Об-ҳавосига сал-пал чидаса бўладиган қиш кунларининг бирида, пешиндан кейин Лом йўлига айлангани чиқдим. «Айлангани чиқдим» сўзларини эшитганда олдинга ва орқага силжувчи ҳар хил одамлар орасида одоб сақлаб аста-аста кетаётган, модага мувофиқ кийинган, танишлар учраганда назокат ила жилмайиб, эҳтиром-ла таъзим бажо айлаб, тинмай шляпаларни кўтариб қўйишларни тушунадиган дўстларни огоҳлантириб қўяй, уларнинг умиди пучга чиқади: бу йўл у қадар ёқимли кўринишга эга эмас. Софиядан ҳар хил йўналишда ям-яшил далалар бўйлаб сариқ тасмалардай тарқалиб кетувчи катта йўллар орасида Дунай бўйидаги Лом шаҳри билан туташтирувчи бу йўл энг кимсасиз ва бошкент одамлари менсимайдиган тарафдир. Софияликлар шарққа ва жанубга борадиган йўлларда айланиб юришни афзал кўрадилар. Лом йўлини фақат деҳқонларнинг гурсиллаган одимлари жонлантиради: ҳар пайшанба, яъни бозор куни, оломон турнақатор манзара ҳосил қилиб шовқинлаганча Софияга талпинади.
Лекин бу йўлнинг бир бебаҳо устунлиги борки, унинг бошқа камчиликларини ортиғи билан қоплаб юборади: одам бу йўлда мазза қилиб ёлғизланиши, тўғрироғи, ўзини эркин ҳис қилиши мумкин. Балки, бу менинг назаримда шундайдир. Чунки кўпинча одам шаҳар шовқини ва югур-югурларидан бир дақиқага бўлса ҳам қутулгиси, тоза ҳаводан эркин нафас олгиси келади, мазза қилиб фикр ва хаёлларга берилган холда, жамият расм-русумлари исканжасидан фориғ бўлиб, ҳохлаган ерида тентираб юргиси келади, гоҳ у ён, гоҳ бу ёнга қараб, ҳеч керак бўлмаса ҳам, бировга таъзим қилиб, бировнинг таъзимига жавоб қайтариб, турмуш беҳаловатлиги, ёлғон ва мунофиқлик (тилёғламалик) театрида қатнашиш, беихтиёр бунинг иштирокчиси бўлишдан қочгиси келади. Шу нуқтаи назардан караганда Лом йўли — бениҳоя гўзал жой, фавқулодда ишонарли бошпанадир.
Яна бир зўр томони шуки, бу ерда кўз ўнгингизда бағоят ажойиб, тасвирлаш имкони бўлмаган панорама, бетакрор кўринишлар ястаниб ётади! Кўзларни мафтун этувчи, кўнгилларни антиқа шодлик билан тўлдирувчи манзаралар! Бу ерда шундай енгил-енгил тин оласизки! Бу ердан кенг София текислиги узра ажиб тоғлар силсиласи бутун яхлитлиги билан, кўрки-жамолию гўзаллиги билан қад ростлаганча кўриниб туради. Бу ерда кўҳна тизмалар (Стара-планина) яп-яқин, унинг сон-саноқсиз паст-баланд тепаликларини роҳатланиб томоша қиласиз — битмас-туганмас тизмалари уфқнинг бутун шимолий қисмини эгаллаб ётади! Олис-олислардан бир қараганда бу унчалик баланд бўлмаган ва ўрмонсиз тоғ чўққиси худди бир хил ва ҳеч нимаси билан эътиборга лойиқмасга ўхшаб кўринади; аммо мусаввирнинг ошиқ нигоҳи унда шундай кутилмаган тафсилотлар, шундай бир нафислик, чизгилар, шакллар, ранглар, бурилмаларни кўриши мумкинки... Айниқса, қуёш уни ён томондан ёритганда табиатнинг бу комил асари қаршисида завқдан нафаси тиқилиб қолиши ҳеч гап эмас. Кўҳна тизмалар жанубдаги баҳайбат ва салмоғи оғир Витошанинг бутунлай тескариси. Гогол, Худо рус кишисини худди бир нимтадан уч-тўрт болта зарби билан бироз қўпол қилиб яратганга ўхшайди, деб тахмин қилганидай, Витоша ҳақида ҳам шундай хаёлга боради киши.
Табиат! Мен қачон унинг қаршисида тўхтасам, юрагим ийиб оқиб кетгандай бўлади, бутун борлиғим энг яхши, сокин кечинмалар билан тўлмаган пайти бўлмайди. Фақат у билан бирга бўлган пайтларимдагина ичимдаги қабиҳ хавотирлар ва кундалик майда-чуйда манфаатларнинг овози ўчади. Инсон табиат билан апоқ-чапоқликда ёлғиз ва қушдай эркин бўлади, болага айланган пайтлари оз бўлмайди, бу дунёда борлигидан англашилмас қувонч ҳис қилади, Оллоҳ гўзал, ёруғ, улуғвор қилиб яратган барча нарсалардан ҳеч қандай тўсиқсиз, тўйгунча ором олади, ундан лаззатланади, уни сидқидилдан яхши кўради! Агарки Холуқ инсонни чала қилиб яратган бўлса, агар айблари, ҳирслари, бузуқликлари, руҳий ва жисмоний қусурлари олий комилликдан жуда узоқда бўлса, унутмангки, табиат — унинг энг мукаммал асаридир; унда Яратганнинг мағрур муҳри бор, унинг ўзидай, унинг аслидай кўринишга эга, унинг ўзидай улуғ, унинг ўзидай мангу, унинг ўзидай илоҳий ва меҳрибондир.
Мен феврал ойида Лом йўли бўйлаб сайрга чиққандим, бу сайр руҳимда чуқур ва ўчмас таассурот қолдирди. Кул рангидаги қуюқ булутлар бутун осмонни қоплади, аммо шундай баландликда, тоғ тизмасининг оппоқ чўққилари булутдан холи қолди. Анчагина кучли, лекин соғлом ва ёқимли бир изғириқ; об-ҳаво тинч; сал-пал кўкарган кузги арпапоялар билан ёнма-ён чўзилиб кетган йўлда аравалар заранг қилиб юборган изларнинг охири кўринмайди. Бу изларнинг қоқ ўртасидан бир сўқмоқ ўтганки, у ҳам юрилавериб қотиб кетган. Бу сўқмоқ бўйлаб кетишнинг у қадар оғирлиги йўқ. Қиш совуқлари қамраган кенгликлар мунгли сукут ичра мудрайди; фақат «қа-қа»лаганча қарғалар галаси учиб ўтади ё телеграф симларига қўнади ва ё ерга инади. Оқсочли Витоша ва Кўҳна Тизмаларнинг қорли чўққилари ўз совуқ осмонларидан кафанлари йиртилиб ҳар ер-ҳар ери очилиб қолган ўлик далаларга қандайдир оғир, англашилмас, жиддий назар билан қараб туришарди. Ғарб томонда, унча тик бўлмаган паст-баланд Вискер тизма тоғларининг ёнбағирлари узоқ-узоқларга қараб кетган, у ёқларда булутлар даста-даста бўлиб бутун уфқ бўйи то ергача осилиб тушгани кўриниб турарди. У томондан келаётган қуруқ ва совуқ шамолга қараб у ерда қор ёғаётганини фаҳмлаш қийин эмасди. Йўлда ҳеч зоғ йўқ эди. Бутун манзара сирли гўзалликка тўла — қиш осмони остида аллақандай шеърият уфуриб турарди. Гўзаллик, шеърият... Гап қишнинг жозибасиз ва маъюс манзараси устида кетаётганда, эҳтимол, бу икки сўз ғалати эшитилар. Гўзаллик ва шеърият ҳаёт тушунчаси билан боғлиқ, улар одамда ёрқин ранглар, чароғонлик байрами, биллур жилғаларнинг шилдир-шилдири, сокин сояларда пичирлашаётган япроқлар, ойдин кечаларнинг сеҳрловчи жимлиги ҳақидаги тасаввурни жонлантиради. Аммо ўлик сукунат-чи, ҳеч қандай ҳаракатнинг йўқлиги, миқ этган бир овоз, инсоний ҳароратнинг йўқлиги-чи? Майитли тобут кўриниб турганда гўзаллик туйғуси уйғонадими? Гўзалликнинг биронта унсури бўлмаган жойда шеърият нафаси сезиладими? Билмадим, аммо бу ғамгин қиш манзарасида шундай гўзаллик, шундай шеърият мавжуд эдики, шоирнинг қалами, мусаввирнинг мўйқалами буни гавдалантиришга киришса, барча уринишлар зое кетарди; улар кўкламнинг шодликларга тўла манзарасини бой оҳанг ва қирралари билан тасвирлашда қийналмай нозик санъат шаклларини яратган бўлсалар-да, мен айтган гўзаллик ва шеъриятни яратишда анчагина қийналган бўлардилар. Бу қиш манзарасининг гўзаллиги ва шеърияти шунчаки ҳис қилинар, идрок этилар, фикр гўзаллигидай, ғоянинг кучидай кўнгилдан жой олар эди.
Бу ҳазин манзара бутунича шоирона ниятларга уйғун эди, неча кундан буён менинг хаёлимдан кетмай юрган режамга мос келарди. Мен теран ўйларга чўмиб темирйўл бекатидан бир чақиримча беридаги қоровулхонага етиб бордим.
Вискер томондан эсаётган намчил шамол юзларимга майда қор учқунларини ура бошлади. Кейин ҳавода чир-чир айланаётган ва бир-бири билан тўқнашаётган паға-паға қорлар изма-из келди. Энди қуюқ булутлар менинг бошим устида қалашди. Қош қорая бошлаши билан совуқнинг қаҳри ошди. Шу аснода бир қари деҳқон аёлни учратиб қолдим. У нимагадир улгурмай қолган, ҳассасини тўқиллатиб, ошиққанча тез-тез келарди. Йўлимиз бараварлашганда, мен тўхтаб унга салом бердим. Алик олиб, у ҳам тўхтади. “Илоё тан-жонингиз соғ бўлсин”, — деб қўйди.
Мусичадеккина, жуда қари аёл эди. Кийим-кечак ва латта-путталар тугунига ўхшаб кетадиган бир юк ботиқ кўкраклари устидан кесишган иплар билан сиртига боғлангани сабабли, томирлари бўртган, қоқсуяк қўллари бўш қолган эди.
— Қаёқдан келяпсиз, бувижон? — сўрадим мен.
У мен билмайдиган бир қишлоқнинг отини айтди.
— У бу ердан узоқми?
— Мен каллаи саҳарлаб йўлга чиққандим... Узоқ, тоғларда яшаймиз.
Демак, роппа-роса ўн соат йўл юрибди, мен уни учратганимда ҳам деярли чопиб кетаётган эди!
Мен беихтиёр ёшини сўраганимда:
— Етмишларга бордим-ов, — деди. — Ҳа, шундай, тақсир, етмишлардаман.
Унинг афт-ангори ҳам буни тасдиқлар эди. Вой Худойим-е, йиллар, оғир меҳнат, маҳрумиятлар исканжасида оҳ-воҳсиз ўтган қийинчилик ва машаққатлар унинг юзида нақадар чуқур емирувчи излар қолдирибди-я!
Бу қоқсуяк, тинка-мадори қуриб қорайиб, тупроқ ранг бўлиб кетган юзни ҳамма йўналишда хунукдан хунук чуқур ажинлар қоплаган эди: ҳаёт ўзининг барча шафқатсиз жабру жафоларини шу юзда акс эттирган, аёлга хос бирон бир инсоний нафисликка ўрин қолдирмагандек туюларди. Бу юз, ҳоли-жони қолмаган ва ғазаби қайнаган ҳўкизлардай аллақандай жирканч ифодали машъум бир ниқобга ўхшаб кўринарди.
«Қорай, тери, чида, жон!» — неча-неча асрлар бўйи давом этган қуллик, азоблар, таърифга сиғмайдиган уқубатлар булғор халқининг қалбидан мана шу даҳшатли сўзларни ситиб чиқарди. Бу аянчли юзни кўрганда беихтиёр шу сўзлар ақлга келарди. Фақат унинг хира ва сўник нигоҳли кўк кўзларида энди бу қўрқинчли ниқобни жонлантириб юборувчи аллақандай илиқ, беозор, маъюс бир нур пайдо бўлди.
Бирдан қаердадир жуда яқин жойда аллақандай ҳайвон пихиллади. Мен атрофимга алангладим.
— Нимани қидиряпсан, эй жаноб? Болачанинг йиғиси бу, — деди у, сиртидаги юкини кўрсатиб.
Зўрға эшитилувчи, бўғилган, заиф овоз такрорланди.
— Болани қаёққа олиб кетяпсиз, бувижон? Кимнинг боласи у? – деб сўрадим ундан, бола уники эмаслигини тушуниб.
— Келинимнинг боласи! — жавоб берди у хўрсиниб, йиғлаб юборишига сал қолди. Кейин: — Кўряпсанми, жаноб? Ҳали у зиғирдак, кечагина туғилди.
— Кеча? Уни қаёққа олиб кетаяпсиз?
— Софияга обкетаяпман. Онаси кечанинг ўзида узилди. Мен саҳарлаб йўлга чиқдим, қоронғи тушгунча етиб олай деб шошилиб кетяпман. Ҳам қичқиради... ҳам йиғлайди... Ҳали бир мартаям эмгани йўқ. Етим қолди...
Кампир менга титроқ овоз билан оиласидаги ғамгин воқеаларни гапириб берди.
Кеча келини кўзи ёриётганда вафот этибди, бундан икки ой олдин унинг эри, кампирнинг навқирон ўғли қандайдир номаълум бир касалликдан ўлган экан. Бор-йўғи ўн хонадонли қишлоқда янги туғилган чақалоқни эмиза оладиган биронта ҳам жувон топилмабди, бола эса очликдан ўлай деяпти. Уй совуқ, ўтин йўқ, шамол кўйлакларнинг тагигача кириб, баданни музлатади... ғам-ғусса ва қашшоқлик. Ўзи болани Софияга олиб боришга аҳд қилибди: балки, кимдир олар! У ерда ҳеч кимни танимайди, фақат бир карвонсаройнинг бошлиғини билади, қачонлардир у ерда бир қўниб ўтган.
— На отаси, на онаси бор... Оллоҳнинг ҳузурига кетишди. Мен, қўлидан бир иш келмайдиган кампир, уни парвариш қилолмайман. Эртага ўзим ўлиб қолишим ҳам ҳеч гап эмас... Мана, кимгадир беришга шаҳарга обкетаяпман! — хўрсиниб такроради у. — Олгиси келган бир одам топилиб қолар! Йўқса шўрлик очликдан ўлиб қолади, ҳанузгача эмизилмаган.
Латта-путталар ичида бўғилиб кетган чақалоқ, худди кампирнинг гапларини тасдиқлагандай, қаттиқ, аввалгидан ўткирроқ овоз билан чинқириб юборди, аммо шу ондаёқ яна жим бўлиб қолди. Мен кўкариб кетган бошчасининг латта-путталар бекитолмаган ва кескин оқшом совуғидан сақлолмаган бир қисмини кўрдим.
— Балки, Софияда худонинг розилиги учун шу қошиқдай болачани асраволишга кўнадиган яхши одамларни биларсан?
Мен, бола қизми, ўғилми, деб сўрадим.
— Қиз, — жавоб берди кампир.
У ночор кўзларимдан ёрдам беролмаслигимни англаб, менга таъзим қилди ва чопа-чопа илгарилаб кетди.
Бола латталар ичида биғилларди; совуқ ҳавода гупиллаб ёғаётган қорнинг паға-паға учқунлари очиқ қолган бир бурдагина юмшоқ бошчасига урилаётгандирки, унинг овози оппоқ кенг далаларда гоҳ тиниб, гоҳ таралиб борар эди.
Мен бўлсам қорли кенгликлараро сиртида бола билан йўқ бўлиб бораётган пастгина бўйли кампирдан кўзларимни узолмай михлангандай турган жойимда қотиб турардим.
Ўшал дақиқада кўнглимни тўлатиб юборган оғир ўйлар ва иложсиз азобларни ҳеч қачон унутмайман. Мен шундоқ ёнгинасида момақалдироқ гулдураб гангиб қолган одамга ўхшардим. Ўзгартириб бўлмайдиган, аёвсиз, шафқатсиз ҳаётнинг бу қўрқинчли фожиаси, қаҳри қаттиқ турмушнинг бу ҳақиқати, одам ҳар куни ҳар қадамда тўқнаш келадиган минг-минглаб одамларнинг бири юрагимни илдиз-илдизигача зирқиратиб юборди. У энди менда катта бахтсизликни кўрганда ҳар қандай одамда ҳам уйғонадиган аянч ва ҳамдардликни эмас, аллақандай бошқа, бундан даҳшатлироқ, бундан кучли ва азоблироқ, қандайдир ахмоқона бир иш қилган одамнинг виждон азобига яқин турадиган ички ғалаёнли хавотирга ўхшаш бир туйғуни уйғотди. Ҳозиргина, шул дақиқада, менинг қалбим ширин хаёлларнинг енгил тўлқинларида жон койитмай сузаётган бир пайтда, тўсатдан шундоқ бурни бурнимга тўқнаш келган бир одамнинг чорасиз мусибати, менга Дунёвий Ёвузлик шахси олдида, атрофимда ҳўнграётган, кўзёшлари сел бўлган, қутурган денгизга ўхшаб бутун борлиқни ютиб юбораётган буюк дунёвий дард-алам қаршисида менинг жиноий манманлигим, менинг худбинлигимга қарши оташин норозиликдай, таънадай таъсир қилди... Шунда бошқаларнинг бошидаги офат ҳақида ўйлашга йўл бермайдиган тўқ ва фаровон ҳаётимиз кўз ўнгимда шундай жирканч бўлиб кўриндики! Биз кўнглимизда шундай эъзозлайдиган ва авайлайдиган нозик руҳий эҳтиёжларимиз ва дидларимиз менга бахтсиз халқнинг оғир тақдиридан шафқатсизларча кулишга ўхшаб кўринди.
Аянчли аҳволда ҳалок бўлган ота, кўзи ёриётганда ўлган она, икковининг ҳам ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрмаганлиги, очлик-яланғочликда, шундай бир совуқ пайтда кечагина, эҳтимолки, бугун кечаси туғилган бахти қаро етимча, шундай осонгина ва кўзга ташланмай йўқолган бутун бир меҳнаткаш оила — булар халқ оммасининг кундалик ҳаётидаги доим бўлиб турадиган оддий бир ҳодиса, холос. Ва бу омма сабр-тоқат билан, товуш чиқармай машаққат билан оғир кун кечиради, тараққиётимиз, маданий ютуқларимиз, нозик руҳий лаззатлар, эзгу мақсадлар ва аҳволни яхшилаш зарурлиги тўғрисидаги баландпарвоз гапларга қизиқмайди. У ҳатто биздайлар борлигини хаёлига ҳам келтирмайди, ишлаганда, қийналганда ва ўлаётганда бизга заррача муҳтожлиги ҳам бўлмайди...
Юрагимда бундай қизғин туйғулар уйғониши учун менда асосли сабаблар бормиди? Кутилмаганда оғир таассуротлар исканжасига тушиб қолганим учун азоб-уқубат чекаётган башариятнинг кўп қисмини ташкил этувчи биродарларимиз олдидаги масъулиятимиз кучини жуда ошириб юбормадимми? Озчиликни ташкил қилувчи биз, имтиёзли гуруҳларга, шаҳарларда югур-югур, дабдаба, олижаноб қуруқ гаплар билан овуниб юриш имконини бергани, аммо тақдир ҳамма нарсадан маҳрум қилган жуда катта кўпчиликнинг ярасига малҳам қўйишда тамоман кучсиз бўлгани учун маданиятимиз айбдорми? Билмадим. Аммо ўшал дақиқада бу туйғу ва фикрлар сели мени шундай шиддат билан босган эдики, мен унинг оқимидан қутулолмас эдим, аччиқланган қалбим ёвузликни шарҳлашни, тушунтириб беришни қатъиян талаб қилар эди ва мен ҳаммасини ижтимоий тузумда, бизнинг қаршимизда қад кўтарган Буюк Ёлғонда кўрар эдим... Ва мен онгсиз равишда жаҳоний ҳақиқат, умумбашарий маъмурлик, бахт-саодатни орзу қилган хаёлпараст-толстойчилар, мурувватли туш соҳиблари ва бошқа қойилмақом хомхаёлларга назар ташладим.
Ўз-ўзимга тинмай савол берардим: бу бахти қаро кампир бугун кимга ялинади, кимга боламни асраб ол, дейди? Бу катта, унинг учун бегона шаҳарда қаёққа бош уради? Ким ўзига қабул қилади бу қизбола бечорани, агар бугун ўлмай қолса, ким боқиб олади, ўлай деб турган етимча учун бирон меҳрли она юрагини тополмаса, бир илиқ бешик, бу совуқда қотиб қолган қошиқдаккина гавдачага ҳаёт ҳароратини оқизишга тайёр бир кўкракни тополмаса, кампир шўрлик нима қилади? Бола учун на бошпана, на меҳр-шафқат тополмаганидан кейин — гап бизнинг жамиятимиз ҳақида бораётгани учун шундай ҳол юз беришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади — бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда турган бу қари кампир унга қандай қарасин, уни қандай улғайтирсин? Бутунлай зое кетадиган уринишлар каби, ҳеч ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар ҳам бўлади. Бундай муаммолар қаршисида мардлик ва жасорат ҳам ўрнини бутунлай кучсизликка бўшатиб берар, инсон тақдирнинг аччиқ қарори олдида қўли ҳеч қандай ишга бормай қолар экан. ҳақиқий ҳаётнинг машъум шарпасини кўрмаслик учун ундан ўзини олиб қочар, ўзини кўрмасликка олар экан.
Кампир мендан тахминан ярим километрча узоққа кетиб улгурган эди, мен бўлсам дам-бадам орқамга ўгирилиб, оппоқ лайлак қор тўрлари орасида унинг тез-тез ўзгараётган шаклчасини кўрардим. Кейин бирдан орқага қайтдим: унга етиб олиш керак! Нега? Негалигини ўзим ҳам билмасдим, лекин нимадир қилишим, унга ёрдам беришим кераклигини, боланинг тақдирига ғамхўрлик қилишим, ҳеч бўлмаганда шу совуқ кечада бирон ерга жойлаштиришим кераклигини сездим. Менинг шахсий шарт-шароитларим яқин кишим, биродарим учун чинакамига ўз манфаатларимдан кечиб, фидойилик қилиш бурчини адо этишга ҳеч қанақасига йўл бермас эди. Балки, бу бир баҳонадир... Инсон ўзининг тошбағирлигини одоб-ахлоқнинг истаган бир ниқоби остига яширишга мойил бўлади. Аммо у ўзининг ичидаги ҳакам, Илоҳий Қози — Виждонни алдай оладими? Асло. У фақат виждон азобининг шиддатини бир оз пасайтириши, озгина тизгинлаши мумкин... Бу холис қози ҳам ўзаро келишувга, муросага мойилроқ бўлади. Мен ҳам ўзимча бир муросага келдим: кампир бугун кечаси бошпана ва озгина сут топиб, болани тўйғазиши учун ҳозир унга бир қадар пул бераман, эрталаб эса у ёқ-бу ёқдан керакли маълумотлар қидираман, ҳеч бўлмаса бир кун яшаб туришига имкон топаман, шу тариқа уни муқаррар ўлимдан сақлаб қоламан.
Кўнглимда шундай чексиз режалар билан кампирнинг изидан югурдим. Қор кучайгандан кучайиб борар, мен энди унинг шарпасини аранг фарқлар эдим. У шлагбаум олдида тўхтади; билдимки, у қоровул билан гаплашяпти. У ушланиб қолган вақт бизни айириб турган масофани икки баравар қисқартиришга ёрдам берди. Шамол қор учқунларини учирар, гоҳида уларни бурқиратиб тикка кўтарарди. Темирйўл кўтармасига етиб, шлагбаумдан ўтганимда кампирнинг катта йўлдан ўнгга бурилганини ва сўқмоқ бўйлаб шошганча ўрмон яланглигига йўналганини кўрдим. Бу етмиш яшар кампир қандайдир серҳаракат қизалоқдай қийналмай югурарди! Мен уни қичқириб тўхтатмокчи бўлдим, аммо кучли шамол овозимнинг садоларини ён томонга суриб кетарди. Ниҳоят у кўҳна турк истеҳкомининг чап томонидаги Конювицага етди ва Княжевск дарёси бўйига тушди. Икки-уч дақиқада мен бу дарё кўпригига етдим. Аммо ҳар ёққа олазарак бўлганимдан фойда чиқмади. Кампир эски бир маҳалланинг тор кўчаларида ғойиб бўлган эди. Менинг қидириш ва тентирашларимдан бир натижа чиқмади: мен унинг изини ва яхшилик қилиб қувониш имконини бутунлай бой бердим. Шамол қаттиқ жазаваси тутиб қорбўронга айланган, шиддатли тезлик билан ҳуфтон қоронғисида қор булутларини у ёқдан бу ёққа қувар, эшик ва деразаларни тақиллатар, шу асно менинг назаримда ғазаби ошиб кетган табиий кучларниннг қўрқинчли гувиллашлари ичида совуқ изғириндан қотиб қолган ва очликдан ўлаётган қошиқдаккина болачанинг зорланган ва қийналиб кетган йиғиси эшитилаётгандай бўларди...
Мен Авлиё Крал ёнидан ўтаётганимда, эзилиб, номусдан адойи тамом бўлиб, беихтиёр черковга кирдим ва узоқ-узоқ ибодат қилдим...
Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси