Бу воқеа жанубий Испаниянинг тоғли депараларидан бирида рўй берди.
Июнь ойининг сўлим оқшоми эди, ойдин кеча, тўлин ой осмон пештоқида осилиб турарди, одатан, кундузи жала қуйиб ўтган бўлса, димиққан кечалари ой нафармон нур таратади, бинафша гуллаётган кезларда бу ҳол табиий ҳисобланади, пастак жануб ўрмонлари билан қопланган ясси тоғларнинг довонлари сутдай оқариб кўзга яққол ташланиб турарди, довон уфққа бош қўйган.
Довонлар орасига жойлашган энсиз водий шимол томонга чўзилиб кетган. Водийнинг бир тарафига довоннинг кўланкаси тушиб турар, мозор сукунати ҳукм сураётган бу оқшомда тоғ жилғаси бир маромда жилдирар, гоҳ сафсар маъдан, гоҳ ёқут, гоҳ тиллақўнғиз сирли шуъла сочар, оламни нурга тўлдираётган мўъжиза кўзни қамаштирарди. Қарши тарафдаги адирлар водийдан чекиниб, ўрнини паст текисликларга бўшатиб берган, текислик бўйлаб эски тош йўл ўтган. Шу пастликда жойлашган тошқўрғон ҳам ниҳоятда кўҳна кўринарди. Бемаҳалда тошқўрғонга олдинги ўнг оёғи оқсаётган тўриқ айғир отини қичамасдан миниб келаётган марокашлик бир киши ташриф буюрди. У баланд бўйли, оқ жундан тўқилган кенг-мўл яктак кийиб, бошига попукли ҳожидўппи қўндириб олган эди.
Тошқўрғон одам зоти қирилиб кетгандек ҳувиллаб ётарди, ўз ҳолига ташлаб қўйилганга ўхшарди. Аслида ҳам шундай эди. Марокашлик киши дастлаб серсоя кўча бўйлаб,тош-девор уйлар оралаб ўтди; уйларнинг деразалари ўрнида бўшлиқ қорайиб кўринарди, томорқадаги боғлар ёввойилашиб кетган эди. Кейин у ойдин майдонга чиқди; бу ерда устига шийпонча қилинган ҳовуз, пештоқига Мадоннанинг зангори ҳайкалчаси ўрнатилган черков, ҳамон одамлар истиқомат қилаётган бир нечта ҳовли бор эди. Олдинда эса, майдонга кираверишда карвонсарой жойлашган.Пастки қаватдаги деразалардан ғира-шира нур тараларди. Эгар устида мудраб келаётган марокашлик бирдан ҳушёр тортиб, жиловни силтади, оқсаб келаётган от ўнқир-чўнқир тош тўшалган майдон бўйлаб жадал юриб кетди, туёқ товушлари тун қўйнидан акс садо берарди. Туёқ товушини эшитиб карвонсарой бўсағасига кичрайиб, қоқ суяк бўлиб қолган кампир чиқди, дафъатан уни тиланчига ўхшатиш мумкин эди. Сўнг кулча юзли, ўн беш ёшлар чамасидаги қизалоқ остонада пайдо бўлди; унинг жамалаги пешонасига тушиб турар, яланг оёқларига шиппакча илиб олган, эгнида оқиш печакгул тусидаги енгил куйлак. Бўсағага бошини қўйиб ётган эшакдек қоп-ўора ит ҳам ўрнидан турди, унинг жунлари сип-силлиқ бўлиб, кесилган қулоқлари динг бўлиб турарди. Марокашлик киши остонага етар-етмас отдан тушди. Ит шу заҳоти кўзларини чақнатиб, тишларини хунук иржайтириб олға ташланди. Марокашлик қамчиси билан итни ҳайдашга уринди. Қизалоқ дарҳол итга танбеҳ берди:
- Негра! – деб қичқирди жарангдор товушда. – Сенга нима бўлди?!
Ит бошини эгиб аста-секин орқасига қайтди, тумшуғини деворга қадаб ётди.
Марокашлик киши испан тилини бузиб гапирарди, салом-аликдан қилди, сўнг шаҳарда темирчи борми деб сўради, эртага отни тақалатиш керак экан. Отни кечаси қаерда қолдириш мумкин? Отга ем топиладими? Ўзига ҳам овқат берилса, чакки бўлмасди. Қизалоқ унинг баланд бўйига, чечак излари қолган чўтир юзларига қизиқсиниб қаради. Қўноқ итга хавотирланиб назар ташлаб қўйди, ит жимгина ётибди, худди хафа бўлиб қолганга ўхшарди, қулоғи хийла оғир кампир эса товушини кўтариб шоша-пиша жавоб қайтарди: темирчи бор, хизматкор уй ёнидаги молхонада ухлаб ётибди, кампир уни ҳозир уйғотади, у отга ем беради. Овқат масаласида ҳам меҳмоннинг кўнгли тўқ бўлсин: тухум қуймоқ тайёрлаб бериш мумкин, лекин кечки овқатдан факат оз-моз ловия бўтқа билан сабзавот қовурдоқ қолган, улар иситиб берилади... Доим ширакайф бўлиб юрадиган хизматкор чол меҳмоннинг отига ем бериб, эгар-жабдуғини ечиб олишда ёрдамлашди.
Ярим соатдан сунг марокашлик киши ошхонада зўр иштаҳа билан овқатланиб, сарғимтир оқ мусаллласни ютоқиб ичиб ўтирарди...
Карвонсарой кўҳна эди. Пастки қават узун-узун даҳлизлардан иборат бўлиб, йўлак охирида юқори қаватга чиқиладиган айланма зинапоя бор. Юқори қават иккига бўлинган: чап томонда кенг-мўл, лекин шифти пастак хоналар, хоналарга камбағал қўноқлар тунаши учун сўричалар қўйилган; ўнг томонда ҳам пастак шифтли ошхона, шифтларию деворлари қуюқ тутундан қасмоқ бўлиб кетган емакхона, деворлари хийла қалин бўлгани боис токчадан ичкарига ўрнатилган кичик деразалар, бурчакда ўчоқ, устига ҳеч нарса ёпилмаган стол, ёнида ўтиргичлар, ерга ғадир-будур тошдан тўшама қилинган, у силлиқ-сирпанчиқ бўлиб кетган. Бу хонада керосин лампа милтиллаб турарди, у қоп-қорайиб кетган темир занжирга осиб қўйилган, хонага ачимсиқ тутун ва пиёздоғ ҳиди ўтириб қолган. Кампир ўчоққа ўт ёқиб совуб қолган қовурдоқни иситди, меҳмон сирка ва зайтун мойи аралаштирилган совуқ ловия бўтқани еб бўлгунча тухум қуймоқ қам тайёр бўлди. У ечинмади, яктагини ҳам ечмади, чотини кериб талтайиб ўтирарди, оёқларида қалин теридан тикилган бошмоқ бор эди, оқ жундан тўқилган кенг-мўл иштонининг пойчаси бурмали бўлиб, тўпиғини қисиб турарди. Қизалоқ кампирга кўмаклашар, меҳмон иш буюрса сўзсиз бажо келтирар, лекин кутилмаганда еб қўйгудек ўқрайиб қарашларидан, қуруқшаган чўтир башарасию юпқа лабларидан, кўкимтир мўйловидан қўрқар эди. Қўноқ шундоқ ҳам қўрқинчли кўринарди. Бўйи жуда баланд, кенг яктакда яна-да ваҳимали кўринади, попукли ҳожидўппи кийиб олган боши хумдек. Устки лабининг четларида дағал шоп мўйловининг учлари жингалак бўлиб буралиб қолган. Соқолинининг орасида қам яккам-дуккам жингала тола учрарди. Бошини хиёл орқага ташлаб кеккайиб ўтиргани боис қўнғир тери остида ўйнаб турган кекирдак олмаси – буқоқчаси одатдагидан йирикрок кўринарди. Қорайиб кетган ингичка бармоқларида кумуш узуклар товланиб турарди. У миқ этмасдан еб-ичиб ўтирибди.
Кампир қовурдоқни иситиб, қуймоқ пишириб бўлгач, гулхани сўна бошлаган ўчоқ ёнига ҳолсизгина чўкди ва ундан қаёқдан қаёққа кетяпсан деб сўради бақириб. Меҳмон бўғиқ товушда:
- Узоққа, - деб гапни қисқа қилди.
Қовурдоқ билан қуймоқни пок-покиза туширгач, бўшаб қолган кўзани чайқаб кўрсатди: қовурдоққа аччиқ қалампир кўп қўшилган экан, оғзини куйдириб юборибди. Кампир боши билан қизалоққа ишора қилди, қизалоқ кўзани олиб емакхонанинг қия очиқ эшигидан чиқиб, тим қоронғи даҳлиз томон йўл олди – даҳлизда тиллақўнғизлар худди эртаклардагидек учқун сачратиб бир маромда парвоз этар, ажабтовур нур таратар эди.
Қўноқ қўйнидан папирос чиқариб тутатди, қизалоқ кетган томонга им қоқиб:
- Неварами? – деб сўради.
- Жияним, етимча, - деб жавоб берди кампир қичқириб. Сўнг эзмаланиб ҳикоя қилишга тушди: у марҳум акасини, яъни қизалоқнинг отасини жуда яхши кўрар, акасини деб қариқиз бўлиб ўтириб қолган, мана шу карвонсарой акасининг хусусий мулки ҳисобланар, акасининг хотини бундан ўн икки йил муқаддам бандаликни бажо келтирган, ўзи ўн саккиз йил бурун ўлган, мол-мулкини бир умр фойдаланиш учун кампирга васият қилиб колдирган, ҳувиллаб ётган қўрғончада яшаш ниҳоятда оғирлашиб кетган экан...
Марокашлик киши кампирнинг дийдиёсини паришонхотирлик билан тинглади, унчалик эътибор бермади, у ўзининг ўй-хаёллари билан банд эди. Қизалоқ кўзани мусалласга тўлдириб қайтиб келди. Қўноқ унга кўзларини лўқ қилиб тикилганча папирос қолдиғини шу қадар жаҳд билан ютоқиб тортдики, оқибатда кирлаб кетган бармоқларининг учини куйдириб олди. Сўнг янги папиросини шоша-пиша ўт олдириб, товушини кўтариб кампирга – у кампирнинг қулоғи оғир эканини аллақачон сезган эди – мурожаат қилди:
- Агар жиянинг мусалласни ўз қўли билан қуйиб берса, бағоят мамнун бўлардим.
- Бу унинг иши эмас, - деди кампир чўрт кесиб. Сўнг зардали оҳангда қичқирди: - Кеч бўлди, мусалласни ичиб, бориб ухлагин. Ҳозир жияним сенга юқори хонага ўрин тўшаб беради.
Қизалоқ кўзларини чақнатиб дик этиб ўрнидан турди, кампирни ортиқча жавратиб ўтирмасдан тап-тап қадам ташлаб зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилди.
- Ўзларинг қаерда ухлайсизлар? – деб марокашлик ҳожидўпписини терлаб кетган пешонасидан бир оз суриб куйди. – Юқорида ётасизларми?
Кампир қичқириб гап бошлади: ёзда юқори қават жуда иссиқ бўлади, ижарачилар бўлмаган чоғларда – энди деярли келмай қўйди - улар пастки қаватнинг нариги бўлмасида, қарама-қарши томонда, ҳув анави хонада ётадилар. У қўли билан ўзлари ётадиган хонани кўрсатиб, сўнг яна ишлар чаппасига кетганидан шикоят қилишга тушди, ҳамма нарса қиммат бўлиб кетди, шу боис, иста-истама йўловчилардан ҳам қимматроқ ҳақ олишга туғри келади...
- Мен эртага вақтли кетаман, - деди марокашлик кампирнинг гапларига эътибор бермай. – Эрталаб фақат қаҳва берсанг бас. Демак, ҳозироқ ҳисоб-китоб қилиб қўйишимиз мумкин. Хўш, қанча бўлди? Ҳозир тўлайман. Йў-ўқ, аввал майда пулларимни топай-чи, деб у яктагининг ички чўнтагидан юмшок қизил теридан тикилган ҳамёнини чиқарди, боғичини бўшатиб оғзини очди, стол устига бир ҳовуч тилло тангаларни жаранглатиб тўкди. Гўё пулларини синчиклаб санаётгандек пешонасини тириштирди, кампир эса ўчоқ ёнида ўтирган ўриндиғидан туриб, кўзларини ола-кула қилиб тилло тангаларга тикилди.
Юқори қават қоронғи, жуда иссиқ эди. Қизалоқ чўмилиш хонасининг эшигини очиб қўйди. Қоронғиликдан иссиқ ҳаво гуп этиб юзига урилди, дарча тирқишларидан ярқ этган нур кўринди, бу хонага ҳам худди пастдаги каби кичикроқ иккита дераза ўрнатилган эди. У хона ўртасидаги юмалоқ столни чаққон айланиб ўтиб деразани очди, дарча эшикчаларини итариб ташқарига очди. Ойдин кеча, бепоён осмон оқаришиб, яккам-дуккам юлдузлар кўзга ташланарди. Нафас олиш хийла енгиллашди, водийдан жилға жилдираши эшитиларди. Қизалоқ тўлин ойни томоша қилиш учун деразадан бошини чиқарди, ой ҳамон тепада бўлгани боис хонадан кўринмасди. Сўнг қизалоқ пастга қаради: ерда турган ит тумшуғини кўтариб унга қаради. Бундан беш йилча олдин битта дайди кучук қайлардандир адашиб карвонсаройга келиб қолади, у қизалоқнинг кўз ўнгида катта бўлади, қизалоққа ўрганади, у эгасига шу қадар садоқатли эдики, бундай садоқатни фақат итлардан кутиш мумкин. Зотан, ит вафодор бўлади.
- Негра, нима учун ухламаяпсан? – деди қизалоқ товушини пасайтириб.
Ит беозоргина ғингшиб, бошини бир силкитди-да даҳлизнинг очиқ эшиги томон ташланди.
- Қайт, қайт! – деб буюрди қизалоқ шошиб. – Жойингга бор!
Ит таққа тўхтади, тумшуғини кўтариб қизга қаради, кўзларидан учқун сачрарди.
- Сенга нима керак ўзи? – деб сўради қизалоқ эркаловчи товушда. У доим ит билан худди одамдек гаплашарди. – Нега ухламаяпсан, эсипаст? Ё осмондаги ой хаёлингни олиб қочдими?
Ит бир нима деб жавоб бермоқчи бўлгандек яна тумшуғини юқори кўтарди, беозоргина ғингшиб қўйди. Қизалоқ елкаларини қисди. Бу ит унинг сирдоши, ёруғ оламдаги бирдан-бир жонли сирдоши эди. Итнинг ҳис-туйғулари, ўй-хаёллари доимо қизалоққа тушунарли бўларди. Лекин ҳозир ит нима демоқчи, у нимадан хавотирланяпти – буни қизалоқ яхши англамади, шу боис қўлини арра-арра қилиб, ёлғондакам жаҳли чиққандек:
- Негра, жойингга бор! Ухла! – деб шивирлади.
Ит жойига бориб ётди. Қизалоқ дераза ёнида яна бирпас ўйланиб турди. Балки, итни анави марокашлик тасқара хавотирга солгандир? Ит карвонсарой қўноқларига деярли эътибор бермасди, ҳатто кўринишидан қароқчи ёки дордан қочган каззобга ўхшаган кимсаларга қайрилиб ҳам қарамасди. Лекин баъзан айрим кимсаларга нима учундир худди қутургандек ташланиб қоларди, момогулдуракдек вовуллаб оёқдан оларди. Бундай пайтларда қизалоққина итни ҳовуридан тушириб, қайтариб коларди. Ҳозир итни безовта қилаётган нарса бошка бўлиши мумкин: димиққан кеча, ҳавода килт этган шабада йўқ, осмонда тўлин ой чарақлаб нур таратяпти – бундай ҳолат ҳар қандай тирик жонни қуюшқондан чиқариб юборади. Бу оқшом ҳукм сураётган ғайритабиий сукунат оғушида водий тарафдан жилғанинг жилдираши, молхонада дуп-дуп ер тепиб, шаталоқ отиб юрган эчкининг туёқ товушлари баралла эшитилиб турарди. Қўққис қари хачирми ёки марокашлик қўноқнинг айғир отими гурс этказиб эчкини тепиб юборди, эчки жонҳолатда шу қадар хунук маъраб юбордики, қулоқни тешиб юборадиган ўткир товуш узоқ-узоқларга таралиб кетди. Қизалоқ сапчиб ўзини деразадан ичкарига олди, нариги деразани ҳам очиб, дарча эшикчасини итариб юборди. Хона ғира-шира ёришиб қолди. Хонада столдан ташқари, эшикдан кираверишдан унг томонда учта кенг каравот бор – бош тарафи деворга тираб, устига дағал чойшаб ташлаб қўйилган. Қизалоқ чойшабларни йиғиштириб кираверишдаги биринчи каравотга ташлади, ёстиқ тўшаб, кўрпача ёзди. Шу пайт хона эртаклардаги мўъжиза маскани каби ёришиб, майин кўкимтир шуълага чулғанди – тиллақўнғиз қизалоқнинг гажагига қўнган эди. Қизалоқ уни астагина силади, тиллақўнғиз гоҳ ялтираб, гоҳ хира тортиб хона бўйлаб парвоз эта бошлади. Қизалоқ димоғида хиргойи қилганча сакраб-сакраб пастга тушиб кетди.
Емакхонада марокашлик киши эшикка орқа ўгириб ғўдайиб турар, паст, лекин қатъий оҳангда, асабийлашиб кампирга бир нималар деяётган эди. Кампир бошини чайқаб рад маъносини билдирарди. Марокашлик елкаларини учириб қўйди, хонага кириб келган қизалоққа шундай ўқрайиб қарадики, шўрлик жонҳолатда ўзини орқага ташлади.
- Жой тайёр бўлдими? – деди у бўғиқ товушда.
- Ҳаммаси тайёр, - деди қизалоқ шошиб.
- Тепага қандай чиқишни билмайман, мени кузатиб қўясан.
- Сени ўзим кузатиб қўяман, - деди кампир дарғазаб бўлиб. – Орқамдан юр!
Кампир айланма зинапоядан инқиллаб-синқиллаб юқорига кўтарила бошлади, марокашлик эса бошмоқларини тап-тап этказиб унга эргашди. Қизалоқ бирпас туриб ташқарига чикди. Остонада ётган ит сакраб турди, атрофида чир-чир айланди, думини ликиллатиб қувончини изҳор этди, сўнг эгасининг юзларини ялади.
- Нари тур, нари кет! – деб шивирлади қизалоқ ва эркалаб итни итариб юборди, остонага ўтирди.
Ит ҳам орқа оёқларига чўнқайиб ўтирди, қизалоқ унинг бўйнидан қучоқлаб олди, пешонасидан ўпди, ўтирган кўйи ит билан бирга тебрана бошлади. Юқори қаватдан марокашлик қўноқнинг оғир қадам товушлари, бўғиқ овози эшитилиб турарди. У хотиржамлик билан кампирга бир нималар дерди, лекин нима деяётганини аниқ-тиниқ англаб бўлмасди. Ниҳоят, у товушини кўтариб:
- Бўпти, бўпти! Фақат айтгин, кечқурун ичиб ётишим учун сув келтириб берсин, - деди.
Зинапоядан эҳтиёт бўлиб тушаётган кампирнинг қадам товушлари эшитила бошлади.
Қизалоқ дахлизга кириб кампирнинг йўлини тўсди ва:
- Мен унинг нима деганини эшитдим. Йўқ, ўлсам ҳам олдига ёлғиз чиқмайман. Ундан қўрқаман, - деди қатъиян.
- Бемаъни гапларни қўй, - деб қичқирди кампир. – Сен ўйлайсанки, мен яна-тағин мана шу маймоқ оёқларимни судраб тепага чиқиб тушаманми? Ёруғроқ бўлса ҳам кошкийди. Зинапоянинг сирпанчиқлигини айтмайсанми?! Унинг нимасидан қўрқасан?! Туғри, у каллаварам, аччиғи бурнининг учида турар экан, лекин ёмон одам эмас. У сен ҳақингда куйиб-пишиб гапирди, сенга раҳми келяпти, эҳ, шўрлик, сепи бўлмаса, ким ҳам уни келин қиларди деяпти. Тўғри айтяпти, сенда сеп нима қилсин! Биз аллақачон хонавайрон бўлганмиз. Анави безот диктаторга минг раҳмат, ҳеч бўлмаса, тинчликни сақлаб турибди. Аслини олганда, бундай тинчлик бўлганидан кўра қир-пичоқ уруш бўлгани афзал эди, ўшанда ебтўймас, хушомадгўй, олчоқ амалдорлардан бирйўла қутулардик... Бечора дехконларни куряпсанми, курук устихон булиб колган. Карвонсаройга ҳам гадойнусха қаланғи-қасанғилардан бошқа ҳеч ким келмай қўйди...
- Боя мен кирган пайтда нима учун аччиғланиб турган эди? – деб сўради қизалоқ.
Кампир каловланиб колди.
- Нима учун эмиш! – деб ғулдиради кампир. – Мен унга бировнинг ишига бурнингни тиқмагин дедим... Шундан кейин жаҳли чиқиб кетди... Қани, ивирсима, дарҳол унга сув элтиб бер! – деди кампир зардаси қайнаб. – Сув элтиб берсанг у сенга бир нима совға килади. Ваъдаси шундай. Бор деяпман!
Қизалоқ кўзани тўлдириб юқори қаватгадаги хонага сув олиб чиқди. Марокашлик қўноқ уст-бошларини ечиб каравотда алчайиб ётарди: ой ёруғида унинг митти кўзлари ялтирар, сочлари тап-тақир этиб олинган боши қорайиб, узун ички оқ кўйлаги оқаришиб кўринар эди. Сўлақмондай яланғоч оёқларини ўйнатиб қўярди. Қувури узун, барабанли тўппонча хона ўртасидаги столда ялтираб турарди. Устки кийим-бошларини ёнидаги каравотга уюб қўйибди... Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда ваҳимали кўринарди. Қизалоқ югуриб бориб кўзани тақ этказиб столга қўйдию зинғиллаб орқасига қайтди, лекин марокашлик қўноқ сакраб турди-да қизалоқнинг қўлидан ушлаб олди.
- Шошма, шошма, - деди у қизалоқни каравот томон тортиб. Уни қўйиб юбормасдан каравотга ўтирди, сўнг: - Бир дақиқа ёнимда ўтир, ўтир деяпман, ўтирсанг-чи... Гап бундай, яхшилаб қулоқ сол... – деб шивирлай бошлади.
Капалаги учиб кетган қизалоқ итоатгуйлик билан унинг ёнига ўтирди. У энтикиб-энтикиб изҳори дил қила бошлади: худо ҳаққи, сени кўрдиму эс-ҳушим бошимдан учди, бир кўришдаёқ севиб қолдим, ёлғон гапираётган бўлсам, ана, тепамда худо турибди, бир ўпич учун ўн тилло, йигирма, бор-э ўттиз тилло бераман, бир халта тилло тангам бор... кейин...
Ёстиқнинг остидан қизил ҳамёнини олиб, қўллари қалтираб унинг боғичини бўшатди, тилло тангаларни тўшакка тўкиб ташлади.
- Мана, кўрдингми, тиллоларим кўпмикан?.. Кўрдингми?.. – деб ғулдиради.
Қизалоқ шаҳд билан бош чайқади, каравотдан сапчиб турди. Лекин қўноқ уни дарҳол тутиб олди, қуруқшаган, чапдаст қўли билан оғзини ёпиб каравотга ётқизди. Қизалоқ жонҳолатда типирчилаб унинг қўлини оғзидан юлқиб ташладию:
- Негра! – деб чинқириб юборди.
Энди у қизалоқнинг оғзини бурнига қўшиб маҳкам сиқиб, бўш қўли билан типирчилаётган оёғини ушлашга ҳаракат қилди; қизалоқ эса шаталоқ отиб унинг қорнига аёвсиз тепа бошлади. Шу пайт зинапоядан учиб чиқаётган итнинг ириллаши қулоққа чалинди. Марокашлик қўноқ сакраб ўрнидан турдию столда ётган тўппончасини қўлига олди, бироқ тепкини топишга ҳам улгурмасдан полга қулади – ит унга ташланиб, устидан босиб тушди. Устига миниб олган ит ҳамласидан юзини тўсиб ётган жойида ирғишлар, итнинг иссиқ нафаси юзига урилган чоғда баттар тўлғонар, типирчилар, оҳ-воҳ қилар эди, лекин беихтиёр бошини орқага ташлаб, иягини кўтарган заҳоти ит унинг томоғидан ғарч этказиб тишладию кекиртагини юлиб олди, ҳалқумидан тизиллаб қон отилиб кетди.
1949, 23 март
Олима Набизода таржимаси