳаёти билан яшаши учун қўйиб бердилар - ташлаб кетдилар.
Кенг қулочли бутоқ қиш қорлари оғирлигини кўтаролмай, эгилиб, қайрилиб тушди. У ҳозир ирмоқчага ўзининг кўплаб шохларини ташлаб юборган, худди ўргимчакка ўхшаб ётибди. Бунинг устига, у кулранг, ирмоқчанинг устига ўзининг узун оёқлари - шохларини бемалол силкитиб ётибди.Арчалар ва тоғтеракларининг уруғлари ҳам сузиб ўтмоқда. Ўрмон оралаб ўтаётган ирмоқнинг йўли узоқ давом этадиган кураш йўлидир. Шу йўлда бу ерда вақт туғилади. Бу кураш давом этар экан, бу давомийлик ҳаётни туғдиради, онгимизга сингиб боради.
Ҳа, агар мана шу тўсиқлар бўлмаганида эди, сув ўша заҳотиёқ оқиб кетар, ва умуман, вақт-ҳаёт тушунчалари ҳам дунёга келмаган бўлармиди…
Ирмоқлар куч билан, иштиёқ билан курашадилар, оқимлар худди мускуллардай эшилиб-эшилиб оқади. Бу оқимлар қачондир вақти келиб, эртами-кечми уммонинг эркин сувларига қўшилишига шубҳа йўқ. Худди мана шу «эртами-кечми» - Вақтнинг, Ҳаётнинг ўзгинаси эмасмикан! Оқимлар бир-бирини чорлаётиб, сиқиқ қирғоқлардан ошиб ўтадилар, ўзларининг қадимий - «эртами-кечми» қўшиқларини тинмай такрорлайдилар. Кун бўйи, тун бўйи мана шу қўшиқни шивирлаб айтишади. Сўнгги томчи оқиб ўтмагунча, баҳорги ирмоқлар қуриб битмагунча сув толиқиш нималигини билмай : « Эртами-кечми биз ҳам уммон сувлари билан қўшиламиз! - дея таъкидлайверади, таъкидлайверади…Қирғоқ орти бўйлаб оқаётган баҳор сувларини кема борти бўлиб юборган, бу ерда эса бўғоздаги чўртанбалиқ асирга тушибди.
Шундай тинч ва осойишта жойларга келиб қолсанг, бутун ўрмон бўйлаб снегирь ( чумчуқсимон ўрмон қушлари)ларнинг қуриллашини ва қизилтўшлар чўқилаётган эски баргларнинг шилдирашини эшитасан. Улкан оқимлар , қия бурчаклар бўйлаб чопаётган жуфт-жуфт оқимлар ирмоқда бирлашиб, қўшилиб кетадилар. Улар бутун кучлари билан тиккаликка, жарликка уриладилар, жарлик эса кўплаб, балки асрлар бўйи ерга томир отиб кетган арчаларнинг илдизлари билан мустаҳкамланиб ётибди.
Мен шу томирлар устига ўтириб олдим-да, роҳатландим - пастликда, жарликда бир-бирига урилиб, бир-бирини чорлашиб, ўзларининг « эртами-кечми» қўшиғини айтиб, отилаётган улкан оқимлар қандай завқли, уларни кўриб туриш, тинглаш, эшитиш ундан-да завқли эди!...
Тоғтераклар атрофида сув рақсга тушиб оқарди, у бора-бора кўлга айланди, бир бурчакка йиғилди. Жарликдан бир метрлар баландликдан пастга оқиб туша бошлади, унинг овозаси олис-олисларга тарқалиб кетди. Сувнинг қаттиқ шилдираши ошгандан ошди. Кўл юзаси эса жимирлар, майда-майда жимирлар, бир-бирига зич жойлашган тоғтераклар эса сув билан қуршаб олиниб, илондай тўлғонишар, аммо ўзларидан - ўзлари ҳеч қаёққа кетишолмасдилар.
Ирмоқ мени боғлаб олди. Мен ҳеч қаёққа кетолмайман, кетсам, ниманидир йўқотиб қўяман гўё…
Ўрмоннинг қайсидир йўлидан чиқдим, кўзим кичкина, энди ниш ураётган ям-яшил майсага тушди. Дейлик, заҳарли бўлиши ҳам мумкин. Унинг ёнгинасига иккита ғилдирак изи тушган, излар ҳам сувга тўлган.
Энг ёш қайинлар яшилланмоқда, тиниқ рангда товланаётган куртаклардан хушбўй ҳид таралади, аммо ўрмон ҳали яшил либосга бурканмаган. Яланғоч ўрмонга каккунинг учиб келиши яхшилик аломати эмас. Ўн икки йилдирки, мен эртаги, ҳали кийинишга улгурмаган баҳор билан биргаман. Эндигина бўри пўстлоқлари, анемонлар, наврўзгуллар гуллаётир, ковакларга қараб ўтаман. Бутоқлар, дарахтлар, ҳатто кундалар менга шундай танишки, ёввойи коваклар ҳам менга боғдай кўриниб кетди: ҳар бир бутоқ, ҳар бир қайрағоч, ҳар бир арчани меҳр ғилан силаб ўтаман, уларнинг ҳаммаси - меники бўлди, улар мен эккан, ўстирган боққа айланди.
«Боғим»дан яна ирмоғимга қайтиб келдим. Ўрмонда рўй берган улкан воқеаларга гувоҳ бўлдим: катта, улуғ ёшли арча, унинг атрофидан ирмоқ оқиб ўтмоқда. Ирмоқ устига ўзининг барча - эски ва янги ғуддаларини сочиб юборган, кўплаб шохлари ирмоқ ёқасида солланиб турибди. Ҳар бир шохнинг ёнидан оқимлар шилдираб оқаётиб, бир-бирини чақириб ўтардилар: «Эртами-кечми…».
Ирмоқлар ўрмон ичкарисидан ялангликларга чиқиб кетишар, бу ерда уларни очиқ, илиқ қуёш нурлари кутиб олар, беминнат тўкилар, бундан улар тобора жилваланиб, мавжланиб борарди. Шу ерда биринчи сариқ гул сувдан қалқиб чиқди. Сув юзасида худди асалари инидай қурбақа уруғлари сочилиб ётар, уларнинг ҳали кўзи очилмаган , ялтироқ тухумларидан қора бошчалари ялтираб кўриниб турарди.
Шу ернинг ўзида - сувнинг тубида катталиги худди майда ҳашоротларникидай келадиган кўплаб кўм-кўк пашшалар осилиб турарди. Улар, назаримда, қайлардандир учиб келиб, сувга тушиб қолишган, шу билан ўзларининг қисқа умрларига нуқта қўйишган эди. Сув юзасида мисдай ярқираб қўнғизлар айланиб юришар, бу чавандозлар ҳар томонга от чоптиришар, аммо сувнинг юзига қанотларини ҳам тегизишмас, уни қўзғатишмас эди. Катта ва тиниқ рангли лимон капалаги тинч оқаётган сув бўйлаб учиб ўтди. Сувнинг бурилиш жойларидаги кичик кўлмакчалар атрофи майсалар ва гуллар билан бурканган, эртаги толда эса мулойим тизимгуллар гулламоқда. Улар узоқдан кўзга сариқ момиқ кичкина жўжачаларга ўхшаб кўринади.
Ирмоққа нима бўлди? Суви иккига бўлиниб, иккита оқимга ажралиб, иккиси икки томонга кетишди. Эҳтимол, биринчиси ўз эътиқоди - «эртами-кечми»га содиқ қолиб, бу кураш йўлини тутгандир, у шу йўл тўғри мақсадга олиб боради, деб ўйлаган бўлса, ажаб эмас.Иккинчи оқим эса қисқа йўлни кўриб, ўз йўлини танлагандир. Оқибатда, улар ажралишди ва айланани айланиб ўтиб, оралиқларида катта орол пайдо қилдилар. Яна бирлашиб, қувлашиб, англаб етдиларки, сувлар учун айри йўллар бўлмайди.Ҳамма йўллар – эртами-кечми албатта уммонга олиб келади.
Кўзларим яшнаб кетди, қулоқларимга аниқ чалинмоқда: « эртами-кечми» куйи, толлар ва қайин куртакларидан анқиётган хушбўйлик бирлашди. Мен шундай роҳатландимки, шу ердан бошқа жойга кетгим, силжигим келмасди. Мен томирлаб кетган дарахтларни оралаб, пастга тушдим, дарахтларга суяндим ва юзимни қуёш томонга бурдим - саодатли онларнимни туйдим.
Менинг ирмоғим уммонга қўшилди.

53. МОЙЧЕЧАК

Нақадар ажойиб! Ўрмондаги ўтлоқзорда йўлимдан мойчечак чиқди, жуда оддий ва содда мойчечак - «севади-севмайди». Бу қувончи учрашувдан шуни англадимки, ўрмон унга қондош-қариндошдай бўлганларгагина бағрини очади, ўзи-да очилади. Бу илк мойчечек ҳам ўтаётганларга разм солиб, ўз саволига ўзи жавоб топишга ҳаракат қилади, излайди: «севади-севмайди?»
«Кўрмай ўтди, кўрмасдан ўтиб кетди, демак, фақат ўзини севади. Ёки кўрдимикан-а… Қандай яхши ! У севади! Бу чиндан ҳам яхҳи, ҳамишадагидай яхши: «севса, мени қўлига олади, ахир. Шундай эмасми!»

54.ҚИРМИЗИ ҒУДДАЛАР

Муздай шудринглар ва тиниқ шамол ёзнинг қайноқ тафтини босади. Фақат шу пайтлардагина ўрмонни кезса бўлади, акс ҳолда, иссиқ. Дим кунда эрталабдан уйғонган ва кечгача тинмайдиган чивинлар сизни тинч қўйишмайди. Бутун борлиқни унутиб, от чоптириб елсанг, чинакамига ҳузур қиласан.
Тиниқ қуёшли тонгда мен далалар оралаб, ўрмонга кираман. Ҳали ишчилар хотиржамлик билан дам олишмоқда. Ўрмондаги кўлмак муздай шудринглар билан тўлиб-тошган, ҳашоратлар уйқуда, ҳали кўплаб гуллар лаб очишмаган. Фақатгина тоғтерак барглари шитирлайди, баланддаги япроқлари эса қуриб бошлаган, пастларидаги бахмал шудринглар майда тақинчоқлардай ялтирайди.
- Ассалом, эй, қадрдон арчаларим, қандай яшаяпсизлар ? Оламда нима гаплар?
Улар ҳаммаси жудаям яхши деб жавоб қайтаришади. Бу пайтда қирмизи ғуддалар чинакамига тўлиб, бутун дарахт таналарини безаб боришарди. Эскирган бўм-бўш ғуддалар ёнида ёш, тўлиқ ғуддалар яшнаб туришибди.
Арчазорларни оралаб, қуёшли ўрмон этагига ўтаман. Йўлда - кўзга кўринмас жойда марваридгулларга кўзим тушади, улар ҳамон жозибали, фақатгина бироз сарғайишибди, улар энди хушбўй ҳид таратишмас эди.

55.ГУЛЛАЁТГАН МАЙСАЛАР

Далалардаги, ўтлоқзорлардаги кузги жавдари буғдойлар каби барча бошоқли дон ўсимликлари ҳам гуллади. Уларни турли ҳашоратлар силкитиб ўтишар, шунда улар тилларанг булутдай чангларга бурканишарди. Ҳамма-ҳамма гуллар, ҳатто отқулоқлар ҳам гулга кирди - оппоқ тақинчоқларини тақиб олишди.
Юпқа поялардаги қисқичбақа бўйинлари, медуницалар, турли-туман бошоқчалар, тугмагуллар, ғуддалар қаршиламоқда эди бизларни. Уларнинг қанчадан-қанчаси қуриб битган, билмадим, буни билиб ҳам бўлмас. Назаримда, улар - ўша эски ва қадрдон дўстларим эди - ўша бўйинлар, ўша бошоқчалар, ўша ғуддалар. Ассалом, азизларим!

56. НАЪМАТАКНИНГ ГУЛ ЧЕҲРАСИ

Наъматак, балким баҳор келиши билан ёшгина тоғтеракнинг танасига чирмашиб борди, мана ҳозир тоғтерак ўзининг янги туғилган фарзандини - наъматакни туғилган куни билан қутламоқчи бўлди, шекилли, ҳаммаёқни қип-қизил , хушбўй ёввойи атиргуллар босиб кетди. Асалари ва арилар ғўнғиллайди, шовқин солишади, тукли арилар дўриллайди. Ҳамма наъматакнинг туғилган куни билан табриклашга, шундай кунда шудринглардан тўйиб-тўйиб ичмакка, уйига асал билан қайтмоққа шошилади.

57. АРЧА ВА ҚАЙИН

Арча фақат кучли қуёш нурларида янада гўзаллашиб кетади. Шунда унинг одатдаги қора танаси энг қуюқ, жуда кўплаб яшил ранглар билан товланиб кетади. Қайин эса қуёш нурида ҳам, кулранг кунларда ҳам, ёмғир остида ҳам ҳамиша ёқимли ва жозибасини йўқотмайди.

58. МЕНИНГ ҚЎЗИҚОРИНИМ

Қўзиқоринли ўрмонда бир яланглик иккинчисига бутоқлар орқали қўл бериб кўришишади, мана шу бутоқлардан ўтсанг, ялангликда сени қўзиқорининг кутиб олади. Уни излаб юрма: у ҳамиша сенга қараб туради.

59. АНЮТКАНИНГ КЎЗЛАРИ

Қанотлари қоп-қора, енгил нафис оқ ҳошияли капалак ўтиради-да, тўхтаб қолади - учбурчак дейсиз. Манна шундай кичкина капалаклар орасида ҳаммага жуда таниш бўлиб қолган кўм-кўк капалак бор. Агар у чўпга ўтирса, гулга ўхшаб қолади. Капалакнинг ёнгинасидан ўтиб кетасан, уни капалак деб ўйламайсан ҳам: гул бу, гул - Анютканинг кўзлари.

60. ИВАН ЧОЙ

Мана, ёз ҳам келди. Салқин ўрмонда оппоқ чиннидай тун гўзали хушбўй таратади. Кунданинг олдида офтоб тиғида ўрмонларимизнинг хушсурат, хушқомат Иван чойи ўзининг бор маҳобати билан қаддини керди.

61.ЙИРТҚИЧ ЖОНИВОРЛАР

Йиртқичлардан ким қўрқмайди, дейсиз. Уларни ҳаммаям бирдек суймайди ҳам Ҳатто Эл орасида»у - ҳақиқИй йиртқич» деган ибора ҳам юради. Лекин манна шу йиртқич жониворларда ҳам тубсиз, ҳадсиз меҳр туйғуси яшириниб ётибди. Табиатда қанча меҳр-муҳаббат борлиги онасидан айрилган йиртқич болаларини кўрганда,уларнинг яшаш жойи ўзгарганда кўринади.
Кичкина, ҳали кўзи очилмаган тулки боласини уясидан олиб чиқишди-да, уни яқинда болалаган она мушук тарбиясига беришди. Мушук уни беқиёс даражада яхши кўриб қолди, у ҳам мушукка эркаланар, худди онасидай кўрарди.
Мушук яна болалади, болаларини олиб қўйишди. Бошқа мушук ўша ерда - қўлсаватда тезда болалади, унга битта боласини қолдиришди. Шунда икки она мушук битта мушук боласига оналик қила бошлашди. Биттаси кетса, иккинчиси сакраб, саватга чиқиб олади-да, оналик туйғуси билан мушук боласини эркалайди, тўйғазади. Нафақат бўрилар, ҳатто йўлбарслар ҳам одамнинг кўзига шундай меҳр билан қарай оладики, қачонким, унга кичиклигидан инсон ҳам онаси каби тарбиялаган, меҳр-муҳаббат беролган бўлса, бу - ҳақиқат.
Итларда эса барча йиртқич жониворлардан фарқли ўлароқ инсонга меҳр-муҳаббат жуда кучли бўлади. Бу муҳаббат уларнинг қони, характерига ҳали кўзлари очилмасидан, туғилганлари заҳотиёқ киради, намоён бўлади. Ёввойи табиат бағридан олинган итлар, балким она-табиатга бўлган ҳис-туйғуни унутгану, инсонга худи онасидай яқинлашиб, сингишиб, бутун садоқатини бахшида этади. Итларда ҳамма жониворларда ва ёввойи табиатда мавжуд бўлган неки муҳаббат бор бўлса, бариси яққол кўриниб туради.

62. ЎРМОН ҚАБРИСТОНИ

Ўрмоннинг бир палласини ўтин учун кесишга кесишди-ю, нимагадир ҳаммасини ҳам олиб кетишмади; кесилган бўлак-бўлак дарахтлар қолиб кетди. Айрим-айрим жойларда ёш тоғтеракларнинг барглари ёки арчаларнинг бир қисмигина кўриниб турарди. Кимки ўрмон ҳаётини яхши билса, тушнса, бундай кесишдан ҳам қизиқарлироқ нарса йўқлигига амин бўлади. Чунки ўрмон - уруғлар, донлар муҳрланган китобдир, кесиш эса - китобнинг очилган саҳифаси. Қайрағочларни қирқишгач, ўрмонга қуёш бор нурлари билан отилиб кирди, хиёл ўтмай, улкан ўт-ўланлар бўй кўрсатди. Шу пайтгача уларни қайрағоч ва арчалар қуёш нуридан тўсиб турар, ўсишига йўл қаймасди. Майда, қуюқ ва шалпангқулоқ тоғтераклар йўлидаги ҳар бир майса, ўт-ўланларни енгиб, ҳеч нарсага қарамай, авж олиб ўсаверадилар. Тоғтераклар майсаларни қуршаб олишганида, сояпарвар арча тоғтераклар қуршовида ўса бошлайди, ундан ҳам баландлаб бораеварди, шунинг учун ҳам одатда арчалар қайрағочларнинг ўрнини боса олади.
Бу кесишдан сўнг ўрмон аралаш-қуралаш бўлиб кетгандай кўринади кўзга. Аммо энг муҳими, бу ерда ботқоқланган моғор, пўпапаклар босган доғлар пайдо бўлиб, улар тезда жонланиб кетишади, улар шу ерни кесишга қадар қувноқ ҳаёт кечиришди.
Шу кесилган ўрмонда ҳамма нарсани ўқиб-уқиб олса бўлади, унинг турли - туманлиги яққол кўринади: бу ерда ўзининг кўм-кўк ва қип-қизил мевали мохлар, қизил ва кичик юлдузчали мохлар, қип-қизил бурусникаларга сепилган кам учрайдиган оқ доғли ягенлар ва ерниклар…
Ҳаммаёқда қари тўнкаларнинг қоронғу жойларида ҳам қуёш нури ярқираб кетди, ёш қайрағочлар, қайинлар, арчалар яйради. Уруғларнинг жўшқин ҳаёти умидларга тўлди, қоп-қора кундалар - қачонлардир баланд ва навқирон бўлган дарахтларнинг яланғоч қабристонлари ўз кўринишларини заррача ўзгартиришмади, улар худди одамларнинг қабристонига ўхшаб туришади.
Дарахтлар турлича - ҳар бири ўзига хос ўлади. Қайин ичидан емрилиб боради, шунинг учун узоқ вақтгача , қулаб тушмагунича уни оқ дарахтга ўхшатиб юрамиз. Унинг ичидан эса фақат чириндидарни топасиз, холос. Бу ёғоч лабигача сув билан тўлган, оғир.Бу дарахтни қўзғатмоқчи ёки ёнбошга ётқизмоқчи бўлсанг, баланддаги қуриб қолган дарахт бўлаклари - шохлари пастга қулаб тушиб, сенга жароҳат етказиши, ҳатто ўлдириши ҳам мумкин. Кўп ҳолларда қайин кундалари гулдастага ўхшаб туради: фақат ёлғиз қайин пўстлоғигина оқ ёқага ўхшаб кетади, фақат угина чиримайди, дарахт ичида - чириндилар ичидан гуллар ва янги буталар ўсиб чиқади. Арча ва қайрағочлар қуриб битишгандан сўнг , энг аввало, пўстлоқларини тушириб юборадилар, улар пастга парча-парча бўлиб туша бошлайдилар, худди кўйлаклардай, дарахт бағрини тўлдириб ётадилар. Сўнгра дарахтнинг уч-учлари , новдалар, ва ниҳоят кунданинг ўзи ҳам қулаб тушади.
Кўплаб гуллар, қўзиқоринлар, қирққулоқлар қачонлардир улкан бўлган дарахтларнинг қулаши - йўқ бўлиб кетишига товон тўлашга шошиладилар гўё - уни чир айлантириб ўраб оладилар. Аммо улардан ҳам аввал дарахтнинг ўзи шундоқ кунданинг ёнида ёш дарахтга айланиб, ўсишда давом этади. Тиниқ яшил рангли , катта-катта юлдузчали , бўлакларга бўлинган шохлар дарахтнинг яланғоч тиззаларини ёпмоқ бўлади, дарахт бу тиззалари Билан қачонлардир ерга маҳкам чирмашиб олган эди; манна шу шохлар ичидан кўпинча қўзиқоринлар кўриниб қоларди. Оч яшил қирққулоқлар , қип-қизил землянка, брусника , кўм- кўк брусникалар бу хароба жойни қуршаб оладилар. Баъзан чирмовиқдай клюквалар ҳам шу кундани оралаб ўтишга ҳаракат қиладилар, унинг тўқ қизил ранг олган мевалари ингичка новдаларидаги майда-майда баргларга осилиб, қулаб тушган тўнканинг атрофини янада гўзаллаштириб юборади.

63. ҚОРОНҒУ ЎРМОН

Қоронғу ўрмон куёшли ёруғ кунда чирой очади. Салқин ҳаво, ранглар жилоси, мўъжизаси. Дрозд ёки ўрмон тўрғайлари жаннат қўшикларини айтишади. Улар қуёш нурларида қанотларини ярқиратиб, нурларни кесиб ўтиб, соддагина четан дарахтларини яшил ранглар билан пуркаб ўтишаётганда Шаҳризода эртаклари ёдга тушади .Ўрмон чакалакзорларидан пастга эниб, дарё томон тушганинг сари ўрмон қалинлашиб боради, салқин ҳаво қуюқлашади.Заранг дарахтларнинг ҳидлари билан тўлган йўллар оралаб сув ярқираб кўринмагунча, қирғоқда намхуш қумларни кўрмагунингча йуллар очиб бораверасан. Йулда жимгина кетишинг керак,.чунки сув ичаётган мусичаларни чўчитиб юборошинг мумкин. Қумларда оёқчалардан қолган митти чуқур- чуқур изларни кўриб завқланасан. Ёнгинангдан учиб, ўрмон эртакчиларидан бири - тулки ўтиб кетди…
Шунинг учун ҳам бу ўрмон қоронғу ўрмон деб аталади,чунки қуёш унга деразага қарагандай қарайди. Ҳамма нарсалар ҳам бирдай кўринмайди. Бу ердаги бўрсиқлар уяси ва уя олдида қаттиқ қўмилган қумни майдалашиб ,майдон қилиб юборишади. Шундан бўрсиқлар ҳам тезда кўзга ташланмайди .Бу ерда уларнинг уяси жудаям кўп,буни тулкилар ковлаб ташлашган кўринади. Улар шу уяларга жойлашиб , оладилар – да, ўзларининг бадбўй ҳидлари ва исқиртлиги билан бўрсиқларни сиқиб чиқарадилар.Аммо бу ер ажойиб,уни ўзгартиришни ҳеч ким истамайди. Қумли қирлар,ҳар томонда жарликлар, улар шу қадар қучоқ чакалакзорга айланганки, ҳатто уни қуёш ўзининг кичкина ойнасидан ҳам кўролмайди.

64. ЧУМОЛИ КУНДАСИ

Ўрмонда эски шундай кундалар борки,улар Швейцария қишлоқларидаги тешик-тешикли тошдай ўзларининг кўринишини сақлаб қолган. Бироқ бундай кундалар устида ўтириб қолсанг ,тешикларини ўраб турган қалин деворлар бузилиб кетади.Ўзингни кунда устида осилиб тургандай ҳис қиласан.Шунда аста -секинлик билан ўрнингдан тур, .ҳар бир тешикнинг ичидан кўплаб чумолилар чиқиб келишини кўрасан.Кавакли кунда бошдан - оёқ чумоли уяси -чумоли кундасига айланиб қолишига гувоҳ бўласан .


65. ЎСАЁТГАН ЎТЛОҚ

Ўрмон ўтлоқлари.Қайинлар тагига чўкдим - нималар кўринмади ,дейсиз.Бир- бирига ёндошган арчалар шу қадар қалинлашибдики,кутилмаганда қамишли катта ўтлоқни қоплаб олишибди. Ўтлоқларнинг бошқа томонида ҳам шундай манзара. Арчалар бир жойга тўпланиб олишиб,бошқа жойга силжишни ҳам ўйлаётгани йўқ. Хуллас , ўтлоқларни қалин баланд бўйли арчалар ўраб олишган ,ҳар бир арчазор олдида -қайинлар .Катта ўтлоқлар ям-яшил дўнгликлар билан қопланган . Бу ерлар қачонлардир кўрсичқонлар томонидан қазиб чиқилган,ўт-ўланлар билан қопланган. Кўрсичқонлар ҳайдаб кетишган қирларга уруғлар сепилиб, қайинлар ўсиб чиққан. Қайинлар остида эса соясевар арчалар ўсиб кетмоқда. Уларни қайинлар оналик меҳри билан аёз ва жазирамадан сақлаб боради. Баланд бўйли арчалар ўзларининг фарзандлари - арчаларни очиқ ҳолда ўтлоқзорларга қўйиб юбормай ,қайинлар қуршовида олиб чиқдилар ва айнан қайинлар ҳимоясида ўтлоқларини етиштирадилар.

66.ЎРМОН ЎЙЛАРИ

Биз эски қизилиштон уяси бор тоғтеракни топдик. Унда бир жуфт майналар уя қуришибди. Яна битта эски квадрат шаклидаги кавакни кўрдик. Бу дарахтда узун бўйли йиртқичга кўзимиз тушди,у отилиб чиқди.
Арчаларда иккита олмахон уясини кўрдик. Гуллар пастга шу қадар чирмашиб кетишганки,ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Иккита олмахон уяси ҳам арчанинг ўртасида жойлашган,шундан билса бўладики, олмахонлар – ўрмоннинг ўрта қаватларида. Олмахонни пастда ҳам кўриб қолдик, унчалик баланд бўлмаган дарахтга чиқишини кузатдик.Олмахон қиш либосда эди.
Дарахт танасида чигирткалар ,қумурсқалар айланишар, афтидан ,бу ерда уларнинг уяси бор эди. Қоровул қорақарға ўз уясидан ярим километр нарида қичқириб, айланиб учиб юборди. Шитоб билан учаётган тетерка унинг изидан келаётган қирғий йўлини кесиб ўтди. Йўлдан адашди ,шекилли ,нохуш кайфиятда дарахтнинг қуруқ шохларига ўрнашиб олди. У боши оппоқ эди.
Қизилиштонлар уясини қўзиқоринларни излагандек излашга тўғри келди. Кўзинг,кўз қиринг етган жойларгача бутун эьтиборинг билан қарайсан,ҳамма ёқни диққат билан кузатасан- пастга ва баландга. .Албатта, қизилиштонлар уяси ҳамиша баландда бўлади.Пастдан ҳам қизилиштонни излаш сабаби -худди шу пайтда қизилиштонлар ўзларига уя ясашга киришадилар. Ўт- ўсаётган ердан кўриниб , юзага чиқиб турган очиқ дарахтларнинг томирларини чўқилаб кўриб бошлайдилар - шундан қизилиштон ўзи учун қайин дарахтини танлаб олганини билиб олиш мумкин.Қизилиштон ўзига керакли бўлган дарахтни дарров тополмайди, машаққат чекади. Биз учратган бу уялар бир -биридан катта бўлиб,улар тоғтерак остида, қўзиқоринлар мўл-кўл жойда бўларди .Бунинг қизилиштонга қандай фойдаси бор - уни ёмғирдан сақлайдими ёки қўзиқоринлар устида дарахтни тешиши, чўқиллаши осонми, бунисини билолмадик ҳали.
Унчалик катта бўлмаган ,қулаётган ,чириётган қайинларнинг танасидаги уяни кўриш янада қизиқроқ туюлади. Уянинг баландлиги тўрт метрча бор. Биттаси - энг тепаликда , иккинчиси - пастроқда, қўзиқоринлардан сал баландда эди . Бу дарахт танаси ёнида унинг қулаб тушган энг баланд қисми - қуриган , чириган. Унинг ичига сув тўлибди .Уяни ушлаб турган дарахт танаси мустаҳкам эди.Лекин силкитсанг, қулаб тушадигандай. Қизилиштон уни уя, яшаш учун тешмагандир, эҳтимол…

67. ХЎЖАЙИН

Момоқалдироқдан сўнг кутилмаганда ҳаво совиб кетди. Кучли шамол бошланди. Қалдирғоч ва узун қанотли қушлар учмай қўйишди ,қайларгадир гала -гала тарқалиб кетишди.
Олисларда ,турналар баландлаб -баландлаб учаётган жойда одамсиз,эшкаксиз ва елкансиз қайиқ сузиб юрарди .Биттагина қайиқ-кимсасиз,шу қадар ваҳимали кўринардики , жиловдорсиз от жарликка бораётгандай. Биз учун хатарли кўринса-да , ўша ерга боришга қарор қилдик,. Нима рўй беришини билишга ошиқдик. Унга яқинлашганимизда эса қайиқнинг ичидан бизга кўринмай турган хўжайин - қайиқчи ўрнидан турди-да ,эшагини эшиб ,тўлқинларни кесиб сузиб кетди.
Биз хурсандчилигимиздан қичқириб юборишимизга оз қолди. Шундай тўлқинли дунёда биздан бошқа одам ҳам борлигига қувондик.Бу -толиққан балиқчи эди.Унинг кимлиги биз учун аҳамиятсиз, муҳими,уни кўриш эди. Биз бунга эришдик.

68. КАККУ

Қулаб тушган қайин устида дам олиб ўтирган пайтларда менинг борлигимни билмай,менга яқин жойга,какку келиб ўтирди. Бироз ғулдириб олди-да: «Қани ,уришиб кўрай-чи,нима чиқаркин?»-дегандай, ку-куллашга тушди.
-Бир! - эски одатимга кўра,яна неча йил яшашимни билмоқчидай санай кетдим.
-Икки!
У ўзининг иккисини айтди-ю, мен ўзимнинг «Уч»имни айтишга энди чоғланган ҳам эдимки:
-Кук! - деди-ю,учди-кетди.
Ўзимнинг «Уч!»имни айтолмадим - насиб қилмади. Яхшига оз вақт ажратилгандай туюлди менга. Аммо бундан хафа эмасман,мен етарлича яшадим.Ачинарлиси шуки,қандайдир йилларни ўзида қамраб турган мана шу «Икки»да катта,улкан ишларни бошласанг-у,бирдан , «Кук» - кесиб юборса…Ҳаммаси тугайди! Шунинг учун янги иш бошлаш шартмикин? «Шарт эмас!» - деб ўйладим ҳатто…
Аммо ўрнимдан туриб,қайинларга қарадим. Кўнглим бирдан ёришиб кетди. Қулаб тушган бу ажойиб қайин умрида сўнгги янги баҳор учун куртакларини гуллата бошлади.

69. ЎРМОН МАЛИКАСИ

Шамолли, салқин ва очиқ кун.Ўрмонда «ўрмон ғувиллайди». Бу шовқин -суронда пастлаб, баландлаб учаётган қушларнинг ўтли, тошқин ёзги қўшиқлари аниқ эшитилади.
Ўрмоннинг фақат юқориси ғувиллайди. Ўрталикда эса ёш тоғтеракзорлардан япроқлар тўкилади. Майин Юм-юмалоқ барглар титрайди, шитирлайди.Майсалар жим, атрофда - сукунат, фақатгина тукли арилар ғўнғиллайди.

70. ҚУРҒОҚЧИЛИК

Катта қурғоқчилик даври давом этмоқда.Дарё бутунлай қуриб битган.Қачонлардир сувга қулаб тушган, сув устидаги кўприкларга айланган дарахтлар қотиб қолишган. Қирғоқбўйида ўрдак овловчилар кўринишмайди. Қумларда қуш ва жониворларнинг янги излари кўзга ташланади,улар бу ерга сув излаб келишган. Топишолмаса,бошқа жойдан албатта сув топишади.

71. ЖАВДАР ТЎЛИШМОҚДА

Жавдар тўлишмоқда..Жазирама. Кечга бориб , қуёш нурининг толим - толим сочлари жавдарга ёйилиб кетади. Шунда ҳар бир жавдар этатлари пар тўшакларга ўхшаб кетади. Бунинг сабаби -эгатларни оралаб ўтаётган сув йўли текис,равон бўлиб ,сув ҳамиша мавжланиб сузарди.Шундай пар тўшакли жавдарлар қияликда янаям жозибали кўринади.
Кўтарилиб келаётган қуёш нурида этатлар - пар тўшаклар шу қадар ажиб эдики ,унинг ҳар бирига етиб олсанг ,унга ўхшаб, мавжлангинг келарди.

72. МУСИЧА

Ғулдираётган мусичанинг сокин товушлари ўрмон аҳлига - яхшиликдан аломат. Ҳаёт давом этмоқда.

73. ЙИЛ ОХИРИ

Ёз эндигина бошланди, бизда эса - йил охири. Агар жавдар гуллаган ,пишаётган бўлса,ўрим-йиғим даври қачон бошланишини айтиш қийин эмас.
Тонгги қуёш нурларида оқ қайинларнинг кўзни қамаштирувчи қоматлари мармар устунларидан ҳам чиройли , оппоқ кўринади.Қайинлар остида итшумурт ўзининг беракрор гулларини кўз-кўз қилиб туради. Четан дарахтлари чалкашиб ётибди. Малина, смородина-қорағатнинг барглари кучли ,тўлиқ, катта -катта яшил мевалар билан тўлиб туради.
Кундан -кунга ўрмонда «ку-ку»овози камроқ, янада камроқ эшитилиб бормоқда .Ёзнинг хотиржам ва осойишта сукунати кўпроқ ва янада кўпроқ оналар ва болаларни чақиришларига ,чорлашларига тўлади. Энг камёб ҳодиса - қизилиштоннинг гумбур -гумбур қўшиғи. Уни яқиндан эшитсанг қалқиб тушасан ва ўйлайсан «Кимдир бормикин?» Бутун ўрмондаги яшил ғулув ичида дрозддан ўтадиган сайроқи қуш топилмайди. У шундай ажойиб куйлайдики ,у шу қадар ёлғизки…Ҳа у ҳамиша бутун дунёни унутиб,бир ўзи куйлайди. Унинг қўшиқлари янада жарангдор эшитилади бизга, ҳаммага,борлиққа - чунки олдинда ажиб кунлар ,ёзнинг бошланиши кутиб турибди. Бироқ барибир нималардир йўқдай ва уларни излаб тополмайсан ҳам. Ўтгани ўтди, ахир,йил тугаб бормоқда.

74. ЖУНЖИККАН ТОҒТЕРАКЛАР

Кузнинг қуёшли кунида арчазорлар этагида ёш ва навқирон тоғтераклар тўпланишди.Улар бир-бирига шундай яқин, шундай қалин эдиларки ,гўё арчазорда совқотиб қолишгандай. Шунинг учун ҳам ўрмон этагига чиқиб,исинишарди - қишлоқ одамлари қуёш чиққан кунларда нураб тушган жойларда исинишга чиққанлари каби!

75. КУЗГИ ШУДРИНГЛАР

Куз кириб келди.Пашшалар шифтга урилади.Чумчуқлар гала-галашади.Бўм–бўш далаларда - қузғунлар.Зағизғонлар юрган йўлларига уруғ қадаб кетишмоқда. Шудринглар муздай,кулранг.Бошқача кўринган бу шудринг кун бўйи бир япроқнинг бўм- бўш баргида ярқираб туради.
76. КУЗ

Эрта тонгдан қувончлари ичига сиғмай ғозлар тумшуқларини тақиллата бошлашади - дарахт пўстлоқларидан пайпоқлар тўқий бошлашади.
Қўзиқорин баландлагандан баландлайди.

78. ХАЗОНБАРГЛАР

Қуюқ арчазор ичидан қайин тагида турган қуён чиқиб кетди ва тўхтади, у катта ўтлоқзорни кўриб қолди. У томонга тўғридан-тўғри боришга журьат этолмади, бутун ўтлоқзорни айланиб ,қайиндан- қайинга ўтиб борди.Мана у яна тўхтади,қулоқ солди…Кимки ўрмонга киришдан қўрқиб турса, яхшиси кирмасин, айниқса, барглар тўлишиб,бир-бирига шивирлаётган дамларда.Қуён тингламоқда. Албатта ,қўрқоқ қуён ҳам ўзида куч топиб ,орқага қарамасликка ҳаракат қилади, аммо бу ерда бошқача ҳодиса рўй бериши ҳам мумкин. Демак,сен қўрқмадинг, тўкилаётган япроқлар алдовига учмадинг,ишонмадинг. Худди шундан фойдаланиб, кимдир орқангдан келади-да,шовқин ичида сени тишлари билан маҳкам ушлаб оладигандай...

78. КЕТАЁТГАН КУЗ

Келаётганимизда жавдар тилланаётганини кўрдим.Ортга қайтаяпман. Жавдар пишиб, одамлар дастурхонини тўлдирди .Янгилари эса яшилланиб келмоқда.Ўшанда ўрмон дарахтлари ям-яшил рангга кирган бўлса,энди ҳар бири ўзга оламга айланган. Ҳа,куз ҳамиша шундай.У ҳамма дарахтлардан бирданига эмас,бирма бир япроқларини териб олади. Ҳар бирига бироз бўлса-да, ўзи билан ўзи қолишга ,ўзи билан ўзи завқланишга имкон беради.

79. ШУДРИНГ

Далалар, ўтлоқлар, сувлардан туман кўтарилди ва самовий ранглар сузиб ўтди,бироқ ўрмонда туман узоқ вақт ушланиб қолди.Қуёш баландлаб боради,унинг нурлари ўрмон туманлари ичидан чангалзорларнинг энг қалин, энг олис жойларига ҳам кириб боради.Улар шу чакалакзорлардан аниқ кўриниб туради,уларга тик қараш ҳам мумкин.
Туман ўрмоннинг яшил сўқмоқларида дадил сузмоқда, туман ҳамма ерда кезмоқда.Сув пуфакчалари баргларга, ,арча нинабаргларига,ўргимчак уясига,гелеграф симларига ўрнашиб олган.Қуёш кўтарилиб борган сари ҳаво илиқлашади ва телеграф симларидаги томчилар бирдан сизиб тушиб кетмайди.Дарахтлардан томчилар сизиб тушмоқда.
Ниҳоят ,қуёш телеграф симларини қиздира бошлайди. Катта-катта камалак томчилар ерга тушади. Ўрмонда ҳам шундай бўлди - ёмғир эмас, балки севинч ёшлари шовуллаб тўкиляпти.Айниқса, тоғтеракларнинг ҳаяжони ўзгача - баланддан тушаётган ҳар бир томчи баргларда жаранглаб кетар, пастга тушган сари товланиб,шамолсиз кунда ҳам тоғтераклар титраниб-титраниб кетишади.
Баланд - баландда ўргимчак уялари кўринади, ўргимчаклар ўзларининг сўнгги сигнал берувчи ипларини судрашади.Қизилиштон арчани тақиллата бошлайди,дрозд эса четан дарахтларини чўқилайди.

80. ШАМОЛЛИ КУН

Майин шамол овчилар билан тиллашишни қийинлаштиради. Овчилар бир-бири билан қувончли воқеаларни сезиб яшаётгандай суҳбатлашишади. Гапирса ҳам, сукут сақласа ҳам бўлади: суҳбат ва сукут овчиларда енгил кечади. Баъзан овчи ниманидир ҳаяжонланиб сўзлаб кетаётганида осмонда нимадир йилт этиб кўринади ва овчининг хаёли ўша томонга кетади.Сўнгра : «Мен нима ҳақда сўзлаётгандим?» -дейди. Ҳеч нарса эсига келмайди. Ҳечқиси йўқ, бошқасидан бошласа бўлади. Кузги шамоли ҳам шундай-доимо ниманидир шивирлаб бошлайди-да, охирига етказмай туриб,янгисидан сўз очади. Ёш тетеревкаларнинг ғулдираши эшитилди-ю, тинди. Турналар қур -қурлари авжига чиқди.

81. ЯНГИ МАЙСАЛАР

Осмон икки тусга кирди, булутлар турли томонга тарқалиб, икки кунлик ёмғирга айланди .Бироқ қуёш эрталабдан нур соча бошлади.У осмоннинг бундай қилиқларига парво ҳам қилмайди.Мен овга камера билан чиқдим, ердан чиққан жавдарнинг майсалари аскардек тизилиб турарди. Ҳар бир аскар бошдан-оёқ қирмизи рангда, қўлидаги қалқони - яшил, ҳар бир қалқонда юм-юмалоқ томчилар товланар, улар қуёшда камалак тус олар, олмосдек ярқирарди .Мен камерани олиб,олис - олисларни,ҳар бир аскар майсани кузата бошладим.Кўз олдимда яшил қалқонли қирмизи кўйлакли аскарлар қуёшга тик қараб туришар,улардан кўз узолмадим-нақадар ажойиб манзара! Завқим ошиб,ерга ёнбошлаб олдим-да, майсаларни суратга ола бошладим.
Бироқ суратга олиш кўнгилдагидек чиқмаётган эди.Ахир ,қизил кўйлакли аскарлар тўқ рангда чиқиши, ер билан уйғунлашиб кетиши,брусникадаги шудринглар эса охирги планга туриши керак эди. Мен ерга ётиб, ёнбошлаб суратга олмаганимда, янги майсалар - яшил қалқон қирмизи кўйлакли аскарларни кўрмаган бўлардим.

82. ЭНГ СЎНГГИ ГУЛЛАР

Аёзли тун. Тонгда далада омон қолган қўнғироқ гуллар уюмини кўрдим. Уларнинг бирини устида тукли ари ўтирарди.Мен қўнғироқгулни суғуриб олдим,ари учиб кетмади.Арини силкитган эдим ,у ерга тушди.Мен уни қуёш нури тушиб турган очиқ ерга қўйдим,жонланди Ўзини ўнглаб олди – да, .учиб кетди.Қисқичбақа бўйнида ҳам ўша тунда қизил ниначи ёпишиб қолган экан. Менинг кўз ўнгимда қуёш нурларидан жонланиб,ўзига келиб, учиб кетди.Оёқ остидан кўплаб чигирткалар ўрмалаб чиқа бошлашди,улар орасида кўринган трескуналар мовий ва оч-қизил рангларда товланиб,шиддат билан осмонга кўтарилди.

83. ПАҲЛАВОН

Чумолилар ҳайдаб ташлаган ернинг юзаси брусникалар билан қопланган, ўт-ўланлар орасида қўзиқорин туғилди.У юмшоқ шляпасини бошига қўндириб,боши узра бир ўрам брусникани озод кўтарди ва ёруғликда оппоқ бўлиб кўринди.

84. ҚАЙИНЛАР

Қишда қайинлар нинабаргли ўрмонларда чириб кетишади.Баҳорда эса барглари яшнаб, шитирлаб, қоронғу ўрмондан ўрмон этагига чиқишади.Бу манзара қайин барглари қораймагунча давом етади ва нина барглилар билан ранг талашмайди.Кузда қайинлар биз билан тилла рангларда хайрлашади.

85. ПАРАШЮТ

Сукунат.Майсаларга чиқолмаган чигирткалар бир-бирларининг қулоқларига танбур чертишмоқда: Баланд арчаларнинг олдини кесиб ўтган қайинлардан сап-сариқ япроқ учиб тушди.У сукунат ичидан сирғалиб тушди,ҳолбуки,тоғтерак барглари қимирламай туришарди. Назаримда,баргнинг шитирлаши ҳамманинг эьтиборини ўзига тортди ва арчалар, қайинлар ва қайроғочларнинг барглари, шох-шаббалари, бутоқлари остидаги ўт-ўланлар ҳам ҳайратга тушиб ,сўрашди: «Шундай сукунатда у қандай қилиб жойидан қўзғалди ва учиб тушди?» Барг ўзи истаб қўзғалдими - йўқми билиш учун баргнинг ёнига бордим ва билиб олдим. Йўқ, у ўзидан-ўзи учиб тушмаган экан. Ўргимчак пастга тушиб унга ёпишиб олибди-да, парашютига айлантирибди. Кўп ўтмай, унчалик катта бўлмаган ўргимчак уяси осилиб тушди.

86. ҚИЗАРАЁТГАН ЧЕТАН ДАРАХТИ

Шудринглари сийрак тонг. Кесилган дарахтларда ўргимчак уялари кўринмайди. Жимжитлик. Дроздлар, желкалар ,тўрғайлар овози келади.Четан дарахтлари тоборо қизариб ,қайинлар сарғиш тус олмоқда. Майсалар узра оппоқ,кичкина капалаклар учиб юрибди.

87. ИЛК ЁЗ

Тиниқ ой нурларига чўмилиб,тун ҳам ўтди. Тонгнинг илк аёзи бошланди.Ҳамма ёқ кулранг,аммо кўлмаклар ҳали музламаган.Қуёш чиқиб,чор - атрофни иситгандек дарахтлар ва майсаларга шудринглар ширадай қалин ёғилди. Қоронғу ўрмондаги арчаларнинг шохлари ҳам ярқираб кўринар ,бундай олмосларни ер юзидан топиш амри маҳолдай.Айниқса, малика қайроғоч бошдан-оёқ олмосларга кўмилиб турибди.Бундай гўзалликдан борлиғимга завқ ёйилди.Садоқатли итим ҳам бағримга отилди-севинчданми,ҳайратдан….

88. ҲАЁТ УЧУН КУРАШ

Қайинлар сўнгги олтин баргларини арчалар устига кўмаётган пайт.Мен сўқмоқларда оқаётган хазонлар овозини ҳам кузатаман ,уларни қуёш нури эркалаб ўтмоқда.Завқланиб, адоғи йўқдай кўринган ўрмон сўқмоғидан кетавераман.Шунда ўрмон менга -денгиздай, этаклари - қирғоқдай,ўтлоқзорлари –оролдай бўлиб туюлади.Шу оролда бир-бирига яқин ўсаётган арчаларнинг бутун ҳаёти,назаримда,юқорида кечмоқда эди.У ерда - ғуддаларга кўмилиб,олмахонлар, клестлар давр суришмоқда, Яна менга номаьлум қанчадан-қанча жониворлар ҳам ғимирлаб юришибди. Арча тагида - пастда эса қоронғу йўлаклар,зим-зиё.Юрсангиз,фақат пўстлоқлар ичини кўрасиз.
Ҳар бир жониворга меҳр ҳисси билан боқсанг,бу ерда қизиқарли китобни ўқишинг мумкин.Ҳеч бўлмаганда, клестлар ва олмахонлар тишларида пастга олиб тушаётган арча уруғларини олинг.Қачонлардир шундай уруғлардан бири қайин ва улкан яланғоч илдизлар орасига тўлиш қолган. Арча қайинлар қуршовида қуёш олови ва аёзлардан ўзини сақлаб,ўса бошлади.Қайин илдизларини оралаб,пастга тушиб бордим.У ерда янги қайин илдизларига дуч келдим, қарасам,унинг ўсиши учун жой қолмабди.Шунда у ўзининг томирчаларини қайин илдизларидан ҳам баландга кўтарибди ва улардан ўзиб кетибди. Бошқа томирдан ўтиб,бўй чўзибди.Ҳозир бу арча қайинларни ҳам ортда қолдириб, у билан ёнма-ён илдизларга чирмашиб кетиб турибди.

89. ОЛМАХОНЛАР

Тонгдан арчаларнинг турли томонларидан чиқиб келаётган олмахонларни излаймиз.Осмон шу қадар оғир ва пастки,гўёки уларни шу арчалар ушлаб тургандай.Яшиллик ўрмонни, ғуддаларни эгаллаб олган, агар уларда ҳосил мўлми ,демак, олмахонлар ҳам йўқ.
Арчазорда шундай арчалар ҳам борки,гўё уларнинг тожларини кимдир атайлаб тараб қўйгандай,жингалак сочлилари ҳам учрайди. Навқирон ва ёш арчалар ёнида кексайиб қолганлари соқолларини силкитиб туришибди. Жудаям қартайиб кетган бу арча жойидан қимирламайди.Ҳар бир шохида оч яшил рангли соқоли бор ,аммо унинг тепасидаги меваларга бутун бир омбор тўлади. Унинг бир шохи титраб кетди.Олмахон мени кўрди,шекилли ,қотиб қолди.Мен кузаётган ,ёнида турганим-қари дарахтнинг бир томони куйиб кетган, чуқур идишдай кенг Юм-юмалоқ ўрада турибди.Мен парли баргларни қазиб олдим. Қоп-қора ,куя босган ер кўриниб қолди.Мен шунда дарахт томирларининг пастки қисми куйиб кетганини англадим ва мен ўра -идишнинг келиб чиқиш сабабларини тушундим.Ўтган йили қишда бу ўрмонда овчи сувсар изидан йўлга тушган.Сувсар эса баландда юрганга ўхшаб,дарахтларни тагига сакраб ўтган,ўзидан шохларида қорли излар қолдирган. Қимматбаҳо сувсарни овлаш иштиёқи овчини тинч қўймади,кеч тушди ва овчи ўрмонда тунашга қарор қилди.
Мен ҳозир ёнида турган дарахт тагида улкан чумоли уяси бўлган,эҳтимол ,шу ўрмондаги энг бой чумолилар салтанати ҳам шу уя бўлгандир.Овчи дарахт тагини қорлардан яхшилаб тозалаган ва ўт ёққан. Ундан иссиқ кул қолган.Овчи шу иссиқ жойига ўрнашиб олибди-да,уйқуга кетибди ва тонг билан яна сувсарнинг изидан йўлга тушибди.
Баҳорда бу чуқурликка сув, қайинлардан учиб тушган япроқлар тўлдирган. Устидан олмахон
ғуддаларининг уруғлари униб чиққан. Мен ана ўша олмахонни излаб келдим.
Олмахоннинг чиқишини кутарканман,китобимга чумолилар уяси ҳақида нимадир ёзмоқчи бўлдим.Овоз чиқармай ,аста-секинлик билан сумкамдан китоб ва қаламимни олдим .Бу чумолилар уяси шу ўрмондаги энг катта салтанат - худди Хитой сингари! - бўлганини ёза бошладим. «Хитой»сўзини ёзишим билан китоб устига баланддан ғуддалар уруғи сочилиб тушди.Юқорида -бошим узра арча ғуддалари устида олмахон турарди.У яшириниб олган, мен тирикманми -ўликми билиш иштиёқи қийнарди уни.Мен гўё дарахтга ўхшаб қимирламай турар,унга хавфсиздай эдим.Эҳтимол, у уруғларни мен томонга атайлабдан отиб юборгандир.Унинг қизиқиши ортиб борар , ҳеч нарсани билмас,ҳеч қаёққа кетмаслиги аниқ. Мен ўша улкан салтанат ҳақида ёзишни давом эттирардим, бу салтанат чумолиларнинг катта меҳнати туфайли юзага келган эди,ахир! Нима бўлди?Катта махлуқ келди-ю, ҳаммаси тугади ва бутун салтанат кулга айланди. Шу пайт олмахон мен томонга ғуддаларни отиб юборди. Қўлимдаги китобни тушириб юборишига сал қолди.Мен олмахонни кўз қирим билан кузата бошладим.У аста - секин шохлардан - шохларга тушар ,менга тобора яқинлашар ,елкам оша қараб тургандай, нима қилаётганимни кўрмоқчидай.Жиннивой, менинг сатрларимда бир махлуқ чумолилар салтанатини сиқиб юбориб ,устига тупроқ тортиб, бутун бир салтанатни йўқ қилиб юборди-ку!
Ўтган сафар ҳам мен олмахонга қараб ўқ узганимда ёнма-ён турган учта арчалардан ғуддалар шовдираб ерга тушган эди, натижада олмахонлар ўзларининг қаерда эканликларини сездириб қўйишганини англаш қийин эмас эди.
Биз «Москва чеккаларидаги тайга»да олмахонлар ортидан ноябрь ойида соат иккидан то кеч тушгача ўн бир кун давомида қувиб юрамиз. Бу соатларда улар дарахтдан - дарахтларга кўчишади, сакрашади.Соат иккига қадар эса олмахон шохларга яхшилаб ўрнашиб олади - да ,бизга кўринмас қалин жойда қўллари билан ўзини ювади, тозалайди.Бу пайтда биз овга чиқмаймиз.

90. ОДАМ СОЯСИ

Ғира -шира тонг. Ой атрофни ёриштириб турибди.Ҳали Шарқ қоронғу.Барибир,қуёш нурлари кўтарилиб кетгани сари ой остида мовийранг ялангликлар ёйилиб кетади.
Кўл музлик билан қоплангандай,аммо ғалати ва асабий руҳда тарқалди туман.Қишлоқ томонларда хўрозлар ва оққушларнинг қийқириқлари эшитилади.
Мен уқувсиз мусиқачиман, аммо ,назаримда, оққушлар овози баланд оқ товус, баланд учган турналар қийқириқларига жуда ўхшади.Улар тонг ёришиши билан ботқиқликларга ҳам нур чорлашаётгандек. Оқ товусники пастроқ, ғозларникидек -ғулдир-ғулдир,ғала-ғовур.
Эҳтимол,ой нуридан ёки тонг ёғдуларидандир,мовий ялангликларда, баландда бутун осмонни қоплаб олган қузғунлар ва зағчаларни кўрдим.Қузғунлар олдиндан мўлжални олиб боришар, зағчалар уларнинг изидан қолишмасди.Нима учун зағчалар қузғунлар изидан қолмай учишларини қандай билса бўлади? Мен дунёдаги ҳамма нарса аслида маьлум -у,фақат мен бечора ҳеч нарсани билмайман,деб ўйлаган пайтларим ҳам бўлган.Кейинроқ англашимча, тирик табиатнинг энг оддий сирини олимлар ҳам билмаслиги мумкин экан.
Биз яқиндагина билдикки,бизнинг айрим қора қарғалар ҳам кўчманчи экан. Нима учун зағчаларнинг айримлари қузғунлар билан бирга учиб кетишолмайди? – деб ўйлайман ҳамон…
Тонгги шамол турди ва у менинг арчамни йиқитди. У даланинг ўртасида бўлиб, у орқали ғозлар сузиб ўтиши мумкин эди. Мен арчани яна тиклаб қўймоқчи бўлдим, аммо шу пайт - мен ишимни тугатдим ҳамки, ғозлар кўринди. Мен арчани айланиб ўтдим-да, ғозлардан беркиндим. Бироқ улар бир неча марта айланиб ўтдилар-да, арчага шубҳа билан қарашгандай яқин келишмади. Узоққа учиб кетишди. Дубовец яқинига ўрнашиб олишди. Мен уларга дала ўртасидаги толнинг катта-катта бутоқлари оралаб, яқинлашмоқчи бўлдим. Ўрим-йиғимдан бўшаган далада оппоқ аёз ҳукмрон, менинг соям шу юпқа музликларга тушиб, мендан олдинга силжир, мен эса буни анча вақтгача сезмабман ҳам. Бирдан мендан олдинда кетаётган улкан, қўрқинчли нимадир ғозларга яқинлашиб борарди. Одамнинг қўрқинчли сояси оппоқ аёзда - музликда титраб кетди, ғозларда саросималик бошланди. Кутилмаганда улар - икки юзта овоз - Урра! дан кам эмас! - ҳужумга отилгандай мен ўтирган бутоққа ташланишди. Мен бутоқнинг ичига кириб олишга, ўзимни ёнимда турган дарахт танаси билан яширишга зўрға улгурдим…

91. БЎРСИҚ

Ўтган йили шу пайтлар ер оппоқ эди, бу йил эса куз узоқ туриб қолди. Қоп-қора тупроқда оппоқ қуёнларнинг юргани, ётганлари узоқлардан ҳам кўриниб туради. Мана, ҳозир кимларга оғир! Фақат кулранг бўрсиқ ҳеч нимадан қўрқмаса ҳам бўлади. Назаримда, бўрсиқлар шу атрофда юришибди.Улар қандай семириб кетганини кўрсангиз эди! Уларнинг уяларини кузатишга ҳаракат қиламан. Бундай қоронғу дамлар арчазорларда ҳамиша ҳам ўзинг истаган сукунат ва оромни топа олмайсан. Бизнинг девор билан ўралган хоналаримизда топилмайдиган гоҳо ғамғин , гоҳо завқли мавсумлар бу ерда тиним билмай ҳаракатланади. Бу ҳаракат борлиққа ранг ва қувончлар олиб келади.
Бўрсиқлар яшайдиган чуқур жарлик шу қадар тикки, у ерга чиқмоқчи бўлсанг, қумликлардаги бўрсиқ излари ёнида сенинг ҳам қўлларинг излари қолиши аниқ. Мен эски арчанинг танасида ўтирган куйи асосий уяни кузата бошлайман. Олмахон қишга тайёргарликни бошлаб, дарахт пўстларини тахламлоқда. Шу пайт атрофни сукунат қоплади. Бу сукунатни эшитган ҳар қандай овчи бўрсиқлар уясини соатлаб кузатиб ўтиришдан зерикмайди, аксинча, иштиёқи ошади.
Арчаларга осилиб тургандай кўринган бу оғир осмонда қуёш ҳали-вери чиқай демайди. Бироқ бўрсиқлар қуёш қачон чиқиб, қачон ботишини уясида ўтириб, уясидан чиқмай ҳам билади. Улар қуёш ботгач, ўзининг қоронғу уясидан чиқиб, атрофга қарайди ва ўта эҳтиёткорлик билан тунги овга чиқади. Бир неча бор атрофни ҳидлаб, пишқириб, бирдан яшириниб олади ва одамни ҳайратга солувчи эпчиллик , чаққонлик билан сакраб, олдга интилади. Овчи уни илғаб ҳам қололмайди. Шунинг учун тонг отиши олдидан чиққан маъқул - бўрсиқ овдан қайтмоқда. Бундай пайтда у шунчаки юриб келади, шовқин-сурон кўтармайди. Бироқ қиш яқинлашиб келаётган пайтда бўрсиқни ҳар доим ҳам кўриб, тутиб бўлмайди. Негаки, у ҳар куни чиқмайди. Кечаси билан беҳуда кутганинг, кун бўйи уйқуга кетганинг қолади, холос.
Дарахтлар танаси юмшоқ эмас, ўтиравериб, оёқларинг, тананг қотиб қолади. Бироқ бўрсиқ кўриниши билан барча оғриқларинг унутилади, атроф ёришиб кетгандай туюлади. Унинг тумшуқлари бир кўринди-ю, яна яшириниб олди. Ярим соатдан сўнг яна чиқди ва ўйлаб кўрди-да, уясига бутунлай кириб олди.
Шу кирганича қайтиб чиқмади. Мен ўрмончиникига етмай туриб, оқ пашшалар учиб ўтишди. Наҳотки бўрсиқ уясидан чиқмай ҳам, фақатгина тумшуғини чиқарибгина уларни ҳидини олган бўлса?! Ишонгинг келмайди, лекин бу -ҳақиқат.

92. ИВАН ВА МАРИЯ

Кеч куз ҳавоси баъзан эртаги баҳорга ўхшаб кетади: бир томон - оппоқ қор, бир томон - қорайган тупроқ. Фақат баҳорда ҳаммаёқдан тупроқ ҳиди, кузда эса қор ҳиди уфуради. Бу ўзгаришларга биз бирдан ва табиий кўникамиз, шундай бўлиши керакдай- қишда-қорга, баҳорда - ер ҳидига, ёзда - тупроқ тафтига, кузда - яна қор ҳидига.
Қуёш ҳар замонда бир кўриниб, шундай завқли онларни инъом қилиб кетадики, тасаввур қилиш қийин! Шунда кўзларимизга шамоллардан омон қолган тол барглари ёки шундоқ оёғимиз остида жилмайиб турган кўм-кўк гуллар уринади,дилимизни нурлантириб юборади.
Кўм-кўк гулга қараб, ҳайратланаман. Унда Иванни кўраман. Ёлғиз шу Ивангина тирик қолибди. Бу бизнинг маълум ва машҳур гулимиз - Иван ва Мария!
Тўғрисини айтсам, Иван ҳақиқий гул эмас. У жуда кўплаб майда-майда жингала баргчалардан иборат.Ҳақиқий гул бу - оналик ва оталик гуллари сарғиш тус олиб, товланиб турган олтинранг Мария. Бу айнан Мариядан тушган кузги уруғлар, улар яна йил бўйи ерни қоплаб олишади. Мариянинг юмуши оғирроқ. Шунинг учун ҳам у Ивандан аввалроқ ерга тушади.
Менга эса Иваннинг аёзларга дош бериб, кўм-кўклашиб кетгани ёқади. Кеч кузнинг мовийранг гулини нигоҳларим билан кузатар эканман, оҳиста сўрайман:
- Иван, ҳой, Иван! Мариянг қаерда?

93. ТУМАН

Юлдузли ва камдан-кам учрайдиган илиқ тун. Тонг ёришай-ёришай деганда эшик олдидаги зинапояга чиқдим. Ёлғиз томчини томдан ерга тушганини эшитдим. Қуёш нурлари чиқар-чиқмас ҳаммаёқни туман босди ва биз чеки йўқ туман денгизининг қирғоқларига келиб қолдик.
Илк ёруғлик нурлари тарқалишининг бебаҳо ва сирли дамларида баргсиз дарахтлар тарам-тарам бўлиб туришади, қайинлар бошдан-оёқ, тоғтерак ва заранг дарахтларининг энг баланд жойлари таралгандай. Мен аёзнинг туғилишига гувоҳ бўлдим. У қандай қилиб сарғайган, қуриган дарахтларни совуриб, оппоқ рангга бўяганини, кўлмаклар юзига юпқа ойналар тортганини кўрдим.
Қуёшнинг чиқиб келишида булутларда ўша қирғоқ қиёфаси кўринди ва осмонда осилиб қолди. Қуёш нурларида туманни сизиб ўтиб, ниҳоят кўл кўринди. Нур билан тўлиб турган туманда ҳамма нарса бўртган ҳолда кўринарди: ёввойи ўрдаклар ҳужумга шайланган армиядай саф тортиб, оққушлар эса эртаклардан чиққан сув ичидаги оппоқ тошли шаҳарга ўхшаб тўпланиб туришарди.
Уясидан чиқиб, баландларга муҳим иши бордай сайроқи қуш учиб келди, бу тасодиф эмас экан. Бошқа томонлардан ҳам шу йўналишда қатор-қатор йўлдошлари келиб бошлади. Мен кўлнинг ёнидаги ботқоқликка етганимда уларнинг катта галасини кўрдим. Баъзилари дарахтларда ўтирар, кўпчилиги дўнгликларда югурар, сакрашар, баҳордагидай бир-бирларини чақиришарди.
Фақат мана шундай тиниқ кўм-кўк аёзли кундагина эрта баҳорнинг илк кунларини фарқлай олиш мумкин эди. Юрагингнинг туб-тубида ҳали баҳоргача узоқлигини ҳис этиб турасан, унинг севинчларини хотиржамлик билан кутасан. Нимадир юрагингни, руҳингни, борлиғингни оғритиб ўтса-да, бу оғриқлар сени қувонтиради - ўтиб кетди-ку, дейсан! Шунда ғамғин ўйларга ботасан. Ахир дард эмас, ҳаёт, Вақт ўтиб кетди-ку…
Кириб келаётган улкан аёзли кунда кўл бутунлай музли ойнага айланди. Ҳар кун ойнадаги қора сувлар сиқилиб-сиқилиб, оппоқ қирғоқларга сингиб борди. Энди кўл тип-тиниқ, ўзи-да бундан қувонди. Тоғлардан баҳордагидай оқимлар шовқин-сурон солиб тушишди. Бироқ қуёш юзини булутлар тўсгач, унинг нурлари туфайлигина сув ҳам, ёввойи ўрдаклар ҳам армияси ҳам , оққушлар шаҳари ҳам яққол кўринди. Туман яна ҳамма нарсани ёпиб ташлади, кўл ҳам кўринмай қолди. Яна осмонда осилиб турган оқимлар қолди, холос.

94. КУЗГИ ЯПРОҚЛАР

Қуёш чиқиши олдидан ўтлоқзорга биринчи аёз тушди. Яшириниб, бир чеккадан кузатсанг, нималар рўй бермайди ўтлоқзорда! Ғира-шира тонгда бу ерга кўзга кўринмас ўрмон жонзотлари келишади ва бутун ўтлоқзор бўйлаб оппоқ бўз матоларни ёйиб чиқишади. Қуёшнинг илк нурлари бу матоларни йиғиб олади ва оппоқ рангларни яшиллик эгаллайди. Оқлик аста-секинлик билан йўқола бошлайди, фақат дарахтлар соясида ва дўнгликлардагина бу оппоқ қийиқлар анча вақтгача сақланиб туради.
Мовий осмон билан олтинранг дарахтлар ўртасида нималар рўй бераётганига тушунмайсан. Шамол баргларни олис-олисларга олиб кетади ёки майда қушчалар гала-гала йиғилишади-да, узоқдаги иссиқ ўлкаларга йўл олишади.
Шамол - ғамҳўр хўжайин. Ёз бўйи тинмайди - ҳамма жойни кезиб, кўриб чиқади. У танимаган, билмаган баргнинг ўзи қолмайди. Кузда эса бу ғамҳўр хўжайин ҳаммасини йиғиб олади.
Барглар тўкилади. Шивир-шивирларида - видо, абадий видо. Уларнинг ҳаёти шундай қурилган: қадрдон, туғилган маконингдан айрилдингми, видолаш, жон бермоқдасан, ахир!...

95. КЕЧИККАН КУЗ

Буралиб-буралиб бораётган тор йўлдай куз узайиб борди. Ҳали аёз, ҳали ёмғир. Бирданига қишдагидай қор, ортидан изғирин ҳаммаёқни супуриб, музлатиб кетади. Яна қуёш, яна илиқлик ва яшиллим бошланади. Олисларда, ўрмоннинг четида қайин олтин баргларини товлантириб турибди. У музлаб қолган, шу кўйи қимирламайди. Шамол унинг баргларини битта қўймай юлиб олибди.
Кечиккан куз. Четан дарахтлари аёздан тиришиб туришибди - «ширинлашиб кетишган».Кечиккан куз эрта келган баҳорга шу қадар ўхшашиб кетадики, уларнинг фарқини билиб олгач, ўйлайман: «Бу қишдан чиқсам, кўкламга етсам, армоним қолмасди».
Шунда ҳаётда ҳаммаси қандай бўлса, шундай бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаб қоласан; ўзингни ўзинг англаб, тоблаб боришинг, тер тўкишинг , шундан сўнггина қувонишга ҳақли эканлигингни сезишинг, ҳис қилишинг керак. « Ниначи ва чумоли» масали эсга тушади, чумолининг қатъиятли сўзлари жаранглайди қулоқларинг остида: « Қилган ишинг куйлаш, энди бориб, ўз куйингга ўзинг рақсга туш». Эрта баҳорда ҳам яна шундай беминнат қувончлар кутасан; баҳор келиб, у билан бирга тириласан, ниначидай чумоли ҳақида, айтганлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайсан.

96. ИЛДАМ ОЁҚ

Икки сой оралиғидаги бу ялангликда яқиндагина оппоқ қўзиқоринларни кўрган эдим. У ҳозир оппоқ. Ҳар куни устига оппоқ дастурхон ёзилади; ҳаттоки қип-қизил четан дарахти ҳам аёз билан қопланган. Катта сокин ирмоқлар музлаган, кичкина илдам оёқ ирмоқчалар эса тиним билмайди.

97. ЎРМОН ДАРАХТЛАРИ

Биринчи қор. Ўрмон қанчалик тинч ва илиқ бўлмасин, эримайди. Дарахтлар оппоқ қор билан бурканган, қўллари осилиб турибди. Қайинлар қаддини букиб, ерга қадар эгилиб туришибди ва юмалоқ аркларга ўхшаб қолишган. Дарахтлар ҳам одамларга ўхшайди. Арча қанча оғирлик бўлса, синиб кетса кетадики, кўтаради, аммо эгилмайди; қайинлар елкасига оғирлик тушдими, тамом, дарров қадларини букишади. Арча бошида савлат тўкиб турган ғўшшалари билан ўзини шоҳдай сезса, қайин кўз ёш тўкади.
Ўрмондаги қорли сукунатда қор ичидан кўриниб турган фигуралар шундай аниқ кўзга ташланадики, ғалати бўлиб кетасан: « Нимага улар бир-бирига ҳеч нарса дейишмайди, фақат мени кўриб, мендан тортиниб туришибдими?» Қор учқунлаётганда қорли учқунларнинг шивири эшитасан, улар ўша ғаройиб фигуралар билан сирлашаётгандай…

98. АСИР ТУШГАН ДАРАХТЛАР

Дарахт бошидаги ғўшшалар кафтдай очилиб, ёғаётган қорларни териб оларди, шундан шундай гувала пайдо бўладики, қайин тепаси майиша бошлайди. Илиқ ҳавода ҳам қор ёғди, ҳаммаёққа сингди. Бошида ғувала кўтариб, дарахтлар арклари билан энкайиб қолишди. Гувалалар қор билан шу қадар қалин қопланишдики, қор ер билан битта бўлиб, баҳор келгунгача қимирламади. Бу арклар тагига ҳам қиш бўйи жониворлар ва аҳён-аҳён чанғидаги одамлар келиб-кетиб туришарди. Мағрур арчалар ёнидаги бошлари эгилиб турган қайинларга одамларга ўхшаб, қўл остидагиларга буйруқ бермоқчидай қараб туради.
Баҳорда қишдан омон чиққан қайинлар яна арчалар билан ёнма-ён тик туришар, қадди букчайиб қолганлари қишда ҳам , ёзда ҳам арчалар орасида қолаверса бўларди-ю аммо букилдингми, ҳаммаси тамом! Енгилгина қорга ҳам дош беролмай, йилдан-йилга арклари кичрайиб, ерга тортиб, майсалар устига қулаб тушиб боради.
Қорли қишда ёш ўрмонга кириб бориш ваҳимали; кириб ҳам бўлмайди. Ёзда мен юрган ўша кенг йўлларга эгилган дарахтлар ётиб олишган, улар шу қадар пастки, у ердан фақат қуёнлар чопиб ўта олишади. Бироқ мен бу ердан ўтишнинг оддий ва ажойиб йўлини биламан, шунда бемалол белни букмасдан ҳам ўтса бўлади. Қўлимга мустаҳкам хипчинни оламан-да, у билан қарсиллатиб, эгилиб турган дарахт шохларини ураман. Шохлардаги қорлар тўкилиб, шохлар бирдан кўтарилади, дарахт менга йўл беради. Аста-секин қадам ташлаб кетарканман, кўплаб дарахтларни сеҳрли таёқчам билан юкларидан халос этаман.

99.ОЛМАХОННИНГ ҚИШКИ ҒАМИ

Олмахонларни ўйлайман: агар қишга йиғиб қўйганлари етиб ортса, яхши - енгил тортасан, аммо ҳозир биз изма-из бораётган олмахон қор оралаб шохнинг ичига кирди. У ердан кузда яшириб қўйган иккита ёнғоғини топди. Ўша заҳотиёқ еди-қўйди. Ўн метрларча югуриб борди-да, яна бир шохни қазиб кўрди: Яна еб қўйди. Бу ҳолат учинчи марта яна такрорланди. Албатта, уни қор остида ерга кўмилган ёнғоқларнинг ҳиди олиб келган деб ўйлаш хато. Демак, у кузда ўзи қўйиб, шохлар ичига яшириб кетган ёнғоқларини, емакларини арчалардан қанча-қанча масофа нарида қўйиб кетганини эслаган, демак, олмахонлар ҳам ўз хотирасига ишониб, қиш ғамини ейдилар, яшайдилар. У ҳар бир емак кўмилган жойни кўзи билан шундай аниқ қўйганки, оралиқдаги масофалар тенглиги одамни хайрон қолдиради, ҳайратга солади.

100. ОЙНИНГ ТУҒИЛИШИ

Тиниқ кўк. Кун чиқар томон сукунат ичида янаям маҳобатли, ҳашаматли. Ҳаво ҳарорати - минус 12. Карнайчи қуш қорли сўқмоқда енгил кайфиятда елиб бормоқда.
Ўрмон кун бўйи тиллолаиб турди, кечга бориб , осмоннинг бир четида шафақ яллиғланди. Бу - шимол шафағи эди - қирмизи-оловранг, арчаларга осилган ўйинчоқлардай. Тоза қоғоздай. У орқали дунёга қарасанг, чор-атроф ол рангга бўялгандай. Бироқ осмонда битта ҳам қизиллик кўринмайди: осмон ўртасида қалин мовий камонли йўл, қизил шафақ устига занжирдай ўралган; четларига турли-туман нозик чизиқлар тортилгандай, улар асосий рангни тўлдириб туришибди.
Тонг чинакамига яллиғланиб, очилгунча қадар чоракам соат ўтди. Янги ой мовий осмонда қизил шафақ рўпарасида турар, у бундай манзарани биринчи марта кўраётгандай ҳайратга тушди…

Ойгул Суюндиқова таржимаси

Таржимондан: «Табиат тилга кириб, унинг сирли ҳаётига кириб борган, гўзаллигини куйлай олган инсонга ўз миннатдорчилигини билдира олганида, аввало, бу бахтга М.М.Пришвинга сазовор бўлган бўларди». -деб ёзган эди Константин Паустовский.
М.М.Пришвин ҳаётининг йўли иккига бўлинди-биринчиси, бой савдогар оиласида кечган болалиги, ёшлиги, муҳит, гимназия, олий таҳсил, Клин ва Лугадаги агрономлик фаолияти, шу соҳага оид биринчи китоби ва... у кутилмаганда иккинчи йўлни танлади. Пришвин хизматдан бўшади-ю, бутун Шимол ва Карелияни қўлида ов қуроли, қалам ва дафтарлар билан пиёда айланди. Шимол таассуротларидан «Ёввойи қушлар ўлкаси» номли китоби дунёга келди ва Пришвин ёзувчи сифатида тилга олинди. У саёҳатини давом эттириб, бутун Ўрта Россия, Шимол, Қозоғистон ва Узоқ Шарқни кезиб чиқди.
Пришвин табиатни жуда севди, ардоқлади. Ҳар бир заррадан тортиб, улкан ҳодисаларгача уни ҳайратга солади. Ёзувчи ижодида табиат жонли, азиз, севимлики, уни куйлаганда, шундай самимий, шундай содда ва ширали тилда дилидаги, кўрганларини, билганларини халққа етказа олганки, оқибатда унинг барча асарлари бугунги кунда ҳам севилиб ўқилмоқда.