«ҚОБУСНОМА»дан. Шоирлик ҳақида

К А Й К О В У С
(1021-1099)

Унсуру-л-Маолий Кайковус Каспий  денгизининг  жанубий қирғоғидаги  Гилон  қабиласидан бўлиб,  унинг отаси машҳур шоҳ Шамсу-л-Маъолий Қобуснинг ўғлидир. Қобус ўз даврида  таназзулга юз  тутган самавийлар хонадонини тиклашга уринди,  бироқ бунга эришиш учун Маҳмуд ёрдами билан Табаристонни забт этиб, пойтахт қилган (унинг ҳузурида маълум муддат Беруний ҳам яшаган). Қобуснинг набираси ўз замонасининг илмли ҳукмдорларидан бўлиб, ўғли Гилоншоҳга бағишлаб "Насиҳатномаи Кайковус"  асарини ёзди. Асарни машҳур шоҳ бобосининг номи билан "Қобуснома" деб атади. Муаллифнинг бундан бошқа асарлари борлиги маълум эмас. "Қобуснома" 1083 йили Журжонда ёзилган бўлиб, 44 бобдан иборат.
Асар бобларининг мундарижасидан маълум  бўлишича,  муаллиф замонасининг фозил ва зукко кишиларидан бўлган. Нафақат подшоҳлик мансаби ва масалаларида, билим ва  маданий-ахлоқий  ишларда ҳам намуна бўла олган. Шунинг  учун  бўлса  керак, "Қобуснома" 1432 ва 1705 йиллари турк тилига, 1786-87 йили уйғур, 1881 йили эса татар  тилига  таржима қилинган.  Оврўпада  1886  йилги русча ва французча, 1811 йилги немисча таржималари мазкур бўлган. Ушбу мажмуага 1860 йилда Огаҳий томонидан амалга  оширилган таржима  асос бўлди.  "Қобуснома"  фақатгина  ахлоқий насиҳатнома бўлмай, унда бадиий ижод билан боғлиқ масалалар ҳам акс этганки, шу жиҳатдан у ХI асрнинг адабий-назарий манбаси  сифатида эътибор уйғотади.

«ҚОБУСНОМА»дан. Шоирлик ҳақида

Эй фарзанд, шоир бўлишни истасанг, ҳаракат қилки,  сўзинг осон  ва фойдали  бўлсин, англашилмайдиган, қийин сўзларни ишлатмагил, ўзинггина билиб, бошқалар унинг шарҳига муҳтож бўлгудек сўзни айтмагил,  чунки шеърни халқ учун  ёзиш  керак  ва ўзи учун ёзмайди.  Бир хил  вазн ва  қофияга  қаноат қилмагил, санъатсиз,  тартибсиз  шеър айтмагил.  Шеър зарб  ва  шаклда алъал1 бўлса, яъни вазни тўла бўлса, яхши бўлади. Шоирлик қоидасига кўра (шеър ёзишда) санъатдан ғофил  бўлмагил. Масалан, шоирларнинг  зарур  усуллари  шулар:  мужонис  (ўхшаш), музмар (яширин), мутобиқ (уйғун), мушокил (шаклдош),  мулавван (бўялган), муташобиҳ (аллегорик),  мукаррар  (такрор),  мувассал (уланган), мураддаф (радифли), мусаммат (шеърнинг бир бандидаги қофия ва бошқа мисралардаги қофиядан фарқ қилади), муқаттаъ (кесик),  мусажжаъ (қофиядош), мутазод (қарама-қарши), мувашшаҳ (безатилган), мустаар (кўчма маъноли), мухаллаъ (бўртмоқ), мустахиёт (ўзгариш), муставий  (равон), муздаваж (жуфт), муваана (параллел), зулқофиятайн ражаз мақлуб (қўш қофияли мақтов шеъри) ва шунга  ўхшашлар2.
Аммо сўзнинг юксак (ва таъсирчан) бўлишини истасанг, киноя, истеҳзоли гапни (кўп) сўзлама, мумкин қадар истиораларни ишлатгил. Мадҳда истиорани ишлатгил. Агар ғазал ёзмоқчи бўлсанг осон, равон ва латиф сўзлар билан ёзғил ва машҳур қофиялар билан зийнатлагил, совуқ ва ёқимсиз қофияларни ишлатмагил, oшиқона ўз  аҳволингни ва  гўзал (ёқимли) сўзларингни  қўлдан бермагил ва яхши масалларни ҳам қўлдан бермагил, шундай ёзсанг,  юқори табақа ҳамда оддий халққа маълум  бўлади ва сенинг шеъринг шуҳрат топади.
Оғир вазнда ва арузда3 шеър ёзмагил, чунки  аруз  ва оғир вазн ёқимсиз қилиқли, совуқ (табиатли), латиф ва нозик маънилардан  маҳрум  бўлган одамлар  учун яхшидир. Агар бирор киши шундай  шеърни талаб қилса, ёзсанг бўлади. Аммо аруз, шоирлик, тахаллус4 илмини  ўрганиш  билан  шеър (ёзишни) ўргангил. Агар шоирлар  орасида мунозара  бўлса, ё бир киши сен билан кашфиёт ҳақида баҳслашиб қолса ёки сени имтиҳон  қилиб кўрса, енгилиб қолмагил,  аруз  доираларини5,  уларнинг  отларини, доиралардан пайдо бўладиган  баҳрларнинг отларини билгил.  Масалан, ҳазаж, рамал,  ҳазажи макфуф, ҳазажи ахраб, ражази матвий, рамали мажнун ва мансуҳ, ҳафиф, музореи ахраб,  муқтазаб, мутақориб, қариби ахраб, мансуҳи кабири басит, мадид,  комил ва вофир. Буларнинг монандини ва бу баҳрларнинг барча аруз  ва зарбларини билиб олгил.  Мадҳия,  ғазал  ё  ҳажв ёки  марсия  ёзмоқчи  бўлсанг, сўзни  мукаммал ишлатгил,  сўзни нотамом ишлатмагил. Насрда ишлатилган сўзни  назмда  ишлатма, негаки наср - раият, назм подшо  мартабасидадир.  Агар  бир нарса  раиятга  лойиқ бўлмаса, подшога ҳам лойиқ эмас.
Ғазални  гўзал  ва  равшан  ёзғил,  мадҳ  ёзишда бақувват ва баландҳиммат бўл. Ҳар бир одамга лойиқ сўзни айтгил ва ҳар бир  кишининг  қадрига  қараб шеърни билиб ёзғил.  Агар одамда қаҳрамонлик бўлмаса, уни шижоатли, баҳодир деб мақтамагил. Агар  одам  белига  пичоқ тақмаган  бўлса,  унга,  қилич билан шерни ўлдирасан, найза билан Бесутун6 тоғни тешасан, ўқни чумолининг  кўзидан ўтказасан, демагил. Ҳар одамки, отга минмаган бўлса, унга сенинг отинг Дулдулга7,  Рахшга8,  Буроққа9 ўхшайди, демагил. Ҳар бир одамга муносиб сўзни айтгил. Аммо шоир мадҳ қилинувчининг табиатини ва унга қандай сўз маъқул бўлишини билиши лозим. Унинг хоҳишига лойиқ мадҳ қилгил.  Шундан кейин унинг инъомидан кўнглинг хоҳлаганча кўз тутгил ва  ҳимматингни паст тутмагил, ҳар бир масалада ўзингни банда ва ўзгани ходим деб кўп айтмагил, агар мақтаган кишинг шу сўзга лойиқ бўлса, айтгил.
Ҳажв10 қилишни одат қилмагилки, ёмон бўлади. Агар шеърда ёлғон ва муболағани яхши десалар ҳам, ёлғонни  ҳаддан ошириб юбормагил, дўстларнинг ва халқнинг баланд мартабали эканини айтишни зарур деб билгил.  Аммо  ғазал  ва  марсияни  бир  хил услубда, ҳажв  ва мадҳни ҳам бир хил услубда ёзмагил. Агар ҳажв ёзишни билмасанг, мадҳнинг тескарисини ёзгилки, бу ҳажв бўлади, марсия ва ғазални ҳам шундай қил. Ҳар хил нарса ёзмоқчи бўлсанг, ўз фикринг билан ёзгил, бошқаларнинг сўзини такрорлама, агар бошқаларнинг сўзини такрорласанг, кўнглинг очилмайди, шеър майдони сенга кенг бўлмас ва дастлабки шеър ёзган даражангда қолаверасан. Табиатинг очилиб, шоирликка қодир ва моҳир бўлганингдан сўнг, агар бирор ердан бирор ажойиб маънили сўз эшитсанг, сен шу сўзни маъқул кўрсанг, бу сўзни бошқа ўринда ишлатишни истасанг (шундай сўзни ишлатдим деб), такаббур бўлиб кетмагил, лекин бу сўзни ишлатмагил, агар шундай сўзлар мадҳда ишлатилган бўлса, сен ҳажвда ишлатсанг (маъқул бўлади),  ғазалда бўлса, марсияда ишлатгил, чунки киши бу сўзни қаерда ишлатилганини билмасин.
Агар мақтовчини талаб қилсанг ёки бозор ишини қилсанг, қовоғинг солиқ, кийиминг ифлос бўлмасин, ҳамма вақт чеҳранг очиқ бўлсин, кулиб тургин. Нодир ҳикояларни, кулгили сўзларни ёд ол, чунки мақтовчининг олдида шоирнинг бундан бошқа чораси йўқдир.