“Қутадғу билиг”дан

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
(XI аср)

Асли исми Юсуф бўлган илк турк достоннависи Болосоғунда туғилган. Хос Ҳожиб (айрим манбаларда Юсуф Болосоғуний) шоирнинг унвони бўлиб, унинг асари ҳукмдорга тортиқ қилингандан сўнг шундай номга сазовор бўлган. Муаллифнинг бизгача етиб келган ягона асари хижрий 462 (1069-70)да ёзиб  тугалланган  "Қутадғу  билиг"  ("Бахтлиланиш билими") бўлиб, муаллиф ўз асарини 18 ойда ёзиб тугатган. Асардаги тўрт рамзий қаҳрамон  Кунтуғди (адолат),  Ойтўлди (давлат),  Ўгдулмиш (ақл) ва Ўзғурмиш (қаноат) тимсоллари орқали  Юсуф  Хос  Ҳожиб ўзининг ижтимоий-сиёсий,  адабий-фалсафий  қарашларини  ифода қилган.
Асар бизгача уч нусхада етиб келган бўлиб,  биринчиси сақланиш ўрнига  кўра  "Вена нусхаси" деган ном билан юритилса ҳам, аслида Ҳиротда 1439 йилнинг 17 июнида  котиб  Ҳасан  Қора Сойил Шамс  томонидан уйғур ёзувида кўчирилиб тугатилган.  Иккинчи нусха кўчирилиш ўрни, топилиши ва сақланишига кўра "Қоҳира нусхаси" (Қоҳирадаги Ҳидув кутубхонасида сақланаётгани 1896 йилда маълум бўлган) деб номланади. Учинчи нусха  "Наманган нусхаси" номи билан илмга кирган бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилиб, Тошкентга келтирилган. А.Кононовнинг аниқлашича, ушбу  қўлёзма мавжуд нусхалар ичида энг мукаммалидир. У 6329 байтдан иборат,  маснавий (арузнинг "мутақориби мусаммани маҳзуф") вазнида ёзилган.
Асардаги илмнинг хосияти,  билим бахт калити экани ва тил одоби хусусидаги қисмлардан парчалар келтирилди.

“Қутадғу билиг”дан

ЙАНГЛУҚ АҒИРЛИҚИН ТАНУРЛАЙУР
БИЛИГ БИРЛА (ИНСОННИНГ ҚАДРИ
БИЛИМ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ)

Тўрутти ўзурди сечу йал(и)нглуқуғ
Ангар берди эрдам билиг ўг уқуғ
(Сечу, яъни ҳар ерда маълум Худо, инсонни яратди,
Танлади, унга ҳунар, билим ва уқув берди).

Кўнгил берди ҳам ма йуритти тилиг
Ўвут берди қилқ ҳам қилинчи силиг
(Унга кўнгил берди, тилини йўриқ (равон) қилди,
Андиша, хулқ ҳамда гўзал феъл ато қилди).

Билиг берди йанглуқ безуди бу кун
Уқуш берди ўтру йазилди тугун
(Билим берди (шу туфайли), инсон бу кун улуғлиққа эришди, Уқув берди, сўнг (шу туфайли берк) тугунлар ечилди).

Байат кимка берса уқуш ўг билиг
Ўкуш эзгуликка узатти алиг
(Худо кимга уқув, ақл-идрок, билим берса,
У кўп эзгуликлар қилишга қўл узатади).

Билигни безуг бил уқушни улуғ
Бу экки безутур ўзурмиш қулуғ
(Билимни буюк, уқувни улуғ бил,
Бу иккиси танлаган бандасини улуғлайди).

Бу сўзка тануқи муну келди сўз
Бу сўзни эшитгил сўзунг менда ўз
(Бу сўзнинг исботи учун мана шундай сўз бор,
Бу сўзни эшитгин, (тегишли) сўзингни мендан ол:

Уқуш қайда бўлса улуқлуқ бўлур
Билиг кимда бўлса безуглук алур
(Заковат қаерда бўлса, улуғлик бўлади,
Билим кимда бўлса, буюклик олади).

Уқушлиғ уқар-ул билиглиг билир
Билигли уқуғли тилакка тегир
(Заковатли уқади, билимли билади,
Билимли, заковатли тилакка етади).

Билиг маъниси бил неку тер билиг
Билиг билса ўтру йирар эрда иг
(Билим маънисини билгин, билим нима дейди:
Билим билса, сўнг кишидан бало-офатлар йироқлашади).

Билигсиз киши барча иглиг бўлур
Игиг эмламаса киши терк ўлур
(Билимсиз кишилар барчаси дардлик бўлади,
Дардни даволамаса, киши бот ўлади)

Йури эй билигсиз игингни ўта
Билигсиз ўтин-сен э билга қута
(Кел, эй билимсиз, дардингга даво қил,
Билимсиз (бўлсанг)-тубансан, доно (бўлсанг)-бахтлисан).

Уқуш-ул бурундуқ ани йетса эр
Тилакка тегир ул туман арзу йер
(Билим гўё бир бошбоғ кабидир, агар киши унга эриша олса, Тилакка етиб, туман орзуларга эришади).

Уқуш бўлса эрка кўр асғи ўкуш
Билиг билса ўтру бўлур эр кўшуш
(Кишида заковат бўлса, (унинг) нафи каттадир,
Билим ўрганса, сўнг киши азиз бўлади).

Уқуш бирла ишлар қамуғ иш кузуг
Билиг бирла беглар бу булмиш ўзуг
(Ҳамма (ҳам) иш-амалларни заковат туфайли бажаради,
Беглар давр-давронга  билим туфайли эришганлар)...


КИТАБ ИЗИСИ ЎЗИНГА УЗР АЙУР
(КИТОБ  ЭГАСИ ЎЗИГА УЗР АЙТАДИ)

Тилаким сўз эрди э билга бўгу
Кезин келдачика ўзум сўзлагу
(Тилагим сўз эди, эй билағон доно,
Кейин келувчи(лар) учун ўзим айтадиган (сўзлар эди).

Уқуш келди ўтру айур бутру кўр
Сўзунг бўлса йанглуқ сенга бўлға қўр
(Заковат пеш келди, ишонарли қилиб айтади, кўр,
Сўз(лар)инг янглиш-хато бўлса, сен учун зарар бўлади)...

Йашил кўкдин инди йағиз йерка сўз
Сўзи бирла йанглуқ ағир қилди ўз    
(Сўз бўз ерга яшил кўкдан тушди1,
Сўзи туфайли инсон ўзини улуғ қилди).

Киши кўнгли тубсуз тенгиз-тег турур
Билиг йунжу сани тубинда йатур    
(Киши кўнгли тубсиз денгиз кабидир,
Билим инжу каби (унинг) тубида ётади).

Тенгиздин чиқармаса йунжу киши
Керак йунжу бўлсун керак сай таши
(Денгиздан киши инжуни чиқармаса,
У хоҳ инжу бўлсин, хоҳ сой тоши2 бўлсин (бефойдадир).

Йағиз йер қатиндақи алтун таш-ул
Қали чиқса беглар башинда туш-ул
(Агар бўз ер қатидаги олтин тош
қазиб чиқарилса, беглар бошида безак бўлади).

Билиглиг чиқармаса билгин тилин
Йарутмаз анин билги йатса йилин
(Билимли билимини тили орқали чиқармаса,
Унинг билими йиллаб ётса (ҳам) ёритмайди).

Уқушли билигли эзи эзгу нанг
Қали булсанг ишлат учуб кўкка тенг
(Заковат (ва) билим - жуда эзгу нарса,
Агар (уларга) эришсанг, ишлат, учиб кўкка кўтарил).

Неку тер эшитгил бу эл кент беги
Уқушқа билигка йетурмиш ўги
(Бу эл ва кент беги нима дейди, эшитгин,
Заковатга, билимга фаҳми етган (киши):

Ажун тутғуқа ер уқушлуғ керак
Будун басғуқа ўг керак ҳам йурак
(Жаҳон тутиш учун киши заковатли бўлиши керак,
Халқни босиш учун ақл-фаросат (ва) юрак керак).

Уқуш бирла тутти ажун тутғучи
Билиг бирла басти будун басғучи
(Жаҳонгир(лар) заковат билан олам тутди(лар),
Халқни босувчи(лар) билим билан босди(лар)...

<...> Ўлугдин тиригка қумару сўз-ул
Қумару сўзи тутса асғи йуз-ул
(Ўлган(лар)дан тирик(ларга) мерос сўздир,
Мерос сўзи (яъни оталар сўзи)ни тутилса, нафи юз-юздир)

Билигсиз қарағу турур белгулуг
Е кўзсуз қарағу билиг ал улуг
(Билимсиз муайян кўрдир,
Эй нобино3, кўр, билимдан улуш ол).

Киши кўрки сўз-ул бу сўз-ўк телим
Йури эзгу сўзлуг кишиг ўг тилим
(Кишининг кўрки сўздир, сўз эса талайдир,
Кел, эй тилим, эзгу сўзли киши(лар)ни мадҳ қил.

Масал келди туркча мунар мензатур
Ани сўзладим мен муну йанзатур
(Бунга ўхшатадиган туркча масал бор,
Бунга мослаб шу (масал)ни сўзладим):

Уқуш кўрки сўз-ул бу тил кўрки сўз
Киши кўрки йуз-ул бу йуз кўрки кўз
(Заковат кўрки сўздир, бу тилнинг кўрки сўздир,
Кишининг кўрки юздир, бу юзнинг кўрки кўздир).

Тили бирла йанглуқ сўзи сўзлайур
Сўзи йахши бўлса йузи сувланур
(Инсон ўз сўзини тили орқали сўзлайди,
Сўзи яхши бўлса, юзи сувланади (яъни обрў қозонади)...


АЙТЎЛДИ ЖАВАБИ ЭЛИГКА
(ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ4)

Бу Айтўлди айди сўз асғи телим
Қали сўзлайу билса ўш бу тилим    
(Ойтўлди айтди: Сўзнинг фойдаси (жуда) кўп,
Агар бу тилим уни таърифлаб бера олса).

Йава сўз билигсиз тилиндин чиқар
Билигсиз кишиг билга йилқи атар
(Беҳуда сўз билимсиз тилидан чиқади,
Билимсиз кишини доно йилқи5 атайди).

Қара қилқи тенгсиз йава сўзлаган
Йава сўз турур бу қара баш йеган
(Жоҳилнинг одати тенги йўқ беҳуда сўзлашдан иборат,
Қора бошни еган нарса беҳуда сўздир).

Йава сўзласа сўз неча йас қилур
Агар сўзлайу билса асғи бўлур
(Сўзни беҳуда сўзласанг, қанчадан-қанча зиён келтиради,
Агар сўзлай билсанг, унинг фойдаси бўлади).

Қара қарни тўзса кўр уз-тег йатур
Йава сўзка авнур ўзин семритур
(Жоҳил қорни тўйса, ҳўкиздек ётади, кўр,
Беҳуда сўзга ғарқ бўлиб ўзини семиртиради).

Йеса тўзса йатса бу йилқи турур
Бу йилқи тедукум бу қилқи турур
(Еса, тўйса ва ётса - бу демак йилқидир,
Бу йилқи деганим унинг қилиқлари (учун)дир).

Билиглиг кишилар этўз йавритур
Билиг бирла авнур жанин семритур
(Донишманд кишилар ўз жисмларини койитадилар,
Билим билан овуниб ўз жонларига ором берадилар).

Этўз улги барча бўғуздин кирур
Бу жан улги чин сўз қулақдин кирур
(Жисм (тана)нинг ҳиссаси бўғиздан киради,
Жон (руҳ)нинг ҳиссаси эса чин сўз бўлиб, у қулоқдан киради).

Билиг белгуси кўр эки нанг турур
Бу экки била эр қизил энг урур
(Билимнинг белгиси икки нарсадир, кўр,
Бу икки (нарса) билан кишининг юзи ёруғ бўлади):

Бири тил турур кўр бириси бўғуз
Бу экки баса тутса асғи ўкуз
(Бири - тил, бири эса бўғиздир (нафсдир),
Шу иккаласини тия билсанг, фойдаси дарё кабидир).

Билиглиг боғуз тилқа эрклиг керак
Бўғуз тил кўдазган билиглиг керак
(Билимли, нафс (ва) тилга иродали бўлиши керак,
Нафс (ва) тилни тиядиган киши билимли бўлиши керак)...


АЙТЎЛДИ ЖАВАБИ ЭЛИГКА          
(ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ)

Бу Айтўлди айди ўкуш сўз ул-ул
Айитмади сўзлаб ирикса кўнгул
(Ойтўлди айтди: Сўзнинг кўпи шулдирки,
Сўрамаган (сўз)ни сўзлаб кўнгилга тегса)6.

Бу аз сўз ул-ул ким айитмиҳқа ўз
Жаваб берса сўзка йанут қилса сўз
(Сўзнинг ози шулдирки, сўраганга киши
Жавоб берса, сўзга (тенг) сўз билан жавоб қилса.

Мунгар менгзату айди шаъир сўзи
Тили сўз била тузди ачти йузи
(Шоир сўзини бунга ўхшатиб айтди,
(У)   тилини   сўз    билан  безади, юзини   очди  [яъни  хушрўй бўлди]:

Сўзуг йақши сўзла эзу сақну ўз
Айитуқта сўзла йана теркин уз
(Ўзинг жуда ўйлаб сўзни яхши сўзла,
Сўраганда сўзла, яна тезликда тамом қил.

Ўкуш сўз эшитгил телим сўзлама
Уқуш бирла сўзла билиг бирла туз
(Сўзни кўп эшитгин, лекин ортиқ сўзлама,
Идрок билан сўзла, билим билан андазала)7...