Тунги кўкимтир, зим-зиё осмонда оқиш булутлар сузиб борарди. Тўлин ой атрофини ҳам кўкимтир булутлар ўраб олган. Киши тикилиб қараса, гўё булутлар эмас, балки тўлин ой сузаётганга ўхшарди, атрофидаги юлдузлар бамисоли сочиб юборилган бир ҳовуч жавоҳирдай кўринарди: тўлин ой аста-секин чексиз само узра юксалиб борар ва ўзи билан бирга юлдузларни ҳам ортидан эргаштириб кетаётгандек эди.
Очиқ дераза рахида бошини ортига ташлаганча осмонга тикилиб ўтирган қиз ўзини самодаги ажиб товланишлардан боши бироз айлангандек ҳис этди. Қизнинг ёнида йигит турарди.
— Бу қандай ранг экан-а, ҳеч ажратолмаяпман! Толя, сиз ажрата оласизми?
— Киса, ниманинг рангини?
— Сизга неча маротаба айтишим керак, исмимни бундай атаманг деб...
— Узр-р, Ксеня Андреевна.
— Мен булутлар ортида қолган осмоннинг рангини айтаяпман! Ҳайратомуз ранг-а! Ҳам қўрқасан, ҳам ҳайратга тушасан киши. Ҳақиқатан ҳам бу самовий, ерда бунақаси учрамайди. Зумрадга ўхшайди.
— Осмонда кўринаяптими, демак, у самовий. Қизиқ, нима учун у зумрад бўларкан — Зумраднинг ўзи нима — Ранглар қоришмасими — Мен уни ҳеч кўрмаганман. Бу сўз шунчаки ёқиб қолган, холос.
— Ҳа. Эҳтимол, бу зумрад эмасдир, балки шунга ўхшаш нарсадир... бунақаси, очиғини айтсам, фақат жаннатда учраса керак. Бу ажойиботни кўриб туриб, жаннат, фаришталар, Арши аъло борлигига қандай ишонмаслик мумкин?..
— Самбит дарахтида сап-сариқ ноклар..
— Толя, сиз жудаям айниб кетгансиз, Марья Сергеевна, эси паст қиз ҳар қандай ёш йигитдан афзалроқ, деб ҳақ гапни айтган экан.
— Киса, у жуда тўғри айтибди.
Қиз эгнига олачипор гулли чит кўйлак кийиб олганди, оёғида эса арзон пойабзал. Унинг болдири ва тиззалари тўла, сочлари калта қилиб қирқилган, бошини кўрганни ром этадиган бир нозик тарзда хиёл ортига ташлаганди... Йигит бир қўлини қизнинг тиззасига қўйиб, иккинчи қўли билан унинг елкасидан қучди ва лабидан бўса олди. Қиз ўзини унинг оғушидан аста бўшатди-да, қўлини тиззасидан олиб қўйди.
— Тинчликми, хафа бўлдингми?
Қиз бошини дераза кесакисига тиради, шунда йигит қизнинг лабини тишлаганча йиғлаворай деб турганини кўрди.
— Сенга нима бўлди?
— Эй, ўз ҳолимга қўйинг...
— Айт, нима бўлди ўзи?
Қиз шивирлаб деди:
— Ҳеч нарса...
У дераза рахидан сакраб тушди-да, югуриб кетди.
Йигит елка қисиб қўяркан:
— Жинни бўлганми у! — деб қўйди.
1940 йил, 3 октябрь
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.